|
Peshqadam
Guruh:
Ishonchli
Xabarlar:
7162
Holati:
|
Қоннинг изи ҳақидаги хадислар.
1.Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кийимга теккан ҳайз қони ҳақида: "Уни (аёл чўп, тош, тирноқ билан) қириб ишкалайди, кейин сув билан ювади, кейин чайиб унда намоз ўқийверади" дедилар. Муттафақун алайҳ. (Таржимон изоҳи: бошқа ҳадисларда сидр ишлатишга буюрилган. Шунинг учун Шофеъий, аль-Атира ("Найлул-Автор" 1/36/36), Санъоний "Субулус-салом" 1/55да ва бошқалар сувдан ташқари яна сидр, совун ёки шунга ўхшаш моддаларни ҳайз қонининг изини кетказиш учун ишлатишни вожиб дейишган. Ҳадислардаги "унинг изи сенга зарар қилмайди", ҳамда: "Агар у (изи) кетмаса" деган лафзлар эса "ушбу моддалар билан ишқаланганидан сўнг кетмаса зарар қилмайди" деб тушунилади.) 2. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у айтди: "Хавла бинт Ясар айтди: "Эй Аллоҳнинг Росули, агар қон(нинг) изи кетмаса-чи?" деб сўради. Шунда ул зот: "Сенга сув кифоядир, унинг изи эса сенга зарар қилмайди" дедилар. Термизий келтирган, унинг санади заиф. (Бу ҳадисни Термизий эмас, Абу Довуд №365, Аҳмад (2/380) ва Байҳақий "Сунан"ида ривоят қилишган. Термизий фақат бунга ишора қилган, лекин санадини ҳам, матнини ҳам ривоят қилмаган. Байҳақийнинг ривояти Абдуллоҳ ибн Ваҳб орқали Ибн Лаҳийъадан келган. Муҳаддислар орасида маълум нарса шуки, Ибн Лаҳийъа ўзи ишончли бўлиб, китобларидан ҳадисларни айтиб берган. Китоблари ёниб кетганидан сўнг хотирасидан ривоят қила бошлаган ва хато қилган. Ибн Лаҳийъадан уч Абодила (Абдуллоҳлар): Абдуллоҳ ибн Ваҳб, Абдуллоҳ ибн Муборак, Абдуллоҳ ибн Йазид ал-Муқрий ривоят қилишса, у саҳиҳ санад ҳисобланади. Шунинг учун Байҳақийнинг санади саҳиҳ. Бунинг устига мавқуф ҳадис – Оиша онамизнинг сўзлари бунга шоҳид бўлади: "Оиша айтдиларки: "Агар аёл (ҳайз) қонини ювса-ю, у(нинг изи) кетмаса, сариқ бўёқ ("варс" – сариқ дарахт бўёғи) ёки заъфарон билан унинг рангини ўзгартириб қўйсин". Доримий (1/238) икки шайх шартларига мувофиқ равишда саҳиҳ санад билан ҳамда Абу Довуд шунга ўхшаш лафз билан ривоят қилишди.)
Бу ҳадисни муаллиф раҳимаҳуллоҳ "Нажосатни кетказиш ва унинг баёни" бобида келтирди. Бу эса ҳайз қонидир. У нажосатми, покми? Муаллиф раҳимаҳуллоҳ Асмодан келтирган ҳадис унинг нажаслигига далолат қилади. Чунки аёл ҳайз қонини тирноқ, тош ёки шунга ўхшаш нарсалар билан қон моддаси-зотини кетгазгунича ишқалаши, кейин сув билан бармоқлари учларида ишқалаб ювиши, сўнг уни чайиб унда намоз ўқишига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларида ҳайз қони нажас бўлиб уни намоздан олдин ювиш вожиблигига далил бор. Яна бу (ҳадисда) шунга далил борки, аёл кийими нажасланса, (ҳайз) қонини ювиб ўша кийимда намоз ўқийверади ва ҳозирги кунда баъзи аёллар қилаётгани каби намоз учун алоҳида кийим, иш учун алоҳида кийим, ҳайз учун алоҳида кийим тутишига ҳожат йўқ. Балки бир кийим (кифоя) бўлади. Агар унга нажосат тегса, ювади ва унда намоз ўқийверади, ҳеч қиси йўқ. Ушбу ҳадисда намоздан олдин нажосатни йўқотишга далил бор. Яъни, инсон аввал кийимини поклайди, сўнг намоз ўқийди, чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кейин унда намоз ўқийди" дедилар. Кўпгина уламолар намознинг дуруст (саҳиҳ) бўлишига кийим, бадан ва (намоз ўқиладиган) жойдан нажосатни кетказиш шарт деб бу (ҳадис)ни далил қилиб келтиришган. Шунингдек, агар инсон намоз ўқиб туриб унинг кийимида, ёки баданида, ёки намоз ўқиётган жойида нажосат бўлса, ва бу (жойдаги) нажосат унга тегиб турса, унинг намози дуруст бўлмаслигига (шу ҳадисни далил қилишган). Лекин агар инсон нажосат топиб уни ювишни унутса ва фақат намоз тугаганидан сўнг уни эсласа, унинг намози саҳиҳ (дуруст)дир. Шунга ўхшаб агар у (нажосатни) билмай фақат намоз тугаганидан сўнг уни билиб қолса, унинг намози саҳиҳдир, чунки Аллоҳ Таоло (мўминларнинг тилидан): "Эй Роббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, бизни жазолама" деган. Бу эса хатодир. Агар у намоз вақтида (нажосат борлигини) эсласа ёки билиб қолса, агар имкон бўлса, нажосат бўлган нарсани ечиб ташлайди ва намозини давом эттиради. Агар имкон бўлмаса, намозини бузиб, нажосатни ювиб янгитдан намоз ўқийди. Бунинг мисоли, агар бир киши намозга киришиб, шалварида нажосат борлиги эсига тушса, биз айтамизки, шалварни еч ва намозинги давом эттир, ҳеч қиси йўқ. (Таржимон изоҳи: Жазира араблари шалвардан ташқари камида тиззага тушиб турадиган узун кўйлак (қамийс) ёки ридо (плашч) кийишади, шунинг учун шалварни ечишнинг уларга зиёни йўқ. Афсуски, бизнинг диёрларимизда кофирларнинг кийимлари ғолиб бўлиб, маҳаллий эркак аҳолинининг шариатга мувофиқ узун кийимлари йўқ бўлиб кетмоқда. (Аёлларни гапирмасак ҳам бўлади, улар эркак киши кўча у ёқда турсин, уйда кийишга уяладиган шаклдаги кийимларни кўчада уялмай кийиб юришибди. Аллоҳдан ёрдам сўраймиз.) Бунинг устига ҳозирда авратларни шакллантирадиган тор шимлар ва сажда қилганда бел очилиб қоладиган калта майка (футболка)лар кийилмоқда. Ваҳоланки, баданнинг белдан тепадаги қисми намоз учун хос аврат ҳисобланади, баъзи уламолар, уларнинг ичида Албоний, буни намознинг шарти дейишган, яъни усиз намоз намоз бўлмайди. Чунки Абу Довуд ва Байҳақий ҳасан санад билан Бурайданинг ҳадисини келтиришган: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кўйлаксиз бир шалварда намоз ўқишдан қайтардилар". Бухорий (№359) ва Муслим (516) Абу Ҳурайрадан ривоят қилишган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизлардан ҳеч ким елкасини ёпмасдан бир кийимда намоз ўқимасин" деганлар. Агар кўйлак бўлмаса, унда бир шалвар (изор)да намоз ўқиса бўлади, бу ҳолат шартдан ожизлик ҳисобланади. Чунки Бухорий (№361) ва Муслим Жобирдан ривоят қилишган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар кийим кенг бўлса, унга ўраниб ол. Агар у тор бўлса, изор қилиб кийиб ол (яъни, тизза ва киндик орасини ёп)". Усул қоидаси бўйича агар бирон амал бирор ибодат учун хос қилинса, ўша амал бу ибодат учун шарт бўлиб қолади, усиз ибодат ибодат бўлмайди. Масалан, қиблага юзланиш фақат намозга хос шарт қилинган. Шунинг учун намоз учун қиблага юзланиш шартдир. Белдан тепадаги баданнинг қисми ҳам шундай: фақат намоз учун ёпиш шарт қилинган. Намоздан ташқари уни ёпиб юриш одобга киради. Елкаларни ёпмайдиган майка ҳам шу қайтариққа киради. Демак кўйлаги калта бўлган киши намоздан олдин шимининг ичига яхшилаб киргизиб олиши лозим, токи намоз пайтида бели очилиб қолмасин. Юқорида айтилган қоидага қўшимча: бирон амал бирор ибодатга хос бўлса, шу амал бу ибодатнинг шарти бўлади. Лекин ҳар қандай шарт (рукн) ҳам ўша ибодатга хос бўлавермайди. Масалан, Ислом, ният - намознинг шартлари, лекин улар фақат намозга хос эмас, бошқа ибодатларга ҳам шарт қилинган. Аллоҳ билгувчироқ. Юқоридаги фикрлар Албоний раҳимаҳуллоҳнинг “Ҳижобул-маръати” (6-7-с) ва бошқа овозда берган фатволаридан олинди.)
Ёки у рўмолида нажосат борлигини эслади. (Таржимон изоҳи: Жазира арабларининг урфида эркаклар рўмол ўрайди. Бош кийимни намозда кийиб юриш намоз одобларига киради. Намоздан ташқари кўчаларда бош кийим кийиб юриш мусулмонларга ўхшаб юришга яқинроқ. Бу ерда вақт озлигидан биз буни баён қилишга киришмаймиз. Бош кийимсиз юриш ҳам кофирлардан бизга кириб келган одатдир. Ҳаждаги бошяланг юришни намозга қиёс қилиб бўлмайди, чунки ҳаждаги эҳром ҳолатида бош кийим кийиш ҳаромдир. Буни қиёс қилсак, намозда ҳам бош кийим кийиш ҳаром бўлади. Бу нотўғри қиёсдир. "У учун зийнталанишга Аллоҳ ҳақлироқ" деган саҳиҳ ҳадисга биноан иложи борича яхши кийимда намоз ўқиш керак. Ҳанафий мазҳабининг уламолари ҳам уйқу учун хос қилинган кийимда намоз ўқишни макруҳ дейишган. Киши меҳмон ёки ҳурматли одамлар билан учрашса уйқудаги кийимида унга рўбарў бўлмайди-ку!? Аллоҳ эса У учун зийнатланишимизга ҳақлироқдир.) Айтамизки: рўмолингни еч ва намозингни давом эттир, ҳеч қиси йўқ. Бунинг далили шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳоблари билан бир куни намоз ўқиётганларида оёқ кийимларини ечдилар. Саҳобалар ҳам оёқ кийимларини ечишди. Ул зот намозни тугатганларидан сўнг улардан: "Сизларга нима бўлдики, оёқ кийимларингизни ечдингизлар?" деб сўрадилар. Улар: “Сиз оёқ кийимингизни ечганингизни кўриб биз ҳам ечдик” дейишди. Улар, оёқ кийимда намоз ўқишнинг жоизлиги мансух бўлди ёки бошқа сабаб бўлди, деб ўйлашди. Муҳими, улар Росул соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишди. (Таржимон изоҳи: бу ҳам имомнинг сиртки (зоҳирий) амалларига намозда тўлиқ эргашилишига далил бўлади. Бунга Бухорий ва Муслим ривоят қилишган: "Имом фақат эргашиш учун қўйилган… Унга хилоф қилмангизлар" деган ҳадис ва бошқа асарлар далил бўлади.) Шунда Ул зот уларга айтдилар: “Менга ҳозир Жибрил келиб оёқ кийимда зиён (ифлослик, нажосат) борлигини айтди ва мен уни ечдим". Бу эса инсон нажосатни намоз ичида билиб қолса ва нажосат бор нарсани олиб ташлаб намозини давом эттиришга имкони бўлса, шундай қилишига далил бўлади. Шунга ўхшаб намозга кириб бўлганидан сўнг нажосат борлигини эсласа, нажосат теккан нарсани олиб ташлайди-да, намозини давом эттиради. Лекин нажосат кийимида бўлса-ю унда бошқа кийим бўлмай нажосат борлиги намозда эсига тушса, шунда албатта намозини тўхтатади. Чунки кийимини ечишга имкон йўқ, ечса яланғоч қолади. Шунда айтамизки, намозингни тўхтат, кийимингни юв ва янгитдан намозингни бошла. Абу Ҳурайранинг Хавладан бўлган ҳадисга келсак, у айтдики: Эй Аллоҳнинг Элчиси, агар қон (изи) кетмаса-чи?" Ул зот жавоб бердиларки: "Сенга сув етарлидир, унинг изи эса сенга зарар қилмайди". Бу ҳадис муаллиф айтганидек заифдир. (Таржимон изоҳи: юқорида унинг саҳиҳлиги исботланди. Аллоҳ уламоларимизни Ўз раҳматига олсин.) Лекин унинг маъноси саҳиҳ. Яъни, агар инсон қонни ювса, сув билан ювишнинг охирида унинг ранги қолса, бу ранг зарар қилмайди. Чунки нажосат йўқолди. Мақсад эса рангни эмас нажосатни йўқотиш эди. Аллоҳ тўғри йўлга бошловчидир.
МАНБА ФАЗИЛАТЛИ ШАЙХ МУҲАММАД ИБН СОЛИҲ ИБН УСАЙМИН РАҲИМАҲУЛЛОҲНИНГ
БУЛУҒУЛ-МАРОМГА ШАРҲИ
|