A resized and cropped image
Archive - read only
Forum moderator: MASTER, DURDON, SAKINA  
O'zbekiston Yangiliklari
OSIYODate: Shanba, 11/08/06, 7:55:16 AM | Message # 106
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 7146
Status:
Ишсиз қолган ўзбек Россияда ўз жонига қасд қилди



Санкт-Петербургда Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан бўлган 34 ёшли меҳнат муҳожири иш топа олмагач, депрессияга тушиб ўз жонига қасд қилган.

"Konkretno.ru" сайти маълумотига кўра, фарғоналик мардикор қон томирларини кесган ва кўкрак қисмини ҳам бир қанча жойини кесиб ташлаган.

Сайт ёзишича, фарғоналик эркакни унинг қариндоши қутқариб қолган ва шифохонага етказган.
 
OSIYODate: Shanba, 11/08/06, 7:59:52 AM | Message # 107
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 7146
Status:
Олий ўқув юртларига квота – порахўрлик учун сабаб кўпайди
2 август куни Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. Президент қарорига кўра бу йил олий ўқув юртларига 60 мингдан ортиқ талаба қабул қилинади. Коллеж ва лицейни битирувчилар сони эса миллионга яқинлашмоқда.

Талаба бўлиш қанча туради?

Олий ўқув юртларида ўринларнинг сунъий камайтирилиши муносабати билан 2 август куни ўтказилган давлат имтиҳонлари сал бўлмаса порани “қонунлаштириш” тенденциясини келтириб чиқарди, дейди анонимлик шарти билан Ўзбекистон Олий таълим вазирлиги ходими.

Унинг сўзларига кўра, бу йил имтиҳон пуллари олий ўқув юртининг ëки унинг факултетининг статусига қараб 10 минг долларни ташкил этган. Кириш 3000-5000 АҚШ доллари бўлган Тошкент жисмоний тарбия институтига ўхшаган “арзон” олий ўқув юртлари эса республикада саноқли.

Қиëслаш учун гувоҳларнинг айтишларига кўра баъзи бир пойтахт олий ўқув юртларига кириш учун пора миқдори: Низомий номидаги педагогика университети, Тошкент енгил саноат ва тўқимачилик институти – 8-15 минг доллар, Жаҳон иқтисодиëти ва дипломатия университети, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети, Давлат консерваторияси ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети – 15-20 минг доллар.

Юридик институт, Тиббиëт академияси, Тошкентдаги Вестминистр ва Турин

Олий ўқув юртларида ўринларнинг сунъий камайтирилиши муносабати билан 2 август куни ўтказилган давлат имтиҳонлари сал бўлмаса порани “қонунлаштириш” тенденциясини келтириб чиқарди"
аноним Ўзбекистон Олий таълим вазирлиги ходими

университетлари филиалларига кириш,

Олий ўқув юртларида ўринларнинг сунъий камайтирилиши муносабати билан 2 август куни ўтказилган давлат имтиҳонлари сал бўлмаса порани “қонунлаштириш” тенденциясини келтириб чиқарди"
аноним Ўзбекистон Олий таълим вазирлиги ходими

булар чет
эл университетлари филиали бўлишига қарамасдан, 30-40 минг доллар ва ҳаттоки ундан ҳам юқори.

Кириш имтиҳонлари қандай ўтди

Воқеа гувоҳларига кўра, кириш имтиҳонлари куни абитуриентларни текшириш циркни эслатган. Аммо энг қизиқ текшириб киргазиш Тошкент педиатрия институтида (собиқ СаМПИ) бўлган.

Манбаларга кўра, “ички иштонларга қадар ечинтириш” бўлганлии учун (учта кириш жойида қўлида детекторлар билан турган куч ишлатар ходимлар қўлидан 400 ўрин учун 4200 абитуриент ўтган) имтиҳонни анча кеч бошлашга тўғри келган.

Олий ўқув юрти раҳбарияти билан олдиндан гаплашиб қўйганларни яхшилаб текшириш чеклаб ўтди, дейди кузатувчилардан бири. Бу “элита” гуруҳи имтиҳон бўлаëтган бино яқинида жойлашган мактаб ëки лицейда умумий абитуриентлардан алоҳида тарзда имтиҳон топширган.

Унинг қулоғига етиб келганларга кўра, бу гуруҳдагилар 12-15 минг доллардан беришган ва бу бўлажак тиббиëт ходимларига тайëр жавоблари бўлган варақалар келтирилган. Уларга кузатувчи сифатида қўйилган бир неча куч ишлатар тизимлари ходимлари ўзларини худди ҳеч нарсани кўрмагандай тутишган ва уларнинг ҳар бирига миннатдорчилик сифатида 20 доллардан берилган.

Олий таълим вазирлиги рад қилганига қарамасдан

Керакли жойларда одамлари ва ота-онасининг миллионлари бўлмаган абитуриентларнинг кайфияти эса албатта яхши эмас. Улар пулнинг билимдан устун туришини, тест жараëнининг талаб қилинганидан анча фарқ қилишини ва олий ўқув юртларидаги ўринлар аллақачон “ким ошди савдоси” иштирокчилари ўртасида тақсим қилинганини яхши билишади.

Олий таълим вазирлиги ходимининг таъкидлашича, кўздан йироқдаги бу нарсаларни Олий ўқув юрти ходимлари ҳам, текширувчилар ҳам, ўзларини давлат имтиҳонларига қонун доирасида тайëрлангандай қилиб кўрсатадиган хавфсизлик ходимлари ҳам билишади.

“Тестнинг тоза ўтишини таъминлаш учун Олий ўқув юрти ҳудудига келтирилган милиция ëки имтиҳон пайтида мобил интернетнинг ўчириб қўйилиши фақатгина ҳисоб-китоб учун расмий қоғоздан бошқа нарса эмас”, дейди Uznews.net суҳбатдоши.

Тахминлар

Статистика маълумотларига кўра, Ўзбекистон фоиз ҳисобида олий маълумотлилар бўйича МДҲ давлатлари орасида энг пастки қаторлардан бирида.

Шундан келиб чиқсак, ҳозир диплом олиш олдингидай билимли каллага эмас ота-оналар кармонининг қанчалик бақувват эканлигига боғлиқ.

Ветеран педагоглар олдин ҳам пулга кириш мумкин бўлганлигини инкор қилишмайди, аммо кириш имтиҳонларининг тестга айлантирилиши порахўрликнинг янада кучайиб кетишига сабаб бўлганига уларнинг ишончи комил.

17 йил олдин киритилган тест лойиҳасининг муаллифлари олий ўқув юртларига кириш пайтида фирибгарлик ва коррупциядан қочишга ëрдам беришини айтишди. Улар бунга аргумент сифатида тест варақаларини одам эмас машина текширини келтиришди.

Аммо тажриба бунинг тескарисини кўрсатмоқда.

Агар бу шундай давом этса, яқин 10-20 йил ичида олий ўқув юртлари фақат пора билан қабул қилади. Мамлакатда мутахассислар, айниқса узоқроқ туриш керак бўлган тиббиëт мутахассислари кўпайиб кетади...


Uznews.net
 
OSIYODate: Dushanba, 11/08/08, 9:09:22 AM | Message # 108
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 7146
Status:
Наманган ҳокими гўшт нархини туширмоқчи бўлди
08.08.2011


Наманган ҳокими Баҳодир Юсупов ўтган хафта вилоятдаги 600га яқин қассопни йиғиб, уларга гўшт нархини туширишни, бозорда 17-20 минг сўмдан сотилаётган мол гўштини 12-14 минг сўмга сотишни тавсия қилди.

Наманган вилояти ҳокимиятининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича масъулларидан бири шундай учрашув бўлганини тасдиқлади.

Лекин, ҳокимият расмийсига кўра, гўшт нархини тушириш ташаббуси қассобларнинг ўзларидан чиққан.

“Беш-ўнта катта-катта қассоплар ҳамкасбларига мурожаат шундай қилишди, нарх-навони меъёрида ушлаб туриш бўйича. Байрамга ўз ҳиссасмизни қўшайлик, деб бозордан холис нархда мол олиб, сўйиб кўришди.

Нархи ўртача 14 мингдан тушди. Қўй гўштини ҳам ўртача нархини келишиб, аҳдлашишди-да. Ҳозир энди шаҳарда шу нархларда сотяпти, бир-икки ғаламуслар кўтаривормаган бўлса”, - дейди Наманган ҳокимлиги расмийси.

Лекин бунга қарамасдан, бозор барибир бозор, ҳоким қандай буйруқ бермасин талаб ва эҳтиёж нархни белгилайди.

Наманганлик журналист Носир Зокирнинг айтишича, бозорда гўшт ҳали ҳам 17-21 минг сўм атрофида сотиляпти.

