O'zbekiston Yangiliklari
|
|
OSIYO | Дата: Payshanba, 09-Iyun-2011, 16:34 | Сообщение # 16 |
 Peshqadam
Группа: Ishonchli
Сообщений: 7142
Статус: 
| Қозоғистон 29 қочқинни Ўзбекистонга топширди
9 июн куни Олмаота ҳибсхоналарида роппа-роса бир йилдан буён сақланиб келган 29 ўзбек қочқинларининг барчаси Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.
Олмаота ҳибсхоналарида бир йил давомида сақланган 29 нафар қочқин Ўзбекистонга бериб юборилди.
Бу ҳақда Озодликка Олмаота шаҳар прокурор ўринбосари Ташкенбай Абубакиров маълум қилди.
- Ўзбекистон бош прокуратурасининг сўровига кўра, Қозоғистон бош прокуратураси қочқинларни уларга топшириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу одамлар Ўзбекистон ҳудудида ўта оғир жиноятлар содир этганликда айбланган ва барчаси қидирувга берилган. Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида ўзаро келишув бор. Шунингдек, Минск конвенцияси ва бошқа халқаро ҳужжатларга кўра, бу одамлар Ўзбекистонга қайтарилди. Уларнинг айримлари БМТ томонидан берилган қочқинлик ҳужжатига эга эди. Шунинг учун уларга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судга апелляция тартибида мурожаат қилиш имкони берилди. Яқинда суд уларнинг ишини кўриб бўлди. Суд уларни экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарорни ўз кучида қолдирди ва уларга берилган қочқинлик мақоми қайтариб олинди. Энди улар Ўзбекистонга топширилди,- деди Олмаота шаҳар прокурори ўринбосари Ташкенбой Абубакиров.
9 июннинг иккинчи ярмида 12 нафар қочқин аёл эрларининг Ўзбекистонга бериб юборилганига норозилик билдириб, Олмаота шаҳар прокуратураси биносини пикет қилишди.
Ҳуқуқ фаоллари маълумотига кўра, пикет пайти аёлларга нисбатан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қўпол муносабатда бўлиб, аёллардан айримларини ҳибсга олган.
Олмаотадаги ўзбек қочқинларидан бири Умида Азимовага кўра, ҳибсга олинган қочқин аёллардан тўрт нафари ҳам Ўзбекистонга жўнатилган.
- Ҳозир мана қаранг тўртта аëлни олиб кетганда. Бу Ғуломова Ҳусния, Мўминова Адолат, Қодирова Гулнора ва Қобилова Феруза. Бу аëлларнинг боласи шу ерда қолиб кетган. Ҳозир Мўминова Адолат бизга қўл телефонидан телефон қилиб “Бизларни машинага ўтказиб Ўзбекистонга олиб кетаяпти” деб айтди. Уларни қанақадир РОВДга олиб кетганда. Энди у РОВДдан Ўзбекистонга олиб кетаëтган экан машинага ўтказиб,- деди Умида Азимова.
Ўзбекистонга топширилган 29 қочқиннинг Қозоғистонда оилалари қолди.
Эри Ўзбекистонга топширилган қочқин аёллардан бири, исмини ошкор қилмасликни сўраган ҳолда айтишича, у уч нафар ёш боласи билан саросима ва ваҳима ичида ўтирибди.
- Ҳаммасини бериб юборганини эшитдик. Билмадик энди. ДВДникининг ҳаммасини олиб чиқиб кетганини эшитдик эрталаб. КНБники ҳам свиданиега боришди аëллар. “Унақа одамлар йўқ бу ерда. Ҳаммасини бериб юбордик. Олиб кетишди. Кетди бу ердан” дебди. Ўзбекистонга бериб юборибди. Энди нима бўлади? Паспортимга депорт қилиш ҳақида муҳр босишган. Энди мени ҳам болаларим билан жўнатишса керак,- деди йиғи аралаш қочқин аёл.
Ҳозирда Олмаота ҳибсхоналарида яна уч нафар қочқин қолган. Уларнинг маҳкама жараёни охирига етмагани боис Ўзбекистонга топширилмагани айтилмоқда.
Қозоғистоннинг қийноқлар эҳтимоли борлигини била туриб, 29 қочқинни Ўзбекистонга топширганини халқаро ташкилотлар кескин қораламоқда.
Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Вероника Голдстон буни ноинсоний ҳаракат дея атади.
- Афсуски Қозоғистон ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга зид тарзда қочқинларни бериб юбораётгани биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Қочқинларнинг Қозоғистондан Ўзбекистонга депортация қилиниши бу инсоний фожиадир. Эндиликда БМТ Қочқинлар идораси каби халқаро гуруҳлар ва Европа ҳамда АҚШ ҳукуматлари зудликда ҳаракат қилиб, Халқаро Қизил Хоч ташкилоти ходимларининг улар ёнига киритилишига эришишлари керак бўлади,- дейди Голдстон.
Халқаро Амнистия ташкилотининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Майси Уайшердинг Қозоғистонни халқаро мажбуриятларга зид ҳаракат қилганликда айблайди.
- Бу ўта хавотирлидир ва икки кун муқаддам ҳам биз Қозоғистон ҳукуматидан бу одамларни Ўзбекистонга жўнатишдан мутлақо тийилишни сўраган эдик. Бу Қозоғистонинг жамики халқаро мажбуриятларига зиддир. Шунингдек, БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси ҳам бу шахсларга оид ишни текшириб чиққинга қадар уларнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилинмаслигини сўраган эди. Бу шахсларнинг ўз юртида қийноқларга солиниши мумкинлиги ҳақидаги хавотир ва огоҳлантирувларга қарамай Қозоғистон ҳукуматининг уларни яна қийноққа қайтаришга қарор қилгани бизни қаттиқ хавотирга солмоқда,- дейди Ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Майси Уайшердинг.
Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассосиацияси раҳбари Надежда Атаева ҳам 29 қочқиннинг Ўзбекистонга экстрадиция қилинганини кескин қоралаб, Қозоғистоннинг бу ҳаракати учун унга қарши халқаро миқёсда бирлашиб, норозилик акцияси бошлашга чақиради.
- Биз Қозоғистон ҳалқаро мажбуриятларини намойишкорона равишда бузаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Қозоғистон ўз зиммасига олган мажбурияларга зид равишда 29 қочқинни Ўзбекистонга экстрадиция қилди. 29 қочқиннинг барчаси халқаро ҳимояга олинган. Уларнинг аризалари БМТнинг қийноқларга қарши кураш қўмитаси томонидан рўйхатга олинган. Уларнинг аризалари ўрганилаётган пайтда қочқинларни Ўзбекистонга топширишга ҳаққи йўқ. Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам равишда қўлланиши бугун барчага маълум. Шуни била туриб Қозоғистон қочқинларни Ўзбекистон қўлига топшириши умуман ҳайратланарли. Шунинг учун бутун дунёдаги жамоатчилик ташкилотларини бирлашиб, Қозоғистон ўз мабуриятларини бузгани учун норозилик акциялари ўтказишга чақираман,- дейди Надежда Атаева.
Қозоғистонлик ҳуқуқ фаолларига кўра, расмий Остона кейинги тўққиз ой ичида 29 қочқиндан ташқари яна тўрт ўзбек қочқини Ўзбекистонга экстрадиция қилган эди.
Ўтган йилнинг 30 октябр куни Қозоғистон Ўзбекистонга экстрадиция қилган Тожикистон фуқароси 36 ёшли Умарали Абдураҳмонов жорий йилнинг бошида амнистияга тушмаслик шарти билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Ўзбекистонга экстрадиция қилинган бошқа уч қочқиннинг тақдири ҳозирча номаълум.
Олмаота ҳибсхоналарида бир йил давомида ушлаб турилган 29 қочқин ўтган йилнинг 9 июнидан 11 июнигача Олмаота шаҳрида ўтказилган “Мигрант” рейди чоғида қозоқ полициячилари ва махфий хизмат ходимлари томонидан қўлга олинган эди.
Ўзбекистон Бош прокуратураси бу қочқинларни оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганликда айблаб, уларнинг ўз ихтиëрига берилишини сўраган.
Олмаота шаҳар Миграция департаменти ўтган йили Қозоғистон жанубий пойтахтидаги икки ҳибсхонада сақланаётган ўзбекистонликларнинг бошпана изловчи шахс мақомини бериш бўйича илтимосини рад этди. Ўзбек қочқинларининг мазкур қарори юзасидан шикоят аризаси 2010 йил сўнггида Олмали туман суди томонидан ҳам, жорий йил бошида Олмаота шаҳар суди томонидан ҳам рад этилди.
2010 йилнинг 8 сентябр куни Олмаота шаҳар прокурорининг ёрдамчиси Ташкенбай Аубакиров Қозоғистон Бош прокуратураси ҳибсхонадаги ўзбек қочқинларини Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида қарор чиқарганини билдирган эди.
Март ойида Олмали туман суди Қозоғистон Бош прокуратурасининг 32 ўзбек қочқинини Ўзбекистонга экстрадиция қилиш бўйича қарорини қонуний деб топди.
14 апрел куни куни ўтган маҳкамада Олмаота шаҳар суди судяси Ермахан Дилдабаев Олмали туман судининг мазкур қарорини тўғри деб топиб, уни ўз кучида қолдирди.
9 июн куни эса 29 қочқин Ўзбекистонга топширилди.
|
|
| |
OSIYO | Дата: Juma, 10-Iyun-2011, 07:50 | Сообщение # 17 |
 Peshqadam
Группа: Ishonchli
Сообщений: 7142
Статус: 
| Олий суд НRW ташкилотининг Тошкентдаги идорасини тугатиш ҳақида қарор қабул қилди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича нуфузли Нuman Rights Watch халқаро ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасини ёпиш бўйича даъво аризаси Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан 2010 йилнинг декабр ойида киритилган эди.
Ўзбекистон Олий судида ташкилот ҳуқуқларини ҳимоя қилган адвокат Сергей Майоровга кўра, 9 июн кундузги соат 3 бўлиб ўтган қисқагина маҳкама чоғида Адлия вазирлиги даъвоси қондирилган ва Нuman Rights Watch халқаро ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Маҳкамада Тошкентдаги хориж элчихоналари ва дипломатик корпуси вакиллари ҳам иштирок этган.
Бунга қадар 3 июн кунига белгиланган дастлабки суд мажлиси 13 июнга қолдирилган эди.
Ўшанда суд мажлисига қўйилмаган ўзбекистонлик ўнлаб инсон ҳуқуқлари фаоллари Олий суд биноси ёнига йиғилиб, маҳкаманинг очиқ ўтиши ва унга жамоатчилик вакиллари киритилишини талаб қилган эдилар.
Сергей Майровога кўра, шундай шовқин-суронлар остида қолдирилган суд мажлисининг 9 июн кундузги соат 3 га кўчирилгани ҳақидаги хабар телеграмма кўринишида 9 июн куни кундузги соат 12 ларда унинг ишхонасига келиб тушган.
- Телеграммада суд мажлиси 13 июндан 9 июнга кўчирилгани айтилган ва мен судга таклиф қилинган эдим.
Озодлик: Агар сиз идорада бўлмаганингизда суд мажлисидан бехабар қолишингиз мумкинмиди?
- Йўқ, улар менинг мобил ва идорадаги телефонимга ҳам бир неча бор қўнғироқ қилишди. Яъни, улар менинг судда иштирок этишимни астойдил ҳоҳлаганини билдиришди.
Озодлик: Сергей, нега суд мажлисини бошқа кунга кўчиришди?
- Бунинг сабабини изоҳлашга улар мажбур эмас. Аммо, менимча ортиқча шовқин-сурон ва тўпалонсиз ўтказишни, мажлисдан ҳуқуқ фаолларининг бехабар қолишини исташган бўлса керак, дейди Ўзбекистон Олий судида НRW ташкилоти ҳуқуқларини ҳимоя қилган адвокат Сергей Майоров.
Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари муовини Рэйчел ДенберЎзбекистон судининг бу мазмундаги қарори кутилгани ва бу қарорни халқаро ҳуқуқий меёрларга зид, деб ҳисоблашини айтди.
- Ўзбекистон ҳукумати анча вақтдан бери НRW ташкилотининг Ўзбекистонда ишлашини истамаётганини ўз ҳаракатлари билан билдириб келаётган эди. Биринчидан, улар бизнинг вакилларимизни ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этди ва натижада, бизни идорамизни ёпишга мажбур қилишди.
Бундан ташқари, бизга суд мажлисида иштирок этиш имконини ҳам беришмади. Бутун бошли жараённинг ўзи мутлақо мантиқсиз бўлди ва ўйлайманки, Ўзбекистон ҳукумати идорамизни ёпиш ҳақида анча вақт олдин қарор қабул қилиб бўлган эди. Шунинг учун Олий суднинг бу мазмундаги қарори биз учун кутилмаган бўлмади, дейди НRW ташкилоти вакили Рэйчел Денбер.
Ташкилотнинг Ўзбекистонга оид бундан кейинги фаолияти ҳақидаги саволга эса Дэнбер: "Тошкентнинг қарори бизни ҳаракатдан тўхтата олмайди", деб жавоб берди.
- Мана қанча вақтдан буён идорамиз ёпиқ. Де-факто биз Ўзбекистон ичида ишламаяпмиз. Аммо, бу вақт оралиғида бизнинг Ўзбекистонга оид тадқиқотларимиз, суриштирувларимиз тўхтагани йўқ. 2005 йилдан сўнг биз Ўзбекистонга оид кўплаб ҳисобот ва маълумотларни чоп этдик.
Дунёдаги ёпиқ давлат биргина Ўзбекистон эмас. Худди бошқа давлатларда бўлгани каби бундан сўнг ҳам айни руҳ ва суръатда ишни давом эттираверамиз, деди НRW ташкилотининг ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари муовини Рэйчел Денбер.
Human Rights Watchнинг Тошкентдаги ваколатхонаси 1996 йилда очилган ва шундан сўнг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини кузатиб, таҳлил қилиб борган эди.
2005 йил Андижон воқеаларидан кейин расмий Тошкент бу ташкилот фаолиятига ўта тоқатсиз бўлди ва ташкилотнинг икки вакили Олег Воронцов ва Стив Свердловга акредитация бермади.
2010 йилнинг декабр ойида эса Адлия вазирлиги ваколатхонани ёпиш тўғрисидаги ариза билан Олий судга мурожаат қилди ва бу ҳақдаги хабарни 2011 йил март ойига келибгина Human Rights Watch ташкилотига маълум қилган эди.
|
|
| |
OSIYO | Дата: Dushanba, 13-Iyun-2011, 00:54 | Сообщение # 18 |
 Peshqadam
Группа: Ishonchli
Сообщений: 7142
Статус: 
| Россия президенти Ўзбекистонга келади
Россия президенти Дмитрий Медведевнинг ташрифи Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримовнинг таклифига кўра амалга ошмоқда.
Россия президенти Ўзбекистонга ташриф давомида икки давлат ўртасида ҳамкорлигини кенгайтириш, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилиши кутилмоқда.
Россия Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади.
UzDaily.uz нашри маълумотига кўра, ўтган йил Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш 55,9 фоизга кўпайиб, 2010 йил биринчи чорагида 823,3 миллион АҚШ долларини ташкил қилган.
Жорий йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 1 миллиард 284 миллион долларга етган.
2011 йилнинг январ-март ойларида Ўзбекистон ташқи савдосидаги Россиянинг улуши 22,4 фоизни ташкил қилган.
Ўзбекистон ТИВ маълумотига асосланиб Регнум ахборот агентлигининг билдиришича, Россия Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида биринчи ўринда туради.
2010 йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажми 6 миллиард 377 миллион АҚШ долларини ташкил қилган.
Икки давлат ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорлик 2004 йилда имзоланган Стратегик ҳамкорлик ҳақидаги ҳамда 2005 йилда имзоланган Иттифоқчилик тўғрисидаги келишувлар асосида ривожланмоқда.
Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев 10 июн куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида қабул қилинди.
Ахборот агентликлари хабарига кўра, мулоқот чоғида Россия Федерацияси президентининг ташрифи билан боғлиқ масалалар, шунингдек, халқаро мавзудаги долзарб масалалар муҳокама қилинган.
Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2010 йилнинг 19-20 апрел кунлари Россияга расмий ташриф билан борди. Сўнгги 5-6 йил давомида Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари олий даражада 20 дан зиёд учрашувлар ўтказганлар.
Тошкентга ташрифидан сўнг Россия президенти Дмитрий Медведев Қозоғистон пойтахтида 15 июн куни бошланадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари саммитида иштирок этиш учун Остонага жўнаб кетади
|
|
| |
OSIYO | Дата: Dushanba, 13-Iyun-2011, 08:36 | Сообщение # 19 |
 Peshqadam
Группа: Ishonchli
Сообщений: 7142
Статус: 
| Экстрадиция қилган 29 қочқин Ўзбекистон ИИВда экани айтилмоқда Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 29 қочқин, яқинларидан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида сақланмоқда.
Шу йил 9 июн куни Ўзбекистонга бериб юборилган 29 ўзбек қочқинидан биринг рафиқаси Умиданинг Озодликка айтишича, экстрадиция қилинганлар Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳибсхонасида сақланмоқда.
- Бугун менинг уйимдагилар хабар беришди. Бугун менинг турмуш ўртоғимини топишибди. Ҳозир МВДда экан. Озиқ-овқат олиб боришган эмиш. У озиқ-овқат қўлларига етиказиладими, йўқми унисини билмайман. Ҳозир аҳволларидан ҳам хабарим йўқ,- дейди турмуш Умида.
Шунингдек, бу аёл қочқинларнинг Ўзбекистондаги яқинлари қаттиқ босим остида экани ва ҳаттоки Олмаотада юрган қочқинлар билан мулоқотдан ҳам чўчишаётганини айтади.
Бундан тагқари Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ихтиёрига топширилган қочқинлар рўйхати ҳам номаълум қолмоқда.
- 29 қочқин бериб юборилгани ҳақида ёзма жавоб бор, лекин уларнинг рўйхати йўқ,- дейди Олмаотада қолаётган Умида.
10 июн куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотга кўра, Ўзбекистон томони экстрадиция қилинган қочқинларнинг ҳуқуқлари кафолатланишини ваъда қилганини билдирган эди.
"Ўзбекистон томони "Қизил хоч", Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва қатор бошқа халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилот жазони ижро этиш муассасаларига бемалол кириб чиқиш имконига эга ва уларнинг (экстрадиция қилинган қочқинларнинг-таҳр.) ҳуқуқлари таъминланишини мониторинг қилишлари мумкинлигини ваъда қилди", дея таъкидлаган эди Қозоғистон ТИВ матбуот вакили Ильяс Умаров.
Аммо, 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг барчаси Ўзбекистондан ҳайдалган ва Ўзбекистонда расман ишлаш имкони берилган "Қизил хоч ва қизил яримой жамияти" ҳам жазони ижро этиш муассасаларига бемалол кириб чиқа олмаслиги мунтазам таъкидлаб келинади.
Шундай оғир вазиятда Ўзбекистонда ишлаб келаётган Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сураът Икромов Қозоғистондан экстрадиция қилинган 29 ўзбек қочқини ҳақида расмий идоралардан маълумот олишга уринаётганини айтар экан, бу қочқинлардан бир нечасининг оиласи кўмак сўраб, унинг ташкилотига мурожаат қилганини айтди.
Унга кўра, кўпчилик оилалар ҳануз ўз яқинларининг қаерда сақланаётгани ва уларнинг аҳволи ҳақида аниқ маълумотга эга эмас.
Айни кезда Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 29 ўзбек қочқинининг Олмаотадаги оила-аъзоларининг мақоми ҳам ҳануз ноаниқлигича қолмоқда.
Турмуш ўртоқлари 9 июн куни қонунга зид равишда Ўзбекистонга бериб юборилганидан сўнг ўзи учун ҳуқуқий ҳимоя излаган қочқин аёллар Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан жавоб ололмаганидан сўнг БМТнинг Олмаотадаги ваколатхонасига мурожаат қилганини айтмоқда.
Умиданинг сўзларига кўра, бу идора ходимлари ҳам ҳимоясиз аёлларнинг саволларига аниқ жавоб бермаган.
- “Бизларнинг мақомимиз қандай? Сизлар бизларни ҳимоянглар остига оласизларми?” деб савол бердим. “Сизлар бошпана изловчи шахс мақомидасизлар”, деди. Кейин “Бизларга бошпана изловчи, деган қоғоз берасизми?” десам, “Данний момент, сизларга ҳеч қанақа қоғоз бера олмаймиз. Лекин сизлар бемалол яшайверинглар”, дейди. “Сизлар бизларни ҳимоя қиласизларми?” деб бир неча маротаба сўрасам, “Мен бу саволингга жавоб бера олмайман. Мен сенга яна қайтараман, сизлар Қозоғистон территориясида бемалол яшашинглар мумкин” деди, - дейди ҳозир Олмаотада ёш болалари билан ҳимоясиз қолган ўзбекистонлик қочқин аёл Умида.
Ҳозирга қадар олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистонга экстрадиция қилиб юборилган ўзбекистонлик қочқинларнинг бу шаҳарда қолган оила-азолари сони 50дан ортиқдир.
Бу қочқинларнинг аксариятини ёши 2-3 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар ташкил қилади ва уларнинг аксариятида Қозоғистонда яшаш учун рухсат берилган рўйхатга олиш муддати якунига етган.
Аёллар бу муддатни узайтириш учун дастлаб қилинган мурожаатлари қондирилмагани, эндиликда эса улар мамлакатда туриш тартиб-қоидасини бузганликда айбланаётганини айтмоқда.
9 июн куни Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 29 ўзбек қочқинидан биринг рафиқаси бўлган Умида 4 ёш гўдаги билан Олмаота шаҳрида ҳимоясиз қолган ва айни кезда Ўзбекистонда ноқонуний бериб юборилган қочқинларнинг у каби ҳимоясиз қолган аёллари, фарзандлари энг биринчи навбатда моддий ва шунингдек, ҳуқуқий ёрдамга жуда муҳтож эканини айтмоқда.
Умиданинг айтишича, турмуш ўртоқлари ҳибсга олинганидан сўнг бу қочқин оилаларга ижарага уй берган қозоғистонликларинг айримлари ҳимоясиз аёлларни ижрадан чиқариб юборгани ҳам айтилмоқда.
|
|
| |
OSIYO | Дата: Dushanba, 13-Iyun-2011, 09:37 | Сообщение # 20 |
 Peshqadam
Группа: Ishonchli
Сообщений: 7142
Статус: 
| Тожикистон чегарачиси Ўзбекистонга куч билан олиб кетилгани айтилмоқда Тожикистон Чегара қўшинлари Бош бошқармаси тожик чегарачиси қурол билан Ўзбекистон чегарасини бузиб кирганига оид айбловларни инкор қилди.
Бундан аввал Ўзбекистон Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси 7 июн куни Тожикистон чегарачиси қурол билан Ўзбекистон чегарасини бузиб киргани ва ўзбек чегарачилари қуролини тортиб олишга урингани ҳақида баёнот берган эди.
“Чегара қўшинларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчи Жаҳонгир Бахтиёр қўшни давлат чегарачилари ҳужумига учраган, қуролсизлантирилган ва куч билан Ўзбекистонга олиб кетилган”, дейилади CA-News нашри Тожикистон Чегара қўшинлари бош бошқармасининг Ўзбекистон айбловига жавобан берган баёнотидан келтирган иқтибосда.
Тожикистон томонига кўра, 7 июн куни тожик ҳарбий хизматчиси чегара чизиғидан белгиланган тартибга мувофиқ 450 метр нарида хизмат бурчини бажараётган кезда қонунга зид равишда куч билан Ўзбекистонга олиб кетилган ва кейинчалик музокаралар натижасида ўз хизмат жойига қайтарилган.
|
|
| |
OSIYO | Дата: Chorshanba, 15-Iyun-2011, 02:48 | Сообщение # 21 |
 Peshqadam
Группа: Ishonchli
Сообщений: 7142
Статус: 
| АҚШ Ўзбекистонда ҲРУ фаолияти тўхтатилганидан таассуф билдирди
АҚШ ҳукумати Ўзбекистон Олий суди Ҳюман райтс уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасини ёпиш ҳақида чиқарган қарори хусусида ташвиш билдирди.
АҚШ Давлат департаменти эълон қилган баёнотда матбуот котиби Марк Тонер ҲРУ каби халқаро ноҳукумат ташкилотлари “дунёда муҳим рол ўйнаши” ва ҲРУ Ўзбекистонда ўз фаолиятини давом эттира олмаслигидан Вашингтон афсусланишини баён қилган.
Ўзбекистон Олий суди ўтган ҳафта чиқарган қароридан кейин ҲРУ эълон қилган баёнотда Ўзбекистон ҳукумати мустақил фуқаролик жамияти ишларига аралашишда давом этаётгани ва фаоллар камситилаётгани билдирилган.
|
|
| |
OSIYO | Дата: Chorshanba, 15-Iyun-2011, 02:49 | Сообщение # 22 |
 Peshqadam
Группа: Ishonchli
Сообщений: 7142
Статус: 
| Бердиев Озарбайжон Бош вазири билан учрашди Ўзбекистон мудофаа вазири Қобул Бердиев 14 июн куни Бокуда Озарбайжон Бош вазири Артур Расизода билан учрашди.
Озарбайжондаги ахборот агентликлари хабарига кўра, сўзлашув чоғида икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг ҳозирги аҳволи ва истиқболлари муҳокама қилинган.
Расизода Озарбайжон ва Ўзбекистон ҳамкорлиги барча соҳалар, жумладан, мудофаа соҳасида ҳам юқори даражада ривожланиши муҳим эканини таъкидлаган.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можаросига тўхталган Артур Расизода бу можаро фақат Озарбайжон ҳудуди яхлитлиги асосида ҳал бўлиши мумкинлигини алоҳида таъкидлаган.
Ўзбекистон мудофаа вазири Ўзбекистон бу масалада Озарбайжон позициясини қўллаб-қувватлашини баён қилган.
|
|
| |
OSIYO | Дата: Chorshanba, 15-Iyun-2011, 02:50 | Сообщение # 23 |
 Peshqadam
Группа: Ishonchli
Сообщений: 7142
Статус: 
| Ўзбекистон раҳбари Қозоғистон пойтахтига келди Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар давлат раҳбарлари кенгашининг олий даражали учрашувида иштирок этиш учун Қозоғистон пойтахти Остонага келди.
Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон аъзо бўлган ШҲТ тузилганига 15 июн куни 10 йил тўлди.
Юбилей саммитида, ташкилотда кузатувчи мақомига эга бўлган Эрон ва Покистон президентлари Маҳмуд Аҳмадийнажод ва Осиф Али Зардорий ҳам иштирок этади.
Афғонистон президенти Ҳамид Карзай саммитда меҳмон сифатида иштирок этади.
Расмийларга кўра, давлат раҳбарлари ялпи мажлисдан ташқари ўзаро икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказади.
|
|
| |
OSIYO | Дата: Chorshanba, 15-Iyun-2011, 02:55 | Сообщение # 24 |
 Peshqadam
Группа: Ishonchli
Сообщений: 7142
Статус: 
| Ўзбекистон ва Россия раҳбарларини 'Араб баҳори ташвишлантирган' Россия Президенти расмий Интернет саҳифасига кўра, Президент Дмитрий Медведев билан Президент Ислом Каримовнинг Тошкентдаги музокаралари тўрт соат давом этган.
Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари Яқин Шарқдаги сингари ҳодисалар ривожи борасида ўртада ўзаро муҳокамалар зарурлигини таъкидлаганлар.
"...Ишончим комил, Ўзбекистонда хавфсизликни, минтақада барқарорликни таъминлаш нуқтаи назаридан юз бераётган ҳамма нарса, бугун Шимолий Африкада, Яқин Шарқда юз бераётган ҳамма нарса, Афғонистонда юзага келаётган вазият - булар ҳаммаси, авваламбор бизнинг умумий мавқеимизни ишлаб чиқиш, аҳвол бўйича очиқ фикрлар алмашиш ва яқин орада ҳал қилиш лозим бўлган масалалар нуқтаи назаридан Россияни ҳам, Ўзбекистонни ҳам ўйлантирмаслиги мумкин эмас", деб айтган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов.
Россия Президенти Дмитрий Медведевга кўра, Яқин Шарқдагига ўхшаш ҳодисаларнинг тушунарли сценарийда ривожланишини хоҳлашади.
"...Халқаро проблематикага келганда, сиз мутлақо ҳақсиз, чиндан ҳам дунё жиддий синовлар билан юзма-юз келиб турибди. Бу йил "Араб баҳори" деб аталган воқеалардан бошланди, у Араб шарқида, шунингдек, Африка шимолида буткул янги вазиятни пайдо қилди. У ерда юз берган нарсаларнинг халқаро таъсири анча узоқ вақтга чўзилиши эҳтимоли бор. Шубҳасиз, биз бу каби ҳодисаларнинг тушунарли ва биз учун башорат қилиш мумкин бўлган сценарийда ривожланишидан манфаатдормиз. Чунки бу давлатлар билан бизни кўплаб кўзга кўринмас иплар боғлаб туради. Бу фақат иқтисодий муносабатлар, савдо муносабатлари эмас, балки кўплаб гуманитар ва маданий алоқалардир. Улар анча ижобий бўлиши ҳам мумкин, анча мураккаб, баъзан ҳатто қўпорувчи характерга эга бўлиши ҳам мумкин", дея Россия Президенти Дмитрий Медведевдан иқтибос келтирган Kremlin.ru веб-сайти.
Аксар кузатувчилар Президент Ислом Каримов таклифи билан амалга ошган Президент Дмитрий Медведевнинг Ўзбекистонга ишчи сафарини Араб мамлакатларида узоқ йиллар ҳукмронлик қилган раҳбарлар ўзгаришига олиб келган вазият билан боғладилар.
"Ҳозир Каримов Ислом дунёсида юз берган инқилоблардан жиддий ташвишланган, унга дастаклов керак. Ва у бу дастакловни фақат Шанхай Ҳамкорлик ташкилотидаги иттифоқчиларидан олиши мумкинлигини жуда яхши англайди", деган Fergana.ru интернет-портали бош муҳаррири Даниил Кислов Би-би-си Рус хизмати билан суҳбатда.
Даниил Кислов фикрича, Медведевнинг ишчи ташрифи Россия Ўзбекистонни ташлаб қўймаслигини намойиш этиш мақсадидаги ташрифдир.
Россиялик журналистларнинг маълум қилишларича, Ўзбекистон томони Россия президентига Москвада аккредитациядан ўтган жаҳон ахборот агентликлари мухбирларининг ҳамроҳлик қилмасликларини сўраган, Дмитрий Медведев ташрифини ёритиш учун Россиядаги телеканалларнинг бир неча ходими Ўзбекистонга борган.
Тошкентдаги учрашувдан кейин Россия ва Ўзбекистон президентлари Қозоғистон пойтахти Остонага етиб борганлар.
15 июн куни Қозоғистон пойтахтида Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг саммити режаланган.
|
|
| |
OSIYO | Дата: Chorshanba, 15-Iyun-2011, 15:40 | Сообщение # 25 |
 Peshqadam
Группа: Ishonchli
Сообщений: 7142
Статус: 
| Тошкентда битирувчи талабаларга "диплом ювиш" ман этилди
Тошкентда олий ўқув юртларини битираётган талабаларга битирув кечалари, диплом тўйларини ўтказиш ман этилди.
Пойтахтдаги “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳокими олий ўқув юртлари ректорларига бу ҳақда махсус буйруқ жўнатган.
Ҳужжатда жамоат тартибини сақлаш мақсадида шундай чорага қўл урилаётгани айтилади.
Буйруқ бажарилишини таъминлаш факультетлар деканлари зиммасига юклатилган.
Тартибни бузувчилар қонунда кўзда тутилганидек жавобгарликка тортилиши айтилади.
Шунингдек, бу йил битирув имтихонлари ҳам одатдагидан бир ой олдин ўтказилди.
Ўзбекистон олийгоҳларида давлат имтиҳонлари одатда июн ойида бошланиб¸ диплом ҳимоялари июл ўрталарига қадар давом этар эди.
Аммо бу йил Тошкентдаги талабалардан давлат имтиҳонлари ва диплом ҳимояларини июнга қадар тугатиб¸ вилоятдан келганлардан 10 июнга қадар пойтахтдан чиқиб кетиш сўралди.
|
|
| |
OSIYO | Дата: Payshanba, 16-Iyun-2011, 00:06 | Сообщение # 26 |
 Peshqadam
Группа: Ishonchli
Сообщений: 7142
Статус: 
| Тошкентда шакар тортилди
Сўнгги бир ҳафта мобайнида пойтахт озиқ-овқат дўконларида шакар камайиб кетди. Бир килограмм шакарнинг нархи қарийб 5 минг сўмга чиқди. Айни пишиқчилик пайти, мураббо ва консервалар ёпиладиган мавсумда шакар нархининг ошиб кетиши аҳоли орасида норозилик уйғотмоқда.
Ўтган бир ҳафта давомида Тошкентдаги озиқ-овқат дўконларида шакар кескин камайиб кетди, дейди тошкентлик Абдуғофир Раззоқов.
- Кеча бир қўшним олча сотиб олибди, мураббо қиламан деб. Кейин шакар тополмай, қайтариб сотувчига олиб бориб берди,- дейди Абдуғофир Раззоқов.
Бир ҳафта ичида шаҳардаги дўконлардан шакар йўқолди, борларида ҳам нархи 5000 сўмга чиқиб кетди, дея қўшимча қилади у.
Давлат курси бўйича бир килограмм шакар нархи 3 долларга яқинлашди ва Ўзбекистонда бу рекорда кўрсаткич бўлди.
Тошкентлик Абдуғофир Раззоқовга кўра, 15 июнь куни шаҳардаги бир қанча дўконларда шакар пайдо бўлган, бироқ ҳар бир кишига 5 килогарммдан ортиқ сотилмаяпти:
- Чорсу бозорида кўрдим. Оптовийда учта жойда сотаяпти. Офтоб қиздириб ётибди. Ўша ҳолатда одамлар икки-уч соат навбатда туриб, шакар олишаяпти. 3500 сўмдан. Кейин Зарқайнар тарафга ўтдим. У ерда ҳам ичкарида шакар сотаëтган экан, очеред. У ерда навбат учун карточка олиш керак экан. Карточка олиш учун ташқарида аëллар 40-50 тагача очеред. У ерда пойлаб туриш керак экан икки соатча. Списка ҳам қилиб қўйишган экан. Ўша списка бўйича ичкаридан карточка олиб чиқиб бераяпти биттаси.
