Islomiy ibratli hikoyalar
|
|
DURDON | Date: Dushanba, 07-Okt-2013, 21:20 | Message # 181 |
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:
| ЙИҒЛОҚИ (Тошкентлик Муҳаммаджон Ҳожи домладан) Мадинага бориб тушганимиздан Масжиди Набавияга шошилдик. Масжиддагилар бомдод намозини ўқиб бўлишиб, тарқалишаётган эканлар. Биз дарров икки ракаатдан шукрона намозларини ўқидик ва Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳи алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилишга, у кишига саломлар айтишга ошиқдик. Зиёратдан сўнг яна намоз ўқишга машғул бўлдик. Шерикларимиз меҳмонхонага қайтишди ҳамки, ҳамроҳим Холмурод ака билан шошилмадик. Бу масжидда ўқилган намозларни ғанимат билиб, яна ва яна нафл намозлар ўқишда давом этдик. Бир маҳал масжидга мадиналик бир йигит кириб келди. Унинг кўзлари қизарганидан анчагина йиғлагани билиниб турарди. У бир чеккада икки ракаат намозини ҳам йиғлаб-йиғлаб ўқиди. Ҳамроҳим иккаламиз унинг йиғлаб намоз ўқишига қараб-қараб қўйдиг-у, ўз ибодатимизни бажаравердик. Йигит намозини ўқиб бўлди. У дуо қилар экан, нуқул пиққиллаб йиғлар, тинимсиз Аллоҳ таоло уни кечиришини ёлвориб сўрар эди. — Бирор ёмон гуноҳ қилиб қўйган шекилли? — деди Холмурод ака ачиниб. — Шунақа шекилли. Йигитнинг нима деб ёлвораётганига қизиқиб, унга яқинроқ сурилдик. — Аллоҳим, энди мен ким деган одам бўлдим? — надомат чекарди мадиналик. — Энди қошингга қайси юз билан бораман? — Ҳойнаҳой, бу бировни ўлдириб қўйган! — деди Холмурод ака. — Йўғ-е, унчалик эмасдир? — дедим мен. — Ёмон гумонга бормайлик. Йигит олдинига пичирлаб гапириб йиғлаётган эди, бора- бора йиғиси ҳам кучайди, овози ҳам кўтарилиб, биздан бошқалар ҳам йигитга қараб- қараб қўя бошлашди. — Аллоҳим, энди менга раҳм қилмасанг, икки юзи қоп-қора бўладиган бандангман, — фиғон қиларди йигит. — Мен икки дунёда шарманда бўладиган бўлдим, Аллоҳим. Нега мени бунчалар шарманда қилдинг? Энди қандай бош кўтариб юраман? — Ўлай агар бу бирор яқинини ўлдириб қўйган, — деди Холмурод ака. — Отасини ё онасини ўлдириб қўйган. Бўлмаса бунчалар нолаю фиғон қилмасди. — Шошманг-чи, йиғлаб бўлсин, нима гуноҳ қилганини сўраб билиб оламиз. Йигит эса йиғлаб бўлай демасди, ноласи, фарёди тинмас эди. У елкалари учиб-учиб йиғларди, ўпкалари тўлиб- тўлиб йиғларди. Юзларини енгларига артиб йиғларди. Жойнамозни ҳўл қилиб йиғларди. Ниҳоят, мадиналик йигитнинг йиғиси тинди. — Аллоҳим, ягона умидим ўзингдан. Ўзинг кечир, Раббим! — деб ёлворгач, яна бир неча дуоларни ўқиб, юзига фотиҳа тортди. — Биродар! —мурожаат қилдим унга. — Икки ракаат намоз ўқиб, икки соат йиғладингиз. Шунча вақт гуноҳингизни кечиришини сўраб Аллоҳга ёлвордингиз. Биз сизни жуда қаттиқ гуноҳ қилиб қўйибсиз, деган шубҳада қолдик. Айтинг, қандай гуноҳ қилиб қўйдингизки, бунчалар аччиқ пушаймонлик билан нолаю фиғон чекдингиз? Мана бу ҳамроҳим ҳатто сизни «Отасини ёки онасини ўлдириб қўйдимикан?» деган гумонга борди. Наҳотки, бирортани ўлдириб қўйган бўлсангиз? Йигит менинг гапларимни эшитиб, бизга қараб бироз ажабланиб турди ва йиғисининг сабабини, яъни содир