“Ҳеч қачон қассопларни улуғ айём кунида гўштни нархини туширайлик деганини кўрмаганман.Фалон нарсани фалон нархда сотгин деб бўлмайди.Бу бозор, бозор буни ҳал қилади. Мана ҳозиргина келиним бозорга тушди, мол гўшти суяклиси 17 минг, лаҳм гўшт 21 минг сўм”, -дейди наманганлик журналист.
Ўзбекистон гўшт нархида ҳатто Европа давлатларини ҳам ортда қолдирди.

Масалан, Чехия пойтахти Прагада бугун супермаркетларда бир килограмм суяксиз гўшт нархи 7,5-8 доллар, шариат қоидалари бўйича махсус дўконларда сўйилган мол гўштнинг ўртача нархи эса 10 АҚШ долларга тўғри келади.

Прагадаги шундай дўконларда қассоплик қиладиган андижонлик Рустамжон Ўзбекистонда гўшт нархи ошгани сабабларини шундай изоҳлайди.

“Оддий деҳқончилик, фермерлик хўжаликлар бугунги кунда қисқариб кетган. Мана мен Чехияда юрган бўлсам бу ерда битта ҳайвонга 1-10 гектар ер ажратилади. Биздачи десангиз, ҳозир пахта эк, у қил бу қил деб, ҳайвонларни етиштириш учун имконларни етарли бермаган. Шуни ҳайвонлар бугунги кунда қимматлаб кетган. Ҳайвон қиммат бўлса, қассоп нима қилсин. Аслида қассоплар устига кўп қўймайди, нари борса икки минг қўяди”, - дейди Рустамжон.

Бир пайтлар Андижонда қассоплик қилган Рустамжон вилоят раҳбарлари томонидан гўшт нархини мажбурий тартибда туширишга уринишлар авваллари ҳам бўлгани, аммо бир неча кун ўтар-ўтмас нарх-наво илгаригидек юқори даражасига чиққанини эслайди.

"Махсус ярмарка қилиб арзон гўшт келтириб сотган, бизни клиентларни ўлдириш учун. Лекин буни бир кун қилади, икки кун қилади, таги бўлмаса яна нарх кўтарилади-да", - дейди Рустамжон.

Наманганликларнинг айтишларича, бир неча кун илгари Наманган шаҳрида гўшт дўконларида ҳатто гўшт йўқолиб қолган. Маҳаллий қассобларга кўра, бўрдоқи қорамол нархининг баландлигидан молни сўйиб, гўштини ҳоким белгилаган нархда сотишдан зарар кўришлари мумкин бўлган, шунинг учун мол сўйилмаган.

Жорий йилнинг май-июл ойларида гўшт нархи республика бўйича кескин кўтарилди. Пойтахт бозорларида бир килограмм гўштнинг нархи 20-22 минг сўмдан, супермаркетларда эса 25 минг сўмдан сотиляпти.
 
DURDONDate: Seshanba, 11/08/09, 10:32:39 PM | Message # 109
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status:
Ўзбекистонлик ҳакам котиби билан қочиб кетди

09.08.2011
Меҳрибон
Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро фуқаровий суди раиси Холмуҳаммад Отахоновнинг қочиб кетгани айтилмоқда.

Судья қамоққа тушмаслик учун қочишни маъқул топди

Озодлик манбаларига кўра, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро фуқаровий суди раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Холмуҳаммад Отахонов пора олганликда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилиш ва қамоққа олинишдан қочиб, яширинган.

Ушбу ҳолатни ўрганаётган Тошкентдаги Эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоиловга кўра, Отахонов пора олаётган пайти қўлга тушган.

- Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек фуқаровий ишлар бўйича суди раиси Отахонов ўзининг эркак киши бўлган котиби орқали фуқаролик ишларидан бирида пора талаб қилиб пора олаëтганида қўлга тушиш ҳолати бўлгани учун қочиб кетган. Биз эшитганимиз сабаби шу. Суд котиби ҳам, суд раисининг ўзи ҳам қочиб кетганининг сабаби мана шу пора олиш билан боғлиқ бўлган, уларга хавф солаëтган жиноят иши, дейди ҳуқуқ фаоли.

Суҳроб Исмоиловга кўра, тафсилотлар очиқланмаётгани учун пора олаётган пайти ушланган Холмуҳаммад Отахонов қандай қилиб, қочишга муваффақ бўлгани номаълумлигича қолмоқда.

Судья Отахоновнинг котиби билан биргаликда қочиб кетгани ҳақида ўз манбаларига таяниб хабар тарқатган Uzmetronom.com сайти маълумотига кўра, Холмуҳаммад Отахонов иқтисодий жиноят содир этган бир шахснинг давлат фойдасига мусодара қилинган қимматбаҳо хориж машинасинини қайд этиш рўйхатидан ўчириш эвазига пора олгани учун жиноий жавобгарликка тортилиб, қамоққа тушишдан қочиб, яширинган.

Мирзо Улуғбек туманлараро фуқаровий судининг навбатчи ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, айни пайтда суд раиси лавозими бўш тургани ва Отахонов ишдан бўшатилганини тасдиқлади. Бироқ у қўшимча тафсилотларга тўхталишни хоҳламади.

Мирзо Улуғбек туман прокуратурасининг навбатчи ходимига кўра, судья Отахонов иши билан прокуратура эмас, балки суднинг юқори идоралари шуғулланмоқда. Бироқ айнан қайси суд идораси бу ишни ўрганаётгани маълум қилинмади.

Судья Отахонов билан боғлиқ воқеадан хабардор манбанинг айтишича, Холмуҳаммад Отахонов аввал Ўзбекистон Олий судида ишлаган ва бир ой олдин Мирзо Улуғбек туманларо суди раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган бўлган.

Отахонов раислигида ўтиши керак бўлган суд мажлисларидан бирида адвокатлик қилаётган, исми ошкор қилинишини истамаган ҳимоячига кўра, 9 август куни Холмуҳаммедов раислигидаги суд мажлислари ҳеч бир изоҳсиз номаълум муддатга қолдирилган.

Айни пайтда судья Отахоновнинг ўз котиби билан Ўзбекистон ичкарисида яширинганми ёки мамлакатни тарк этгани ҳам номаълум қилмоқда.

"Порахўрлар"га қарши сайланма кураш бошланди

Кейинги ойларда мансабдор шахслар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг пора билан ушланиш ҳолатлари кўпаётгани кузатилмоқда.

Ҳуқуқ фаоли Шоира Содиқбековага кўра, Тошкентнинг биргина Учтепа туманида кейинги бир неча ой давомида шу каби ҳолатлардан бир қанчаси содир бўлган.

- Учтепа туман судида адвокат бор эди Ғайрат Аҳмедов деган. Шуни 10 минг доллар пора олаëтган жойда ушлашибди. Ҳозир қамоқда экан. Икки ҳафта бўлибди Учтепа туман РОВДсида жиноят қидирув бўлимининг учта ходимини ушлашибди пора билан. Уларнинг иккитасини ушлаб олиб кетишибди, учинчиси қочиб кетибди. Уч ой олдин ҳам Учтепа туман Ички ишлар бўлимининг ходими бор эди. Уголовний розискдан у ҳам валютчиклардан пора олаëтган пайтда қўлга тушибди, уни ҳам қамаб қўйишган. Ҳозир қамоқда, дейди ҳуқуқ фаоли Шоира Содиқбекова.

"Порахўрларни ушлаш статистика учун қилинаяпти"

Ҳуқуқ фаоли Суҳроб Исмоиловга кўра, кейинги пайтда пора билан ушлаш ҳолатлари “Коррупцияга қарши кураш миллий дастури” доирасида амалга оширилмоқда.

- Охирги 6-7 ой ичида Ўзбекистонда жуда кўп мансабдор шахсларга нисбатан, судлар, прокуратура ходимлари, ҳокимият вакилларига нисбатан айнан порахўрлик бўйича ушла-ушлалар кўпайиб кетган. Кўпроқ туман ва шаҳар даражаларида шунақа ишлар кўпайиб кетган. Биз ўйлаймизки, бу ҳозир амалга оширилаëтган “Коррупцияга қарши курашиш милий дастури” бўйича кўрсаткичларни кўпайтириш борасида қилинаëтган ишлар бўлса керак.

Бу дастурнинг натижаси коррупциянинг энг катта шаклларига, кучли элитага тегишли бўлган коррупция ишларини қўзғатиш, жамоатчилик диққат-эътиборига олиб келишга ҳозирча бу дастурнинг кучи етади¸ деб ўйламаймиз. Ҳозирча қуйи ва ўрта поғонага шунақа ҳужум кучайтирилган. Биз ўйлаймиз¸ асосий сабабларидан бири бу давлат системасига сигнал жўнатиш, коррупция ҳолатларига ҳушëрлик кучайтирилганлиги тўғрисида. Албатта¸ мана шу дастурнинг яхши бажарилганини эълон қилиш учун оммавий ахборот воситаларида ва давлат бошлиғи олдида статистик кўрсаткичларни кўпайтириш мақсадида қилинаяпти бу ишлар, дейди Cуҳроб Исмоилов.

