RSS
Yangiliklar-Новые сообщения · Azolarimiz-Участники · Forum qoidasi-Правила форума · Qidirish-Поиск
Forum moderator: DURDON, SAKINA  
Hadislar (22 hadis)
SAKINADate: Shanba, 12-Yan-2013, 15:10 | Message # 16
Group: IJODKOR
Messages: 2601
Status:
Баъзи олимлар шундай дейишган: “Бадан нафс ўлкаси ва шаҳридир. Қалб ўлканинг пойтахти, бошқа аъзолар унинг хизматчилари, ботиний куч шаҳарни ёритувчи чироқлар, ақл уни тўғри йўлга солувчи вазир, истак ва орзу хизматчиларнинг ризқларини сақловчи восита, қаҳр ва ғазаб унинг етакчисидир. Ғазаб инсонга тўғри йўлни кўрсатувчи бўлиб кўринса-да, аслида, унга қарши тузоқлар қўядиган бир кулдир. Олдин насиҳат қилади, кейин эса ўлдиради, инсонни самимий вазирга қарши қайрайди. Ақлнинг олд қисмида бўлган ҳаё қуввати қоровул кабидир. Унинг ўртасида ўйлаш қуввати мавжуд. Хотира қуввати эса ақлнинг охирги қисмида бўлади. Тил таржимондир. Бешта туйғу унинг жосуслари, хабарчилари бўлиб, уларнинг ҳар бири бир ишга мукаллафдир. Кўз ранглар олами, қулоқ овозлар олами билан, бошқа туйғулар ҳам ўзларига алоқадор вазифалар билан шуғулланади. Қисқаси, ҳар бири бирор бир хабарнинг чашмасидир”.
Шундай қилиб қалб бамисоли қиролдир. У тартибли бўлса, унинг назорати остидагилар ҳам рисоладагидек ҳаракат қилади. Қалбнинг ислоҳи адоват, ғазаб, сабрсизлик, ҳирс, беҳисоб орзулар, тақдирга рози бўлмаслик каби ботиний хасталиклардан сақланиш билан бўлади. Қалб хасталикларининг сони қирққа етади.

Аллоҳ таоло бизни улардан сақласин ва саломат қалб эгаси бўлишимизга муваффақ қилсин.
 
SAKINADate: Shanba, 12-Yan-2013, 15:12 | Message # 17
Group: IJODKOR
Messages: 2601
Status:
Еттинчи ҳадис: Насиҳат – Исломнинг Асоси


Тамим ибн Дорий розийаллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Дин насиҳатдир”. Биз: “Эй Расулуллоҳ, ким учун?” деб сўрадик. “Аллоҳ учун, Унинг китоби ва пайғамбарлари, мусулмонларнинг имомлари (бошлиқлари) учун ва барча мусулмонлар учундир”, деб жавоб бердилар. Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий ва Аҳмад ривоятлари.

Хаттобий шундай дейди: “Насиҳат бир неча маънони ифодалайдиган сўздир. Насиҳат қилинган киши роҳатланади, таскин топади. Арабчада “носаҳар рожулу савбаҳ” жумласи кийимни яхшилаб тикди, деган маънони англатади. Шу маънода насиҳат қилинган кишини тузатиш мақсадида қилинган насиҳатчининг ғайрати кийимнинг сўкилган чокини тикишга ўхшатилган. Насиҳатга асал мумдан ажратиб олингани каби у бошқа сўзлардан танлаб олинади”, деган таълий ҳам берилган”.

Аллоҳ учун бўладиган насиҳатга келсак, Аллоҳга иймон келтириш, унга шерик қўшмаслик, сифатлари хусусида адашмаслик, уни камол ва жамол сифатлари билан васфлаш, барча айб-нуқсонлардан пок деб билиш, унга бутунлай таслим бўлиб, итоат қилиш ва осийлик қилмаслик, Аллоҳ учун севиш, Аллоҳ учун ёмон кўриш, унга итоат қилганларни яхши кўриш, унга исён қилувчиларга душман бўлиш, Аллоҳнинг бераётган неъматларини эътироф этиб, шукр қилиш, барча амалларда холис бўлиш, инсонларни исломга даъват қилиш каби маъноларнинг барчаси тушунилади. Насиҳатчиларнинг насиҳатига Аллоҳ таолонинг эҳтиёжи йўқ, шунинг учун банда фақат ўзининг фойдасига насиҳат қилсин.

Китоб учун бўлган насиҳат эса, унинг Аллоҳнинг каломи эканига, Аллоҳ тарафидан нозил қилинганига, инсон сўзларининг ҳеч бирига ўхшамаслигига ва унинг ўхшашини ҳеч ким келтира олмаслигига ишониш, уни қадрлаш, ҳурмат қилиш, уни хушуъ билан, ҳарфларнинг ҳақини бериб ўқиш, нотўғри таъвил қилувчилардан ва уни ёмонловчилардан ҳимоя қилиш, хабарларни тасдиқлаш, ҳукмларини яхшилаб ўрганиш, ҳикматларини англаб, насиҳатларидан ибрат олиш, келтирилган ҳодисалар ҳақида тафаккур қилиш, унга амал қилиш ва ўрганиш, илмларини ёйиш ва буларга барчани ташвиқ қилиш билан бўлади.
 
SAKINADate: Shanba, 12-Yan-2013, 15:13 | Message # 18
Group: IJODKOR
Messages: 2601
Status:
Аллоҳнинг Расули учун бўлган насиҳат У зотниннг пайғамбарлигини тасдиқлаш, келтирган барча нарсаларга иймон келтириш, амрларига бўйсуниш, ҳаётлари ва вафотларидан кейин ҳам даъватларининг давоб этишига ишониш, ул зотга дўст бўлганга дўст, душман бўлганга душман бўлиш, у кишини ҳар лаҳзада улуғлаш ва ҳурмат қилиш, уларнинг ҳақини биринчи ўринга қўйиш, суннатга амал қилиш, суннат илмларини ёйиш тўғрисида қайғуриш ва бошқаларни ҳам шунга чақириш, уни юмшоқлик билан, одоб билан ўргатиш, билмасдан туриб, суннат тўғрисида нотўғри гапиришдан ўзини тийиш, суннат билан машғул кишиларни эъзозлаш, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ахлоқлари билан хулқланиб, одоблари билан одобланиш, ахли байтлари ва асҳобларини севиш, суннатга бидъат қўшмоқчи бўлган саҳобалардан бирортаси ҳақорат қилган кимсаларга қарши чиқиш билан бўлади.
Мусулмонларнинг имомлари учун бўладиган насиҳат, тўғри бўлган хусусларда уларга ёрдамчи бўлиш ва уларга насиҳат қилиш, тавсиялар бериш, хатоларини айтиш, марҳаматли бўлиш кераклигини эслатиш, унутганларни хотирлаш, мусулмонларнинг ҳақларига тажовуз қилганларда уларга танбеҳ бериш, уларга қарши бормаслик, мусулмонларнинг уларга итоат қилишлари йўлида кўмак бериш билан бўлади.

Хаттобий яна шундай дейди: “Уларнинг орқасида намоз ўқиш, хизмат қилиш, улар тарафидан бирор хато ёки ёмонлик содир бўлса ҳам, уларга исён қилмаслик. Имомлар тўғрисида ёлғон ва янгилаш хабар тарқатувчиларга алданмаслик, уларнинг тўғри йўлда эканлигини сўзлаш… Ана шуларнинг ҳаммаси мусулмонларнинг имомлари учун қилинадиган насиҳатга киради”.

Ибн Баттол айтади: “Бу ҳадисда насиҳатнинг дин ёки Ислом деб номланишига, дин сўз ва амал билан қоим бўлишига далил бор. Насиҳат фарзи кифоядир, бир кишининг адо этиши билан бошқаларнинг бўйнидан соқит бўлади. Насиҳат қилувчи сўзлари тингланишига, қабул этилишига ишонса ва ўзига ҳеч қандай таҳлика бўлмаслигига кўзи етса, насиҳат қилиш унга вожиб. Агар бирор бир таҳлика эҳтимоли бўлса, насиҳат қилиш-қилмаслик ихтиёри ўзида бўлади”.

Пайғамбаримиз с.а.в.нинг “Сизлардан бирингиз бошқангиздан ўгит олмоқчи бўлса, унга насиҳат қилсин” (Имом Бухорий ривояти) ҳадисларида насиҳат бир амру мутлоқ эмас, ўгит олиш истагига боғлиқ, ана шу шарт насиҳат қилиш амрининг тайинланганига далилдир, деган бир эътироз бўлса, бунга шундай жавоб берамиз: “Бу ҳадисда баҳс этилган ҳолат бир аёлни никоҳлаш, бир киши билан олди-сотди қилиш каби дунёвий ишларга алоқадордир. Биз юқорида келтирган насиҳат қилишнинг умумийлиги эса, ҳар бир мусулмон қилиши вожиб бўлган диний ишлар билан алоқадордир. Валлоҳу аълам”.
 
SAKINADate: Shanba, 12-Yan-2013, 15:15 | Message # 19
Group: IJODKOR
Messages: 2601
Status:
Саккизинчи Ҳадис: Мусулмоннинг Қони ва Молининг Ҳаромлиги


Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳу нақл қилишига кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: “Мен инсонлар Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад с.а.в. Аллоҳнинг пайғамбари эканига шаҳодат келтириб, (беш вақт) намозни адо этиб, закотни берганларига қадар, уларга қарши жанг қилишга буюрилдим. Агар бу амалларни бажарсалар, моллари ва жонларини мендан сақлаган бўладилар. Лекин Ислом ҳақлари (яъни, ҳад ва қасослар) бундан мустасно. Бунинг ҳисоби Аллоҳ таолога ҳаволадир”. Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ва Аҳмад ривоятлари.

“Агар бу амалларни бажарсалар, моллари ва жонларини мендан сақлаган бўладилар”. Пайғамбаримиз с.а.в. тарк қилинган тақдирда, эгаси ўлдирилиши керак бўлган бу учта амални таъкидлаганлар. Айни сабабга кўрса Муоз ибн Жабални Яманга юбораётганларида рўза ва ҳажни зикр қилмасдан, юқоридаги учта амални таъкидлаганлар.

“Лекин Ислом ҳақлари бундан мутасно”. Исломнинг ҳаққи кишининг вожиб бўлган амалларни (фарз амалларни) қилишидир. Осийлар, йўлтўсарлар, закот бермаганлар, имкони бўла туриб қийин аҳволда қолган кишиларга ёрдам бермаганлар, зарарсиз ҳайвонларга сув бермаганлар, зинокорлар, жума намозини ва таҳоратни тарк қиган ва шу каби фарз амалларни қилмаганлар ва ҳаром қилинган ишларни қилганлар жазога мустаҳиқдир.

“Бунинг ҳисоби Аллоҳ таолога ҳаволадир”. Яъни, ким иймон келтирса, намоз ўқиса, закотини берса, жонини ва молини сақлаб қолади. Бу амалларни чин дилдан қилган бўлса, у киши мўмин ҳисобланади. Агар сохталик билан ёки ўлимдан қўрққани учун қилган бўлса, унинг ҳисобига Аллоҳнинг ўзи кифоя қилади. Таҳоратсиз ёки жанобатдан покланмаган ҳолда намоз ўқиган кишининг ва уйида еб-ичиб, кўчада эса рўза ҳолатда юрадиган кишининг ҳам сўзлари қабул қилинади. Аммо буларнинг ҳисобини кўриш ёлғиз Аллоҳга ҳавола. Валлоҳу аълам.
 
SAKINADate: Shanba, 12-Yan-2013, 15:16 | Message # 20
Group: IJODKOR
Messages: 2601
Status:
Тўққизинчи ҳадис: Тоқатга кўра жавобгарлик



Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганларини эшитдим: “Мен таъқиқлаган ишлардан мутлақо сақланинглар. Мен буюрган ишларни ҳам кучингиз етганича адо этинглар. Шубҳасиз, сиздан аввалги умматлар кўп савол берганлари ва пайғамбарлари тўғрисида шубҳага тушганлари сабабли ҳалок бўлдилар”. Имом Бухорий, Муслим, Насоий, Ибн Можа ва Аҳмад ривоятлари.

“Мен таъқиқлаган ишлардан мутлақо сақланинглар”. Яъни, уларни қилишдан тамоман сақланинглар, ҳеч бирини қилманглар. Ҳадисдаги бу ифода ҳаромни ифода этувчи қайтариқдир. Макруҳлиги ифода этилган қайтариқни қилиш кўпинча жоиз. “Наҳий” сўзи луғатда таъқиқлаш, қайтариш деган маънони билдиради.

“Мен буюрган ишларни ҳам кучингиз етганича адо этинглар”. Бундан баъзи натижаларни чиқаришимиз мумкин. Масалан, бир киши таҳорат учун озгина сув топса, қилиши лозим бўлган энг тўғри иш сувдан ҳожати учун фойдаланиш ва қолгани билан таяммум қилишдир. Фитр учун озгина нарса топса ҳам, бериши лозимдир. Яқинлари, хотини, бола-чақасини ёки уйидаги асраётган ҳайвонларни боқиш учун озгина егулик топса ҳам, ўшани сарфлаши вожибдир. Агар бир қулнинг озгина ҳиссаси унга ўтса каффоратнинг бир бадали бор, у ҳам бўлса рўзадир.

“Шубҳасиз, сиздан аввалги умматлар кўп савол берганлари ва пайғамбарлари тўғрисида шубҳага тушганлари сабабли ҳалок бўлдилар”. Шуни билиш керакки, савол бериш турлича бўлади:

Биринчи қисм: Жоҳил кишининг таҳорат, намоз, рўза ва динга тегишли бўлган бошқа нарсалар тўғрисида савол бериши. Бу нарсаларни сўраб-билиш вожиб. Ушбу ҳадис шунга ишора қилади: “Илм талаб қилиш барча мусулмон эркак ва аёлга фарздир” (Ибн Можа ривояти).

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Агар билмайдиган бўлсангизлар, аҳли зикрлардан (биладиганлардан) сўрангизлар!” (Наҳл 43, маънолар таржимаси)

Абдуллоҳ ибн Аббос р.а.: “Менга кўп савол берадиган тил, теран англайдиган қалб берилди”, деб ўзининг ҳолатини баён қилган.

Иккинчи қисм: Диний ҳусусларда сўраш. Бу кишининг фақат ўзи амал қилиши учун эмас. Ҳукм ва фатво беришга ўхшаш бошқларни қизиқтирган масалалар. Аллоҳ таолонинг сўзига биноан фарзи кифоядир: “Ахир улардан ҳар бир гурухдан бир тоифа одамлар (жанг учун) чиқмайдиларми?! (Қолганлари эса Мадинада) динни ўрганиб,(жангга кетган) қавмлари олдиларига қайтган вақтларида, уларни огоҳлантиргани (қолмайдиларми)?!” (Тавба 122, маънолар таржимаси)

Расулуллоҳ с.а.в. шундай деганлар: “Сизлардан кўрганларингиз кўрмаганларга билдирсин” (Имом Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривоятлари).

Учинчи қисм: Аллоҳ таоло на унга, на бошқага вожиб қилмаган бир таклиф сабабли машаққат туғдириши мумкин. Шунинг учун Пайғамбаримиз с.а.в.: “Аллоҳ таоло сизга марҳамат қилгани учун баъзи нарсаларни фарз қилмади. (Шунинг учун) сизлар улар ҳақида суриштирманглар”, деганлар (Ҳайсамий, Табароний ривоятлари).
 
SAKINADate: Shanba, 12-Yan-2013, 15:17 | Message # 21
Group: IJODKOR
Messages: 2601
Status:
Ҳазрати Али р.а. ривоят қилади: “Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир” (Оли Имрон 97, маънолар таржимаси) ояти нозил бўлганида, бир киши Пайғамбаримиз с.а.в. олдиларига келиб: “Ҳар йилими ё Расулуллоҳ?” деб сўради. Расулуллоҳ с.а.в. унга эътибор бермадилар. У одам икки ёки уч марта саволни такрорлади. Шунда Набий с.а.в. шундай марҳамат қилдилар: “Сал қолса “ҳа”, деб айтардим. Аллоҳга қасамки, агар “ҳа” десам, фарз бўларди-да, уни ҳар йили адо этолмасдингиз. Сизга бир киши бирор ишни буюрсам, уни кучингиз етганича бажаринг. Агар сизни бирор нарсадан қайтарсам, ундан узоқ бўлинглар”. Ана шу пайтда Моида сурасининг қуйидаги ояти нозил бўлди: “Эй мўминлар, (Аллоҳ сизлардан кечиб юборган), очилганда сизларни хафа қиладиган нарсалар ҳақида сўраманглар!” (Моида 101, маънолар таржимаси) Бу қайтариқ Пайғамбаримиз с.а.в.нинг замонлариша хосдир. Салаф олимлардан бир қисми мутажобиҳ оятларнинг маъноларини сўрашни таъқиқлашган.
Имом Молик “(У Зот) Аршга ўрнашган Раҳмондир” (Тоҳа 5, маънолар таржимаси) ояти каримасининг маъноси сўралганда шундай жавоб берганди: “Истиво” билиняпти, аммо кайфияти билинмаяпти. Унга иймон келтириш вожибдир. Кайфиятини сўраш бидъатдир”. Сўнгра: “Сени ёмон киши деб биламан, бу одамни ташқарига ҳайдаб чиқаринг!” деб у одамни узоқлаштирди. Шунинг учун салафларнинг йўллари энг тўғридир. Уларнинг ворисларининг йўллари эса, кўпроқ илм олиш бўлиб, бу сўраб-суриштириш, ўрганиш билан амалга ошади.
 
SAKINADate: Shanba, 12-Yan-2013, 15:19 | Message # 22
Group: IJODKOR
Messages: 2601
Status:
Ўнинчи ҳадис: Ҳалол луқма


Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Шубҳасиз, Аллоҳ таоло гўзалдир ва фақат гўзал амални қабул қилади. Аллоҳ мўминларга пайғамбарларга буюрган нарсаларни буюрган. У (пайғамбарларга) шундай деган: “Эй пайғамбарлар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва яхши амаллар қилинглар!” (Мўминун, 51) Ва яна Аллоҳ таоло шундай деган: “Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз – покиза нарсалардан енглар ва Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилгувчи бўлсангизлар, У Зотга шукр қилингиз!” (Бақара, 172). Кейин пайғамбаримиз с.а.в сочлари тўзғаган, оёқлари йиғилган ва қўлларини кўтариб: “Ё Раббий, ё Раббий!” деб дуо қилган бир одам ҳақида бахс юритдилар: “Унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром. Унинг дуоси қандай қилиб қабул қилинсин?” Имом Муслим, Термизий, Доримий ва Аҳмад ривоятлари.

“Шубҳасиз, Аллоҳ таоло гўзалдир…” Ҳазрати Оиша р.а.дан шундай нақл қилинади: “Расулуллоҳ с.а.в.нинг шундай дуо қилганларини эшитдим: “Аллоҳим! Сенинг пок ва покловчи, фақат ўзингга хос, муборак, ўзинг севган, у билан дуо қилинса, сен қабул этадиган, марҳамат сўралса, сен марҳамат қиладиган, ғамлардан қутилиш сўралганда қутқарадиган исми жалилинг ҳурмати Сендан ёрдам сўрайман!” Ибн Можа ривояти.

Аллоҳнинг исмларини билгувчиларнинг фикрича, энг завқли ва энг гўзал мақтов Унга хосдир. Аллоҳ таоло жаннатга киришлари учун қулларини солиҳ амаллар билан безаган.

“Фақат гўзал амални қабул қилади”. Банда ҳаром молдан садақа қилиш билан Аллоҳга яқинлаша олмайди. Озиқ-овқат маҳсулотларидан эски ва ёмон бўлиб қолган, яроқсиз, ишончсиз молларни садақа қилиш макруҳ. Худди шундай шубҳали нарсаларни садақа қилиш ҳам жоиз эмас. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эҳсон қилиш учун улардан ўзингиз фақат кўз юмиб туриб оладиган паст-нопокларини танламангиз!” (Бақара, 267).

Аллоҳ таоло молнинг ҳалолини қабул қилганидек, ибодатларнинг ҳам риёдан, ғурурдан, кўз-кўз қилишдан ҳоли бўлганларини қабул қилади.

“Эй пайғамбарлар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва яхши амаллар қилинглар”, “Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз – покиза нарсалардан енглар ва Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилгувчи бўлсангизлар, У Зотга шукр қилингиз!”

Ҳадиси шарифда инсоннинг ибодат қилиши учун қувват олиш ва ҳаётини давом эттириш мақсадида ҳалол нарсалардан ейишда савоб қозонишга далил бор. Ва бу вожиб ишлардандир. Нафсни қондириш ва қорин тўйдириш мақсад қилинса, бундан мустасно.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Бас, қачонки (у ердан) ўтишгач, (Мусо) йигитига: “Нонуштамизни (яъни саватдаги балиқни) келтир, ҳақиқатан, бу сафаримиздан жуда чарчадик”, деган эди” (Каҳф, 62).

“Унинг дуоси қандай қилиб қабул қилинсин?” Бу шарт киши дуосининг қабул қилинишининг қанчалик эҳтимолдан узоқ эканини билдириш учундир. Шунинг учун дуолар қабул бўлиши учун бандаларга ҳалол луқма шарт қилинган.
 
SAKINADate: Shanba, 12-Yan-2013, 15:22 | Message # 23
Group: IJODKOR
Messages: 2601
Status:
Ўн биринчи ҳадис: Шубҳали нарсаларни тарк қилиш

Ҳасан ибн Али розийаллоҳу анҳумо шундай ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги ҳадисни ёд олдим: “Сени шубҳага солувчи нарсаларни тарк эт, шубҳали бўлмаганларини ол”. Имом Бухорий, Термизий ва Аҳмад ривоятлари.
“Сени шубҳага солувчи нарсаларни тарк эт, шубҳали бўлмаганларини ол”. Расулуллоҳ с.а.в.нинг бу сўзларидан тақводор инсоннинг ҳаром бўлган нарсаларни емаслиги лозимлиги, шубҳаси бўлган нарсалардан қочиши лозимлиги англашилади. Шубҳалантирмайдиган нарсалар деб ҳеч бир иккиланиш бўлмаган, қалбларнинг ҳузурини ва жонларнинг роҳатини сақлайдиган нарсаларга айтилади.
 
SAKINADate: Shanba, 12-Yan-2013, 15:23 | Message # 24
Group: IJODKOR
Messages: 2601
Status:
Ўн иккинчи ҳадис: Бекорчи гаплардан воз кечиш



Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Инсоннинг яхши мусулмон эканининг аломатларидан бири (унинг) бекорчи нарсаларни тарк қилишидир”. Имом Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривоятлари.

“Инсоннинг яхши мусулмон эканининг аломатларидан бири (унинг) бекорчи нарсаларни тарк қилишидир”. Бекорчи нарсалар – на диний ва на дунёвий жиҳатдан ҳеч бир фойдаси бўлмаган одам ва сўзлардир.

Иброҳим алайҳиссаломнинг саҳифалари ҳақида сўраган Абу Зарр р.а.га Расулуллоҳ с.а.в. шундай дедилар: “У бошдан оёқ ўрнак ва ибрат эди. Унда шундай дейилганди: “Эй мағрур султон, мен сени бойлик устига бойлик тўплагин, деб юбормадим. Аксинча, мазлумнинг менга дуо қилишига монеъ бўлиш вазифасини сенга юклагандим. Чунки кофир бўлса ҳам, мазлумнинг дуосини қабул қиламан. Аҳли ўзига ҳоким бўлмаган ақлли тўрт соати бўлиши керак: биринчисида Парвардигорига ёлворди. Яна бирида Аллоҳ яратган коинот тўғрисида тафаккур қилишади. Яна бирида ўзини тинглайди. Сўнггисида эса, жамол ва икром соҳиби бўлган Аллоҳ билан ёлғиз қолади. Бу соатлар у кишининг бошқа соатларига ёрдамчи бўлади. Ақли ўзига ҳоким бўлмаган ақдди киши фақат уч нарса учун ҳаракат қилиши керак: охират учун озуқа ҳозирлаш; ҳалол йўллар билан ризқланиш. Яна ақлли киши вақтнинг қадрига етиши, ишига керакли аҳамият бериши, тилини сақлаши, сўзласа оз сўзлаши ва бекорчи масалалар тўғрисида гапирмаслиги керак”.

Абу Зарр р.а. давом этиб, шундай деди: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, Мусо алайҳиссаломнинг саҳифаларида нималар бор эди?” Пайғамбар с.а.в. шундай дедилар: “У бошдан оёқ ибрат эди. Унда жаҳаннамга шунчалик яқин бўла туриб ўйнаб куладиган, ажали шунчалик яқин бўла туриб фаровон ҳаёт кечираётган, дунёни кўриб туриб, аҳли билан дунё учун ҳаракат қиладиган, тақдирни яхши тушуниб туриб, бошига тушадиган ишлардан ғазабланган, эратага ҳисобга тортилишини била туриб, солиҳ амал қилмайдиган кишиларнинг ҳайрталанарли ҳоли бор”.

