|
Islomiy ibratli hikoyalar
|
|
| DURDON | Date: Payshanba, 12/06/21, 11:56:36 AM | Message # 61 |
 SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status: 
| Davomi...
Бу сафар у бақириб-бақириб йиғлар ва қўлига тушганини деворга отар эди. Кўзлари катта-катта бўлиб, жойидан чиқиб кетай дерди. Баъзан сал тинчланар, баъзан яна ўзини тута олмай оғзидан кўпик сачраб бақирар эди. Инсон исён қилаётганида жуда хунук кўриниб кетар экан. - Бу қандай азоблар бўлди? Нима мен сизларни деб бошқа ёшлар каби яшай олмайманми? Болалигимдан бошланди ўзи. Арқон ўйнасам, имомнинг қизи арқонда сакрар эканми? Тўп ўйнасам, хожининг қизи тўп ўйнар эканми? Дадам имом бўлганига менинг ҳам имом бўлишимни хоҳлашди. “Отаси имом бўлса нима қилибди, майли барибир бола бола-да” – дейишмади. Нуқул менинг қилган ишларим, хатти-ҳаракатларимни ҳисоб-китоб қилишарди. Яна ўша гап-сўзлар билан ёшлигимни ўтказмоқчисизлар. Ўтказмоқчисизлар! Гул хоним хотиржам оҳангда қизидан сўради: - Қизим, исломга бўйсуниб ёшликни яшаб бўлмайдими? Сен ёшлик деганингда ўша кўчасанғи, очиқ-сочиқ кезадиганларнинг ҳаётини айтяпсанми? Гуноҳ ичида “эркинлик” бўлганда яшаладими ёшлик? Исломий чегарадаги “эркинлик” етмайдими сенга? Имомнинг қизи бўлишга келсак, у азобларни мен ҳам тортганман. Менинг ҳам ҳар бир ҳаракатимни кузатиб юрадиганлар бор эди. Бу миллат агар имомни, боласини-ю аёлини кузатиб юрганчалик ўз оиласини тартибга солиб олса эди, ҳаётимиз анча изга тушган бўлар эди. Буларнинг ҳаммасини биламан, лекин нима қилай? Сенга яна бир марта айтаман, исломий “эркинлик” билан яша. Фотиманинг кўз ёшлари тинмай оқар эди. У ҳам кўз ёшини артар, ҳамда овозининг борича қичқирар эди: - Қаёқда? Исломий “эркинлик” ни яшашимга ҳам имкон беришмади-ку. Қўғирчоқ ўйнаш гуноҳмиди? Арқонда сакрашим, тўп ўйнашим гуноҳмиди? Менга эркинлик берилдими? Айтинг-чи, берилдими? Нима қилсам, “болам, сен имомнинг қизисан” демасмидингиз? Имом қизининг Аллоҳи бошқа-ю, бошқа болаларнинг Аллоҳи бошқами? Нега мендан ўзгача бола бўлашимни хоҳлашди? Залдаги йиғма краватда бағрини ерга бериб йиғлашда давом этди. Кейин бирдан ўрнидан сакраб туриб, онасига деди: - Эрингизга айтинг, ишларимга аралашмасин. Бўлмаса уйдан кетаман. Уй ичида бирдан жимжитлик ҳукм сура бошлади. Гўё мотам ҳавоси ҳукм сурар эди. Бу гаплар душманлар учун ғалаба эди. Илгари қайси фарзанд “уйдан қочиб кетаман” дея олар эди? Фотима юз-қўлини ювиб яна уйдан чиқди. Дадасининг юзига ҳам қарамай ўтиб кетди. Ёқуб имом қизининг йиғлаб, кўзлари ишиб кетганини сезди. Тушунарли, демак, қизи бориб онасига хархаша қилибди. Нима деди экан? Савдосини ташлаб, дарров аёлининг олдига келди. Зиналардан ҳаяжон билан кўтарилди. Ичкарига кирганида аёлининг йиғлаб идиш юваётганини кўрди-ю, вазиятни янаям аниқроқ тушунгандай бўлди. Қўлини ошхона эшигига тираганча, сўради: - Нима деди? Гул хоним кўзларини эридан беркитгандай, бошини кўтармай: - Ҳеч нима демади, - дея жавоб берди. - Мендан беркитишга уринма, чунки фойдаси йўқ барибир. - Қизимиз бошидан оёғигача исёнга тўла. Гапирмаган гапи қолмади. Дадам ишларимга аралашмасин, деяпти. То кичкиналигида имомнинг қизи деб тўп ўйнатишмаганидан тортиб, бугунгача бўлган ҳамма нарсани санаб, роса йиғлади. Имом қизининг Аллоҳи бошқа бўладими, деди. Болалигини ҳам мириқиб яшай олмабди. Ёқуб имом чўкиб қолган, руҳидаги олов аланга олган эди. Бироз вақт хотинига қараб қолгач, секин ерга чўккалади. - Қизимизнинг гаплари тўғрику-ю, лекин исён қилишга ҳаққи йўқ. Исён этишнинг ҳеч қандай узрли бир иш эмаслигини унга тушунтиришим керак. Халқимиз жуда тушунчасиз. Имом қизини бошқача бўлиш керак деб ўйлашади. - Ҳа, менинг ҳам имом бўлишимни хоҳлашди, деб айтди ўзи. Шунақанги гапларни гапирадики, одам нима дейишни билмай қолади. - Биламан, азизам. Қизимиз, анча ақлли. Шайтонни ҳам орқада қолдиради Гул хоним эрининг сўзини бўлиб, ичидагиларини тўкиб сочмоқчи бўлди: - Сизга бир нарса айтай: биз қизимизни йўқотяпмиз. Нима қилсак ҳам уни тўғрилайлик. Унинг бутун фикру хаёли бошқа ёқларда. - Тўғри, лекин қаерда, нима истайди? - Билмайман, лекин менимча, очилиб сочилмоқчи шекилли. - Балки у бирортасини севиб қолгандир. Агар шундай бўлса, сен бир аниқлагин-чи, ким экан. Керак бўлса, ўзим бориб таклиф қиламан. - Унга асло бундай дея кўрманг. Бирор безорини севиб қолиб куйдирмасин. - Нима бўлса ҳам майли, мусулмон йигит бўлса бас. Яхши мусулмон бўлса бўлди. Бу гаплардан сўнг елкасидаги юк янаям оғирлашгандай бўлди. Бу юк унинг бутун жисмини эгиб қўйди, кўзларида ёш билан растасининг бошига бориб ўтирди. У одатда пешингача савдо қилиб, намоз вақти бўлганида аравачасини масжид ҳовлисига олиб кириб қўярди. Ёқуб имомнинг руҳи йиғлар эди. Қизини қандай йўл билан тўғри йўлга солиши ҳақида ўйлайверганидан, ўғлини унутиб қўйибди. Қизиқ ўғли нималар қилиб юрган экан? У-чи, у қайси оламда юрган экан? Энди ўғлининг қайғусига тушди. Эртага биринчи қиладиган иши ўғлининг мактабига бориб суриштириб келиш бўлади. Ўша куни Фотима уйга яна кеч келди. Остона хатлар хатламас дадасига эшиттириб: - Ишда ушланиб қолдим, шунга кеч қолдим, - деди овозини баландлатиб. Кейин хонасига кириб кетди. Ёқуб имом эса қизининг ортидан қараб қолди. Эртага қизини кузатиб боради. Тонгда қизидан аввал уйдан чиқиб, таксига ўтирди-ю, қизининг ўтадиган йўлида кутиб турди. Ниҳоят Фотима қўлида сумкасидан ташқари бир пакет билан кўринди. Таксининг ёнидан ўтаётганида имом кўринмаслик учун эгилиб турди. Қизи автобус бекатига бориб, кута бошлади. Кўп ўтмай, хусусий такси келиб бекатда тўхтади. Имом ўзи ўтирган такси ҳайдовчисига четроқда тўхтаб туришни айтди-да, қизининг нима қилишини кузата бошлади. Фотиманинг ўша хусусий таксига ўтирганини кўргач, ўзини бутунлай йўқотиб қўяёзди. Ҳайдовчи эса ҳеч нарсага тушуна олмаганидан сўради: - Энди нима қиламиз? Ёқуб имом жавоб бера оладиган ҳолатда эмас эди. Саволни яна такрорлаган ҳайдовчи бу сафар ҳам жавоб ололмагач, орқага ўгирилиб қаради. Ёқуб имом титраб-титраб, аммо унсиз йиғлар эди. Бироз муддат ўтгач зўрға: - Мана шу машинанинг ортидан борайлик, - деди. - Хўп бўлади, нима десангиз шу, - жавоб берди ҳайдовчи. Ёқуб имомнинг кўзлари қизида эди. Қизи ҳеч қандай истихоласиз эркин ҳаракатлар билан бошидаги рўмолини ечиб, сумкасига солди. Энди эса сочларини тараб, ёнидаги одам билан кулишиб алла нималарни гаплашиб кетар эди. Ёқуб имом кўз олдидаги манзарани кўрар экан, ич-ичидан ёнар эди. Қизи уни эшитмаса ҳам йиғлаб унга гапириб кетарди. - Кетма қизим, болажоним. Уларнинг тузоғига тушма. Ўзимнинг гўзал қизим, кетма болам. Ёлвораман, кетма... Ёқуб имом ўкириб-ўкириб йиғлар эди. Шунча йиллардан бери қизининг ҳақиқий мусулмон бўлиши учун ҳаракат қилган эди-ю, аммо ҳозир кўзлари нималарни кўрмаяпти-я. Ўша лаҳзаларда у Қуръоннинг яна бир ҳикматини тушуниб етаётган эди. Ёқуб (а.с)нинг ҳам ислом амрига зид ишлар қилган ўғиллари укаларини қудуққа ташлаган эдилар. Лекин Ёқуб (а.с) укаларини ўлдириш учун режалар тузган ўша ўғилларидан воз кечмас, ҳатто уларнинг ҳидоятга эришишлари учун Аллоҳга тинмай ёлвориб, дуо қилар эди. У жуда яхши билар эди. Булар “Юсуф”имга ёмонлик қилиб, энди менга ҳам ёлғон гапиряпти, дер эди. Йўқотган ҳам, йўқолган ҳам ўз жигарбанди эди. Лекин у тилидан дуо тушмай, сабр билан кутди. Ёқуб имом мен ундан яхшироқ вазиятдаман, деб ўйлади. Ҳеч бўлмаганда қизимни бошқа болам йўлдан ургани йўқ. Мен азалдан бери душман бўлган тузум йўлдан урди.
|
| |
|
|
| DURDON | Date: Shanba, 12/06/23, 2:23:06 PM | Message # 62 |
 SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status: 
| Имомнинг манекен қизи (4-qism)
Ҳаёт сўқмоқларида
Қуръондан сабоқ олинганида...
Бутун вужуди билан Қуръондан ибрат олишга интилар экан, руҳи сал бўлса ҳам енгил тортиб, юрагида умид уйғонди. Сабр қилиши керак, ахир қизига жуда гўзал тарбия берган. Шундай оғир пайтда Қуръондан ўгит олаётгани яхши бўлди. Юрагидаги олов тобора аланга олаётган бўлса ҳам, анча тасалли олди. Бу тасалли ҳам бўлмаганда нима қилган бўлар эди?
Машинанинг орқа ўриндиғида ўтирганча унсиз йиғлар экан, яна ўша сўзлар оғзидан тушмас эди.
- Болажоним, йўқ, уларнинг тузоғига тушма... Отангга раҳминг келсин. Юрагим дош беролмайди, ахир. Менга бу азобларни раво кўрма.
Ҳайдовчи имомни бу аҳволда кўриб, уни қандай тинчлантиришни билмас эди.
- Қизингизми?
Ёқуб имом кўз ёшлари ичида жавоб бера олмас эди. Сал туриб зўрға минғирлаб деди:
- Ҳа... Қизим.
Ҳайдовчи хафа бўлиб давом этди:
- Сизни тушуниб турибман. Ҳозир қанийди, қизим бўлмаса эди деётгандирсиз.
Ёқуб имом кўз ёшларини артиб:
- Йўқ, ундай деб ўйлаганим йўқ. Ёмон бўлса ҳам у мени болам. Бундай дейишга ҳаққим ҳам йўқ. Менга фарзанд бўлишини мен ҳал қилмаганман ахир.
Олдиндаги машина Лолали маҳалласига келгач, кўп қаватли уйнинг қаршисида тўхтади. Қизи машина ҳайдовчиси билан қўл бериб хайрлашгач, савдо расталарига кириб кўздан ғойиб бўлди.
Ёқуб имом уйга қайтганида бир аҳволда эди. Кечгача гоҳ бориб савдо қилди, гоҳи уйга келиб ётди.
Бўлган воқеани ҳатто аёлига ҳам айтмади. Қизига айтиб қўйишидан чўчиди. Ёқуб имом эса бугун кўрганларини қизига билдирмай, уни олдинги ҳолатига қайтариш ниятида эди. Агар қизи отасининг ҳамма нарсадан хабардор эканлигини билиб қолса, уйдан қочиб кетиши мумкин эди. Унда ҳам қизини йўқотар, ҳам душманлари ғолиб келган бўлар эди.