қилган гуноҳини айтди: — Бомдод намозига ухлаб қолибман! Мадиналик йигит масжиддан чиқиб кетди. Холмурод ака унинг ортидан лол бўлиб, узоқ тикилиб қолди. — Иҳ, — деди ниҳоят Холмурод ака қаттиқ ўксиниб. — Бу йигит бир марта Бомдодга ухлаб қолганига шунча йиғладими? — Шунақа деди, демак, умрида бирорта намозини қазо қилмаган экан-да, — дедим мен ҳам у йигитнинг собитлигидан ҳайратга тушиб. — Биз-чи? — деди Холмурод ака худди ўзига ўзи гапираётгандек.— Неча марта Бомдодга ухлаб қолганмиз? Неча марта ухлаб қолиш эмас, турмай қўя қолганмиз? Неча марталаб азон айтилиб турганини эшитиб ҳам масжидга, жамоатга чиқмаганмиз? Гоҳ ишимиз кўплигини, гоҳ вақт тиғизлигини, гоҳида озгина тобимиз йўқлигини баҳона қилиб, неча кунлар бир марта ҳам намоз ўқимаганмиз? Ҳалиги йигит бир марта Бомдодга ухлаб қолганига икки соат йиғлаб, нола қилди, мен қолган умримни йиғлаб ўтказсам, фарёд уриб ўтказсам ҳам ўрнига тушармикан? Холмурод ака аввалига ўксиниб-ўксинибйиғлади, бора-бора изиллаб йиғлашга тушди. Энди масжиддагилар биз тарафга қараб-қараб қўя бошладилар. Мен хижолат бўлиб, Холмурод акани масжиддан етаклаб олиб чиқдим. Аммо Холмурод ака меҳмонхонага келгунча ҳам йиғидан тинмади. Кейин ҳам кўп йиғлади. Неча ёшдан намозга кирганини айтиб, «У ёғида қолган намозларимга неча кун йиғлай?» деб пиққиллади. Ёшлик қилиб рўза тутмаган йилларини санаб, «қазо бўлган рўзаларимга неча кун йиғлай?» деб изиллади. Мен Холмурод акани нима деб овутишни билмасдим. Чунки, ўзимнинг ҳам дилимдан аччиқ бир сарҳисоб ўтаётган, менинг ҳам ич-ичимдан надоматли бир йиғи бостириб келмоқда эди...
|
|
| |
DURDON | Date: Payshanba, 24-Okt-2013, 01:49 | Message # 182 |
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:
| Донишманд киши ҳузурига бир ёш йигит эр киши келди. Ҳикматингизни сири нимада? Бахтиёрлигингиз калитичи? Сизни ҳурмат қилишади, одамлар сиздан ҳаёт борасида маслаҳат сўраб келишади. Мен илм олганим олган, аммо нохушликлардан бошим чиқмайди. Донишманд табассум қилди ва аёлини чақирди: Бир неча дақиқадан кейин эшикда жозибали бир аёл кўринди. Унинг кўзлари гўё нур таратарди. Донишманд унга деди:
Хоним, кўриб турганингиздек, бугун меҳмонимиз бор. Бориб бирор бир пишириқ пиширинг. Аёл ошхонага йўл олди. Кўп вақт ўтмай, у хонага қайтди ва эрига деди:
Пишириқнинг хамири ҳозир бўлди, бегим. Донишманд эса жавоб берди:
Энди эса хамирга ёнғоқ, майиз ва асал қўшинг. Аёл деди:
Байрам учун тайёрлаган пишириқни пиширайми? Ҳа, ўшани пиширинг, деди эр. Аёл жимгина яна ошхонага йўналди ва бир қанча вақтдан кейин ширин ифор таратиб турган ширинликларни патнисга солиб олиб келиб дастурхонга қўйди. Аммо донишманд меҳмонга ширинликларни икром қилишга шошилмасди ва аёлига деди: Хоним, ширинликларга қараб кишининг баҳри дили очилади, қўлларингиз дард кўрмасин. Фақат ширинликларни камбағалларга тарқатиб юбор. Аёл эрига қараб ним табассум қилдида, ширинликларни олиб хонадан чиқиб кетди. Ҳайратда қолган меҳмон эса деди: ‑ Афсус шунча ширинлик... Донишманд:
Сен мендан ҳикматим ва бахтиёрлигим сири ҳақида сўраган эдинг. Уйингга бор‑да, аёлингдан ширинлик пиширишини илтимос қил. Ёш йигит уйига учиб борди. Аммо аёллар билан гап сотиб турган аёлини кўриши билан ҳафсаласи пир бўлди. Шунга қарамай, барибир донишманднинг маслаҳатини амалга оширишга киришди:
Хоним, ‑ деди у мулойим, ‑ бирор бир ширинлик пиширсангиз... Хотин эрининг бу илтимосини эшитиб юзини буриштирди:
Вақтим йўқ, ундан ташқари уйда овқат бор. Аммо эр осонликча енгилмоқчи эмасди. Шунда аёли истамайгина ўрнидан туриб ошхонага йўналди. Бироздан кейин у ошхонадан пишириқ эмас, печенье олиб чиқди:
Печенье пиширгим келди, ‑ деди. Эр эса кўкрагини тўлдириб нафас олди‑да, аёлига: Хоним, печеньелар жуда антиқа кўринади, қўлларингиз дард кўрмасин, шу ширинликларни камбағалларга тарқатсак... Яна нималарни истайсиз? – бақирди аёли. – Бу бечорапарварни қаранглар, кўчада қолган нарсам борми? Шу ҳодисадан сўнгра, эр ва хотин орасида сал гап ўтиб қолса, хотин бу воқеани эслатиб жаврашдан чарчамасди. Бу таъмалардан чарчаган эр бир куни ўша донишманднинг уйига югурди.
Сиз мени алдадингиз! Мен сизнинг маслаҳатингизга қулоқ солдим, барча айтганларингизни қилдим. Натижада эса уйимдан ҳаловатим йўқолди. Аввалгидан ҳам баттар бўлди! Донишманд уни олдига ўтирғизиб сўз бошлади:
Сен мендан бахтиёрлик сирини сўрадинг. Қандай қилиб донишманду, омадли бўлганим сабабини сўрадинг. Кўриб турганингдек, аёлим менинг бахтим манбаи. Сен эса қийматли вақтингни илмга эмас, аёлинг билан жанжалу тортишувларга сарфлайсан. Бунда бир ҳикмат борми? Унда аёлимдан ажрашиб бошқасига уйланайми? – сўради йигит. Бу сўзларни эшитган донишманднинг жаҳли чиқди.
Енгил йўлни излашдан осони йўқ. Бу эса нотўғри. Сенга ва сенинг аёлинг бир‑бирларингни ҳурмат қилишни ўрганишларинг лозим. Уйингга қайт ва аёлингни бахтиёт қил. Унгачан эса китоблар ҳақида умуман унут. Ахир, шу барча айтганларингизни сўзсиз бажараяпман, аммо..‑ ён бергиси келмасди йигит.
Аёлинг бахтлими? – сўради донишманд. – Сиз бир‑бирингизни бахтли қилиш учун танлагансиз. Сен эса аёлинг ҳақида қайғуриш ўрнига вақтингни китоб ўқишга сарфлайсан, аёлинг эса сени ўз дугоналарига ёмонлайди. Йигит кўнгли тушган ҳолда уйга қайтибди, йўлда эса узум сотаётган сотувчига кўзи тушибди. Узумга қараб туриб: энди турмуш қурган пайтларида аёлига мана шундай шингил‑шингил узум олиб борганини ёдига тушибди. Ўшанда аёли учун жуда қадрларди, яхши кўрарди. Аммо йигит охирги марта аёли учун қачон узум олиб борганини эслай олмабди. Сўнгра сотувчидан бироз узум сотиб олибди. Уйга келганда аёли ухлаб қолганди. Аёлининг юзига тикилиб турган йигит, унинг юзида кўз ёшлари изини кўрибди. Йигит аёлини уйғотиб юбормасдан узумларни секин дастурхонга қўйибдию, уйқуга кетибди. Саҳар пайтида йигит уйқудан ўйғониб кетибди, унинг қаршисида аёли турарди. Аёл эрининг юзига диққат билан тикилиб турарди. Шу кундан эътиборан эр ва хотин бир‑бирига эътиборли бўлишни ўргана бошлабдилар. Йигит биринчи ўринга ўз оиласини қўяр, аёл ҳам ўзини парваришлаб, эрининг кўзини қувонтиришга ҳаракат қиларди. Дугоналари билан гап сотиб каби иллатларига ҳам барҳам берганди.
