RSS
Yangiliklar-Новые сообщения · Azolarimiz-Участники · Forum qoidasi-Правила форума · Qidirish-Поиск
Forum moderator: DURDON, SAKINA  
Sahobalar hayoti
Yulduzlar hayoti bizlar uchun albatta ibratdir.
AbdullohDate: Dushanba, 26-May-2008, 15:39 | Message # 16
Yahshi tajribali
Group: Ishonchli
Messages: 88
Status:
(Билол ибн Рабоҳ r.a. hayoti haqidagi hikoyamizning davomi)*********************************************************************
У қоралар уммати ҳисобланмиш ҳабаш диёридан.. Фалакнинг гардиши билан Маккадаги Қурайш зодагонларидан ҳисобланмиш Бани Жумаҳ қабиласидаги чўрилардан биридан дунёга келди..
Кунлари бошқа қуллар куни каби кўримсиз, бесамара ўтар, на бугунида бир нарса қила олар, на эртасига умид билан қарарди..
Одамлар Маккада "Муҳаммад хабари"ни қўлма-қўл қилиб, оғиздан оғизга кўча бошлаган пайтда унинг ҳам қулоғига бу янги хабар чалинган, эгаларининг, уларникига келадиган меҳмонларнинг гаплари орқали, айниқса, унинг ва ўша қабиланинг бошқа қулларининг хожаларидан бири бўлган Бани Жумаҳ саййидларидан бири бўлмиш Умайя ибн Халаф оғзидан анчагина нарса эшитган эди.. Умайянинг бу янги пайғамбар ҳақида ғазаб, нафрат билан дўстларига, қабиладошларига гапираётганлигининг кўпинча гувоҳи бўлар, бир йўсин, бир ритмда кетаётган ҳаётига бу хабарнинг янгилик бўлаётганини қалби сезиб турар, уларнинг ғазаб, таҳдид, адоватга тўла гаплари орасида Муҳаммаднинг ростгўй, покиза, амонатлилигини гапиришиб, ҳайрон бўлган ҳолда: "Муҳаммад бирор ёлғон ҳам сўйламаган киши эди, сеҳргар десак, сеҳргар эмас, жинни дейлик десак, жиннига ўхшамайди, нима бўлганда ҳам бу олиб келган нарсасига ҳеч ҳам йўл қўйиб бўлмайди, одамларни бу динга киришдан қайтариш керак", дейишаётганини кўриб юраги ҳаприқиб қўярди..
Ҳа.. Мушриклар у зот ҳақида, амонат, вафоси, мардлиги, ахлоқи, покизалиги, ақлли киши эканлиги ҳақида сўзлашар, нега бу даражада адоват қилишаётганини яширмас ҳам эдилар.. Ота-боболарининг динлари, шунча асрлар бўйи бу орқали тўпланган, ибодат, расм-русумлар маркази бўлган диний пешволик мартабаси кетиб қолишидан қўрқишар, устига устак, "нега айнан Бани Ҳошимдан пайғамбар чиқаркан" деган ҳасад уларни қамраб олган эди..

* * *
Бу воқеалар, ҳолатларни яқиндан кўриб юрган Билолга бир куни Оллоҳ нури етиб, покиза қалби, беғубор руҳига тараладида, Росулуллоҳ :saws: га бориб ўзининг иймонини эълон қилиб, мусулмон бўлади..
Унинг мусулмон бўлгани бир пасда барча ерга тарқаб, эгаларининг, хожаларининг ҳам қулоқларига етмай қолмайди..
Бу хабардан уларнинг кибру ҳаво билан шишган бошлари гир айланиб, ғуруру менсимаслик ила осмонга кўтарилган бурун катаклари кенгайиб кетади! Кимсан Бани Умайя қабиласининг арзимас, бир пулга қиммат қоравой қулларидан бирининг мусулмон бўлиши уларнинг оппоқ юзларига қоп-қора оёғини қўйиш билан тенг бўлиб, шармандаю шармисорлик эди!!
Чексиз ғазабга минган Умайя ёрилиб кетмаслик учун тишини тишига босганча: "Майли… Бугун кун ботиши билан бу нонкўр қулнинг исломи ҳам ботади.." деб хириллар эди..
Лекин ҳеч қачон Билолнинг ислом қуёши ботмади, балки бир кун келиб, барча Қурайш бутлари ботиб кетди, бутпарастлар ҳомийлари ботиб кетди.!


Ҳамду сано бутун оламлар ҳожаси Аллоҳ учундир.

Message edited by Abdulloh - Dushanba, 26-May-2008, 15:47
 
AbdullohDate: Dushanba, 26-May-2008, 15:50 | Message # 17
Yahshi tajribali
Group: Ishonchli
Messages: 88
Status:
* * *
Билол эса, фақат Исломгагина эмас, бутун башарият учун шараф бўладиган ишни қилди..
Буюк киши сифатида, улуғлар қаторида энг қаттиқ, мудҳиш азобларга дош берди.
Бу билан гўё Оллоҳ таоло "башаранинг қора бўлиши тананинг қул бўлиши ўз иймонини топган, Раббига маҳкам боғланган, ўз ҳақини ҳимоя қилган Руҳ иродасини ҳеч ҳам бука олмайди, унинг азаматини йиқа олмайди" деётгандек эди..
Билол бу матонати билан замонасидаги, балки барча замондаги кишиларга "виждон эркинлиги, қалб ҳокимиятини олтин тўла ерга ҳам, азоб тўла ерга ҳам алишиб бўлмайди" деган дарсни ўтаётган эди..
Динидан қайтиш учун, қаноатини ўзгартириш учун қайноқ чўғ устига қўйилсада, бош тортди…
Дарҳақиқат, тенги йўқ тарбиячи бўлмиш Муҳаммад а.с. ҳамда улуғ Ислом - эгасига қул бўлган бу нотавон ҳабашдан қалб дахлсизлиги, виждон эркинлигини ҳимоя қилиш борасида бутун башариятга узтоз бўлса арзийдиган бир кишини етиштирдилар..
Саҳро темирдек, ҳаво мисдек қизиб, жаҳаннамга айланган вақтда Билолни олиб чиқиб, кийимларини ечган ҳолда чўғдай қизиб турган қайноқ тошлар устига ётқизишар, кейин бир неча киши бир бўлишиб ёниб турган бир харсангни кўтариб келишиб, кўкрагига босиб қўйишар эди..
Бу азоб ҳар куни такрорланар, узоқдан гувоҳ бўлганларнинг раҳмлари келиб юраклари сувдек оқиб турар, лекин қўлларидан ҳеч нарса келмас эди.. Азобнинг қаттиқлигидан уни азоблаб турганларнинг баъзи бирлари ҳам таъсирланиб кетган эди.. Охирда улар олиҳаларини бир мартагина яхши сўзлар билан тилга олса қўйиб юборишларини айтиб, ялинишга тушишди.. Улар шундайича қўйиб юборишса, Қурайш зодагонларидан "ээ ўла, қулидан енгилипти" деган иснодга қолишдан қўрқар эдилар..
Лекин шу биргина, оғиз четидан чиқиб кетадиган сўзни ҳам Билол айтишдан бош тортар, ўрнига ўзининг кейинчалик мангуликка айланган машҳур сўзини такрорлар эди:
Аҳад… Аҳад..
Жаллодлари бир ўдағайлашар, бир ялинишар, "Лот билан Уззониям айт" дейишар, у: "Аҳад.. Аҳад…" дейишдан нарига ўтмас эди..
Улар тағин зуғум била: "Биз айтгандек айт" дейишса, ажойиб киноя билан, чақиб олувчи истеҳзо ила: Тилим айланмайди, дер эди!!


Ҳамду сано бутун оламлар ҳожаси Аллоҳ учундир.

Message edited by Abdulloh - Dushanba, 26-May-2008, 15:52
 
AbdullohDate: Dushanba, 26-May-2008, 15:56 | Message # 18
Yahshi tajribali
Group: Ishonchli
Messages: 88
Status:
* * *
Росулуллоҳ :saws: ва мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилишиб, у ерда жойлашганларидан сўнг, пайғамбар :saws: намозга азон айтишга буюрадилар..
Ҳар куни беш маҳал намозга чақириб, уфқлар оша такбирларию таҳлиллари тарқаладиган бахтли киши ким бўлса экан...?
Бу киши ҳазрати Билол бўладилар.. Ҳа.. Ўн уч йил илгари қийноқда қолиб қайноқ тошда азоб тортар экан: "Аҳад.. Аҳад.. Аллоҳ яккадир.." деб нола қилган зот бугун ўша Аллоҳ яккадир деб айтган ноласини "Аллоҳу акбар", "Аллоҳ Буюкдир" ҳайқириғига улайдиган киши бўладилар..
Унга пайғамбар :saws: назари тушиб, ушбу муҳим вазифага лойиқ деб топилган эди..
У ўзининг соф, жарангдор, ёқимли, ширали овози билан юракларни иймонга тўлдириб, қулоқларга ажиб бир оҳанг инъом бағишлар эди:
Аллоҳу Акбар.. Аллоҳу Акбар.. (Аллоҳ барчадан буюк)
Аллоҳу Акбар.. Аллоҳу Акбар.. (Аллоҳ барчадан буюк)
Ашҳаду ал лаа илааҳа иллаллоҳ.. (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ деб гувоҳлик бераман)
Ашҳаду ал лаа илааҳа иллаллоҳ.. (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ деб гувоҳлик бераман)
Ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ.. (Муҳаммад унинг пайғамбари деб гувоҳлик бераман)
Ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ.. (Муҳаммад унинг пайғамбари деб гувоҳлик бераман)
Ҳайя алас солааҳ.. (Намозга келинглар)
Ҳайя алас солааҳ.. (Намозга келинглар)
Ҳайя алал фалааҳ.. (Нажотга келинглар)
Ҳайя алал фалааҳ.. (Нажотга келинглар)
Аллоҳу Акбар.. Аллоҳу Акбар.. (Аллоҳ барчадан буюк)
Ла илааҳа иллаллоҳ.. (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ)


Ҳамду сано бутун оламлар ҳожаси Аллоҳ учундир.
 
AbdullohDate: Dushanba, 26-May-2008, 15:57 | Message # 19
Yahshi tajribali
Group: Ishonchli
Messages: 88
Status:
Мусулмонлар билан Қурайш ўртасида уруш оёққа туради... Бўлиб ҳам анча кескин, ўша давр урушларига мос, бошлар сапчадек узиладиган, қўллар кесилиб, оёқлар қирқиладиган аёвсиз жанг бошланади.. Ўша жангда, Исломнинг аввалги ғазоти бўлмиш бадр жангида Билол ҳам қатнашиб, қаҳрамонларча жанг қилади..
Ушбу урушда Қурайш ўзининг энг аслзодаларини, жигарбандаларини урушга ташлаган, барча зодагонлар ўз ҳалокатли чоҳларига ўзлари қадам қўйган, ўз қабрлари томон ўзлари қадам босиб келган эдилар.
Билол хожаси бўлган, уни ваҳшийларча азоблаган Умайя ибн Халаф урушдан қолмоқчи бўлган, лекин уни бир воқеа урушга чор-ночор чиқишга мажбур қилган эди:
Яқин дўсти бўлган Уқба ибн Абу Муъайт унинг уришдан қолмоқчи бўлаётганини эшитиб қолиб қўлига атир-упалардан бири (аёллар ишлатадиган пардозлардан бири) ни олиб келиб, уни ва атрофида ўтирган қавмини ҳайрон қолдирганича Умайя олдига тап этиб ташладида:
- Ўўв Абу Али, мана шуни ишлатавер, энди сени эркак эмас, хотин десак ҳам бўлаверади, деди!!!
Умайянинг ўз қавми олдида қандай аҳволга тушганини сўрамай қўяверинг.. У аччиқ ва уятдан бир оқарган, бир кўкарган, бир қизарган, охирда қорайиб қулоғи шанғиллаб, тили ҳам калимага айланмай қолган эди.. Ва ниҳоят, бироз ўзига келиб:
- Олиб келган нарсанг ҳам қуриб кетсин... Ўзинг ҳам қуриб кет..!! дея олган эди..
Шундай қилиб оёғи тортмасада андиша ва уятнинг зўридан ночор урушга чиқди..
Тақдирнинг ажиб ўйинлари, сир-асрорлари, баланд-пастликлари борда...
Уқба ибн Абу Муъайтнинг ўзи Умайяни Билол ва Билол сингари бечораларни азоблашга ундар эди..
Бугун эса айнан шу Уқба Умайянинг ҳалокати бўладиган, ўзининг ҳаб қабристони ҳисобланмиш Бадрга чиқишга ундаб ўтирибди..
Уни юқоридагидек тезламаганда Умайя урушга бормаслиги турган гап эди.. Лекин.. Ҳикматли зот Аллоҳ амрини қилиб бўлган... Умайя чиқсин.. Зеро, у билан Оллоҳ бандаларидан бири орасида ҳали тугалланмаган бир масала бор.. Орани очиқ қилиш вақти етди.. Жазо бергувчи ҳаргиз ўлмагай.. Қандай нарса қилган бўлсанг ўшандай жавоб оласан.. Экканингни ўрасан..!!
Кечагина бегуноҳ бандаларни, ҳимоячиси йўқ бечораларни аёвсиз калтаклаб, қамчи ўйнатган Умайя бугун ўша бечоралардан бири қўлида, одам ўрнида кўрмайдиган бир киши зарбаси остида жон беради... Билол қўлида ўлим топади.. Яқиндагина ўша қўлларни занжирда тутиб, суғурилиб кетгунча судраган, қўл соҳибини мисли кўрилмаган азоблар билан қийноққа солган эди..
Уруш бошланиб қиличлар, камонлар, найзалар ишга кирган, атрофни қичқириқлару чанг тўзон тутиб кетган, кимлар ўлиб, кимлар ярадор бўлган эди.. Умайя ҳам қолган мушриклардан қолишмай мусулмонларга иложи борича кўпроқ талафот етказишга интилар, ҳаёт ширинлигини ҳар лаҳзада ёдлаб жон ҳолда қилич сермар эди.. Шу зайлда урушнинг ниҳоясини кута бошлади.. Уруш дами пасайиб бошлаган вақтда пайғамбар :saws: издошларидан бири, Умайяни яхши танийдиган, Умайя ҳам яхши биладиган Абдураҳмон ибн Авфни кўриб қолдию қувониб кетди.. Урушнинг мусулмонлар фойдасига ҳал бўлаётганини ўз кўзи билан кўриб турган Умайя жонини сақлаб қолиш умидида Абдураҳмоннинг қўлига асир бўлиб тушишни таклиф қилиб ундан илтимос қилди..
Абдураҳмон ҳам унинг бу ҳийласидан хабари йўқ "майли" деб кўнди.. Уруш ҳали давом этар, аввалги шиддатида бўлмаса ҳам, қиличлар ярқираши, камон ўқлари визиллаши, найзалар шувиллаши эшитилиб турар эди.. Йўлда кетишар экан, Умайяни Билол илғаб қолдида:
- Куфр боши Умайя ибн Халафми?!! Шу қутуладиган бўлса мен яшамай.. деганча қичқириб келиб, қилич сермаб доим кибр ва мақтанчоқлик ила бурни осмонда бўлган бошни сапчадек узиб ташламоқчи бўлди..
Шунда уни Абдураҳмон тўхтатар экан:
- Билол, ахир бу менинг асирим, деди.
Асир? Қанақасига асир бўлсин? Уруш ҳали тугагани йўқку.. Қанақасига асир бўлсин ахир.. Ҳозиргина мусулмонлар жасадларини тилка қилган қиличидан қон томиб турибдику..
Йўқ.. Бу Билол назарида мусулмонлар устидан, уларнинг ақллари устидан безбетларча кулиш эди.. Умайя Маккада етарлича кулиб, етарлича масхара қилиб олди..


Ҳамду сано бутун оламлар ҳожаси Аллоҳ учундир.
 
AbdullohDate: Dushanba, 26-May-2008, 16:01 | Message # 20
Yahshi tajribali
Group: Ishonchli
Messages: 88
Status:
Шунчалик кулдики, бугунги кун учун, ҳозирги аянчли ҳоли учун кулиш қолмади, кулиш планини бажариб бўлди..!
Билол дўсти Абдурраҳмон ибн Авф ҳимоясини бир ўзи ёриб ўтолмаслигини кўриб бор овозида бақирди:
- Эй Оллоҳ ансорлари!! Куфр боши Умайя ибн Халаф!! Шу қутуладиган бўлса мен яшамай..!!
Шунда бир гуруҳ мусулмонлар қилич яланғочлаб, Умайя ва унинг ўғлини – ўғли ҳам қурайш кофирлари сафида эди – ўраб олдилар, ўлим гирдоби уларни ўз оғушига олган эди.. Абдураҳмон ҳеч нарса қила олмай қолди..

* * *
Ушбу мақомда Билолдаги раҳмдиллик, шафқат сифатларини излашга ҳақимиз йўқ бўлса керак деб ўйлайман.. Бордию Билол билан Умайя ўртасидаги учрашув ўзгача шароит, ўзгача ҳолатда рўй берганида балки Билолдан раҳм-шафқатни сўрашимиз дуруст бўлар эди.. Иймонида, тақвосида бунчалик бўлган киши бахиллик қилмаган бўлар эди.. Лекин улар уруш ичида кўришдилар, бир-бирларини йўқ қилиш учун келган майдонда учрашдилар.. Қиличлар ўйнаётган, ўликлар тутдек тўкилаётган, одамлар бошида ўлим шарпаси айланиб юрган вақт эди.. Шунда шундоққина рўпарасида бир маҳаллар баданида бир энлик ҳам жой қолдирмасдан азоб берган Умайя чиқиб қолади..
Ўзиям қаерда ва қай ҳолда учратиб қолади?
Уруш майдонида, қаршисида учраган мусулмон бошини сапчадек узиб турган ерда учратди, бордию Билол ҳам учраганда унинг ҳам бошини танасидан жудо қилишга киришган бўлар эди..
Ана шундай пайтда учрашиб қолган Билолдан: кечириб қўяверсангиз бўлармиди, деб сўрашимиз адолатдан, мантиқдан бўлмаса керак..


Ҳамду сано бутун оламлар ҳожаси Аллоҳ учундир.

Message edited by Abdulloh - Dushanba, 26-May-2008, 16:02
 
AbdullohDate: Dushanba, 26-May-2008, 16:03 | Message # 21
Yahshi tajribali
Group: Ishonchli
Messages: 88
Status:

Кунлар ўтиб, Макка фатҳ қилинадиган пайт ҳам етиб келади..
Росулуллоҳ 10 000 мусулмон ичида Оллоҳга шукроналар қилиб, такбир айтган ҳолда кириб келадилар, тўғри Каъба томон йўл оладилар... Қурайш йил кунлари сонича бутларни тиқиб ташлаган ушбу покиза маконга етиб келадилар..
Ҳа... Ҳақ келиб, ботил гум бўладиган вақт етиб келган эди..
Бугундан бошлаб энди Уззо ҳам, Лот ҳам, Ҳубал ҳам бўлмайди.. Бугундан бошлаб инсон ўзининг мағрур бошини тошга ҳам, ҳайкалга ҳам эгмайди.. Энди инсонлар бутун қалблари билан фақат Оллоҳга, ўхшаши йўқ бўлган, яккаю ягона, энг буюк, энг олий зотгагина ибодат қиладилар...
Пайғамбар Каъбага ўзлари билан бирга Билолни ҳам бошлаб кирадилар.. Киришлари билан чўплар орқали фол очиб турган шаклдаги араблар Иброҳим алайҳиссалом рамзи деб атайдиган бутга рўпара келиб, ғазабга миндиларда: "Ўлиб кетишсин.. Бобомиз фол очмас эдилар.. Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам эмас, балки ҳаққа мойил мусулмон эди, мушриклардан эмасди" дейдилар..
Билолга масжид томига чиқиб азон айтишни буюрадилар..
Билол азон айта бошлайди.. Бу ширин азон энг муқаддас макон, улуғ бир пайтда, ажойиб бир муносабатда айтилмоқда эди..
Азонни эшитиб Маккада ҳаёт гўё ҳаракатдан тўхтаган эди.. Минглаб мусулмонлар азонни Билол кетидан хушуъ билан пичирлаганча тин олган эдилар..
Мушриклар эса уйларида ишонгилари келмас:
Кечагина бу ерлардан ҳайдаб юборилган Муҳаммад ва унинг қашшоқ издошлари шулармия..??
Ўн минг кишини эргаштириб келгани ростмия...
Қувиб, ҳайдаб, уруш қилиб, энг азиз ва қадрдон кишисини ўлдирганимиз Муҳаммад шуми..

Ўша вақтда Каъба ҳовлисига яқин ерда қурайш зодагонларидан учтаси ўтирар, булар эндигина мусулмон бўлган Абу Суфён, ҳали мусулмон бўлмаган Аттоб ибн Усайд ҳамда Ҳорис ибн Ҳишом эди...
Аттоб азон айтаётган Билолдан кўзини узмай:
- Бу кўргуликларни кўрмай кетган Усайднинг (ўлиб кетган отасини назарда тутмоқда) омади бор экан... деди..
Ҳорис эса:
- Мен эса, Худо ҳақи, Муҳаммаднинг ҳақлигини билганимда эргашган бўлардим, деб қўйди..
Абу Суфён бўлса:
Мен ҳеч нарса демайман, гапирсам мана шу майда тош еткизса керак!! деди.
Пайғамбар Каъбадан келар экан уларни кўриб, юзларига бирров назар ташлаб, кўзлари Оллоҳ нури ҳамда ғалаба нашидаси ила порлар экан:
- Айтган нарсаларингизни билдим.. дедилар, ораларида бўлган суҳбатни айтиб бердилар.
Шунда Ҳорис билан Аттоб йиғию зори қилганича:
- Оллоҳнинг пайғамбари эканлигингизга гувоҳлик берамиз, Худо ҳақи, атрофимизда бирор киши йўқ эдики, сизга хабар берди, деб ўйласак!! дейишди..
Энди улар Билолни бошқача, янги қалблар ила қаршилар эканлар, салгина илгарироқ, пайғамбар Маккага кирган вақтда айтган муборак сўзлар акс-садоси қулоқларида янграр эди:
- Эй Қурайш жамоаси... Оллоҳ таоло сизлардан жоҳилият кибрини, ота-боболар билан гердайишни кеткизди... Инсонлар барчаси Одам (а.с)дан... Одам эса тупроқдан эди...


Ҳамду сано бутун оламлар ҳожаси Аллоҳ учундир.
 
AbdullohDate: Dushanba, 26-May-2008, 16:06 | Message # 22
Yahshi tajribali
Group: Ishonchli
Messages: 88
Status:

Билол Росулуллоҳ билан барча ғазавотларда қатнашиб, намозларда азон айтиб, уни зулматдан нурга олиб чиққан, қулликдан озодлик сари элтган ушбу буюк динга ҳар томондан ёрдам бериб, ҳимоя қилиб яшади..
Яшар экан, Ислом шаъни улуғланиб, мусулмонлар шони ўсиб борди.. Ўз амаллари ила Росулуллоҳ қалбига қанчалик яқин бўлиб, у зотдан олқиш, "жаннат аҳлларидан бири" деган улуғ сўзни эшитишига қарамай, ўша ўша Билол бўлиб, кишилар учун ҳеч нарсани аямайдиган, камсуқум Билол бўлиб қолаверди, ўзини "кечагина қул бўлиб юрган одам" дейишдан нарига ўтмади..

* * *

Росулуллоҳ Оллоҳ ҳузурига барча нарсадан кўнгиллари тўқ, хурсанд ҳолда йўл олдилар, омонатларини топширдилар.. Ортидан мусулмонлар ишини халифалари – ўринбосарлари Абу Бакр бошқара бошлади..
Бир куни Билол пайғамбар халифаси олдига кириб:
- Эй пайғамбар халифаси, мен Росулуллоҳнинг "Мўмин амалининг энг афзали жиҳоддир" деётганларини эшитдим, деди.
- Нима истайсиз, эй Билол?
- Ўлгунимга қадар Оллоҳ йўлида рибот* қилмоқни хоҳладим..
- Бизга ким азон айтиб туради?
Шунда Билол кўзи жикка ёшга тўлиб, юзига оқар экан, деди:
- Росулуллоҳдан кейин ҳеч кимга азон айтиб бермоқчи эмасман..
- Қолинг, биз учун ҳам айтиб туринг..
- Сизники бўлишим учун мени озод қилган бўлсангиз, майли, сиз айтгандай бўлсин... Лекин Оллоҳ учун озод қилган бўлсангиз, менинг ўзимга қўйиб беринг...
- Балки, Оллоҳ учун озод қилганман, эй Билол...
Шу ерда ровийлардан икки хил ривоят келган... Баъзилар Билол Шомга сафар қилиб, ўша ерда жиҳодда, риботда қолган дейишса, баъзилар Абу Бакр илтимосига кўра охири Мадинада қолишга рози бўлган, Абу Бакр вафотидан кейин Умар халифаликка ўтирганда рухсат сўраб, Шомга жўнаб кетган, дейишади...
Нима бўлганда ҳам, Билол қолган умрини Ислом ҳудудларидан бирида жанговар ҳимояда туриш учун ўтказишга азм қилган, Оллоҳ ва Расулига улар хуш кўрадиган энг яхши амал билан рўпара бўлишга қатъий қарор қилган эди..
Энди у ўзининг ширин, ширали, салобатли овозини кўтариб азон айтишдан тўхтаган эди.. Чунки азонида "ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ" – "Муҳаммад Оллоҳ пайғамбари, деб гувоҳлик бераман" ни айта бошлаши билан томоғига бир нарса келиб тиқилар, бурунги хотиралар қўзғалиб кетиб, ич-ичидан келган ҳиқиллаш олдида овози қирқилиб қолар, сўзлар давомини кўзидан селдек оқаётган кўз ёшлари айтар эди...
Унинг охирги азони амирул муъминин Умар Шом диёрига борганида бўлган эди.. Ўшанда Умарга ялинишиб, Билолнинг бир мартагина азон айтиб беришини сўраб беришини илтимос қилишган эди..
Намоз вақти етиб келгач, амирул муъминин Билолни чақириб ундан азон айтиб беришни илтимос қилди..
Билол чиқиб азон айтди... Ўзи ҳам йиғлади, саҳобаларни ҳам, Росулуллоҳ вақтида Билол азонини эшитиб юрган саҳобаларни ҳам йиғлатди.. Тўлиб-тошиб, сел бўлиб йиғладилар... Умар ҳаммадан кўра кўпроқ йиғлар эди..

* * *

Билол ўзи хоҳлаганидек, Шомда, Оллоҳ йўлида риботда турган ҳолда вафот этди..
Ҳозирда, Дамашқ тупроғи тагида эътиқод ва виждон эркинлигини ҳимоя қилган, башарият улуғларидан бирининг жасади ётибди..

=================
* Ribot - Ислом ва мусулмонларни ҳимоя қилиш учун жанговор ҳолда қўриқчиликда туриш.


Ҳамду сано бутун оламлар ҳожаси Аллоҳ учундир.

Message edited by Abdulloh - Dushanba, 26-May-2008, 16:07
 
AbdullohDate: Dushanba, 26-May-2008, 16:13 | Message # 23
Yahshi tajribali
Group: Ishonchli
Messages: 88
Status:
Bilol ibn Raboh

Davomi...

Ўшанда Умарга ялинишиб, Билолнинг бир мартагина азон айтиб беришини сўраб беришини илтимос қилишган эди..

Намоз вақти етиб келгач, амирул муъминин Билолни чақириб ундан азон айтиб беришни илтимос қилди..

Билол чиқиб азон айтди... Ўзи ҳам йиғлади, саҳобаларни ҳам, Росулуллоҳ вақтида Билол азонини эшитиб юрган саҳобаларни ҳам йиғлатди.. Тўлиб-тошиб, сел бўлиб йиғладилар... Умар ҳаммадан кўра кўпроқ йиғлар эди..

* * *


Ҳамду сано бутун оламлар ҳожаси Аллоҳ учундир.

Message edited by Abdulloh - Dushanba, 26-May-2008, 16:41
 
AbdullohDate: Dushanba, 26-May-2008, 16:22 | Message # 24
Yahshi tajribali
Group: Ishonchli
Messages: 88
Status:
Бу қисса хар замонда такрор айтилса хам зериктирмайди.. У кишининг сехирли аъзонларига хеч ким тўймасди.

Ҳамду сано бутун оламлар ҳожаси Аллоҳ учундир.

Message edited by Abdulloh - Seshanba, 27-May-2008, 18:01
 
AbdullohDate: Dushanba, 26-May-2008, 16:38 | Message # 25
Yahshi tajribali
Group: Ishonchli
Messages: 88
Status:
Assalomu alaykum hurmatli forumdoshlar.
Sahobalar hayoti haqidagi ruknimizni davom etar ekanmiz, tarixda zabardas insonlar o'tganliklariga, ularning hayotdagi qiyinciliklar bilan sabot bilan kurashganlariga, go'zal fazilatlarga ega bo'lganliklariga , o'zlari ushlagan sof aqidagsiga naqadar sodiq bo'lganliklariga yana bir bor guvoh bo'lamiz.
Hammalarimizga o'z vaqtlarimizdan unumli foydalanishni tilab qolaman.


Ҳамду сано бутун оламлар ҳожаси Аллоҳ учундир.

Message edited by Abdulloh - Seshanba, 27-May-2008, 18:07
 
AbdullohDate: Seshanba, 27-May-2008, 18:12 | Message # 26
Yahshi tajribali
Group: Ishonchli
Messages: 88
Status:
Сайид ибн Омир

“Йиртиқ кийим остидаги буюклик”

Айтингчи қай биримиз бу исм билан таниш , ёки қай биримиз илгари бу ҳақида эшитганмиз?
Шубҳасиз кўпчилигимиз, эҳтимол ҳаммамиз ҳам бу исм ҳақида ҳеч нарса билмаслигимиз мумкин . Гўёки мен ҳам сизлар билан биргаликда бу инсонни ўрганиб туриб, бир-биримизга : “Сайид ибн Омир ким ўзи ?”- деб савол қилаётгандаймиз .
Албатта бироз ўтиб бу зот ким эканлигини билиб оламиз ...!!!

Гарчи унинг исми бошқа улуғ асҳоби икромларнинг исмларига ўхшаб жарангдор ва ҳаммага таниш бўлмасада , у Росул Акром САВнинг улуғ саҳобийлардан бири бўлган эди . У буюк тақводорларнинг бири ҳисобланади … Барча саҳобийлар каби у ҳам Пайғамбар АС дан бирор бир ғазот ёки маросимда ажралмас эди . Ахир мўмин киши учун, на уруш ва тинчлик даврида Росулулллоҳдан ортда қолиш дуруст эмаску . Сайид Хайбар фатхидан аввал иймон келтирди. Исломнинг қучоғига кириб, Пайғамбар САВга байъат берганидан бошлаб , бутун ҳаёти , вужуди ва такдирини шу йўлга бағишлади .
Тоат , зухд , олийжаноблик , тавозуъ , тақво ва бошқа буюк фазилатларнинг барчаси , мана шу покиза ва гўзал инсонда топилар эди . Қачонки бу инсоннинг буюк жиҳатларини кўришга интилганимизда , биздан чуқур таффакур талаб этилади .
Оломон ичида кўзимиз Сайидга тушса , бошқалардан ҳеч алоҳида хусусиятларга эга эмаслигини кўрамиз . Сочлари тўзиган. На кийимида , на ташқи кўринишида, уни фақир мусулмонлардан ажратадиган сифатлари йўқлигини биламиз .
Агарда биз киймини ва ташқи кўринишига эътибор қилиб, у инсоннинг ҳақиқатини билмоқчи бўлсак , ҳеч нарсани пайқай олмаймиз . Негаки бу зотнинг буюклиги аслида унинг ташқи кўринишида эмас эди . Унинг улуғлиги оддий ва соддалиги остида яширинарди . Ҳудди чиғаноқ ўз ичига дуру-гавҳарни яшириб олганини биласизми ? У инсон худди шу каби эди .
Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб р.а. Муовияни Шом вилояти ҳокимлигидан озод этгач , унинг ўрнига кимни тайин қилишни ҳаёл қилиб , ён-атрофига назар ташлади . Умар р.а нинг ҳоким ва волий тайинлаш услуби , ғоятда чуқур эҳтиётликни ва дақиқликни ўзида мужассамлантирарди . Сабаби узоқ вилоятдаги у тайин этган ҳоким бирор-бир хато ёки гуноҳ қилса , тез кунда Аллоҳ Таъло бу хусусда икки кишидан , яъни энг аввало Умар р.а дан, сўнгра хато эгаси бўлган волийдан сўрашига иймон келтирган эди . Шом ўша кунларда энг ката шаҳарлардан бири бўлиб , Ислом келмасидан илгари асрлар давомида бир-бирига мос келадиган турли маданиятлар ичида яшаган эди . Шу билан биргаликда Шом тижорат маркази ва неъматлар диёри ҳам бўлганди . Шунинг учун бу диёрда инсон дунёга мухаббат қўйиб , тезда мафтун бўлиши мумкин эди . Умарнинг фикрича бу диёрга шайтоний хирс ва ҳою-ҳавасдан ўзини олиб қочадиган зоҳид , Аллоҳга кўп ибодат қилувчи ва кўп тавба айтувчи покиза инсонгина раҳбарлик қилишга ҳақли эди

(davomi bor)


Ҳамду сано бутун оламлар ҳожаси Аллоҳ учундир.

Message edited by Abdulloh - Seshanba, 27-May-2008, 18:17
 
AbdullohDate: Yakshanba, 01-Iyun-2008, 12:49 | Message # 27
Yahshi tajribali
Group: Ishonchli
Messages: 88
Status:
Умар анчагина фикрлаб , ҳаёл сургач, бирдан :
“Топдим .. Менинг олдимга Сайид ибн Омирни чорланг ” - деб қичқириб юборди . Бироздан сўнг мўминлар амирининг ҳузурига Сайид ибн Омир етиб келгач ,Умар р.а унга Химс шаҳрининг ҳокимлигини топширмоқчи эканлигини билдирди . Бироқ Сайид узр сўраб деди :
“ Йа амирал мўминин , мени фитнага солмагин ”
Умар деди :
“Аллоҳга қасам, сени тинч қўймайман . Халифаликни ва бутун масъулятни мени зиммамга юклаб , ўзларинг четга қочяпсизларми ? ”

Умар р.а нинг бу таъсирчан сўзларини эшитган заҳотиёқ , Сайид рози бўлди .Албатта чиндан ҳам халифалик ва омонатларни Умарнинг устига юклаб, сўнгра ёлғиз ўзини ташлаб қўйиш адолатдан эмасди. Агар ҳокимлик масъулиятидан Сайид ибн Омир каби инсонлар бош тортсалар Умар р.а. бундай қийин ишларни кимнинг ёрдамида ҳал эта олади?.
Шундай қилиб Сайид “Химс” шаҳри томон йўл олди. У билан бирга эндигина уйланган жуфти ҳалоли ҳам йўлга чиқди. Унинг аёли ниҳоят даражада гўзал эди. Умар р.а. уларга бир қанча мол-мулк ва зеб-зийнатни ҳадя этди. Сайид билан аҳли аёли Химсга келиб ўрнашиб олгач, аёли Умар р.а. уларнинг икковларига ҳадя қилган мол-мулкдан ўз улушини талаб қила бошлади. Бу пулларга у кийим-бош, асбоб-анжом ва уй жиҳозларини сотиб олиб, қолган маблағларни эса сақлаб қўйишини билдирди.Сайид аёлига деди: “Сенга бундан ҳам яхшироқ нарсани айтайми?…Биз тижорати фойда келтирадиган, бозорлари гавжум шаҳарда яшаяпмиз. Кел, мана бу мол-мулкни биз учун тижорат қилиб, уни кўпайтириб берадиган инсонларга берайлик.”
Аёли деди: “Борди-ю унинг тижорати касодга учраса-чи?”
Сайид: “Биз ундан кафолат талаб қиламиз”-деди.
Аёли хурсанд бўлиб деди: “Ундай бўлса.жуда соз”.
Сайид кўчага чиқиб, ўзининг фақир ҳаёти учун лозим бўлган баъзи заруратларни сотиб олгач, қолган маблағ ва мол-мулкни фақир ва муҳтожларга тарқатиб юборди. Орадан бир қанча кунлар ўтди…Вақти-вақти билан Сайиднинг аёли эридан тижоратлари хусусида ва фойдалари қай даражага етганлиги ҳақида сўраб турарди.
Сайид эса унга жавобан: “Дархақиқат бу фойдали тижорат экан. Ундан келаётган фойда кун-сайин ўсиб, кўпайиб бормоқда” - дер эди.
Бир куни аёли мана шу саволни бу воқеадан хабардор, ўзлари учун яқин бўлган кишининг ёнида сўради. Ҳалиги киши аввалига табассум қилиб, сўнгра Сайиднинг аёлини қалбига шак ва гумон солувчи қаттиқ кулги билан кулиб юборди. Буни кўрган аёл бояги кишидан нима бўлаётганини тушунтириб беришини талаб қилди. У киши Сайиднинг аёлига: ”Турмуш ўртоғинг барча молларни ўша куниёқ садақа қилиб юборган” - деди.
Бирдан Сайиднинг завжаси йиғлаб юборди. У ўша молдан фойдаланмай, ўзи ҳоҳлаган нарсани сотиб олмасдан ва ҳамда мол-давлатдан бирор чақа ҳам олиб қолмаганидан қаттиқ афсус чека бошлади. Сайид унга назар солса, афсус чекиб кўзидан оқаётган кўз ёшлари унинг ҳусни-жамолини янада зиёда қилганди. Нафсида заифликни топиб, фитналаниб қолмасдан илгари ҳаёлини жаннат тарафга буриб, у ерда ўзидан илгари ўтган биродарларини кўриб деди:
«Дарҳақиқат, Аллоҳга мендан илгари етишган дўстларим бор...Гарчи қўлимда дунё ва ундаги тамомий нарсалар бўлсада. Улар тутган йўлдан қилча ҳам четга чиқишни суймайман...!!!
Сайид аҳли аёли ўзининг гўзаллигини унга рўкач қилмоқчилигини пайқаб, яна деди:
«Албатта, сен билсан-ки, жаннатда ҳуру-айн ва гўзал яхшиликлар бор. Бордию ўша ҳурларнинг бири ер юзида пайдо бўлиб қолса, бутун ер юзи нурга тўлиб кетарди. Уларнинг нури қуёш ва ойнинг биргаликда бўлган нуридан ҳам устунроқдир... Менга улар туфайли сендан воз кечиш, сен туфайли улардан воз кечишдан кўра яхшироқдир».
Сайид сўзининг охирини жилмайиб, хотиржам ва бошлагани каби секингина тугатди. Аҳли аёли тинчланиб, Сайид тутган йўлдан юриб зуҳди ва тақвода унга тақлид қилишдан афзалроқ йўл йўқлигини тушуниб етди.


Ҳамду сано бутун оламлар ҳожаси Аллоҳ учундир.
 
AbdullohDate: Yakshanba, 01-Iyun-2008, 12:51 | Message # 28
Yahshi tajribali
Group: Ishonchli
Messages: 88
Status:
№3. Ўша кунларда Химс шаҳри “Иккинчи Кўфа “ деб васф қилинарди. Бунинг сабаби, у ернинг аҳолиси ҳокимларидан норози бўлиб, улар билан жуда кўп ихтилоф қилишларида эди. Кўфа Ироқдаги энг кўп норозиликларнинг макони бўлса, Шомда Химс шаҳри ҳам унга ўхшаш эди.Юқорида айтганимиз Химс аҳли норозиликларга муҳаббат беришганига қарамай, Аллоҳ Таоло уларнинг қалбларини ўзининг солиҳ бандаси Сайид ибн Омир тарафига буриб қўйди. Натижада улар Сайидни севиб унга итоат қила бошладилар. Бир куни Умар р.а. Сайиддан сўради: «Шом аҳли сени суйяптими?»
Сайид шундай жавоб қилди: “Ха. Чунки мен уларга кўмакдош ва ҳамдардман”
Аммо Химс аҳлининг Сайидга нисбатан бўлган муҳаббати ҳар қанча бўлмасин, у баъзи норозилик ва шикоятлардан қутила олмади...Ҳеч бўлмаганда Химс аҳли Ироқнинг Кўфа шаҳрига муносиб «рақиб» эканлигини исбот қилиши керакку?
Бир куни мўъминлар амири Умар р.а. Химсни зиёрат қилиш учун келди. Одамларни тўплаб, улардан сўради:
«Ҳокимингиз Сайид ҳақида нима дея оласиз!?»
Баъзи одамлар туриб ундан шикоят қила бошладилар. Умар р.а. шикоят қилаётганлардан Сайиднинг камчиликларини бирма-бир санаб беришларини талаб қилди. Бир киши ўрнидан туриб, бутун жамоат номидан сўзлай бошлади.У:
”Биз Сайиддан уч нарса хусусида шикоят қиламиз:
Биринчидан, у то чошгоҳгача ҳузуримизга чиқмайди.
Иккинчидан, у бирор кишига тунда жавоб бермайди.
Учинчидан,бир ойда икки кун бизнинг ёнимизга чиқмайди ва биз уни кўрмаймиз.
Тўртинчидан, унинг учун бунда ҳеч қандай ҳийла бўлмаса-да, бироқ бизга ноқулайликларни пайдо қилади. Бу ҳол унинг вақти-вақти билан йиқилиб ҳушидан кетишидир” - деб жойига ўтирди.
Умар р.а. узоқ муддат сукут сақлаб, сўнгра Аллоҳга пичирлаб дуо қила кетди.:
“Аллоҳим мен уни сенинг энг яхши бандаларингдан деб биламан…Эй Аллоҳим менинг у ҳақидаги гумонимни ўзгартирмагин.”
Умар р.а. ўзини оқлаш учун Сайидга сўз берди. Сайид эса бу шикоятларга жавобан деди:
”То чошгоҳгача бизнинг ҳузуримизга чиқмайди “ - деган сўзларига келсак. Аллоҳга қасамки, унинг сабабини айтишни хуш кўрмасам-да айтишга мажбурман. Менинг аҳли аёлимни хизматчиси йўқ, шунинг учун мен ўзим хамир қориб, сўнгра уни ошириб, нон пиширгач, Зуҳо намозига таҳорат олиб, кейин уларнинг қошига чиқаман”.
Умарнинг юзи чарақлаб кетиб, деди:
“Алҳамдулиллаҳ...иккинчисичи?”
Сайид сўзини давом эттирди:
“Тунда биронтанмизга жавоб бермайди” - деган сўзларига келсак,бунинг сабабини айтишни хуш кўрмасамда , айтишга мажбурман. Мен кундузни улар учун, тунни эса роббим учун ажратганман”.
“Бир ойда икки кун бизнинг қошимизга чиқмайди” - деган сўзларига келсак, менинг кийимимни ювадиган ходимим ҳам, алмаштириб кийишим учун бошқа кийимим ҳам йўқ. Бас, мен ўзим кийимимни ювиб, то қуригунча кутаман. Сўнгра куннинг охирида уларнинг ҳузурига чиқаман.”
“Вақти-вақти билан ҳушимдан кетиб йиқилиб қолишимга келсак, Хубайб ал Ансорийнинг Маккада қандай ўлим топаётганлигининг гувоҳи бўлган эдим. Қурайш мушриклари уни хурмо шохларига боғлагач, танасини бирма-бир кесиб дедилар :
”Муҳаммад сенинг ўрнингда бўлиб, сен эса соғ-омон бўлишни истармидинг?”

У мушрикларга жавобан: “Аллоҳга қасам, дунёнинг офияти ва неъматлари мен билан бўлиб ,ўзим аҳлим ва фарзандларим орасида соғ-омон бўла туриб, Росулуллоҳ САВ бир тикан билан азобланишларини ҳам ҳоҳламайман” – деди.
Ҳар қачон мана шу ўзим гувоҳи бўлган воқеани эсласам, мен ҳам мушриклардан бўла туриб, Ҳубайбга ўша кунда ёрдам бермаганим туфайли, ичимдан азобланиб, мени титроқ босади ва ҳушимдан кетиб қоламан”
Покиза кўз ёшлари билан лаблари ҳўлланган ҳолда Сайид сўзини ниҳоясига етказди. Умар р.а. хурсандлик ва шодликнинг зиёдалигидан ўзини бошқара олмай қичқириб юборди:
«Сайид ҳақидаги гумонимни ўзгартирмаган Аллоҳ Таълога ҳамду-санолар бўлсин»!!! Сўнгра Умар Сайидни маҳкам қучоқлаб, нурли пешонасидан ўпиб қўйди.


Ҳамду сано бутун оламлар ҳожаси Аллоҳ учундир.
 
AbdullohDate: Yakshanba, 01-Iyun-2008, 12:53 | Message # 29
Yahshi tajribali
Group: Ishonchli
Messages: 88
Status:
Бу инсонлар Аллоҳнинг ҳидоятидан қандай ҳам улкан улуш ола билишган?
Росулуллоҳ САВ қандай ҳам улуғ мураббий ва устоз эканлар?
Аллоҳнинг китоби қандай порлоқ нур экан?
Ислом дини қандай буюк мадраса экан?
Замин бу каби инсонларнинг жуда ҳам кўпчилигини ўз бағрида кўтариб юришга қодирми? Агарда шундай бўлганида бу ер юзи эмас, балки Фирдавс жаннатига айланиб қолган бўлар эди... Ҳа, ваъда қилинган жаннатга айланиб қолган бўларди. Бироқ Фирдавснинг вақти ҳали етиб келмаган. Бу ҳаётга келиб, ер юзида яшаб ўтадиган улуғ ва буюк инсонлар доимо озчиликни ташкил қиладилар. Саид ибн Омир эса ўша инсонлар сирасидандир. Амалининг ва вазифасининг юксаклигига кўра, унинг маоши жуда кўп эди. Лекин у мана шу маблағлардан ўзи ва аҳлига кифоя қиладиган миқдорини олиб, қолганини фақир хонадонларга тарқатарди. Бир куни унга :
“Мана бу ортиқча маблағни олиб аҳлинг ва яқинларингга сарф қил”- дейилди. У эса :
”Нима учун аҳлим ва яқинларимга? Йўқ , Аллоҳга қасам, мен Аллоҳнинг розилигини қариндошларим орқали сотиб олгувчи эмасман” - деб жавоб берди.
Кўпинча унга:
“Ўзинг ва аҳли оилангга кўпроқ ҳаражат қилиб, ҳаётнинг яхшиликларидан фойдалангин” - дейилса, у рад жавобини бериб, доим мана бу буюк калималарни қайтарар эди:
“Мен сира ҳам Исломга аввалда кирган инсонлардан ортда қолмайман, чунки Росулуллоҳ САВ дан :
”Аллоҳ Таъло инсонларни ҳисоб-китоб учун тўплайди. Фақир мўминлар худди каптардек тез учиб келадилар. Уларга: ”Ҳисоб-китоб учун тўхтанглар”- дейилса, улар: ”Бизларда ҳеч нарса йўқки унга кўра ҳисоб қилинсак” –дейишади... Аллоҳ таъло айтади: ”Бандаларим рост сўзладилар” .Бас улар барча инсонлардан аввал жаннатга кирадилар” - деганларини эшитганман».
Сайид ибн Омир йигирманчи хижрий санада саҳифаларини поклаган, қалбини тақвога тўлдирган ва сийратини гуллаб-яшнатган ҳолда роббисига йўлиқди. Аввалги пешқадам мусулмонлар гуруҳига етишиш учун унинг шавқи ниҳоятда чексиз эди. Ўз аҳдини ҳимоя қилиб, уларга етишишлик учун ҳаётини назр қилди.
Ҳа...Унинг устози ва мураббийси бўлмиш Росулуллоҳ САВ га ва у зотнинг пок дўстларига етишишга бўлган шавқи чексиз эди.
Бугунги кунда юки енгил, нафси хотиржам, кўзлари қувонган ҳолда уларга йўлиқиб турибди. На у билан бирга, ва на унинг ортида дунё юк ва матолари йўқки, унинг елкасини оғир қилса. Фақатгина у билан зуҳди-тақвоси, нафсининг ва танлаган йўлининг буюклиги бор эди холос.

Гўзал фазилатлар мезонни оғир қилади, охират юкини эмас!!!
Дунёни ғурур эмас, балки Сайид ибн Омирнинг мана шу фазилатлари титратди.
Сайид ибн Омирга саломлар бўлсин.
Унга ҳаёти ва охиратида саломлар бўлсин.
Унинг сийрати ва хотираларига саломлар бўлсин.
Росулуллоҳ САВ асҳоблари бўлмиш улуғ инсонларга саломлар бўлсин.


Ҳамду сано бутун оламлар ҳожаси Аллоҳ учундир.
 
AbubakrDate: Yakshanba, 01-Iyun-2008, 20:37 | Message # 30
Sayt yordamchisi
Group: Ishonchli
Messages: 90
Status:
Мехрибон ва Раҳмли Аллох номи билан (бошлайман)

МУАЗ ИБН ЖАБАЛ
«Умматимда халол ва харомни яхши билувчироқ Муаз ибн Жабалдир» (Мухаммад (саллаллоху алайхи ва саллам)дан)

Жазирама араб ўлкасида хақ хидоят нури хаммаёққа ёйилганида, Ясриблик бола Муаз ибн Жабал (родияллоху анху) ўзининг ёшлик чоғларини бу порловчи йўлга бағишлади. Ўзининг тенгдошлари орасида у ўткир зехин ва кучли сўз омонлиги, фикрини ёрқинлиги билан ажралиб турарди. Унинг устига келишган, қора кўзли, жингалак соч ва қирра юзли, ёқимтой бола эди.
Муаз ибн Жабал (родияллоху анху) ёшлик чоғлариданоқ исломни Маккалик Мусъаб ибн Умайр (родияллоху анху)нинг даъватини эшитиб, унинг қўлида исломни қабул қилдилар. Ақаба кечаларида у ўзининг қўли билан Расулуллох (саллаллоху алайхи ва саллам)нинг қўлларини ушлаб исломга содиқлигига байъат берди.. ..
Муаз (родияллоху анху) етмиш икки кишининг бирларидир, қайси-ки Маккага бориб Расулуллох (саллаллоху алайхи ва саллам) билан кўришиб байъат берганлардан, бу тарих сахифаларида битилиб қолган ёрқин битиклардир..
.


Assalomu alaykum birodarlar
 
Search:
This site uses cookies for better user experience. By continuing to browse the site you agree to the Cookie Policy.
UzigaBek online