Кечки пайт қизи келганида қизи билан гаплашиб олишга турли йўллар қидира бошлади. Кейин табассум билан қизига деди:
- Кел қизим, бугун дастурхонни сен туза. Фарзандим тайёрлаган кечки овқатни еб бир маза қилай. Шундай деганча у қизининг юзига тикилиб, унинг хаёлларини англаб олишга интилар эди.
Фотима отасининг унга бундай чиройли оҳангда сўзлашишидан мамнун бўлиб, дарров рози бўлди. Демак, отасининг ҳали ҳеч нарсадан хабари йўқ.
- Хўп бўлади, дада. Дарров тайёрлайман.
Ёқуб имом эса унсиз йиғлади. Қизи мана неча ойлар ўтдики, анчадан бери энди “дада” деди.
Фотима шошиб-пишиб дастурхон тузай кетди. У дадасининг одатини яхши билади. Хуфтон намозидан олдин овқат ейилиши суннат ҳисобланади.
Усома ҳам етиб келди. Ёқуб имом ўғлини қучоқлаб ҳол аҳволини сўради. У ўғли билан дўст бўлишга қарор қилганди. Дастурхон атрофига тўпланишганида эса имом ичидаги дарду аламларга қарамай, кўтаринки кайфиятда кўринишга интилди. Аёлига қараб гапирарди-ю, лекин у гаплар аслида қизига қаратилган эди.
- Бугун савдо жуда яхши бўлди. Шу кетишда давом этса, яхши бир жойга кўчиб ўтамиз. Қизимга бу ер ёқмади. Нега энди фарзандимнинг айтганини қилмас эканман? Қизим энг гўзал нарсаларга лойиқ-ку, шундайми? Мен қизим учун ҳам, ўғлим учун ҳам кечани кеча кундузни кундуз демай ишлайман.
Фотиманинг егани бўғзида тиқилиб қолаёзди:
- Сал кеч қолмадингизмикан, дада?
- Нега кеч бўлар экан? Зарар ишнинг қаеридан қайтилса ҳам фойдалидир. Фақат қайтишни билиш керак.
|
| |
|
|
| DURDON | Date: Shanba, 12/06/23, 2:24:26 PM | Message # 63 |
 SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status: 
| DAVOMI...
Қизига у “бу хато ишларингдан қайт” деётганди. Ёнаётган руҳи билан деди:
- Бандамиз. Ҳаммамиз хато қиламиз. Қанчадан қанча одамлар бор, охирги дақиқаларда хатоларини тушуниб етганлар. Аслида менинг унчалик катта хатоларим йўқ-ку, лекин сизларнинг шикоятларингизга қулоқ солмаганим учун, сизларни қийнаб қўйганим учун ўзимни айбдор ҳисоблайман. Мен хатоимни тузатаман, чунки мен ўзимга оид хатоларни тузатишга жавобгарман, сиз ҳам ўзларингизга оидларини тузатишга масъулсиз.
Бу гаплардан сўнг жимжитлик ҳукм сура бошлади. Ёқуб имом аста билдирмай Фотимани кузатар, “қизим бу гапларимдан ўзига бирор хулоса чиқариб олдимикин?” деб ўйларди. Қанийди, қизининг қалбида заррача пушаймонлик ҳисси бор йўқлигини билолсайди... Уни қутқариш умиди ортар эди.
Бироқ қизи ҳечам сир бой бермас эди.
- Умуман тўғри йўлдан озган бўлса-чи?
Ёқуб имом бу саволни эшитиб кўнгли кўтарилди. Демак, қизи ўзини йўлдан адашган ҳисоблар, “бу йўлдан қутула оламанмикин?” деб ўйлаётган эди. Шунинг учун у эҳтиёт бўлиб ва маъноли гапириши керак эди.
- Адашса-ю, ақлини йиғиб олиб, тўғри йўлга қайтса, ўзини қутқара олган бўлади. Тунов куни газетада ўқиб қолдим. Бир киши ўзини “Бўғоз” кўпригидан ташлабди. Денгиз томон шўнғир экан, ўз жонига қасд қилиб нотўғри қилаётганини тушуниб етибди. Юқоридан сакраганда сув қаттиқлашар экан-ку, буни билгани учун йигит сувга яқинлашиб қолганда ҳавода бир умбалоқ ошиб, кейин ўзини сувга отгани учун ҳатто бурни ҳам қонамай соғ-омон қолибди. Буни қаранг-ки, пушаймонлик кечроқ бўлса ҳам ўз фойдасини кўрсатар экан.
- Умуман йўлдан озганлар учун вазият қандай бўлади?
- Агар ўша йўлда қолиб кетса, нариги дунёга шу тарзда кетади. Лекин ўлим келмай, ўзини қутқара олиши ҳам мумкин.
Ёқуб имомнинг қалбида неча ойдан бери энди оғзини очган қизининг гапларидан анча умид уйғонди. Бўлди, агар қизи йўлдан адашган бўлса ҳам, қизи хатоларини тушуниб етадиган бўлса, уни кечирар ва унинг хатоларини ҳеч ҳам юзига солмас эди.
Таомдан кейин қалбидаги умид нурлари ила масжидга тушди.
Орадан кунлар ўтди.
Ғам ва умид орасида яшаётган эди Ёқуб имом. Бир куни кечки пайт дўсти Аҳмад уни чақирганини эшитиб пастга тушди.
- Тинчликми Аҳмад? Нимадир бўлдими?
Аҳмад жуда ғамгин ва паришон ҳолда эди. Ёқуб имом зиналардан шошиб тушар экан, сўради?
- Нима бўлди? Кимдир ўлиб қолибдими?
Аҳмад унинг кўзларига алам билан қаради:
- Сенинг учун ўлим билан баробардир, дўстим.
- Нима бўлди, тезроқ гапир, бўлмаса юрагим тўхтаб қолади.
Аҳмад бўлса энди йиғлай бошлаган эди.
- Сўрама дўстим. Ўзимнинг фаришта имомим... Сенга нохуш хабарим бор...
- Қанақа хабар?
- Қандай айтишни ҳам билмайман. Аслида бу гапни сенга айтиш жуда оғир, лекин айтишга мажбурман.
Ёқуб имом бирдан қизининг уйда эмаслигини эслади.
- Нимааа, қизим ўлдими?
- Айтадиган гапим, ўлимдан ҳам мудхиш. Бу гапни эшитгандан кўра қизингнинг ўлишини афзал кўрар эдинг.
Ёқуб имом гап нима ҳақда эканлигини англади. Демак, у қизини очиқ сочиқ ёки бирор йигит билан кўрибди.
- Йўқ, қизим нима қилган тақдирда ҳам, уни қандай ҳолда кўрган бўлсанг ҳам, мени ўлимичалик ёндирмайди. Қайтага, шу аҳволида дунёдан ўтиши мени кўпроқ эзади. Чунки ҳали умид бор, чиқмаган жондан умид. Қизимни қаерда ва қандай ҳолда кўрдинг Аҳмад?
- Сен учун энг аламлиси ўлим экан, унда айта қолай. Бугун қизингни мини юбкада кўрдим. Рўмолини ечган, бўянган. Кўрсанг таний олмайсан.
- Биламан.
- Нима? Биласанми?
- Ҳа, Аҳмад биламан. Уни кузатиб боргандим. Йўлда рўмолини ечиб олди. Рўмолини ечгандан кейин, агар ихлоси бўлмаса, мини юбка ҳам кияди. Хўш, сенинг кўрганингни билдими?
- Билди. “Дадамга айтманг” – деб роса ёлворди. Лекин мен қандай қилиб айтмай, ахир бу сенга хиёнат бўлар эди-ку.
|
| |
|
|
| DURDON | Date: Shanba, 12/06/23, 2:25:40 PM | Message # 64 |
 SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status: 
| Davomi...
Ёқуб имом яна йиғлай бошлади.
- Эшитишимни хоҳламаганидан, демак, ҳали умид бор. Илтимос, менга айтганингни билмасин ва уни ўша аҳволда кўрганингни ҳам ҳеч ким билмасин.
- Албатта, ҳеч кимга айтмайман, дўстим. Одамлар билса нима дейди ахир, асло айтмайман.
Ёқуб имом ёшли кўзларини дўстига тикиб:
- Йўқ, мен одамларни эмас, қизимни ўйлаяпман. Унинг рўмолини ечиб, кундан кунга йўлдан озаётганини билишса, қизимни тўғри йўлга солиш умидим қолмайди.
Аҳмад дўстининг сабру иродасига ҳайрон қолган эди. Бу қандай ота бўлди. Умрида ҳеч қачон бундай отани кўрмаган эди. Улар иккалалари ҳам масжид ташқарисида тик оёқда туришар эди. Ёқуб имом масжиднинг ўртароқ қисми томон юра бошлади.
- Аҳмад, энди сен борақол, қизим бизни кўриб қолса дарров сезиб қолади.
- Хўп бўлади, лекин бу ёғига нима қилмоқчисан?
- Аввалам бор, савдо ишим яхши кетса, бошқа жойга кўчиб ўтамиз. Қизимнинг қўлига кўпроқ пул бераман, ишдан бўшатиб оламан. Булар балки чорамасдир, лекин ҳозир бошқа қандай йўл тутишни ҳам билмайман. У ҳали номусини йўқотиб бўлганича йўқ, балки ўзига келиб қолар, деб ҳаракат қиляпман.
- Сабру матонатингга ҳайрон қолдим. Аллоҳ ўзи қувват берсин.
- Соғ бўл, Аҳмад. Баъзан ўзим хато қиляпманми, деб ўйлаб қоламан. Бир гап бор-ку “ўликлар тирикларни ҳолва еяпти деб ўйлар эканлар” - деган. Шунга ўхшаб, одамлар ўйлайдики, имомларнинг хечам ғами бўлмайди, хато қилмайди, деб. Улар бизга, биз уларга бошқа бошқа дунёлардан қараймиз. Ҳозирги гапларинг менга қувват бағишлади, кайфиятимни кўтарди. Демак, тўғри йўлда эканман. Аллоҳ фойдали гапларни гапирадиганларни севади. Қани энди борақол, машҳур шоир айтганидек, “энди мен ёлғиз йиғлайин”.
* * *
Кунлар шу тарзда ўтиб борди. Ёқуб имом ҳеч қандай чора топа олмаётган эди. Эрталаб тонг саҳардан яна аравасининг бошида харидор пойлар экан, бошқа тарафдан ҳали ҳам қизини ўйлаб юм-юм йиғларди-ю, кўз ёшларини ичига ютар эди.
Бирдан дўсти Аҳмаднинг келганини пайқаб қолди. Бироз суҳбатлашганларидан сўнг ўй хаёллари билан ўртоқлашди:
- Аллоҳга шукур, дўстим. Гаров пулини ҳам йиғиб қўйдим. Тавба, баъзи уй эгалари Аллоҳдан қўрқишмайди ҳам. Гаровга тилла бераман десам, олмаяптиям. Мен у уйдан кетаётганимда гаров пулининг ҳеч қандай қиймати қолмас ёки электр ҳақини тўлаб қўйишим керакмиш. Ҳа, шунақа экан, тиллани олақол. Майли, шу пулидан қутулиб олсам, кейин тилла оладиган бирор бошқа уй қидираман.
- Тополмасангчи?
- Топгунимча қидираман. Ўз принципларимдан воз кечолмайман.
- Ҳамма сендай бўлганда-ку, уй эгалари бунчалик адолатсизлик қилмас эди. “Нима қилай қанча миллион сўмларни шу ерга сарфладим, олаётган кира хаққим ўша сарф-харажатларимни қопламаяпти-ку” – дейишади.
- Йўқ, улар нотўғри фикрлашяпти. Тиккан пуллари фақат кира ҳаққидан келмайди-ку, мулкининг қиймати ҳам йил сайин ошяпти. Бир миллиардлик ер саккиз миллиардга кўтарилади-ю, у бўлса нуқул кира хаққини ҳисоблайди.
- Тўғри айтасан. Мен ҳам биттасига шу гапни айтсам, “сен мулкимнинг ҳисоб-китобини қиляпсанми?” – деди.
Ёқуб имом ўйчан ҳолда:
- Нимадир қилишимиз керак, деди.
Аҳмад ҳам имомга маъноли қараб қўйиб:
- Тўғри айтасан, нимадир қилиш керак, дея жавоб берди-ю, сўнг мавзуни ўзгартириш ниятида “Хўш, ўзингда бошқа нима гаплар?” – деб сўради.
Аҳмад Ёқуб имомни бирор бошқа мавзуда гап очади деб ўйлаган эди. Лекин имомнинг фикру хаёлида биргина ўй эди:
- Ҳаммаси ўша ўша. Кундан кун қизимни йўқотиб боряпман. Лекин қўлимдан ҳеч нарса келмаяпти.
- Тавба, Фотима динидан воз кечдимикана?