Сўнгги ойларда пора билан айбланганлардан айримлари рўйхати:

Яқинда Тошкент шаҳар Яккасарой туман фуқаровий ишлар бўйича суди судьяси 25 ёшли Дониёр Пўлатов 200 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтда Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланди.

Жорий йилнинг майида Қўқон шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари Рашид Нурматов пора олганликда айбдор деб топилиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Май ойининг бошида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари Оқдарё туман прокурори Талъат Абдуҳолиқзодани 12 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтда ҳибсга олган эди.

Жорий йилнинг апрел ойида Жиззах вилоят Солиқ бошқармасининг транспорт бўлими бошлиғи Ширин Абдураҳмонов ва солиқ инспектори Дилшод Маҳкамовлар ҳам пора олганликда айбдор деб топилиб, 12 ва 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Ўтган йил декабрида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2011 йилда коррупцияга қарши кураш кучайтирилишидан огоҳлантирган эди.


 
DURDONDate: Seshanba, 11/08/09, 10:35:55 PM | Message # 110
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status:
Чироқчида куëв куёвнавкарлар қўлида вафот этди

09.08.2011
Барно Анвар
Қашқадарёдаги тўйда куёвни гўшанга остонасида осмонга отиб қутлаган куёвнавкарлар уни қўлдан тушириб юборган.

Чироқчи туманининг Чиғана қишлоғидаги хонадонлардан бирида бир неча кун муқаддам бўлиб ўтган тўй кечаси якунига яқинлаган кезда куёвнавкарлар маҳаллий одатга мувофиқ куёвни гўшангага кузатишдан олдин осмонга отиб қутлаш маросимига киришган пайтда фожиа юз берди¸ деб ëзди “Harakat.net” нашри.

Бу тўйда меҳмон бўлган кекса чиғаналик буванинг сўзларига таяниб, чироқчилик Эшмурод аканинг Озодликка айтишича, базми-жамшидда ичиб маст бўлиб қолган куёвнавкарларнинг қалтис ҳаракати 20 ёшлар атрофидаги куёв боланинг гўшанга остонасидаги фожиали вафотига сабаб бўлган.

- Йигитлар куëвни кўтариб, осмонга отиб тушираëтган экан¸ ерга тушиб ўлиб қолибди йигит, дейди. Қишлоқдош бир чол кўрган экан, айтиб қолди. Салкам 70 га яқинлаган чол гапириб бериб ҳам йиғлаб юборди, шўрлик. Фарзандни тарбиялаб, 20-25 ëшга олиб боргунча одам қанча яхши кунларни, қанча ëмон кунларни бошдан ўтказади, ахир. Шундоқ тўйи кунида қўлдан бериш қанчалик оғир, дейди чироқчилик Эшмурод ака.

Унга кўра, кейинги пайтларда тумандаги тўй маросимларда одам ҳаётига хавф туғдирувчи одатлар кўпайиб бормоқда.

- Ҳозир бу мода тусига кираяпти, урф бўлиб қолаяпти. Куëвни кўтариш, отиб ўйнаш. Яна ЗАГС деган нарса бало-қазодай ëпирилиб келди ҳозир. Машинада кетаëтган йигитлар нариги машинадаги йигитлар билан 70-80-90 километр тезликда ëнма-ëн бориб, бир-бирини шампан билан сийлаб, ароқ ичишлар бор, шундай катта тезликда кетаëтган ҳолатда, дейди қашқадарёлик суҳбатдош.

20 ёшли куёвнинг ўз тўйи оқшомида яқин дўстлари ҳазилидан вафот этишидек фожиа юз берган Чиғана қишлоғи, суҳбатдошларимизнинг айтишича, Чироқчининг чўлида жойлашган, ичимлик суви, алоқа ва электр таъминоти ўта аянчли аҳволда бўлган бир ҳудуддир.

Бу қишлоқ билан телефон алоқаси ҳам ўта оғир бўлгани боис бу қишлоқдаги ягона мактаб ва қишлоқ амбулатория пунктига кун давомида ҳам боғланишнинг имкони бўлмади.

Тўй базми якунига яқинлаган кезда келин-куёвни даврадан кузатиш олдидан куёв болани осмонга отиш маросими нафақат Қашқадарë, балки қўшни вилоятларда ҳам кузатилади.

Бу маросимнинг қандай кечишини сўзлаб берган қашқадарёлик шифокор Тоҳир Давлатов бунинг киши саломатлиги учун жуда хавфли экани, чунки одатан куёвнавкарларнинг деярли ҳамма ҳолатларда маст бўлишини хавотир билан таъкидлайди.

- Кечки базмда куëвжўралар куëвни кўтариб осмонга отиб, илиб олади ерга туширмай. 2,5-3,5 метр тахминий баландликда ҳамма ўртоқлари ўртага олиб туриб осмонга отади-да. Бу ўн мартагача ҳам давом этиши мумкин. Менимча, шундай пайтда тушиб кетганда. Елакаси билан тушган бўлса, бирор жойи узилиб кетган бўлиши мумкин. 2-3 метр баландликдан чалқанча қаттиқ ерга тушгандан кейин узилиб кетадида, дейди қашқадарёлик шифокор Тоҳир Давлатов.

Бу суҳбатдош ўз ҳаёти давомида бунақа маросимларга кўп гувоҳ бўлганини айтар экан, куёв боланинг яқин дўстлари қўлидан тушиб кетиб, ўлиб қолгани ҳақида биринчи бор эшитишини қўшимча қилади.

Қашқадарёлик журналист ва ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов бу хабарни Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармасидаги манбалардан олганини ва Чиғанадаги шу воқеа ортидан бутун вилоят бўйлаб ички ишлар бўлимлари профилактика чора-тадбирларига сафарбар қилинганини айтади.

Журналист ўзи гувоҳ бўлган ҳолатлардан бирини ҳам қўшимча қилди.

Унга кўра, бир гал ширакайф куёвнавкарлар куёв болага аталган телевизорни унинг қўлига ирғитиб бермоқчи бўлган ва совғани бундай тақдимотидан шошиб қолган куёв бола илиб ололмагани боис, телевизор ерга тушиб синган.

- Телевизорнинг чил-чил синган экрани овозидан яқин-атрофда турган томошаталаб аёлларнинг ўтакаси ёрилиб, қий-чув бўлиб кетган эди, деб эслайди журналист.

Шу кунларда тўй-ҳашамлардаги турли-туман томошалар Тошкент шаҳрида ҳам кўпайётгани тилга олган журналист, айниқса, ЗАГСдан ўтиб келаётган келин-куёв машинаси билан куёвжўраларнинг шаҳар кўчаларидаги автопойгаси жуда хавфли бўлиб бораётганини айтади.

- Жуда кўпчилик ЗАГСга бораëтганларда йўлларни тўсиб қўйиб, ЗАГС машиналари ҳаракатларга халақит берган ҳолатлари бўлади. Ўзбекистон телевиденисининг "Ëшлар" каналида бунга махсус кўрсатув ҳам бўлди. Кўрсатувда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошқармаси тўйларни ўтказадиган кортежларни махсус огоҳлантиргани айтилган. Ўзига хос чақириқлар эълон қилинди, дея қўшимча қилади ўзбекистонлик журналист Абдураҳмон Ташанов


ozodlik.org


 
DURDONDate: Chorshanba, 11/08/10, 10:23:31 PM | Message # 111
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status:
Ëлғон санъати: Каримовнинг янги китоби нашрдан чиқди

Бу Ислом Каримовнинг мустақилликдан бери чоп этилаëтган ўнлаб китобларининг навбатдагисидир.
10.08.2011
Сарвар Усмон
Бу китобда Ислом Каримов ўзини Ўзбекистон мустақиллигининг бош мафкурачиси ва асосчиси қилиб кўрсатишга уринди.

Ўзбекистонда Ислом Каримовнинг янги китоби нашрдан чиқди.

ЎзА ахборот агентлиги хабарида айтилишича, “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобида мамлакат мустақиллиги арафасида ва мустқилликнинг дастлабки даврида китоб муаллифининг “олиб борган жўшқин ва серқирра сиёсий-ижтимоий фаолиятини акс эттирадиган маъруза ва нутқлар, суҳбат, мақола ва интервьюлар ўрин олган”.

Янги китоб муқоваси.
“Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобини варақлаб кўришнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Бироқ ЎзА агентлигининг мазкур китоб тўғрисидаги хабар-тақризидан китоб мундарижаси тўғрисида муайян тасаввурга эга бўлиш мумкин.

Лекин хабар-тақриз мазмунидан китобда 20 йил олдинги воқеа-ҳодисалар, юмшоқроқ айтганда, тўла ёритилган, деган фикр келиб чиқмайди.

Агентлик Ислом Каримовнинг янги китобини ўзбек халқининг “сиёсий тафаккур хазинасига қўшилган бебаҳо ҳисса”, деб таърифлади.

