|
Hadislar (22 hadis)
|
|
| Rider | Date: Seshanba, 09/09/22, 6:16:25 AM | Message # 1 |
 Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status: 
|
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Расулаллоҳ с.а.в. га саловоту, саломлар билан сиз азизларга 40-ҳадис лойиҳасини тақдим этамиз. Ҳадислар ва уларга келтирилган шарҳлар Имом Ан-Нававий раҳимаҳуллоҳнинг 40-ҳадис китобларидан олинган.
Аллоҳ бошлаган ишимизни енгил қилсин, барчамизга мана шу ҳадислар асосида, Расулаллоҳ с.а.в. суннатларига амал қилган ҳолда умр ўтказишни насиб қилсин.
|
| |
|
|
| Rider | Date: Seshanba, 09/09/22, 6:37:03 AM | Message # 2 |
 Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status: 
| * o Атрофдаги қабилаларга, уларнинг вакиллари Расулуллоҳ с.а.в.дан диннинг асосларини ўрганиб қайтгунларича, динни ўргатиш ниятида қилинган ҳижрат. o Маккаликлардан Пайғамбаримиз с.а.в. олдиларига келиб, мусулмон бўлгандан кейин ўз қавмларига қайтган кишиларнинг ҳижрати. o Бир мусулмоннинг ҳеч бир шаръий сабабсиз мусулмон биродари билан гаплашмаслиги макруҳ, заруратсиз уч кундан ортиқ алоқани узиши эса ҳаромдир. Ҳикоя қилинишича, бир киши биродари билан уч кундан ортиқ вақт гаплашмади ва унга қуйидаги мазмунда хат юборди: “Биродар! Сенда менга нисбатан зулм бўладиган бир нарса бор. Бу ҳақда Ибн Абу Ҳайсамадан насиҳат ол. Чунки у бобоси Заҳҳок, у киши Икрима воситасида ривоят қиладики, “Ибн Аббос (р.а.) Пайғамбаримиз с.а.в.нинг: “Ҳақиқий дўстнинг ўз дўстларидан уч кундан ортиқ алоқа узиши Аллоҳ томонидан ҳаром қилинган” деганларини нақл қилган” (Имом Муслим ва Аҳмад ривоятлари). o Эркак кишининг хотини унга осийлик қилганида уни тарк қилиши. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “… уларни ётоқларида тарк этингиз” (Нисо, 34). Бир жойда гуноҳларга ботган кишининг гаплашмасдан ва саломлашмасдан тарк қилиниши ҳам эрнинг хотинини тарк қилиши кабидир. o Аллоҳ таоло қайтарган ҳижратлардан тийилиш. Бу ҳижратнинг умумий маъносидир.
Ривоят қилинишича, бир киши Маккадан Мадинага ҳижратнинг фазилатини (савобини) истаб эмас, балки Умму Қайс исмли бир аёлга уйланиш учун ҳижрат қилди. Кейинроқ унга Умму Қайснинг муҳожири деган ном берилди.
“Аҳир никоҳ ҳам ислом истаган амаллардан биридир, нега дунёвий баҳо берилаяпти?” деб сўралса, шундай жавоб берамиз: У киши зоҳирда ҳижрат ғояси билан чиққанди. Ичида изҳор этганига хилоф равишда ният қилгач, қораланишга мустаҳиқ бўлди. Айни шаклда ташқи кўринишидан ҳаж учун, ҳақиқатда эса, тижорат учун кетган кишининг ёки зоҳиран илм талабида чиқиб, ҳақиқатда эса раислик ёки бошқарувни, мансабни қўлга киритиш ниятида ҳаракат қилган кишининг ҳукми ҳам шундайдир.
Ҳадис зоҳирда ҳаж учун, ҳақиқатда эса ҳам тижорат, ҳам зиёрат учун ҳажга кетган кишининг савоб олмаслигини тақозо қилади. Шу ҳолда ҳадисни, “У кишини ҳажга боришга ундаган нарса фақатгина тижорат бўлса, савоб олмайди” шаклида тушуниш (изоҳлаш) тўғри бўлади. Агар унинг боишига сабаб ҳаж бўлса, тижорат эса унга тобеъ бўлса, унга бўлган эътибори нисбатида савоби камаяди. Агар ҳам ҳаж, ҳам тижорат ғояси билан борса, савоб олиш эҳтимоли бор. Чунки унинг ҳижрати фақат дунё учун эмас. Бунинг тескариси ҳам ҳудди шундай. Чунки оҳират амали бўлган ҳажни дунё амали билан алмаштиради. Бу ҳадис ҳукмни фақат ниятга боғлаган. Иккаласини ҳам ният қилган кишини, фақатгина дунёни мақсад қилган дейиш тўғри эмас. Валлоҳу аълам.
Message edited by Rider - Seshanba, 09/09/22, 6:40:44 AM |
| |
|
|
| DURDON | Date: Shanba, 13/01/12, 2:26:49 PM | Message # 3 |
 SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status: 
| Иккинчи ҳадис: Ислом, иймон, эҳсон
Умар ибн Хаттоб (р.а.) ривоят қилади: “Бир куни Расулуллоҳ с.а.в. билан ўтирган эдик. Шу пайт оппоқ кийинган, қора сочли, ҳеч қандай мусофирлик аломати бўлмаган, ҳеч биримиз танимайдиган бир киши тўғри Расулуллоҳ с.а.в. олдиларига келиб, тиззаларини у кишининг тиззаларига теккизиб ўтирди ва қўлларини тиззаларига қўйиб сўради: “Эй Муҳаммад, менга Ислом нималигини тушунтиринг”. Расулуллоҳ с.а.в. шундай жавоб қилдилар: “Ислом Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Аллоҳнинг расули эканига гувоҳлик беришинг, намозни адо этишинг, закотни беришинг, рамазон рўзасини тутишинг, имконинг етганда ҳажга боришингдир”. У одам: “Тўғри айтдингиз”, деди. Биз унинг ҳам сўраб, ҳам тасдиқлаганидан ажабландик. У киши давоб этиб:“Айтинг-чи, иймон нима?” деб сўради. Расулуллоҳ с.а.в.: “Иймон Аллоҳга ва Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, яхшилик ва ёмонлик қадардан эканлигига ишонишингдир”, дедилар. У: “Тўғри айтдингиз”, деди. Сўнг: “Айтинг-чи, эҳсон нима?” деб сўради. Расулуллоҳ с.а.в.: “Эҳсон Аллоҳ таолога (ҳудди) Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғингдир. Зеро, сен Уни кўрмасанг ҳам, у Сени муҳаққақ кўриб туради”, дедилар. Сўнгра: “Айтинг-чи, Қиёмат қачон (бўлади)?” деб сўради. Расулуллоҳ с.а.в.: “Бу тўғрида сўралаётган киши сўраётган кишидан ортиқроқ (нарсани) билмайди”, дедилар. Шунда у одам: “Ундай бўлса, қиёматнинг аломатларидан хабар беринг”, деди. Расулуллоҳ с.а.в.: “Жориялар ўз эгасини туғиши (ўз ота—оналарига хўжайин бўладиган фазандлар туғилиши), ҳамда оёқяланг чўпонлар баланд иморат солишда мусобақалашишиларини кўришингдир”, дедилар. Шундан сўнг у одам кетди. Мен бир муддат кутдим. Кейин Расулуллоҳ с.а.в.: “Эй Умар! Биласанми, савол берган киши ким эди?” дедилар. “Аллоҳ ва расули яхшироқ билади”, дедим. Расулуллоҳ с.а.в.: “У Жаброил бўлиб, сизларга динингизни ўргатиш учун келган эди”, дедилар”. Имом Бухорий, Муслим ва Ибн Можа ривоятлари.
Ҳадисда келган “Айтинг-чи, иймон нима?” деган жумладаги “иймон” сўзининг луғавий маъноси “мутлақо тасдиқ”, деганидир. Шариатда эса, бу тасдиқдан иборатдир: Аллоҳнинг борлиги ва ягоналиги, фаришталарни, китобларни, пайғамбарларни, яхши-ёмон тақдир Аллоҳдан эканини ва охират кунини тасдиқ қилишдир.
“Ислом” вожиб бўлган амрларни бажариш деганидир. Яъни, зоҳирий амалларни бажариб, бўйсуниш. Қуръони каримда Аллоҳ таоло иймон билан Исломни бир-биридан айириб кўрсатган:“Аъробийлар: “Иймон келтирдик”, дедилар. (Эй, Муҳаммад алайҳиссалом, уларга) Айтинг: “Сизлар иймон келтирганларингиз йўқ, лекин сизлар: “Бўйинсундик” денглар” (Ҳужурот, 14).
Мунофиқлар намоз ўқиб, рўза тутишарди, закот беришарди-ю, аммо қалбларида инкор қилишарди. Қачонки мўмин бўлдик, деб даъво қилганларида, Аллоҳ таоло қалбларидаги инкорни билгани учун уларнинг бу даъволарини ёлғонга чиқарди ва улар Исломга зоҳиран бўйин эгиб, Исломга киришганини тасдиқлади:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), қачон мунофиқлар сизнинг олдингизга келсалар: “Гувоҳлик берамизки, Сиз шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг Пайғамбаридирсиз”, дерлар. Аллоҳ дарҳақиқат, Сиз Ўзининг Пайғамбари эканлигингизни билур, яна Аллоҳ у мунофиқларнинг шак-шубҳасиз, ёлғончи эканликларига ҳам гувоҳлик берур” (Мунофиқун, 1).
Яъни, уларнинг қалблари қарши чиқиш билан бирга сизнинг рисолатингизни тасдиқ этишларининг асоссиз эканига гувоҳлик беради. Чунки тиллари қалбларидагига уйғун эмас. Пайғамбарликка гувоҳлик беришнинг шарти – тилнинг қалби тасдиқлаган сўзни сўзлашидир. Ёлғон даъво қилганлари учун Аллоҳ таоло уларнинг ёлғончиликларини юзага чиқарди. Мусулмончиликнинг сиҳҳат учун иймон шарт қилингани боис Аллоҳ таоло мўминлардан мусулмонларни истисно қилган.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Бас, Биз у жойдаги мўминлардан бўлмиш кишиларни чиқариб юбордик. Лекин у жойда бир хонадондан (яъни, Лут пайғамбар хонадонидан) ўзга мусулмонларни топмадик” (Ваз-зориёт, 35-36).
Бу ифода (… мусулмонларни топмадик) истиснои муттасилдир. Чунки шарт билан машрут орасида бир боғлиқлик бор. Шу сабабли Аллоҳ таоло қуйидаги ояти каримада намозни “иймон” деб атаган:“Сиз (Пайғамбар бўлишингиздан аввал) на Китобни ва на иймонни (яъни, унинг ҳақиқат – моҳиятини) билувчи эдингиз” (Шўро, 52).
|
| |
|
|
| DURDON | Date: Shanba, 13/01/12, 2:33:00 PM | Message # 4 |
 SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status: 
| “2… яхшилигу ёмонликлар билан қадарга ишонишингдир”. Аҳли ҳақ қадарнинг ҳақ эканини тасдиқлайдилар. Бунинг маъноси: Аллоҳ таоло олдиндан ҳар бир нарса учун бир қадар тайин этди ва унинг вақтини ўзи ирода қилган пайтда юз берадиган қилди. Барча ишлар Аллоҳнинг тақдирга биноан ўз ўрнида ва маълум вақтда содир бўлади.
Шуни билингки, тақдир тўрт хил бўлади:
Илмда тақдир. Шунинг учун дейилганки, инояти илоҳий қариндошларнинг ёрдамидан аввалдир, бахт туғилишдан олдиндир. Кейингилар олдингиларга таянадилар. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Ундан (яъни, Қуръондан, Пайғамбардан Аллоҳнинг исми азалийсида ҳидоят йўлидан) бурилган (ва саодатдан маҳрум қилинган) кимса бурилиб (юз ўгириб) кетур” (Ваз-зориёт, 9).
Яъни яратилмасдан олдин қадарларидан, Қуръон ва иймондан насиба олмаганлар, дунёда ҳам Қуръонни тинглашдан ва унга ишонишдан маҳрум қилинади.
Расулуллоҳ с.а.в. буни шундай ифода қиладилар: “Аллоҳ таоло фақатгина (тақдирда) ҳалок бўлганларни ҳалок қилади” (Имом Муслим, Доримий ва Аҳмад ривоятлари). Яъни, Аллоҳнинг илмида ҳалок бўлишга дохил қилинган кишилар ҳалок бўлганлардир.
Лавҳи маҳфуздаги тақдир. Бу Аллоҳ таоло ўзгартириши мумкин бўлмаган тақдирдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аллоҳ хоҳлаган нарсани (яъни, ҳукмни) ўчирур ва (Ўзи хоҳлаган ҳукмни)устивор қилур. Асл Китоб (яъни, Лавҳул-Маҳфуз) Унинг даргоҳидадир” (Раъд, 39).
Раҳим (онанинг бачадони)даги тақдир. Бу босқичда фаришта Аллоҳнинг амри билан банданинг ризқини, ажалини, яхши ёки ёмон бўлишини ёзади.
Тақдирнинг вақти келганда тақдир қилинган ҳодисанинг бўлиши. Аллоҳ яхшилик ва ёмонликни яратган ва белгилаган вақтларда банданинг бошига келишини тақдир қилинган.
Аллоҳ таолонинг яхшилик ва ёмонликни яратганига қуйидаги оятлар далилдир: “Албатта, жиноятчи-осий кимсалар гумроҳлик ва аҳмоқликдадирлар. Улар юзтубан ҳолларида дўзаҳга судраладиган Кунда (уларга): “Дўзах азобини тотиб кўринглар!” – (дейилур). Албатта, Биз ҳар бир нарсани (аниқ) ўлчов билан яратдик” (Қамар, 47-49).
Бу оят қадарийлар ҳақида тушган: “Дўзах таъсирини тотиб кўринглар!” деб уларга дўзахда айтилади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: “Мен тонг Парвардигоридан (менга) Ўзи яратган нарсаларнинг ёмонлигидан…” (Фалақ, 1-2).
Бу қисмда бандага бир лутф ва эҳсон бўлса, (ёмонлик) унга етмасдан олдин қайтарилади. Ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Садақа ва силаи раҳм ёмон ўлимни оқибатини орқага қайтариб, унинг ўрнига саодатни келтиради” (Абу Довуд, Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари). Бошқа бир ҳадисда эса: “Дуо билан бало ер билан осмон орасида курашадилар. Натижада дуо билони ерга туширмасдан орқага қайтаради”, дейилган.
Қадарни инкор этувчилар (Қадария мазҳабига эътиқод қилувчилар): “Аллоҳ таоло нарсаларни олдиндан билмайди, нарсалар бир онда вужудга келади. Аллоҳ таоло уни пайдо бўлгандан кейин билади”, деб Аллоҳ таолога нисбатан бўҳтон қилишган. Аллоҳ таоло уларнинг бу ёлғонлариданг муназзаҳ ва покдир. Аммо бу қарашлар тарафдорлар чиқмагач, унутиб юборилган. Қадария мазҳабдагиларнинг кейинги гуруҳлари яхшиликни Аллоҳдан, ёмонликни бошқадан, деб даъво қилигарди. Аллоҳ таоло уларнинг бу сўзларидан ҳам муназзаҳдир.
|
| |
|
|
| DURDON | Date: Shanba, 13/01/12, 3:04:31 PM | Message # 5 |
 SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status: 
| “Қўрқув билан қилинган ибодат фазилатлими ёки умид билан қилинган ибодатми?” деган саволга Имом Ғаззолий шундай жавоб берганлар: “Умид билан қилинган ибодат фазилатлидир. Чунки умид севгини пайдо қилади, қўрқув эса умидсизликка сабаб бўлади”. Биз ажратган бу уч гуруҳ ихлосли кишиларга алоқадордир. Шуни яхши билиш лозимки, ихлосга баъзан манманлик тўсиқ бўлиши мумкин. Кимки қилган амаллари билан ғурурланса, унинг амаллари қабул қилинмайди. Худди шундай ўзини буюк инсон, деб билган кишининг ҳам амали қабул бўлмайди.
Иккинчи гуруҳдаги кишилар дунё ва охиратнинг ҳар иккисини қозониш ниятида амал қилади. Баъзи олимлар бу ниятда амал қилган кишиларнинг амаллари қабул бўлмаслигини айтишган. Бу қарашларга қуйидаги қудсий ҳадисни далил қилиб келтиришган: “Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Мен Ўзимга шерик қўшишларига асло рози эмасман. Кимки бирор амал қилса-ю, унда Мендан бошқасини шерик қилса, ундай амалдан (ёки кишидан) узоқдирман” (Ибн Можа ва Аҳмад ривоятлари).
Ҳорис Муҳосибий “Китоби ур-Риоя ли ҳуқуқуллоҳ” асарида бу фикрни ҳимоя қилган ва жумладан шундай деган: “Ихлос фақатгина Аллоҳга итоат қилишни қасд қилишдир. Бошқа нарсани мақсад қилиш ихлос бўла олмайди. Риё икки ҳил бўлади: инсон итоат қилиш билан фақат одамларнинг эътиборини қозонишни истайди; итоат қилиш билан ҳам инсонларнинг, ҳам Аллоҳнинг розилигини қозонишни истайди. Ҳар иккисининг ҳам амаллари қабул бўлмайди”.
Ҳофиз Абу Нуайм ал-Исфаҳоний “Ҳидоятул авлиё” номли асарида ўзидан олдинги олимлар шундай фикрда бўлганларини таъкидлайди. Улар ўз қарашларига Қуръони каримнинг Ҳашр сураси 23-оятини далил қилишган:
“У – Аллоҳ, шундай Зотдирки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У (Ёлғиз) Подшоҳдир, (барча айб-нуқсондан) покдир-саломатдир, (Ўзи хоҳлаган бандаларини дунё-бало-офатлари ва охират азобидан) омон қилгувчидир, (бандаларнинг амалларини) кўриб-кузатиб тургувчидир, қудрат соҳибидир, бўйсиндиргувчидир. (Танҳо) Кибр эгасидир. Аллоҳ уларнинг(мушрикларнинг) ширкларидан покдир”.
Аллоҳ таоло хотиндан, боладан ва ҳар қандай шерикдан қандай муназзаҳ бўлса, Узидан бошқани шерик қилинган амални қабул қилишдан ҳам шундай муназзаҳдир. Аллоҳ таоло қадри юксак ва буюкликда шериги йўқ Зот.
Самарқандий шундай дейди: “Инсоннинг Аллоҳ учун қилган амаллари қабул қилинади. Инсонлар учун қилган амаллари эса рад этилади. Масалан, бир киши пешин намозини Аллоҳнинг фарз қилган амрини адо қилиш масадида ўқийди. Намозини одамлар орасида таъдили арконга риоя қилиб, рукуъ ва саждаларини узайтириб ўқиса, асли эътибори билан намози қабул бўлади. Аммо намозни инсонлар кўрсин учун гўзал ва узайтириб ўқиганлиги боис қабул қилинмайди”.
Иззуддин ибн Абдусаломдан инсонлар ёқтириб тақдир этсинлар, дея намозини узайтириб ва чиройли қилиб ўқиган кишилар ҳақида қандай фикрда эканлиги ҳақида сўралганда, у жавобан шундай деганди: “Бу ниятда амал қилган кишининг амали қабул бўлмаслигини истайман”.
Бу изоҳлар амалнинг васфида ширк бўлган тақдирдагина ўринлидир. Агар ширк амалнинг аслида бўлса, яъни фарз бўлган намозни ҳам Аллоҳ учун ҳамда инсонлар учун ўқиса, амалнинг аслида ширк бўлгани туфайли намози қабул қилинмайди. Риё амални тарк қилиш билан ҳам бўлади. Фузайл ибн Иёз шундай дейди: “Инсонларни деб бир амални тарк қилиш ҳам риёдир. Одамлар кўрсин, деб амал қилиш эса ширкдир. Ихлос эса Аллоҳнинг сени ҳар иккисидан ҳам муҳофаза қилиши билан бўлади”. Фузайлининг бу сўзларидан шундай маъно келиб чиқади: “Кимки бирор бир амални қилишга ният қилса-ю, одамлар кўрмасин, деб уни тарк қилса, у одам риёкордир. Чунки амални одамлар сабабли тарк қилди. Ҳеч ким йўқ жойда адо этиш мақсадида ибодатни бир оз кечиктирса, бу мустаҳаб бўлади. Қилинадиган ибодат фарз намози ёки закот бўлса, ёки у одам ҳалқ эргашиши керак бўлган бир олим бўлса, бу вазиятда амалини ошкора қилиши фазилатлироқдир”.
Сумъа ҳам худди риё каби амалларнинг қабул бўлмаслигига сабаб бўлади. Сумъа киши ёлғизлигида Аллоҳ учун ибодат қилиб, кейин қилган ибодатини одамларга гапириб беришдир.
Пайғамбаримиз с.а.в. шундай марҳамат қиладилар: “Кимки (қилган) амалини бошқаларга билдирса (эшиттирса), Қиёмат куни Аллоҳ таоло (унинг бу ҳолини маҳшар аҳлига) эшиттиради. Кимки риё учун бир иш қилса, Аллоҳ таоло унинг асл мақсадини юзага чиқаради” (Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривоятлари).
Мирзабоний (р.а.) шундай дейди: “Намозхоннинг намози қабул бўлишида тўртта хислат лозим: қалб ҳузури, ақл саломати, шартларнинг тамоман бажарилиши ва барча аъзоларнинг хушуъда бўлиши. Қалб ҳузурисиз намоз ўқиган киши ибодатдан ғофил кишидир. Ҳамма аъзолари хушуъ ичида бўлмаган ҳолда намоз ўқиган киши намозини хато ўқиган бўлади. Ана шу шартларга амал қилган ҳолда намоз ўқиган киши намознинг барча арконларини бажарган бўлади”.
|
| |
|
|
| DURDON | Date: Shanba, 13/01/12, 3:05:50 PM | Message # 6 |
 SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status: 
| “Албатта амаллар ниятга боғлиқдир”. Пайғамбаримиз с.а.в. бу сўзлари билан савобга васила бўлган амалларни қасд қилганлар. Мубоҳ бўлган амалларни қасд қилмаганлар.