- Йўқ, дўстим. Қизим динсиз эмас, лекин у динини севмайди. Аллоҳга ҳам, Қуръонга ҳам ишонади. Лекин унга гўзал кўринаётган дунёнинг ҳақиқий юзини кўрмагани учун диний ҳукмларни ёқтирмайди. Динсиз бўлишни истамайди-ю, барибир ўзини динсиз ҳаётга отади. Нотўғри таълим бердик, дўстим. Хато қилдик. Дин ўргатяпмиз деб, савоб ёки гуноҳлардан сўз очдик. Макруҳ мубоҳларни эса четлаб ўтдик. Оқ ёки қорани ўргатдик, қолган рангларни беркитдик. Болани ҳар тарафдан сиқдик. Кулса ҳам, йиғласа ҳам айбдор санадик. Бошқалар эса Аллоҳнинг динига зид равишда унга рангин дунёни кўрсатди.
Бир муддат нима дейишини билмай, сўнгра яна давом этди:
- Нималарнидир хато тушунтирдик, хато қилдик. Ўзгалар болаларининг дарди билан ёнибману, ўз боламни унутибман. У ҳам энди ўшалардан фойдаланяпти.
- Нега айбни доим ўзингга тўнкайсан? Нима ҳамма айб сендами? Қизинг айбсизми? Ўзингни бунчалик қийнама. “Ўзгалар ҳаққини ейиш ҳақсизлик-да, ўз ҳаққига хиёнат адолатсизлик эмасми? Инсон ўз қадрини ҳам билиши керак” – деган сен эмасмидинг? Қизинг сендай отанинг қадрига етмай, ўзидан кетяпти.
- Мен ахир уни айбсиз демадим-ку. Шундай йўл топишим керакки, у ҳам мен ҳам хатоимизни тушуниб етайлик.
- Лекин, Нуҳ алайҳиссаломнинг ҳам фарзанди динсиз эди. У нима отасининг хатоси сабабли динсиз бўлибдими? Йўқ, баъзи фарзандлар катталарнинг хатосини қурол қилиб олиб имонсизлик қилишяпти. Сен ўзингни бунчалик азоблама.
- Гапларинг тўғри, лекин менинг қизим динсиз эмас. Динсиз бўлишни хоҳламайди ҳам. Боламнинг дарди бошқа дедим-ку. Муҳит ҳам боламга анча таъсирини кўрсатди. Мен ҳам Исломни борича сингдира олмадим, шекилли. Нимадир бўлди-да... Аллоҳ ёрдамчинг бўлсин, Аҳмад. Бошқа нима ҳам дея олардим.
- Хафа бўлма-ку. Жуда сергапсан-да. Ўрнингда бўлганимда шунақанги додини бериб калтаклар эдим-ки, ўзини касалхонада кўрар эди. Йўқол, қаерга борсанг, бор. Мени шарманда қилишга нима хаққинг бор, дердим.
Ёқуб имом кўзлари тўла ёш билан жавоб берди:
- Сен осон йўлни танлаган бўлсанг, мен нима қилай? Нима қилаётган бўлсам ҳам, болам мени шарманда қилгани учун эмас, уни тўғри йўлга солиш учун ҳаракат қиляпман. Сен ўз орингни ўйлаяпсан. Мен бориб динимни бошидан ўрганаману, қаерида хато қилганимни топаман.
Чуқур нафас олди-ю, йиғламсираган оҳангда гапини давом эттирди:
- Албатта унгача боламдан асар қолса ва мен ҳаёт бўлсам...
davomi bor
|
| |
|
|
| DURDON | Date: Dushanba, 12/06/25, 3:18:37 PM | Message # 65 |
 SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status: 
| Имомнинг манекен қизи (5-qism)
Ярим тун бўлганига қарамай Фотимадан ҳамон дарак йўқ эди. Гул хоним бу ҳолдан қаттиқ ранжиган бўлишига қарамай, эрининг паришон ҳолини кўриб унга ҳеч нарса демади.
Ўша туни қўрқинчли туш кўриб бақириб уйғониб кетган Ёқуб имом, ўзини масжид боғига урди. Саловат айтиб дуо қилгач, Аллоҳдан таскин сўраб, яна ичкарига кирди. Бўлди, қизини уйғотишдан бошқа илож қолмаган эди. “Қандай йўлга кириб қолгансанки, сени кечалари қоп-қоронғу қудуқ ичида туш кўраман. Менга айт, болам. Иккаламиз чора топайлик. Истасанг, дўстинг бўлай”, - дерди. Ўрнидан туриб қизининг эшигини тақиллатди. Ҳеч қандай жавоб бўлмагач, янаям қаттиқроқ тақиллата бошлади. Қаттиқроқ қаттиқроқ... Эшик синиб кетай деса ҳам, қизидан садо йўқ эди. Шовқин-сурондан уйғониб кетган Гул хоним жуда қўрқиб кетди.
- Эшикни синдириб юборасиз, бекорга овора бўлманг. Фотима кеча уйга келмади.
Ёқуб имомнинг мияси музлаб қолгандай бўлди.
- Бу нима деганинг?
Гул хоним ерга қараганча:
- Қизингиз уйга келгани йўқ деганим, - дея жавоб берди.
- Унда нега менга айтмадинг?
- Айтганим билан нима қилардингиз? Бекорга кечаси билан юриб чиқар эдингиз. Ҳеч бўлмаса, ухлаб олдингиз. Сизни ўйлаб айтмадим, азизим. Бу қиз сизни адойи тамом қилади.
- Ниятинг яхши бўлгани учун сени кечирдим. Аслида кечириладиган хато эмас бу.
Ёқуб имом уй ичида у ёқдан бу ёққа бориб келар, “Боламни йўқотяпман, кун сайин биздан узоқлашяпти. Эртага дарров унинг иш жойига борамиз. Сен биласан-ку, қаерда ишлашини.” – дерди.
Тезроқ тонг отиб, соат саккиз бўлишини кутишар эди. Ёқуб имом эса ҳеч қаерга сиғмаётган, Гул хоним ҳам тинмай кўз ёш тўкар эди. Ниҳоят кутилган соат келгач, Гул хоним етти ой аввал қизини ташлаб келган фабрикани кўрсатиб деди:
- Шу ер, биринчи қават.
- Эй Аллоҳ. Қанчалик катта хатога йўл қўйдим-а? Нега шу пайтгача қизимнинг иш жойини келиб текширмадим? Эркакларнинг кириши мумкин эмас эмиш. Шунақасиям бўлар эканми? Эй, нодон ақлим, - дея нола қилди Ёқуб имом.
Эшик қўнғироғи босилганида жуда очиқ-сочиқ кийинган аёл эшикни очди:
- Хизмат?!
Ёқуб имом ҳайрон бўлганча қизини сўради. Аёл эса эслай олмади. “Фотима исимли ишчимиз йўқ”.
Гул хоним:
- Қанақасига? Бўлиши мумкин эмас, ахир мен ўзим қизимни шу ерга олиб келиб қўйганман, - деди ҳайратланиб.
- Кечирасиз, сизни эслай олмадим. Хоҳласангиз ичкарига кириб текшириб кўринглар.
Эри-хотин ичкарига кириб қизларини қидириб кўришди, аммо топа олишмади. Кейин рўйхатдан ўтганларни кўздан кечирдилар. Топишди-ю, лекин Фотима у ердан аллақачон бўшаб кетган эди. Ёқуб имом ўзини зўрға тутар экан, сўради:
- Бу ернинг хўжайини билан учрашсам бўладими?
- Менман, деди ҳалиги аёл.
Ёқуб имомнинг ҳайрати янаям ортди:
- Нимааа? Сизмисиз? Етти ой олдин ишга қабул қилган ҳам ўзингизмидингиз?
- Ҳааа. Кечирасиз, бунинг бирор ғайритабиий жиҳати борми, тушуна олмадим.
Ёқуб имом аёлининг юзига қаради. Гул хоним уят ва шармандаликдан ерга қаради.
Ёқуб имом яна ўша аёлга қараб:
- Сиз хожимисиз? – деб сўради.
Аёл хохолаб кулганча:
- Менинг хожига ўхшаш тарафим борми? – деди.
Ёқуб имом ўзини кўчага отди. Ўшанда рафиқасининг ёлғон гапирганини тушунди. Ундан бундай мудхиш хиёнатни асло кутмаган эди.
Маҳаллаларигача йўл бўйи гаплашмай яёв юриб келишди.
Бирдан Ёқуб имомнинг хаёлига Бетуш хола келди. Чиқмаган жондан умид деб, эшигини қоқди. Эшик қўнғироғини чалаётганда оддий ҳаёт қоидаларини ҳам унутганидан қўнғироқни тез-тез босар эди. Аслида бир марта эшик қоқилгандан кейин бир муддат кутилиши лозим эди. Балки уй эгаси намоз ўқиётгандир. Сўнгра эшик яна қоқилиши керак, жавоб бўлмаса яна бироз кутилиб, учинчи бор эшик қоқилгандан кейин ортига қайтиши керак эди. Қуръонда шундай дейилганди. Ўзига келганида бир муддат жим туриб қолди, бироз кутди.
Ичкаридан уйқусираган овозда бир одам:
- Ким у эрталабдан? – дея сўрагани эшитилди.
Эшик очилганида Ёқуб имом қизини кўрди. Бир он нима қилишини, қизини уришни ҳам ёки уни қучоқлаб йиғлашини ҳам билмай қолди. Қайси бири исломийроқ, оталарча бўлар эди? Бутун фикру хаёллари айқаш-уйқаш бўлиб кетди. Бирдан қизи билан нигоҳлари тўқнашди. Ёқуб имомнинг асаблари бўшашди. Ҳеч нарса демай, ҳолсиз бўлиб ерга чўкди. Бироз муддат бошининг айланиши ва ўзига келишини кутгач, кўзлари ёшланганча қизига термулиб:
- Қизим, мендан нима истайсан ўзи? Мени ўлдиришни қасд қилганмисан? Кеча нега уйга келмадинг? Асло бировларникида қолма деганим учун менга жаҳл қилиб шундай қилдингми? Болам, менга душманмисан? Сенга нима қилдимки, менга бундай муносабатда бўляпсан? Мана, гаров пулини ҳам йиғиб қўйдим. Яна нима қилишимни истайсан? Айт болам... айт... Мени суистеъмол қилмаааааа...
|
| |
|
|
| DURDON | Date: Dushanba, 12/06/25, 3:20:35 PM | Message # 66 |
 SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status: 
| Фотиманинг эса баҳоналари тугамас эди.
- Ўлик ювишдан воз кечинг. Мен ўликдан қўрқаман.
Ҳали ҳамон эшик тагида ўтирган Ёқуб имом паришон ҳолида сўради:
- Нега ўликдан қўрқасан, болам. Улар сенга бирор ёмонлик қилмаса? Қайтага тириклардан ёмонлик кут сен, болам. Айт-чи, қайси ўлик сени Аллоҳдан узоқлаштириш учун сўз очди? Қайси ўликнинг сенга зарари тегиши мумкин? Сен ўликдан эмас, тирикдан қўрққин. Ўшанда сенинг гапингга кириб, ўлик ювмайман.
- Унда маҳаллада бирортаси вафот этса, нима қиласиз?
- Сен вафот этсанг, бирор аёлни топаман. Агар мен ўлсам, сен эркак ювувчи топасан. Агар сен истамасанг, бундан кейин ўлик ювмайман.
Фотиманинг бошқа чораси қолмаганидан:
- Хўп... – деди.
Қизи “хўп” деганининг ўзи катта нарса эди. Қайси гапига рози бўлганини ҳам сўрамади. Ҳозирча шу сўзнинг ўзи Ёқуб имомни севинтирди.
- Хўп, яхши. Бу ерда қолганинг учун мен ҳам сени кечирдим, лекин яна бир маротаба шундай қилсанг кечирмайман.
Қизи билан бўлиб ўтган бу келишувдан сўнг, у қизининг иш жойини бориб текширишга қарор қилди. Ўша таксисига минган одами ким бўлди экан? Қизи кечаси қаерда қолди экан?
Кечки пайт уйда у яна қизи билан гаплашиб олди.
- Қизим, болажоним, ўзингни эҳтиёт қил. Шайтоний ҳою ҳавасларга берилма. Инсон олтинга ўхшаган бўлади. Нажосатга тушса ҳам, тозаланса, Аллоҳ наздида тоза ҳисобланади. Лекин инсоннинг олтиндан фарқли яна бир тарафи бор-ки, бир марта ифлосландими, тозаланса ҳам, одамларнинг кўз ўнгида доғли бўлиб қолаверади. Эртага фарзандли бўлганингда, уларнинг олдида виждонинг пок бўлиб оналик қилсанг, турмуш ўртоғингга нисбатан ҳам виждонинг пок бўлса, кўнглинг хотиржам бўлади. Қинғир йўлда юрма. Агар бирор севганинг бўлса, айт, ўшанга узатай. Қалбингда қандай ҳислар бўлса барчасини мен билан ўртоқлаш. Мен сенинг дўстингман, болам. Сенга ёмонликни раво кўрмайман, бироқ менинг меҳримни суистеъмол қилма.
Фотима миқ этмай фақат тинглар эди.
Гул хоним ҳам орада гап қўшиб қўярди-ю, лекин Ёқуб имом аёли билан гаплашмаётган эди.
Эртасига у яна қизининг ортидан борди. Бу сафар ҳам у ўша бекатда тўхтаган, лекин бу гал автобусга ўтирган эди. Ёқуб имом таксида автобуснинг ортидан бориб, қизининг иш жойини билиб олди. Лолали маҳалласида фабрика ательесида ишлаётган эди қизи.
Кираверишда ёзиб қўйилган фабрика телефон рақами ва хўжайинининг исмини ёзиб, ортига қайтди.
Гул хоним эри билан гаплашиш учун турли баҳоналар қидирар эди-ю, аммо имом бунга парво ҳам қилмас эди. Аёли бошқа сабр қилолмади:
- Нега мен билан гаплашмаяпсиз, нимага? Қизингизни ўйлаб сиз сиқиляпсизу, мен сиқилмаяпманми?
Имом унга савол назари билан қараб қўйди.
Гул хоним гапида давом этди:
- Қизингизнинг қилмаган қилиғи қолмади, нега энди уни кечирасизу, мени кечирмайсиз?
- Боламга ишонмагандиму, лекин уни сенга ишониб топширган эдим. Сен эса омонатга хиёнат қилдинг. У ердагилар диндор одамлар экан дединг. Келди кетди мумкин эмас, дединг. Гапингга ишониб бормадим, суриштирмадим. Яхши, иймонли одамлар бўлса, боламга зарари тегмайди, дедим. Хўжайини мусулмон бўлса, ишчиларига ҳам болаларига қарагандай, кўз қулоқ бўлади, деб ўйладим.
- Бу замонда ҳар бир мусулмонга ишонадиган бўлсангиз, янаям кўп адашасиз.
- Мен намозхонлар, исломий шартлар асосида ишлайдиган ер бўлса, қизимни ишонаман. Агар омонатга хиёнат қилса, у дунёда барибир жавобини беради. Лекин у ердагиларнинг мени алдашиниям кераги қолмади. Сенинг ёлғонинг барчасидан ошиб тушди.
- Хато қилиб қўйибмиз, кечирақолинг энди.
- Кечириш? Бунақанги буюк хиёнатни кечириш осон эканми? Аллоҳга дуо қил. Аллоҳ азза ва жалла ўзи қалбимни сенга нисбатан тўғрилаб қўйсин. Бўлмаса бу кетишда сенга бўлган муносабатим ўзгармайди. Эсингда бўлсин, йўлдан озган қизларнинг айбдор ўртоқлари уларнинг эзгу ниятли оналаридир. Қизларининг ҳолатини оталаридан беркитишади, ўзлари ҳам бунга бирор ечим топа олишмайди.
- Худди ўзингиз ечим топгандай...
- Топишга ҳаракат қиляпман. Қўлимдан келган ҳамма нарсани қиляпман. Боламни қутқариш учун ҳамма йўлларни синаб кўряпман, Яна нима қилай? Роббимдан сабр сўраб йўлимда давом этяпман. Сен Бетуш хола деган аёлникига бор... Ким ўзи? Қаерлик? Нима иш қилган? Бироз ўтириб суҳбатлаш, тағин шубҳаланиб қолмасин.
. Мақсади қизининг иш жойига телефон қилиш бўлгани учун аёлини кўчага атайин чиқариб юборган эди. Гул хоним чиқиб кетиши билан телефон рақамларини терди.
- Ало, эшитаман?
Ёқуб имом ҳаяжондан зўрға гапирарди:
- Ассалому алайкум, Демирхон бей билан гаплашсам бўладими?
Кўп ўтмай Демирхон бей гўшакни олди:
- Эшитаман, мен Демирхонман.
- Яхшимисиз Демирхон бей? Мен қизим ҳақида сиз билан гаплашиб олмоқчи эдим.
- Бемалол, лекин қизингиз ким бўлади?
- Фотима... сизда ишлайди.
- Кечирасиз, бизда Фотима исмли ходим ишламайди. Янглишибсиз шекилли.
- Йўқ, янглишганим йўқ. Эрталаб ўз кўзим билан қизимнинг сизнинг иш жойингизга кириб кетаётганини кўрдим.
- Тавба. Бу ерда Фотима исмли ходимим бўлади-ю, мен танимас эканманми?
Сўнгра гўшакни бироз ўзидан узоқлаштириб, котибадан ишчилар рўйхатини сўради.
- Захро, ишчилар рўйхатини бериб юбор.
Кўп ўтмай, дафтар вароқланаётганининг товуши эшитила бошлади. Кейин котибасига мурожаат қилиб, “Бизда Фотима исмли ишчи борми?” – деб сўраб, кейин “Ҳа, топдим. Бор экан” – деди.
- Ало.
- Эшитаман, гапираверинг.
- Ҳа, бизда Фотима исмли қиз бор экан. Фақат исмини Чечак дея ўзгартириб олибди.
- Сизларда нима иш қиляпти у?
- Манекенимиз бўлади. Қизингизнинг нима иш қилишидан хабарингиз йўқми ҳали?
- Нимаа?.. Қанақа манекен?
- Биз улгуржи савдо билан шуғулланадиган фирмамиз. Қизингиз бизда сотиладиган нарсаларни реклама қилади.
|
| |
|
|
| DURDON | Date: Dushanba, 12/06/25, 3:21:57 PM | Message # 67 |
 SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status: 
| davomi...
- Нима? Манекенликни қаердан ўрганибди?
- Курсларга қатнаб ўрганган-да. Биз ҳамманиям ишга олавермаймиз. Ҳужжат асосида ишга олганмиз.
Ёқуб имом титраётган эди:
- Ишонинг, бу гаплардан хабарим йўқ эди, фақат илтимос, қўнғироқ қилганимни қизим билмасин.
- Жаҳлингиз чиқдими? Йўқ, сиз қизингиз билан фахрланишингиз керак. Шундай гўзал қоматли қизингиз бор экан.
Ёқуб имом қизининг қомати ҳақидаги гаплардан жуда ноқулай аҳволга тушди. Шундоғам қулоқлари шанғиллар, гўё бутун дунё унинг бошига тушиб кетаётгандай эди. Гапирадиган ҳолатда эмаслигидан:
- Сизни ҳам безовта қилдим. Вақтингизни ажратганингиз учун раҳмат, - дея гўшакни жойига қўйган эди-ю, эшитган гапларидан ўзига келолмас, қотиб қолган эди. Турган жойида ҳаракатсиз карахт бўлиб қолди. Ҳатто йиғлай ҳам олмаётган, бу сафар жони, қони, руҳи, қалби ва бутун аъзолари ёнаётган эди.
Ўзига келганида аёлининг тепасида турганини пайқади. Ҳеч нарса бўлмагандай, ўзини ташқарига урмоқчи бўлган эди, аёли гапириб қолди:
- Бетуш хола ҳақида суриштирдим. Илгарилари аёлларни сотиш билан шуғулланган номуссиз аёл экан. Уялмай энди тавба қилганман, дейди. Аммо ҳечам тавба қилганга ўхшамайди. Ким билади, қизимизга нималарни уқтирган экан? Вақтлироқ у аёл ҳақида суриштирсак бўлар экан.
Ёқуб имом ҳеч нарса демади.
Кеч бўлиб, Фотима билан Усома уйга вақтли келишди. Усома-ку уйга ҳар доим вақтли келар эди. Бутун борлиғи билан дарсига шўнғиб кетган Усома бирданига ёдига тушиб қолган воқеасини гапира кетди.
- Опааа, бугун нима бўлганини биласизми? Газетада бир расм кўрдим. Унда сурати босилган бир қиз худди худди сизга ўхшайди. Шунақанги ёмон бўлиб кетдим-ки, дарров газетани сотиб олдим. Қарасам, Чечак исмли манекен экан. Сал қолса хушимдан кетар эдим.
Фотима эса доимгидай сукут сақлар эди.
Ёқуб имом гапга қўшилди:
- Нима кийиб олган экан ўша манекен?
- Мини юбка кийиб олган эди. Шунақанги опамга ўхшаб кетар эканки...
- Опанг унақа иш қилмайди-ку. Қандай қилиб ундан шубҳаланишинг мумкин, ўғлим?
Шу пайт Ёқуб имомнинг ақлига яна қизига дарс бериб қўйиш келди:
- Опанг ақлли қиз. Аллоҳ берган вужудини ҳаммага кўз-кўз қилмайди. Шайтон йўлдан уриб, шундай қилган тақдирда ҳам, дарров тавба қилган бўлар эди. Ҳа, илгари сочининг бир толасини ҳам кўрсатмаган фарзандларимизни, энди мода деб ечинтиришди. Чўмилиш кийимлари деб қизларимизни эркакларнинг кўз ўнгига яланғоч қилиб чиқаришди. Чўмилиш кийими дейилса, худди яланғочлик ҳисобланмайди. Ё Раббим. Ҳалқимизнинг кўзи бу ҳаромларга шунчалик ўрганиб қолдики, энди бу оддий ҳолга айланди.
Усома саволини ичида тутиб тура олмади:
- Қизингиз бўлганида уни ўлдирар эдингиз, тўғрими?
Ёқуб имом қизини ўйлаб сўнгра жавоб берди:
- Йўқ, ўлдирмас эдим. Қизимнинг Аллоҳ ҳузурига ўша ҳолатда чиқишини истамаганим учун, уни тўғри йўлга қайтариш мақсадида қўлимдан келганини қилар эдим.
Эртасига Ёқуб имом яна дўсти Аҳмад билан дартлашар эди.
- Қизимни умуман бой беряпман, дўстим. Бир қора қўл кўринмай уни мендан олиб кетди. Мен эса она жайрон каби узоқдан овчиларга қараб қолдим. Кеча кундуз ухлолмайман. Нима қилишимни билмайман. Мен таклиф қилаётган ҳаётнинг жозибаси у дунёда, улар таклиф қилаётганники эса бу дунёда. Булар ёшларни йўлдан оздиряпти. Бу динсиз оқим бизни пичоқсиз сўйяпти. Оилалар ич-ичидан емириляпти, лекин одамлар буни тушуниб етаётганлари йўқ.
- Ҳалиям қизингнинг ақлини киритиб қўймадингми?
Масжид ташқарисидаги стулда ўтирар экан, узоқларга тикилиб қолди:
- Қизимнинг ич дунёсини забт этолмаганимдан кейин нима фойдаси бор? Хато қилдим, дўстим, хато қилдим. Мен қизимга гул тутдим, аммо қоп-қора идишда. Улар эса заҳарни чиройли идишда тутишди. Болаларимиз ўша гўзал ва ширин кўринган нарсанинг туб тубидан захар сизиб чиқишини билмайдилар ҳам.
Аҳмад имомнинг бу гапларидан аччиқланган эди.
- Сендан жуда жаҳлим чиқяпти. Ўзингни бунчалик айбдор қилма. Нечоғлик намунали ота эканлигингни ўз кўзим билан кўрдим. Динсизлик қизингнинг ич-ичидан, руҳидан чиқяпти. Ўзингни қийнашни бас қил энди.
- Ҳаммаси сен билгандай эмас, дўстим.
- Хўш, айт-чи? Сенинг хатоинг, гуноҳинг нимада эди?
- Ҳамма айбимни яхши билмайман. Билганларим эса Аллоҳ изн берган нарсаларга мен изн бермадим. Ҳеч эсимдан чиқмайди. Ўшанда Фотима 9-10 ёшларда эди. Лунапаркдан ўтаётган эдик. “Мен ҳам минай” – деб қизим роса ёлворди. Рухсат бермадим. Тинмай анча йиғлади. Боламнинг кўз, бурунлари йиғлайвериб ишиб кетди, аммо мен барибир рухсат бермадим. Нега рухсат бермадим, дўстим нимага?
- Нега экан?
- Қиш эди, бир куни қор тўпи ясаб, ҳеч ким кўрмасин деб, чўнтагимга солиб қўйдим. Уни чўнтагимга солишга мажбур қилган нима бўлса, ўшанда қизимни арғимчоқда учишига рухсат бердирмаган ҳам ўша. Бундан бошқа хатоларим ҳам бўлди, лекин уларнинг нима эканликларини билмадим. Айтдим-ку, исломни қайтадан ўрганмоқчиман деб. Кеча Фотимага ҳам айтдим: “Менинг хатоларимни деб исломдан воз кечма. Кейин динсиз ёки Аллоҳ қабул қилмайдиган динга кирасану абадий азобда қоласан. Аллоҳ қолган динларни қабул қилмайди. Бошқа динларнинг пайти ўтди. Аслида Қуръонга ишонган одам, ўтган ҳамма динларни қабул қилган ҳисобланади”. У эса фақат тинглади. Ҳар доимгидек. “Мен динсиз бўлишни, динсиз ўлишни хоҳламайман-ку” – деди. Бечора болам, динсизлардай яшаб, мусулмон бўлиб ўлишни истайди.
|
| |
|
|
| DURDON | Date: Dushanba, 12/06/25, 3:24:01 PM | Message # 68 |
 SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status: 
| DAVOMI..
- Ана кўрдингми? Ахир сен буларнинг барчасини тушунтиргансан-ку. Тушунтиргансан, лекин у тушунгиси келмаяпти.
- Бир марта биласанми, унинг жонига ҳам тегиб кетган эдим. Нима десам ҳам эшитгиси келмай: “Биламан, дада. Буни минг марта айтгансиз” – дерди. Ишонаман, орадан ўн йил ўтса ҳам, қизим менинг гапларимга қулоқ солади.
Фотима уйга яна вақт алламаҳал бўлганда кириб келди. Келган захоти хонасига кириб олган, ҳеч ким билан гаплашмай ётган эди. Отаси эса унинг ҳар бир ҳаракатини кузатар эди. Фотима кечаси уйғониб, кўнгли айниб роса қайд қилди. Қизига нима бўлди экан? Эрталаб қизининг уйғонмаганини кўрган имом қизининг хонасини тақиллатиб кириб, уни ҳушидан кетган ҳолда кўрди, баъзан эса инграб қўярди. Кўтариб шифокорга олиб бориш фикрига келди-ю, аммо тўсатдан қизининг кундалик дафтарини ўқиб кўриш нияти туғилди. Бу сафар иш анча ваҳимали тус олган эди. Берухсат дафтарни ўқиш ҳақида ўйлаб ўтирмади. Чунки қизи зарур пайтларда баъзи қоидаларни четлаб ўтиш жоиз эканлигини билар эди. Дафтарни қидириб топди. Дарров охирги саҳифани очди. Ёқуб имом ўқиган сарлавҳа уни даҳшатга тушириб қўйган эди.
Бугун “оқ” билан танишдим.
Ёқуб имом ўқишда давом этди.
Бугун Нуртеннинг берган оқ дорисидан тортиб кўрдим. Кўнглим айтиб кетди. Ўрганиб қолармишман. Ўртоқларим менинг бу ҳолимга кулишар эди-ю, аммо мен ўз аҳволимга йиғлар эдим.
Дарров ён-атрофни тита бошлади... Сумка, шкафларни қараб чиққач, паласнинг тагини очиб қаради. Ҳа, у ерда бир пакетчада наркотик модда бор эди. Шунда у зарб билан юзига урди. Туш эмас экан.
Буниси ҳаммасидан ошиб тушган эди. Хонанинг ичида худди телбалардай айлана бошлади. Ўкириб ўкириб йиғлагиси келарди. Хонасига кирди. У ерда аёли бор эди. Қаерда йиғласа экан? Қаерга борса ҳам, уни аёли эшитиб қолиши мумкин эди. Дарров масжид томон югурди. У ерда икки мўйсафид нафл намози ўқишаётган эдилар. Бир муддат уларга қараб қолди... Кейин... кейин эса масжид минораси зиналарига тирманиб чиқа бошлади. Айланиб юқори кўтарилган зиналарнинг адоғи йўқдай эди. Баъзида минора тешикларидан ташқарига қараб, қаерига келганини билишга интилар эди. Ниҳоят ярмига келди.
Бир зинага ўтириб ўкириб ўкириб, бақириб йиғлай бошлади.
- Аллоҳим!.. Аллоҳим бошқа чидай олмайман. Менга сабр бер Аллоҳим...Боламни бой бериб қўйдим. Уни менга қайтариб бер, Роббим.
Бир неча дақиқа ўша ҳолда ўтиргач, юз-кўзини артиб уйга қайтди. Қизи билан гаплашиб олиши керак эди. Уни дарров иш жойидан бўшатиб олиши, нимадир қилиши керак.
Уйга келганида аёли уни кўриб, йиғлаганини дарров пайқади ва нима бўлганини сўрай бошлади.
- Нима бўлди, тинчликми?
Ёқуб имом ҳалиям аёли билан гаплашмаётган эди. Саволга жавоб бермай хонасига кириб кетди. Эски стол қаршисига ўтириб, қизини кута бошлади. Орадан соатлар ўтса ҳам, қизидан хабар йўқ эди. Гул хоним бир нарсалар олиш баҳонасида хонага кириб чиқаверди. Нима қилса ҳам эри унга аҳамият бермас, бу ҳолат эса уни пичоқсиз сўярди.
Кейинги сафар кирганида қўлларини белига тираб:
- Нима сиз доим шу аҳволда юрмоқчимисиз? – деб сўради.
Саволига жавоб бўлмади.
- Айтинг, ҳаётимиз шундай давом этаверадими? Бандамиз-ку, хатоимиз бўлади-да. Бошқаларни жуда яхши тушунасизу, нега менга келганда бундай қиляпсиз? Шундоғам қизим истималаб мени ёндиряпти. Бу тарафдан эса сиз.
Ёқуб имом аёлининг охирги гапига ҳайрон қолди. “Бўлган воқеалардан унинг ҳам хабари бормикина?” Ундан гап олиш ниятида:
- Тинчликми? Қизимизга нима бўлдики, сени ёндиради? – дея сўради.
- Ана қаранг. Болам касал бўлиб қолибди. Ҳечам бундай қилмас эди. Ишга ҳам бора олмади бугун. Сиз бўлса мен билан гаплашмаймиз . Бу уйда агар Усома ҳам бўлмаганда портлаб кетар эдим. Сиздан кечирим сўрайман. Мен ёмонлик қилиш мақсадида қилмаган эдим ўшанда. Ўшанда ҳақиқатни айтганим билан нима бўлар эди? Қизингиз аллақачон қарорини қабул қилиб бўлган эди. Сизни хафа қилмаслик учун айтмаган эдим. Бўлди энди. Мен билан гаплаша қолинг.
Ёқуб имом неча кунлардан бери илк маротаба аёлига нигоҳ ташлади:
- Ниятингдан шубҳам йўқ-ку, лекин қилган хатоинг бизга жуда қимматга тушади. Менга ёлғон гапирмаганингда эди, ўзим унга яхши бир жойдан иш топиб берар эдим. Тўғри, ёмонликни истаган ҳар қаерда ҳам ўз билганини қилади-ю, лекин шундай бўлса ҳам уни ҳар куни ишдан ўзим олиб келар эдим.
Рўпарасида эски стулга ўтирган Гул хоним чуқур хўрсиниб:
- Ниятимни билдингиз, энди мен билан гаплашақолинг, деди.
- Мен-ку гаплашавераман, лекин сен билан қалбим, руҳим гаплашмаяпти. Кўнглим жуда оғриди. Ҳозирча менга тегинма, вақт ўтсин. Балки ўзимга келиб қоларман. Аллоҳдан сўраб, дуо қил. Қалблар унинг қўлидадир. У хоҳласа тузалади, хоҳламаса ҳеч нарса қилолмаймиз.
Шу пайт улар Фотиманинг эшикка суяниб турганини кўриб қолишди. Қўлини эшикка тираб сўради:
- Яна мени деб уришяпсизларми? Бу уйдаги жанжаллар хиқилдоғимга келиб кетди.
|
| |
|
|
| DURDON | Date: Dushanba, 12/06/25, 3:26:39 PM | Message # 69 |
 SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status: 
| DAVOMI..
Ёқуб имом таажжубланиб:
- Қизим, қачон уришдик? – деб сўради.
Гул хоним ҳам:
- Бу гапни қаердан олдинг, қизим. Шунчаки, сал тортишиб қолдик холос. У ҳам сен сабабли.
Ёқуб имом дарров гапга аралашди:
- Бу нима деганинг, қизимиз нима қилибди-ки, уни деб гап талашсак?
Унинг нигоҳидан “эҳтиёт бўлиб гапир” деган маъно уқилар эди.
- Болам, кел вақтинг борлигида уй масаласини ҳал қилайлик. Бугун уй қидирайлик. Уни сен хоҳлагандай жиҳозлаймиз.
- Мени ишдан бўшатиб олмоқчимисиз?
Ёқуб имом сал ўйланиб қолди. “Ҳа” –деса, бу сафар қизи бутунлай қўлдан кетиши мумкин, уни секин-аста инсофга келтириши керак эди.
- Ўзинг биласан, қизим. Аввал бироз муддат уйда ўтирасан, зериксанг, бирор иш топамиз.
- Ўйлаб кўришим керак, ундан кейин иш жойимга ҳам бир ой олдин хабар беришим лозим.
Гул хоним бу сафар жуда қаттиқ ғазабланди:
- Сен қанақа оҳангда гаплашяпсан? Қаршингдаги кимлигини унутиб қўйдинг шекилли. Кундан кун ҳаддингдан ошяпсан, отангни жинни қиласан-ку.
- Мен унга жинни бўл дебманми?
- Сенга ўхшаганларнинг ўзи одамни жинни қилгани етади. Ҳа, сенинг айбинг йўқ. Айб сени эркалатган отангда.
Ёқуб имом бу гаплардан безовта бўла бошлади:
- Қизимнинг кўнглини оғритма, болам ҳаддидан ошмайди. Ошса ҳам дарров ўзини қўлга олади. Уни қааанча Қуръон курсларига юборганман. Ўқиди, ўрганди...
- Ҳа, Аллоҳнинг динига кўра эмас, фалон домланинг истагига кўра ўқитиладиган курсга. Домланинг яхши кўрган талабаси яхши, ёқтирмагани эса нуқул ёмон бўлиб чиқадиган курслар. Домлага ялиниб ялтоғланиб бизни ёмон кўрмасин дея унга қул бўлар эдик. Аллоҳдан бошқа ҳаммага қул бўлдик. Домладан тортиб уни болаларигача ҳамма ҳаммадан қўрқар эдик. Мажбуран қилдирилган ибодатлар... Битта хато қилсак, минг киши эшитиб, ҳисоб сўрайди. Худди биз ҳеч хато қилмайдиган қилиб яратилгандай. Ўша ўқишда жонимдан тўйиб кетардим, тўйиб. Биров айб қилса ҳам жазо олиш навбати менга келган бўлса калтакни мен ер эдим. Бировларнинг истагига кўра яшар эдик.
Фотима энди йиғлай бошлади:
- Ўша курсларда Аллоҳ ва унинг расули йўқдай. Қайси мавзуда кимдан қандай ҳукм келишини кутиб, қўрқиб ўтирар эдик. Энди эса сиз курсларда ўқитганман, деб мақтаняпсиз. У ерда билим олишга бўлган меҳримни ўлдиришди. Ўзимни ҳам...
Ёқуб имом ғамгин ҳолда сўради:
- Майли, илк борган жойинг шунақа эди. Кейингисидан нега кетдинг? У ер яхши эди шекилли?
- Қайси бирини айтяпсиз, эслолмадим?
- Захро билан борганларингчи...
- Ўшанда мен кетмаганман. Ўзлари ҳайдашган ...
- Нега ҳайдашади? Яхши талабани нега ҳайдашар экан?
- Кўп савол берармишман. Мени кимдир айғоқчи қилиб юборган эмиш.
- Ундан кейинги борган жойларинг-чи? Жуда намунали ўқишларни топиб берган эдим. Уларга ҳам бормадинг.
- Албатта бормайман-да. Ўзлигимни йўқотиб бўлган эдим. Бир одам айтганидай “фикрлаяпманки, демак борман”. Фикрлаяпманки, савол сўрайман. Савол сўрагандан қўрқишлари керак эмас эди.
- Энди-чи, ўзингга келиб қолдингми?
Фотима бир муддат нима деб жавоб беришини билмай қолди. Гул хоним қизининг бу қилиқларига ортиқ индамай тура олмади:
- Диндан чиқмоқчи бўлган Фиръавн, “Ҳақдан келган китобни ёқтирмадим”, деб баҳона қилган экан. Ёмон курсларга дуч келган бўлсанг, исломга жаҳл қилиш керакмиди? Ўзи, калтак егинг келиб қолган. Биз ҳам қийналиб ўқиганмиз. Солдатлар келиб қолади, деб қўрққанимиз етмагандай, синф раҳбаримиз ва қишлоқ катталари сотиб қўймасин дея, муздай уйларда ўқир эдик. Лекин бошимизда отамиз бор эди. Шунга жасорат қилолмас эдик. Сенинг бошингда номи ота деган зот бор, лекин оталикдан асар йўқ. Албатта шундай қиласан-да.
- Ойии...
- Ойи пойинг йўқ. Мен отангмасман. Қўлимга тушсанг, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қутқара олмайди.
Фотима ҳам яхшигина қайсарлашди:
- Йўғ-е. Аслида эски Фотимадан асар йўқ.
Ёқуб имом титраган оҳангда сўради:
- Нега ундай дейсан? Илгариги Фотимам қани, қизим?
Фотима жавоб бермас, бир нуқтага тикилиб қолган эди.
Гул хоним қизининг таъзирини бериб қўйиш учун ўрнидан турган ҳам эдики, Ёқуб имом уни куч билан тўхтатиб қолди:
- Асло, асло қизимни ура кўрма. Қўй, ичидаги дардини айтсин. Бизга айтмаса, кимга айтади?
- Бу қиз ичидаги дардини айтаётгани йўқ, ақлингизни йиғиб олинг. У бизга исён қиляпти. Курслар ёмон бўлганидан бормаганмиш. Унда муштипар онанинг курсидан нега кетди? У ерда ҳаммаси рисоладагидай эмасмиди? Дарслар доим ўз вақтида бўлар, баҳс-мунозаралар ўтказиларди. Талабалар хоҳлаганини сўрашар, ҳафтада бир марта дунёвий журнал, китоблар ўқишга рухсат беришар, Ислом ҳеч қандай уйдирмаларсиз ўргатилар эди-ку. Ўқитувчилари ҳам жуда ақлли, зуко эди. У ерда ҳатто мен ҳам ўқишни истар эдим. Қизингиз бўлса, у ердан ҳам кетди.
- Тўғри у курслар менга ёқарди, лекин дарсларни яхши бера олишмади.
- Кетмасдан сабр қилсанг нима бўлар эди? Ҳа бошида шунақа бўлиб туради-да. Сал сабр қилиш керак эди. Сен бўлсанг, ўқишдан келиб деворларга манекенларнинг суратини илиб, уларга махлиё бўлиб ўтирар эдинг. Хаёлинг артису, манекенларда эди.
Ёқуб имом бу гаплардан умуман хабари бўлмаган эди
- Нимаа? Деворларга манекенларни расмини ёпиштирарди? Нега мен билмаганман?
Гул хоним эри томонга жаҳл билан ўгирилиб деди:
- Сиз қизингиздан хабар олиб турармидингиз? Назарингизда қизингиз фаришта эди. Хўп майли. Бу мавзуни бас қилайлик-да, сизлар бориб уй қидиринглар. Қара, даданг сени деб, ижарага уй қидиряпти. Ҳалиям унинг қадрини билмайсан. Виждонинг борми, ўзи?
Ёқуб имом аёлига ғамгин назар ила боқди. “Бечора, қизининг қилиб юрган ишларидан хабар топса, юраги тўхтаб қолса керак”, - деб ўйлади. Ўзининг бу ишларга қандай тоқат қилиб юрганига ҳайрон қолар ва ўзига сабр сўрар эди.
|
| |
|
|
| DURDON | Date: Dushanba, 12/06/25, 3:31:43 PM | Message # 70 |
 SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status: 
| DAVOMI...
- Аслида, ўзини айблай олмаганлар бировлардан айб қидиради. Шунча пайт курсларга қатнади, сиз шунча йил тарбия бердингиз. Фотима ошхона тарафга йўл олар экан, - Лекин бир тийинлик фойдаси бўлгани йўқ, - деб гапида давом этди Гул хоним.
Ёқуб имом қизига эшитиларли қилиб:
- Янглишяпсан, хотин. Заррача иймони бўлганларга олган билимлари бир кун келиб албатта асқотади. Билим олтинга тенгдир. Вақт ўтса ҳам қиймати тушмайди, - дерди-ю, лекин ич-ичидан йиғлар эди. Сўнгра қизига:
- Бўлақол қизим, юр уй қарашга борайлик, - деди.
- Бугун бора олмайман. Олдин ишдан рухсат олай, бошқа куни борамиз. Бугун кеч бўлса ҳам боришим керак, деди.
Фотима тайёргарлигини кўриб уйдан чиқиб кетаётганида Ёқуб имом унинг ортидан руҳи ёнган ҳолда қараб қолди.
Кейинроқ Ёқуб имом азон ўқиди ва жамоат бўлиб намоз ўқишди. Намоздан сўнг имом жамоасига юзланиб:
- Биродарларим, агар рухсат берсангиз, бугун сизлар билан бироз суҳбат қурсак.
Жамоа аъзолари бу таклифни эшитиб, севиниб кетишди.
Ёқуб имом ичидаги алангаланган олов унинг ташидан ҳам сезилар эди. Одамлар орасида дўсти Аҳмад ҳам бор эди. Баъзан кўзлари тўқнаш келганда, кўзларини олиб қочар эди. Бисмилло деб сўз бошлади:
- Муҳтарам биродарлар, бугун сизлар билан бола тарбияси ҳақида гаплашмоқчиман. Бу мавзу кундан кун долзарб масалага айланмоқда. Сал кеч қолдик, лекин ҳеч бўлмагандан кўра... Менинг ҳам ақлим энди кирди. Мен фарзандларимизни тарбиялаётганимизда исломий қонун-қоидаларга асосланмаганимизга ишониб бормоқдаман. Турли янглиш чекловлар билан болаларимизнинг дунёларини остин-устун қилдик. Тўп ўйнама, Ҳазрати Ҳусайннинг боши дедик, қўғирчоқ ўйнама, кейин унга жон ато қилишинг керак бўлади, деб хар ҳил уйдурма гапларни гапирдик.
Болаларимизга исломни севдириб эмас, қўрқитиб ўргатдик. Динсизликка нисбатан болаларимизда нафрат уйғотмадик. Улар эса нафратларини ота-оналарига ёки бир-бирларига нисбатан ишлатишди. Кеча бир ёзувчи дўстим янги нашрга тайёрлаган китобини кўз югуртириб чиқишим учун берди. Бечора, у мени ҳамма нарсани билади, деб ўйлайди. Бу китобнинг нашр этилганини эшитишингиз билан уни олиб ўқинглар. Ёзувчининг фикрларига диққат қилинг, бир бўлимини ўқиб бераман.
“Севишнинг ҳам нафратланишнинг ҳам ўз қоидалари бор. Душманларимиз ҳам бу қоидаларни жуда яхши билади ва ўз ўрнида фойдаланишади.
Ёшларимизга кино, театр ва шунга ўхшаш йўллар билан таъсир кўрсатишяпти. Баъзида биргина карикатура ҳам уларнинг дунёқарашини ўзгартиришга етиб ортяпти.
Сабаб?
Сабаби ғоятда аниқ. Биз болаларимизга душманларимиз ва уларнинг ҳийлаларини умуман ўргатмадик. Уларга таҳорат, намоз, Қуръонни ўргатиш етмайди. Бироқ биз етади, деб ўйладик.”
Ёқуб имом кўз ёшларини тута олмади:
“Қайси ота ўз фарзанди билан сайр қилгани чиқади? Қайси ота-она жигарбандини суйиб, эркалаб намоз ўқишни ўргатяпти? Қайси ота-она фарзандлари билан дўст тутинган? Бу хислатлар жуда камчилигимизда мавжуд. Қоп-қора тахтада оқ нуқталар тахтани оқартира олмайди-ку”.
Кўзёшлар имомнинг яноқлари-ю, бурнидан оқар эди... Бошини кўтариб жамоага назар ташлади.
- Биродарлар, мен бу ёзилганларни бажара олмадим. Чиройли муомала етади, деб ўйлар эдим, етмас экан. Келинг ҳаммамиз бир бўлиб бу хатоларимизни тўғрилайлик. Ичингизда бирортангиз шу сифатларга эга бўлсангиз, айтинг, дуоингизни олайлик, қўлингизни ўпайлик.
Ҳеч кимдан садо чиқмади. Кутилмаганда у Диний қўмита тарафидан юборилган тафтишчига кўзи тушди. Тушунарли... Дарҳол курсидан тушиб, тафтишчининг олдига келди.
- Хуш келибсиз. Ҳойнаҳой мени қидириб келган бўлсангиз керак.
- Ҳа, сизни сўраб келдим.
- Марҳамат, эшитаман.
- Устингиздан шикоят тушган. Масжид ҳовлисини бозорга айлантириб юборибсиз. Шу тўғрими?
- Бир аравачада озгина мева сабзавот сотяпман, лекин бу хизмат вазифамга салбий таъсирини кўрсатгани йўқ.
- Бу ишни Давлатимиз ман қилган. Протокол тузишга мажбурман.
Буниси энди ортиқча, Ёқуб имомнинг дармони қолмаган эди.
- Неча йилдирки сургунликда азоб чекдим. Бола чақам ҳам мен билан бирга қийналишди. Агар яна сургунлик ҳақида фармон келса, кўтара олмайман. Шундоқ ҳам дардим тоғлардан ошиб кетган.
- Ким шикоят қилибди? – гапга аралашди Аҳмад.
- Жамоатдагилардан...
Ёқуб имом жамоатга бир назар ташлаб олгач деди:
- Йўқ, жамоадагилар бундай қилишлари мумкин эмас, ахир мен уларга умримни сарфлаганман. Илтимос протокол (баённома) ёзманг, ёлвораман.
- Давлатнинг ҳам ўзига яраша қонуни бор.
- Унда давлат маошимизни кўтариб қўйсин. Етмаяпти ахир. Олган пулимиз еб-ичишдан ортмайди. Илгари бир шаҳарда яшасак ҳам, ота-онамни кўргани бора олмас эдим. Энди эса кун ора хабар олиб келаман. Сал кўкрагимга шамол тегди десам, бу хайфсан иши. Ёлвораман, шундоғам дардим кўп.
Тафтишчи ўйланиб турар экан, жамоат ўрнидан турди:
- Йўқ, биз имомимиздан жуда мамнунмиз. Орамиздан ундай одам чиқиши мумкин эмас. Кимлигини айтинг ёки жамоамизни ёмон отлиқ қилманг. Акс ҳолда, устозимиз биздан шубҳаланиб қоладилар.
- Айта олмайман.
Сўнгра тафтишчи имомни ташқарига имлади.
- Бирор ҳолироқ жойда гаплашайлик.
- Марҳамат, уйга чиқайлик.
Ёқуб имом яна зиналардан зўрға кўтарилар эди. Уйга киришгач, тафтишчи ўзига кўрсатилган курсига ўтирди, имомга бошдан оёқ разм солгач деди:
- Майли, протокол тузмайман. Бориб ҳеч қандай шубҳали нарсага кўзим тушмаганини айтаман. Бироқ сиз ҳам у ишингизни йиғиштиринг, келишдикми?
Ёқуб имом қизига берган ваъдасини ўйлади. Буёғига нима қилади? Қизини қандай қилиб тўғри йўлга бошлайди? Лекин мажбуран сўз берди.
Тафтишчи кетгач дарров уйдан чиқди. Телбаларча қадам ташлар, ҳеч нимани ўйламас эди. Бироз вақт ўтгач, Усома ёдига тушди. Дарров бориб уни топгиси келди. Қизини ўйлаб яна ўғли хаёлидан кўтарилибди. Усома ўртоқлари билан ўйнар эди. Аввал бир чеккада ўтириб уларни томоша қилди. Усома отасини кўрган заҳоти югуриб келди.
- Тинчликми дадажон, бирор нима бўлдими?
Ёқуб имом мажолсиз жавоб берди:
- Нима бўларди, ўғлим. Шунчаки олдингга келдим.
Усома ҳайрон бўлганди.
- Яхши-ку лекин нега келдингиз?
- Ота-ўғил бир айланиб келайлик, дедим-да. Юр, Лунапаркка борамиз.
Тавба дадасига нима бўлди экан?
- Хўп дада, юринг.
Ўғли билан бир неча соат сайр қилди. Чиройли суҳбатлар қуришди, Усома қайси арғимчоққа ўтиргиси келса, ўшанга миндирди.
davomi bor...
|
| |
|
|
| Hadicha94 | Date: Seshanba, 12/06/26, 9:57:31 PM | Message # 71 |
|
Yahshi tajribali
Group: Ishonchli
Messages: 233
Status: 
| Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Агар мана шу ҳикоядан шахсан ўзим воқиф бўлмаганимда ва бу собира муслима аёлни ўз кўзим билан кўрган бўлмаганимда, у ҳақида айтилаётган бу сўзларни бўлмаган гап деб ҳисобласам керак эди.. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларидан бўлган бир муслима аёл бизнинг шу йигирманчи асримизда Аллоҳнинг пайғамбари Айюбнинг сабрини амалда кўрсатиб берди.. Пайғамбарларнинг сабридек сабр қила олган инсонни уммати Муҳаммад ичидан бизларга кўрсатиб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!. Бу аёлнинг ҳикояси Мансура марказидаги ўзи туғилиб ўсган кичик бир маҳаллада бошланади.. Ўн саккиз ёшида турмушга чиқади.. Икки йилдан сўнг илк фарзанди дунёга келади. Олтмиш еттинчи йили унга дард ёпишади, қорнида кучли оғриқ ҳис қилади.. Зудлик билан уни Мансуранинг клиник шифохонасига етказадилар. Мутахассис шифокорлар унга ингичка ичакларда тиқилиш ташхисини қўядилар ва шошилинч операция қилиб, ичакнинг бир қисмини олиб ташлашга қарор қиладилар!.. Олти ойдан кейин шифокорлар айни ташхис бўйича ичакнинг яна бир қисмини олиб ташлаш зарур деган хулосага келадилар ва яна операция қиладилар.. Яна олти ойдан кейин ичакнинг яна бир қисмини кесиб олиб ташлаш зарур деган қарорга келадилар.. Бу мартасида шифокорлар аёлнинг ўта хатарли, медицина оламида «T.B» (туберкулёз) деб аталувчи сил касаллигига чалинганини аниқладилар. Шундан сўнг улар бу касалликка жарроҳлик йўли билан аралашишдан тўхталиш ҳамда дори-дармон ва уколлар билан чекланиш қарорига келдилар, аёлнинг ишини Аллоҳга топширдилар.. Аёл сабр қилиб, Аллоҳнинг қазосига таслим бўлиб, оқ чойшаб солинган каравотида ётиб қолади.. Тили Аллоҳнинг зикридан тўхтамас, Аллоҳга сано ва шукр айтишдан бўшамас эди. Кейинроқ касаллик яна-да қаттиқ хуруж қилиб, ингичка ичакларнинг ҳаммасини қоплаб олди! Сўнгра ўнг буйрагига чанг солиб, уни батамом ишдан чиқарди!. Кейин касаллик бачадонига ўтди ва бачадон ҳам унинг домига тушди! Кейин касаллик суякларга ўтди, унинг таъсирида суяклар емирила бошлади!! Суяклар қурт еб юборган хашакка ўхшаб ўта мўрт ҳолга келиб қолди! Кейин навбат кўзига келди ва чап кўзи умуман кўрмай қолди! Қаранг, ҳар сафар шифокордан касалликнинг янги босқичга ўтгани хабарини эшитганида табассум қилиб, осмонга қараб: «Алҳамду лиллаҳ, алҳамду лиллаҳ», дерди!! Улкан сабр тоғига айланган эди гўё!! Олтмиш еттинчи йил тўшакка михланиб қолганича ётарди бечора аёл!! Касалликка чалинганидан олти йил ўтгач, эри ажрашиб кетди, бу орада тўрт ёшга кирган гўдаги вафот этди.. Аллоҳ таолодан ажр умид қилиб, сабр қилди.. Саксон бешинчи йили ҳаж мавсумидан олдинроқ овоз тасмасига ёзилган ҳаж мавзусидаги бир маърузани эшитиб қолади ва жуда қизиқ бир қарорга келади.. Нима қарорга, дейсизми?! Аллоҳнинг Уйини зиёрат ва ҳаж қилишга қарор қилади! Бунисига нима дейсиз?!! Даволовчи врачига ҳажга бормоқчи эканини айтганида у табассум қилди.. «Йўқ, мен шундай қилишга азм қилдим ва Аллоҳга таваккул қилдим», деди аёл.. Шифокорлар унга агар каравотидан жилгудек бўлса, ўша заҳоти ҳаёти хатар остида қолишини айтиб, таҳдид қилишди.. Бироқ, у тўла ишонч билан: «Мен Аллоҳнинг даргоҳига Унинг тоати устида кетишни истайман!», деб жавоб берди.. Ибодат устида Аллоҳга йўлиқишга қарор қилди.. Ўзи эга бўлган ер-мулкини сотди, пулини ҳаж сарф-харажатларига сарфлашга қарор қилди.. Тақволи ва покиза мусулмон шифокори унга далда бериб, қарорини қўллаб-қувватлаб турди, у учун Аллоҳдан ажру савоб сўради. Сафар онлари етиб келди.. Аёлни аэропортга элтувчи машинани олиб келдилар. Шифокорлар озиб-тўзиб, бир тутам бўлиб қолган бу бечоранинг баданига уланган резина ичакларни узишга киришдилар. Бечора аёл, шу резина ичакларсиз яшай олмай қолганди.. Астағфируллоҳ, у оламлар Роббининг амри билангина яшаб турган эди. Биринчи резина ичакни уздилар.. Унинг вазифаси баданга озуқа эритмасини юбориб туриш эди. Чунки, аёл олтмиш еттинчи йилдан бери емак-ичмак мазасидан бебаҳра эди.. Ёлғиз мана шу ичаклар ёрдамида озиқлантириб туриларди.. Иккинчи резина ичак чиқинди ажратиб чиқариш учун эди.. Учинчи резина ичак орқали бу заиф баданга қон қуйиб туриларди.. Тўртинчи резина ичак ингичка ичакдаги сўлакни бурун орқали чиқариб туриш учун эди.. Шифокорлар бирин-кетин резина ичакларни узарканлар, ҳар дақиқада ўлим содир бўлишини кутиб турардилар, аёл эса кўтаринки кайфиятда, тинмай табассум қиларди, ҳаж сафарига отланаётганидан ғоят бахтиёр эди.. Уни машинага, кейин эса самолётга ўтқиздилар.. Олиб юриб, ҳажнинг барча расм-русумларини қилдирдилар, биргина «Бўл!» деган амри билан ҳамма нарсани бўлдиришга қодир Зотнинг мўъжизаси ила ҳаж фарзини тўла адо этди.. Ҳикоя қилиб бераркан, ўзи ҳам ажабланар, фақатгина дорилар ва витаминлар воситасидагина озиқланганини айтарди.. Бутун сафари давомида Ўз Уйини кўришга мушарраф этгани учун Аллоҳга йиғлаб, шукроналар айтади, сўнгра Мадинага бориб, Пайғамбаримиз масжидларини зиёрат қилиш ва у зотга салом беришга мушарраф бўлади. Ҳаж сафаридан қайтиб, яна ўша ўзининг оппоқ чойшаб солинган каравотига келиб ётади. Ўша кезлари у мени ўзининг зиёратига чорлади. Мен ҳозир шу масжидимизда ўтирган бир неча биродарлар ҳамроҳлигида унинг зиёратига отландим.. Аллоҳга қасамки, мен унинг ҳузурига унга Аллоҳни эслатиш ва таскин бериш учун боргандим.. Бироқ, у менга Аллоҳни эслатиб қўйди!!.. Мен унинг олдидан чиқиб келарканман, ўзимнинг нақадар ҳақир эканимни, Аллоҳ учун қилаётган амалим нақадар ҳақирлигини ўйлардим!! Ажойиб аёл.. Тили бир зум ҳам Аллоҳнинг зикридан тўхтамас, тинимсиз Аллоҳга ҳамд айтиб турарди.. Мен сизга унинг ётган хонасини тасвирлаб бераман. Хона парда билан иккига бўлинган. Ярмини масжидга айлантириб олган, ярмида эса каравоти, каравоти ёнига эса дори-дармон сотиб олишга қурби етмайдиган фақир беморларга ёрдам кўрсатишни истаган кишиларнинг эҳсонлари учун бир қути қўйилган.. Унинг ёнида магнитофон ва аудио кассеталар териб қўйилган жавонча қўйилган. Доктор ва ҳамширалар маъруза ёзилган кассеталарни олиб, эшитиб туришаркан. Аёл мана шу ҳолатида туриб, Аллоҳга даъват қилмоқда!! Ана ҳақиқий ҳаёт.. Аллоҳга қасамки, ҳақиқий ҳаёт мана шу!. Ахир қанча-қанча одамлар бор, Аллоҳнинг ўзларига бериб қўйган неъматларига нонкўрлик қилиб юришади.. Бу аёл эса мана шундай беморлик ҳолида ётиб туриб ҳам, бир зум ҳам Аллоҳнинг даъватидан тўхтамаяпти!! Исломий маърузалар ёзилган кассеталар билан Аллоҳга даъват қилмоқда.. Садақалар йиғиш орқали Аллоҳга даъват қилмоқда.. Врачлар ва ҳамширалар ўртасини ислоҳ қилиш билан Аллоҳга даъват қилмоқда.. Беморлар орасини ислоҳ қилиш билан Аллоҳга даъват қилмоқда.. Ҳаётининг ҳаммасини Аллоҳ азза ва жалланинг тоатига бағишлаган.. Тили зокир, дили шокир, аъзои бадани балоларга собир.. Вафотидан тўрт кун илгари мен унинг ҳузурига бордим. Ёнига ўтириб: «Тузукмисиз?», деб сўрадим. «Алҳамду лиллаҳ», деди у. Мен уни мақтаб, илиқ сўзлар айтдим. Шунда у: «Аллоҳга қасамки, мен қўрқаман», деди. «Нега?», деб сўрадим. «Шунча йиллик сабримни Аллоҳ қабул қилмай қолишидан қўрқаман! Сиз ҳаққимга дуо қилинг, Аллоҳ хотимамни чиройли қилсин», деб жавоб берди. «Хурсанд бўлинг, Аллоҳ Ўз карами билан жорий қилган одатига кўра, ким нима ҳолатда яшаса, ўша устида вафот этади, ким нима амал устида вафот этса, ўша нарса устида қайта тирилади», деб тасалли бердим унга. Тўқсон олтинчи йил 10 апрел, чоршанба куни тили Аллоҳнинг зикри билан намланган ҳолда вафот этди.. Аллоҳ Ўз раҳматига олган бўлсин ва Ўзининг жаннатларида бизни ҳам у билан бирга қилсин. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри — устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар! Бизлар ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсаларингиз бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз бордир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот томонидан бўлган зиёфатдир» (Фуссилат: 30-32). Нақадар арзон ҳаёт у агар фақат шаҳватларинг ва нафс истакларинг учунгина яшаган бўлсанг!!.. Нақадар арзон ҳаёт у агар киши шу дунёнинг ўткинчи матолари учунгина яшаб ўтган бўлса!! Нақадар арзон ҳаёт у агар киши ўткинчи мансаб курсиси учун яшаб ўтган бўлса!! Нақадар қийматли ҳаётдир киши агар бутун умрини Аллоҳнинг тоатида ўтказган бўлса!! Нақадар қийматли ҳаётдир киши агар Аллоҳнинг унга ато этган неъматларини фақат Унинг розилигини топиш учун сарфлаган бўлса!! Шайх Муҳаммад Ҳассон.
|
| |
|
|
| DURDON | Date: Chorshanba, 12/06/27, 4:06:14 AM | Message # 72 |
 SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status: 
| Имомнинг манекен қизи (6-qism)
Туни билан ўйлаб чиққан Ёқуб имом нонуштага чақиришганида ҳалиям мотамнамо кайфиятда эди. Гул хонимнинг эътиборини эрининг сочида оқ толалар кўпайиб кетгани тортди.
- Азизим, сочларингиз оқариб кетибди.
Сал ҳайрон бўлган эди-ю, бироқ ҳеч нима бўлмагандай жавоб берди.
- Оқаради-да. Кундан кун дунё ташвишлари ортяпти. Қувватдан қоляпмиз. Қарияпмиз. Нариги дунёга тайёрланяпмиз. Нима ҳам қилар эдик?
Фотима ҳам кўз тиғи билан отасининг сочларига қаради. Ростдан ҳам оқариб кетибди. Нега бирдан оқариб кетди экан? Ҳайрон бўлган бўлишига қарамай, ҳеч нима демади. Онасига берган жавобни қайтаришини билар эди. Ошхонага кирди. Кўзлари айвонда ўтирган йигитга тушди. Йигитча яна уларнинг деразасига қараб турар эди. Кўзлар тўқнаш келгач, йигитча шошиб нигоҳларини дарров олиб қочди.
Фотима алланималар деб асабийлашию пардани тортди. Кўп ўтмай Фотима уйдан чиқди.У йигит яшаган уйнинг олдидан тез-тез юриб ўтиб кетди. Бирдан унинг онаси билан тўқнаш келди. Дарров онасига ўғлидан шикоят қила бошлади.
- Хола, ўғлингизга айтиб қўйинг, менга қарамасин. Асабийлашганимдан ўзимни тута олмаяпман.
Аёл ҳайрон бўлиб қолди:
- Нима деяпсан, қизим. Ўғлим ҳеч кимга қарамайди. Сенга шундай туюлган бўлса керак.
- Қўйсангиз-чи, нуқул кўзлари бизнинг деразада, менда.
- Сен қарамасанг, унинг қараганини қаердан билдинг?
- Кўзларим бўлганидан кейин кўраман-да.
- Ўғлимникиям кўз-да. Уйларингиз бизникининг тўғрисида бўлса, билмай қараб юборса керак. Агар ўғлим чиндан ҳам сенга қараётган бўлса, унга ачинаман.
Бу гап Фотимага қаттиқ тегиб кетган эди.
- Нимага энди?
- Нега бўларди. У аслида сендан нафратланади. “Имомнинг қизидай бетарбияси қизни кўрмаганман. Оёқлари меникидай бўлиб қолганда нима қилар эди, билмайман”, - дейди. Сени жуда эркатой қиз, деб ҳисоблайди. Шундаям сени севиб қолган бўлса, у чиндан ачинарли ҳолдадир. Кечагина сенинг одамгарчилигинг қолмаганини айтган эди.
- Ўғлингизга айтиб қўйинг, менинг одамгарчилигим жойида, у ўзини билсин.
- Менинг боламнинг ҳам одамгарчилиги жойида. Сен уни ҳақорат қилиб, ерга урма. Аллоҳ кўрсатмасин, бир бахтсиз ҳодиса туфайли сен ҳам унинг ҳолига тушишинг мумкин.
- Ўзи асрасин.
- Асрасин-ку, лекин бу тақдир. Асрамаса, кейин ўзинг уялиб қоласан.
Ёқуб имом ҳалиям паришон эди. Бирор чора топишга интилар эди. Ўша куни кечаси Фотима уйга келмади.
Имом Хуфтон намозидан кейин кўзи илиниб ухлаб қолган эди. Уйғонганида кечаси соат 2 бўлибди. Гўё юрагини оғир юк босиб тургандай бўлиб, ўрнидан сакраб турди ва Фотиманинг оёқ кийимига қаради. Қизи келмабди. Аёлини уйғотмоқчи бўлди, лекин у ҳам неча кундир ҳол-мажолсиз, чарчаган. Уйғотишга кўзи қиймади. Кийиниб Бетуш холаникига борди. Жаҳл билан эшик қўнғироғини босар, ичкаридан овоз келгачгина сал ўзига келди.
|
| |
|
|
| DURDON | Date: Chorshanba, 12/06/27, 4:07:23 AM | Message # 73 |
 SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status: 
| Davomi..
- Ярим кечаси қайси тарбиясиз бўлди?
- Мен Ёқубман, эшикни очинг.
- Нега очар эканман. Мен бир бева аёлман, бу вақтда ҳеч кимга эшикни очолмайман.
- Қизимни олиб кетгани келдим. Бу сафар жуда қаттиқ ғазабланганман. Эшикни очингда, қизимни олиб кетай.
- Бу ерда қиз-пизингиз йўқ.
- Биламан, у ичкарида. Эшикни оч, бўлмаса ўзимга жавоб бермайман.
- Нима қиласан, эшикни синдирасанми?
- Ҳар нарса бўлиши мумкин. Тинчгина эшикни очинг.
Аёл эшикни очишга мажбур бўлди.
- Кирақол, қани нима топаркансан?
Ёқуб имом зинадан ўқдай учиб чиқди. Ҳамма ёқни қараб чиқди-ю, қизини топа олмади.
Эртасига Бетуш бу вазиятни бошқачароқ таърифлаётган эди:
- Нимаймиш, ярим тунда келиб туйғуларимни жиловлай олмаяпман, дея эшигимнинг тагига ётиб олди. Яна эшикни очмасанг, синдираман, дейишига ўлайми? Ҳайрон қолдим. Сиз имом бўлсангиз, бу қилиқлар сизга ярашмайди, дедим.
Бу гапларни эшитиб турган аёллардан бири ғазабини тия олмай ўрнидан сапчиб туриб кетди.
- Йўқ, йўқ! Бўлиши мумкин эмас, Ёқуб имом бундай қила олмайдилар.
- Қўйсангиз-чи, нима мен буларни ўзим ўйлаб топибманми?
- Бўлиши мумкин. Шуни хоҳлаганингиз учун уйдираётган бўлишингиз мумкин.
Бу гап-сўзлар оғиздан оғизга ўтиб, ниҳоят Ёқуб имомнинг қулоғига етиб борди. Имом хомуш тортиб сўради:
- Бу гапларга ишонганлар бўлдими?
- Йўғ-е, ишонганлар 3-5 кишидан ортмайди. Ишонишса нима қилган бўлар эдингиз?
- Имом ўзига ишонмайдиган жамоага имомлик қила олмайди. Агар шундай бўлса, мен дарҳол бу ердан кетар эдим.
Масжид ҳовлисида авж олган бу гап-сўзлар давом этар экан, Аҳмад келиб қолди:
- Тинчликми, анави номуссиз сиз ҳақингизда нималар деб юрибди? Ҳаддини билдириб қўйсак бўлармиди?
- Қўйсангчи, дўстим. Унинг гапларига парво қилмаганлар ҳаддини билдириб бўлишибди ўзи. Одобсизлар билан тенг бўламизми? Аслида бундан ҳам муҳимроқ қайғуларим бор. Дўстим, қизим йўқолиб қолди. Ишхонасига телефон қилсам, кеча ишдан бўшаб кетди, дейишди. Оғир вазиятда қолдим, бу жамият боламни қўлларимдан тортиб олди.
Иккалалари ёлғиз қолишганида имом кўз ёшларини тия олмади:
- Хотиним, сиқилиб ётиб қолди. Менинг ҳам аҳволим яхши эмас. Ҳазрати Ёқуб каби сабр қилишдан ўзга чорам йўқ, лекин сабрим етмаяпти. Шунинг учун ёняпман.
- Сабр қилишдан бошқа иложинг йўқ. Сабр қил. Нима ҳам қила олардинг?
- Ҳаракат қиляпман. Роббим сабр берсин. Салдан кейин мелицияга бораман, аммо нима дейишимни билмайман. Бунинг устига қизим ўн саккизга кирди. Қонунга биноан энди қизимнинг ҳаётига аралашишга ҳаққим йўқ. Ғарбдан намуна қилиб олинган бу қонунни деб, ёшларимиз қўлдан кетяпти.
|
| |
|
|
| DURDON | Date: Yakshanba, 12/07/01, 6:39:47 PM | Message # 74 |
 SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status: 
| Имомнинг манекен қизи (7-qism) Ёмондан дўст чиқмайди!...
Фотима отаси унинг иш жойини ва қандай иш қилаётганини билгач, борадиган жойи ёлғиз Бетуш холасиники эди. Лекин битта маҳаллада яшаганлари учун бора олмаганидан, телефон қилди холос.
Бетуш хола телефонга жавоб берар эди:
- Яхши қилибсан. Қайси замонда яшаяпмиз ўзи? Бу замонда имомнинг қизи бўлиш осонми? Қўявер, кунингни кўриб кетасан. Қизларимнинг олдига бор. Уларга телефон қилиб қўйдим, яхшилаб кутиб олишади.
Фотима айтилган манзилга етиб борди.
Уйда бир аёлдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Аёл уни очиқ юз билан кутиб олди:
- Марҳамат қизим, бу ерни уйингдай кўравер. Келақол, қани аввал танишиб олайлик-чи? Кимсан, қаердан келдинг?
Фотима Чечак исмидан отасининг хабари борлигини эслаб, яна янги исм қйлаб топди:
- Исмим Демет. Сизникичи?
- Меники Райҳон, қизим сен ҳам манекенмисан?
- Ҳа, манекенман.
- Яхши, яхши, Аллоҳ хоҳласа доим манекенлигингча қоласан. Бу ерга келганларнинг баъзилари манекен бўлди-ю, лекин баъзилари бошқа нарса бўлиб кетишди.
- Аллоҳ асрасин, мен бошқа нарса бўлмайман.
Райҳон анча тажрибали аёл эди:
- Иншаоллоҳ бўлмайсан-ку, лекин ўзингга эҳтиёт бўлишинг керак. Улар ўз йўриғига секин-аста солишади. Ҳали ор-номусини йўқотмаган қизга ўхшайсан. Ўзингга эҳтиёт бўл, хўпми? Ким қаерга таклиф қилса кетаверма. Ётоғига чорлай олмаганлар, аввал овқатланишга таклиф қилишади. Ўша таклифнинг охири бахайр эмас, болам. Яхшилик қилмоқчи бўлса, ана борсин, кўчада қанчадан-қанча қийналган болалар бор, камбағаллар бор, ўшаларни таклиф қилсин. Ёмон йўлга юришни истамасанг, ҳеч кимнинг таклифини қабул қилма. Дискотекаларга борма. Дарров бу мавзуни очганимнинг сабаби, бошқаларнинг йўғида аввал инсонийлик вазифамни бажариб қолай дедим. Ароқни эса умуман оғзингга олакўрма. Ишдан уйга, уйдан ишга бор.
Диний таълим олмаган Райхон хола ўзича фатво ҳам берар эди:
- Ҳали ёшсан, вақти чоғлик қилмоқчи бўлсанг, казинога ўхшаган одам гавжум жойларга бор. Менинг ҳам сендай қизим бор. Ёмон йўлга киришини истамайман...
Фотима Райҳон холанинг гапларини диққат билан тинглади. Кўп ўтмай иккита манекен қиз келиб Фотима билан таниша бошлади:
- Мен Фигоман, бу дугонам Барно.
- Мен эса Демет.
- Неча йилдан бери манекенлик қиляпсиз? – сўради Фиго.
Фотима сал ҳижолат тортиб:
- Бу ишни яқинда бошладим, - дея жавоб берди.
Фиго тинмай савол берар эди:
- Учрашиб турадиганинг борми?
- Йўқ!
- Унда ўзим сенга топиб бераман.
Барнонинг жахли чиқиб кетди:
- Нимага сен топиб берар экансан? Керак бўлса ўзи топади. Сен нима ҳалигинақамисан?
- Ҳалигинақа бўлсам нима қипти?
Барно бу қизнинг гапларига чидай олмас эди:
- Неча ойдан бери менгаям шу гапни уқтирмоқчи бўляпсан. Энди қўлингдан ҳеч нарса келмаганидан, бу қизга ёпишяпсан.
Фиго билан Барно гап талашиб қолишди. Фотима ҳам қаерга келиб қолдим, дея уларга тикиларди. Сўнгра Фиго магнитофонни қўйиб, рақсга туша бошлади. Фотима эса уларга анграйиб қараб қолган эди.
|
| |
|
|
| DURDON | Date: Yakshanba, 12/07/01, 6:41:13 PM | Message # 75 |
 SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status: 
| davomi..
Кеч бўлиб қолган, Фотиманинг қочоқдаги илк туни эди-ю, аммо буларнинг ҳеч қайсиси унга ёқмаётган эди. Ётоғига ётгач, ўйлай бошлади: “Энди озод, бахтли бўла олармиканман? Истаганимдай яшасам, нималарга эриша оламан? ” Буларни ўйлаб бирдан Фотиманинг туклари тикан-тикан бўлиб кетди. Аммо у ҳаммасига қўл силтаб яшашни маъқул кўрди.
Пул-мули ҳам йўқ эди-ю, яна ёрдамга Бетуш холаси етишди. Анча мунча пул бериб, топганингда тўларсан, дея тилхат ҳам ёздириб олди.
Фотима эртасига бориб ўзига янги кийим-кечак сотиб олди. Янги иш жойида бошқалардан кам бўлмаслиги керак эди-да. Кеч бўлгач, турган уйига яна иккита манекен қиз келиб жойлашди. Улар Фигонинг дугоналари эди. Барно эса уларни умуман ёқтирмас, уларга нафрат кўзи билан қараб, Фотиманинг қулоғига шивирлади:
- Одам қаерда бўлган тақдирида ҳам одамгарчилигини йўқотмаслиги керак. Булар манекенми, суюқоёғми билиб бўлмайди. Бизга ўхшаган манекенларнинг ёмон отлиқ бўлишига сабаб бўлишади.
Фотима энг номусли манекен ҳам оёғини очиши кераклигини ўйлаб, минғирлаб деди:
- Тўғри айтасан, мен илгари ишлаган жойимда ҳам шунақаси бор эди.
- Манекенлар замоннинг пул машинаси бўлиб қолган. Ҳамма улардан фойдаланиб пул ишлаб олсам, дейди. Баъзи жойларга бошлашади-ку, ақли бўлганлари бормайди. Мен ҳам манекенман, лекин мени ҳеч ким йўлдан ура олмади, унаштирилган йигитимдан ташқари... Унинг йўриғи бошқа.
Фиго қизларга:
- Қани қизлар бўлақолинглар, бугун казинога борамиз. Поп илоҳини тинглаймиз, қани туринглар! – дея кутилмаганда мурожаат қилди.
Барно кўнмади:
- Мен бормайман, йигитим олиб боради.
- Турақол, бу аҳмоққа ишонма, деб Фотимани мажбур ўрнидан турғазишди.
Казинога етиб боришганида Фотима тинмай ўнг-чапига қарар эди. Уни бирортаси кўриб қолса нима бўлади? Улар жойлашиб бўлишгач, Поп қироли саҳнага чиқди. Қизлар ўтирган жойларидан рақсга тушишар, мусиқа темпига мос ҳаракат қилишар эди. Аввалига Фотима уялиб ўтирди, вақт ўта бошлагач, у ҳам мусиқа темпига мослаша бошлади. Уйдан қочганининг иккинчи куни у ўзини жуда ўзгача муҳитда кўрди. Бир тарафдан хафа бўлса, бошқа тарафдан эса ўша муҳитга мослашишга интилар эди.
Эртасига Фотима жуда хорғин ҳолда уйғонди. Қизлар уйғониб, нонушта тайёрлаш билан овора эдилар. Фиго Фотимага ўгирилиб, унга хушхабар айтди:
- Мана ишинг ҳам ҳал бўлди. Энди Дамла мода уйида Гунгўр бейнинг олдида ишлайсан. Эҳтиёт бўл, сал хотинбозроқ. Ўз манекенларининг бировники бўлишини хоҳламайди.
Фотима бундай гапларга ҳали одатланмаганидан:
- Нима мен сотиладиган молманми? – деди.
Фигога бу гап тегиб кетди:
- Нима биз сотиладиган молмизми?
- Сизни билмайману, лекин мен унақаларданмасман.
- Агар бу фикрларингни ўзратирмасанг, ҳеч нарсага эриша олмайсан.
Бу гал Барно гапга аралашди:
- Бу нима деганинг, мен-чи? Мен нимага эришган бўлсам, билагимнинг кучи билан эришдим.
Яна гап талашиб қолишди. Барно мавзуни бошқа ёққа буришга интилса ҳам, Фиго яна шу мавзуга олиб келар эди.
Эртасига Фотима мода уйига етиб борди. Гунгўр бей унга бошдан оёқ разм солгач:
- Мана буни кийиб менга кичкинагина мода намойиши қилинг-чи, сизни кўриб олай, - деди.
Фотима кийиниб чиққач, Гунгўр бей қарорини қабул қилди:
- Ҳим... қоматинг ҳам қадам ташлашинг ҳам жуда чиройли экан. Ишга оламан.
Фотима ишни бошлаганига орадан беш кун ҳам ўтмаган эди ҳамки Гунгўр бей унга таклиф кирита бошлади:
- Демет хоним, танишганимизни ювиб, бирга тушлик қилмаймизми?
Фотима ўйлаб ҳам ўтирмай, жавоб берди:
- Ташаккур, лекин мен ҳеч ким билан овқатлангани бормайман.
Гунгўр бей креслосидан туриб, Фотиманинг олдига келди:
- Мен ҳеч кимманми? Сенинг бошлиғингман. Отанг қатори бўлсам.
- Катта раҳмат, лекин менинг қарорим қатъий.
|
| |
|
|