“Китобга киритилган нутқ ва маърузаларда ўша даврдаги ўта драматик воқеалар, тарихий ўзгаришлар қандай мураккаб вазиятларда юз бергани, уларнинг тафсилоти, сабаб ва оқибатлари атрофлича ёритиб берилади”, деб ёзди ЎзА президентнинг навбатдаги китоби тўғрисида.

Тақризда айтилишича, Ўзбекистоннинг мустақилликка эришишида Ислом Каримовнинг роли ҳал қилувчи бўлган. Бу фикрни ўз ўқувчисига уқтирар экан, ЎзА бундай ёзади: “...оғир бир шароитда Юртбошимиз томонидан халқимиз қалбидаги асрий орзу – истиқлол ғояси улкан жасорат билан илгари сурилиб, уни амалга ошириш учун тарихий қадамлар қўйилгани китобнинг асосий мавзуини ташкил этади”.

Бу фикр президент китобида мамлакат энг янги тарихи холис ёритилганига шубҳа пайдо қилади. Чунки 20 йил олдинги воқеаларнинг бевосита иштирокчилари ҳали тирик ва улар мамлакат мустақиллиги ғоясига китоб муаллифининг 20 йил олдинги муносабатини жуда яхши эслайди.

Расмий Тошкент ҳисобича, Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинганига бу йил 20 йил тўлади.

Ўзбекистон парламентининг экс-депутати Жаҳонгир Маматовнинг ҳисоби бошқачароқ.

- Аслида мустақиллик эълон қилинганига 21 йил бўлди. 1990 йил 20 июнда эълон қилинган, лекин Ислом Каримов уни тан олмаган. Чунки ўша пайтда Ислом Каримов Москва билан бевосита ишлар эди. Бу “Мустақиллик декларацияси”ни бир парча қоғоз деб аташган, дейди Жаҳонгир Маматов.

“Бу йил нишонланадиган 20 йиллик Ислом Каримовнинг ўзини қутқарганининг 20 йиллигидир”, деди Жаҳонгир Маматов.

Хўш, Каримов ўзини нимадан қутқарган эди?

Бу савол жавобига ўтиш олдидан ЎзАнинг китобга ёзган тақризидан яна бир парчани ўқиймиз: “...1991 йил 17-19 август кунлари - Ислом Каримов Ҳиндистон Республикасида расмий сафарда бўлган пайтда юз берган воқеаларни келтириш мумкин. Мамлакат раҳбарининг Ўзбекистонда эмаслигидан фойдаланиб, юртимиздаги айрим раҳбарлар ГКЧПнинг ноқонуний қарорларини қўллаб-қувватлайди...”

Демак, Ислом Каримов ГКЧПга қарши чиққан, боз устига унинг тарафдорлари бўлган “сиёсий авантюристларнинг” таъзирини бериб қўйган.

Лекин, Ўзбекистонда кўпчилик бошқа ҳақиқатни билади. Жаҳонгир Маматов Ҳиндистон сафаридан қайтаётган Каримовнинг ГКЧПга табрик йўллаганини эслайди.

- Мен ўша пйтда президентнинг халқаро масалалар бўйича маслаҳатчиси Шаҳобиддин Зиëмов билан бевосита гаплашганман. Шунинг ўзи келгандан кейин айтдики, “Биз самолëт бортидан табрикнома йўлладик” деди, дейди Жаҳонгир Маматов.

Демак, Ислом Каримов ГКЧПни шахсан қўллаб-қувватлаган. Китобида эса, бунинг акси ёзилмоқда.

Қўлимизда яна бир ҳужжат. Россияда чиқадиган Коммерсантъ-Власть ҳафталигининг 1991 йил, 26 августида чиққан сонида босилган мақола.

Ўзбекистон раҳбарини ГКЧПни қўллаб-қувватлаган коллаборационистлар сафига қўшган нашр мана бундай хабар қилган эди: “Совет жамиятининг демократик қайта туғилишига умид туғдирган Қайта қуриш боши берк кўчага кириб қолди”,- Ислом Каримов ўзининг 19 август куни кечқурун партия-хўжалик фаоллари билан Тошкентда ўтказган учрашувини шу сўзлар билан бошлади.

ГКЧПнинг тақдири бир-икки куннинг ичида ҳал бўлди ва Жаҳонгир Маматовнинг эслашича, Москвада Каримовни ҳам ГКЧП аъзолари қаторида жавобгарликка тортиш масаласи кун тартибига чиқди.

- СССР халқ депутатлари мажлисида кўтарилди бу масала. Каримовни қўшиш керак бунга, деб улар қарор қилди ўша ерда ва бу иш ўрганишга бошланди. Мана шундан кейин Тошкентда миш-мишлар бошланиб кетди. “Каримовни бугун олиб кетади, эртага олиб кетади, индинга олиб кетади” деган гаплар бўлиб кетди. Шу пайтда бирданига 31 август куни Каримов минбарга чиқиб мустақилликни эълон қилганда битта одам қарсак чалган эмас. Битта депутат қарсак чалмади ўшанда, дейди Жаҳонгир Маматов.

“Мустақилликни эълон қилиши Каримовни ўзини қутқариш учун қилган ҳаракати эди”, деб қўшимча қилди Жаҳонгир Маматов.


ozodlik.org


 
DURDONDate: Chorshanba, 11/08/10, 10:28:17 PM | Message # 112
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status:
Олмалиқ собиқ ҳокими қотиллик қурбони бўлди

10.08.2011
Меҳрибон
1 август куни Олмалиқ шаҳар собиқ хокими Абдурашид Зокиров мурдаси Бўстонлиқдаги кўприк тагидан топилди.
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги дам олиш масканларидан бири ҳудудидан Олмалиқ шаҳрининг собиқ хокими, 42 ёшли Абдурашид Зокировнинг ёқиб юборилган жасади сувдан топилди.

Бу маълумотни Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳам тасдиқлади.

Тошкент вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ишончли манбанинг исми-шарифи ошкор бўлмаслик шарти билан Озодликка айтишича, қотиллик жорий йилнинг 1 август куни Бўстонлиқ тумани Қушқўрғон қишлоғи ҳудудида содир этилган.

- 1 август куни бўлган бу қотиллик. Абдурашид Абдусатторович Зокировнинг жасади 1 август куни тахминан соат 12.40ларда Бўстонлиқ тумани Қушқўрғон қишлоғи ҳудудидан ўтган Чорвоқ-Тошкент йўлининг 15-16-чақиримида жойлашган катта ариқ кўприги тагидан топилган. Унинг жасадида жуда кўплаб қотиллик аломатлари топилган. Тергов жараёнида аниқланишича, у аввал бўғиб ўлдирилган. Кейин оёқ-қўлини арқон билан боғлаб, устига бензин қуйиб ёқиб юборишган. Ёқилган мурдани эса сувга ташлашган, деди Тошкент вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ишончли манба.

Абдурашид Зокировнинг ўлими юзасидан очилган жиноий ишни Тошкент вилоят прокуратураси ходимлари ўрганаяпти. Ушбу идорадан қотиллик мотивлари борасида бирор бир маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Uzmetronom.com сайти маълумотига кўра, собиқ ҳокимнинг ўлимига унинг қиморга ишқибозлиги сабаб бўлган бўлиши мумкин.

“Айрим маълумотларга кўра, марҳум шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган пайтларидаёқ қимор ўйинларига ишқибозлиги билан танилган. У Россиянинг Москва ва бошқа шаҳарларидаги қиморхоналарга тез-тез бориб турган" деб ёзади Uzmetronom.com сайт.

Сайтнинг ўз манбаларига таяниб хабар қилишича, Абдурашид Зокировнинг қиморга бой берган пулни вақтида қайтармагани қотилликка сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Айни пайтда Абдурашид Зокиров ҳайдовчисининг қотилликда гумонланиб ҳибсга олингани айтилмоқда.

Олмалиқ шахар ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, Абдурашид Зокиров икки йил аввал шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган.

Асли Бўстонлиқ туманидан бўлган Абдурашид Зокировнинг кейинги пайтда қаерда ишлагани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.


 
DURDONDate: Payshanba, 11/08/11, 8:08:07 AM | Message # 113
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status:
Қўқонлик аёл зўравонлар жазоланишини сўрамоқда

11.08.2011
Басира
Тошкент вилоятидаги аёллар колониясида икки йилдан кўпроқ ўтирган қўқонлик Муҳайё Одилова тергов чоғида ўзини зўрлаган кишилар жазоланишига умид қилаяпти.
Муҳайё опага кўра, уни беш йил олдин Фарғона вилоят ички ишлар бошқармаси ертўласида зўрлашган.

- УИ-64/7 га етти ҳафталик ҳомила билан келганман. Бола тушиб, ўлиб қолай деганман. Оиламни ҳам бузиб юборишди, ўзимни ҳам қаматишди. Ҳозир нотўғри даволагани оқибатида трубалар ҳам бекилиб кетган. Изоляторда уч ойга яқин ўтирдим. Кўнглим айниб, ёмон бўлганимда дўхтир олиб келишди. У кўриб, ҳомиладор эканлигимни айтди. Кейин ГУИН ўзи 200 минг сўм пул ажратиб, даволашди. Даволаб ҳам фақат қон кетишини тўхтатишди, - дейди Муҳайё Одилова.

Саккиз ой ҳибсда сақланганида зўрланганлиги оқибатида ҳомиладор бўлиб қолган қўқонлик аёл айни пайтда бепушт бўлиб қолганлигини, мутасадди ташкилотларга ёзган хатлари эса жавобсиз қолаётганидан шикоят қилади:

- 2 йилу 3 ойда қамоқдан чиқиб, ёзмаган жойим қолмади. Ҳомиладорлик ҳақида оғиз ҳам очишмайди. Мен ёзсам, менга бошқача жавоб ёзишади. Мана шу ёзганларим учун Қўқон шаҳар ички ишлар бўлими яна жиноий иш қўзғатган. Борсам, “жим юр, ҳомиладор бўлганинг ҳақида умуман гапирма”, дейди. Қандай гапирмайман? Оилам бузилиб кетди, ўзим туғмас аёлга айландим, - дейди қўқонлик Муҳайё Одилова.

Фарғона вилоят ички ишлар бошқармаси тергов бўлими ходими Озодликка Муҳайё Одилованинг жинсий тажовуз қурбони бўлганлигини на инкор этди, на-да тасдиқлади:

- Бу бўйича сиз расман хат билан келиб, раҳбариятга учрайсиз. Биз бу бўйича бирор нима дея олмаймиз. Раҳбарият суҳбатлашади, - деди Фарғона вилоят ички ишлар бошқармаси тергов бўлимининг ўзини таништирмаган ходими.

Муҳайё Одилова мурожаат қилган Қўқон шаҳар ҳокимлигининг хотин-қизлар қўмитаси раис ўринбосари Гулнозахон Ҳамидова эса унинг номидан аризалар қўмитага ҳам келганлигини тасдиқлади:

- Аризалар билан мурожаат қилишган, аризаларга мутасаддилар жавоб берган. Ҳокимиятга кирсам, сизга айтаман, бир соатда телефон қилинг, - деди Қўқон шаҳар хокимлигининг хотин-қизлар қўмитаси раис ўринбосари Гулнозахон Ҳамидова.

Аммо Гулнозахон билан бир соатдан сўнг ҳам, бир неча соатдан сўнг ҳам боғлана олмадик.

Муҳайё Одилова мурожаатини халқаро ташкилотларга етказган “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алянси” раҳбари Елена Урлаева мамлакат тергов изоляторларида аёлларнинг номусига тегиш ҳолатлари бўлса-да, ўзбек жамиятида бундай воқеалар кўпинча ошкор қилинмаслигини қайд этади:

- Кўпчилик аёллар номусига теккани ҳақида айтишга ор қилади. Мусулмон аёл унга кишанлар тақишиб, яланғоч қилиб қўйиб, номусига текканларини айтавермайди. Аммо бу ҳолатлар ҳақида гапирилмаса, жинсий тажовузни тўхтатиб бўлмайди. Бундай ҳолатлар кўп, - дейди ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева.

Ўтган йили Эзгулик инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзбек қамоқхоналарида жинсий зўрлаш ҳолатларининг кўпайгани, терговчилар, қамоқхона нозирлари ва бошқа масъул ходимларнинг маҳкумаларни зўрлагани оқибатида туғилган чақалоқлар сони ортгани ҳақида баёнот тарқатган эди. Мазкур хабарда Зангиота аёллар қамоқхонасида уч нафар маҳкума жинсий зўравонлик қурбони бўлгани айтилган эди.

“Эзгулик”нинг Тошкент вилояти бўлими раиси Абдураҳмон Ташанов зўрланиш ҳолатлари бўйича расмийлар бирор чора кўрмаганини сўзлайди:

- Тоштурмада ва бошқа тергов изоляторларида зўрлангани, ундан ташқари, Зангиотадаги аёллар қамоқхонасида зўрлангани ва ҳомиладор бўлиб, туққани ҳақида маълумотларни биз ўтган йили эълон қилган эдик. Афсуски, буларнинг бирортасига расмий тус берилгани йўқ. Жазони ижро этиш, прокуратура масъуллари бу бўйича жиноий иш очиб, кимнидир жавобгарликка тортгани ёки прокурорлик чораларини белгилагани ҳақида бизда маълумот йўқ, - дейди ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистон ҳибсхоналари ва қамоқхоналарида номусига тажовуз қилинган Райҳон Соатова, Дилфуза Норматова, Насиба Жуманиёзова, Шоҳиста Махсумова ҳақида аввалроқ хабар қилгандик.

Эслатамиз, Райҳон Соатовани зўрлаганликда гумонланган милиция ходимлари ДНК текширувидан сўнг оқлаб юборилганди.

Шоҳиста Махсумованинг отаси Азамат Махсумов Озодликка қизининг иши бугунги кунда Ўзбекистон Олий судида кўрилаётганини маълум қилди.

Дилфуза Норматова ва Насиба Жуманиёзоваларнинг кейинги тақдири ҳақида эса ҳозирча маълумот олишнинг имкони бўлмаётир.


 
DURDONDate: Payshanba, 11/08/11, 8:10:25 AM | Message # 114
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status:
Ўзбекистонда туғилиш камайди

11.08.2011
Ўзбекистонда 2011 йилнинг биринчи ярмида туғилиш коэффициенти 18,8 промиллени ташкил қилди. Бу ўтган йилдагига қараганда 1,6 промиллега камдир.
Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон давлат статистика қўмитасига таянган ҳолда хабар тарқатдилар.

Маълумотларга кўра, 2010 йилнинг январ-июн ойларида туғилиш коэффициенти 20,4 промиллени ташкил қилган.

Расмий статистика маълумотларига мувофиқ, 2011 йилнинг 1 июлигача бўлган ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон аҳолиси сони 28,639 миллион кишига етган.

Улардан 14,697 миллиони ёки 51,3 фоизи шаҳарларда яшайди.

Ўтган ярим йилликда Ўзбекистонда туғилиш камайибгина қолмай, ўлим ҳолати ошгани ҳам айтилмоқда.

Маълумотларга кўра, 2011 йилнинг ўтган олти ойи мобайнида ўлим коэффициенти 4,8 промиллени ташкил қилган. Бу ўтган йил шу даврига нисбатан ўлим коэффициенти 0,2 промиллега ошганини англатади (2010 йилнинг биринчи ярим йиллигида ўлим коэффициенти, расмий маълумотларга кўра, 4,6 промиллени ташкил этган).

Ўлим ҳолатлари ҳақида сўз бораркан, ҳаёт билан видолашганларнинг 66,9 фоизи қон айланиш тизимига алоқадор иллатлар, 7,5 фоизи турли ўсимталар, 6,2 фоизи нафас олиш органлари касалликлари, 6,2 фоизи ошқозон-ичак касалликлари, 4,5 фоизи эса бахтсиз ҳодисалар, заҳарланганлик ва жароҳат олганлик туфайли ўлгани айтилади.

Айни пайтда жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда болалар ўлими 1,0 промиллега камайгани хабар қилинмоқда. Ўтган йилнинг шу даврида болалар ўлими коэффициенти 11,0 промиллени ташкил қилган бўлса, бу йилнинг январ-июн ойларида бу кўрсаткич 10,0 промиллени ташкил қилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2011 йилнинг биринчи ярмида 1 ёшгача бўлган чақалоқларда 3,1 минги ўлган. Уларнинг 49 фоизи ҳомила чоғида юзага келган ҳолатлар, 34,6 фоизи нафас олиш органлари касалликлари, 6,5 фоизи туғма иллатлар, 4,7 фоизи эса юқумли касалликлар туфайли яшаб қололмаган.

Шунингдек, расмий статистика маълумотларида Ўзбекистонда никоҳдан ўтиш ўтган йилдагига қараганда кўпайгани, ажралишлар эса камайгани қайд этилади. Хусусан, 2011 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистондаги Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари (ЗАГС) 113,6 жуфтликни никоҳдан ўтказган, 9 минг оила эса ажрашган. Бошқачароқ қилиб айтганда, ўтган олти ой ичида Ўзбекистонда ҳар минг кишига 8 никоҳ ва 0,6 ажралиш тўғри келган. Ўтган йилнинг шу даврида никоҳ бўйича мазкур кўрсаткич 7,9 ни, ажралиш бўйича кўрсаткич эса 0,7 ни ташкил қиларди.


 
OSIYODate: Shanba, 11/08/13, 5:52:00 AM | Message # 115
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 7146
Status:
Ислом Каримов КХШТ саммитига яна бормади

Таҳлилчилар фикрича, президент Каримов Остона саммитига келмай, МДҲ доирасидаги ташкилотларга совуқ муносабатини билдирди.
12-13 август кунлари Остонада Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммити бўлиб ўтмоқда.

Унга Арманистон, Россия, Қирғизистон, Тожикистон, Беларус ва Қозоғистон президентлари ташриф буюрган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов эса норасмий саммитда иштирок этишдан бош тортган. Бу ҳақда мухбирларга ташкилот Бош котиби Николай Бордюжа маълум қилди.

“У бир муддат аввал мажлисда иштирок этишга розилигини берган эди, лекин бир неча кун олдин бундан бош тортди”, деди Бордюжа.

Айни пайтда ўзбек расмий ахборот воситалари, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва президентнинг шахсий порталида КХШТ саммити борасида бирор маълумот берилмаган.

Ваҳоланки, саммитда Шимолий Африка, Яқин Шарқ, шунингдек, Қирғизистондаги вазият тўғрисида Россия Президенти Дмитрий Медведевнинг маърузаси муҳокама этилди.

Йиғинда Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон раҳбарлари Афғонистон ва Покистондаги толиб жанггариларининг Марказий Осиёдаги вазиятга таъсири тўғрисида фикрлашдилар.

Москвадаги Миллий стратегиялар институтининг халқаро лойиҳалар бўйича директори Юрий Солозобов "Қозоғистоннинг Марказий Осиё минтақасида амалда етакчиликни қўлга киритгани Ислом Каримовнинг КХШТга нисбатан “алоҳида муносабат”ини юзага келтирди", деган фикрда.

- Бу вазият, аниқроғи Остона ва Москванинг яқиндан ҳамкорлиги Ислом Каримовни жуда асаблантирмоқда. Чунки у ўзини Марказий Осиё лидери ва Россиянинг минтақадаги ягона ҳамкори, деган ҳаёллар билан юрган.Ўзбекистон ва МДҲ доирасидаги бошқа интеграция тизимларининг ўзаро муносабатларини олиб қарасак, “Мен бу ерда иштирок этаман, бу ерда иштирок этмайман”, деган ҳолатлар кўплигини кўрасиз. Москва Каримовни ишончли стратегик ҳамкор сифатида кўрмаслигини ҳисобга олиб, бу чиқишларни нисбатан босиқлик билан қабул қилиб келмоқда, - дейди Юрий Солозобов.

Сиёсий шарҳловчи Юрий Солозобов фикрига кўра, Беларус, Россия ва Қозоғистон иқтисодий интеграциясининг кучайиши ва Бож Иттифоқининг тузилиши Ўзбекистон президентининг МДҲ доирасидаги КХШТ ва бошқа тузилмаларига бўлган совуқ муносабатини янада оширди.

- Самарадорлиги нуқтаи назаридан бироз оқсаётганлигига қарамасдан, КХШТ МДҲ доирасида жуда зарурий ҳарбий тузилма ва Ўзбекистон президентисиз ҳам ўз фаолиятини бемалол давом эттиришга қурби етади,- дея қўшимча қилди Юрий Солозобов.

Ҳарбий таҳлилчи Алексадр Голц эса Ўзбекистон президентининг навбатдаги саммитни ҳам назарга илмагани КХШТнинг ҳарбий иттифоқ сифатида мутлақо самарасиз тузилмага айланиб бораётганидан дарак эканини айтади.

- КХШТнинг энг катта муаммоси шундаки, бу ҳарбий ттифоқ эмас, балки Россия ва алоҳида давлатлар ўртасида механик тарзда сунъий яратилган. Бу тузилмага аъзо давлатларнинг манфаатлари ва муносабатлари ҳам турлича. Масалан, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг ўзаро муносабатлари таранг ҳолатда, уларга НАТОга ўхшаш иттифоқ эмас, балки бир-биридан хавфсизликни таъминлаб берувчи ЕХҲТ каби тузилма даркор.

Айни пайтда, КХШТ Россия учун айрим ҳолларда жуда фойда келтириши мумкин. Мисол тариқасида, Америка ва НАТО қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетганидан кейин Россия хавфсизлиги катта муаммоларга юз тутиши мумкин, - дейди ҳарбий таҳлилчи Алексадр Голц.

Ислом Каримов кейинги пайтларда Ўзбекистон 2006 йил августида қайта қўшилган ташкилот саммитларида иштирок этмай келади.

Ўзбекистондан ташқари КХШТга Арманистон, Беларус, Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон аъзо бўлган.

Мазкур ҳарбий-сиёсий иттифоқ МДҲ давлатлари ўртасида 1992 йилда имзоланган Коллектив хавфсизлик шартномаси асосида тузилган.
 
DURDONDate: Yakshanba, 11/08/14, 9:57:03 AM | Message # 116
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status:
“Бу йил толкачларнинг ошиғи олчи бўлди”

Бугун ҳам Ўзбекистон олийгоҳлари чор-атрофи худди тест (2 август) куни каби гавжум бўлди.
14.08.2011
Басира
14 август куни Ўзбекистонда олий ўқув юртларига қабул имтиҳонларини топширган тест натижалари эълон қилинди.
Ўзбекистонлик абитуриент Сардорбек 2 август куни олийгоҳга тест имтиҳони топширган эди.

- 145 балл билан география факултетига бюджетга кирдим. Бешинчи ўринда кирдим, - дейди эндиликда талаба бўлган Сардорбек.

У 14 август куни олийгоҳга бориб, ўша ерда тест натижаларини билганини айтади.

Айни пайтда кузатувчи бўлган жиззахлик Жасурбекнинг айтишича, аксарият абитуриентлар SMS орқали қабул имтиҳон натижаларини аниқлашган.

- Бу йил асосан SMS орқали тест натижасини билишаяпти. 5151 рақамига абитуриент номерини жўнатасиз. Компаниядан сизга неча балл тўплаганингиз ҳақида батафсил маълумот келади. Узоқдан келиб топширганлар SMS жўнатиб, натижасини билишаяпти, шаҳарнинг ўзида турадиганлар бориб кўришаяпти, - дейди Жасурбек.

Давлат тест маркази сайтида ёзилишича, SMS орқали тест натижасини билиш абитуриентларга 0.75 центга тушган.

Жиззахлик Жасурбек бу йил олийгоҳларга топширган абитуриентлар орасида “толкач” усулидан кенг фойдаланилганини айтади:

- Энди бу йил республика институтларига ҳужжатларни 30 мингта бола кўп топширган эди. Шуни бошида тушунмаган эдим. 30 мингта одам кўп топширгани бу одамлар “толкач” экан. “Толкач” дегани сиз имтиҳонга кирганингизда, сизга жавобларни ишлаб берувчи одам. Бу йил кўпчилик “толкач” олиб кирган. Тошкентда “толкач” олиб кирганларнинг ҳаммаси, 100 фоиз ўқишга кирибди. Улар асосан контракт кирган. Вилоятдаги политехника, педагогика институтларига кириш учун “толкач” олиб кирганлар ҳаммаси 100 фоиз грантга кирибди. Аниқ билишимнинг сабаби - “толкач” олиб кирган ўртоқларим телефон қилишди, улар ҳаммаси бюджет кирди. Адашиб кира олмай қолгани ҳам йўқ, - дейди кузатувчи Жасурбек.

Унинг айтишича, “толкач”лар тест имтиҳонларига абитуриент билан бирга имтиҳон топширгани кирган ўқитувчилардир.

- “Толкач”лар талабалар эмас, балки ўқитувчилар, репетиторлар. Улар ҳам сиз билан бирга имтиҳонга тест топширади. Тест топширганидан кейин сиз билан бирга ўтиради, сизнинг тест варағингизни ечиб беради ва сиз ўқишга кириб кетасиз. “Толкач”нинг нархи политехника институтига 3 миллион сўм, педагогика институтига 4 миллион сўм, деб эшитдим. Асосий иккита фанни ечиб беради. Чунки улар ҳам баллни унчалик кўтариб юбормасликни билишади. Асосан 120-100 балл атрофида бўлади, - дейди жиззахлик Жасурбек.

Андижонлик Жаҳонгир бу йил 6 та абитуриентни олийгоҳларга кириш учун давлат тест имтиҳонларига тайёрлаган. Шулардан 5 нафари олийгоҳ талабалари бўлибди.

- Учтаси бюджетга кирди, иккитаси контрактга, - дейди Жаҳонгир.

Суҳбатдошимиз Жаҳонгир ҳам бу йил “толкач” усули иш берганини айтиб ўтди:

- Давлат грантининг 90 фоизини шу “толкач”лар эгаллаган. Бу ўзи аввалдан бор, 1999- 2000 йилларда пайдо бўлган. Ҳозир жуда оммалашган. Ҳатто қўлга тушганлар бўлган. Жиноий иш очилганлар ҳам бор. Кеча Жиззахга келаётганимизда тахминан 14 та домла тергов ишларига жалб қилинганини айтишди, - дейди Жаҳонгир.

2 август куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган тест синовларида 400 мингдан зиёд абитуриент 62 минг талаба ўрни учун имтиҳон топширган эди.

Ўзбекистонда олий ўқув юртларига қабул жараёни 1992 йилдан бошлаб тест синови асосида амалга оширилмоқда.