Бир қанча вақт ўтгач, уларнинг эшигини кимдир қоқибди. Уй эгаси эшикни очганда, қўлида китоб ушлаб турган бир йигитчага кўзи тушибди. Йигитнинг кўзлари маюс, қадди букик эди.
Эй донишманд, менга ёрдам бер, ‑ дебди йигит. – Мени бир дўстим сенинг ҳузурингга юборди. Унинг айтишича, сен бахтиёр бўлиш сирини билар экансан. Ҳаётим парокандаликдан иборат, хотиним эса мени тушунмайди. Меҳмоннинг сўзларини тинглаган мезбон уни уйига таклиф қилибди ва:
Аёлим кечки овқатни ҳозирламоқда, уйимнинг азиз меҳмони бўл, ‑ дея уни ичкарига таклиф қилибди.
|
|
| |
DURDON | Date: Seshanba, 12-Noya-2013, 03:05 | Message # 183 |
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:
| Қадимда бир подшоҳ ўтган экан. Бир куни у тунда кўрган тушидан таъсирланиб узоқ ўй сурибди ва вазирини чақириб:
— Тайёрлан! Саройдан ташқарига чиқамиз, — дебди. Бироздан сўнг икковлон оддий кийиниб, йўлда кетиб борардилар. Бир қишлоққа етганларида подшоҳ тушида кўрган жойни таниб қолди. Атрофда одам кўп, ҳамма ўз иши билан банд.
Шундоққина ерда бир одамнинг жасади ётар, ҳеч ким унга эътибор ҳам бермасди. Шунда подшоҳ одамлардан сўради:
— Бу кимнинг жасади, биродарлар? Нега у бундай хорликда ётибди?
— Э, сўраманг, меҳмон! Бу уятсиз бир ароқхўрнинг жасади, — деб жавоб берди бир одам. У менинг қирқ йиллик қўшним эди. Тан олиш керак, жуда моҳир тақачи бўлган. Эртадан то қора кечгача тиним билмай ишлар, аммо қаердаки ароқ бўлса, бор-будини бериб бўлса ҳам сотиб оларди. Уйига фоҳишаларни бошлаб келишдан ҳам тоймасди, бугун биттасини, эртасига бошқасини... Агар ишонмасангиз, бошқалардан ҳам сўранг, марҳумни бирор марта жамоат билан ҳеч ким кўрмаган... Бир фурсатдан кейин одамлар тарқалиб кетишди. — Юринг, шоҳим, биз ҳам кетайлик, — деди вазир.
— Йўқ! — деди подшоҳ. — Мен кўрган тушимнинг ҳикматини ҳали тушуна олганим йўқ. Жасадни олиб кетамиз. Сен ғам ема, уни ювиб, кафанлаб кўмишни ўзм уддалайман. Фақат ювиш учун жой топсак, кифоя...
Икколвон жасадни кўтариб, нариги қишлоқдаги масжид сари йўл олдилар. Жасадни кафанлар экан, марҳум юзидаги нурни, лабларидаги маъноли табассумни кўриб хаёлларидан: «Бу одам қўшнилари айтганидек ёмон кимсага ўхшамайди-ку» деган ўй ўтди. Барча ишлар битгач, вазир:
— Шоҳим, бу одам тўғрисида янглиш фикр эшитмадикмикин? Марҳумнинг яқинлари, бола-чақаларини суриштириш керак шекилли, — деди. — Тўғри айтасан, — деди подшоҳ. — Сен шу ерда тур, мен унинг уйига бориб келаман.
Подшоҳ сўраб-суриштириб, марҳум яшаган уйни топди. Эшикни очган маъсумагина аёл шоҳнинг сўзларини диққат билан тинглар экан, мусибатни мардона қаршилашга ҳарчанд уринса-да, кўзидан оққан шашқатор ёшларини тия олмади.
— Менинг эрим ўзи бир олам эди, — деди аёл. Эртадан кечгача тиним билмай ишлаб, топган пулига уйга ароқ олиб келарди. Кейин буларни ҳамқишлоқларим ичмасин, дея ҳожатхонага тўкарди. Баъзида уйимизга ахлоқи бузуқ аёлларни ҳам етаклаб келарди ва «Мен сизларнинг вақтингизни сотиб олдим-а?» деб сўрарди. Улардан тасдиқ жавобини олгач, «Энди мана бу ерда ўтириб, тингланглар», дерди. Мен эса уларга имон-эътиқод ҳақида Аллоҳ қодир қилганича ўргатардим. Эрим қишлоғимиздаги масжидга бормас, ибодат учун қўшни қишлоқдаги масжидга қатнарди.
Сабабини сўрасам, «Шундай имомнинг ортида туриб ибодат қилгинки, қулоқ қоққагингда қаршингда Каъбани кўргин», деган эди… Одамлар эримнинг ишларини нотўғри тушунишарди. Бу ҳақда унга кўп айтганман. Бир куни: — Қўшнилар сиз ҳақингизда ёмон ўйлашяпти, ишқилиб жанозангиз ўртада қолмаса эди, — дедим. Шундан кейин эрим ўзи учун қабр ковлаб қўйди. Мен яна эътироз билдирдим:
— Қабр кавлаш билан иш тугамайди, ахир сизни ким ювиб, ким кафанлайди, ким кўмади? — дедим.
— Хўш-хўш, у нима деди? — шошиб сўради подшоҳ.
— У табассум қилиб, «Ахир Худо бор-ку, хотин. Менинг ўлигим кўчада қолмайди! Одамлар бўлмаса, подшоҳ бор!..» деди...
"Ибрат соҳиллари" дан олинди.
|
|
| |
DURDON | Date: Payshanba, 21-Noya-2013, 23:39 | Message # 184 |
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:
| Иффатнинг гўзал намунаси
Ҳикоя қилинишича, Сулаймон ибн Ясор раҳматуллоҳи алайҳ ҳаж қилиш мақсадида Мадинадан йўлга чиқдилар. Ёнларида бир ҳамроҳлари ҳам бор эди. Юриб-юриб чарчаганларидан сўнг бир чодир эшиги олдида тўхтаб, туяларни чўктиришди. Шериклари ул-бул сотиб олиш учун бозорга кетди. Сулаймон ибн Ясор эса, чодир ёнида ўтирдилар. У киши жуда гўзал юзли, келишган қоматли киши эдилар. Бир тепаликда турган аёл у кишини узоқдан кўрди-да, олдиларига югуриб келди. Юзини рўмоли билан тўсиб олган эди. У кишининг олдиларига келгач, юзини очди. Қараса, ёнида бамисоли тўлиной турибди. Аёл у зотга деди: “Менинг ҳожатимни раво қилинг”. Сулаймон “Бу аёл овқат сўраяпти шекилли” деб ўйлаб, юкларидан таом олиш учун турмоқчи бўлдилар. Шунда аёл: “Мен буни хоҳламаяпман. Балки, эр-хотин ўртасида бўладиган нарсани сўраяпман” деди. Бу гапни эшитган Сулаймон у аёлга: “Аллоҳнинг ғазабига учрагур, аҳмоқ хотин!” дедилар-да, кейин бошларини икки тиззалари орасига қўйиб олиб роса йиғладилар. У зотнинг йиғлаётганларини кўрган ҳалиги аёл ёпинчиғини юзига ташлади-да, келган жойига равона бўлди. Бироз вақт ўтиб, шериклари бозордан қайтди. Қараса, у киши йиғлаб ўтирибдилар. “Нега йиғлаяпсиз?” деб сўради шериклари. Сулаймон эса бўлган воқеани сўзлаб бердилар. Шериклари ҳам ерга ўтирди-да, қаттиқ йиғлай бошлади. Унинг ҳам йиғлаётганини кўриб: “Сен нега йиғлаяпсан?” деб сўрадилар. Шунда ҳамроҳлари: “Сиздан кўра кўпроқ мен йиғлашим керак. Чунки, агар мен сизнинг ўрнингизда бўлганимда бу ишга сабр қила олмас эдим” деб жавоб берди. Сулаймон Маккага етгач, саъй ва тавоф қилдилар. Сўнг ҳижрга келиб, чарчоқ зўрлигидан уйқуга кетдилар. Туш кўрдилар. Қарасалар, олдиларида чиройли юзли, келишган қоматли, хушбўй ҳидли бир киши турибди. Сулаймон ибн Ясор ундан: “Аллоҳ сизни раҳмат қилсин, кимсиз?” деб сўрадилар. У одам: “Мен Юсуфман” деб жавоб берди. “Ўша Юсуф Сиддиқми?” деб сўрадилар Сулаймон. “Ҳа” деб жавоб берди ҳалиги киши. Кейин Сулаймон: “Мен сизнинг ва Азизнинг хотинининг ишидан таажжубдаман” дедилар. Шунда Юсуф у кишига: “Албатта, сенинг ва чодир олдидаги аёлнинг қилган иши янада ажабланарлироқ” деди.
Нозимжон Ҳошимжон
|
|
| |
DURDON | Date: Juma, 20-Dek-2013, 21:08 | Message # 185 |
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:
| Бу синглим тун бўйи ибодат қилади. Салафлардан бирлари айтадилар: “Бир куни Яман кўчаларининг бирида кетаётсам, йўл устида турли байтлар ила Роббини улуғлаётган бир болани олдидан чиқиб қолдим.
У шундай дер эди: Роббим осмондаги Подшоҳдир, У менинг фахрим, ифтихоримдир. У қадри буюк, бемисл Зотдир, У ҳеч кимга яширин, махфий эмасдир.
Кейин унга яқинлашиб, салом бердим. У айтди: “Сиз то устингиздаги менинг ҳаққимни адо этмагунингизча, саломингизга алик олмайман”. “Ҳаққинг нима?” деб сўрадим. У: “Мен Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатларини маҳкам ушлаган боламан. Ҳар куни бир-икки мил йўл босиб, меҳмон қидириб юраман. Меҳмон топсам, кейин у билан бирга овқатланаман. Тополмасам, бир ўзим овқат емайман” деб жавоб берди. Мен унинг меҳмони бўлишга рози бўлдим. Шунда у менинг саломимга алик олди ва мени етаклаб бир чодирнинг олдига бошлаб борди.
Чодирга етганимиздан сўнг у баланд овозда “Ҳой, сингилжоним!” деб чақирди. Чодир ичидан бир қиз “Лаббай, акажон” деб жавоб берди. Ҳалиги бола синглисига: “Тур, бу меҳмонимизга ул-бул тайёрла” деди.
Шунда синглиси: “Бироз кутиб туринг, бизга бу меҳмонни юборган Мавлойимга шукр айтиб олайин” деди-да, туриб, икки ракаат шукр намози ўқиди.
Қиз намоз ўқиб бўлгач, бола мени чодирга олиб кириб, ўтқизди. Кейин қўлига пичоқ ва сўйиш учун урғочи эчки боласини олиб чиқиб кетди.
Ўтирган пайтимда ҳалиги қизнинг гўзал юзларига назар солдим. Гоҳ-гоҳида кўзим унга тушиб қолар эди. Тўсатдан қиз менинг қараётганимни пайқади ва менга: “Кўзингизни тийинг! Ясриб соҳиби (Пайғамбар алайҳиссалом)нинг “Албатта, икки кўзнинг зиноси қарашдир” деганларини эшитмаганмисиз?! Бу билан мен сизни койимоқчи эмасман, балки, бу ишни қайта такрорламаслигингиз учун одоб бериш юзасидан айтяпман” деди.
Кеч тушгач, мен билан бола иккимиз чодир ташқарисида, қиз эса чодир ичида тунади. Мен тун бўйи гўзал ва мулойим овозда ўқилаётган Қуръон қироатини эшитиб ётдим.
Тонг отгач, ҳалиги болага: “Бу кимнинг овози?” деб сўрадим. У: “Бу синглимнинг овози. У туни билан ухламасдан тонггача ибодат қилиб чиқади” деди.
Мен: “Бу ишга ундан кўра сен ҳақли эмасмисан?! Сен йигит кишисан, у эса қиз бола” дедим.
Шунда бола табассум қилди ва “Эй меҳмон, синглим Аллоҳнинг фазли ила мана шундай бахтга эришган” деб жавоб берди”.
Ҳоний Ҳожининг “Солиҳлар ҳаётидан минг бир қисса” китобидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси.
|
|
| |
Firdavs_96 | Date: Shanba, 04-Yan-2014, 10:35 | Message # 186 |
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 2771
Status:
| Malika so'radi: ''Hotinlarga nima yhshidur?'' donishmand aytdi: ''Sharmu haё yhshidur! Har hotinda sharmu haё yo'qdur, urgochi эshakka o'hshar!..''
|
|
| |
Firdavs_96 | Date: Shanba, 04-Yan-2014, 10:41 | Message # 187 |
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 2771
Status:
| Malika so'radi: ''Eigitlarga nima yhshidur?'' Donishman aytdi: ''Tavba yhshidur!'' Tavba qilmagan eigit Gavharsiz sadafga o'hshar!''
Message edited by Firdavs_96 - Shanba, 04-Yan-2014, 10:42 |
|
| |
DURDON | Date: Yakshanba, 05-Yan-2014, 03:48 | Message # 188 |
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:
| Ривоят қилишларича, Бухоро шаҳрида бир солиҳа ва оқила қиз бўлган экан. У даврларда Бухоро шаҳри диний ва дунёвий илм-фан ўчоғи эди. У қизнинг ота-онаси, Оиша онамиздек кўп ҳадис билсин деган умидда жигаргўшаларига Оиша деб исм қўйишганди ва бу умидларини Аллоҳ зое қилмади. Дарҳақиқат Оиша кўп ҳадисларни ёд олди. Баъзи ҳадисларни ўз ҳаёт шиорига айлантирди, ўшалардан бири: " ولا يردُّ القدرَ إلا الدعاءُ"
"Қадарни фақатгина дуо қайтаради", деган ҳадис эди. (Хоким, ибн хиббон, Албоний хасан хадис деган).
Оишанинг бўйи етгач, хонадонидан совчиларнинг кети узилмас эди. Оишанинг қўлини сўратган куёвларни суриштиришар ва бу суриштириш натижаларини эшитгач Оиша рад жавобини берарди. Талабгорлар орасида бўлган бир йигит, Оишанинг эътиборини тортди ва куёвни суриштирув ишлари жиддийроқ тус олди. "Куёвнинг бир айбини ҳисобга олмаганда, беками-кўст йигит экан", дейишди. Оиша ўша "бир айб"га қизиқди. Аён бўлишича ўша йигит, бир йилда бир марта ёки икки марта тушкунликка тушган пайтда хамр ичишга муккасидан кетар ва бу жараён уч кундан ошмас эди. Бу маълумотларни диққат билан тинглаган Оиша тўйга розилик беради. Бу қарорнинг ҳикматидан ажабланган кимсаларга ҳаётий шиори бўлмиш ушбу ҳадисни айтар эди:
" ولا يردُّ القدرَ إلا الدعاءُ"
"Қадарни фақатгина дуо қайтаради". (Хоким, ибн хиббон, Албоний хасан хадис деган).
Тўй ва тўйдан кейинги бир йил рисоладагидек ўтди. Ҳамма хурсанд, аммо кунлардан бир кун қароқчиларнинг карвонга ҳужуми сабаб, куёв тижоратда катта зиён кўрди. Эр хамрга, Оиша эса жойнамозга ёпишди. Эр аламини хамр ичишдан олар эди. Оиша эса кечаю кундуз тинмай дуо қилар, дуолар орасида ҳаётий шиори бўлмиш ҳадиси шарифни ихлос билан такрорларди. Тушкунликка тушган куёв бир кунда ўзини ўнглаб олди. Бу қилмишидан афсусланиб, Аллоҳга, сўнгра завжаси бўлмиш Оишага бу қабиҳ ишга қайтмасликка аҳду паймон берди ва бу аҳдида умрининг охиригача сабот билан турди. Қиссадан ҳисса чиқаришни оқил ўқувчиларга қолдириб, қуйидаги муборак оятни эслатамиз:
"وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ"
Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман», деди."
[Ғофир сураси, 60-оят.]
|
|
| |
DURDON | Date: Shanba, 28-Iyun-2014, 15:23 | Message # 189 |
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:
| Мағфират қилинган киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Каъбаи муаззамани тавоф қилаётиб, бир саҳройи кишининг “Ё Карим!” деганини эшитдилар ва унинг сўзини такрорладилар. Саҳройи киши Мезоб томонга ўтиб яна: “Ё Карим!” – деган эди, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам “Ё Карим!” – дедилар. Шунда саҳройи киши у зотга қараб: – Эй гўзал юз, кўркам қомат соҳиби! Мени масхара қилмоқчимисан? Аллоҳга қасам, бир мўмин банда бўлмаганингда эди, сен тўғрингда Муҳаммадга (алайҳиссалом) шикоят қилардим. У зот табассум қилдилар ва: – Пайғамбарингни танийсанми? – дедилар. Саҳройи киши: – Йўқ, – деб жавоб берди. – Унда қандай қилиб имон келтиргансан? – Уни кўрмаган бўлсам-да, пайғамбарлигига имон келтирдим ва етказганларини тасдиқладим. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларини таништирдилар. Саҳройи киши ҳаяжонини яширолмади. Хижолат чекиб, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак қўлларини ўпмоқчи бўлди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): – Шошма, эй мўмин банда, ажамлар ўз подшоҳларига шундай муомала қилишади. Мутакаббирлик менга хос эмас. Аллоҳ мени башорат бергувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборган, – дедилар. Шунда Жаброил (алайҳиссалом) хабар келтирди: – Эй Муҳаммад (алайҳиссалом)! Аллоҳ Сизга салом айтди. Саҳройи кишига айтинг: “Биз Ҳалим ва карамли эканимиз билан бирга амалларини, агар хурмонинг пўстлоғича бўлса ҳам, ҳисоб-китоб қиламиз!” – деди. – Эй Аллоҳнинг расули, мен ҳам ҳисоб-китоб қилинаманми?! – деб сўради саҳройи киши. – Ҳа, агар хоҳласа, ҳисоб-китоб қилади. – Ўзининг иззати ва улуғлигига қасам, агар мендан ҳисоб сўраса, мен ҳам сўрайман, – деди у. – Раббингдан нимани сўрайсан? – дедилар Пайғамбаримиз (алайҳиссалом). – Агар Раббим менинг гуноҳимдан сўраса, мен Унинг мағфиратини сўрайман. Агар осийлигимдан сўраса, мен Унинг афвини сўрайман. Агар менинг бахиллигимдан сўраса, мен Унинг саховатини сўрайман! – деди саҳройи киши. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) йиғлай бошладилар, ҳатто соқоллари ҳўл бўлиб кетди. Шу онда Жаброил (алайҳиссалом) хабар келтирди: – Эй Муҳаммад (алайҳиссалом)! Аллоҳ Сизга салом айтди. Йиғини тўхтатинг! Аршга муаккил фаришталар тасбеҳ айтиб чалғиб кетишмоқда. Саҳройи кишига айтинг: у Биздан сўрамасин, Биз уни ҳисоб қилмаймиз! У сизнинг жаннатдаги рафиқингиз бўлгай! Шайх Аҳмад Муҳаммад Ашшофнинг “Қабасотун мин ҳаётир Расул” китобидан
|
|
| |