Кейин ичкарига кириб яна очередга туриб олишаяпти. Уни 3340 сўм дейишди. Бир хил жойлардан сўрасам шакарларни 4700гача деганлари бор. Ўртача 4000 сўм. Бемалолроқ оламан деса, 4000 сўмга ҳам топади. Очеред 3500 сўм. 5 килодан лимит қилиб қўйилган,- дейди тошкентлик Абдуғофир Раззоқов.
“Ўзбексавдо” давлат ширкатининг ўзини таништирмаган расмийсига кўра, Тошкентда шакар камаймаган, фақат ҳозир консерва мавсуми бўлганлиги учун унга талаб кўпайган. Мулозимнинг айтишича, ҳозирда Хоразмдаги заводда ишлаб чиқарилган шакар дўконларга белгиланган миқдорда тарқатилмоқда ва ваҳима қилишга ҳеч қандай ҳожат йўқ.
“Хоразм шакар” қўшма корхонасининг ўзини таништирмаган инженери завод тўла қувват билан ишлаётганини айтди. Бироқ, корхона бир йилда қанча шакар ишлаб чиқариши ва бу Ўзбекистон аҳолисининг шакарга бўлган эҳтиёжини қанчалик қоплаши ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортди.
Intesko Research Group компаниясининг маркетинг тадқиқотига кўра, 2010 йилда Россия шакар экспортининг 47 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келган.
Ўзбекистонда шакар импорти билан айнан қайси ташкилот шуғулланиши ҳақида аниқ фактлар йўқ. Норасмий манбалар шакар импортини ҳукуматга яқин бўлган шахслар назорат қилишини айтади.
Мустақил ҳамдўстлик давлатларидан бирида тадбиркорлик билан шуғулланаётган тошкентлик Фаррух Ҳожиматов фикрича, Ўзбекистонда шакар бизнеси ҳукуматда ишлайдиган якка шахс томонидан монополия қилиб олинган:
- Ўзбекистонда шакарни асосан монополия қилиб бир киши киргизади. Буни ҳеч ким билмайди. Хоҳлаган вақтда нархни кўтаради, хоҳлаган вақтда туширади. Агар ҳукуматда Ўзбекистонда озиқ-овқат нарх-навосини пастга тушириш нияти бўлса, бунинг мушкул жойи йўқ. Украинада, Беларусда шакарни нима қилишни билмаяпти. Беларусда шакар 80 цент. Ўзбекистонга ана бир долларга бориб етади. Давлат миқëсида олса, давлат халқига бермоқчи бўлса, унинг ҳеч қандай қийинчилик жойи йўқ. Бизнинг Ўзбекистон давлати пул бермайди. “Бориб сал арзонроқ қилиб шакар олиб келгин” демайдику, бирорта инсонга. Мана менга айтса, ҳозир мен Ўзбекистонга 70 центдан шакар киргизиб бераман.
Афсуски, Ўзбекистонда тижорат чегараланган. Тижоратнинг 99 фоизини, фойда келадиган фоизини маълум шахсларгина назорат қилади. Токи Ўзбекистонда тижорат озод бўлмаса, ривожланиш бўлмайди,- дейди Мустақил ҳамдўстлик давлатларидан бирида тадбиркорлик билан шуғулланаётган тошкентлик Фаррух Ҳожиматов.
|
|
| |
OSIYO | Дата: Payshanba, 16-Iyun-2011, 00:11 | Сообщение # 27 |
 Peshqadam
Группа: Ishonchli
Сообщений: 7142
Статус: 
| Қобул Бердиев Озарбайжон ҳарбий саноати билан танишди 16.06.2011
Озарбайжонга сафар қилаётган Ўзбекистон Мудофаа вазири Қобул Бердиев мамлакатнинг Мудофаа саноати корхоналарини бориб кўрди.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги матбуот хизматига асосланиб мамлакатдаги ахборот агентликларининг хабар қилишича, генерал Бердиев Электрон ҳисоблаш машиналари ишлаб чиқарадиган корхона фаолияти билан яқиндан танишган.
Ўзбекистон Мудофаа вазири “Шарг” ишлаб чиқариш бирлашмасининг AZAD Systems Co. корхонасида пилотсиз учадиган аппаратлар ишлаб чиқариш жараёнини кузатган.
Айнии пайтда, Бердиев асбобсозлик заводида ҳам бўлиб, бронетехниканинг модернизациялаш ишлари билан танишган
|
|
| |
OSIYO | Дата: Payshanba, 16-Iyun-2011, 00:13 | Сообщение # 28 |
 Peshqadam
Группа: Ishonchli
Сообщений: 7142
Статус: 
| Ўзбекистон Покистонга 800 МВт электр экспорт қила олади 16.06.2011
Ўзбекистоннинг Исломободдаги элчиси Ойбек Усмонов Ўзбекистон Покистонга 800 МВт электр энергиясини экспорт қилишга тайёр эканини маълум қилди.
Буни Ассосиэйтед Пресс Покистон ахборот агентлиги хабар қилди.
Элчи Усмонов Покистоннинг Савдо-саноат палатаси федерацияси президенти ва сенатор Хожи Ғулом Али билан учрашувда Ўзбекистон Афғонистонга 300 мВт электр энергияси экспорт қилаётганини ва Пешавор орқали Покистонга жуда яхши нархда 800 МВт электр энергияси етказиб бера олиши мумкинлигини айтган.
Яқин фурсатда Исломобод ва Тошкент ўртасида Ўзбекистондан Покистонга 1000 МВт электр экспорт қилиш борасида музокаралар бошланиши режаланган.
Ойбек Усмонов ва Хожи Ғулом Али ўртасидаги учрашувда Покистоннинг Савдо-саноат палатаси федерацияси мамлакатнинг турли вилоятларидан 100 нафар тадбиркорни Ўзбекистонга жўнатиши ҳақида келишиб олинди.
Бундан кўзланган мақсад давлатлар ўртасида савдо ва инвестиция алоқаларини кенгайтиришдан иборат.
|
|
| |
OSIYO | Дата: Payshanba, 16-Iyun-2011, 07:12 | Сообщение # 29 |
 Peshqadam
Группа: Ishonchli
Сообщений: 7142
Статус: 
| Оврўпо Иттифоқи Тошкентга инсон ҳуқуқлари борасидаги мажбуриятларини эслатди Оврўпо Иттифоқининг Ташқи ишлар бўйича Олий Комиссари Кэтрин Эштон Ўзбекистон ҳукуматини Ҳюман Райтс Вотч идорасини ёпиш ҳақидаги қарорини қайта кўриб чиқишга чақирган.
ОИ ўзбек ҳукуматини ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажариш ва Ҳюман Райтс Вотч дохил, ноҳукумат ташкилотларининг мамлакатда эркин фаолият олиб боришларига рухсат этишга чақиради", дейилади Оврўпо Иттифоқи Ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари эълон қилган баёнотда.
Эштон хоним ўзбек расмийларининг ҲРВ ваколатхонасини ёпиш ҳақидаги қароридан таассуф изҳор қилган.
"ОИ ўзбек расмийларининг халқаро ноҳукумат ташкилоти Ҳюман Райтс Вотчнинг Тошкентдаги идорасини ёпиш тўғрисида яқинда чиқарган қароридан таасуф изҳор қилади. Расмийларнинг ҲРВнинг Тошкентдаги идораси директори ва аввалроқ унинг ўтмишдошига аккредитация бермаслик қарори ташкилотнинг Ўзбекистондаги самарали фаолиятини чеклаб қўйган эди", - дейилади баёнотда.
Айни пайтда Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистон билан инсон ҳуқуқлари борасидаги мулоқотни давом эттириш истагида эканини урғулаган.
"Оврўпо Иттифоқи 2010 йил октябридаги Ташқи ишлар вазирлари кенгаши хулосаларида белгиланганидек, Ўзбекистон билан мустаҳкамлаш истагини тасдиқлайди", дейилади баёнотда.
ОИ Ташқи ишлар мулозимига кўра, бу алоқаларнинг даражаси инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устиворлигига боғлиқ бўлади.
"Оврўпо Иттифоқи ўзбек расмийларини ОИ билан Инсон Ҳуқуқлари борасида шаклланган мулоқот ва бу борадаги ҳамкорликни давом эттиришга рағбатлантиради", дейилади баёнотда.
Чоршанба куни АҚШ Давлат Департаменти ўзбек ҳукуматининг қароридан таассуф изҳор қилган эди. Маҳаллий қонунчилик
Ўтган ҳафта Ўзбекистон Олий Маҳкамаси Ҳюман Райтч Вотчнинг Тошкентдаги ваколатхонаси маҳаллий қонунларни бузгани важидан уни ёпиш ҳақида қарор чиқарган.
Олий Маҳкама Адлия вазирлигининг шу йил бошида халқаро ташкилот фаолияти юзасидан билдирган эътирозларини асосли, деб топган.
Ўтган йили октябрида Ўзбекистон ҳукумати ҲРВ вакили Стив Свердлоунинг бир ойдан кўпроқ вақт мобайнида Ўзбекистонда бўлишига изн берган, аммо ташкилотнинг аккердитациясини узайтириш ҳақидаги мурожаатни рад этган.
Ўзбекистон Адлия вазирлиги ўз раддиясини жаноб Свердлоу ва унинг ўтмишдоши Игор Воронцовлар Ўзбекистоннинг маҳаллий қонунчилиги ва шарт-шароитларини яхши билмасликлари билан асослаган.
Ҳюман Райтс Вотч ўзбек томонининг ушбу давъоларини рад этган.
Ўзбекистон Олий Маҳкамасининг ниҳоий қарорини қоралаган ташкилот Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини кузатишда давом этишини таъкидлаган.
ҲРВ ваколатхонаси ҳамда бошқа халқаро ноҳукумат ташкилотларининг Ўзбекистондаги идораларини қайта очиш масаласи Оврўпо Иттифоқи билан Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги мулоқот кун тартибида бўлган.
Аммо Ўзбекистон ҳукумати 2005 йил майидаги Андижон воқеаларидан сўнг чиқариб юборилган халқаро ноҳукумат ташкилотларининг Ўзбекистонга қайтишига рухсат бермай келаётир.
|
|
| |
OSIYO | Дата: Payshanba, 16-Iyun-2011, 08:25 | Сообщение # 30 |
 Peshqadam
Группа: Ishonchli
Сообщений: 7142
Статус: 
| Наманганда 7 киши жиҳодчиликда айбланиб қамалди Наманган шаҳар жиноий ишлар бўйича суди ҳукмига кўра, 7 киши “Ислом жиҳодчилари” диний оқимига алоқадорликда айбланиб, 5 йилдан 10 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилинди.
Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳига кўра, судланувчиларнинг барчаси ЖКнинг 159-моддаси (Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244/2-моддаси(тақиқланган ташкилотларга алоқадорлик) бўйича айбдор деб топилган.
Ташаббус гуруҳи ёйинлаган маълумотга кўра, судланувчиларга нисбатан жиноий ишлар сохталаштирилган бўлиб, тергов ва маҳкама жараёнларида қонунбузарлик ҳолатлари кузатилган.
|
|
| |