Юк машинадан сал кичикроқ Англиялик Грег Данхем 3 йил вақти ва 300 минг доллар пулини сарфлаб, 3 тонна келадиган мотоцикл яратган. Мотоциклнинг баландлиги 4,5 метр, узунлиги эса 7,5 метр. Гўзаллик салонида тинчгина ишлаб юрган Грег дўстлари билан бундай мўъжизани яратиш ҳақида баҳс бойлашиб қолди-ю, ҳамма нарсани йиғиштириб, юк машинасидан салгина кичикроқ мотоциклни ясади-ташлади.
“Nature” журналида эълон қилинган тадқиқотга кўра, олимлар бўлиниб, янги ҳужайралар пайдо бўлишини тўхтатадиган ҳужайраларни йўқ қилишди. “Кексаядиган ҳужайралар” деб номланган бу ҳужайралар ёш ўтган сайин организмда орта боради. Бундай ҳужайралар кексаларда барча ҳужайраларнинг 10 фоизини ташкил қилишади. Каламушларда шундай ҳужайралар йўқ қилинди. Кузатув шуни кўрсатдики, каламушларда кексайиш сезалирарли даражада камайган. Бу тадқиқот инсонларда қаришнинг секинлатиши ва бутунлай тўхтатиши борасида умид уйғонди.
Яқин орада Исландияда сўнгги 100 йилдаги энг катта вулқон отилиши кузатилиши мумкин. Бир неча ойлардан бери исланд геофизиклари мамлакат жанубида жойлашган Катла вулқонини кузатишяпти. Маълумотларга кўра, унинг баландлиги 970 метрдан 1,5 километргача етади, кратерининг диаметри эса 10 километрга тенг. Ёздан бери вулқон атрофида ер ости силкинишлари қайд этиляпти. Мутахассислар аввалроқ вулқон октябрда отилишини айтишган эди, лекин бу ҳодиса юз бермади. Катла яқинида яшайдиган аҳоли кўчишга тайёр ҳолатда турибди, чунки вулқон уйғонгач, эвакуацияга атиги 1 соатдан камроқ вақт бўлади. Исландия университети олимларининг айтишича, Катла ҳар 40-80 йилда уйғонади, охирга марта эса 1918 йилда ҳаракатга келган эди. Демак, унинг уйғонадиган пайти яқинлашган. Агар Катла уйғонадиган бўлса, Европа бир неча ой давомида авиақатновларсиз қолади, бу эса авиакомпанияларнинг жуда катта зарар кўришини англатади. Бундан ташқари, вулқонни қоплаб турган музнинг эриши Исландия тархидаги энг катта сув тошқинларига сабаб бўлиши мумкин. Геофизиклар Катла вулқонининг отилиши бутун сайёрамиз иқлимига салбий таъсир кўрсатишини айтишмоқда. Осмонга отиладиган жуда катта миқдордаги олтингугурт ҳайвонот ва наботот оламига, инсонлар саломатлигига хавф солиши шубҳасиз. Катланинг айнан қачон ҳаракатга келишини ҳеч ким билмайди.
Қуёш системасининг ташқарисида кўп жиҳатлари билан Ерга жуда ўхшаш бўлган янги сайёрани кашф қилганини маълум қилди. Олимларнинг фикрича, бу янги сайёрада ҳаво ҳарорати тахминан +72, Қуёши ҳам Қуёшимизга эгизак сингари ўхшайди, ҳатто бу сайёрада сув ва тупроқ ҳам бўлиши экан.
Бу сайёрани NASAнинг сайёра овчиси бўлмиш "Кеплер" телескопи томонидан кашф қилинди. Телескоп қўлга киритган маълумотларга таянадиган бўлсак, бу янги сайёрада ҳаёт учқунлари бўлиши ҳақиқатга яқин.