Синов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси қошидаги Давлат тест маркази томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.

Ўзбекистонда олий таълим тизими энг коррупциялашган тизимлардан саналади ва абитурентларни яширин йўллар билан, пора эвазига олий ўқув юртларига киритиш тизимлари шаклланган анъана экани айтилади.


ozodlik.org


 
OSIYODate: Chorshanba, 11/08/17, 5:31:39 AM | Message # 117
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 7146
Status:
Халққа қанақа байрам?

"Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган мухлисларимиз бугун гаплашиб олдими, ҳаммаси турмуш қийинчиликларидан шикоят қилди.
“Ҳаммаёқ дабдала бўлди”
дейди Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидан қўнғироқ қилган Неъматжон ака. Тингловчи туман бозорларида нарх-навонинг кўтарилиб бораётгани ва ижтимоий муаммолар ҳақида гапирди.

- Нарх-наво умуман осмонда. Гўштлар 15-20 минг, супермаркетларда 25 минг. Пиëз 1500 сўм, картошка 800-900 сўм. Экинлар қуриб ëтибди. Аҳвол вообше ëмон. Сув йўқ. Бу йил шундай аҳволга тушаяпти. Сув омборлари сувни бермай қўяяпти, уже. Одамлар қийналиб ëтибди. Ҳеч ким қарамайди.

Озодлик: Одамларнинг қийналиш даражасини қандай билса бўлади?

- Пахтада ғўзапоя учун ишлайдиганлар бор. Озгина буғдой беради. Буғдой ҳам бу йил хуржун бўлдию. Документда тўлди. Ўзи фактический йўқ.

Озодлик: Ғўзапоя учун ишлаяпти деганингизни қандай тушунса бўлади?

- Бир гектар ернинг ғўзапоясини олсам, тандирга ëқсам, қозон қайнатиб олсам дейди. Қишлоқларда шу аҳвол оғир умуман. Газ бермайди. Шералининг қўшиғи бор газини Уралга бериб тезак ëққан ўзбегим деган. Худди ўшалар қайтарилаяпти. Свет йўқ.

Озодлик: Сизларда энди одамлар жуда зич яшайди. Одамлар иш топиб ишлаяптими ëки Россияга кетганми?

- Россияга кетаяпти, Қозоғистонга кетаяпти, у ëқларга бориб ўлиги келаяпти. Алдаб олиб бориб, ишлатиб пулини бермасдан бир бало қилиб депортация қилиб жўнатиб дабдала бўлиб ëтибди ҳамма ëқ.

Озодлик: Мана мустақилликнинг 20 йиллик байрами бўлаяпти. Одамларда кайфият қандай?

- Байрам йўқ. Раҳбарларга байрам. Халққа қанақа байрам? Мустақил деган нарсани тушунмаймиз биз ўзи. Байрам бизда йўқ,- дейди андижонлик Неъмат ака.

“Қорақалпоқда ҳам ҳаёт оғир бўлиб боряпти”
дейди Қозоғистонда ишлаётган қорақалпоғистонлик меҳнат муҳожири Жолғаш.

- Мен Қорақалпоғистонданман. Қозоғистонда ишлаяпмиз. Қорақалпоқда аҳвол жуда оғир. Сув йўқ. Пенсия пластикда. Пластикка магазинларда нарса йўқ. У ҳам фоизга ўтиб кетган. Халққа умуман оғирда. Сизларнинг радиони тинглаймиз. Яхши передачангиз. Бўлади, молодец. Бизлар ҳам телефон қилиб аҳволимизни айтайлик дедикда. Раҳмат сизга ҳам.

Озодлик: Қозоғистонда иш борми?

- Иш бор. Шунинг орқасидан кун кўриб турибмиз. Қишлоқда иш йўқ.

Озодлик: Қорақалпоғистоннинг қайси районида яшайсизлар?

- Чимбойда. Заводларимизнинг ҳаммасини тўхтатиб ташлади. Ҳаëт оғир. Иш йўқ. Халқнинг келажакда ҳаëт кўриши қандай бўлади сув бермаса, иш бўлмаса, дейди чимбойлик суҳбатдош.

“Ўзбек ўзбекни талаяпти”
дейди Россиядаги наманганлик меҳнат муҳожири. Тингловчи ўзбекларнинг бир-бирига қайишиш ўрнига, бир-бирларини талаётганидан куйиниб гапиради.

- Мен Наманганданман. Исмим Аҳрор. Россияга келдим. Нима деса бўлади, одамга алам қиладида. Поездда келаяпмиз. Қозоғистонда турдик. Қозоқлар билан бирпас тортишдим. Битта ўзбек милиция келиб туриб “ҳей ўзбек” деяптида. Одамга алам қиладида. Қирғизистонда бўлдику уруш. "Нимага ўзбеклар ëрдамга келмайди? Ўзбексанку" дейди. “Ўзбек” деб қўяди менга. Жаҳлингиз чиқадида шунақаларни кўрганингизда. Бизнинг ўзбекларда бирлик йўқда. Шунга жоним чиқиб кетди. Ëрдам беришнинг ўрнига пул сўраяптида. Ўзбек бўлиб туриб пул сўраяпти. Мен бермадим пул. Мени поезддан тушириб қолишди. Мен ўзбекка бергандан кўра деб битта қозоққа пул бериб қайтадан ўтирдим поездга. Мени эшитаяпти ўша қозоғистонлик акалар, укалар. Органда ишлайдиган акалар борда. Акалар, бу нималар ўткинчи. Бизлар ўтиб кетаверамиз у ердан. Қозоқдан, нимадан қўрқадиган жойим йўқ. Асабингизни бузадида. Ўзингизники бўлиб туриб ўзингиздан пул сўраяпти. Тожик тожикни кўриб қолса Россияда, ëрдам беради. Бизникилар кўриб қолса, қаерликсан, қозоғистонлик ўзбекман, қаерликсан қирғизистонлик ўзбекман. Тавба қилдим. Ҳамманг бир миллатсанку. Жаҳлингиз чиқадида тўғрими ака, дейди Россиядаги наманганлик меҳнат муҳожири.

“Ўзбекни сўрайдиган борми?”
Қозоғистонда пулини миграция ходимларига олдириб, ўзи депортация бўлган самарқандлик Элнор Темиров, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси диққатини ўз ватандошларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратади.

- Қозоғистонга ишга борган эдик. Ишни тамом қилиб келаëтганимизда, миграционнийга тушдикда. Пулимизни ҳам олиб қўйди, депорт ҳам қилди. Олмаотада Карасайский районда Қорабоев Мақсад деган бола.

Озодлик: Сизлар ноқонуний тургансизларда-а?

- Бир ойликка қўйдирган эдик. Срогимиз тугагани ҳам йўқ эди. Разрешение работа йўқ эдида. Шундай бўлганда ҳам бизнинг пулимизни олиб қўйиш мумкин эмаску. Бизлар умумий уч киши эдик. Менда 300 доллар бор эди, танга билан 14 минг танга бор эди. Йўл пулига 100 долларни танга қилиб олган эдим. Олиб қўйди. Бир сўм қолдирмади. Бир опа бор экан посредник. Автобуслари бор экан. Тошкентда ишлаб бердик унга. 90 минг билан Олмаотадан Собир Раҳимовга келдикда. Шунга бир қизиқиб кўришнинг иложи борми? Пулимиз майли кетди Худо йўлига. 20 кун, бир ойдан бери ëтган ўзбеклар бор экан. Чиқишимиздан икки соат олдин шуларга овқат тарқатдикда бизлар. Биттаси 10 кун бўлди дейди, биттаси 22 кун бўлди дейди. Уларни ҳеч ким сўрамайдими, дейди самарқандлик Элнор Темиров.

“Қори акага раҳмат”
дейди шаҳрисабзлик тингловчи Аҳмад ака, дин уламоси Обидхон Назаровнинг Озодлик тингловчилари саволларига жавоб бергани учун.

- Ҳурматли Обидхон ака Назаров бир отахоннинг саволига жавоб бердилар. Қуръонда, шариатда мана 7, 40, йил маросимлари умуман динда кўрсатилмаганда. Мана шуни тўғри ўгит бериб, халққа тўғри тушунтирганлари учун Обидхон ака Назаровдан жуда миннатдормиз. Тани жонларини Оллоҳ доимо сиҳат қилсин. Минг афсуски, мана шундай олимлар ҳозир бизнинг ватанимиздан йироқда, дейди шаҳрисабзлик Аҳмад ака.
 
OSIYODate: Payshanba, 11/08/18, 2:30:05 AM | Message # 118
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 7146
Status:
Озодбек Назарбеков Швецияда концерт беради

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков Швецияда яшаётган ўзбеклар таклифига кўра, жорий йилнинг 4 сентябр куни Стокҳолм шаҳрида концерт беради.

Швецияда яшаётган беш мингга яқин ўзбеклар орасида Озодбек Назарбековнинг мухлислари анчагина, улар таклифига кўра хонанда концерт бериш учун Стокҳолмга келади.

