
Саломатлик ва гўзаллик учун кўп нарса керак эмас. Шунчаки соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш ва яна бир неча муҳим қоидаларни билиб олсангиз бўлгани. Келинг, улар билан яқиндан танишамиз!
Карам
К витаминига бой бу сабзавотдан хомлигича салат тайёрлаш ёки таом сифатида истеъмол қилиш қон томирларининг "мустаҳкамланиши”ни таъминлайди. Соғлом қон-томирлар эса саломатлик гаровидир!
карамга сирка ва туз, шунингдек, ўсимлик ёғи каби маҳсулотларни камроқ қўшиб, кўпроқ унинг ўзини истеъмол қилган дуруст.
Балиқ гўшти
Гулмоҳи (форел) балиқ гўштини куз-қиш мавсумида истеъмол қилиш тери таранглигини таъминлайди. Шу билан бирга балиқ гўшти таркибидаги "Омега-3”ёғ кислотаси, В3 витамини ва фосфор моддаси организм учун фойдалидир.
Балиқ гўштининг ёғсиз турларини танласангиз, вазнингиз ҳам ортмайди.
Сабзи
Таркибида А витамини мавжудлиги сабаб, аъзолардаги тўқималар янгиланишига хизмат қилади, терида ажинлар пайдо бўлишининг олдини олади. Шу билан бирга сабзининг хоми ёки шарбати жигарни тозаловчи хусусиятга эга.
Сабзи шарбатини наҳорда ичсангиз, сабзавотнинг ўзидан тушликка енгил салат (майонезсиз) тайёрлашингиз мумкин. Шунингдек, сабзига карам, олма ва қизил лавлаги қўшиб ҳам салат тайёрлаш мумкин.
Аччиқ шоколад
Асабларингизни тинчлантиришнинг энг синалган усули 2-3 бўлак аччиқ қора шоколад истеъмол қилишдир. Хотиржам асаб хасталанишнинг олдини олади.
Шоколадли "муолажа”ни фақат зарур ҳоллардагина қўлланг. Акс ҳолда "шоколад терапияси”га ўрганиб қолишингиз мумкин.
Олма
Кунига 2-3 та яшил олма истеъмол қилсангиз, чарчоқ ҳиссидан фориғ бўласиз. Тажрибани бугундан бошланг, натижаси 3-4 кунда сезила бошлайди.
Олманинг қизил ва сариқ навлилари мазали бўлса-да, саломатлик учун, асосан, яшил ранглиси фойдалидир.
Лимон шарбати
Юз ва бадан терисининг эластиклик хусусиятини мана шу мева шарбати билан ҳимоялаш мумкин. Наҳорда лимон шарбати аралаштирилган илиқ қайнаган сув ичиш мева таркибидаги С витамини ҳисобига коллаген юзага келишини таъминлайди.
Агар сизда ошқозон фаолияти билан боғлиқ муаммолар ёки ўн икки бармоқли ичак хасталиклари мавжуд бўлса, лимон шарбатини ичишда шифокор билан маслаҳатлашишингиз лозим.
Қорағат
Қариш жараёнининг олдини олишда етакчи маҳсулотлардан бири саналади. Бу мева минерал ва витаминлар комплексидан иборат, десак хато бўлмайди. Қорағат мевасидан шарбат, жем ёки кисель тайёрлаб ичиш организмни керакли озуқа билан тўйинтиради.
Қорағат мевасини наъматак, олча, туршак ва олма қоқиси билан алмаштириб, шарбат ёки қуруқ мевали чой сифатида ҳам ичиш мумкин!
Кулинг, умрингиз узаяди!
Бу айни ҳақиқат! Инсон организмида хурсандчилик ҳисси қанча кўп бўлса, стресс ҳолатларига чалиниш эҳтимоли шу қадар камдир. Демак, табассум қилишга эринмаслик ва кайфиятни кўтаринки руҳда ушлаш қаришнинг олдини олишдаги олтин қоидадир!
Муаммолардан руҳан халос бўлинг
Ҳаётий муаммоларга асабийлашиш соғлигингизга зиён. Яхшиси, мана бу усулни қўлланг: стаканни тўлдириб, унга муз бўлакларини солинг ва барча дард-аламларингиз, хафагарчиликларни овоз чиқариб сўзланг. Сўнг стакандаги ях эришини кутинг. Муз эриб бўлгач, гўё барча ташвишларингиз сув билан эриб кетгандай тасаввур қилиб, уни тўкиб юборинг.
Уйқудаги хотиржамлик
Маълумки, 7-8 соатлик уйқу организм зўриқмаслиги учун муҳимдир. Айнан мана шу тартибга амал қилиб, ўз вақтида дам олиш ёдингиздан кўтарилмасин. Дарвоқе, уйқуга ётишнинг ҳам шарти бор: хаёлингиздаги барча нохуш ўйларни хаёлан бир пуфакка тўплаб, ҳавога учириб юборинг. Ана шунда тунгги безовталиклардан халос бўласиз.
О, муҳаббат!
Аниқланишича, ижобий ҳис-туйғулар инсон умрини узайтирар экан. Жуфтингизни унинг барча ютуқ ва камчиликлари билан бирга севишни ўргана олсангиз, ҳаётингиз кўнгилдагидай ўтади. Бу эса ёшлик ва саломатликни асрашнинг энг муҳим омилидир. Қолаверса, муҳаббат жо бўлган қалблар қаримайди, дейишади.
Соянгизга яширинманг!
Ўзингизни борингизча севишни ўрганинг! Ўз сўзингиз, ўз ҳаётингиз ва аниқ мақсадларингизга амал қилиб, фақат олға боринг. Унутманг: ўзингиздан мамнун бўлсангиз, атрофдагилар учун ҳам қадрингиз баланд бўлади! Хаёлан баланд зинага кўтарилаётгандек тасаввур қилинг. Қанча баландласангиз, шунчалик ютуқларингиз кўпайишига қалбан ишонинг!
Спорт, спорт ва яна спорт!
Бадантарбия билан шуғулланиш ҳақида кўп гапирилса-да, шуғулланишга хафсала қилмаймиз. Ваҳоланки, жилла қурса, ярим соат енгил спорт машқларини канда қилмасак, организмда қон айланиши жараёни яхшиланиб, эрта қаримасликка эришишимиз мумкин.