Японияда Ferrari, Mercedes ва Lamborghini машиналари тўқнашиб кетди. Автоҳалокатлар тарихида энг қимматга тушгани дея эътироф этилаётган ушбу тўқнашув Япониянинг жануби-ғарбидаги тезкор трассада юз берди. Ҳаммаси бўлиб 14 та машина тўқнашиб кетган. Шулардан саккизтаси қимматбаҳо «Феррари», иккитаси «Мерседес CL600» ва биттаси «Ламборгини» бўлган. Полициянинг маълум қилишча, тўқнашувга «Феррари» ҳайдовчиларидан бирининг ҳўл шосседа бошқарувни йўқотгани сабаб бўлган. Унинг машинаси йўл четидаги тўсиққа урилиб, трасса ўртасига чиқиб қолган. Бунчалик кўп қимматбаҳо машиналарнинг нега бир пайтда йиғилиб қолганига эса полиция изоҳ бермади. Тўқнашув натижасида икки киши касалхонага ётқизилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу автоҳалокат суғурта компанияларига 4 миллион долларга тушади.
Сурияда iPhone смартфонларидан фойдаланиш ва уларни импорт қилиш тақиқлаб қўйилди. Мамлакат Божхона бошқаруви тарқатган маълумотга кўра, эндиликда кимдан iPhone топилса, ўша фуқаро жиноий жавобгарликка тортилади. Топилган барча смартфонлар мусодара қилинади. РБК сайтининг ёзишича, Сурияда бундай тақиқ жорий этишдан кўзда тутилган мақсад норозилик кайфиятидаги одамлар ўртасида ахборот алмашинувини чеклаш ва ҳукуматга қарши ёзилган материалларнинг тарқалишини камайтиришдир. Шу йилнинг июлида Сурия ҳукумати мобиль интернетнинг барча радиочастоталарига тўсиқ қўйишга қарор қилганди.
Бугун Швеция пойтахтида Нобель тантаналари ҳафталиги бошланади. 10 декабрь куни мазкур мукофотга муносиб кўрилганларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. Тўққиз нафар лауреат аллақачон Швеция пойтахтига етиб келган. Қоидага кўра, олимларга уларнинг яқинлари, дўстлари ва ҳамкасблари ҳамроҳлик қилиши мумкин. Ҳар бир Нобель мукофоти лауреати ўзининг расмий делегацияси таркибига кўпи билан 14 кишини қўшишга ҳақли. «Бу йил аксар лауреатларга бирга ишлаган, тадқиқотларга ёрдам берган ҳамкасблари ҳамроҳлик қилмоқда», – дейди Нобель жамғармасининг ижрочи директори Ларс Хайкенстен. Унинг билдиришича, Стокгольм ва Ослода бўлиб ўтадиган тантаналар ҳафталиги учун 20 миллион крон (2,2 миллион евро) сарфланади. Жорий йилда жами 13 кишига Нобель мукофоти топширилади. Тинчлик мукофотини топшириш маросими Ослода бўлиб ўтади. Тиббиёт соҳасида мукофотга муносиб кўрилган марҳум Ральф Стайнман учун олтин медаль ва дипломни хотини Клодия қабул қилиб олади. Мазкур ҳафталик шведлар учун ўзига хос бўлиши шубҳасиз, чунки адабиёт йўналишида Нобель мукофотини уларнинг ватандоши Томас Транстремер қўлга киритган. Саксон ёшли бу шоир энг кекса лауреатдир. У бир неча йил муқаддам инсультни бошидан ўтказган бўлиб, деярли гапирмайди, фақат тебранма курсида ўтиради. Бу йилги энг ёш лауреат эса 42 ёшли физик Адам Рисс бўлди. У Швеция пойтахтига икки нафар фарзанди билан келди, кенжаси энди 1 ёшга тўлган.
Enmac компанияси мусулмонлар учун мўлжалланган махсус телефон чиқарди. Телефон хотирасида Қуръон суралари бор, намоз вақтида эса у ўз-ўзидан овозсиз режимга ўтади. Enmac MQ710 номли бу телефон аппарати 2,8 дюймли сенсор экранга, радио ва камерага эга, унга иккита сим-карма қўйса бўлади. Телефон хотирасида, шунингдек, 29 тилда Қуръон маънолари таржимаси, Муҳаммад алайҳиссалом ҳақида ҳикоялар бор. Enmac MQ710 нинг баҳоси – 160 доллар.