Шунда Абу Зарр р.а.: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, Иброҳим алайҳиссалом ва Мусо алайҳиссалом саҳифаларида айтилмаган бошқа бирор нарса қолдими?” деб сўради. Пайғамбар с.а.в. эса: “Ҳа, эй Абу Зарр”, дедилар ва Шамс сурасини 9-оятдан бошлаб охиригача ўқидилар:

“Ота-онам сизга фидо бўлсин, менга нима тавсия қиласиз?” деди, Абу Зарр р.а. Расулуллоҳ с.а.в.: “Сенга Аллоҳдан қўрқишни тавсия қиламан. Чунки Аллоҳдан қўрқиш барча ишларнинг асосидир”, дедилар. Абу Зарр р.а.: “Яна нимани…”, деди. Расулуллоҳ с.а.в.: “Кўп Қуръон ўқишга диққат қил ва Аллоҳни кўп зикр эт. Чунки У сени самода зикр этади”, дедилар.

Абу Зарр р.а.: “Яна зиёда қилинг…”, деди. Расулуллоҳ с.а.в.: “Сукут шиоринг бўлсин. Чунки у шайтонни сендан узоқлаштиради, диннинг амрларини бажаришингда сенга ёрдамчи бўлади”, дедилар. Абу Зарр р.а.: “Яна бир оз қўшимча қилинг”, деди. Пайғамбар с.а.в.: “Аччиқ бўлса ҳам, ҳақиқатни сўзла”, дедилар. Абу Зарр р.а.: “Яна бир оз…”, деди. “Киноя қилиб сени ранжитишлари сени ҳақдан чалғитмасин”, дедилар. Абу Зарр р.а.: “Яна бир оз…”, деди. Расулуллоҳ с.а.в.: “Яқинларинг билан, улар алоқани узсалар ҳам, сен узмагин”, дедилар. Абу Зарр р.а.: “Яна…”, деди. Пайғамбаримиз с.а.в.: “Инсон ёмонликлари миқдорича ўзидан ғофил бўлади ва бекорчи нарсалар билан машғул бўлади. Эй Абу Зарр! Тадбирдан яхшироқ ақл йўқдир. Ўзни тийишдек тақво йўқдир. Гўзал ахлоқдан гўзалроқ нарса йўқдир”, деб марҳамат қилдилар.
 
SAKINADate: Shanba, 12-Yan-2013, 15:25 | Message # 25
Group: IJODKOR
Messages: 2601
Status:
Ўн учинчи ҳадис: Исломда биродарлик



Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини ривоят қилади: “Ўзингиз яхши кўрган нарсани биродарингизга раво кўрмагунингизча ҳеч бирингиз чинакам мўмин бўла олмайсиз”. Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий, Доримий ва Аҳмад ривоятлари.

“Ўзингиз яхши кўрган нарсани биродарингизга раво кўрмагунингизча ҳеч бирингиз чинакам мўмин бўла олмайсиз”. Бу ерда “биродар” сўзини умумий тушуниш керак. Бу сўз мўмин билан биргаликда кофирни ҳам ўз ичига олади. Мўмин киши ўз мўмин биродариниинг Исломда давом этишини исташи билан бирга кофир биродарининг ҳам ўзига насиб қилган Исломга мушарраф бўлишини исташи лозим. Шунинг учун кофирнинг ҳидоятга эришиши учун дуо қилиш мустаҳаб, деб қабул қилинган.

Ҳадис ўзи яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмаган кишининг иймони комил бўлмаслигини билдиради. Муҳаббатдан мақсад хайр ва манфаат исташдир. Бу ердаги муҳаббат динийдир, инсоний муҳаббат эмас. Чунки инсоннинг нафси бошқа кишига яхшилик қилинишини ёқтирмаслиги мумкин. Ана шу нафсга қарши бориб, ўзи истаган нарсани биродари учун ҳам исташи керак. Агар инсон ўзига раво кўрган нарсани биродарига раво кўрмаса, ҳасадгўйлардан бўлиб қолиши мумкин. Ҳасад Имом Ғаззолийнинг айтишича, уч турли бўлади:

1. Бошқага берилган неъматнинг ундан кетишини ва ўзида бўлишини исташ.

2. Ўзидаги молнинг ёки унга бўлган севгисининг йўқолиши ҳисобига бўлса ҳам, бошқага берилган неъматнинг кетишини исташ. Бу биринчисидан ҳам ёмондир.

3. Бошқага берилган неъматнинг кетишини истамаса-да, унинг кўпайишини истаган ҳолда унинг ўзидан юқори даражага кўтарилишини ёқтирмаслик, ўзига тенг бўлишига рози бўлса ҳам, ошиб кетишини истамаслик. Бу эса ҳаромдир. Чуник, Аллоҳ таолонинг тақсимотига норози бўлиш ҳисобланади.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Парвардигорингизнинг раҳмати (бўлмиш пайғамбарлик)ни ўшалар тақсимлайдиларми?! (Йўқ, асло ундай эмас!) Уларнинг ҳаёти дунёдаги маишат-тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз Ўзимиз тақсимлаганмиз ва баъзилари қўл остига олиб (ишлатишлари) учун (бировларни бой ёки куч-қувватли қилиб, бошқа бировларни эса камбағал ва заиф-кучсиз қилиб) айримларини айримларидан баланд даража-мартабаларга кўтариб қўйганмиз. Парвардигорингизнинг раҳмати – пайғамбарлик эса улар тўплайдиган нарса (мол-дунё)ларидан яхшироқдир” (Зухруф 32, маънолари таржимаси).

Кимки қисматга рози бўлмаса, Аллоҳнинг тақсимоти ва ҳукмига қарши борган бўлади. Инсон нафсини ислоҳ қилиши, уни тақдирга рози бўлишга ўргатиши ҳамда нафсига хуш келмасада, душмани учун ҳам яхши дуода бўлиши керак.
 
SAKINADate: Shanba, 12-Yan-2013, 15:31 | Message # 26
Group: IJODKOR
Messages: 2601
Status:
Ўн тўртинчи ҳадис: Мусулмоннинг қони тўкилиш сабаблари



Абу Масъуд розийаллоҳу анҳудан нақл қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: “Мусулмон кишининг қонини тўкиш фақат қуйидаги уч ҳолатда ҳалол бўлади: оилали бўла туриб зино қилганда, одам ўлдирганда, динидан қайтиб, жамоатни тарк қилганда”. Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Аҳмад ривоятлари.

“Оилали бўла туриб зино қилганда”. Оилалидан мурод уйланиб, саҳиҳ бир никоҳда хотини билан жинсий муносабатда бўлган ва ундан кейин зино қилган кишидир. Бу одам тошбўрон қилинади. Зино қилган вақтида оиласидан ажралган бўлса ҳам, оилали ҳисобланади ва муҳсан (номусли) ҳисобланмайди.

“Динидан қайтиб, жамоатни тарк қилганда”. Аллоҳ сақласин, бу инсон муртад ҳукмида бўлади. Диндан қайтган киши баъзида худди яҳудийлар каби жамоатини тарк этмаслиги мумкин. Яҳудий одам христианликлни ёки христиан яҳудийликни қабул қилса, ўлдирилади. Чунки бу вазиятда жамоатдан айрилмаса-да, динни тарк қилган ҳисобланади.

Диндан қайтганлар ҳусусида икки хил қараш мумкин:

Энг тўғриси – ўлдирилмайди ва омонлик берилган кишилар қаторига қўшилади. Иккинчи қарашга биноан ўлдирилади, чунки эътиқод қилган динини тарк қилиб, ботил деб билган бошқа бир динга кирди. Бу жуда нотўғри иш. Бундай одам бутунлай эркин қолдирилмайди. Қайта мусулмон бўлмаса, ўлдирилади.
 
SAKINADate: Shanba, 12-Yan-2013, 15:34 | Message # 27
Group: IJODKOR
Messages: 2601
Status:
Ўн бешинчи хадис


Факат яхши сўзларни сўзламок, мехмон ва кўшнининг хаккига риоя этмок иймоний хислатлардан саналади

Абу Хурайра разияллоху анхудан: Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам дедилар:
"Ким Аллохга ва Охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши сўзларни гапирсин ёки сукут сакласин. Ким Аллохга ва Охират кунига иймон келтирган бўлса, кўшнисини иззат-икром килсин. Ким Аллохга ва Охират кунига иймон келтирган бўлса, мехмонини иззат-икром килсин".

(Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Хадиснинг ахамияти хакида

Ибн Хажар ёзадилар: "Мазкур хадис хам жавомеул калим намунасидир. Учта асосни ўзида жамлаган бу сахих ривоят сўз ва феъллардаги гўзал ахлокларни таргиб килади".

Хадисдан олинадиган сабоклар

1. Инсон ва унинг жамият билан бўлган алокаси

Жамиятдаги хар бир киши жамият билан узлуксиз алокада бўлиб туради. Сиз ўзгалар билан алока боглашга мухтож бўлганингиздек, бошкалар хам сиз билан турли муносабатларда бўлишга эхтиёж сезадилар. Ислом инсонлар ўртасидаги алока ва ўзаро муносабатлар соглом асос устига курилишини истайди. Одамлар бир-бирларини иззат-икром килиб, чиройли сўзлар ва гўзал хулк-атворлар билан ёр-биродарлари, кўни-кўшнилари хамда кадрли мехмонлари кўнглини овласалар, хак дин таргиб килаётган покиза жамият юзага келади. Бунинг учун эса Расулуллох соллаллоху алайхи ва салламнинг юкоридаги сўзлари хар биримиз учун дастуруламал бўлмоги лозим.

2. Факат хайрли сўзларни сўзлаб, бехуда гаплардан ўзини тиймок иймон комиллигидандир

Пайгамбар соллаллоху алайхи ва саллам ушбу хадиси шарифларида биз учун хар икки дунёда фойдали бўлган ажойиб хислатни баён килиб бердилар. Мусулмон фарзанди факат дунёю охиратига манфаати бор сўзларни сўзлайди. Ўзи учун хам, биродарлари учун хам бефойда бўлган гап-сўзлар каршисида сукутни афзал кўради. Зеро, бехуда гап-сўз оркасидан кимгадир зиён етказиб кўйиш ёхуд фиску фасод урчишига йўл очилиши хеч гап эмас. Ана унда киши Парвардигори газабига дучор бўлади. Шу боис, факат хайрли сўзларни сўзлаш комил иймон белгиларидан саналади.

Анас разияллоху анхудан: Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам дедилар: "Банданинг иймони то унинг калби ўнгланмагунига кадар тўгри бўлмайди. Токи тил тўгриланмас экан, калб тўгри бўлмайди".

(Ахмад ривоятлари).

Анас разияллоху анхудан: Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам дедилар: "Банда тилини сакламагунга кадар иймон хакикатига етмайди".

(Табароний ривоятлари).
 
SAKINADate: Shanba, 12-Yan-2013, 15:36 | Message # 28
Group: IJODKOR
Messages: 2601
Status:
3. Кўп гапириш халокатга олиб боради. Тилни бехуда гаплардан сакламок нажотга бошлайди
Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам дедилар: "Кишининг ўзи учун мухим бўлмаган нарсаларни тарк этиши унинг Исломи гўзаллигидандир".

Бехуда валаклаш кишининг яхши амалларини хавога совуриб, уни жаннатдан махрум килиши мумкин. Мусулмон киши бир гапни гапиришдан олдин яхшилаб ўйлаб кўрсин. Агар унинг огзидан чикадиган сўз хайрли бўлса, ажру савоб келтирса, гапирсин. Бордию ёмонлик-фасод кўзгайдиган бемаъни гап бўлса ёки яхши-ёмонлиги мубхам бўлса, тилини тийгани маъкул. Чунки одам хар битта гапи учун жавоб беради. Банданинг огзидан чиккан хар бир сўз унинг фойдасига ёхуд зарарига хизмат килади.

"У бирон сўзни талаффуз килса, албатта унинг олдида хозиру нозир бўлган бир кузатувчи бордир".

(Коф сураси, 18-оят).

Абу Хурайра разияллоху анхудан: Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам дедилар: "Банда ахамият бермаган холда Аллох таоло рози бўладиган сўзни гапириб кўядида, ана шу сўзи сабабли Парвардигор уни канча даражага кўтаради. Яна бир банда парво килмаган холда Аллох таоло газабини келтирадиган сўзни айтиб кўйиб, шу сабабли жаханнамга кулайди".

(Бухорий ривоятлари).

Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам Муоз разияллоху анхунинг: "Биз хар битта гапимизга жавоб берамизми?" деган саволига куйидагича жавоб килганлар: "Сени йўклаб онанг йигласин, эй Муоз! Ахир одамларни бурунлари билан дўзахга кулатадиган нарса тилларининг хосили эмасми?!"

(Термизий ривоятлари).

4. Сўзлаш одоби

Исломда сўзлаш одоблари мавжуд:

* Мусулмон фарзанди хамиша фойдали-хайрли сўзларни сўзламоги ва хар кандай холатда харом гап-сўзлардан ўзини тиймоги лозим. Аллох таоло Куръони каримда мўминларни сифатлаб шундай дейди: "Улар лагвдан юз ўгирувчи кишилардир". (Мўминлар сураси, 3-оят). Лагв деб гийбат, тухмат, маломат каби ботил гап-сўзларга айтилади.
* Такволи зотлар мубох гапларни хам кўп гапирмайдилар. Чунки тинмасдан гапирадиган киши бехосдан харом ёхуд макрух сўзларни айтиб юбориши мумкин. Ибн Умар разияллоху анхудан: Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам дедилар: "Аллох зикридан бўлмаган гапларни кўпайтирмангиз. Чунки Аллох зикридан ташкари гапларни кўп гапириш калбни котиради. Аллох таолодан энг узок банда калби каттик кимсадир". (Термизий ривоятлари). Умар разияллоху анху айтадилар: "Кўп гапирадиган кимса кўп тойилади. Кўп тойиладиган кишининг гунохи хам кўпаяди. Гунохи кўпайган кимсага дўзах муносиб макон бўлади".
* Эхтиёж тугилганда, хусусан хакни баён этиш, амру маъруф, нахйи мункар килиш учун гапирмок шарт. Зеро, бу улуг хикматлар сирасига киради. Чунки хакни айтмасдан жим турган кимсанинг соков шайтондан фарки йўк.

5. Кўни-кўшни билан яхши муносабатда бўлиш

Кўшнига яхшилик килиш ва унга озор бермаслик комил иймон ва гўзал Ислом аломатидир. Расулуллох соллаллоху алайхи ва салламнинг юкоридаги сўзлари барчамиз учун етарли мавъиза бўлмоги керак. Аллох таоло бандаларини ёлгиз Ўзига ибодат килишга буюрар экан, оят давомида кўни-кўшни билан яхши муносабатда бўлишни хам амр этди.

"Аллохга ибодат килинглар ва Унга хеч нарсани шерик этманглар. Ота-онангизга хамда кариндош-уруг, етим ва мискинларга, кариндош кўшнию бегона кўшнига, ёнингиздаги хамрохингизга, йўловчи мусофирга ва кўл остингиздаги кулларингизга яхшилик килингиз!"

(Нисо сураси, 36-оят).

Исломда кўшнига яхшилик килиш ва унга нисбатан чиройли муносабатда бўлиш шу кадар таъкидланганки, тарих давомида хеч кайси тузум кўшничиликка бунчалик эътибор бермаган.

Оиша разияллоху анходан: Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам дедилар: "Кўшнига яхшилик килиш хусусида Жибрил алайхиссалом менга шунчалик кўп насихат этдики, кўшни хам мерос олса керак деган ўйга бориб колдим".

(Бухорий ривоятлари).
 
SAKINADate: Shanba, 12-Yan-2013, 15:37 | Message # 29
Group: IJODKOR
Messages: 2601
Status:
Кўшнига озор бериш иймони чала кимсанинг иши. Мазкур ярамас сифат бандани халокат сари бошлайди.
6. Кўшнига озор бериш Исломда харомдир

Бу иш гунохи кабиралардан саналади ва унинг Аллох хузуридаги жазоси хам дахшатли бўлади. Ён-атрофдагиларга озорлар етказиб юрувчи кимса комил иймон неъматига етишолмайди.

Ибн Масъуд разияллоху анхудан: Расулуллох соллаллоху алайхи ва салламдан сўрашди:

- Энг улкан гунох нима?

- Аллох таоло сени яратган бўлса-ю, бировни Унга шерик килишинг, - дедилар Пайгамбар соллаллоху алайхи ва саллам.

- Сўнг кайси гунох?

- Овкатингга шерик бўлишидан кўркиб ўз болангни ўлдиришинг!

- Сўнг кайси гунох?

- Кўшнингнинг халолини йўлдан уриб, у билан зино килишинг.

(Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Абу Шурайх разияллоху анхудан: Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам:

- Аллохга касамки, мўмин бўлмайди. Аллохга касамки, мўмин бўлмайди. Аллохга касамки, мўмин бўлмайди, - дедилар.

- Ким, ё Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам! - сўрашди сахобалар.

- Озорларидан кўшниси хотиржам бўлмайдиган кимса! - деб жавоб бердилар Пайгамбар соллаллоху алайхи ва саллам.

(Бухорий ривоятлари).

Абу Хурайра разияллоху анхудан: Набий соллаллоху алайхи ва салламдан сўрашди:

- Ё Расулуллох! Фалончи аёл кечалари туриб намоз ўкийди. Кундузлари рўзадор юради. Бирок унинг тили жуда узун - кўни-кўшниларига озор беради.

- Унда хайр-яхшилик йўк. У аёл дўзахда бўлади! - дедилар Набий соллаллоху алайхи ва саллам.

- Фалончи аёл эса фарз намозларини ўкийди. Рамазон рўзасини тутади. Бир бўлак пишлок бўлса хам садака килади. Унинг шундан бошка амали йўк. Бирок у тили билан кўшниларига озор бермайди.

- Ўша аёл жаннатий! - дедилар Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам.

7. Кўшнига килинадиган яхшилик кўринишлари

* Кўшнининг эхтиёжини кондириш.

Умар разияллоху анху айтадилар:

- Мўмин киши кўшнисини оч кўйиб, ўзи тўк юрмайди.

(Ахмад ривоятлари).

Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам дедилар: "Ён кўшнисининг оч-нахорлигини била туриб, корни тўк холда тунни ўтказган киши менга иймон келтирмабди!"

(Хоким ривоятлари).

Абу Зар Гифорий разияллоху анхудан: Халилим Мухаммад соллаллоху алайхи ва саллам менга куйидагича ўгит бердилар: "Агар шўрва пиширсанг, сувини кўпрок солгин. Сўнг кўшниларинг оиласига кара ва уларга хам таомингдан улаш".

(Муслим ривоятлари).
* Ўз хаккидан кечиб бўлса-да, кўшнига фойда етказиш.

Абу Хурайра разияллоху анхудан: Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам дедилар: "Хеч бирингиз кўшнисини унинг деворига хода кадашдан тўсмасин".

(Бухорий ва Муслим ривоятлари).
* Кўни-кўшнига хадялар бермок. Хусусан, бирон муносабат билан кўни-кўшниларга эхсон килиш хайрли амалдир.

Оиша разияллоху анходан: Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам дедилар: "Кўшни аёл кўшни аёлга хатто бир бўлак суякли гўштни хадя этишини хам арзимас санамасин". (Яъни бу нима бўларди, демасдан, боридан чикараверсин).

(Бухорий ривоятлари).
 
SAKINADate: Shanba, 12-Yan-2013, 15:39 | Message # 30
Group: IJODKOR
Messages: 2601
Status:
8. Озгина нарсани хам хадя этиш мумкин
Мехмонни иззат-икром килиш кишининг иймони ва Исломи гўзаллигидандир.

Ислом шариатига тўла-тўкис амал килиб, яхшилар йўлидан юрган хар бир мўмин-мусулмон мехмонини иззат-икром килмоги лозим. Чунки бу мўминнинг Аллох таолога бўлган хакикий иймони ва чин таваккулига далилдир. Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам дедилар: "Ким Аллохга ва Охират кунига иймон келтирган бўлса, мехмонини иззат-икром килсин".

Мехмон хурматини жойига кўймок Исломнинг гўзал одобларидан ва солих инсонлар хулкидан эканлиги шубхасиз. Хўш, мехмонни зиёфат килиш мезбон тарафидан кўрсатиладиган фазлу карамми ёхуд мехмоннинг вожиб хаккими? Мазкур масалада уламолар ихтилоф килганлар. Ахмад ва Лайс мехмонни бир кеча-кундуз имкон кадар зиёфат этмок вожиб дейишган. Уларнинг далиллари:

Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам дедилар: "Мехмон учун бир кеча зиёфат хар бир мусулмон зиммасида вожибдир".

(Ибн Можа ривоятлари).

Укба ибн Омир разияллоху анхудан:

- Ё Расулуллох! Сиз бизни чор атрофга жўнатасиз. Биз борган жой ахли мехмондўстлик кўрсатмайди. Ўшанда биз нима килишимиз керак? - деб Пайгамбар соллаллоху алайхи ва салламдан сўрадик.

- Агар бир кавм орасига келиб тушсангиз ва улар мехмонга лозим бўлган нарсаларни мухайё килсалар, кабул килиб олингиз. Аммо кавм бундай килмаса, улар адо этиши лозим бўлган мехмон хаккини улардан ўзларингиз олинглар.

(Бухорий ва Муслим ривоятлари).

"Ким Аллохга ва Охират кунига иймон келтирган бўлса, мехмонини иззат-икром килсин".

Бу буйрук. Маълумки буйрук фарзга далолат килади. Агар мехмонни иззат-икром килиш фарз деб олинса, унда куйидаги масала кандай ечилади: Бир киши мехмоннинг хаккини адо этмади. Хўш, халиги мехмон хаккини мезбон молидан ўзи ундириб оладими ёки ундириб олиш учун хокимга арз киладими? Айни масала хусусида имом Ахмаддан икки хил сўз ривоят килинган.

Аксар уламолар наздида мехмонни зиёфат килиш фарз эмас, мустахаб саналади. Чунки хадисда "Мехмонни иззат-икром килсин", бошка бир ривоятда эса "Яхшилик килсин", дейилган. Хар иккала лафз фарзни англатмайди. Чунки иззат-икром хам, яхшилик килиш хам гўзал ахлоклар сирасига киради.

9. Мехмондўстлик ва мехмон одоблари

Мехмонни очик юз ва ширинсуханлик билан кутиб олиш ва имкон кадар таом хозирлаш мехмондўстлик одобларидандир. Мезбон биринчи куни ахли-оиласи истеъмол киладигандан зиёдарок неъматлар билан мехмонини иззат-икром этади. Колган икки кунда эса оиласининг кундалик егулиги билан дастурхон тузайди.

"Мехмонни кутиб олиш уч кундир. Кўшимча тухфаси эса бир кеча-кундуз. Ундан ортгани эса садакадир".

(Муслим ривоятлари).

Мехмон хеч качон мезбонни нокулай ахволга солиб кўймаслиги керак. Яъни бировникида уч кундан ортик турмаслиги лозим. Хеч нарсаси йўклигини била туриб, мезбонникида яшайвериш одобдан эмас.

Абу Хурайра разияллоху анхудан: Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам дедилар:

- Бир биродарини гунохкор этгунга кадар унинг уйида туриш мусулмон киши учун халол бўлмайди.

- Ё Расулуллох! Кандай килиб уни гунохкор килади? - сўрашди сахобалар.

- Биродарининг мехмон килишга хеч нарсаси бўлмаса хам уникида туравериш! - деб жавоб бердилар Набий соллаллоху алайхи ва саллам.

(Муслим ривоятлари).

Мазкур холатда мезбон мехмонга вазиятни тушунтириб уни кузатиб кўйиши мумкин. Хусусан, уч кундан сўнг бунга мезбоннинг тўла хакки бор. Чунки у мезбонлик бурчини ўтаб бўлган хисобланади.

10. Хадисга амал килиш хосияти

Мазкур хадис мазмунини тўлик англаб, унга тўла-тўкис амал килмок жуда ахамиятли. Чунки у калбларни бир-бирига якинлаштиради, ўртадан кин-адоватни кўтаради. Хаммамиз кимгадир кўшнимиз. Кишиларнинг кўпчилиги мехмон ёхуд мезбон макомида туради. Агар хар ким ўз кўшнисини иззат-икром килса, хар бир мезбон мехмоннинг хурматини жойига кўядиган бўлса, жамият фаровонлашади, ўзаро мухаббат, дўстлик карор топади. Айникса, хар бир инсон сўзлаш одобига риоя килиб, факат яхши-хайрли сўзларни сўзласа ёки сукут килса, яхшиликлар зиёда бўлади.
 
Search: