9/11 воқеаларидан кейин Ўзбекистоннинг ғарб ҳукуматлари, хусусан, АҚШ билан иқтисодий муносабатларига назар ташлаган иқтисодчи Саодат Нишонова расмий Тошкент 10 йил муқаддам тақдир тақозоси билан ўзига туҳфа ўлароқ берилган имкониятлардан аввалига тўла фойдалана олди, деган хулосада.
- Афғонистон йўналишида тараққиёт ижобий омил эди ва бундан Ўзбекистон сиёсатчилари тўлақонли фойдалана олди. Шундан сўнг бир неча йирик лойиҳалар амалга оширилди. Афғонистонга чўзилган темир йўл ўз-ўзидан қурилмас эди. Бу жуда катта ва қиммат турадиган лойиҳа.
Бундан ташқари, яна битта янги лойиҳа тайёр турибди. Яъни, Афғонистондаги НАТО қўшинлари учун озиқ-овқатни Ўзбекистонда етказиб бериш лойиҳаси. Бу Ўзбекистон иқтисодининг ўсиши учун жуда кучли стимул, яъни қўшимча талаб бу.
Ва энг муҳими, Ўзбекистонга қўшимча валюта кириб келаяпти. Бундан эса конвертация учун имкониятлар кенгаймоқда, - деб ҳисоблайди Саодат Нишонова.
Аммо, 11 сентябр воқеаларидан сўнг Ўзбекистонга берилган ва ҳануз сақланиб турган бу имкониятни тўла ишга солиш учун Ўзбекистон бир неча жиддий сиёсий ислоҳотларни ўтказиш зарурати қаршисида қолмоқда.
- Ўзбекистоннинг муаммоси шундаки, ички иқтисодда талаб сунъий равишда кучайтирилмоқда. Бунинг натижасида пул массаси давлат ўрнатган курсда хорижий валютани конвертация қилиш мумкин бўлмаган даражада кўпайиб кетган. Ҳозир асосий муаммо шу. Бу ҳолда ички талабни қисқартириш лозим ёки валютани девальвация қилиш керак, - деб ҳисоблайди Саодат Нишонова.
Аммо унга кўра, айни кезда Ўзбекистон ҳукумати ҳар икки чорани қўллашга қодир эмас.
Девальвация қилинган тақдирда, иқтисодчига кўра, бюжетда давлат қарзи улуши ошиб кетади ва импорт маҳсулотларига талаб камаяди, чунки бундай маҳсулотларнинг нархи кўтарилиб кетади.
- Бошқа тарафдан, девальвация қилишга тўсқинлик қилувчи субъектив омиллар ҳам бор. Мисол учун, валюта нархи расмий курсда 1 минг 800 сўм, қора бозорда эса 1 АҚШ доллари 2 минг 500 сўм ва бу бозорда ишлаб турган одамлар бир кунда камида 1 минг 400 АҚШ доллари ишлаб олиши мумкин. Бу жуда жиддий омил ва унинг аҳамияти сиёсатда ҳам муҳим. Шу боис, девальвация қилишга қарор бериша олмаса керак, - дейди Саодат Нишонова.
Лекин пулга ички талабни қисқартириш учун қўлланаётган чора - пластик карточкалар сиёсати ҳам муаммони сунъий равишда бўғиб туриш холос, деб таъкидлаган Саодат Нишоновага кўра, бу ҳолат мамлакатнинг молиявий соҳаси ривожига тўсиқ бўлмоқда ва демакки, иқтисодий ўсиш бўлмаяпти.
- Менинг назаримда, келгусидаги воқеалар ривожи қандай бўлишини айтиш жуда қийин. Аммо, келгусида Ўзбекистонга бир неча ғарб ҳарбий базалари жойлаштирилиши мумкин, деб тахмин қилаётган таҳлилчилардан бирининг фикрида жон бор. Яъни, Ўзбекистоннинг гоеграфик ўрни геополитик нуқтаи назардан жуда қулай давлат экани факт.
Бундан ташқари, ўтган йили НАТО самитида НАТО қўшинларининг Афғонистонга киритилишидан энг кўп манфаат кўрган давлат Хитой бўлгани ҳақида айтилган эди. Яъни, Хитой вазиятдан фойдаланиб, секинлик билан бир неча йирик савдо-ҳамкорлик шартномаларини амалга оширган.
Шунинг учун, ҳозир қулай бир имкон билан тўқнаш турган Ўзбекистон ҳукумати зудлик билан савдо-ҳамкорлик алоқаларига муҳит яратиши лозим аслида. Айтишадику: "Генераллар ортидан савдогарлар келмаса, ютуқ бўлмайди".
Яъни, сармоядорларга йўлни очиш шарт. Бунинг учун эса ички сиёсатни ўзгартириш керак. Ҳимояси кафолатланмас экан, сармоядорлар Ўзбекистонга бормайди. Шунинг учун, келгусида Афғонистон йўналишидаги халқаро сиёсатнинг муҳим бўлаги бўлиб қолса-да, Ўзбекистон ички сиёсатини ўзгартирмас экан, бундан катта фойда ололмайди, - дея хулоса қилади иқтисодчи Саодат Нишонова.
Аксинча, иқтисодчи кўра, воқеалар ундай ривожланган ҳолда Ўзбекистоннинг ҳозирги сиёсий аҳволи янада мураккаблашиб, бунинг устига Хитой ва Россия билан зиддиятга кириб қолиши мумкин.
"Ўзбекистонда ижобий ўзгаришлар бўлмаган"
9/11 воқеалари содир бўлган кезда Искандар Худойберганов етакчилигидаги Ўзбекистондаги Демократик ташаббуслар маркази инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан фаол шуғулланар эди.
Искандар Худойберганов воқеалардан сўнг АҚШ билан муносабатларини яхшилаган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари борасида баъзи ижобий қадамларни ташлашга мажбур бўлган эди, деб эслайди.
Унга кўра, сентябр воқеаларига қадар Ўзбекистонда 1999 йилги 16 феврал портлашларидан сўнг диндорлар ва сиёсий мухолифларга қарши ошкора олиб борилаётган таъқиб ва тазйиқлар, қамоқхоналардаги қийноқлар авжига чиққан эди.
- 11 сентябрдан кейин бу масала кўтарилгандан кейин Ўзбекистон раҳбарияти қийноқлар борлигини Женевада тан олган эди. Акмал Саидов Женевада қийноқларни тан олган эди. Ўзбекистонда Фридом Хаус, Хюман Райтс Уотч каби ташкилотлар қаттиқ ишлаган. БМТ маърузачиси Тео Ван Бовен келган эди ва Ўзбекистон билан қийноқларни тугатиш бўйича миллий дастур имзоланганини ҳам Акмал Саидов маълум қилган эди, - дейди Искандар Худойберганов.
Унга кўра, ўша кезда қисқа муддатга қамоқхоналарнинг эшиклари ҳам очилган. Аммо, ўшанда ҳам аксарият маҳаллий ҳуқуқ фаолларига қамоқхонага кириш имкони берилмаган.
Худойберганов Жазони ижро этиш бош бошқармасига қилган такрорий мурожаатлари жавобсиз қолдирилганини яхши эслайди.
Орадан 10 йил ўтиб бу воқеаларни таҳлил қилар экан, Искандар Худойберганов, 11 сентябр воқеаларидан кейин инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги соҳасида қилинган ижобий ўзгаришларнинг ҳаммаси ғарбнинг босими остида ва Тошкентнинг ғарбдан келадиган сиёсий-молиявий кўмагига таъма ортидан босилган намойишкорона қадамлар эди холос, дейди.
2005 йилда Андижон воқеалари содир бўлди ва бу ўша намойишкорона қадамларни тТошкентга яхшигина баҳона бўлди.
- Шу воқеа фақат баҳона бўлди. Аслида аҳвол ўзгармаган ўша пайтда. Ўзбекистон қийноқлар, репрессиядан сал орқага тисланган, арзимаган вақт ўтгандан кейин яна кучайиб кетган. Аслида Ўзбекистондаги каби режимлар учун бу табиий ҳол эди. Чунки, ташқаридан бўладиган ҳар қанақа босим узоқ давом эта олмайди. Босим бир кучаяди, бир сусаяди, - дер экан Искандар Худойберганов Ўзбекистонда ҳанузга қадар инсон ҳуқуқлари поймол этилаётгани, буни ҳимоя қилишга урниган фуқаролик жамиятига мутлақо барҳам берилгани, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар эса қувиб солинганини хулосасига далил ўлароқ келтирди.
Date: Shanba, 11/09/10, 4:52:19 AM | Message # 152
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 7146
Status:
Гулнора Каримова Ню Йоркдаги кўргазмадан воз кечди
Бунга Ню Йоркда Гулнорага қарши ўтказилган норозилик намойишлари ва АҚШ матбуотидаги мақолалар сабаб бўлди. Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Ню Йоркда 9 сентябр куни очилган Мода ҳафталигида иштирок этиши бекор қилинди.
Шу ҳақда хабар берган UzMetronom мустақил интернет нашрига кўра, бунга инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига оид танқидий фикрлари Америка матбуотида чоп этилгани сабаб бўлган. Ню Йоркда Гулнора Каримованинг Мода ҳафталигида иштирок этишига қарши намойиш.
Жумладан, "Ню Йорк пост" газетасида "Қотил диктаторнинг қизи мода кўрсатмоқда" деган танқидий мақола чоп этилган.Мазкур мақолада мода ҳафталигининг Гулнора Каримова тамсил қилинадиган куни, яъни 15 сентябрда Меҳнаткашларни ҳимоя қилувчи халқаро форум катта намойиш ўтказишни режалаётгани хабар қилинган.
Ҳюман Райтс Вотч халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти эса Ню Йоркдаги нуфузли мода ҳафталигида Гулнора Каримованинг иштирок этишига рухсат берилишини "шармандали ҳолат" сифатида талқин этган.
Пайшанба ва жума кунлари Ўзбекистон халқ ҳаракати фаоллари ва болалар ҳуқуқлари учун курашувчи ташкилотлар Ню Йоркда Гулнора Каримованинг Мода ҳафталигида қатнашаётганига қарши намойиш ҳам ўтказган эди.
Мерсесец-Бенц модалар ҳафтаси деб ëзилган бино олдида ўтказилган пикет қатнашчилари: “Эй Гулнора, 4 йил олдин сен мен терган пахта ҳақини бермовдинг”, “Бола меҳнатидан фойдаланиш тўхтатилсин!” каби шиорларни кўтариб чиққан.
Ню Йоркдаги Мода ҳафталиги (IMG Fashion Week) доирасида 15 сентябр куни Гулнора Каримова ўзининг Guli бренди остида адрас, атлас, ипак ва бошқа миллий матолардан тикилган либос ва тақинчоқларини тақдим этиши режаланган эди.
Date: Yakshanba, 11/09/11, 1:48:16 AM | Message # 153
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status:
Ўзбек сўмидаги ёзувлар нима дейди?
Ўзбек сўмида бундан ҳам қизиқроқ ёзувларни ўқиш мумкин. 10.09.2011 Басира Ўзбек сўмидан айримлар "ёндафтарча", айримлар эса севги изҳор қилиш воситаси сифатида фойдаланади. Фарғоналик Озодлик суҳбатдоши Гулнора опа Ўзбекистон миллий валютаси ўзбек сўмдан тўлов воситаси сифатидагина эмас, балки “ёндафтарча” сифатида ҳам фойдаланишини айтади:
-Мен, масалан шундай қиламан. Шошилиб турган бўлсам қоғоз топа олмасам пулга ёзишим мумкин.Шошилганимда тўғри келганига ёзавераман.Эсдан чиқмасин деб ёзилган-да. Телефон номерми, керакли нарсами, зарур нарсами ёзаман, -дейди фарғоналик суҳбатдош.
Бу 500 сўмликда "Давлатнинг қарзи 1000 сўм" деган ёзувни ўқий оласиз.
Ўзбекистонликлар орасида ҳамма фуқаролар ҳам миллий валютадан ёндафтарча сифатида фойдаланмайди. Улардан бири Сатторали ака Усмонов.
-Йўқ, мен ёзмайман пулга. Лекин ойлик олганимизда ёзувларни кўриб қоламан. Кейин ишлатиб юбораман, эътибор бериб ўтирмайман ёзувига. Одамларнинг номи ёзилади, цифралар кўпинча учрайди, -дейди Сатторали Усмонов.
Бир неча йил савдо ходими бўлиб ишлаган иқтисодчи Маъруфжон Абдураҳмоновда ҳам ўзбек сўмига белги қўйиш одати бор.
-Агар 10-20та минг сўмлик пул бўладиган бўлса ҳар 10-20-кўпюрада белги қўйиб қўяман.Нимага? Ўнтасини олиб ишлатсам, демак 90таси қолади. “90минг қолибди” дейман. Ўзим ҳисобини билишим учун қиламан, -дейди у.
Суҳбатдошимизнинг айтишича, пулга бундай "менсимай муносабатда бўлиш, сўмнинг қадрсизлигидандир".
- Пулни қадри зўр бўлмаганидан бўлса керак-да. Одамларни исмларини ёзиб қўйиб, телефонларини ёзиб қўйиши. Пулни қадри юқори бўладиган бўлса унга ким ёзади? Масалан, мен долларга ёзилган фақат бир ҳолатни биламан холос. У мени чўнтагимда юради. 1 долларлик купюранинг атрофига инглиз тилида бир нима ёзилган. Ўғилларим таржима қилиб берса “Ким шу 1 долларни эгаси бўлса унинг омади ҳар доим чопади, чўнтагида доим пул бўлади” деб ёзган экан.Лекин бошқа бирор марта долларга қалам ёки ручка билан ёзилганини кўрган эмасман.Чунки унинг қадри юқори, - дейди Маъруфжон ака.
Айтиш жоизки, Ўзбекистонда АҚШ валютасига бирор чизиқ бўлса уни сўмга алмаштириб бермайди.
Суҳбатдошимиз Маъруфжон ака биз билан сўзлашиб туриб, чўнтагидаги ўзбек сўмидаги ёзувларни ўқиб берди:
Мана бу минг сўмлик эса тўйга таклифнома вазифасини бажарганга ўхшайди.
- 200 сўмликка “3 минг сўм” деб ёзибди. Мана бу купюрага эса ручкасининг ёзишини синаб кўрмоқчи бўлибдими, ажи-бужи чизибди, “№2” деб қўйибди. Яна биттасига қалам билан “13” ёзибди, яна бирига “Рашид” деб ёзибди. “Ўзбекистон республикаси марказий банки” деб ёзилганини тагига “4 минг сўм” деб сиёҳ билан ёзиб қўйибди. Хуллас, мени қўлимда 20-30 та купюра турибди, жуда кўп ёзув.
Ҳозир 200 сўмлик қадрсиз бўлиб қолди-да. 100 сўмлик ҳам ишлайди, кам ишлайди. Ёзувлар энди ҳаммасида бор, 1000 сўмликда ҳам, 500 сўмликда ҳам учрайди. Кейин бирлари масхара қилгандек “Зуҳрахон”, “Лайлохон” деб бир-бирларига нома жўнатишадимией. Сўрасам “Яна ўзимга пул қайтиб келадими деб ёздим” дейди. Денгизга япроқни ташлаб кутгандек гапда бу, мисол учун, -дейди собиқ савдо ходими.
“Насимовдан янгиликлар” номли интернет блогида тошкентлик блог фойдаланувчиси ўзбек сўмидаги турли ёзувлар суратини чоп этди. “Нон”, “пиво”, “чойнак”, “шампун”, “сабзи”, “кўкат” каби миллий валютадаги битиклар орасида севги номаларига ҳам кўзингиз тушади.
Масалан, минг сўмлик купюрага битилган қизнинг севги номасида "Холмуродов Алишер, мен сизни севаман. Илтимос, ёнимга қайтинг. Мен сизни кутаман ва севаман" деган ёзувни ўқиш мумкин. ozodlik.org
Date: Yakshanba, 11/09/11, 7:12:20 AM | Message # 154
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 4086
Status:
Андижонда қўшма корхона (ҚК) ташкил қилинди.
Андижондаги “Бобур” ОАЖ ишлаб чиқариш майдонида корейс инвесторлари ҳамкорлигида автомобил эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарувчи икки қўшма корхона ташкил этилди. Биринчи қўшма корхона қошидаги муассаса “Ўзавтосаноат” АК ва “Austem Co., Ltd” компаниялари томонидан тузилган “О’zauto-austem” ҚК бўлди. У Ўзбекистондаги янги “GM Uzbekistan” моделли автомобилларга ғилдирак дисклари ва шасси тугунлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Корхона бошланғич дастмоя жамғармаси $500 мингни ташкил этди, фойда тенг бўлиниши ҳисоби билан. 1 сентябрдан бошлаб ҚК дастмояни $8,6 миллионга етказди. “Avtosanoat invest” АК “Ўзавтосаноат” ва “Erае cs limited” компаниялари тузган “O’zerae climate control” муассасаси эса радиаторлар, кондиционерлаштириш ва шамоллатиш, иситиш системалари ишлаб чиқаришига ихтисослаштирилади. Корхона дастлабки дастмоя маблағи минг. Бундан “Avtosanoat invest” ники 60% ва “Erае cs limited” компаниясиники 40%. 1 сентябрдан бошлаб Корея компанияси $2,66 миллион маблағ қўшишлиги ҳисобига “O’zerae climate control” ҚКнинг дастмояси $7 млн миллионга етди. Бундан ташқари “Ўзавтосаноат”ни ҚК таркибига кириши ҳақида қарор қабул қилинди. Улушлар тақсимланганида “Ўзавтосаноат” 57% ($3,99 миллион), 40%( $2,8 миллион), 3%($210 минг) маблағга эга бўлди. ААТ Матбуот бўлими
Date: Dushanba, 11/09/12, 9:40:05 AM | Message # 155
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 7146
Status:
Тошкентликлар ҳам “ПАҲТАДА”
12 Сентябр куни Ўзбекистон пойтахти аҳолисига ҳам пахта теримига чиқиш навбати етиб келди. Теримчилар асосан лицей,коллежлар, олий ўқув юртлари талабалари ва бюджет муассасаларининг ходимларидир. Бугун тушгача Тошкент вилояти пахтазорларига теримчиларни автобусларнинг биринчи колоннаси олиб кетди. Шаҳарликларни пахтага ҳайдаш Ўзбекистон бўйлаб сентябрь ойининг биринчи ҳафтасида бошланган эди. Бошқа вилоятларда ҳам мактаб, лицей, коллеж, институт ва ташкилотларни пахта олиб чиқиб кетаётганлиги ҳақидаги хабарлар тинмай эшитилиб турибди. Ҳозирги кунда пахта ҳосилининг айтарли барчаси қўл меҳнати эвазига йиғиштирилиб олинмоқда. 2-3 ой аҳолидан арзон ишчи кучи сифатида фойдаланиш имкони туғилди. Теримга чиқаётганлар бир томондан сиёсий босим остида бўлсалар, иккинчи томондан керак маблағни тўплаб олиш илинжида ҳамдирлар. Лекин афсуски, пахта териб бойишга етарли шароитлар йўқ. Ётиб, яшаб пахта терувчилар кунлик харажатга рўбарў қилинадилар. Нонушта, тушлик ва кечки овқатлар ихтиёрсиз чиқим турларидандир. Теримчилар овқатга кетаётган харажатни шаҳар ошхоналаридагидек аниқ билиб тура олмайдилар. Уларга ҳисобот берувчининг ўзи ҳам йўқ, аниқроқ суриштириб олиш учун теримчиларда шижоат ҳам йўқ. Қишлоқ аҳолиси 29 августдан бери пахта термоқда. Ўқувчилар мактабда эмас, пахта йиғимида юришибди. Шу кунларда қўшни республикаларга пахта ўғирлаб сотишнинг олдини олиш мақсадида чегара хизмати кучайтирилган. Ўткир Расул
Date: Dushanba, 11/09/12, 9:41:50 AM | Message # 156
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 7146
Status:
Ўзбеклар Россияда яшашга интилмоқда Узметроном сайти “Новый регион” информацион агентлик хабарига таяниб тарқатган маълумотига кўра, Россия фуқаролигини олиш истагида юрган ўзбекистонликлар сони бошқа давлатларникига нисбатан энг олдинги ўринда турибди. (Агентство Политических Новостей – apn.ru)
Росстат ҳисобларига биноан, 2011 йилнинг биринчи ярим йиллигида Россия фуқаролиги ёки фуқаролик кўриниши 159 минг одам қабул қилди. Иммигрантларнинг энг кўпи Собиқ иттифоқнинг Ўрта осиё республикаларига тўғри келади. Бу ўринда Ўзбекистон пешқадамликни қўлдан бой бермаяпти (28,6 минг киши). Кейинги ўринда Қирғизистон (19,9 киши). Кавказ орти республикаларидан 30 мингга яқин одам келган бўлиб, олдинги сафда Армения (15 минг одам кўчиб келган) турибди. Собиқ Иттифоқнинг Болтиқбўйи республикаларидан ҳаммаси бўлиб 1,6 минг одам кўчиб ўтди. Узоқ қўшни давлатлар бўйича иммигрантлар сони: Хитой – 3 минг одам, Германия – 1,9 минг одам.
Россия иммиграция мансабдорлари ва ТИВ ходимлари чет элларда яшаётган русларни ўзларининг тарихий маконларига кўчиб келишлик тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бораётганларига қарамасдан, бу иш осонликча олға босмаяпти. Чунки уларни Россияда қўним топиб қолишлари енгил ҳал бўладигна иш эмас. Россияга келганларидан кейин йиллаб фуқароликка қабул қилинмасдан юриб қоладилар.
Иммигрант Россия фуқаролигини умумий ёки соддалаштирилган тартибда олиши мумкин. Соддалашган тартиб дегани, ота-онасидан бири россия фуқароси бўлишлиги; Собиқ Иттифоқ фуқароси бўлиши; ССРИ тарқаб кетгунича РФ территориясида туғилганлиги; Россия олий ўқув юртлари битирувчиси; уч йилдан кам бўлмаган муддатда Россия фуқароси билан никоҳда бўлганлиги; доим Россияда яшаб келаётган Улуғ ватан уруши ветерани бўлишлигидир. Қозоғистон, Қирғизистон ва Белоруссия фуқаролари учун олдинги гражданлик ҳуқуқидан воз кечишликлари кифоя.
Ўзбекистонликлар Россия фуқароси бўлишга шошаётган ҳозирги пайтда, ССРИ тарқаганидан кейин миллий республикаларда қолган этник руслар Россияга қайтишга унчалик ошиқмаяптилар.
Хорижий давлатларда яшаётган 25 миллион руслардан 20 йил ичида 8 миллиони кўчиб келган, холос. Шу йилнинг ярмига қадар 44,2 таси кўчиб келган бўлса, ўшаларнинг учдан бир қисми Калининград областида яшашни ихтиёр қилди. Узоқ Шарқдаги Сибирь қишлоқларида яшашни кўчиб келаётганлар хоҳламаяптилар. (uzmetronom.com)
Норасмий хабарларга кўра, Мурманск, Санкт-Петербургдан тортиб Владивосток, Сахалин оролигача территориянинг кўплаб қишлоқ ва шаҳарларида ўзбек миллатига мансуб фуқаролар Россия гражданлигини қабул қилган ҳолда истиқомат қилмоқдалар.
Ўзбекистонда талабаларнинг пахта терими даврида меҳнат нормаларига жавоб бермайдиган шароитларда яшаб, ишлашлари собиқ иттифоқ давридан буён кузатиб келинмоқда.
Андижон Тиббиёт институтининг педиатрия факултети талабалари Озодликка электрон мактуб йўллаб, ўзларининг ўта ночор шароитларда пахта тераётганликлари ҳақида ёзиб, “фашистларча” муносабатда бўлаётган домлаларнинг бедодликларидан қутқариш учун кўмак сўрайдилар.
“Bizga yordam kerak, bizni yani studentlarni fashistlardek qiynashyapti. Ertalab soat 4:00 dan dala maydoniga olib chiqib kuniga 100kg dan paxta terdirishyapti. Suvimiz yöq. Obedni 13:00 da berishyapti. Kechqurun 12:00 dan keyin uxlagani yotyapmiz. Xoxlagan payti uxlagan joyimizdan turgizishib shtab qilishadi. Domla XUSAN G'ANIYEVICH tog'ri kelgan studentni chidab bo'lmas xaqoratlar bilan so'kadi. Bizga yordam so'rab qolamiz. Pediatriya fakulteti talabalari”
Озодлик мухбири мактубда тилга олинган домла Ҳусан Ғаниевич Мамадиев билан телефон орқали боғланиб, талабалар шикояти бўйича изоҳ сўради.
Кутилганидек, Ҳусан Мамадиев талабаларнинг барча шикоятларини инкор қилди.
Бироқ домла Мамадиев норма борасида ўзининг юқоридан берилган топшириқни бажаришга мажбур эканлигини яширмади.
- Соат 7 да далага тушади болалар. 5.30-6 да туришади. Ўзлари туради. Даже биз подëм ҳам қилмаймиз. Ўзлари уже ўрганиб қолди туришга. Кечқурин 10 да ëтишади. Биз уни назорат қиламиз. Устида шунча домлалар бор. Ҳамма шароит бор. Норма 75 кило. Вилоят ҳокими Аҳмаджон Тугилович томонидан белгиланган. 75 килони бажаришаяпти бизнинг талабалар. Энди Нигора Камоловна бизга масъул. Ҳар куни йиғилишга борамиз. Йиғилишда кунлик нормани 75 килога чиқараяпмиз.
- Йўқ, ҳеч ким ҳақорат қилгани йўқ. Ҳали штаб ҳам бошлаганимиз йўқ. Бизнинг вақтимиз йўқ. Мана келиб сўранг. 35 кило тергани бор, 55 кило тергани бор. Ҳеч ким ҳақоратлагани йўқ. Келиб сўрангчи ичидан мана. Энди "кўпайтир" дейиш мумкин. Ахир бизга ҳам норма қўйилган. Отряд раҳбариман мен. Аҳмаджон Тугилович “нормани бажарасан” деган, бажаришимиз керак ўшани. Чунки бўлмаса у ерда биз сўкиш эшитамиз. Энди бир-икки гапирамиз, терганини тераяптида. Биз ҳеч қанақа жазо қўлламаймиз. Талабаку у, деди домла Мамадиев.
Шунингдек, Ҳусан Мамадиев талабаларнинг сув йўқлиги ва озиқ-овқат борасидаги шикоятини ҳам ўринсиз деб топди.
- Вазият энг зўр. Сув бор шийпонимда. Ҳеч кимда йўқ сув. Мактабда ëтаëтганларда йўқ. Призивной сув олиб борадиган жойлари бор. Менда ҳамма шароит бор дам олиш учун, бошқа учун. Мен тушунмадим нимага унақа ёзишган. Обедгача тахминан 100 литр қайнатилган сув бердим иложи борича. Қайнатиб олиб келиб бераяпмиз ҳаммасини. Алоҳида менда фамилиялар бор. Сув билан таъминлайдиган болаларим бор. Иккитаси сув билан, чаноқ билан таъминлайди болаларни. Овқатда кунига 20-22 кило гўшт ишлатаяпман 15 500 сўмдан олиб. Бизга ректоримизнинг буйруғи билан ҳар куни центрилизованний келади. 20-22 кило гўшт келади штабга. Мен уни иккига бўлиб обедга ва кечқурунга соламан болаларга. Сиз ўзингиз келиб кўринг. Ҳозир келиб кўришингиз мумкин шароитни, деди Ҳусан Мамадиев.
Ҳусан Мамадиев билан суҳбат:
“Уч кундан буён овқат беришмади”
Домла Ҳусан Мамадиев “вазият зўр”лигини таъкидлаган бир пайтда, Озодликка Сурхондарёнинг Чироқчи туманидан Озодбек исмли йигит қўнғироқ қилиб, талабалар билан боғлиқ шароитларнинг ўта оғирлигидан шикоят қилди.
Озодбекка кўра, Чироқчи Тиббиёт коллежида ўқиётган синглиси буйраги хасталиги ҳақида тиббий маълумотнома (ВКК)си бўлишига қарамасдан пахтага олиб кетилган.
Озодбек синглиси ва унинг курсдошлари озиқ-овқатдан қийналаётгани, ўта ночор шароитларда яшашга мажбур бўлаётганликлари, шунингдек, талабалар домлалар томонидан босимга учраётгани ҳақида хабар қилди.
- Палаткада ётишар экан. Жойлари зах дейди. “Кўрпачаларимиз ҳўл бўлиб кетади. Чиқариб ëямиз. Шунда ҳам қуримайди” дейди. Кейин уч кун овқат беришмаган. Эрталаб чой ҳам қилиб беришмаган. Уйларидан олиб борган продукта билан овқатланишган. Ҳозир яна телефон қилаяпти “продуктам қолмади, буларнинг овқати яхши эмас, жуда кам” деб. Штаб деган нарсаси бор экан. 65 кило териш керак экан. Лекин 65 кило терадиган пахтанинг ўзи йўқ, дейишаяпти. Кам терганларни штаб қилар эканда, болаларни ўртага чиқариб, қиз бола бўладими, ўғил бола бўладими ўзларининг курсдошларининг олдида ҳақорат қилар экан, дейди чироқчилик Озодбек.
Чироқчи Тиббиёт коллежи раҳбариятидан бу борада бирор изоҳ олиш имкони бўлмади.
Коллеж директори котибаси раҳбариятнинг барча ходими далага кетганини айтди. Коллежнинг даладаги пахта штаби билан эса боғлана олмадик.
Одатда талабалар ўқишдан ҳайдалиш хавфи боис пахтага чиқишга мажбур бўладилар.
Ўтган йили Гулистон давлат университети Агроиқтисодиёт факултетининг талабаси Жавлон Тоғаев пахта териш нормасини бажармагани учун ўқишдан ҳайдалган ва кейинчалик университет маъмуриятини судга бериб, суд ҳукмига кўра, ўқишга қайта тикланган эди.
Date: Chorshanba, 11/09/14, 5:35:43 AM | Message # 158
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 7146
Status:
Ўзбекистон яна дин эркинлигини бузаётган давлатлар қаторида
АҚШ Давлат департаменти дунёнинг давлатларида дин эркинлигига оид чиқарган ҳисоботида Ўзбекистон “алоҳида хавотирли давлатлар” қаторига киритилган. АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида дунёнинг салкам 200 та давлатидаги диний эркинликлар билан боғлиқ муаммолар ёритилган.
Ҳужжатда Эрон, Ўзбекистон ва Хитой диний эркинликлар қўпол равишда бузилаётган давлатлар сифатида қайд этилган.
2010 йил июлидан декабр ойигача бўлган муддатни ўз ичига олган ҳисоботни тақдим қилган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон диний эркинликларнинг давлат ҳомийлигида поймол этилиши аҳолининг маълум қатламини яккалаб қўйиши, экстремистларга қўл келиши, мазҳаблараро зўравонликка туртки бўлиши ва оқибатда жамият барқарорлигига путур етиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Айни пайтда Клинтон дин эркинлигининг давлат томонидан ҳурмат қилиниши мамлакат хавфсизлиги ва фаровонлигига ҳисса қўшишини урғулади.
- Ҳукуматлар дин эркинлигини ҳурмат қилса, улар ўзаро ҳурматни тарғиб қилиш учун фуқаролик жамиятлари билан бирга ишласа ёки диний озчиликни ташкил этган гуруҳлар аъзоларига нисбатан зўравонликларни таъқиб қилса, кескинликни юмшатишга ёрдам берган бўлади. Шундай қилиш орқали ҳукуматлар кенгбағирлик муҳитини яратади ва бу мамлакатнинг барқарор, янада хавфсиз ва фаровон бўлишида ёрдам беради, - деди Ҳиллари Клинтон.
Ҳисоботда саккиз давлат, жумладан, Эрон, Ўзбекистон, Хитой, Шимолий Корея ва Саудия Арабистони “алоҳида хавотирли давлатлар” сифатида қайд этилган.
Ҳисоботнинг тақдимот маросимида демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Майкл Поснер ҳам иштирок этди.
Поснер Ўзбекистон қатор сабаблар, жумладан, прозелитизм қонунга зид бўлгани ва мусулмонлар давлат назоратида бўлган масжидлардан ташқарида диний масалаларни муҳокама қилиши хавфли бўлгани учун мамлакат “алоҳида хавотирли давлатлар” рўйхатига киритилганини айтди.
АҚШ Давлат департаментининг Дин эркинлигига оид янги ҳисоботида Хитойда Тибет бутпарастлари ва мусулмон уйғурларни таъқиб қилиш давом этаётгани билдирилган.
Ҳисоботда дунё бўйлаб диний эркинликни тарғиб қилиш борасида АҚШ ҳукумати томонидан қандай чоралар кўрилгани тўғрисида ҳам маълумот берилган.
Айни пайтда АҚШ Давлат департаментининг Дунё давлатларида дин эркинлигига оид ҳисоботида “Европанинг кўпгина қисмида” мусулмонларга қарши кайфият кучайгани ва кўпроқ жойларда исломий либос кийиш чеклангани маълум қилинган.
Date: Chorshanba, 11/09/14, 5:37:54 AM | Message # 159
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 7146
Status:
Гулнора Каримова ўз либослари кўргазмасини ресторанда ўтказмоқчи
Ню Йоркдаги Мода ҳафталигидан қувилган "ўзбек маликаси" ўз томошасини ҳашаматли ресторанда ўтказмоқчи. Ню Йоркдаги Мода ҳафталиги ташкилотчилари ҳуқуқ ҳимоячилари босими остида Гулнора Каримованинг Guli коллекцияси намойишини дастурдан олиб ташлаши ортидан ўзбек президенти қизи ўз шоусини бошқа жойда ўтказиш ҳаракатига тушган.
“New York Post” рўзномасининг ёзишича, Гулнора Исломовна ўз мода шоуси учун Ню Йоркнинг ҳашаматли “Cipriani” ресторанини танлаган.
“Қаттол ўзбек диктаторининг қизи ва дизайнер Гулнора Каримова Mersedes-benz ширкати ҳомийлигида Ню Йоркда ўтаётган Мода ҳафталигидан қувилганидан сўнг ўз либослар коллекциясини Ню Йоркдаги қимматбаҳо “Cipriani” ресторанида ўтказишни режаламоқда, менюга иссиқ овқат ҳам киритилган”, деб ёзди “New York Post”.
Нашрнинг ёзишича, ҳозир Ню Йоркдаги Мода ҳафталиги ташкилотчиси бўлган IMG ширкати Гулнора Каримова билан аренда учун тўлаган 30 минг доллар пулини қайтариш ҳақида сўзлашув олиб бормоқда.
“Бу ўзининг Guli либослар коллекциясини томоша қилиш учун Гулнора Каримова тарафидан сарфланган пулнинг бир қисми холос”, деб ёзди“New York Post”.
Хабарларга кўра, Каримова хоним Ню Йоркдаги Мода ҳафталигидан қувилганидан сўнг ўз томошасини ташкиллаштиришга кўмаклашишни сўраб бир қатор элчихоналар, жумладан Россия, Испания ва Араб Амирликлари ваколатхоналарига мурожаат қилган. Лекин “ўзбек маликаси” либослар коллекцияси томошасини ўтказишга қайси давлат ҳукумати рози бўлгани ҳозирча номаълум.
Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2008 йилдан буён БМТнинг Женевадаги қароргоҳида Ўзбекистоннинг доимий вакили, 2010 йилдан эса бу давлатнинг Испаниядаги лавозимида бўлиб келмоқда.
Ҳозирча “Cipriani” ресторанти эгалари Гулнора Каримова шоусидаги иштироки борасида бирон изоҳ беришмади. “New York Post” “Cipriani” ресторанининг аввал 10 миллион доллар миқдорида солиқ тўламаганлик жанжали марказида қолганини эсга олди.
Андижон давлат университети қошидаги Тарих факультетининг биринчи курс талабаси пахта теримида вафот этди. Бу ҳақда Озодликка хабар берган андижонлик ҳуқуқ фаоли Жаҳонгир Қосимовнинг айтишича, бу воқеа Андижон давлат университетининг Тарих факультети талабалари пахта тераётган жой - вилоятнинг Улуғнор туманида душанба куни рўй берган:
- Андижон давлат университети Тарих факултети талабаларини Андижон вилоятининг Улуғнор туманида Овулмат қишлоғи 14 мактабда ëтоққа пахтага боришган экан. Шу ерда биринчи курс талабаси, исм-фамилияси аниқлангани йўқ ҳали, лекин Жалолқудуқ туманидан экан, шуни тўртинчи курс талабалари армейский дедовшина каби, Ўзбекистон олий ўқув юртларида биринчи курс талабаларини юқори курс томонидан мажбурлаб ишлатиш, пул талаб қилиш ҳолати борда, шу вақтда оммавий калтаклаган бир талабани. Шу боланинг ошқозонига оғир жароҳат етиб оламдан ўтибди.
Озодлик: Қайси кун бўлган бу воқеа?
- 12 сентябр куни кеч соат 10-11 орасида бўлган. Етти киши калтаклаган экан. Шу факултет декани Алишер ака Мамажонов, унинг ўринбосари ҳозир ҳибсда экан.
Озодлик: Бу хабар қанчалик аниқ ва ишончли?
- Аниқ. Ҳозир текширилаяпти бу аниқ манбалардан. У туман вилоят марказидан 70 километр олисдалиги учун боришга имкон бўлмади. Эртага ëки индинга боришга ҳаракат қилиб кўрамиз. Шу воқеадан кейин ўрнига одам қўйиб кетганлар пахтага бориб ëки пул бериб домлалар билан гаплашганларнинг ҳаммаси чақиртирилаяпти экан. Прокуратура текшираëтгани учун бу ишни болаларни ўрнига қўйиш учун текширув ўтказилаяпти экан. Пахтадан ўрта ҳисобда 200 доллардан 400 долларгача гаплашилиб қолинган, дейди Жаҳонгир Қосимов.
Андижон давлат университетининг исмини ошкор этмаган ўқитувчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда пахта теримида талабанинг вафот этганлиги фактини тасдиқлади. Бироқ ўқитувчига кўра, талаба калтак зарбидан эмас, балки юрак хуружи оқибатида вафот этган:
- Қайси кунлиги эдимда йўғу, тарих факултетида бўлибди. Қаерлигини билмайман. Менинг эшитишимга қараганда¸ юрак касаллиги бор эканда. Пахта тераëтган пайтда нафас етмасдан, нафас ололмасдан вафот этган экан. Юрак клапанларни бекилиб қолибдида. Нафас ололмасдан ўтиб қолибди у бола. Менинг билганим мана шу. Яна бир гапни айтишди. Амакиси вилоят касалхонасида ишлар экан. Медицина экспертизаси бўлар эканку. Ўшанақага ўша амакисини олиб келишибди. Ўзи экспертиза ўтказибди. Сиз айтаëтган “Тўртинчи курс талабалари урибди, сўкибди” деган гаплар асоссиз, дейди исмини ошкор этмаган Андижон давлат университети ўқитувчиси.
Озодлик манбалари ҳозирда вафот этган талабанинг шахсини аниқлаш¸ ҳамда фожиа тафсилотларини кенгроқ ўрганишга ҳаракат қилмоқда.
Ўзбекистонда пахта мавсумида йиғим-теримга оммавий равишда жалб этиладиган вилоятлардаги мактаб ўқувчилари ва талабалар орасида ўз жонига қасд қилиш¸ муштлашув ëхуд хасталик оқибатида вафот этиш ҳоллари ҳар йили кузатилади.
Date: Payshanba, 11/09/15, 8:36:18 AM | Message # 161
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 7146
Status:
Сурхондарë ҳокими тазйиқ қилган фермер ўзини осди
Пахта устида вилоят ҳокимидан дакки эшитиб¸ тунни ички ишлар бўлимида ўтказган фермер уйига қайтиб ўзини ўлдирди. Сурхондарё вилоятининг Музробод туманидаги Зиёдилло Қўлдошев маҳалласида истиқомат қилган 50 яшар фермер Исмоил Тўраназаров душанба куни ўз жонига қасд қилди.
Бу ҳақда ўз хавфсизлигидан чўчиëтгани боис исми айтилмаслигини сўраган музрободлик бошқа бир фермер Озодликка хабар берди. Озодлик манбасига кўра¸ вилоят ҳокимининг Тўраназаровга ўтказган тазйиқлари унинг ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлган:
- Фамилияси Тўраназаров экан. Исмоил ака дер экан. Икки кун олдин вилоят ҳокими келиб йиғилиш қилган. “Давай пахтани топиб берасан. Бўлмаса сени тиқвораман, қамаб юбораман” деб жуда тазйиқ катта бўлган. Вилоят ҳокими ўша туманга уполномоченнийку. Ўша куни милицияхонага олиб бориб тиқишган. Ушлаб турганда ички ишларда учта фермер билан эртаси куни уйига келиб ўзини ўзи осганда. Ëнига яна записка ташлаган. Қоғоз ташлаганки, “Мени тазйиқ билан нима қилган. Планни бажармаганман” деб. Жуда кўп сабабларни кўрсатган. “Вақтида солярка бермаган, вақтида пулларини бермаган, ҳамма ëрдамлар вақтида қилинмаган. Ўша пайтларда мен борганман. Катталар билан учрашганман. Ҳеч қандай ëрдам бўлмаган” деб ëзган, дейди музрободлик фермер.
Унга кўра, айни пайтда вилоятда пахта терими шиддат билан давом этмоқда ва вилоят ҳокими Туроб Жўраев фермерларга нисбатан қатағон сиёсатини қўлламоқда:
- Энди жуда қаттиқ олиб бораяпти булар сиëсатни. Фақат уради, сўкади, ҳаттоки ҳокимларгача аямайди, тепади, жуда қаттиқ ҳақоратлар. Сурхондарë ҳозирги Туроб Жўраевдай вилоят ҳокимини ҳали кўргани йўқ. Сурхондарëни умуман қаттиқ босим остига олиб ташлаган. Бундан олдинги ҳокимлар ҳам ишлаган, жуда ажойиб ҳокимлар. Лекин бу ҳоким¸ қўполроқ айтганда¸ тюремний жизн қилиб ташлаган Сурхондарëда. Айниқса¸ фермерларга нисбатан. Сурхондарë лагеру фермерлар аристонлар. Бу одам бошчилигидаги надзирателлар уриб, тепиб, энг каттаси Жўраев Туроб бўлиб турибди.
Қандай йиғилиш ўтказмасин, ҳатто селекторларда аëл киши ўтирадими, бошқа одам ўтирадими¸ у одамга ҳеч қандай фарқи йўқ. Фақат онангни деб сўкишдан бошқа иши йўқ. Онангни деб сўкинаверади. Жуда қўпол. Йиғилишлар бўладиган бўлса¸ ҳатто чиқариб демонстративно қилиб, катта залларда ҳам кўрганмиз, ҳаттоки Музрободнинг ўзида ҳам бўлган, уриб тепиб, жуда қаттиқ урганларига ўзимиз гувоҳ бўлганмиз, дейди исми сир қолишини сўраган музрободлик фермер.
Музробод район Ички ишлар бўлимининг навбатчиси ҳам Зиёдилло Қўлдошев маҳалласида фермер ўзини осиб қўйганлиги фактини тасдиқлади. Унга кўра, бу ишни ҳозир туман прокуратураси тергов қилмоқда.
Date: Payshanba, 11/09/15, 8:42:23 AM | Message # 162
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 7146
Status:
Болалар ҳуқуқи яна топталмоқда.
1991 йил Президентлик сайловида И.Каримов ўз сайловчиларига пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланмасликка, нон нархини оширмасликка, демократияга кенг йўл очишликка сўз берган эди.
Афсуски, бу ваъдаларга мувофиқ бирон-бир янгиланиш сезилаётгани йўқ, балки ёмон томонга ўзгариш бўлди. Ўзбекистон ҳукумати ҳануз болаларни мажбурий пахта теримига жалб этиб келмоқда.
Ўзбекистонда бу йилги оммавий пахта териш компанияси сентябрнинг дастлабки ҳафтасиданоқ бошлаб юборилди. Эндигина ёзги таътилдан ўқув даргоҳларига қайтган талаба ва ўқувчилар пахта далаларига мажбуран олиб чиқиб кетилди.
Пахтага олиб чиқишда турли воқеалар бўлиб турибди. Масалан, вилоятлардан биридаги коллеж талаба қизларидан баъзилари пахта ётоғига боришдан қолиш учун касалликларини сабаб қилиб келтиришган. Бундан коллеж директорининг ғазаби келган ва барчага мурожаат қилиб:
–Касал бўлмасанглар ҳам касалман деманглар, ростан ҳам шундай касал бўлиб қолсанглар нима бўлади? Агар касалман деб справка олиб келадиган бўлсангизлар мен маҳаллангизга бориб, Маҳалла Комитети Раиси орқали бутун маҳаллага мана бу қиз касал, – деб гап тарқатиб юбораман – деб талаба қизларни қўрқитган.
Бўйига етган қизларни совчиларга таъсир қиладиган сўзлар билан қўрқитиб, пахтага боришни мажбурлаштирадиган йўллар тутган.
Пахтага боришни хоҳламаётганларнинг ота-оналарига пахта терувчилар озиқ-овқатига ҳомийлик килиш юклатилаётган ҳолатлар ҳам учраяпти.
“Юқоридан келган буйрук” бўйича Ўзбекистонда ҳали ҳануз ўқитувчилардан тортиб мактаб ўқувчилари, институт ва коллеж талабалари пахта теримига мажбуран жалб қилинмоқда.
Дунё миқёсида аёллар ва болаларга, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига катта эътибор қаратилган. Аёллар ва болалар алоҳида қонунлар билан ҳимоя қилинади. Бу қонунларни бузиш эса жиноят ҳисобланади.
Ўзбекистон умумий аҳолисининг 40 фоизини 18 ёшгача бўлганлар, яъни болалар ташкил этади.
Келинг, шу ўринда юқоридаги мавзулар бўйича Ўзбекистонда амал қилинмаётган қонунларга бир эътибор берайлик.
Маълумки, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциянинг 32-моддасида иштирокчи давлатлар томонидан болани иқтисодий эксплуатациядан ҳамда унинг соғлиғи учун хавф-хатар етказиш мумкин бўлган ёки таълим олишига тўсқинлик қиладиган ёхуд соғлиғи, жисмоний, ақлий, маънавий, ахлоқий ва ижтимоий ривожланишига зарар келтирадиган ҳар қандай ишлардан ҳимоя қилиниш ҳуқуқининг эътироф этилиши, шунингдек ишга қабул қилиш учун энг кичик ёшнинг белгилаб берилиши кераклиги ҳақида айтилган.
БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган мана бу уч қоидага Ўзбекистон ҳукумати риоя қилишга шошмаяпти:
1. “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция;
2. “Ишга қабул қилишнинг энг кичик ёши тўғрисида”ги Конвенция;
Ваҳоланки бу қонунларнинг ҳар бирини Ўзбекистон ҳукумати аллақачон ратификация қилиб улгурган (мос равишда – 1992 йил 9 декабрда, 2008 йил 4 апрелда, 2008 йил 8 апрелда).
Бундан ташқари, Ўзбекистон Конституцияси Х боб, 45-моддасида: Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир, деб белгилаб қўйилган.
Конституциямизда белгиланган ушбу чиройли қонунларга амал қилиш, буюк келажагимиз қўлида бўлган ёшларга эътибор бериш даври келмадимимикан?
Пахта экспортидан миллиард-миллиард доллар фойда кўраётган Ўзбекистон учун аёллар ва болалар ҳақ-ҳуқуқларига етарли ғамхўрлик қилиш, фарзандларимизни баркамол инсон бўлиб етишлари учун жон куйдириш вақти келди, гарчи буни диктаторлик режими тан олмаса-да!
Date: Payshanba, 11/09/15, 8:44:22 AM | Message # 163
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 7146
Status:
Ўзбекистонда пахтани дефоляциялаш ишлари бошланди
OLAM.uz ахборот агентлигининг хабарига кўра, “Махсус авиация ишлари” авиакомпанияси пахта дефоляцияси бўйича мавсумий ишини бошлади.
Ғўзаларни дефоляциялаш авиакимё ишларининг энг оғирларидан ҳисобланади. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси пресс-хизмати Ўзбекистондаги “САР” авиакомпаниясининг учувчилар ва инженерлар командаси жой-жойлардаги тадбирларни доимий назорат қилиб турибдилар.
Бундан ташқари, дефоляция ишларини авиакомпания раҳбарияти ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат авиа назорати ҳам кузатиб турибди.
Авиакимё ишларини тайёр ҳолга келтирилган Ан-2 самолётлари ёрдамида амалга оширилмоқда. Дефоляция ишларига энг биринчилардан бўлиб Сурхондарё ва Наманган вилоятларида киришдилар.
Ғўзага ишлов берувчи авиакимё ишлари бугунги кунда Жиззаҳ, Бухоро ва Фарғона вилоятларида ҳам олиб борилмоқда.
Дефоляция – дефолиант ёрдамида ғўза баргларини туширишдир. Бу иш асосан пахта теримини осонлаштириш учун қилинади.
Эслатиб ўтамиз, дефоляция – дори сочиш ишлари уюштирилаётган далаларда миллионлаб аёллар ва болалар пахта термоқдалар ҳамда деҳқонлар дала ишларини олиб бормоқдалар.
Устига-устак, маҳаллаларда ҳар куни уч маҳалдан электр энергиясининг узиб қўйилиши оқибатида, пахта далаларида оғир меҳнатдан уйига қайтган меҳнаткашлар қийинчиликларига қийинчиликлар қўшилган.
Ўзбекистон президенти 14 сентябр куни “Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага ҳақи бор фуқаролар” ҳақидаги қонунни имзолади. Президент имзоси қўйилиши билан қонуннинг кучга киргани айтилса-да¸ Озодлик суриштирувига кўра¸ Тошкент шаҳрида ҳозирча доимий прописка жараëни очилмаган.
16 сентябр куни Озодлик мухбири пойтахтда вақтинчалик пропискадан ўтиш тартибининг янги ҳолатини ўрганиш учун пойтахтдаги бир неча туман Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига мурожаат қилди. ХЧКФР бўлими ходимлари ҳали қонун хусусидаги низом уларга етиб келмагани учун доимий прописка расман очилмаганини айтди:
- Ҳали официалний прописка очилгани йўқ. Ҳали бизга фармонни низоми келади, кейин очилади. Мана фармоннинг охирига ёзиб қўйибдику, бу қонун расман эълон қилингандан кейин кучга киради, деб, дер экан Чилонзор туман Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими расмийси янги қонуннинг ҳали Ўзбекистон матбуотида эълон қилинмаганини таъкидлай туриб.
Ўзбекистон президенти имзолаган Тошкент шаҳри ва вилоятида пропискага туришга оид қонун 12 тоифадаги фуқароларга Тошкентда доимий қайддан ўтиш ҳуқуқини беради:
- шаҳардан уй сотиб олган шахслар; - пропискаси бор шахсларнинг биринчи ва иккинчи даражадаги тўғридан-тўғри қариндошлари; - пропискаси бор фуқароларнинг васийлари; - пропискаси бор шахсларнинг ота-онасиз қолган қондош ака-ука ва опа-сингиллари, шунингдек меҳнатга лаёқатсиз оиласи бўлмаган ака-ука ва опа-сингиллари; - пропискаси бор эр(хотин), агар улардан бирининг пропискаси бўлса ва камида бир йил бирга яшаган бўлса; - Тошкент шаҳрида доимий пропискаси бор фуқаролар, агар улар доимий прописка масаласи бўйича Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги бошқа манзилга мурожаат қиладиган бўлса; - Тошкент вилоятида доимий пропискаси бор фуқаролар, агар улар доимий прописка масаласи бўйича Тошкент вилоятидаги бошқа манзилга мурожаат қиладиган бўлса; - илгари Тошкентда пропискада турган, бироқ ўқиш ёки узоқ муддатли хизмат сафарига кетиб қайтиб келган ёки жазони ўташ муассасасидан озод бўлган шахслар; - фақат амалдаги фаолияти даврида Тошкент шаҳрига тайинланган амалдорлар ва уларнинг оилалари; - депутатлар ва уларнинг оилалари; - фақат иш даври давомида пойтахтга ишлашга таклиф этилган мутахассислар ва уларнинг оилалари; - ҳарбийлар ва уларнинг оилалари.
“Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага ҳақи бор фуқаролар” ҳақидаги қонун 14 июл куни Ўзбекистон Олий Мажлисининг қонунчилик палатаси тарафидан қабул қилинган ва Сенат тасдиғидан ўтган. Ўзбекистон Конституцияси ўз фуқароларига ҳаракатланиш эркинлигини кафолатлайди.
Ўзбекистон Конституциясининг 28-моддасида фуқаронинг яшаш жойи эркинлиги ҳақида бундай дейилган:
«Ўзбекистон Республикаси Фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир». ozodlik.org
"Чиго" ва "Метро" "Қора ниқоблилар" ҳужумига учради
16 сентябр куни Тошкентдаги "Малика" савдо марказида "Қора ниқоблилар" гуруҳи рейд ўтказиб, "Чиго" ва "Метро" дўконларининг барча товар-маҳсулотларини мусодара қилди.
Озодлик электрон почтасига бу ҳақдаги хабар етиб келгач, Озодлик илтимосига кўра тошкентлик ҳуқуқ фаоллари, Бирдамлик ҳаракати аъзолари Абдулла Тожибой ўғли ва Владимир Ҳусайинов 17 сентябр куни "Малика" савдо марказида бўлиб воқеани ўргандилар.
"Қора ниқоблилар" рейдидан сўнг "Чиго" дўкони муҳрланди. -Кеча 16 сентябр куни маиший техника сотадиган дўконлар “Метро” ва “Чиго”га бир вақтнинг ўзида қуролланган, маскали кишилар томонидан бостириб кирилган ва у ердаги барча мол-мулк мусодара қилиб, олиб чиқиб кетилган. Ҳозиргача бу дўконлар муҳрланган ҳолда турибди. Маскалилар сони ўндан зиёд бўлган. Икки савдогар билан гаплашдик. Улар ҳақиқатдан ҳам дўконларда рейд ўтказилгани ва дўкондорларнинг товарлари мусодара қилинганини айтишди. Биз ўша жойга бордик. Ўша иккита дўконни топдик. Дўконларнинг муҳрланган ҳолда ёпиқ турганини суратга олдик. Дўконлар катта-катта экан. Хоналари катта-катта. Биз ичкарига кириш имконини қила олмадик. Чунки дўконлар муҳрланган ҳолда турибди. Дўкон ойнасидан ичкарига қарадик. Ичкарида расталарнинг барчаси ағдарилган, нарсалар сочилган. Бу бетартиб манзарадан хулоса қилиш мумкинки, тўсатдан кириб, босган,- деди ҳуқуқ фаоли.
16 сентябр куни "Қора ниқоблилар" рейдидан сўнг "Метро" дўкони ҳам муҳрланди. - “Қора маскалилар” нима сабабдан босган буни аниқлай олмадик. Биз 16 сентябр куни "Қора ниқоблилар" рейдидан сўнг "Метро" дўкони ҳам муҳрланди. “Бу товарлар қинғир йўллар билан олиб келингани учун мол мусодара қилиндими “деган саволни қўйдик. Бироқ у ердаги савдогарлар бундан бехабарлигини айтишди. Дўкон эгаларини бугун ҳеч ким кўрмаган. Шу пайтгача нима сабабдан рейд ўтказилгани номаълум қолаяпти, -деди ҳуқуқ фаоли.
Озодлик "Малика" савдо маркази раҳбарияти билан боғланганида, улар рейд ўтказилгани ҳақидаги хабарни инкор қилишди.
- Келиб кўринг. Бугун мана ҳамма ишлаяпти. Савдо маркази ёпилмаган. Рейд ҳақида эшитмадик, -дея гапини қисқа қилди ўзини "Малика" савдо маркази маъмуриятидан дея таништирган ходим.
“Малика”даги савдогарлар тарихидан
Жорий йил март ойида Тошкент шаҳри марказидаги Навоий кўчасида жойлашган савдо дўконлари ер билан яксон қилинган эди.
Жами пул айланмаси юз миллионлаб АҚШ долларини ташкил этиши айтиладиган Навоий кўчасидаги савдо растараларида савдо қилган ўзбек тадбиркорлари кутилмаганда кўчиш ҳақидаги буйруқни олган ва уч кун ичида Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида жойлашган собиқ "Малика" тикув фабрикаси ўрнида очилган савдо марказига кўчирилган эди.
Номаълум қолаётган “қора ниқоблилар”
Сўнгги пайтларда Ўзбекистоннинг турли жойларидаги савдо шаҳобчаларига уюштирилган рейдларнинг асосий ижрочиси "қора ниқобли"лар гуруҳи бўлмоқда.
Қора ниқобли "сирли кучларнинг" рейдлари сони кўпайиб бормоқда, бироқ уларнинг кимлиги ҳануз номаълумлигича қолаяпти.
Абдулла Тожибой ўғлига кўра, “Малика” савдо марказига бостириб кирган “қора ниқоблилар” гуруҳининг кимлигини аниқлашнинг бу сафар ҳам имкони бўлмаган.
- “Қора маскалилар” кимлиги бу сафар ҳам сирлигича қолди. Биз аниқлай олмадик. Ҳаммамизга маълум бу 2010 йилдан бошланди. Номаълум кишилар, қуролланган, қора маскали кишилар нафақат маҳаллий тадбиркорларнинг дўконларига, балки чет эл билан ҳамкорликда очилган компаниялар дейсизми, хорижликларга тегишли дўконлар дейсизми буларнинг ҳаммасига қуролланган, маскалилар кўпчилик бўлиб, тўсатдан бостириб кириши ва мол-мулкларини мусодара қилинаётгани ҳаммага маълум. Аммо улар аниқ ким, қаердан, улар солиқчиларми ёки МХХми бу борада ҳеч қандай маълумот йўқ, дейди ҳуқуқ фаоли.
"Қора ниқобли"лар ўтказган рейдлар
20 июль куни тушдан кейин куч ишлатар тизимларнинг қора ниқоб таққан 30 кишидан иборат гуруҳи Тошкентдаги Олмазор метро бекатида жойлашган хусусий такси ва микроавтобуслар турадиган стоянкада "рейд" ўтказди.
17 июл куни қора ниқобли "сирли кучлар" Урганч шаҳридаги савдо уйида рейд ўтказган эди.
23 июн куни Самарқанд вилояти Ургут шаҳар буюм бозоридаги тадбиркорларнинг янги бозорга кўчирилишга қарши билдирган норозилиги ҳам қора ниқобли махсус кучлар ёрдами билан бостирилган эди.
"Қора ниқоблилар" 16-17 июн кунлари Янгийўл шаҳридаги ресторанлар ва буюм бозорини босган.
Шу йилнинг 2 март куни Тошкентда бу гуруҳ Божхона, Солиқ қўмитаси, Ўзстандарт агентлиги билан бирга, "Туркуаз" ширкатига қарашли дўконлар жойлашган савдо уйига рейд уюштирган эди.
Тошкент шаҳридаги чинни бозори ва темир бозори ҳам "қора ниқоблилар"нинг ҳужумига учраган.