Ҳорис Муҳосибий шундай дейди: “Ихлоснинг мубоҳ ишлар билан алоқаси йўқ. Чунки мубоҳ ишларда Аллоҳга яқинлик қасд қилинмагани учун, Аллоҳга қурбат ҳосил бўлмайди. Ҳеч бир мақсадни кўзламасдан, фақат уй қуриш ғояси билан уй қуришга ўхшаш. Аммо масжид ёки кўприк қуриш ғояси билан бўлса, мустаҳаб бўлади”. Ҳаром ёки макруҳ ишда ҳам иҳлос бўлмайди. Қараш ҳалол бўлмаган нарсаларга қараб, Аллоҳ яратган нарсалар ҳақида тафаккур қиляпман, деб даъво қиладиган одамнинг ҳолати ҳам шундай. Худди соқол-муйлаби чиқмаган ўғлига ибрат назари билан қарашга ўхшаш. Бунда ҳеч қандай ихлос бўлмаганидек, Аллоҳга яқинлашиш ҳам йўқ. Сидқ эса банданинг зоҳирий ва ботиний қийматига қараб англашилади. Сидқ барча мақом ва ҳоллар босиб ўтилгач, майдонга келади. Чунки ихлоснинг моҳияти амални Аллоҳ учун қилишидадир. Баъзан инсон ўқийдиган намози билан Аллоҳга йўналишни мақсад қилади, аммо намозида қалб ҳузури бўлмайди. Сидқ ана шу ибодатда қалбнинг бутунлай Аллоҳга йўналишидир. Шу ҳолда ҳар бир содиқ киши ихлослидир. Аммо ҳар бир ихлосли киши содиқ бўлмаслиги мумкин. Аллоҳ билан маънавий боғланиш ёки боғланмасликнинг маъноси ҳам шунда. Инсон содиқ бўлгач, Аллоҳдан бошқалардан маънавий боғларини узиб, фақат Аллоҳга боғланган бўлади. Аллоҳдан бошқалардан узоқ бўлиш ва Аллоҳнинг ҳузурида туриш завқи билан тўлиб-тошиш шу тариқа юзага келади.
Пайғамбаримиз с.а.в.нинг “Амаллар…” сўзларидан мақсадлари амалларнинг саҳиҳлиги ё амалларнинг қабул шарти ёки амалларнинг мукаммаллиги бўлиши мумкин. Абу Ҳанифа (р.а.) сўнгги маънони афзал кўрганлар. Ҳадисда келган амаллардан баъзи суннат амаллари, нажосатнинг тозаланиши, тортиб олинган қарз ёки қарз олинган нарсаларнинг, молларнинг қайтарилиши, ҳадя берилиши каби ишлар истисно қилинади. Чунки буларнинг сиҳҳати ниятнинг тўғрнотўғрилигига боғлиқ эмас. Фақат бу ишларда савоб олиш учун Аллоҳга яқинлашиш мақсад қилинади.
Бир киши молига ем бераётганда, Аллоҳнинг амрини бажаришни ўйлаб емни берса, савоб қозонади. Агар молини сақлаш учун берса, савоб олмайди. Жангчи отини Аллоҳ йўлида боғласа ва сув берса, унга сув бераётганда фақат чанқоғини қолдириш учун сув берса ҳам савоб олаверади. Бу ҳақда Бухорийнинг саҳиҳида ишора бор. Шунга ўхшаш аёллар уйда ётаётганда эшикни ёпиб, чироқни ўчираркан, бу ишларни Аллоҳнинг амрини бажариш ниятида қилса, савоб қозонади. Бошқа ниятларда қилса, савобга эга бўлмайди.
Ниятнинг луғавий маъноси йўналиш, юзланиш демакдир. Араблар бу феълни қўллаётганда: “Аллоҳ сени хайрга бошласин”, дейишади. Шариатда эса феъли (амали) билан бирор нарсага йўналишдир. Бир нарсага йўналса-ю, аммо амал бўлмаса, бу “азм” (арабча) дейилади. Амаллардаги ният ибодат билан одатни ёки ҳақиқий ибодат билан ибодат бўлмаган амални фарқлаш учун шарт қилинган. Биринчи ҳолатнинг (ибодат билан одатни ажратишнинг) мисоли масжидда ўтирган кишининг ҳолидир. Масжидда одатий дам олиш учун, баъзан эса эътикоф ниятида ибодат қилиш учун ўтирилади. Бу ерда ибодат билан одатни фарқлайдиган нарса ниятдир. Ғуслда ҳам одатда тозалик ният қилинади. Баъзан эса ибодат ният қилинади. Иккисини фарқлайдиган биргина восита бу –ниятдир. Пайғамбаримиз с.а.в.дан: “Риё учун, молини қўриқлаш учун, қаҳрамонлик кўрсатиш учун жанг қилган кишининг қайси бири Аллоҳ йўлида жанг қилган кишидир?” деб сўралганда, Расулуллоҳ с.а.в. шундай жавоб қилгандилар: “Кимки Аллоҳнинг номи энг олий, устун бўлиши учун курашса, ана ўша Аллоҳ йўлидаги кишидир” (Имом Муслим, Ибн Можа ва Аҳмад ривоятлари).
Иккинчи ҳолатнинг, яъни ибодатнинг тўғрисини фарқлашда ниятнинг восита бўлиши қуйидагича бўлади: Масалан, бир киши тўрт ракат намоз ўқиди. Бу намоз пешин намозининг фарзи ёки суннати эканини фақат ниятга қараб биламиз. Худди шунингдек киши қул озод қиларкан, каффорат учун озод қилдими, назр учунми ёки бошқа сабаблар билан озод қилдими, буни фақат ниятга қараб фарқлаймиз.
“Ким нимани ният қилса, ўшанга эришади”. Пайғамбаримиз с.а.в.нинг сўзлари ибодатларда бир киши бошқасининг ўрнидан ибодат қилиши ёки ният қилиши учун вакил қолдириши жоиз эмаслигига далилдир. Фақат бундан закот молининг ажратилиши ва қурбон сўйилиши истисно қилинган. Бу икки амалда киши кучи етган миқдорда қурбонлик сўйиш ёки закот молини ажратишда ният билан бошқасига ваколат бериши жоиздир. Ҳаж ва қарзни адо қилишда кучи етган ҳолатда вакил тайинлаши жоиз эмасдир.
“Кимки Аллоҳ ва Унинг Расули учун ҳижрат қилса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расулига бўлади. Кимки мол-дунёга эришиш ёки бир аёлга уйланиш ниятида ҳижрат қилса, у кишининг нияти ният қилган нарсаси учун бўлади”.
|
| |
|
|
| DURDON | Date: Shanba, 13/01/12, 3:07:15 PM | Message # 7 |
 SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status: 
| Ҳижрат турли сабаблар билан амалга оширилган:
Биринчиси – мушриклар Расулуллоҳ с.а.в.га азият етказганларида саҳобаларнинг Маккадан Ҳабашистонга қилган ҳижрати. Мусулмонлар Макка мушрикларининг зулмидан қочиб, Нажоший юртига боришган. Бу воқеа Байҳақийнинг айтишича, рисолатдан беш йил ўтгач содир бўлган.
Иккинчиси – Маккадан Мадинага қилинган ҳижрат. Бу ҳодиса рисолатнинг ўнинчи йилида юз берган. Ўша пайтда Маккадаги ҳар бир мусулмон Мадинага – Расулуллоҳ с.а.в. олдиларига ҳижрат қилиши лозим эди. Баъзи олимлар фақат Маккадан Мадинага ҳижрат қилиш вожиб бўлганини айтишган. Чунки Мадинанинг Маккага нисбатан ҳеч бир афзаллиги йўқ. Вожиб бўлган нарса – Расулуллоҳ с.а.в. бўлган жойга ҳижрат қилишдир.
Инсоннинг бир жойдан бошқа жойга ўзи хоҳлаб кетиши ўн турли бўлади:
* o Дунёвий бир истак туфайли. o Диний истак туфайли кўчиш: Диний мақсад билан бўладиган сафарнинг ўзи саккиз ҳилдир:
1. Ибрат учун сафар қилиш. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Ахир улар ер юзида сайр этиши, ўзларининг олдиги пайғамбарларини инкор қилиб, иймонсиз (кетган)кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими?” (Рум, 9), “Ахир улар ерда сайр қилиб, ўзларидан олдинги (динсизларнинг) оқибат қандай бўлганини кўрмайдиларми?” (Фотир, 44). Зулқарнайн ана шу мақсадда саёҳатга чиққан эдилар. 1. Ҳаж учун қилинган сафар. 2. Маишат таъмини учун қилинган сафар. 3. Тижорат қилиш, (кўпроқ) пул топиш учун қилинган сафар. Ўз эҳтиёжидан ортиқ мол топиш Аллоҳ таолонинг: “Роббингиздан (Ҳаж мавсумида тижорат билан) фазл тилашингизда сизларга (ҳеч қандай) гуноҳ йўқдир” (Бақара, 198) ояти каримасига кўра жоиздир. 4. Илм таҳсили учун қилинган сафар. 5. Маънавий қийматга эга бўлган жойларни зиёрат қилиш ниятида қилинган сафар. Пайғамбаримиз с.а.в.нинг: “Фақат учта масжидни (зиёрат қилиш) учун йўлга отланилади”, деб қилган марҳаматлари шунга ишора қилади. 6. Чегара ҳудудларида карвонсарой қуриш учун, ўтиш жойлари қуриш ниятида қилинган сафар. 7. Аллоҳ таоло розилиги учун дўстини зиёрат қилиш учун қилингна сафар. Набий с.а.в. бу борада қуйидаги ҳадиси шарифни айтдилар: “Бир киши бир қишлоқдаги биродарини зиёрат қилиш учун йўлга чиқди. Аллоҳ таоло у кишининг йўлига бир фариштани юборди. Фаришта у одамдан:
# Қаерга кетяпсан? – деб сўради. У одам: # Фалон қишлоқдаги биродаримни зиёрат қилиш учун кетяпман, – деди. Фаришта: # У одамга берадиган бирор нарсанг борми? – деди, У одам жавобан: # Йўқ. Мен уни фақат Аллоҳ розилиги учун яхши кўраман, – деди. Шунда фаришта: # Мен Аллоҳнинг сенга юборган бир хабарчисиман. Шуни билки, сен уни қанчалик севсанг, Аллоҳ сени шунчалик севади”, деди (Муслим ривояти).
*
|
| |
|
|
| DURDON | Date: Shanba, 13/01/12, 3:15:53 PM | Message # 8 |
 SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status: 
| Пайғамбар с.а.в. қуйидаги ҳадислари саҳиҳ бир шаклда нақл қилинади: “Қадария бу умматнинг мажусийларидир” (Абу Довуд, Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари). Расулуллоҳ с.а.в. мажусийларнинг қарашлари билан уларнинг фикрлари бир-бирига ўхшаш бўлгани учун ҳам уларни мажусийлар, деб сифатлаганлар.
Дуалистлар (санавия) эса яхшилик нурнинг, ёмонлик эса зулматнинг феъли деб даъво қилишган ва уларга санавия (иккиламчи), деб ном берилган. Қадария ҳам худди шундай яхшиликни Аллоҳдан, ёмонликни эса бошқадан, деб билишади. Ваҳоланки, яхшиликни ҳам ёмонликни ҳам Аллоҳ яратган.
Имомул ҳарамайн ал-Жувайний “Иршод” номли китобида шундай ёзади: “Бир қисм қадариячилар: “Бир қадария эмасмиз, аксинча, қадар биланг боғлиқ хабарларга ишонганингиз учун сизлар қадариясизлар”, дейишади. Бу жоҳил кишилар қадарни ўзларига нисбатан қилдилар. Ёмонликни ўзидан билиб, уни нафсига изофа этган киши ёмонликни ўзига яқинлаштирмасдан, бошқаларга нисбат берадиганлардан афзалроқдир”.
Ҳадиси шарифдаги Пайғамбаримиз с.а.в.нинг: “Эҳсон бу Аллоҳ таолога (худди) уни кўриб тургандек ибодат қилмоғингдир”, деган сўзларига келсак, бу мушоҳада мақомидир. Чунки намозда мулкнинг соҳиби – Аллоҳни мушоҳада қилишга кимнинг кучи етса, бошқа нарсалар билан машғул қилишдан ҳаё қилади. Эҳсон мақоми сиддиқларнинг мақомидир. Биринчи ҳадисда бу тўғрида гапиргандик.
“У сени кўриб турибди”. Яъни, сенинг намоздан ғофиллигингни ва намозда нафсингни машғул қилган нарсаларни билади, демакдир.
“Айтинг-чи, қиёмат қачон (бўлади)?” деган саволга Расулуллоҳ с.а.в.: “Бу тўғрида сўралаётган киши сўрагувчидан ортиқроқ (нарсани) билмайди”, деб жавоб бердилар. Дарҳақиқат у зот қиёматнинг қачон бўлишини билмасдилар. Қиёматнинг қачон бўлиши фақатгина Аллоҳнинг илмига тегишли бўлган ишлардан. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридагина қиёмат, соати (қачон бўлиши тўғрисидаги) билим бордир” (Луқмон, 34).
“У (яъни, қиёмат) осмонлар ва Ер учун жуда оғир (даҳшатли бир ишдир). У сизларга фақат тўсатдан кутилмаганда келур” (Аъроф, 187).
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), одамлар Сиздан (қиёмат) Соати (қачон бўлиши) ҳақида сўрайдилар. “У ҳақдаги маълумот фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир”, деб айтинг. Қаердан билурсиз, эҳтимол, у соат яқин келиб қолгандир” (Аҳзоб, 63).
Баъзилар дунёнинг умри етмиш минг йил экани ва бу ёғига олтмиш уч минг йил қолганини айтишади. Бу хато фикрдир. Туҳий “Асботут-танзил” асарида баъзи фолбин ва мунажжимлар шу фикрда эканин ёзади. Дунёнинг умрини етти минг йил, деб айтиш ҳам келажак ҳақида ҳукм чиқариш бўлиб, уларга умуман ишониш керак эмас.
Жаброил алайҳиссаломнинг “Ундай бўлса, қиёматнинг аломатларидан хабар беринг”, деган гапига Пайғамбаримиз с.а.в. “Жориялар ўз эгасини туғадиган бўлганда”, деган жавобни бердилар. Бу ифодадаги “амора” калимасини баъзилар “амор” шаклида ўқишади. “Эгаси” сўзи “аёл эгаси – соҳибаси”, шаклида ҳам ривоят қилинган. Бунинг маъноси аксарият уламоларга кўра, жория ва болаларнинг (қиёмат кунига яқин) кўплигини хабар беришдир. Жориянинг ўз эгасидан бўлган боласи ўзининг хўжайини демакдир. Чунки инсоннинг мол-мулки болаларига мерос бўлиб қолади. Қуйидаги бир оз заиф бўлган шакл ҳам изоҳ қилинган: “Жориялар раислар ва бошлиқларни туғадилар. Унга тобеъ бўладилар”, бошқа бир изоҳда эса: “Бир кишининг жориясидан боласи бўлади, кейин жориясини сотади, бола катта бўлиб, онасини сотиб олади ва унинг эгаси бўлади”, дейилган.
|
| |
|
|
| DURDON | Date: Shanba, 13/01/12, 3:19:09 PM | Message # 9 |
 SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10149
Status: 
| “Оёқяланг чўпонлар баланд иморат солишда мусобақалашаётгангларини кўришингдир”. Бу ердаги “оёқяланг”дан мурод фақирлардир. “Аил” – фақир, “иля” – фақирлик деган маъноларни англатади. Ҳадисдаги “риъаун” калимаси “руъатун” шаклида ҳам қўлланилади. Сўзнинг маъноси: чўл ва бошқа жойлардаги муҳтож ва йўқсил кишилар ҳашаматли биноларда яшай бошлайдилар, дунё уларнинг амри остига берилади. Натижада уй қуришда мусобақалашадилар.
Ҳадисда келган “Мен бир муддат кутдим” жумласи бошқа бир ривоятда учинчи шахс мисолида “бир муддат кутди” шаклида ривоят қилинган. Иккаласи ҳам саҳиҳдир. Абу Довуд ва Термизийнинг ривоятида “уч кундан кейин” деган ибора бор. Бағавий “Шарҳи танбеҳ” номли асарида “уч кун ёки ундан кўпроқ” ифодасига ўрин берган. Бундан келиб чиқадики, уч кечадан кейин демакдир. Ҳазрати Умарнинг тарихи билан Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилган ҳадислардаги “Кейин ҳалиги киши қайтиб кетди. Расулуллоҳ с.а.в.: “Қайтаринглар ҳалиги кишини (саҳобалар тушунсинлар деб шундай қилдилар)!” Орқасидан чиқиб, топмадилар. Расулуллоҳ с.а.в.: “Бу Жаброилдур, сизларга динингизни ўргатгани келди”, дедилар”, деган ифодалар бир-бирига тескари кўринади ва буни тўғри тушуниш керак: Ҳазрати Умар (р.а.) Пайғамбаримиз с.а.в. бу сўзларни айтаётганларида у ердан кетгандилар. Ул зот у ердагиларга бу сўзларни айтдилар. Уч кундан кейин эса Умарга (р.а.) билдирдилар.
“У Жаброил бўлиб, сизларга динингизни ўргатиш учун келган эди”. Бу ерда иймон, ислом ва эҳсоннинг барчасини “дин” дейиш мумкинлигига далил бор. Ҳадисда қадарга иймон келтириш вожиб эканига, ҳар бир ишга кўр-кўрона берилиб кетмаслик лозимлигига, қазога рози бўлиш кераклигига далил бор.
Бир киши Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ёнига келиб: “Менга насиҳат қилинг”, деди. У киши: “Аллоҳ таоло ризқни ўз зиммасига олгани ҳолда, сенинг ризққа бўлган аҳамиятингнинг сабаби нима? Келажагинг Аллоҳнинг таъминоти остида экан, бахиллигининг сабаби нима? Бизни жаҳаннам кутиб турган ҳолда, гуноҳ иш қилишингнинг сабаби нима? Мункар ва накирнинг саволи ҳақ экан, аёллар билан ётиб-туришликнинг маъноси нима? Дунё фоний экан, туганмас орзулар нега? Ҳисоб-китоб бор экан, тинмай мол-дунё тўплашнинг боиси нима? Ҳамма нарса Аллоҳнинг қазо ва қадари билан бўларкан, нега бунчалик қўрқасан?”, дедилар.
Фойда
Мақомат соҳиби дунёнинг йигирма беш қисмга бўлинишини: бештаси қазо ва қадар билан, бештаси қобилият билан ва бештаси фаросат билан бўлишини англайди. Қазо ва қадар билан келадиган беш нарса – ризқ, фарзанд, оила, куч қувват ва умрдир. Меҳнат билан қўлга киритиладиган беш нарса – жаннат, дўзах, иффат, фаросат ва ёзиш. Одатий беш нарса – ейиш, ичиш, юриш, уйланиш ва таҳорат ушатиш. Қобилият билан эришиладиган беш нарса – зуҳд, закийлик, сахийлик, гўзаллик ва ҳайбат. Фаросат билан эришиладиган беш нарса – хайрли ишлар қилиш, силаи раҳм, сахийлик, тўғрилик ва жасорат. Буларнинг ҳеч бири Набий алайҳиссаломнинг: “Ҳамма нарса қазо ва қадар билан бўлади” деган сўзларига ҳилоф эмас. Балки баъзи сабаблар билан ёки ҳеч бир сабабсиз вужудга келадиган нарсаларнинг ҳаммаси қазо ва қадар ўлчовлари ичида эканини ифода этади. Manba
|
| |
|
|
| SAKINA | Date: Shanba, 13/01/12, 3:53:11 PM | Message # 10 |

Group: IJODKOR
Messages: 2601
Status: 
| Учинчи ҳадис: Ислом шартлари
Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) ривоят қилади. Расулуллоҳ с.а.в.нинг шундай деганларини эшитдим: “Ислом беш нарса устида бино қилинган. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад с.а.в. Унинг пайғамбари эканига гувоҳлик бериш, намоз ўқиш, закот бериш, (имкони бўлса) Каъбани ҳаж қилиш ва рамазон рўзасини тутиш”. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
“Ислом беш нарса устида бино қилинган”. Пайғамбаримиз с.а.в.нинг сўзларидан бу беш амални бажарган кишилар мусулмон бўлишлари англашилади. Уй керакли устунлари билан тўлиқ бўлганидек, Ислом ҳам ана шу беш амал рукнлари билан тўлиқ барпо бўлади. Бу бино маънавий бир бино бўлиб, ҳиссий бинога ўхшатилган. Шунинг учун Расулуллоҳ с.а.в.: “Намоз диннинг устунидир. Уни тарк қилган (киши) динини йиқитган бўлади”, деб марҳамат қилганлар. Қолган асослари ҳам айнан шундайдир. Маънавий бино билан алоқадор шеър ҳам ёзилган:
Топширилса ишлар аҳлига, улар ислоҳ бўлмасдан қолмас.
Кунинг ёмонларга қолса, билки, ишлар ўнгланмас.
Гар жоҳиллар бошқарса, бошлиқ саналмас.
Уй устунсиз қурилмас, олдин дарахт эклимас, устун ҳам топилмас.
Аллоҳ таоло мўминлар билан мунофиқларга ибрат бўлсин учун, қуйидаги ояти каримани нозил қилди: “Бас, (масжид) биноларини Аллоҳдан қўрқиш ва унинг розилиги асосига қурган киши яхшироқми ёки биноларига емирилаётган жар ёқасини асос қилиб олиб, шу сабабли ўзи ҳам жаҳаннам ўтига қулаган кимсами?! Аллоҳ бундай золимлар қавмини ҳидоя қилмас” (Тавба, 109).
Аллоҳ таоло мўминларнинг биносини ҳеч қандай хавф бўлмаган бир тоғ устида қурилган бинога ўхшатди. Кофирларнинг биноси эса қулаётган жар ёқасида қурилган бинога ўхшатилди. Жар қулаши натижасида бино сувга қандай ғарқ бўлса, худди шундай кофир ҳам жаҳаннамга йиқилади.
Ҳадисда келган беш нарса бинонинг тамал тошларидир. Бошқа фарзлар ва суннатлар (вожиб ва мустаҳаблар) мукаммал қилувчи нарсалар бўлиб, бинонинг безакларидир. Набий с.а.в.дан шундай бир ҳадис ривоят қилинади: “Иймон етмиштача даражадан иборат. Энг юксак даражаси “Ла-а илаҳа илаллоҳ” дейиш, энг пастки даражаси (одамларни) озор берадиган нарсани йўлдан олиб ташлашдир”.
“Каъбани ҳаж қилиш, рамазон рўзасини тутиш”. Бу ривоятда олдин ҳаж, кейин рўза зикр қилинган. Бу бир тартиб бўлиб, хукми борасидаги кетма-кетлик эмас. Чунки рамазон рўзаси ҳаждан олдин фарз қилинган. Бошқа бир риовятда эса биринчи рўза, кейин ҳаж зикр қилинган.
|
| |
|
|
| SAKINA | Date: Shanba, 13/01/12, 3:57:53 PM | Message # 11 |

Group: IJODKOR
Messages: 2601
Status: 
| Тўртинчи ҳадис: Яралиш, Ўлим ва Ризқ
Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) ривоят қилади. Расулуллоҳ с.а.в. шундай марҳамат қиладилар: “Шубҳасиз, сизлардан ҳар бирингиз она қорнида яратилади – қирқ кунда тўпланиб, яхлит ҳолга келади, яна шунча вақт ўтгач, лахта қонга ва яна шунча вақтдан кейин бир парча эт ҳолига келади. Кейин бир фаришта юборилади ва унга жон ато қилинади. Фариштага тўрт нарса (калима) буюрилади – у кишининг ризқини, ажалини, амалини, шақҳий ёки саид (яхши ёки ёмон) бўлишини ёзади. Ёлғиз Аллоҳга қасамки, бирингиз умри давомида жаннатийларнинг амалини қилади, хатто у билан жаннат орасида бир аршин масофа қолади. Аммо китоб (тақдир) унга пешвоз чиқиб, аҳли жаҳаннамнинг амалини қилдиради ва дўзахга киради. Ва яна бирингиз умри давомида аҳли дўзахнинг амалини қилади, ҳатто ўзи билан дўзах орасида бир аршин масофа қолади. Аммо китоб (тақдир) унга пешвоз чиқиб, аҳли жаннатнинг амалини қилдиради ва жаннатга киритади”.
Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривоятлари.
“Она қорнида қирқ кунда тўпланади…” Пайғамбаримиз с.а.в.нинг бу сўзларидан она уруғ билан ота уруғи тўпланиб, иккаласидан бола яралиш тушунилади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “У (эркакнинг) бели билан (аёлнинг) кўкрак қафаси ўртасидан отилиб чиқувчи бир сувдан яралган-ку!” (Ториқ, 8-9).
Бундан англашиладики, инсон бутун баданда тўпланиб яратилади. Нутфа биринчи навбатда аёлнинг баданига киради ва у ерда қирқ кун туради. Кейинги қирқ кунга ўтгач, лахта қонга айланади. Кейин аста-секин бир парча этга айланади. Бу “бир парча эт” бир тишлам таом катталигида бўлади. Учинчи даврда Аллоҳ таоло бу парчага шакл беради. Эшитиш, кўриш, ҳид билиш, таъм билиш ҳисларини беради, ичидаги бўшлиқда ички аъзоларини шакклантиради.
Аллоҳ таоло шундай дейди: “У шундай Зотки, сизларна (оналарингизнинг) бачадонларида бўлган пайтингизда Ўзи хоҳлаган суратни берур” (Оли Имрон, 6).
Учинчи қирқ кунлик давр тугагандан кейин ҳомила тўрт ойлик бўлади ва унга жон ато этилади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй инсонлар, агар сизлар қайта тирилишдан шубҳада бўлсангизлар, у ҳолда (қаранглар), Биз сизларга (Аллоҳнинг қудратини) баён қилиш учун сизларни (яъни, отангиз Одамни) тупроқдан, сўнгра (барча жонзотни аввало) нутфа – манийдан, сўнгра лахта қондан, сўнгра яралиб битган-битмаган (яъни, инсон суратида шаклланиб битган ёки битмаган) тишлам гўштдан яратдик” (Ҳаж, 5).
Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) “мухоллақоҳ” калимасини “тўлиқ” яъни, аъзолари аниқ, “ғайри мухоллақоҳ” калимасини эса ҳали поёнига етмаган ноқис яратилиш, деб изоҳлаган. Мужоҳид эса, “кўринган аниқлик ва ноаниқлик ўртасида”, деб изоҳлайди.
|
| |
|
|
| SAKINA | Date: Shanba, 13/01/12, 3:59:08 PM | Message # 12 |

Group: IJODKOR
Messages: 2601
Status: 
| Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) шундай деган: “Нутфа бачадонга жойлашгач, бир фаришта уни кафтига олади ва шундай дейди: “Эй Раббим! Бу яратилсинми, яратилмасинми?” Агар яратилмасин, деган жавобни олса, уни қайтариб бачадонга қўяди ва у нутфа инсон бўлмайди. Агар яратилсин, дейилса, фаришта: “Эркак бўлсинми ёки аёлми, яхши инсон бўлсинми ёки ёмонми, ризқи қанча бўлсин, ажали қачон бўлсин, қаерда ўлади”, деган саволларни беради. Унга: “Сен Уммул китобга (унинг қадари ёзилган жойга) бор, у ерда буларнинг ҳаммасига жавоб оласан”, дейилади. Фаришта у ерга боради ва жавобларни олади. Олган жавобларнинг ҳаммасини нутфага нақл этади. Шунинг учун ҳам, бахт туғилишдан олдиндир, дейилган”. Пайғамбаримиз с.а.в.нинг “ҳатто у билан орасида бир аршин масофа қолади” сўзлари бир ўхшатишни ифода этиб, умрининг охирига озгина муддат, деганидир. Бундан мақсад ҳақиқатдан ҳам бир аршин ёки шунча миқдор дегани эмас.
Кофир киши Ла-а илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расуллоҳ, деса ва бундан кейин ўлса, жаннатга киради. Мусулмон киши эса сўнгги нафасида ўзи ҳоҳлаб куфр сўзни сўзласа, дўзахга киради.
Бу ҳадиси шарифда агар бир инсон жуда кўп яхши амалларни қилса, жаннатий ёки жуда кўп гуноҳ ишларни қилса, ҳаттоки кофир бўлса ҳам, унинг дўзахий экани тўғрисида қатъий ҳукм чиқариб бўлмаслигига далил бор. Яна инсон ўз амалига ишониб манманлик қилмаслиги керак. Чунки сўнгги нафасда нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Шунинг учун Аллоҳ таолодан ўзимизга гўзал ҳотима сўраб, ёмон оқибатдан паноҳ исташимиз лозим.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади: “Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар эса, шак-шубҳасиз, Биз (улар каби) чиройли амаллар қилган кишиларнинг ажр-мукофини зое қилмасмиз” (Каҳф, 30).
Оятнинг зоҳиридан англашиладики, самимий кишининг солиҳ амаллари Аллоҳнинг ваъдасига биноан қабул қилинади ва ёмон оқибатдан қутилади. Иймоннинг ва гўзал амалларнинг қабул қилиниши инсоннинг ҳусни хотима билан вафот этишига далолат қилади. Кимки Аллоҳ таолога ишонса ва ихлос билан амал қилса, сўнгги нафаси хайрли бўлади. Ёмон оқибат эса, ёмон амалларни қилган ёки амалига риё аралаштирган кишилар юзага келади. Бунга қуйидаги ҳадиси шариф ҳам ишора қилади: “… Қалбида амали бузуқ бўлса ҳам, зоҳирдан инсонларга ўзини тўғри қилиб кўрсатади” (Бухорий, Муслим, Аҳмад ривоятлари).
Ҳадиси шарифда бир нарсанинг яхши тушунлиши учун қасам ичиш мубоҳ эканлигига ҳам ишора бор. Аллоҳ қасам ифодаларини қўллаб, шундай марҳамат қилади: “Бас, осмон ва ернинг Парвардигорига қасамки, албатта у (яъни сизларга ваъда қилинаётган барча нарса) худди сизларнинг сўзлашингиз каби (яъни, сўзлаган сўзларингиз ўзларингиз учун қандоқ ҳақ бўлса, ана шундай) ҳаққи ростдир!” (Ваз-зориёт, 23).
“(Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: “Йўқ! Парвардигоримга қасамки, албатта қайта тирилурсизлар, сўнгра албатта сизларга қилган амалларингизни хабари берилур. Бу Аллоҳга осондир” (Тағобун, 7).
|
| |
|
|
| SAKINA | Date: Shanba, 13/01/12, 4:04:36 PM | Message # 13 |

Group: IJODKOR
Messages: 2601
Status: 
| Бешинчи ҳадис: Бидъатларни рад қилиш
Мўминларнинг онаси Оиша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Кимки бизнинг ишимизда диндан бўлмаган бирор янгилик қилса, у рад қилингандир”. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Имом Муслимнинг ривоятида: “Кимки бизнинг ишимиз бўлмаган бирор амални бажарса, у рад қилингандир”, дейилади.
Ҳадиси шарифда ғусл, таҳорат, намоз ва рўза каби ибодатлар динда буюрилганидан бошқа шаклда қилинса, қабул қилинмаслигига ишора бор. Чунки ношаръий бир йўл билан олинган молни эгасига қайтариш лозим. Ундан фойдаланиб бўлмайди.
Пайғамбаримиз с.а.в. олдиларига бир бадавий келиб: “Уғлим ушбу кишининг шогирди эди, унинг хотини билан зино қилибди. Мен ўғлим тошбўрон қилинаркан, деб эшитиб, унинг номидан юзта қўй ва бир жория фидя бердим”, деганида у зот шундай жавоб бердилар: “Жория ва қўйларинг ўзингга қайтарилади”. Бешовлари ривоят қилишган.
Демак, ким шариатга тўғри келмайдиган бир бидъат амални қилса, амали қабул қилинмайди, у гуноҳкор бўлади ва азобга мустаҳиқ бўлади.
Пайғамбаримиз с.а.в. яна шундай марҳамат қиладилар: “Кимки бирон бир гуноҳ иш қилса (ёки бидъат амал чиқарса) ёки бир гуноҳкорни ҳимоя қилса (ёки бидъатчини ҳимоя қилса), унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”. Бешовлари ривоят қилишган.
|
| |
|
|
| SAKINA | Date: Shanba, 13/01/12, 4:07:09 PM | Message # 14 |

Group: IJODKOR
Messages: 2601
Status: 
| Олтинчи ҳадис: Тақво ва ихлос
Нўъмон ибн Башар розийаллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳалол ҳам, ҳаром ҳам аниқдир. Булардан ташқари инсонларнинг кўпчилиги билмайдиган шубҳали нарсалар ҳам бор. Кимки шубҳали нарсалардан сақланса, ўз динини ва шаънини сақлаган бўлади. Кимки шубҳали ишларни қилса, ҳаромга яқинлашади. Бир экинзор чегараси атрофида ҳайвонларини ўтлатаётган ва ҳайвонларнинг у ерга кириб кетиш эҳтимоли бўлганига ўхшаш. Огоҳ бўлингизки, ҳар бир подшоҳнинг ўз чегараси бор. Аллоҳнинг чегараси ҳаром қилинган ишлардир. Огоҳ бўлинглар. Инсон баданида бир парча гўшт бор, агар у тузалса, аъзоларнинг барчаси тузалади. Агар у бузилса, аъзоларнинг барчаси бузилади. Шуни билингки, у қалбдир!” Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
“Ҳалол ҳам, ҳаром ҳам аниқдир”. Олимлар ҳалол ва ҳаром ҳақида ихтилоф қилишган. Абу Ҳанифа: “Ҳалол ҳалоллигига бирор бир далил бўлган нарсадир”, деган бўлса, Имом Шофеъий эса: “Ҳаром ҳаромлигига бирор бир далили бўлган нарсадир”, деган.
“Булардан ташқари шубҳали нарсалар ҳам бор”. Ҳалол билан ҳаром ўртасида баъзи нарсалар борки, уларнинг ҳалол ёки ҳаромлиги ҳусусида шубҳа бор.
Пайғамбаримиз с.а.в.нинг: “Кимки шубҳали нарсалардан сақланса, ўз динини ва шаънини сақлаган бўлади”, дейишларидан мақсад, динини сақлашни истаса, шубҳали нарсалардан узоқ бўлсин, деганидир. Шаънининг муҳофазасига келсак, агар киши шубҳали нарсаларни тарк қилмаса, ёмон кишилар унинг ғийбатини қилиб, ҳаром еяпти, унга деб туҳмат қилиши мумкин. Бу амали билан у инсон атрофдаги кишиларни ҳам ёмонликка бошлаган бўлади.
Расулуллоҳ с.а.в.дан шундай ривоят қилинади: “Аллоҳга ва оҳират кунига ишонган киши туҳматга учраши мумкин бўлган жойлардан узоқ бўлсин” (Ажмурий “Кашфул ҳаво”).
|
| |
|
|
| SAKINA | Date: Shanba, 13/01/12, 4:08:12 PM | Message # 15 |

Group: IJODKOR
Messages: 2601
Status: 
| Расулуллоҳ с.а.в. шундай марҳамат қилганлар: “Сизлардан бирингизнинг намозда таҳорати бузилса, бурнини ушлаб, намоздан чиқиб кетсин” (Ибн Можа ривояти). Бу инсонлар “у киши намозда таҳоратини бузиб қўйди” демасликлари учундир. Пайғамбаримиз с.а.в.нинг “Кимки шубҳали ишларни қилса, ҳаромга киради”, деган сўзлари иккита нарсага ишора қилади:
1. Ҳаром иш қила туриб, ҳаром амал қилдим, деб ўйламайди.
2. Ҳаромга киришга жуду-жуда яқинлашади. Ёмонликлар куфрни чақирадиган чақмоқлардир, деб бежизга айтилмаган. Чунки нафс бир ёмон иш қилса, ундан ҳам таҳликали бўлган иккинчи бир ёмон ишга қўл уради. Гуноҳни келтириб чиқаради.
Аллоҳ таолонинг каломида бунга ишора бор: “… Бунга сабаб Аллоҳ оятларини инкор этишлари, пайғамбарларни ноҳақ ўлдиришларидир. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганлардир” (Оли Имрон, 112).
Ояти каримада уларнинг ёмон ишларни қила-қила пайғамбарларни ўлдиришгача бориб етганлиги айтилмоқда.
Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз с.а.в. шундай марҳамат қиладилар: “Ўғрига Аллоҳнинг лаънати бўлсин. Бир тухум ўғирлайди ва қўли кесилади, бир ипни ўғирлайди ва қўли кесилади” (Бухорий, Муслим, Насоий, Ибн Можа ривоятлари). Яъни, тухум ўғирлаш билан бошланган ўғирлик секин-секин катта ўғирликларга айланади.
“Ҳима” – очиқ далада бошқалардан қўриқланадиган экинзор ер. Шундай бир экинзор атрофида кимки, қўйларини ўтлатса, қўйларининг экинзорга ёки бировнинг ўтлоғига кириб кетиш таҳликаси катта бўлади. Экинзорлардан узоқда ўтлатадиган киши учун эса бундай таҳлика йўқ.
Албатта, ҳаром бўлган ҳар бир нарсанинг тўсиб турадиган бир қўриқчиси бор. Масалан, аврат жойнинг қўриқчилари ҳамдир. Бегона бир аёл билан хилват ҳолда колишдан айни шаклда сақланиш лозим. Хилватда қолиш билан бирга ҳаром бўлган жойдан узоқ бўлиши вожиб бўлади.
“Огоҳ бўлинглар! Инсон баданида бир парча гўшт бор”. Вужудда бўлган бу гўшт парчаси Аллоҳдан қўрқса, хушуъ ичида бўлса, шунда бутун тана ҳам қўрқади. Агар у истак ва орзуларнинг кетидан қувса, унда бутун тана истак ва орзуларни кетидан қувади. Бузилса ва ёмон ниятли бўлса, у ҳолда вужуд ҳам ёмонлашади, бузилади
|
| |
|
|