Концерт ташкилотчиси, Швецияда яшаётган асли ўзбекистонлик Ҳанифа Мирзаевага кўра, Озодбек Назарбековнинг концертига ҳатто европаликлар ҳам қизиқиш билдираяпти.

- Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг концерти бўлиб ўтади. Концерт Стокҳолмда 4 сентябр куни соат 17.00да Colosseum ресторанида бўлиб ўтади.

Озодлик: Бу концерт ким томонидан ташкил қилинди?

- Концертни мен ўзим ташкил қилдим. Мен Европада ҳам Ўзбекистонни танишларини хоҳлаб, яхши ният билан ташкил қилдим.

Озодлик: Мухлислари кўпми Швецияда Озодбек Назарбековнинг?

- Мухлислари кўп. Худо хоҳласа, яхши бўлади деб умид қиламан. Бу ерда ўзбеклардан жуда ҳам кўп таниш-билишлар бор. Ўзимизнинг борди-келди дўстларимиз бор. Мен уларнинг маслаҳатларини олиб, таклифларига кўра, одам кўп бўлади деган мақсадда концертни ташкил қилдим. Бу ерда жуда кўп ўзбек яшайди. Менинг суриштирганим статистика бўйича ҳозир 5000 фуқаро бор экан Швецияда. Қанчаси легал нолегал эканлигини билмайман. Лекин 5000 нафари рўйхатдан ўтганлигини биламан. Улар орасида Озодбек Назарбековнинг мухлислари анчагина.

Озодлик: Швециялик маҳаллий аҳоли ҳам концертга иштиёқ билдираяптими?

- Билдиришаяпти. Кўпроқ Туркия давлатидан фуқаролар телефон қилиб қизиқишаяпти,- деди Ҳанифа Мирзаева.

ozodlik.org
 
OSIYODate: Payshanba, 11/08/18, 2:37:26 AM | Message # 119
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 7146
Status:
Ўзбекистон: сармоялар ҳажми ошмоқда, аҳоли даромадлари-чи?

Ўзбекистон ҳукумати жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакат иқтисодига киритилган сармоялар ҳажми ўтган йилгидан қарийб саккиз фоизга ошганини айтган.

Ҳукумат хабар агентликларининг Давлат Статистика Қўмитасидан иқтибос келтиришича, сармояларнинг умумий ҳажми 5 миллиард долларга яқинлашган.

Уларнинг ярмидан кўпроғини Ўзбекистондаги корхоналар ҳамда аҳоли маблағлари ташкил этади.

24 фоизга яқини эса хорижий сармоя ва қарзлар.

Иқтисодий шарҳловчи Анвар Ҳусайиновга кўра, Ўзбекистон иқтисодининг кўлами ва аҳоли сони ҳисобга олинса, бу рақамлар ҳақиқатдан узоқ бўлмаслиги мумкин.

Унинг айтишича, Россия ва Хитой ширкатлари Ўзбекистоннинг табиий бойликларига сармоялар киритишда давом этмоқда.

Унга кўра, Британиянинг Oxus Gold ширкати билан юз берган можаро хорижий сармоядорлар учун рискларни кўрсатиши мумкин, аммо бу алоҳида холат.

"Мен шу кеча-кундузда Ўзбекистонга сармоя олиб кираётган жуда кўп хориж ширкатларини биламан. Уларнинг кўпчилиги ҳукуматнинг кафолатлари остида ва яхши имтиёзлар билан фаолият олиб бораяпти", - дейди шарҳловчи.

Унинг фикрича, Давлат Статистика Қўмитаси берган аҳоли сармояларида хорижда ишлаётган ва камида 2 миллион деб ишониладиган меҳнат муҳожирларининг улуши катта бўлиши мумкин.

"Жойларда баланд-баланд иморатлар, уй-жойлар, қишлоқ худудларида йирик-йирик савдо мажмулари барпо этилмоқда. Уларнинг атрофида эса инфратузилма юзага келаяпти. Ҳақиқатан ҳам буларни кўрмаслик мумкин эмас", - дейди Анвар Ҳусайинов.

Аммо шу билан бирга у меҳнат муҳожирлари топган маблағларнинг ҳаммаси уй-жой ва савдо иншоотлари қурилишига сарфланаётганидан афсус билдиради.

"Улар узоқ муддатда фойда келтирмайди. Ҳукумат бу маблағларни тўғри соҳаларга йўналтирганида, улар жуда катта фойда келтириши мумкин эди", - дейди шарҳловчи.
 
DURDONDate: Payshanba, 11/08/18, 7:29:41 AM | Message # 120
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status:

Наманганда Елена Урлаева ушланди


Ўзбекистон расмийлари назарида "номақбул ишлар"га аралашиб турадиган ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева (ўртада) тез-тез ҳуқуқ-тартибот идоралари назарига тушиб туради.
18.08.2011
Басира
18 август куни Наманган шаҳрида тошкентлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева маҳаллий милиция ходимлари томонидан қўлга олинган.
Бу маълумотни Урлаеванинг ҳамкасби, тошкентлик мустақил ҳуқуқ фаоли Баҳодир Намозов тасдиқлади:

- Урлаева телефон қилиб, йиғламсираб гапира бошлади. “Мени шаҳар ИИБга олиб кетишди”, деди. У ерда навбатчи билан қолган экан, телефон қилмоқчи бўлганида, навбатчи телефонини олиб қўймоқчи бўлиб, бир-икки марта юзидан урган, - дейди ҳуқуқ фаоли Баҳодир Намозов.

Маълум бўлишича, 18 август куни Наманган жиноят ишлари бўйича шаҳар судида “ШарқТВ” телекомпаниясининг ходими Шоира Тўхтабоева ва унинг икки ҳамкасби Дилрабо Йўлдошева ва Баҳром Бадалшоевларнинг жиноят иши кўрилиши керак эди. Бу телекомпания ходимлари товламачиликда айбланаётгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди. Елена Урлаева мазкур суд жараёнини кузатиш учун Наманган шаҳрига борган.

- Суд ёпиқ тарзда ўтказиладиган бўлган, шу учун уни киргизишмаган. Елена ўша ерда пикет уюштиришга ҳаракат қилган, - дейди мустақил ҳуқуқ фаоли Баҳодир Намозов.

Баҳодир Намозов пикет уюштирмоқчи бўлган ҳуқуқ фаолини Наманган шаҳар Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳужжат текшириш баҳонасида ушлаб кетишганлигини қўшимча қилди.

Наманган шаҳар ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими 18 август куни эрталаб тошкентлик ҳуқуқ фаоли ушланганини тасдиқлади. Бироқ Озодлик билан тушдан кейин суҳбатлашган наманганлик милиционерга кўра, Елена Урлаева тез орада қўйиб юборилган. Шунингдек, Наманган шаҳар ички ишлар бошқармаси ходими ҳуқуқ фаолига нисбатан куч ишлатилганига оид маълумотни ҳам инкор этди.

- Нимага уради, опа? Аёл кишини ҳам урадими? Эркак бўлса ҳам майли эди. Ходимлар шу ерда ярим соат, йигирма минутча гаплашди. “Нима қилиб юрган эдингиз? Нима мақсадда келдингиз?” деб сўраган эди. Бақир-чақир қилиб, шаллақилик қилди. Кейин бошлиқ ўзи гаплашди. “Боринг, рухсат, кетинг” деди. У чиқиб кетди. Телефонини ҳақиқатдан бу ерда ходимлар суҳбатлашаётганида, олиб ўчириб қўйган эди, - деди Наманган шаҳар ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими.

Наманганлик милиционер билан суҳбатлашаётган пайтимизда Елена Урлаеванинг мобил телефони ўчирилган эди.

Ўзбекистон вақти билан соат 14.00 дан кейин ҳуқуқ фаоли Баҳодир Намозов билан боғланганимизда Елена Урлаеванинг ҳақиқатан Наманган шаҳар Ички ишлар бошқармасидан қўйиб юборилгани маълум бўлди.

- Еленани (Наманган) шаҳар ички ишлар бошқармасидан қўйиб юборишган. Полковник Раҳматуллаев деган одам билан мулоқотда бўлган. Қайтиб келаётганида Намангандан чиқиш жойидаги Чинор деган блок пост бор. Ўша ерда паспортини олиб қўйишибди. Чинор блокпостида катта машиналар, одамлар тўпланиб туришган экан. Еленанинг айтишича, бир ярим километрлик затор. Иссиқда ҳушидан кетган одамлар ҳам бор эмиш. Шуни расмга олган. Унинг расмга олганини кўриб қолишибди, - деди мустақил ҳуқуқ фаоли Баҳодир Намозов.

Айни пайтда Елена Урлаеванинг ўзи билан боғланишга уринишларимиз ҳали-ҳануз самара бермаяпти.

Мавзу тафсилотлари билан кун давомида танишасиз.


ozodlik.org


 
Search: