RAMAZON SIRLARI
|
|
OSIYO | Дата: Seshanba, 09-Avg-2011, 10:27 | Сообщение # 76 |
 Peshqadam
Группа: Ishonchli
Сообщений: 7142
Статус: 
| Биринчи насиҳат Рамазон биз шукр қилишимиз лозим бўлган неъматдир Муҳтарама опа-сингиллар! Рамазон ойи Аллоҳнинг мўмин бандаларига берган энг улуғ неъматларидандир. Бу ойда Аллоҳнинг раҳмати ёғилади, гуноҳлар мағфират қилинади, ажр-савоблар кўпайтирилади ва Аллоҳ бандаларини жаҳаннамдан озод қилади. Набий (с.а.в) айтдилар: «... Агар Рамазон ойи кирса, жаннат дарвозалари очилади, жаҳаннам қопқалари ёпилади ҳамда шайтонлар занжирбанд қилинади...». Муттафақун алайҳ. «Кимки иймон билан ва савоб умид қилиб Рамазон рўзасини тутса, унинг олдин қилган гуноҳлари кечирилади. Кимки иймон билан ва савоб умид қилиб Рамазонда (кечалари) қоим бўлса, унинг олдин қилган гуноҳлари кечирилади». Муттафақун алайҳ. Аллоҳ таъоло ҳадиси қудсийда айтади: «Одам боласининг барча амаллари ўзи учундир. Фақат рўза Мен учундир. Унинг мукофатини ҳам Ўзим бераман». Муттафақун алайҳ. Расулуллоҳ (с.а.в) айтдилар: «Рамазон ойининг ҳар кеча-кундузида Аллоҳнинг жаҳаннамдан озод қиладиган бандалари бор ва ҳар бир мусулмоннинг дуо қилса, ижобат қилинидиган бир дуоси бор». Аҳмад ривояти. Яна бу ойда қадр кечаси ҳам бор. «Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир». «Қадр», 3. Муниса опа-сингиллар! Биз Рамазон ойининг баъзи фазилатларини зикр этдик. Бу Аллоҳнинг сизга берган неъматининг нечоғлик улуғлигини баён қилиб беради: Сизни бошқалардан афзал қилиб, Рамазон рўзаси ва қиёми учун тайёрлади. Ўтган Рамазонда биз билан бирга рўза тутган қанча кишилар ҳозир тупроқ остида, қабрларидалар. Бу неъмат учун Аллоҳга шукр қилинг, уни гуноҳлар ва ёмонликлар билан қарши олманг. Акс ҳолда, бу неъмат завол топади. Мана бу шоирнинг сўзи қандай ҳам яхши:
Шукр эт, Аллоҳнинг иноятига, Токи гуноҳ сабаб топмасин завол. Омонлик фақат Ҳақ ибодатида, Ношукр бандага кўп оғир савол.
|
|
| |
OSIYO | Дата: Seshanba, 09-Avg-2011, 10:27 | Сообщение # 77 |
 Peshqadam
Группа: Ishonchli
Сообщений: 7142
Статус: 
| Иккинчи насиҳат Рамазонни қандай қаршилайсиз? 1. Ҳақиқий тавба қилишга шошиш билан... «Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар». «Нур», 31. 2. Ёлғон, ғийбат, чақимчилик, бузуқлик, мусиқа, жоҳилият ясан-тусани, номаҳрамлар билан аралашиш каби барча гуноҳлардан халос бўлиш билан... 3. Рамазонни солиҳ амаллар билан барпо қилишга ҳамда қимматли вақтларни беҳуда сарфламасликка қатъий ният ва олий ҳиммат билан... 4. Зикр, дуо, истиғфор ва Қуръон тиловатини кўпайтириш билан. 5. Беш вақт намозни ўз вақтида, хотиржам ва хушуъ билан адо қилиш. 6. Фарзларни бажаргандан кейин нафл ибодатларни ҳам комил адо қилиш билан.
|
|
| |
OSIYO | Дата: Seshanba, 09-Avg-2011, 10:28 | Сообщение # 78 |
 Peshqadam
Группа: Ishonchli
Сообщений: 7142
Статус: 
| Учинчи насиҳат Муслима тутган рўзаси Аллоҳ ҳузурида қабул бўлиши учун рўзанинг фарзлари, суннатлари ва одобларини ўрганиши лозим. Аёллар рўзасига тегишли бўлган ҳукмларни келтириб ўтамиз. 1. Балоғатга етган, оқила, муқим (мусофир эмас), қодир (касал эмас), ҳайз ва нифос каби ман қилувчилардан холи ҳар бир муслима аёлга рўза тутиш фарз бўлади. 2. Агар навниҳол қиз кундузи балоғатга етса, куннинг қолган қисмида (рўзани бузувчи нарсалардан) тийилиши керак. Чунки унга рўза фарз бўлди. Ойнинг ўтган қисмининг рўзасини қазо қилиб тутиб бериши лозим эмас. Чунки у пайтда унга рўза вожиб эмас эди. 3. Фарз рўзада қалб билан ният қилиш шарт. Тил билан талаффуз қилинмайди. Шунингдек қазо рўза ва каффорат рўзалари каби вожиб рўзаларда ҳам ният шарт. Расулуллоҳ (с.а.в) айтадилар: «Кечаси рўза (тутишни ният) қилмаган кишига рўза йўқ. (Яъни рўзаси саҳиҳ эмас)». Аҳмад ривояти. Рўзани туннинг қайси қисмида ҳатто тонг киришидан бир лаҳза олдин бўлса ҳам ният қилсангиз, рўза дуруст бўлади. 4. Рўзани бузадиган нарсалар еттита;
а) Жимоъ б) Қучоқлашганда, ўпганда эркак ёки аёлдан маний келиши в) Емоқ, ичмоқ г) Озиқлантирувчи укол каби қувват бўладиган нарсалар д) Қон олдириш йўли билан қон чиқариш е) Қасддан қайт қилиш ж) Ҳайз ва нифос қонининг келиши
1. Ҳайз кўрган аёл оқ ипни (яъни ҳайз тугагандан кейин чиқадиган оқиш суюқлик.. Бу билан аёл покланганини билади) кўрса, кечаси рўзани ният қилиб, рўза тутади. Агар аёл покланганини билолмаса, пахта ёки шунга ўхшаш нарса билан артинади. Тоза бўлса, рўза тутади. Ҳайз қони бўлса, рўза тутмайди. 2. Ҳайз кўрган аёл ўз табиатида қолиши афзал. Аллоҳ унга ёзиб қўйган нарсага рози бўлсин ва ҳайзни тўсадиган амалларни қилмасин. Чунки бу (ҳайз) Аллоҳ таъоло Одам алайҳис-салом қизларига ёзиб қўйган нарсадир. 3. Агар нифос кўрган аёл қирқ кун тўлмасдан покланса, рўза тутади ва намоз учун ғусл қилади. Агар нифоси қирқ кундан ўтиб кетса, рўза ниятида ғусл қилади. Тўхтамаётган қонни истиҳоза деб эътиборга олади. Лекин одатий ҳайз вақтига тўғри келса, ҳайз ҳисобланади. 4. Истиҳоза қони рўзани бузмайди. 5. Ҳомиладор ва эмизикли аёл касалга қиёс қилинади. Оғиз очишлари жоиз. Улар қазосини тутиб беришади. Набий (с.а.в) айтдилар: «Аллоҳ мусофирдан рўзани ва намознинг ярмини кечди. Ҳомиладор ва эмизикли аёлдан рўзани кечди». Термизий ривояти. 6. Рўзадор эҳтиёж туғилганда таомни татиб кўриши мумкин. Лекин ютиб юбормайди. Оғзига олган таомни туфлаб ташлаши рўзасини бузмайди. 7. Шом намозидан олдин ифторликни тезлаштириш ва саҳарликни кечиктириш мустаҳаб бўлади. Расулуллоҳ (с.а.в) айтдилар: «Инсонлар модомики ифторликни тезлаштирар эканлар, яхшиликда давом этадилар». Муттафақун алайҳ.
|
|
| |
OSIYO | Дата: Seshanba, 09-Avg-2011, 10:29 | Сообщение # 79 |
 Peshqadam
Группа: Ishonchli
Сообщений: 7142
Статус: 
| Тўртинчи насиҳат
Рамазон рўза ойи, таом ойи эмас Аллоҳ Рамазон рўзасини мусулмонлар сабрга одатланиши учун фарз қилган. Токи улар нафсларини ва шаҳватларини тийувчи, Роббиларига тақво қилувчи бўлсин. «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди». «Бақара», 183. Салафларнинг биридан: «Рўза нима учун машруъ қилинган?»- деб сўралди. У жавоб берди: «Бой ҳам очлик нималигини билиши учун. Шунда камбағални унутмайди». Афсуски кўпчилик бу улуғ ойда исрофлар қилишяпти. Оилаларнинг Рамазон ойида истеъмол қиладиган таомлар миқдори йилнинг бошқа ойларига нисбатан кўпроқ. Фақат Аллоҳ раҳм қилганлар бундан мустасно. Шунингдек аёл кунининг кўп қисмини ошхонада турли таомлар ва ичимликлар тайёрлаш билан ўтказиб юборади. Энди у қачон Қуръон ўқийди? Қачон Аллоҳни зикр қилиб, У Зотга дуо ва истиғфор билан юзланади? Қачон рўза ҳукмлари ва кечаси қоим бўлиш одобларини ўрганади? Қачон Аллоҳга итоат қилиш учун фурсат топади? Муҳтарама опа-сингиллар! Бу ойни Аллоҳга итоат, ибодат қилмасдан беҳуда ўтказиб юборишдан эҳтиёт бўлинг. Дарҳақиқат Рамазонга етиб, гуноҳлари кечирилмаган кимса бадбахт бўлибди. Набий (с.а.в) айтдилар: «Одам боласи қорнидан кўра ёмонроқ идишни тўлдирмаган. Одам боласига гавдасини тутиб турадиган бир-икки луқма таом кифоя. Агар иложи бўлмаса, қориннинг учдан бири таомига, учдан бири ичимлигига ва яна учдан бири эса нафас олишигадир». Аҳмад ва Термизий ривояти.
|
|
| |
OSIYO | Дата: Seshanba, 09-Avg-2011, 10:29 | Сообщение # 80 |
 Peshqadam
Группа: Ishonchli
Сообщений: 7142
Статус: 
| Бешинчи насиҳат Рамазон – Қуръон ойидир Рамазон ойининг Қуръон билан ўзига хос боғлиқлиги бор. «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва Фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган». «Бақара», 185. Рамазон ва Қуръон бир-бирига боғлиқдир. Рамазон зикр қилинганда Қуръон ҳам зикр қилинади. Ибн Аббос (р.а)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (с.а.в) инсонларнинг энг қўли очиғи эдилар. Рамазонда Жаброил алайҳис-салом билан учрашган пайтларида яна ҳам сахийроқ бўлар эдилар. Жаброил Расулуллоҳ (с.а.в) ҳузурларига Рамазоннинг ҳар кечасида келарди ва Қуръондан таълим берарди. Расулуллоҳ (с.а.в) Жаброил (а.с) билан учрашган пайтларида ҳур шамолдан ҳам яхшиликни (улашувчи) сахийроқ бўлар эдилар». Бухорий ва Муслим ривояти. Демак Рамазон тунлари Қуръон тиловат қилиш ва Қуръондан дарс қилиш мустаҳаб экан. Чунки кечаси ташвишлар тин олади. Инсон бир хотиржамлик туяди. «Албатта кечаси (ибодат учун бедор бўлиб) туриш (тун уйқу-ором вақти бўлгани сабабли) жуда оғир юкдир ва (лекин у пайтда кундузги безовталиклар бўлмагани учун) энг тўғри сўздир». «Муззаммил», 6. Салафлар Рамазонни Қуръон тиловати билан ўтказардилар. Баъзилари Рамазоннинг ҳар ўн кечасида қоим бўлиб Қуръонни хатм қилардилар. Қатода ҳар доим етти кунда хатм қиларди. Рамазонда эса уч кунда хатм қиларди. Охирги ўн кунлигида ҳар кеча хатм қиларди. Зуҳрий Рамазон ойи кирса, «Бу ой Қуръон тиловат қилиш ва таом бериш ойидир»- деб айтарди. Ибн Абдулҳакам айтади: «Молик Рамазон ойи кирганида ҳадис ўқишни ва илм аҳли давраларини тарк қилиб, мусҳафдан Қуръон тиловат қилишга киришар эди». Абдураззоқ айтади: «Суфён Саврий Рамазон ойи кирганда барча ибодатларни тарк қилиб, Қуръон тиловатига киришарди». Сиз ҳам Қуръон тиловатини одат қилиб олинг. Шунда қалбингиз уйғонади, нафсингиз покланади ва аъзоларингиз Аллоҳ ҳукмига бўйсунади. Иншааллоҳ Қиёмат куни Қуръоннинг шафоатига ноил бўласиз. Набий (c.а.в) айтдилар: «Рўза ва Қуръон Қиёмат куни бандага шафоатчи бўлади. Рўза айтади: «Эй Роббим. Мен уни таомдан ва шаҳватдан тўсдим. Мени унга шафоатчи қилгин». Қуръон айтади: «Мен уни кечаси уйқудан тўсдим. Мени унга шафоатчи қилгин». Ҳар иккаласи шафоатчи қилинади». Аҳмад ва Ҳоким ривояти.
|
|
| |
OSIYO | Дата: Seshanba, 09-Avg-2011, 10:30 | Сообщение # 81 |
 Peshqadam
Группа: Ishonchli
Сообщений: 7142
Статус: 
| Олтинчи насиҳат
Рамазон саховат ва эҳсон ойидир Набий (с.а.в) аёлларни садақа қилишга чақириб, шундай дедилар: «Эй аёллар! Садақа қилинглар ва кўп истиғфор айтинглар. Жаҳаннам аҳлининг кўпчилиги сизлардан эканини кўрдим». Муслим ривояти. «Эй аёллар! Тақинчоқларингдан бўлса ҳам, садақа қилинглар». Бухорий ривояти. Оиша разияллоҳу анҳо онамиз бир куни юз минг садақа қилиб юбордилар. Ўша куни рўзадор эдилар. Хизматчиси айтди: «Инфоқ-эҳсон қилган нарсаларингиздан бир дирҳамига ифторлик қилишингиз учун гўшт сотиб олсангиз бўларди-ку?». Оиша разияллоҳу анҳо айтдилар: «Агар эслатганингда, шундай қилган бўлардим». Рамазонда қилинган саховат бошқа ойда қилинган эҳсондан афзалдир. Шунинг учун Расулуллоҳ (с.а.в) Рамазонда ҳур эсадиган шамолдан ҳам яхшилик (улашувчи) сахийроқ бўлар эдилар. У кишининг сахийликлари саховатнинг барча турларини ўз ичига олар эди. Аллоҳнинг динини ғолиб қилишда ва бандаларни тўғри йўлга бошлашда Аллоҳ учун илмини, молини ва жонини сарфлар эдилар. Инсонларга кўп томонлама фойда етказар эдилар. Очларни таомлантирар, ваъз-насиҳат қилар, ҳожатларини раво этиб, оғирларини енгил қилар эдилар. Рўзадорларга таом бериш Рамазондаги саховатлар жумласидандир. Набий (с.а.в) айтдилар: «Ким рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ҳам рўзадорнинг ажридек ажр бўлади. Лекин (бу билан) рўзадорнинг ажридан бирор нарса камаймайди». Аҳмад ва Термизий ривояти. Шунингдек мудом етиб турувчи садақага ҳам ҳарис бўлинг. Расулуллоҳ (с.а.в) айтдилар: «Одам боласи вафот этса, амали тўхтайди. Фақат уч нарса тўхтамасдан давом этиб туради; Жорий садақа, фойдаланиладиган илм ёки уни дуо қиладиган солиҳ фарзанд». Муслим ривояти.
|
|
| |
OSIYO | Дата: Seshanba, 09-Avg-2011, 10:30 | Сообщение # 82 |
 Peshqadam
Группа: Ishonchli
Сообщений: 7142
Статус: 
| Еттинчи насиҳат Рамазон – кечалари қоим бўлиш ойидир «Расулуллоҳ (с.а.в) кечалари намоз ўқиб қоим турардилар. Ҳатто оёқлари шишиб кетарди. Саҳобалар Расулуллоҳ (с.а.в)га айтдилар: «Ё Расулуллоҳ! Сиз нимага бундай қиляпсиз, ваҳоланки сизнинг олдинги ва кейинги гуноҳларингиз кечирилган-ку?». Расулуллоҳ (с.а.в) айтдилар: «Шукр қилувчи банда бўлмайинми». Муттафақун алайҳ. Набий (с.а.в) айтдилар: «Ким иймон билан ва савоб умид қилиб Рамазонда (кечалари) қоим бўлса, унинг олдин қилган гуноҳлари кечирилади». Муттафақун алайҳ. Аёл ҳам намоз учун масжидга чиқиши мумкин. Лекин уйда ўқиган намози афзал. Набий (с.а.в) айтдилар: «Аёлларингизни масжиддан тўсманглар. (Лекин) уйлари улар учун яхшироқдир». Аҳмад ва Абу Довуд ривояти. Ҳофиз ад-Димётий айтади: «Расулуллоҳ (с.а.в) вақтларида аёллар намозга чиқсалар, кийимлари, ёпинчиқлари билан ўраниб чиқардилар. Ғира-ширада уларни таниб бўлмас эди. Расулуллоҳ (с.а.в) намоз ўқиб салом берсалар, эркакларга: «Аёллар кетгунларича жойларингда ўтиринглар!»- дер эдилар. Шундай бўлса ҳам Расулуллоҳ: «Уйларида ўқиган намозлари афзал»- деб айтдилар. Энди бўяниб, ясан-тусан қилиб,, «таннозхон» бўлиб кўчага чиқадиган аёллар хусусида нима дейсиз?!. Оиша разияллоҳу анҳо айтдилар: «Агар Расулуллоҳ (с.а.в) аёлларнинг у кишидан кейин нималар қилганларини билганларида, уларни масжидга чиқишдан тўсиб қўйган бўлар эдилар». Бу Оишанинг саҳобия аёллар хусусида гапирган сўзлари. Оиша разияллоҳу анҳо бизнинг замона аёлларини кўрганларида нима дер эдилар?». Оқила аёл масжидга чиқмоқчи бўлса, салафларнинг аёллари каби ўраниб, мастура бўлиб чиқиши керак. Аёлнинг нияти тўғри бўлсин. Яъни намозни адо қилиш учун ва Аллоҳнинг оятларини эшитиш учун боряпман, деб ният қилиб олсин. Бу уни хотиржамлик, виқор ва бошқаларнинг этиборини ўзига тортмасдан юришга чақиради. Баъзи аёллар машинада ёлғиз ҳайдовчи билан масжидга борадилар. Натижада нафл ибодат қиламан деб ҳаром ишга қўл уришади. Бу жоҳиллик ва нодонликдан бошқа нарса эмас. Аёл кишига уйидан чиқаётганида хушбўйлик сепиш мумкин эмас. Набий (с.а.в) айтдилар: «Қайси аёл хушбўйлик сепса, биз билан бирга хуфтон намозига ҳозир бўлмасин». Муслим ривояти. Аёллар агар ўз ҳолига ташлаб қўйилса йиғлаб, бақириб ёки масжиддаги нарсаларни ўйнаб, атрофдаги мусулмонлар хаёлини чалғитадиган ёш болаларни ўзлари билан бирга намозга олиб чиқмасинлар.
|
|
| |
OSIYO | Дата: Seshanba, 09-Avg-2011, 10:31 | Сообщение # 83 |
 Peshqadam
Группа: Ishonchli
Сообщений: 7142
Статус: 
| Саккизинчи насиҳат
Тана аъзоларининг рўзаси Муҳтарама опа-сингиллар! Рўзадор ўзининг аъзоларини гуноҳлардан тияди. Кўзлари ҳаромга қарашдан, қулоқлари ёлғон, ғийбат, чақимчилик, мусиқа каби ҳаром овозларни эшитишдан тийилади. Қўллари зулмдан, оёқлари ҳаромга боришдан, тили ғийбат, ёлғон, туҳмат ва бузуқ сўзлардан, қорни еб-ичишдан ҳамда фаржи қўшилишдан тийилади. Фақат фойдали ва яхши сўзларни сўзлайди. Рўзасига зарар етказадиган ёки бузиб юборадиган беҳаё, бузуқ сўзларни гапирмайди. Шунингдек мусулмонларнинг шаънига ёлғон, ғийбат, чақимчилик ва ҳасад тўқимайди. Расулуллоҳ (с.а.в) айтдилар: «Ким ёлғонни, унга амал қилишни ва жоҳилликни тарк қилмас экан, унинг емай-ичмай юришининг Аллоҳга бирор-бир ҳожати йўқ». Бухорий ривояти. «Агар биронтангиз рўза тутса, бузуқ сўзни айтмасин, бақирмасин. Бирортаси уни ҳақорат қилса ёки уришса: «Мен рўзадорман»- деб айтсин». Муттафақун алайҳ. Фақат еб-ичишдан тийилиб, мусулмонларнинг гўштлари ва обрўларига чангал солишдан тийилмаган кимсага Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ушбу сўзлари тааллуқлидир. «Қанчадан-қанча рўзадорлар борки, уларнинг рўзадан насибалари фақат очлик ва ташналик бўлади». Аҳмад ва Ибн Можа ривояти.
|
|
| |
OSIYO | Дата: Seshanba, 09-Avg-2011, 10:31 | Сообщение # 84 |
 Peshqadam
Группа: Ishonchli
Сообщений: 7142
Статус: 
| Тўққизинчи насиҳат Рамазон ойида вақтни беҳуда ўтказмаслик учун амалий қадамлар Муслима опа-сингиллар! Бу улуғ ойда вақтларингизни Қиёмат куни сизга ютуқ ва бахт келтирадиган ишларга сарфланг. Жаннатга яқинлаштирадиган ва жаҳаннамдан узоқлаштирадиган ишларда Рамазон кеча ва кундузларини ғанимат билинг. Албатта, бу Аллоҳга итоат қилиб, маъсиятлардан узоқлашиш билан бўлади. Рамазонни хайрли ўтказиш учун қуйидагиларга риоя қилинг. 1. Уйдан фақат зарурат ёки ибодат учун чиқинг. 2. Бозорларда айланиб юрманг. Хусусан Рамазоннинг охирги ўн кунлигида ўзингизни ушланг. Ҳайит учун кийим-кечакларни охирги ўн кунликкача ёки Рамазонгача харид қилиш ҳам мумкин. 3. Беҳуда меҳмондорчиликларни йиғиштиринг. Агар касални кўриш каби сабабли зиёрат бўлса, узоқ ўтириб қолманг. 4. Ёмон давралардан четланинг. У ерлар ғийбат, чақимчилик, ёлғон, бошқаларнинг устидан кулиб, таъна етказиш мажлисларидир. 5. Мусобақаларга, (топишмоқ) бошқотирма ечишга, кино ва сериаллар кўришга вақтингизни кетказманг. Акс ҳолда сиз Рамазондан фойдалана олмайсиз. 6. Бомдодгача бедор бўлишдан четланинг. Чунки бу намозларни зое қилишга ва кун бўйи ухлашга олиб боради. 7. Ёмонлар суҳбатидан қочинг. 8. Кунни ухлаб ўтказманг. Баъзи бировлар бомдоддан кейин уйқуга кетиб, пешиндан кейин уйғонадилар. Бу қанақа рўза бўлди? 9. Бутун вақтингиз турли егуликлар тайёрлаш билан ўтмасин. 10. Вақтни ясан-тусан қилиб, бўяниб-тараниб ойна олдида ўтказманг. 11. Вақтни телефонда гаплашишга сарфламанг. Бу иймони заифларнинг очлик ва чанқоқни енгиш учун тутган йўлларидир. Агар Аллоҳнинг Китобини тиловат қилиб, дарс қилганларида, улар учун яхшироқ бўларди. 12. Талашиб-тортишишдан йироқ бўлинг. Чунки бу фақат вақтни зое кетказиш ва ҳаром ишларни қилишга олиб боради. Агар сиз билан кимдир тортишмоқчи бўлса, «Мен рўзадорман»- деб айтинг.
|
|
| |
OSIYO | Дата: Seshanba, 09-Avg-2011, 10:32 | Сообщение # 85 |
 Peshqadam
Группа: Ishonchli
Сообщений: 7142
Статус: 
| Ўнинчи насиҳат Рамазоннинг охирги ўн кунлиги Муслима опа-сингиллар! Рамазон ойининг йигирма куни ортда қолди. Яна ўн кун фурсат бор. Агар ўтиб кетган кунларда сусткашлик қилган бўлсангиз, қолган ўн кунни ғанимат билинг. Чунки амаллар хотималарига қараб баҳоланади. «Расулуллоҳ (с.а.в) (охирги) ўн кунликда кечасини бедорлик билан ўтказардилар, оила аъзоларини уйғотардилар, белларини маҳкам боғлардилар». Муттафақун алайҳ. Бу саноқли кунларни баъзи инсонлар ғанимат билишади. Баъзилар эса ҳасратда қолишади. Ҳабиб Абу Муҳаммаднинг аёли кечаси унга шундай дерди: «Кеча ўтиб кетди. Йўл эса узоқ. Озуқамиз жуда оз. Солиҳларнинг карвони узоқлашиб бораяпти. Биз эса ортда қолиб кетдик». Аллоҳ таъоло Ўз фазли билан «Қадр кечаси»ни охирги ўн куннинг бирида қилиб қўйди. Бу охирги ўн куннинг тоқ кунларида бўлади. Оиша разияллоҳу анҳодан: Расулуллоҳ (с.а.в) айтардилар: «Қадр кечасини Рамазонда охирги ўн куннинг тоқ кунларидан қидиринглар». Муттафақун алайҳ. Қадр кечаси улуғ кеча ва ғанимат фурсатдир. Унда қилинган ибодат минг ойлик ибодатдан яхшидир. Шунинг учун Набий (с.а.в) айтдилар: «Албатта бу ой келди. Унда минг ойдан яхшироқ бўлган бир кеча бор. Ким бу кечадан маҳрум бўлса, барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди. Унинг яхшилигидан фақат маҳрумгина бебаҳра қолади». Ибн Можа ривояти. Қадр кечасини талабида бедор бўлинг. Бу улуғ ажрдан маҳрум бўлманг. Агар сиз охирги ўн куннинг барча кечаларида қоим бўлсангиз ҳамда уни ибодат ва тоат билан ўтказсангиз, шубҳасиз қадр кечасига етасиз. Қадр кечасида қилинадиган дуо. Оиша разияллоҳу анҳо Набий (с.а.в)дан сўрадилар: «Агар қадр кечасига етсам нима деб дуо қилай?». У киши дедилар: «Эй Аллоҳим! Сен авф этгувчисан. Авфни яхши кўрасан. Мени авф этгин». Аҳмад ва Термизий ривояти. Муҳаммад (с.а.в)га, аҳли оилаларига ҳамда асҳобларига салоту саломлар бўлсин!
|
|
| |
DURDON | Дата: Payshanba, 11-Avg-2011, 08:20 | Сообщение # 86 |
 SUPER ADMINKA
Группа: Admin yordamchisi
Сообщений: 10149
Статус: 
| Ro‘zani ochib yuboruvchi zamonaviy omillar Bismillahir rohmanir rohiym. Allohga hamd va so‘ngidan payg‘ambar kelmaydigan zotga duo va salomlar bo‘lsin. Ammo ba’d:
Olimlar ro‘zani quyidagi to‘rt narsa ochib yuborishligiga ijmo’ qilganlar: 1. yemoq 2. ichmoq 3. jinsiy aloqa 4. hayz va nifos
"Ro‘zani ochib yuboruvchi zamonaviy omillar" deyilganda esa, yangi paydo bo‘lgan narsalar tushunilib, ular quyidagilardir:
Birinchi omil: nafas qisishiga qarshi purkaluvchi dori:
Mazkur dori suyuq bo‘lib, uch unsurdan tarkib topgan: suv, kislorod va ba’zi tibbiy moddalar. Ushbu dori ro‘zani ochadimi yo‘qmi? Yangi asr olimlari bu borada turlicha fikr yuritadilar: 1.U ro‘zani ochmaydi. Bu ko‘pchilik olimlarning so‘zlari hamda doimiy fatvo qo‘mitasining fatvosidir. a) chunki, ro‘zador uchun og‘iz va burun chayqash mumkin va bunga barcha ijmo’ qilgan. Ma’lumki, og‘iz chayqashdan so‘ng ma’lum miqdordagi suv og‘izda qolib ketadi va mazkur suv qoldig‘i so‘lakni yutish orqali oshqozonga kirib boradi. b) huddi shu kabi nafasni qisishga qarshi purkagichdan sepilgan dori ham avval o‘pka so‘ng oshqozonga yetib boradi va bu juda ham oz miqdorni tashkil etadi. Shunga ko‘ra uni ham og‘iz chayqalgandan so‘ng qolib ketgan suvga qiyoslanadi. Bunga sabab, bir kichik purkagich ichida 10 ml. suyuqlik bo‘lib, u 200 marta sepishga mo‘ljallangan bo‘ladi. Bir marta sepilganda esa, 05 ml. suyuqlik ajrab chiqadi va bu juda ham oz miqdorni tashkil etadi. v) mazkur purkagichdan sepilgan dorining oshqozonga yetib borishi aniq emas balki unda gumon bor. Shunga ko‘ra ro‘za buzilmaydi chunki fiqhiy qoidaga ko‘ra, aniq bor narsa gumon bilan yo‘q bo‘lmaydi g) bu yeyish va ichishga kirmaydi balki tahlil uchun qon olish yoki quvvat bermaydigan ukol olishga o‘xshaydi d) tabiblar misvokda sakkiz xil kimyoviy moddalar mavjudligini bayon qilganlar. Hol buki ro‘zadorga misvok ishlatish mutlaq ya’ni kunduzi ham joizdir va shaksiz misvokdagi kimyoviy moddalar oshqozonga yetib boradi. Demak, purkagichdan sepilgan dori misvokdan ajrab chiqqan moddalar kabi ro‘zaga zarar bermaydi. Ikkinchi fikrga ko‘ra: ro‘zador mazkur dorini iste’mol etishi mumkin emas. Agar o‘ziga boshqa chora topolmasa ushbu dorini sepadi va keyinchalik sog‘ayib ketganidan keyin bir kuniga bir kundan qazo tutib beradi. Mazkur fikr egalarining dalillari: ushbu purkagich ichidagi suyuqlik oshqozonga og‘iz orqali kirib boradi va bu ro‘zani ochadi. Ikkinchi fikrga qarshi javob: agar mazkur suyuqlikni oshqozonga yetib borishiga taslim bo‘linsada, ushbu miqdor yuqorida ta’kidlaganimiz kabi juda ham kamdir va uning hukmi og‘iz chayqalgandan keyin qolib ketgan suvniki bilan bir xil bo‘ladi. Shunga ko‘ra, birinchi fikrni olimlar ikkinchisidan ustun qo‘yganlar va ro‘zani ochilmasligiga hukm qilganlar.
Ikkinchi omil: til ostiga tashlanuvchi tabletkalar:
Ya’ni: yurak xurujini davolash uchun til ostiga tashlanuvchi tabletkalar bo‘lib, ular darhol so‘rilib ketadi va qon orqali yurakka yetib boradi natijada paydo bo‘lgan yurak xuruji to‘xtaydi. Ushbu tabletkalarning hukmi: ro‘zador uchun ularni iste’mol qilish joiz, chunki ulardan biror narsa ham qorin bo‘shlig‘iga yetib bormaydi balki og‘izning o‘zida so‘rilib ketadi va shunga ko‘ra ular ro‘zani ochuvchi emasdirlar.
Uchinchi omil: oshqozonni ko‘ruvchi tibbiy ko‘zgu:
U tibbiy jihoz bo‘lib, og‘iz orqali avval halqum so‘ng o‘pka so‘ng oshqozonga kiradi. Undan ko‘zlangan foida: mazkur jihoz oshqozondagi yarani ko‘rsatadi yoki u orqali oshqozonning ba’zi bo‘laklarida jarrohlik amaliyotini o‘tqaziladi va bulardan boshqa tibbiy maqsadlarda istifoda qilinadi. Yuqoridagi olimlar bu haqida shunday deganlar: Fiqhiy masalalar bayonida: ro‘zadorning qorin bo‘shlig‘iga ozuqadan bo‘lak narsalar masalan: mayda toshlar yoki temir bo‘laklari va shu kabi narsalar kirsa va tibbiy ko‘zgu ham shular jumlasidandir ro‘zani ochib yuboradimi? Ilm ahlining ko‘pchilik qismiga ko‘ra: bu narsa ro‘zani ochib yuboradi. Ya’ni qorin bo‘shlig‘iga kirgan har bir narsa ro‘zani ochadi lekin hanafiy mazhabida qorin bo‘shlig‘iga kirgan narsa u yerda o‘rnashib qolsagina ro‘zani ochadi deb shart qilganlar, qolgan mazhab vakillari esa, bunday shart qo‘ymaganlar. Ya’ni hanafiy mazhabiga ko‘ra, bir narsani ipga bog‘lab so‘ng uni oshqozonga tushirsa va bir ozdan so‘ng uni qaytarib olsa ro‘zasi ochilmaydi. Yuqoridagi olimlarning dalillari: Payg‘ambar s.a.v. ro‘zadorga surma qo‘yishdan saqlanishni buyurdilar. Shunga ko‘ra, mazkur tibbiy ko‘zgu ko‘pchilik faqihlarning ra’ylarida ro‘zani ochib yuboradi. Hanafiy mazhabida esa, ochmaydi chunki u oshqozonda qolmay balki qaytib chiqadi. Ikkinchi fikrga ko‘ra: bu kabi ozuqa bo‘lmaydigan narsalar ro‘zani ochmaydi masalan temir yoki tosh bo‘laklarini yutsa ro‘zasi ochilmaydi. Bu ba’zi hanbaliy va molikiy mazhab vakillari ixtiyor etgan narsadir. Bunga sabab, kitob (qur’on) va sunnatdagi dalillarga binoan ro‘zani ozuqa bo‘luvchi narsalar ochib yuboradilar. Yuqoridagi surmadan saqlanish haqidagi hadis esa zaif hadisdir. Shunga ko‘ra, u ya’ni tibbiy ko‘zgu ro‘zani ochmaydi. Ammo mazkur ko‘zguga uning oshqozonga kirishi oson bo‘lishi uchun ozuqaviy yog‘ surtilsa u holda hukm o‘zgaradi va bu xilda yutilgan tibbiy ko‘zgu ro‘zani ochadi.
To‘rtinchi omil: burunga tomiziluvchi dorilar bo‘lib, ular ro‘zani ochadimi?
Keyingi davr olimlari bu borada ikki xil fikr yuritadilar. Birinchi fikrga ko‘ra: mazkur tomizish ro‘zani ochadi. Ularning dalillari: Laqit ibn Sabura zikr qilgan hadisda payg‘ambar s.a.v. unga "G‘usl qilayotganingda burningi ichiga to‘liq suv yetqazgin magar ro‘zador bo‘lsang unday qilma ya’ni suvni qattiq tortma" deganlar. Demak, bu shuni ko‘rsatadiki: burun oshqozon uchun bir yo‘l. Shunga ko‘ra, burunga suv tomizishdan ham payg‘ambar s.a.v. qaytargan hisoblanadilar. Yana payg‘ambarimiz s.a.v. ning burunga suvni qattiq tortishdan qaytarishlari zaminida boshqa har qanday narsaning ham oz bo‘lsada burunga kirgazishdan man’ etilganiga dalolat yotadi. Chunki, burunga suvni qattiq tortilganda kirgan suv miqdori ham ozni tashkil etadi. Ikkinchi fikr egalari esa: mazkur tomizish ro‘zani ochmaydi deydilar. Ularning dalillari: yuqorida og‘iz chayqalgandan keyin qolgan suvga qiyosan burunga tomizilgan tomchidan oshqozonga yetib boradigani ham juda oz miqdorni tashkil etadi. Chunki, bir tomchi suv= 0.06 sm. kubga tengdir. Mazkur tomchi burunga kirar ekan undan o‘tib oshqozonga yetib borishi qiyin va borgani ham oz miqdorni tashkil qiladi. Shuning uchun mazkur miqdorni afv qilinadi. Shuningdek, asl qoida ro‘zaning durustligidir. Uning bu yo‘l bilan ochilishi esa, shak-shubhalidir. Asl qoida esa, ro‘zani durust holda qolishi chunki aniq narsa gumon bilan yo‘q bo‘lmaydi. Ushbu har ikkala fikr ham quvvatda tengdirlar.
Beshinchi omil: burunga purkaluvchi dori:
Bu boradagi bahs ham yuqorida og‘izga purkaluvchi doridagi kabi bo‘lib, burunga purkaluvchi dori ham ro‘zani ochmaydi.
|
|
| |
DURDON | Дата: Payshanba, 11-Avg-2011, 08:27 | Сообщение # 87 |
 SUPER ADMINKA
Группа: Admin yordamchisi
Сообщений: 10149
Статус: 
| Oltinchi omil: Behush qilish (anesteziya)
U bir necha turga bo‘linadi: 1. burun orqali juz’iy ya’ni to‘liq kun davomida emas balki ma’lum bir soatlarga qadar va insonning barcha a’zolarini emas balki ma’lum bir qismini behush qilish. Ya’ni bemor gazli moddani hidlaydi va bu uning asab tolalariga ta’sir o‘tqazadi, natijada behushlik sodir bo‘ladi. Bu esa, ro‘zani ochmaydi chunki, burunga kirayotgan gazli modda jism emas hamda ozuqaviy moddalarga ham ega emasdir. 2. Xitoyliklarga xos bo‘lgan juz’iy behush qilish: Bu quruq ignani teri ostidagi sezgi markazlariga yuborish bilan amalga oshiriladi. Natijada, mazkur igna ichki sekretsiya bezlarini qo‘zg‘otadi va ular jism tarkibida mavjud tabiy morfiy moddasini ajratib beradilar va shu yo‘l bilan bemor sezish qudratini yo‘qotadi. Bu modomiki badanning barchasini emas balki ma’lum bir qismini behush qilsa ro‘zani ochmaydi. Chunki, bu usul qo‘llanganda qorin bo‘shlig‘iga hech qanday modda kirib bormaydi. Emlash (shprits) orqali juz’iy behush qilish: Bu tez ta’sir qiluvchi dorini shprits orqali qon tomirga yuborish bilan amalga oshadi. Natijada, bemor sanoqli soniyalarga og‘riqni sezmay turadi. Bu ham modomiki juz’iy bo‘lib, qorin bo‘shlig‘iga yetib bormas ekan ro‘zani ochmaydi. 4: Kulliy ya’ni insonning butun tanasini behush qilish. Bu borada ham olimlar turlicha fikrdadirlar. Qadimdagi olimlar behush bo‘lgan odamning ro‘zasi durust bo‘ladimi? Degan savol ustida bahs yuritganlar va bu ikki holatdan xoli emasdir. 1: ro‘zadorning kunduzining barcha qismida behush bo‘lmog‘i va kunning biror bo‘lagida ham o‘ziga kelmasligi bo‘lib, ko‘p qism olimlar mazkur kimsaning ro‘zasi durust deb hisoblanmaydi deganlar. Bunga dalil: payg‘ambar s.a.v. hadisi qudsiy da "Odam bolasining barcha qilgan amallari o‘zi uchundir magar ro‘za chunki u men uchundir va men unga loyiq mukofotni o‘zim beraman. Chunki, bandam kun davomida men uchun ovqatlanish va shahvatini tark qilayabdi" dedilar. Mazkur hadisda ovqatlanish va jinsiy aloqadan tiyilishni ro‘zadorga nisbat berilmoqda. Behush kimsaga nisbatan bu ma’no to‘g‘ri kelmaydi. (ya’ni behush kimsa bu amallarni o‘z ixtiyoricha bajarmadi shuning uchun u ro‘za tutgan deb hisoblanmaydi). 2: kun davomida emas balki kunduzining ma’lum bir qismida behush bo‘lish. Bu esa, ayni ixtilof o‘rnidir. U kunduzining bir qismida o‘ziga kelsa uning ro‘zasi durustdir. Bu Ahmad va Shofeiylarning so‘zlaridir. Imom Molikga ko‘ra: uning ro‘zasi mutlaq durust emas. Abu Hanifa r.h. ga ko‘ra esa: behush odam zavol (peshin vaqti kirishidan sal oldin) o‘ziga kelsa qaytadan ro‘za tutishga niyat qiladi va uning mazkur ro‘zasi durust bo‘ladi. Chunki, ro‘zaga niyat qilish kunduzining zavoldan oldingi qismida paydo bo‘ldi. Shunga ko‘ra, tibbiy behush qilishdagi hukm ham tabiy behush bo‘lishga qiyoslanadi va har ikkisining hukmi bir xil bo‘ladi.
Yettinchi omil: quloqqa dori tomizish:
Ya’ni: tibbiy moddalardan iborat dorini quloqqa quyilsa, ro‘zani ochadimi yo‘qmi? Muqaddam o‘tgan olimlar "ro‘zador qulog‘iga suv tomizib o‘zini davolashi" haqidagi masalada bahs yuritganlar. Ularning ko‘plari: uning ro‘zasi ochiladi deganlar. Hanbaliy mazhabida: quloqqa tomizilgan suv qachonki dimog‘ga yetib borsa ro‘zani ochadi deyilgan. Ikkinchi fikrga ko‘ra: ro‘za ochilmaydi va bunga sabab: quloqqa tomizilgan narsa dimog‘ga yetib bormaydi, yetib borgan taqdirda ham to‘g‘ridan to‘g‘ri emas balki badandagi teshiklar orqali boradi. Zamonaviy tibbiyotga ko‘ra: quloq bilan dimog‘ orasida suyuqlikni o‘tqazib yuboruvchi yo‘l yo‘q. Faqat bir holatdagina yo‘l bo‘lishi mumkin. Ya’ni quloq pardasida teshik paydo bo‘lsa, shu holdagina quloqqa tomizilgan suv dimog‘ga o‘tishi mumkin. Shunga ko‘ra, quloq pardasi butun bo‘lgan holatda unga biror dori tomizishlik ro‘zani ochmaydi. Masala: quloq pardasida teshik bo‘lsa, unga dori quyishning hukmi burunga dori quyishning hukmi bilan bir xil bo‘ladi va bu yuqorida bayon etildi.
Sakkizinchi omil: quloqni yuvish:
Buning hukmi ham quloqqa dori tomizish bilan bir xildir. Ammo olimlar quloq pardasida teshik bo‘lsa va uni yuvilsa quloq ichiga kirajak suv miqdori ko‘p bo‘lgani uchun ro‘zani ochib yuboradi deganlar. Demak, quloqni yuvish ikki qismga bo‘linadi: 1. parda mavjud bo‘lsa ro‘za ochilmaydi. 2. quloq pardasida teshiklar bo‘lsa ichkariga kirgan suv miqdori ko‘p bo‘lgani uchun ro‘za ochiladi.
To‘qqizinchi omil: ko‘zga dori quyish:
Bu borada ham keyingi davr olimlari turlicha fikr bildiradilar va bu yuqoridagi ixtilof sabablidir. Ya’ni ko‘zga surma qo‘yish masalasida u ro‘zani ochadimi yo‘qmi? Birinchi fikrga ko‘ra: ro‘za ochilmaydi va bu hanafiy va shofeiy mazhabining so‘zidir. Bunga dalil: ko‘z bilan qorin bo‘shlig‘i orasida yo‘l bo‘lmaydi va shunga asosan ro‘zador ko‘ziga surma qo‘ysa uning ro‘zasi ochilmaydi. Ikkinchi fikr egalari: ya’ni molikiy va hanbaliy mazhabidagilar esa: surma qo‘yish ro‘zani ochadi deydilr. Chunki ularga ko‘ra: ko‘z bilan qorin bo‘shlig‘i orasida yo‘l mavjuddir. Shunga ko‘ra, keyingi davr olimlari ham ko‘zga dori tomizish masalasida ikkiga bo‘linadilar. Birinchi fikr: ko‘zga dori quyish ro‘zani ochmaydi va bunga sabab: bir tomchi dori 1 sm.kubdan =0.06ga teng bo‘lib, bu miqdor hech qachon oshqozonga yetib bormaydi. Chunki, bu dori tomchisi ko‘z yosh yo‘lidan o‘tish paytida butunlay so‘rilib ketadi va tomoqqa yetib bormaydi. Agar bordiyu uni oshqozonga yetib boradi deb tasavvur qilsakda, mazkur yetib borgan miqdor juda ozni tashkil qiladi va ushbu miqdorni afv etiladi va bu huddi og‘iz chayqashdan so‘ng qolgan suv miqdoriga qiyoslanadi. Shuningdek, ko‘zga dori tomizishdan qaytarilgan hech qanday shar’iy hujjat mavjud emas. Ikkinchi fikrga ko‘ra: u surma kabi ro‘zani ochib yuboradi. To‘g‘ri fikr esa: mazkur dori tomizish ro‘zani ochmaydi. Garchi tibbiyot ko‘z bilan qorin bo‘shlig‘i orasida burun orqali yo‘l mavjudligini isbot qilgan bo‘lsada, mazkur tomchi ko‘z yosh yo‘llaridan o‘tayotgan vaqtida so‘rilib ketadi va natijada u tomoqqa ham yetib bormaydi. Demak, oshqozonga aslo yetib bormaydi garchi yetib borganda ham juda oz miqdordagisi boradi va ushbu miqdorni og‘iz chayqashdan so‘ng og‘iz ichida qolib ketgan suv miqdoriga qiyosan afv etiladi. Ammo ushbu tomchini surmaga qiyoslash noto‘g‘ridir. 1. chunki, surma qo‘yish ro‘zani ochishi haqida shar’iy dalil mavjud emas. Yuqorida bu borada keltirilgan hadis esa, zaif hadisdir. 2. ko‘zga dori tomizishni surma qo‘yishga qiyoslash hali hukmi sobit bo‘lmagan balki ixtilofli bo‘lgan narsaga qiyoslashdir va bu durust emas. 3. yuqorida bayon etilgan birinchi fikr egalarining dalillari surma ro‘zani ochmasligi uchun yetarlidir.
O‘ninchi omil: tibbiy emlash (in’ektsiya)
Bu quyidagi qismlarga bo‘linadi: 1. teri ostiga in’ektsiya qilish (dori yuborish). 2. mushaklarga dori yuborish. 3. qon tomirlarga dori yuborish. Bular orasidan teri va mushaklarga insonga quvvat bermaydigan dorilarni shprits orqali yuborish yangi asr olimlariga ko‘ra ro‘zani ochmaydi. Bunga dalil: asl qoida ro‘zani durustligi bo‘lib, uni buzilishi uchun dalil kerak. Shuningdek, mazkur emlashlar yeyish-ichish yoki ularni ma’nosidagi narsa ya’ni ozuqa olish hisoblanmaydi. Ammo, qon tomirga insonga quvvat beruvchi dorilarni yuborish borasida olimlar orasida ixtilof mavjud. Birinchi fikr: mazkur qon tomirga insonga quvvat beruvchi dorilarni yuborish ro‘zani ochib yuboradi. Bu Islom Fiqhi Akademiyasining qaroridir. Bunga sabab: ushbu dori yeb-ichishni ma’nosida ya’ni ozuqa olish hisoblanadi chunki, shunday dorini qabul qilgan shaxs odatda ovqatlanishga ehtiyoj sezmaydi. Ikkinchi fikr: u ro‘zani ochmaydi. Chunki, ushbu dori odatdagi yo‘llar orqali qorin bo‘shlig‘iga kirmaydi. Kirgan taqdirda ham, teridagi teshiklar orqali boradi va bu qorin bo‘shlig‘iga kirmaydi va uning hukmini ham olmaydi. Haqiqatga yaqin fikr: mazkur qon tomirga emlash ro‘zani ochadi chunki ro‘zani ochilishiga olib keluvchi shar’iy omil faqatgina qorin bo‘shlig‘iga biror narsani kirib borishi emas, balki badanning ozuqalanishidir va bu igna yo‘li bilan amalga oshirilmoqda. Masala: Qandli diabet kasaliga mubtalo bo‘lgan bemorlar qabul qiladigan ukol dorilar ro‘zani ochmaydi.
|
|
| |
DURDON | Дата: Payshanba, 11-Avg-2011, 08:35 | Сообщение # 88 |
 SUPER ADMINKA
Группа: Admin yordamchisi
Сообщений: 10149
Статус: 
| O‘n birinchi omil: teri ustiga surtiluvchi moy, krem va malham dorilar:
Teri ostida qon tomirlari mavjud bo‘lib, ular teri ustiga surtilgan narsani tuk yo‘llari orqali so‘ra boshlaydi va bu jarayon juda sekin amalga oshadi. Shunga ko‘ra, teri ustiga surtilgan narsa ro‘zani ochadimi? Qadimdagi aksariyat faqihlar bu narsa ro‘zani ochmaydi deganlar. Islom Fiqhi Akademiyasining qarori ham shunday. Ba’zilar bugungi kundagi barcha yangi asr olimlari mazkur hukmga ya’ni teri ustiga surtilgan narsalar ro‘zani ochmasligiga ijmo’ qilganlar deb aytadilar.
O‘n ikkinchi omil: arteriya-qon tomirga kateter qo‘yish:
U qon tomirga kirgaziluvchi ingichka shlanka bo‘lib, uni dori quyish yoki ichkarini ko‘rish maqsadida kirg‘aziladi. Islom Fiqhi Akademiyasi mazkur kateter ro‘zani ochmasligiga hukm qilgan. Chunki, u insonga hech qanday ozuqa bermaydi va ikkinchidan oshqozonga yetib bormaydi.
O‘n uchinchi omil: buyrakni yuvish:
U ikki xil yo‘l bilan amalga oshiriladi: 1. "Sun’iy buyrak" deb nomlanuvchi asbob yordamida yuvish. Bu inson tanasidagi barcha qonni mazkur asbobga tortib olib, so‘ng ushbu qonni zararli moddalardan tozalanadi so‘ng qonni qaytadan inson jismiga vena qon tomirlari orqali qaytariladi. Gohida mazkur jarayon davomida qon tomirlardan insonga ozuqa beruvchi dorilarni yuborib turishga majbur bo‘linadi. Ikkinchi uslub: qorin po‘sti orqali amalga oshiriladi: Ya’ni: kindik ustidan qorin po‘stiga kichik kateter kirgaziladi so‘ng qorin ichiga odatda 2 litr miqdoridagi suyuqlik quyiladi. Mazkur suyuqlik tarkibi ko‘p miqdordagi qandli glyukozadan iboratdir. Yuborilgan suyuqlik ma’lum muddat o‘tgach, so‘rib olinadi va bu amal bir kunda bir necha bor takrorlanadi. Yangi davr olimlari bu borada ixtilofga borganlar. Ya’ni ushbu holat ro‘zani ochadimi yo‘qmi? Birinchi fikr: bu holat ro‘zani ochadi. Bu doimiy fatvo qo‘mitasining fatvosidir. Ularning dalillari: buyrakni yuvish inson qonini qo‘shimcha toza qon bilan ko‘paytiradi va gohida unga boshqa ozuqaviy moddalar ham yuboriladi. Demak, bu yerda ro‘zani ochishga bois bo‘lgan ikki omil birlashmoqda. Ikkinchi fikr: bu holat ro‘zani ochmaydi. Dalil shuki: bu borada shar’iy hujjat sobit emasdir. Ammo, haqiqatga yaqin fikr shuki ushbu holat ro‘zani ochadi. Masala: qonni o‘zini tozalash ro‘zani ochmaydi lekin buyrakni yuvishda qonni filtrlash bilan birga unga qo‘shimcha tarzda tuzlar hamda ba’zi ozuqa bo‘luvchi moddalar ham yuboriladi. Shuning uchun bu holat ro‘zani ochib yuboradi.
O‘n to‘rtinchi omil: ayol kishining farji orqali quyuluvchi vositalar:
Masalan: bachadonni yuvish ro‘zani ochadimi? Olimlar qadim va hozirgi davrimizda ham bu borada bahs yuritganlar: Molikiy va hanbaliy hamda hanafiy olimlarning ba’zilariga ko‘ra: ayol kishi oldi farjidan suyuqlik tomizsa ro‘zasi ochilmaydi. Chunki, ayol farji bilan qorin bo‘shlig‘i orasida bog‘liqlik mavjud emas. Ikkinchi fikr ba’zi hanafiy va shofeiylarga tegishli bo‘lib, unga ko‘ra: bu bilan ayolning ro‘zasi ochiladi. Ular o‘z so‘zlarini qovuq bilan farj orasida o‘zaro bog‘liqlik borligi bilan isbotlaydilar. Zamonaviy tibbiyot ayol kishi bachadoni va uning qorin bo‘shlig‘i orasida hech qanday yo‘l yo‘qligini isbotladi. Shunga ko‘ra, bachadonga quyilgan suv yoki dorilar ro‘zani ochmaydi.
O‘n beshinchi omil: orqa peshob orqali amalga oshiriluvchi tibbiy amaliyotlar:
Bu bir qancha tibbiy maqsadlarda amalga oshiriladi. Jumladan: haroratni pasaytirish, bavosir (gemorroy) kabi kasalliklarni davolash va hokazolar. Birinchi: orqa chiqish yo‘lini huqna (klizma) qilish: bu borada qadimdagi olimlar ya’ni to‘rt mazhab raislari huqna qilish ro‘zani ochib yuboradi chunki, u qorin bo‘shlig‘iga kirib boradi deganlar. Ikkinchi fikr egalari Zohiriylar va hanbaliylarning ba’zilari bo‘lib, ularga ko‘ra: bu holat ro‘zani ochmaydi. Chunki, mazkur huqna hech qanday ozuqa bermaydi balki qorindagi bor narsani ham olib tushadi va bu dardni yengillashtiruvchi biror narsani hidlashga o‘xshaydi. Bundan tashqari mazkur suyuqlik oshqozonga yetib bormaydi. Keyingi davr olimlari ham bu borada yuqoridagi ixtilofga asosan turlicha fikrlarga borganlar: Orqa chiqish bilan oshqozon o‘rtasida o‘zaro bog‘liklik mavjudmi? Ro‘zani ochadi deganlarga ko‘ra: bu yerda orqa peshob to‘g‘ri ichakka ulanadi va to‘g‘ri ichak yo‘g‘on ichakka ulangan bo‘ladi. Ovqatning so‘rilishi esa, ingichka ichaklar orqali amalga oshadi. Yo‘g‘on ichaklar orqali esa, ba’zan tuz va qandli moddalar ham so‘rilishi mumkin va shunga ko‘ra ro‘za ochiladi.
|
|
| |
DURDON | Дата: Payshanba, 11-Avg-2011, 08:36 | Сообщение # 89 |
 SUPER ADMINKA
Группа: Admin yordamchisi
Сообщений: 10149
Статус: 
| O‘n oltinchi omil: orqa peshob ko‘zgusi:
Gohida tabib orqa peshob yo‘liga tibbiy ko‘zgu kirgazadi va bu orqali ichaklarni tekshirib ko‘radi. Bu boradagi shar’iy hukm oshqozonni tekshiruvchi tibbiy ko‘zgu bilan bir xildir.
O‘n yettinchi omil: inson tanasiga erkaklarning oldi olatlari yo‘lidan kiradigan ko‘zgu, eritma yoki dorilar:
Ushbular ro‘zani ochadimi?! Qadimdagi olimlarning bu boradagi fikrlari: Birinchi fikr egalari hanafiy, molikiy va hanbaliy mazhab imomlari bo‘lib, ularga ko‘ra: ihlil ya’ni zakar uchidan suv tomizish garchi qovuqqacha yetib borsada ro‘zani ochmaydi. Ularning dalillari: erkak zakari bilan qorin bo‘shlig‘i orasida yo‘l yo‘q. Ikkinchi fikr: bu shofeiylarga tegishli bo‘lib, unga ko‘ra: ro‘za ochiladi chunki, qovuq bilan qorin bo‘shlig‘i orasida yo‘l mavjuddir. Zamonaviy tibbiyot esa: siydik yo‘llari bilan oshqozon o‘rtasida hech qanday bog‘liqlik yo‘qligini isbotladi. Shunga ko‘ra: bu holat ro‘zani ochmaydi.
O‘n sakkizinchi omil: qon berish:
Bu qon oldirish masalasi bilan bog‘liq bo‘lib, ba’zilar qon oldirish ro‘zani ochadi deganlar. Ammo ko‘p qism olimlar shuningdek, hanafiy mazhabi vakillariga ko‘ra: qon oldirish ro‘zani ochmaydi. Aniqroq fikr ham shudir. Biroq ehtiyot yuzasidan ro‘zador kishi zaruratdan boshqa payt qon bermagani ma’qul.
O‘n to‘qqizinchi omil: tahlil uchun qon olish:
Bu ro‘zani ochmaydi chunki bu narsa qon oldirishga kirmaydi. Bunga sabab qon oldirish badanni zaiflashtiradi, tahlil uchun esa, ko‘p qon olinmaydi.
Yigirmanchi omil: tish pastasi:
Tish pastasi bilan tish yuvish ro‘zani ochmaydi chunki og‘iz tashqi a’zolar hisobida bo‘ladi. Biroq ro‘zador tish pastasini iftordan so‘ng ishlatgani ma’qul chunki u kuchli ta’sirga egadir. Ro‘zador pasta o‘rniga misvok yoki shyotkaning o‘zi bilan kifoyalanadi. Eslatma: yuqorida bayon qilingan fatvolardan har bir mazhab vakillari o‘zlari uchun tegishli bo‘lganini olib amal qilaveradilar ammo haqiqatni bilish Allohgagina xosdir.
Arab tilidan Abduvohid Muhammadazim o‘g‘li tarjimasi Toshkent Davlat Sharqshunoslik instituti tadqiqotchisi.
|
|
| |
DURDON | Дата: Dushanba, 15-Avg-2011, 09:43 | Сообщение # 90 |
 SUPER ADMINKA
Группа: Admin yordamchisi
Сообщений: 10149
Статус: 
| Ният ва рўзадорга мустаҳаб амаллар ҳақида
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким фажрдан олдин рўзани қасд қилмаса, унинг рўзаси йўқдир», дедилар. Сунан эгалари, Ибн Хузайма ва Ибн ҳиббон ривоят қилган ва саҳиҳ, деган. Шарҳ: Кўпчилик уламолар ушбу ҳадисни далил қилиб, фарз рўзаларда ниятни тонг отмасдан олдин қилиб олмаса бўлмайди, дейдилар. Айниқса, қазо рўзада қатъиян кечаси ният қилмоқ керак, дейдилар. Нафл рўзада эса, заволгача ният қилиб олса бўлади. Ҳанафий мазҳаби бўйича фарз рўза ниятини ҳам заволгача қилиб олса бўлаверади. Чунки Рамазон рўзасини тутиш ҳаммага фарз, ҳамма доимий ниятда бўлади. Ҳар кунги ниятни янгилаш заволгача бўлса ҳам бўлаверади. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни олдимга кириб: «Ҳузурингизда бирор нарса борми?» дедилар. «Йўқ», дедик. «Ундоқ бўлса, мен рўзадорман», дедилар. Сўнгра бошқа бир куни олдимизга келган эдилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, бизга ҳийс ҳадя қилинди», дедик. «Қани, менга кўрсат-чи, рўза ният қилган эдим», дедилар ва ундан едилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Шарҳ: «ҳийс» арабларнинг хурмо, сариғёғ, қурут ёки унни аралаштириб тайёрлайдиган таомлари. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Гоҳида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида егулик таом бўлмаслиги. 2. Аввал рўза тутиш ниятида бўлмаган одам кундузи рўзани бузувчи нарсани қилмай туриб, ният қилиб олса бўлавериши. 3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига баъзи вақтларда таом ҳадя қилиниб турилиши. 4. Нафл рўза тутувчининг ихтиёри ўзида экани, хоҳласа, очиб юборавериши мумкинлиги.
|
|
| |