КАЛЬКУТТА КАСАЛХОНАСИДА ЁНҒИН Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳри касалхонасида юз берган ёнғин натижасида 70 дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Ёнғин бугун эрталаб касалхона мажмуига кирувчи уч бинодан бирининг ертўласида бошланган. Қисқа фурсат ичида олов беш қаватли бинонинг илк уч қаватини қоплаб олган. Сўнгги маълумотларга кўра, ёнғин натижасида 73 киши ҳалок бўлган. Улар орасида беморлар ҳам, шифохона ходимлари ҳам бор. Маҳаллий ҳукуматнинг фикрича, касалхонанинг айрим ходимлари ёнғин пайтида беморни ташлаб кетишган, бу эса касбий этикага тўғри келмайди. Ёнғин сабаблари ҳалигача маълум эмас, аммо маҳаллий ҳукумат бу касалхона маъмуриятининг эътиборсизлиги туфайли келиб чиққанини таъкидламоқда.
Европа Иттифоқига кириш учун 2005 йилнинг 3 октябридан бошлаб ҳаракатни бошлаган Хорватия ЕИга қўшилиш шартномасини имзолади. Демак, 2013 йилнинг 1 июлидан бошлаб Хорватия Европа Иттифоқининг 28-аъзоси сифатида қабул қилинади. Бу вақтгача мамлакат ЕИ комиссияси назоратида бир қатор ислоҳотларни ўтказиши лозим бўлади. Иқтисодиёти асосан туризмга ихтисослашган Хорватиянинг аҳолиси 4,3 миллион нафарни ташкил қилади.
Олимлар Жанубий Африка Республикасининг Дурбан шаҳридаги бир ғорда ибтидоий одамларга тегишли 77 минг йиллик каравотни топишди. "Science" журанлида эълон қилинган мақолга кўра, Дурбандан 40 километр узоқликдаги Сибуди ғорида топилган каравот энига бир метр, узунасига 3 метрни ташкил қилади. Ушбу каравот тўшаги 15 фарқли ўсимликдан фойдаланиб ишланган. Олимлар ўсимликлар ичида дафнагуллар оиласига мансуб Cryptocarya woodi ўсимлиги ҳам мавжудлигини аниқашди. Маълумотларга кўра бу ўсимлик пашша ва ҳашоратларни яқинлаштирмаслик мақсадида махсус ишлатилган. Ғор ичида микраскоп орқали олиб борилган кузатувларда ибтидоий одамларнинг 73 минг йил олдин ҳам гигиена нуқтаи назардан маълум вақт оралиғида каравотларни ёқиб юбориб, жойига янгисини ясашлари ҳам маълум бўлди.
24 СОАТЛИК ИНТЕРВЬЮ Австралиянинг АВС радиостанцияси бошловчиси 24 соат давомида интервью ўтказиб, рекорд ўрнатди. Гловер шунча вақт давомида Австралиянинг таниқли ёзувчиси Питер Фитц-Саймонс билан суҳбатлашди. Якшанба куни эрталаб соат 10 да бошланган интервью душанба куни эрталаб 10 да тугади. Гловер ва Фитц-Саймонс АВС радиосининг Сиднейдаги бош офисида, витрина ичида суҳбатлашишди, истаганлар уларни кузатиши мумкин бўлди. Шундай қилиб, Гловер ва Фитц-Саймонс янги рекорд ўрнатишди. Аввалги рекорд испан журналисти Педро Руисга тегишли бўлиб, у 2009 йилда 12 соату 30 дақиқалик интервью ўтказган. Гиннесс рекордлар китоби вакиллари интервьюга ҳеч ким аралашмаслиги ва саволлар такрорланмаслигини кузатиб ўтиришди. Интервью сўнгида Гловер ва Фитц-Саймонсга рекорд ўрнатилганлиги ҳақида сертификат ва махсус торт топширилди.
Time журнали томонидан ўтказилган онлайн сўровнома иштирокчилари Туркия бош вазири Режеп Тайип Эрдоғанни «Йил одами» сифатида эътироф этдилар. Айтиш керакки, Туркия ҳукумати раҳбари катта фарқ билан ғалаба қозонди, унга жами 120 минг киши овоз берган. Иккинчи ўринни эгаллаган «Барселона» ҳужумчиси Месси эса 74 минг овоз йиққан. Журнал таҳририятининг таъкидлашича, айни пайтда жаноб Эрдоған ўқувчилар «Йил одами» сифатида кўришни истамаганлар рўйхатида ҳам етакчидир. Унга қарши журнали мухлисларининг 20 фоизи овоз берган. «Антирейтинг»даги бошқа номзодлар эса нари борса 1 фоиз қарши овоз олишган. Ҳар икки натижа ҳам Эрдоғаннинг тарафдорлари ва унга қарши томонлар интернетда олиб борган реклама кампаниялари маҳсулидир. Масалан, исроилликлар, курдлар ва арманлар бир-бирларини Туркия бош вазирига қарши овоз беришга чақиришган. Турклар ва араблар эса уни қўллаб-қувватлашган. Охирги бир йил ичида Эрдоған ўз мамлакатида сезиларли иқтисодий ўсишга, АҚШ ва НАТО билан муносабатларни яхшилашга эришди. Исроил, Ироқ, Сурия билан муносабатлари эса совуқлашди. Туркларнинг арманлар билан муносабати аввалдан чатоқ. Time журнали «Йил одами»ни ташлашда ўқувчиларнинг фикрини эътиборга олса-да, сўнгги қарорни ўзи беради. Ўтган йили бу номга Facebook асосчиси Марк Цукерберг муносиб кўрилган эди.
ГОНКОНГ – ЭНГ РИВОЖЛАНГАН МОЛИЯ БОЗОРИ Нуфузли Халқаро иқтисодий форум (ХИФ) ташкилоти Гонконгни дунёнинг энг ривожланган молия бозори сифатида эътироф этди. Ташкилот ҳисоботида келтирилишича, рейтингда иккинчи ўрин АҚШга берилган ва бу мамлакатда молиявий барқарорлик билан боғлиқ хавотирлар борлиги билан изоҳланади. Учинчи ўрин Буюк Британияга насиб этди. «Гонконгнинг рейтингда биринчиликни эгаллаши муҳим босқич бўлди», – дейди Халқаро иқтисодий форумнинг ижрочи директори Кевин Стейнберг. ХИФ 60 давлатнинг милиявий барқарорлигига баҳо берган. Бу йилги рейтинг ўнталигида Сингапур, Австралия, Канада, Нидерландия, Япония, Швейцария ва Норвегия бор. Россия 39-, Хитой 19-, Туркия 43-, Мексика 41-, Исроил 26-, Польша эса 33-ўринни банд этди. Ҳисоботда таъкидланишича, Гонконг мавқеининг юксалиши банк сектори туфайли эмас, балки акцияларни бирламчи жойлаштириш ва суғурта сабаблидир. Илк бор 2008 йилда тузилган ХИФ рейтингида банк фаолияти самарадорлиги, бошқа молиявий хизматлар, молиявий мустақиллик ва бизнес юритиш имкониятлари каби жиҳатлар ҳисобга олинади.
БУГУН – ХАЛҚАРО ЧОЙ КУНИ Манбаларда келтирилишича, чойхўрлик 5 минг йил муқаддам Хитойда бошланган. Халқаро чой куни Ҳиндистон, Шри Ланка, Бангладеш, Непал, Хитой, Вьетнам, Индонезия, Кения, Малайзия, Уганда ва Танзания каби йирик чой етиштирувчи мамлакатларда байрам қилинмоқда. Халқаро чой кунини ўтказиш ғояси 2004 йили Мумбайда ва 2005 йили Бразилиянинг Порт-Алегри шаҳрида ўтказилган халқаро ижтимоий форумларда ўртага ташланган эди. Бундан кўзда тутилган мақсад кенг жамоатчилик эътиборини чой сотуви, чой ишлаб чиқариш саноати ишчиларининг аҳволи ва чойни бутун дунёда тарғиб этишга қаратишдир. Шунингдек, 15 декабрда «Чой саноати ишчилари жаҳон декларацияси» қабул қилинган. Маълумки, чойнинг саломатликка фойдаси бор: танани тетиклаштириб, уйқуни яхшилайди ва қон босимини меъёрига келтиради. 7x7
Бугун Миср пойтахтида юз берган тўқнашувлар оқибатида бир киши ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар жароҳат олди. Таҳрир майдонида эрталаб намойишчилар ва полиция ўртасида бошланган тўқнашувлар бир неча соат давом этган. Кейинроқ полициячилар яқин ўртадаги кўчаларга чекингач, намойишчилар майдонни буткул эгаллаб олган. Тартибсизликлар Қоҳирада жума кунидан бери давом этяпти. Ўша куни намойишчилар мамлакатни бошқараётган Қуролли кучлар олий кенгашидан ҳокимиятни фуқаровий раҳбариятга ўтказишни ва бош вазир Камол ал-Ганзурийнинг истеъфосини талаб қилиб чиқишганди. Полиция эса уларни тарқатишга киришган. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, тўқнашувлар натижасида 12 киши ҳалок бўлган, 800 дан ортиқ киши эса жароҳатланган. Армия 200 га яқин намойишчини қўлга олган.
ГАЛКИН ВА ПУГАЧЁВАНИНГ ТЎЙИ Россия эстрадасининг қироличаси Алла Пугачёва ҳамда машҳур қзичиқчи Максим Галкиннинг никоҳ тўйи 24 декабрда бўлиб ўтади. Тўйга фақат келин-куёвнинг яқин дўстлари ва қариндошлари таклиф этилган. Улар орасида модельер Валентин Юдашкин, қўшиқчилар Николай Басков ва Александр Буйновлар бор. Пугачёва ва Галкин эса ҳали тўй тўғрисида ҳеч қандай изоҳ беришгани йўқ. Уларнинг тўйи ҳақида оммавий ахборот воситалари олдин ҳам бир неча бор хабар тарқатган, балки бу сафаргиси рост бўлиб чиқар. 15 ноябрда Пугачёва ва Галкин биргаликдаги ҳаётининг 10 йиллигини нишонлаган эди. Никоҳ ҳақидаги гап-сўзларни эса Пугачёва хоним рад қилиб келаётган эди: «Мен Максим билан шундоқ ҳам бахтлиман, никоҳдан эса кўнглим совиган». Улар бахтли экан, нима ҳам дердик: ўн йил тугул умрининг охиригача ўзларига никоҳни раво кўрмаслиги мумкин.
Аризона штатилик (АҚШ) Сэм Шмидт сунъий нафас аппаратидан узилишига бир соат қолганда ўзига келди. Ваҳоланки, врачлар уни ўлдига чиқариб бўлишган эди. Шу йилнинг октябрида автоҳалокатга учраган 21 ёшли Сэм комага тушиб қолган эди. Шифокорлар уни комадан чиқаришга муваффақ бўлишмади. Шундан кейин улар ота-онасига Сэмнинг соғ аъзоларидан донорлик мақсадларида фойдаланишга рухсат сўрашди. Сунъий нафас аппаратидан узилишига бир соат қолганида эса Сэм бармоқларини қимирлата бошлади, сўнг ўзига келиб врачларнинг саволларига жавоб қайтарди. Айни дамда Сэм Шмидтнинг аҳволи яхши, шифокорлар Янги байрамигача уйга рухсат беришмоқчи. «Бу ҳаётимдаги энг яхши совға бўлди», – дейди унинг онаси кўзларида ёш билан. 7x7
FACEBOOK ЁРДАМИДА ОМОН ҚОЛДИ [size=14]АҚШнинг Юта штатида истиқомат қилувчи бир аёл Facebook тармоғи орқали асирликка тушиб қолганини билдирди. Аёл 1,5 яшар ўғли билан бирга ўғирлаб кетилиб, беш кун давомида Солк-Лейк-Сити яқинидаги уйда сақланган. Жиноятчи унинг телефонини олиб қўйган, лекин аёл ноутбукни омборчага олиб киришга муваффақ бўлган ва ўша ерда ўтириб, Facebookда ўғирлаб кетилгани ҳақида қайд қолдирган. Бу қайдни ўқиган дўстлари дарҳол полицияга хабар беришган. Полициячилар 33 ёшли Трой Рид Критчфилдни қўлга олишди. Аниқланишича, у аввал одамларга ҳужум қилгани ва уйдаги зўравонликлари учун жиноий жавобгарликка тортилган экан. Критчфилд жабрдийда аёлнинг собиқ севгилиси бўлиб чиқди. 7x7
ҚАЙСИ ДАВЛАТНИНГ ИҚТИСОДИЁТИ КУЧЛИ? Британия Иқтисодий тадқиқотлар марказининг маълум қилишича, Бразилия ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича Буюк Британиядан ўзиб кетди ва иқтисодиёти кучлилиги бўйича дунёда олтинчи ўринга чиқиб олди. Бразилия Хитой ҳамда бошқа Шарқий Осиё мамлакатларига экспорт ҳажмини ошириш эвазига ана шундай муваффақиятга эришгани айтилмоқда. Мутахассисларнинг билдиришича, Европада иқтисодий турғунлик кузатилаётган бир пайтда кўпгина Осиё давлатларида иқтисодиётнинг жадал суръатларда ривожланаётгани кузатилмоқда. Иқтисодиёти энг кучли давлат – бу АҚШ, ундан кейинги ўринларда Хитой, Япония, Германия ва Франция бор.
Москвада таниқли тожикистонлик журналист ва мухолифат арбоби Додожон Атовуллоевга суиқасд уюштирилган.
Унга пайшанба оқшомида Москвадаги Виажжио ресторанида бир кимса яқинлашиб, бир неча бор кўкрагига пичоқ урган. Алоқадор мавзулар Имомали Раҳмон, Марказий Осиё
Ҳозирда Россиянинг қатор интернет хабар агентликлари маълум қилишича, жаноб Атовуллоевга ҳужум қилганликда гумон қилинган киши қўлга олинган. У LifeNews.Ru саҳифаси томонидан 23 ёшли Тожикистон фуқароси экани хабар қилинмоқда.
У ҳозирда сўроқ қилинмоқда. РИА «Новости» хабар агентлигининг Москва шаҳар Ички Ишлар Бошқармасига таяниб хабар қилишича, Москва шаҳри Хамовники тумани ИИБси тергов бўлими томонидан қассддан оғир тан жароҳати етказиш айби билан жиноий иш очилган.
У Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга қарши кескин танқидий чиқишлари ва мақолалари билан танилган.
Араб инқилоблари ортидан жаноб Атовуллоев Тожикистонда "бинафша инқилоби" юз бериши ва Имомали Раҳмонни барча диктаторлар қисмати кутаётганини айтиб чиққан.
Додожон Атовуллоев президент оиласини Тожикистондаги наркобизнесни назорат этишда ҳам очиқча айблаган.
Президентга мухолиф доираларда катта таъсир ва обрўга эгалиги айтилган Атовуллоев қувғиндаги таниқли тожик полковники Маҳмуд Худойбердиев билан яқин алоқаларда эканлигини айтиб келади.
Германиянинг Дахау шаҳрида судланувчи суд залида прокурорни отиб қўйди. Хабар қилинишича, судланувчи аввал судьяга қарата ўқ узган, лекин нишонга тегизаолмаган. Шундан кейин у прокурорнинг қорнига иккита, қўлига эса битта ўқ узган. Жиноятчи қўлга олинган, давлат қораловчиси эса ўша ердаёқ жон таслим қилган. Судда алимент тўламаслик тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётган бўлган. Судланувчининг ёши 54 да. Вафот этган 31 ёшли прокурор атиги 1 йил аввал иш бошлаган экан. Судланувчининг суд залига қандан олиб киргани ҳозирча номаълум
Кеча Россиянинг Томск шаҳрида 6,4 килоли чақалоқ туғилди. Чақалоқ шаҳар перинатал марказида кесар кесиш йўли билан соғ-саломат дунёга келган. Одатда чақалоқларнинг вазни 3-3,5 кило бўлади. 5 килограммли чақалоқ йирик, ундан оғири эса гигант ҳисобланади. Шифокорларнинг айтишича, 1,5 минг чақалоқдан атиги биттаси гигант бўлиши мумкин. «Кўп йиллик тажрибага эга дояларимиз бундай вазнли чақалоқ туғилганини эслай олишмади, – дейди Томск перинатал маркази бош шифокори Игорь Степанов. – Энг оғири 6,2 кило бўлган экан». Унинг айтишича, она ҳам, паҳлавон чақалоқ ҳам ўзларини яхщи ҳис қилишмоқда. Бир неча кундан кейин улар уйларига кетишлари мумкин.
Қирғиз парламенти депутатининг рус тилига қарши чиққани миллатчилик кўриниши қаторида баҳоланмоқда. Қирғизистондаги бир қатор нодавлат ташкилотлари парламент спикери Асилбек Жээнбековдан “Конституциявий ҳуқуқлар ва эркинликларга таҳдид қилаётган депутатларни жазолаш”ни талаб қилишмоқда.
Фуқаровий жамият вакилларининг бундай талаб билан чиқишларига парламент депутати Урмат Аманбаеванинг парламент йиғинида расмий рус тилида гапирмасликни талаб қилгани сабаб бўлди. Депутат парламентда чиқиш қилаётган амалдорлардан бирига “Сиз нега ҳаддингиздан ошиб кетдингиз? Қирғизча гапиринг. Қайси қонунда ҳукумат аъзоси рус тилида гапириши керак деб ёзиб қўйилибди?” деб зуғм қилган.
Фуқаровий жамият вакиллари баёнотида айтилишича, депутат Урмат Аманбаеванинг бу гапини “Тили, ирқи ва миллатига қараб камситиш” сифатида баҳолаш мумкин.
Нодавлат ташкилоти вакиллари 2011 йилнинг 25 январида ҳам депутат Урмат Аманбаеванинг миллатчилик руҳидаги чиқишига қаршилик сифатида парламент биноси олдида норозилик митинги ўтказган эдилар.
Депутатнинг ўзи эса қирғиз тилида сўзлашни талаб қилиш билан ҳеч кимни камситмаётганини айтади:
- Мен фақат давлат тили мақомидан келиб чиқиб, қирғиз тилининг қўлланилишини талаб қилаяпман. Бу қонуний талаб, -деди Урмат Аманбаева.
Фуқаролик жамияти томонидан миллатчиликда айбланаётган депутатнинг бундай билдирувидан сўнг рус тилида сўзлашувчи депутатлар ўз норозлигини билдиришди. Депутат Ирина Карамушкинага кўра, рус тили мамлакат Конституциясида расмий тил мақомига эга.
- Расмий тилда гапригани учун шахсни айблаш, уни қирғизча гапиришга мажбурлаш дискриминациянинг бир кўринишидир. Бу Конституцияни бузишдир. Қирғиз тилини билмагани учунгина бошқа миллат вакилларини лавозимларга тайинламаслик, камситиш демократик жамиятга ёт кўринишдир, -деди Ирина Карамушкина.
Бишкекдаги “Московский Комсомолец- Азия” газетасининг бош муҳаррири Улуғбек Бобоқуловнинг айтишича, парламент депутатлари ва айрим сиёсатчиларнинг бошқаларни мажбурлаш орқали қирғиз тили нуфузини кўтариш ҳаракати фақат салбий оқибатларга сабаб бўлмоқда.
- Депутатларнинг қандайдир бир истаги ёки ҳархашаси қонундан ва Конституциядан устивор бўлмаслиги керак. Рус тилли аҳоли деганда Қирғизистонда яшаётган руслар, украинлар, немислар, поляклар, ўзбеклар, уйғурлар ва бошқа миллатлар тушинилади. Депутатларнинг бу каби баёнотлари эса рус тилли аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда. Бунинг натижасида қўлидан иш келадиган, саводли, профессионал одамлар Қирғизистонни тарк этмоқда, -деди Улуғбек Бобоқулов.