|
ИСЛОМ АХЛОҚИ
|
|
| Rider | Date: Payshanba, 10/04/22, 9:28:25 PM | Message # 1 |
 Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status: 
| ИСЛОМ АХЛОҚИ
ТАРЖИМОНДАН
Ислом ахлоқи... Неча-неча асрлар мобайнида шаклланган, қанча-қанча насллар синовидан ўтиб, ўзининг ҳаётийлигини, ҳамма замонлар ва авлодлар учун мувофиқлигини, кишилик жамияти манфаатларига мослигини, инсоният камолига, маънавият тараққиётига хизмат қилишини амалда тасдиқлаган, шу туфайли даврлару эллар эъзозини қозониб, завол билмай яшаб келаётган ўлмас бир таълимот, умумбашарий ҳаёт дастури, ижтимоий фаолиятнинг бетакрор қоидалари... Муқаддас Қуръони каримнинг табаррук оятлари, сарвари олам Муҳаммад мустафонинг ҳадисларига асосланувчи ислом ахлоқи неча-неча авлодларни энг олижаноб инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаган, эзгулик, ижтимоий адолат, ўзаро тотувлик, биродарлик, меҳрибонлик каби юксак умумбашарий қадриятларни барқарор айлаб, одамийлик, инсонпарварлик тантанасига хизмат қилиб келган. Бу қадриятлар ҳамон маънавиятимизнинг устивор омилларидан бўлиб келмоқда. Турк илоҳиётшунос олими Абдураҳмон Қоя қаламига мансуб ушбу китобчада ислом ахлоқининг моҳияти ва мазмуни, хилма-хил қирралари, уларнинг инсоний камолотдаги ўрни ва аҳамияти ёритилади. Ислом ахлоқи, аввало, ҳар бир мўминни ўз инсонлик бурчига садоқат руҳида тарбиялайди. Шунинг учун китобчада мусулмонларнинг Аллоҳ ва пайғамбар олдидаги, она- Ватан ва халқ-миллат олдидаги, ота-она ва қариндошлар, оила, бутун инсоният олдидаги, ниҳоят, ўзининг олдидаги бурчлари муфассал баён қилинади. Ислом ахлоқи инсонпарварлик ҳар қайси мусулмоннинг доимий одатига айланишини, ҳар қадамда одамларга яхшилик қилишни, жамият манфаатларини ҳамиша ўз манфаатларидан устун қўйишни тақозо этади. Шу туфайли муаллиф ўз асарида ўқувчини ҳалоллик, меҳнатсеварлик, саховат, дўстпарварлик, одоб, адолат, сабр-қаноат каби қатор фазилатлар моҳияти ва уларнинг ижтимоий ҳаётдаги аҳамияти билан таништиради. Инсон деган шарафли номга номувофик, ҳатти-ҳаракатлар, жамиятга, одамларга зарар келтирадиган, уларни ранжитадиган хулқу атвор ислом ахлоқига зид. Бинобарин, текинхўрлик ва ёлғончилик, ичкиликбозлик ва зинокорлик, туҳмат ва ҳасад, такаббурлик ва иғвогарлик каби иллатларнинг зарарли оқибатлари ҳам китобчада анча кенг ёритилади. Асарда, шунингдек, ислом оламига хос урф-одатлар, диний байрамлар тўғрисида ҳам қизиқарли маълумотлар берилади. Муаллиф ислом ахлоқининг ҳар бир қиррасини таърифлар экан, ўз фикрларини Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар билан далиллаб боради. Асар равон ва халқчил услуб, содда, кенг оммага тушунарли тил билан ёзилган, шунинг учун ҳам ҳаммабопдир. Китобчада таърифланган ахлоқий қадриятларнинг аксарияти фақат аҳли ислом учунгина хос бўлиб қолмай, жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси, хусусан, ёш авлод учун ғоят аҳамиятлидир. Улар қадимий маданиятимизнинг муҳим манбаъларидан бири сифатида янгича ахлоқни, истиқлол маънавиятини шакллантириш ва камол топтиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Шундай экан, мазкур асар кенг жамоатчиликка манзур бўлади, деб умид қиламиз. Анвар ҲОЖИАҲМАД
|
| |
|
|
| Rider | Date: Payshanba, 10/04/22, 9:36:54 PM | Message # 2 |
 Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status: 
| I. АХЛОҚ НИМА?
Ахлоқий бурчларимиз қайсилар? Ахлоқ - ҳаётдан ёки ўқиш-ўрганиш ва оила тарбияси билан эришилган руҳий ҳолат демакдир. Сўзларида, ишларида турли ҳолат ва ҳаракатларида дуруст бўлган кишига ахлоқли инсон дейишади. Пайғамбаримиз бир ҳадисларида: "Хулқи яхши бўлган мусулмон имон жиҳатидан энг мукаммал мусулмондир", - деган эдилар. Дин инсонлар билан Аллоҳ орасидаги муносабатларни ҳам, одамларнинг одамлар билан муносабатларини ҳам аниқлаб берган. Инсон дунёда бошқа инсонлар билан бирга яшайди. қаерда бирдан ортиқ киши бўлса, у ерда инсонлар ўртасидаги муносабатларни белгиловчи қонунлар, қоидалар, урф-одатлар бордир. Ислом ахлоқи хам динга асосланган ва ўз куч- қудратини ислом динидан олган бир ахлоқдир. Ахлоқий бурчларимиз қайсилар? - Аллоҳ ва пайғамбар олдидаги бурчларимиз; - ўз олдимиздаги бурчларимиз; - оиламиз олдидаги бурчларимиз; - ватан ва миллатимиз олдидаги бурчларимиз; - инсоният олдидаги бурчларимиз.
|
| |
|
|
| Rider | Date: Payshanba, 10/04/22, 9:38:41 PM | Message # 3 |
 Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status: 
| II. АХЛОҚИЙ БУРЧЛАРИМИЗ
1. Аллоҳ ва пайғамбар олдидаги бурчларимиз. 2. Ўзимизнинг олдимиздаги бурчларимиз. 3. Ойламиз олдидаги бурчларимиз. 4. Ватан ва миллатимиз олдидаги бурчларимиз. 5. Инсоният олдидаги бурчларимиз. 1. Аллоҳ ва пайғамбар олдидаги бурчларимиз - Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига ишониш; - Аллоҳ буюрган ишларни бажариш; - Аллоҳ ман этган ишлардан эҳтиёт бўлиш; - Аллоҳ берган саноқсиз неъматларга шукр қилиш; - Аллоҳни ҳамма нарсадан улуғ тутиб, кўнгилга Аллоҳ муҳаббатини жо қилиш; - Аллоҳ муҳаббатини Аллоҳ даҳшатидан устун қўйиш; - Аллоҳга чин кўнгилдан ибодат қилиш; - Аллоҳ олдида ҳамиша тарбияли, одобли бўлиш. Унинг исмини ҳурмат билан тилга олиш. Инсониятни қоронғи бир дунёдан қутқариб, унга ёрқин бир олам такдим этган ҳамда бизга дунё ва охират бахтини ҳозирлаган киши пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммаддир. Пайғамбаримиз олдида турли бўрчларимиз бор: - Ҳазрати Муҳаммаднинг пайғамбарлигига ишониш; - пайғамбар хабар берган диний масалаларнинг дурустлигини хамда уларнинг Аллоҳдан келганлигини қабул қилиш; - унинг ахлоқидан намуна олиш; - пайғамбаримизнинг ёлғиз бир миллат эмас, балки бутун инсониятга пайғамбар қилиб юборилганига ишониш; - унинг буйруқ ва тавсияларини бажариш, ман этганларидан тийилиш; - унинг ҳаётини ўзимизга ўрнак деб билиб, унинг суннати бўйича яшаш; - унинг номини эшитган вақтда "Соллаллоҳу алайхи ва саллам" ёки "Алайҳиссалоту васаллам" деб дилдан ҳурматлаш; - Аллоҳ ва пайғамбарни ўз жонимиздан ҳам кўпроқ эъзозлаш ва ҳурмат қилиш. Аллоҳ яратган мавжудотлар орасидаги энг улуги инсондир. Унинг жисми ва бу жисм ичида кўзга кўринмайдиган руҳи бор. Ислом дини инсон жисмини ҳар турли хасталиклардан ва зарарли нарсалардан сақлашга ҳамда руҳий жиҳатдан камол топтиришга интилади. Яхши инсон бўлмоқ учун ёлғиз жисмоний саломатликнинг ўзи кифоя қилмайди, балки руҳий саломатлик ҳам зарурдир. Пайғамбаримиз бир ҳадисларида: "Аллоҳ сизнинг ташқи қиёфангизга қарамайди. Лекин Аллоҳ сизнинг ичингизга, қалбларингизга қарайди", — дегандилар. Демак, ички мусаффолик, руҳ мусаффолиги ислом динида ниҳоятда муҳимдир. Инсоннинг ўзи олдидаги энг муҳим бурчларидан бири ҳам ўзини руҳий жиҳатдан камол топтирмоқдир, бузуқ ва ярамас фикрлардан ўзини тозалаш, бошқалар ҳақида ёмон фикр юритишдан ўзини тиймоқдир. Ислом динига кўра икки турли хасталик бор. Бири моддий, жисмоний хасталик бўлса, иккинчиси маънавий хасталикдир. Жисмоний хасталик инсон қиёфасида кўзга ташланиб, билиниб туради. Жисмимизни турли жисмоний хасталиклардан сақлаш ўз олдимиздаги бурчларимиздан биридир. Маънавий хасталиклар инсон жисмида кўринмайди. ғийбат, ёлғончилик, туҳмат, ҳийлакорлик, алдамчилик, такаббурлик, хасислик ва ялқовлик каби хасталиклардан ҳам сақланмоқ керак. Пайғамбаримиз айтадилар: "Икки кунини бир хил ўтказган киши зарар кўради". Ҳақиқий мусулмон ҳар куни олдинга қараб ҳаракат қилувчи ва доимо ўзини камол топтирувчи инсондир. Кўп ўқиган, кўпроқ меҳнат қилган ҳамда кўпроқ изланган одам ўзига, миллатига ва динига фойдали бўлади. Ўзини яхши тарбиялаган инсон ўзининг олдидаги бурчини адо қилган инсондир. Бир жамиятнинг ёки миллатнинг энг кичик бўлаги оиладир. Оиланинг негизи ота-онадир. Оилада яшовчи кишиларнинг бир-бирлари олдида ҳам бурчлари бор. Буларни уч қисмга бўлиш мумкин: - Ота-онанинг болалари олдидаги бурчлари; - болаларнинг ота-оналари олдидаги бурчлари; - туғишганлар ва қариндошларнинг бир-бирлари олдидаги бурчлари. Ота-онанинг бурчи бола туғдиришдангина иборат эмас. Туғилган фарзандни ўстириш, яхши тарбиялаш, дини ва миллати учун фойдали қилмоқдир. Пайғамбаримиз бир ҳадисларида: "Фарзандларингизни яхши боқингиз, уларни яхши тарбия қилингиз", - деб марҳамат қилган эдилар.
|
| |
|
|
| Rider | Date: Payshanba, 10/04/22, 9:39:31 PM | Message # 4 |
 Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status: 
| - Ота-она фарзандларини ҳалол ризқлар билан боқиши; - бола туғилгач, диний одатларга мувофиқ чиройли ва маъноли исм қўйиши; - ўғил боласини суннат қилдириши; - мактаб ёшига етгач, уни мактабга юбориб ўқитиши; - етти ёшидан бошлаб аста-секин диний билимларни ўргата бориши ва баъзи сураларни ёдлатиши; - ўн ёшига етгач, намоз ўқишга даъват этиши керак. Бу ёшдан сўнг болага Қуръон ўқитиш ва динимизнинг негизларини ўргатиш ота-онанинг энг муҳим вазифаларидандир. - ота-она болаларини бир хил кўриши зарур. Исломиятдан аввал араблар қиз болаларини ёмон кўриб, уларни тириклайин ерга кўмардилар. Исломият одамларни бу аҳволдан қатъий равишда қайтарди. Пайғамбаримиз бир ҳадисларида: "Аллоҳдан қўрқинг ва болаларингиз борасида адолатдан узоқлашманг", - деган эдилар. - ота-она фарзандининг яхши кишилар билан дўст бўлишига диққат қилиши керак, чунки ёмон кишилар болани ёмон йўлларга бошлаши мумкин; - уйланиш ёшига етганда, боласини уйлантириши зарур. Бизнинг дунёга келишимизга ота-онамиз сабаб бўлган. Улар бизни авайлаб ўстиришган, ҳаётларининг энг қимматли вақтларини бизга бахшида этишган. Бизни деб кўп қийинчиликларни бошларидан кечиришган. Шунинг учун ҳам уларнинг бизда кўп ҳақлари бор. Ота-она ҳақини тугал адо этмоқнинг иложи йўқ, ҳар қанча тиришсак ҳам уларнинг ҳақлари тамом бўлмайди. Лекин улар биздан мамнун ва рози бўлсалар, биз ўзимизнинг фарзандлик бурчимизни бажарган бўламиз. - Болалар ота-оналарига аччиқланиб қарамасликлари, бақириб, қичқириб уларни ранжитмасликлари керак. Чунки Аллоҳ таоло: "...ота-онага "уф" деб айтма..." дейди. ("Исро" сураси, 23—оят) - Болалар ота-оналарига ҳурмат кўрсатиб, уларга итоатли бўлишлари лозим. Пайғамбаримиз бир ҳадисларида: "Ота-онага итоат Аллоҳга итоатдир. Уларни норози қилиш Аллоҳни норози қилишдир...", - дедилар. - ота-она чақирган вақтда югуриб келишлари, уларнинг топшириқларини ўрнига қўйишлари, юмшоқ ва ширин тил билан жавоб қайтаришлари зарур; - муҳтож бўлиб қолган ота-онага болалари ёрдам қилишлари; - болалар қаерга борсалар ҳам, ота-оналарига хабар бериб, улардан рухсат сўрашлари; - ота-она уйга кирганда, болалар уларни ўриндан туриб қарши олишлари; - вафот этган ота-оналарини болалар унутмасдан, ҳар вақт уларни дуолар билан эсга олишлари, қабрларини бориб зиёрат қилишлари керак. Болаларнинг ўз ота-оналари олдидаги бурчлари ҳақида пайғамбаримиз ўзларининг икки ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар; - "Аллоҳ яратган энг суюкли амаллар, ишлар вақтида ўқилган намоз ва ота- онага яхшилик қилишдир". - "Жаннат оналарнинг оёқлари остидадир". Ота-онадан сўнг энг яқин кишиларимиз туғишганларимиздир. Ўзимизни эъзозлаганимиз каби уларни ҳам шу тарзда эъзозламоғимиз даркор. Ота-онанинг вафотидан сўнг энг катта ўғил - ота, энг катта қиз - она ўрнидадир. Ёшроқ туғишганлар ака-опаларини ҳурмат қилишлари, улар эса ёшроқ туғишганларига шафқат кўрсатишлари лозим. Туғишганлар ва қариндошлар: - ота-онадан қолган мол ва пулларни адолат билан бўлишишлари, мерос масаласида бир- бирларини ранжитмасликлари; - бир-бирлари билан яхши муносабатда бўлиб, қайғу ва шодликларига шерик бўлишлари; - уйлари бир—бирларига яқин бўлса, тез-тез кўришиб туришлари, йироқ шаҳарларда ёки бошқа мамлакатларда яшасалар, хатлар ва телефонлар орқали алоқани узмасликлари лозим. Бу ишга ислом динида "силаи раҳм" дейилади.
|
| |
|
|
| Rider | Date: Payshanba, 10/04/22, 9:40:55 PM | Message # 5 |
 Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status: 
| Пайғамбаримиз бир ҳадисларида: "Ризқининг кенг, умрининг узоқ бўлишини тилаган одам қардошларига бориб қарасин, уларни зиёрат қилсин", - дегандилар. - бой кишилар муҳтож туғишганлари ва қариндошларига ёрдам кўрсатишлари керак. Динимизда закот ва садақа муҳтож кишиларга берилиши таъкидланган. Лекин қариндошлари орасида муҳтожлар бўлса, закот ва садақани уларга бериш савоблироқ саналади; - мабодо хато иш қилсалар, бир-бирларини авф этишлари, ўпкалаб юрмасликлари зарур, чунки динимизга кўра уч кундан ортиқ сўзлашмасдан юриш дуруст саналмайди. Дини, тили, маданияти, тарихи, урф-одатлари бир бўлган одамлардан ташкил топган халққа миллат дейилади. Динлари ва тиллари бир бўлмаса ҳам шу ватанда яшовчи кишиларга ватандош дейилади. Ҳар бир кишининг ўз ватани ва миллати олдида турли бурчлари бор: - ватандошлар орасида инсоний муносабатларни тайинлаш учун ўша мамлакатнинг ҳукумати қонунлар чиқаради. Бизнинг бурчларимиздан бири ушбу қонунларни ҳурмат қилишдир. Чунки одамлар қонунларга асосланиб яшасалар, роҳатда ва осойишталикда бўладилар; - одамлар ўзлари топган пулларнинг бир қисмини ҳукуматга тўла-тўкис тўлашлари керак. Бу маблағ билан ҳукуматлар ватандошлар учун керакли бўлган ишларни бошқарадилар. Масалан, шифохоналар, мактаблар, йўллар, фабрикалар қурадилар. Шунинг учун ҳам ҳукумат талаб қилаётган солиқни тугал қилиб тўлаш муҳим бир ватандошлик бурчидир; - Ватанни сақлаш фақат пул билангина бўлмайди. Ҳозирги кунда миллатлар ўз эркинликлари ва ватанларини сақлаш учун юз мингларча аскарларни хизматда тутадилар. Мол бурчини солиқ билан, жон бурчини эса аскарлик билан адо қилинади. Вақт келганда аскарлик бурчини ўташ ҳам ватан олдидаги бурчимиз саналади. - Мамлакат ишларини олиб борувчи ҳукумат одамларини ватандошлар сайлайдилар. Сайлов вақтида яхши кишиларни ҳукуматга ёки парламентга сайлаш ҳамда сайловларга қатнашиб овоз бериш ватан ва миллат олдидаги бурчларимиздан биридир. Ислом динига кўра бутун инсоният бир ота-онанинг, Одам ато билан Момо Ҳавонинг фарзандларидир. Дунёда турли тусдаги, турли дин ва эътиқоддаги кишилар яшайди. Ислом динида бўлган кишининг мусулмонлар ҳамда мусулмон бўлмаган одамлар олдида турли бурчлари бор: - Бошқа кишиларнинг ҳаёти ҳам бизники каби ҳурматли, қимматли ва қадрлидир. Ҳар бир кишининг бу дунёда яшашга ҳақи бор. Динимизга кўра бирон кишини ҳам ҳақсизлик билан ўлдириш ярамайди, чунки ислом динида энг зўр гунохлардан бири одам ўлдиришдир. - Аллоҳ барча одамларни ҳур қилиб яратган. Улар тутқинликда яшаш учун туғилмаганлар. Исломиятдан аввал қулларни бозорларда мол каби олиб сотардилар. Исломият бу ҳолга барҳам берди. Пайғамбаримиз: "Оналаридан ҳур бўлиб туғилган инсонларни қулликка солишга сизнинг ҳаққингиз йўқдир",- деганлар. - Одамларнинг ўй-фикрлари, эътиқодлари бир хил эмас. Турлича фикр юритувчилар бор. Ҳар бир кишининг ўзига хос бир фалсафаси бор. Шундай экан, бизга ўхшаб ўйламайдиган одамларнинг ҳам фикрларини ҳурмат қилиш керак. Уларнинг яхши фикрларини қабул этиш, дуруст бўлмаган фикрларига эса жавоб бериб, улар билан баҳслашиб, ҳақиқатни англатиш лозим. Фикрлар бир бўлмагач, улар ўртасида кураш бошланади, бу кураш эса одам боласининг фикрлар оламини кенгайтиради. - Одамларнинг номуси ва шарафини ҳурмат қилишимиз лозим. Инсон энг улуғ, энг шарафли мавжудотдир. Уни обрўсизлантириш учун туҳмат қилиш, ғийбат қилиш, ёмонлаш, чақимчилик қилиш исломда ҳаром қилингандир. - Одамнинг моли ҳам жони каби қимматлидир. Бошқаларнинг моли ва пулига зарар етказмаслик керак. Ҳақсизлик ва зулм билан одамлар молини тортиб олиш ҳаромдир. Кишиларнинг уйлари, ашёлари, ҳайвонлари каби турли мулкларига зарар етказиш гуноҳ саналади. Демак, ҳар бир одамнинг жони, моли, номуси, ўй-фикрлари ва эътиқодини ҳурмат қилсак, кишилар ва инсоният олдидаги ахлоқий бурчимизни бажарган бўламиз.
|
| |
|
|
| Rider | Date: Juma, 10/04/23, 11:50:30 PM | Message # 6 |
 Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status: 
| III. ЧИРОЙЛИ ХУЛҚЛАР
1. Тўғрилик. 2. Меҳнатсеварлик. 3. Марҳамат ва юмшоқ кўнгиллилик. 4. Ҳамдардлик ва сахийлик. 5. Одоб ва ҳаё. 6. Дўстлик ва қардошлик. 7. Сабр. 8. Шукр. 9. Катталарга ҳурмат, кичикларга муҳаббат. 10. Ҳақиқат. 11. Адолат. 12. Омонатлилик. 13. Ваъдага вафо. 14. Тавба.
Тўғрилик - сўзларимизда, ишларимизда ва ҳаракатларимизда яхши бўлмоқ демакдир. Беш вақт намоз ўқиганда, жаноби Ҳақдан тўғриликни сўраймиз ва: "Бизларни ғазабга дучор бўлмаган ва ҳақ йўлдан тоймаган зотларга инъом қилган йўлинг бўлмиш - тўғри йўлга йўллагайсан", - деб дуо қиламиз. ("Фотиҳа" сураси, 6-7 оятлар.) Тўғри одам ёлғон сўзламайди, биронта кишини алдамайди, ҳийла қилмайди. Ўзини обрўсизлантирувчи ҳаракатлар қилмагани учун одамлар орасида шарафли ва эътиборли бўлади, ҳамма томонидан севилади, хотирланади. Тўғриликни Аллоҳ мусулмонларга фарз қилган. Кўпгина оят ва ҳадисларда тўғриликнинг аҳамияти таъкидланган. Жаноби Ҳақ Қуръонда: "Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва имонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз", -деб таъкидлаган ("Тавба" сураси, 119-оят). Мусулмон сўзлаганда уч нарсага диққат қилади: - тўғри сўзлайди; - ваъда берса, ваъдасида туради; - қўлидан келмайдиган масалаларда ваъда бермайди. Пайғамбаримиз тўғриликка катта аҳамият берар ва мусулмонларни ҳам самимийликка даъват қилардилар. Бир куни бир араб келиб пайғамбаримизга шундай деди: "Эй Аллоҳнинг элчиси, мен нодон бир одамман. Менга динда фойдаси бўлган бир сўз ўргатасизми?" Шунда пайғамбаримиз жавоб бердилар: "Аллоҳга ишон ва ҳар ишингда тўғри бўл". Ҳар бир пайғамбарда беш сифат бўлади. Булардан бири садоқат, яъни тўғриликдир. Шунинг учун айтилганки: "Тўғрилик пайғамбар сифатидир". Тўғриларни Аллоҳ ҳам, одамлар ҳам ардоқлайди. Ёлғончиларни, алдамчиларни Аллоҳ ҳам, одамлар ҳам ёқтирмайди. Ёлгончилик барча динларда ҳаром саналади. Қуръонда Аллоҳ: "Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар", - деб марҳамат қилган ("Аҳзоб" сураси, 70-оят). Мусулмон қўли ва тили билан бошқаларга зарар еткизмайди, ўзига тилаган нарсани мусулмон қардошига ҳам раво қўради. Мусулмон ҳалол молига ва пулига ҳаромни аралаштирмайди. Оиласи ва болаларига ҳаром ризқ едирмайди. Пайғамбаримиз бир ҳадисларида шундай марҳамат қилган эдилар: "Бир мусулмонга зарар етказган ва уни алдаган киши биздан эмасдир".
|
| |
|
|
| Rider | Date: Juma, 10/04/23, 11:51:36 PM | Message # 7 |
 Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status: 
| Қуръонда ҳам Аллоҳ марҳамат қиладики: "(Ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсаларга ҳалокат бўлгай. Улар одамлардан (бирон нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса кам қилиб берадиган кимсалардир". ("Мутаффифун" сураси, 1.-3-оятлар.) Бизлар, алҳамдулиллоҳ, мусулмонмиз. қилган ишларимизни Аллоҳ кўриб туради, фаришталар гуноҳ ҳамда савобларимизни ёзиб турадилар. Одамларни алдасак ҳам, Аллоҳни алдаш мумкин эмасдир. Мусулмонлик меҳнатсеварлик динидир. Динимизнинг аҳамият билан қарайдиган масалалардан бири меҳнатсеварликдир. Аллоҳ меҳнатсеварликни ҳам ибодатдан санаган ва фарз қилган. Жаноби Ҳақ Қуръонида шундай деб буюради: "Аллоҳ сенга ато этган мол- давлат билан (аввало) охират (ободлигини) истагин ва дунёдан бўлган насибангни унутмагин". ("Қасос" сураси, 77-оят). Бу дунёси учун меҳнат қилмаган миллатлар қашшоқ бўлиб қоладилар, бошқа миллатларга муҳтож бўладилар, қудратларидан жудо бўлиб, бошқа миллатларга қарам бўлиб қоладилар. Бундай миллатлар у вақтда Аллоҳ олдидаги ибодатларини тўла-тўкис адо этолмайдилар, болаларини ўқита олмайдилар, нодон бўлиб қоладилар. Бундай миллатнинг динлари, имонлари заифланиб, бу дунё қайғусидан динларини камол топтиришга ҳоллари келмайди ва оғир аҳволга тушиб қоладилар. Бу дунёга ортиқча берилиб, охиратни унутган кишиларда ҳам мана шунга ўхшаган ҳолатлар юз беради. Дин, имон заифлашади, масжидларда намоз ўқувчилар камаяди, кишилар ўртасидаги яқинлик ва муҳаббат тугайди, одамларнинг даражаси пул билан ўлчанади. Такаббурлик ортиб, дўстлик ва қардошлик камаяди. Буларнинг иккаласи ҳам зарарлидир. Шунинг учун мусулмон кишИ бу дунёни ҳам, охиратни ҳам унутмаслиги керак. Пайғамбаримиз бир ҳадисларида шундай деганлар: "Чинакам мусулмон охиратдан ҳам, бу дунёдан ҳам воз кечмайди. Дунёсини қолдириб, ёлғиз охирати учун қайгурувчи киши хайрли, яхши мусулмон эмас. Охиратни унутиб, ёлғиз бу дунёси учун киришувчи ҳам хайрли мусулмон эмас. Одамларнинг хайрлиси, яхшиси бу дунёси учун охиратдан кечмайди, охирати учун бу дунёсидан кечмайди, иккаласини бирга олиб боради ва бошқаларга оғирлик туширмайди". Демак, ҳақиқий мусулмон дунё ва охират ишларини бирга олиб борган кишидир. Бошқа бир ҳадисларида ҳам пайғамбаримиз: "Бу дунё учун ҳеч ўлмайдигандек бўлиб меҳнат қил, охират учун эса худди эртага ўлаётгандек бўлиб меҳнат қил", - деб марҳамат қилганлар. Аллоҳ таоло бу дунёни ҳам, охиратни ҳам имонли қуллари учун яратган. Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бахтиёр бўлмоқ мусулмоннинг ҳақидир. Баъзи мусулмонлар "бу дунё кофирларники, охират мусулмонники", - деб ишонадилар. Яъни, бу дунёда мусулмонларга роҳат йўқ, охиратда кофирларга роҳат йўқ. ёки кофир бу дунёда бахтли бўлади, мусулмон эса охиратда бахтли бўлади. Аллоҳ таоло бу дунёни ўзига ишонган қуллари учун яратган. Мусулмон одам бу икки жаҳонда ҳам бахтиёр бўла олади. Пайғамбаримизнинг энг кўп қилган дуоларидан бири "Раббано отино" дуосидир. Унинг маъноси: "Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ва гўзаллик бергайсан. Бизни жаҳаннам ўтидан сақлагайсан". Пайғамбаримиз бу дуода дунё учун қайғу ва азоб сўрамаганлар, балки яхшилик сўраганлар. Дунёда бахтли бўлиш учун охиратни унутмасдан ҳаракат қилмоқ лозим. Чунки дунё ҳаёти фонийдир, жуда тез ўтиб кетади. Охират ҳаёти эса мангудир. Пайғамбаримиз бир ҳадисларида: "Дунё охиратнинг зироатгоҳидир. Унга нима эксанг, охиратда шуни ўрасан", - деган эдилар. Бир ислом олими айтишича, дунёда икки турли одам бор. Бирини дунё алдайди, чунки у Аллоҳни ҳам, охиратни ҳам унутган, дунё учунгина ҳаракат қилади. Иккинчиси дунёни алдайди, чунки у дунё учун ҳам, охират учун ҳам ҳаракат қилади. Бу ишларни бирга олиб боради. Сиз шу иккинчилардан бўлинг. Дунё сизни алдамасин, сиз дунёни алданг.
|
| |
|
|
| Rider | Date: Juma, 10/04/23, 11:53:37 PM | Message # 8 |
 Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status: 
| Пайғамбаримиз бир куни саҳобалари билан ўтирганларида, қўлларига иккита қисқа таёқ олиб, улардан бирини ёнларига қўйдилар, бошқасини узоққа отдилар. Сўнг саҳобалардан: "Бу ҳаракатларимнинг маъносини биласизми?" - деб сўрадилар. Саҳобалар: "Аллоҳ ва унинг элчиси билур", - деб жавоб беришди. Шунда пайғамбаримиз бу ҳаракатнинг мазмунини бундай деб тушунтирдилар: "Бу қисқа таёқларнинг бири амал, бири эса ажалдир. Узоққа улоқтирилган таёқ одамнинг амали, яъни дунёдаги тилакларидир. Киши ҳамма вақт шу тилаклар орқасидан югурадию, лекин ҳечам етолмайди. Ёнимга қўйилган таёқ эса кишининг ажалидир. Ажал, ўлим одамга жуда яқин, лекин одамлар ажалдан ғофилдирлар. Одам амалининг орқасидан югуриб юрган вақтда ажал уни тутиб олади ва дунёдаги ҳаёти тугайди. Дунё ҳаёти сизни алдамасин, чунки Аллоҳ одамга шох томиридан ҳам яқинроқдир". Ўлим билан охиратни ҳамиша ёдда тутиш керак. Бир кун келиб биздан у фоний дунёда қилган ботин ишларимиз сўралади. Ислом динида шафқатли бўлишга ва ёрдам қилишга марҳамат дейилади. Аллоҳ таоло Раҳмон ва Раҳимдир. Яъни бандаларига бу дунёда ва охиратда ғоятда шафқатли ва меҳрибондир. Бинобарин, марҳамат илоҳий бир туйғудир. Мусулмон тош бағир, қаттиқ кўнгилли эмас, аксинча, марҳаматли ва юмшоқ кўнгилли бўлишга интилиши лозим. Аллоҳнинг махлуқларига кўнглида шафқат ва марҳамат мавжуд бўлган киши афзал одамдир. Бундай инсон Аллоҳнинг раҳмон ва раҳимлик сифатларидан улуш олгани учун ҳар турли эҳтиромга лойикдир. Аллоҳнинг раҳмати ва марҳамати эса чексиздир. Уларнинг кичик бир ҳиссасигина одамларга берилган. Пайғамбаримиз бир ҳадисларида: "Аллоҳ таоло раҳмат ва марҳаматини юз қисмга бўлди. Тўқсон тўққиз қисмини ўзига қолдириб, бир қисминигина ер юзига туширди. Мана шу бир улушнинг марҳамати туфайли одамлар бир-бирларига марҳамат кўрсатадилар - деган эдилар. қаттиқ кўнгилли кишилар, бошқаларга зулм қилиб азоб берувчилар бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бахтиёр бўла олмайдилар. Ислом дини қаттиқ кўнгилли кишилар бўлишни ҳаром қилган. Исломиятдан аввал араблар золим ва нодон одамлар бўлгандилар. Тўхтовсиз уруш қилиб, бир-бирларини ўлдирардилар, қиз болаларни ёқтирмасдан тириклигича ерга кўмардилар. Ислом дини бундай ҳолларни қатьий равишда таъқиқлаб, одамларни шафқатли бўлишга даъват қилди. Мана шу шафқат тошбағирликни тугатиб, кўнгилларни юмшатади. Душманликларни дўстликка айлантиради. Бир куни пайғамбаримиз набиралари ҳазрати Ҳасанни қучоқлаб ўпган вақтларида Ақро ибни Ҳабис отли дўстлари буни кўриб, пайғамбаримизга шундай деди: "Демак, сиз болаларни ўпасиз. Менинг ўн болам бор, мен уларни ҳеч қачон ўпмаганман". Пайғамбаримиз бу кишига табассум билан бокдиларда, шундай дедилар: "Марҳамат қилмаган кишига марҳамат қилинмас"; Бошқа бир ҳадисларида пайғамбаримиз: "Одамларга марҳамат қилмаган кишига Аллоҳ ҳам марҳамат қилмас", - дейдилар. Бу ҳадислардан кўриниб тирибдики, марҳаматсиз ва қаттиқ кўнгилли одамларга Аллоҳнинг ҳам марҳамати йўқдир. Ислом дини мусулмонларни бир гавданинг аъзолари деб билади. Гавданинг аъзолари бир- бирларига ғамхўрлик қилиб, гавданинг саломатлигини сақлагани каби мусулмонлар ҳам бир- бирларига таяниб, бир-бирларининг қайғуларини ўртоқлашиб, марҳамат ва шафқат кўрсатиб, ораларидаги муҳаббат ва ҳурматни зиёда қиладилар. Қуръонда Аллоҳ таоло: "Раҳматим меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир", - дейди. ("Аъроф" сураси, 156-оят). Ислом дини томонидан бизга даъват этилган марҳамат барча инсониятга, ҳатто бутун махлуқотга тааллуқлидир. Мусулмон одам инсониятгагина эмас, ҳайвонлар оламига ҳам марҳаматли бўлади, зарарсиз ҳайвонларни ўлдирмайди, оч ва сувсиз қолдириб ёки беҳудага қийнаб ҳайвонларга азоб бермайди. Ислом динида ҳайвоннинг ҳам ҳаққи ва ҳуқуқи бор.
|
| |
|
|
| Rider | Date: Juma, 10/04/23, 11:54:48 PM | Message # 9 |
 Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status: 
| Бир сафар пайғамбаримиз саҳобаларга дўзахи бир хотин ҳақида сўзлаб бердилар. Бу хотин мушугидан хафа бўлиб, бир катакка қамаганда, овқат, ҳам, сув ҳам бермаган, шу туфайли мушукнинг оч қолиб ўлишига сабабчи бўлган. Ана шу хотин мушукка рахм қилмагани учун дўзахи бўлган. Ислом дини одамларгагина эмас, барча жониворларга ҳам шафқатли ва марҳаматли бўлишга буюради. Сахийлик муҳтож кишиларга беғараз, холис ёрдам беришга сахийлик дейилади. Бир жамиятда турли одамлар яшайдилар. Уларнинг ҳаммаси ҳам бир хил эмас. Ораларида кучлилари бор, заифлари бор, олимлар ва нодонлар бор. Инсон оламда қанчалик бой, қанчалик куч-қудратли бўлса ҳам, бир ўзи яшай олмайди. У бошқа кишиларга эҳтиёжлидир. Шунинг учун ҳам динимиз ўзаро ёрдамлашишни фарз қилган. Ҳамдардлик ва сахийлик Қуръонда фарз қилинган ва пайғамбаримизнинг ҳадисларида улуғланган. Сахийликнинг зидди бўлган хасислик эса ҳаром қилингандир. Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад (САВ) бир ҳадисларида марҳамат қиладиларки: "Сахийлик шохлари дунёга тушиб турган жаннат дарахтларининг биридир. Ким бу дарахтнинг шохларидан бирини ушласа, у шох ўша одамни жаннатга етаклайди. Хасислик шохлари бу дунёга тупшиб турган жаҳаннам дарахтларининг биридир. Ким бу дарахтнинг шохларидан тутса, у шох ўша одамни жаҳаннамга етаклайди". Ислом тарихида энг катта саховат кўрсатувчи, ҳеч шубҳасиз, пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад саллоллоҳу аЛайҳи васалламдурлар. Ул зотнинг саҳобаларидан Собир розиаллоҳу анҳу шундай дейдилар: "Пайғамбаримиздан бир нарсани сўрасанг, ҳеч қачон қуруқ қайтармас эдилар. Бор бўлса берардилар, йўқ бўлса, беришга ваъда қилардилар".Одамлар ўртасида севги ва муҳаббатни орттирувчи энг муҳим нарса ўзаро ёрдамлашиш ва саховатдир. Аллоҳ ўзининг севган бандаларини саховат ҳиссидан баҳраманд қилган. Пайғамбаримиз ўз ҳадисларидан бирида марҳамат қилиб айтадиларки: "Шубҳасиз, сахий киши Аллоҳга, одамларга ва жаннатга яқин, жаҳаннамдан узоқдир. Хасис киши эса Аллоҳдан, одамлардан ва жаннатдан узоғу, жаҳаннамга яқиндир". Динимизда саховат икки қисмга бўлинади: - моддий саховат - мол ва пул билан берилган ҳар- хил ёрдамлар; — маънавий саховат - қайғули кишиларни ширин сўзлар билан юпатиш, одамларнинг хатоларини кўрганда ўгит-насиҳат қилиш, илми билан одамларга ҳақ ва ҳақиқатни англатиш, одамлар олдида очиқ юзли, ширин сўзли бўлиш каби ишлардир. Бу икки хил саховатда ҳам савоб бор. Қуръонда Аллоҳ буюрадики: "Ким бирон чиройли амал қилса, унга ўн баробар қилиб қайтарилур. Ким бирон ёмон иш қилса, фақат ўшанинг баробарида жазоланур ва уларга зулм қилинмас" ("Анъом" сураси, 160-оят). Мададкорлик ва саховатнинг қимматини оширадиган нарсалардан бири қилган яхшиликларимизнинг Аллоҳ билан бизнинг орамизда қолишидир. Саховатни ошкор қилиш эса мақтаниш бўлиб, дуруст ҳисобланмайди. Чунки Аллоҳ яширин бўлсин, ошкор бўлсин, қилган барча ишларимизни билиб туради. Одоб - тарбия, гўзал ахлоқ, назокатлилик демакдир. Ҳаё - уялиш, Аллоҳдан қўрқиб ёмон ишлардан сакланиш, тортиниш демакдир. Ҳар бир мусулмонда бўлиши керакли энг муҳим нарсалардан бири одоб ва ҳаёдир. Агар одамларда одоб ва ҳаё бўлмаса, Аллоҳдан қўрқиш ва ижтимоий назорат бўлмаса, балки олам тартиблари бузилиб кетарди. Ҳар бир киши қилган хато ва гуноҳларидан уялмаса, одамлардан тортинмаса, Аллоҳдан қўрқмаса, ёмон ва ножўя ишларни тўхтатиб бўлмас эди. У чоғда мамлакатлар ёвуз одамлар қўлига ўтиб, тинчлик ва осойишталик тугар, ҳаётнинг лаззати қолмасди. Одобли одам бошқалар билан яхши муносабатда бўлиб, катталарни ҳурмат қилади, кичикларга шафқат кўрсатади. Одобли киши ўз обрўсини тўкадиган ҳаракатлардан узоқ бўлади. Мабодо шундай бир ҳаракатни содир этса, уялиб юзи қизаради ва виждони азобланади. Ана шундай ҳиссиётга эга бўлган киши одобли ва ҳурматли инсон саналади.
|
| |
|
|
| Rider | Date: Juma, 10/04/23, 11:55:48 PM | Message # 10 |
 Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status: 
| Баъзи кишилар ўзлари билмаган ёки бехабар ҳолда бирон хато иш қилиб қўйсалар, уятдан бошларини кўтаролмай қоладилар. Бошқа бир кишилар эса катта хато қилиб қўйсалар ҳам, асло парво қилмайдилар. Чунки бундай одамлар одобу ҳаёларини, виждон туйғусини йўқотган кишилардир. Ислом дини бўйича одоб ва ҳаё одамларни ножўя ишлардан сақловчи бир қалқон, ҳимоячидир. Ислом динида гуноҳ иш қилиш қораланади. Лекин бир киши қандайдир бир сабаб туфайли айб ва гуноҳ ишни қилишга мажбур бўлса, уни одамларга очиқ кўрсатиб бажариши тўғри бўлмайди. Чунки ножўя ва фойдасиз ишлар одамдан одамга ўтадиган касалликка ўхшайди. Агар бирон киши хатога йўл қўйса, бу билан беихтиёр бошқа кишиларга ўрнак бўлмаслик учун одамлардан уялиб, пинҳон тутиши даркор. Пайғамбаримиз бир ҳадиси шарифларида: "Уялмаган одам билганини қилсин", - дегандилар. Демак, бошқалардан уялмаган одам ҳар хил ножўя ишларга йўл қўяди, лекин охирида ўз жазосини олади. Бошқа бир ҳадисларида: "Одамлардан уялмаган Аллоҳдан ҳам уялмас ", - дейдилар. Уялиш икки турли бўлади: - Аллоҳдан уялиш; — одамлардан уялиш. Аллоҳдан уялмоқ одамлардан уялишдан афзалроқдир, чунки Аллоҳдан уялиш одамларни ҳар хил ёвузликлардан ва ўсалликлардан қайтаради. Ислом дини дўстлик ва қадрдонлик ҳақида ҳам бир қатор даъватлар ва тавсиялар яратган. Қуръонда дўстлик тўғрисида турли оятлар мавжуд. Масалан, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло шундай амр қилади: "Сизнинг дўстингиз фақат Аллоҳ, Унинг пайғамбари ва таъзим-тавозеъ қилган ҳолларида намозни тўкис адо этадиган, закотни (ҳақдорларга) ато этадиган мўминлардир" ("Моида" сураси, 55-оят). Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад (САВ) шундай деганлар: "Одам дўстининг йўлидадир. Ким билан дўстлашишингга эътибор қил". Инсон қайғули дамларда ҳам, хурсандлик чоғларида ҳам дўстларга муҳтождир. Чунки қайғу ва шодликларимизни дўстларимиз билан ўртоқлашамиз. Оғир ва қайғули вақтларимизда улар биз учун катта таянч бўладилар. Ислом олимларининг Пайғамбаримиз ҳадисларига асосан дўст танлаш ҳақидаги тавсиялари қуйидагилардир. Дўстинг ақлли бўлсин. Нодонлар билан дўстлашган одамлар ҳеч бир вақт балодан қутулмайдилар. Чунки бундай кишиларнинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ бўлади. Улар ниятлари яхши бўлганида ҳам, яхшилик қиламан, деб ёмонлик қилиб қўядилар. Ақлли кишининг душманлиги нодон одамнинг дўстлигидек зарарли бўлмайди. Ақлли душман зарар еткизганида ҳам, меъёридан оширмайди, зарарнинг чегарасини билади. Шунинг учун ота-боболаримизнинг ҳикматли сўзларида: "Ақлли душмандан қўрқма, аҳмоқ дўстдан қўрқ", "Дўстинг ўзингдан яхшироқ бўлсин", — дейилган. Дўстинг диёнатли, эътиқодли бўлсин. Дўст тутинадиган кишининг диёнатли ва одобли бўлгани яхши, чунки диёнатсиз одам ўз- ўзининг душманидир. Уз-ўзига душман бўлган киши қандай қилиб бошқаларга дўст бўлсин. Ҳақиқий дўстлар ишимиз тушганида - ёрдамчи, қайғули дамларимизда юпатувчи ёлғиз қолганимизда бизни хотирловчи кишилардир. Эътиқодсиз кишилардан ҳар турли номаъқулчиликларни кутиш мумкин. Чунки, улар учун фақатгина ҳаёт, дунё ҳаёти бор. Улар ҳаётни роҳат-фароғатда ўтказиш учун Аллоҳдан ҳадиксирамай, турли ножўя ишлар билан шугулланадилар.
|
| |
|
|
| Rider | Date: Juma, 10/04/23, 11:57:33 PM | Message # 11 |
 Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status: 
| Дўстинг гўзал ахлоқли бўлсин. Дўстимиз бизни фақат яхшиликка ундовчи, зарарли ишлардан тўхтатувчи киши бўлиши керак. Заиф ахлоқли одамлар билан дўст бўлиш киши ахлоқининг бузилишига сабаб бўлиши шубҳасиз. Ёмон ахлоқли одамлар билан дўстлашишни ислом олимлари катта денгизда кичкина бир кема билан сафар қилишга ўхшатганлар. Бундай сафарда одамлар катта тўлқинлар ва таҳликаларга дуч келадилар. Жонимизни қутқаргунимизча, қўрқув ва қайғудан қутулмаймиз. Дўстинг самимий ва насиҳат берувчи бўлсин. Дўстимиз насиҳат берувчи, хатоларимизни кўрса, улардан огохлантирувчи ва танқид қилувчи бўлиши керак. Одам хатосиз бўлмайди. Пайғамбаримиз айтганларидек: "Одам боласининг ҳаммаси ҳам хато қилади. Хато қилувчиларнинг энг яхшилари тавба қилувчилардир". Боболаримиз ҳам: "Дўст куйдириб гапирар, душман кулдириб", - деганлар. Дўстлар қаттиқ гапирсалар ҳам, уларнинг сўзлари биз учун фойдалидир. Ҳақиқий дўстларнинг сўзи дорига ўхшайди. Касал одам аччиқ дори ичишни ҳамиша ҳам ёқтиравермайди, лекин у, киши саломатлиги учун фойдалидир. Дўстинг сирларингни ва айбларингни сақлагувчи бўлсин. Дўстлар билан суҳбатлашиш, қайғу ва шодликлари, сирларини уларга сўзлаш ҳар бир одамнинг эҳтиёжидир. Киши сирларини дўстларига айтиб ором олади. Дўстларимиз бизни тинглаб ёрдам қилувчи, ўзларига ишонилган сирларни сақловчи бўлишлари керак. Сабр чидамли бўлишдир, огир ҳолатлар юз берганда, уларга чидаб, ўзимизни йўқотмаслигимиздир, ножўя сўзлардан, ўринсиз ҳаракатлардан ўзимизни тийишдир. Бу дунё имтиҳонлар оламидир. Инсон ҳаётда турли ҳолатларга дуч келади. Баъзи ҳодисалар кишини шодлантирса, бошқалари ғамгин қилади. Шодлик вақтида шукр қилиш, қайғули дамларда сабр этиш мусулмонларга фарз қилинган. Аллоҳ ризолигини ўйлаб, Аллоҳнинг муносиб кўрганига сабр қилиш катта савобдир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло: "Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилувчиларга ажр- мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур", -деб марҳамат қилади. ("Зумар" сураси, 10-оят). Пайғамбаримиз бир ҳадисларида: "Мусулмон киши хурсандчилик вақтида шукр қилур. Бу унинг учун яхшидур, савобдир. қайғули дамларда сабр этур, бу ҳам унинг ўзи учун яхшидир. Мусулмон одамнинг аҳволи қизиқ. Ҳар бир ишида савоб бор. Бу мусулмонлардан бошқаларда бўлмас", - деган эканлар. Сабр мусулмоннинг қуролидир. Лекин уни ўз ўрнида қўллаш зарур. Баҳоли қудрат меҳнат қилмасак, ялқовлик қилиб, қашшоқликка рози бўлсак, Аллоҳ пешонамизга шуни ёзган экан, деб муҳтожлик олдида бош эгсак, сабрли саналмаймиз. Ҳақ ва ҳақиқат олдида оғзимизни очмасдан сўзламасдан туриш ҳам сабрлилик бўлмайди. Чунки пайғамбаримиз (САВ) айтганларидек: "Ҳақиқат олдида оғзини ёпиб олган киши тилсиз шайтондир". Сабр уч турли бўлади. - Агар Аллоҳдан бандасининг молига, жонига, фарзандига фалокат етса ва одамнинг бу баҳтсизликларни қайтаришга куч ва билими кифоя қилмаса, у вақтда рози бўлиб сабр этади. Зилзила, сув тошқинлари, урушлар вақтида турли қийинчиликларга чидаш сабрлилик ҳисобланади. Сабрнинг савобига ишонмаганлар бахтсизликлар олдида умидсизликка тушиб, оламдан безадилар, улар учун ҳаётнинг лаззати қолмайди. Қуръони каримда Аллоҳ таоло: "Ва албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирор мусибат келганда: "Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз", дейдиган собирларга хушхабар беринг (Эй Муҳаммад) ", -деб амр қилади ("Бақара" сураси, 155-оят). Демак, одамлар бу оламда ҳамиша имтиҳон қилинадилар. Аллоҳ одамларни синаш учун ҳаётни ва ўлимни яратган. У турли ҳолатлар билан инсонни имтиҳондан ўтказади. Бу имтиҳонлардан ўтишнинг шарти эса сабрдир.
|
| |
|
|
| Rider | Date: Juma, 10/04/23, 11:58:23 PM | Message # 12 |
 Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status: 
| Қудсий ҳадислардан бирида айтилишича, Жаноби Ҳақ: "Менинг бандаларимдан бирининг танига, жонига ёки фарзандига зарар етганда, бандам ул балони сабр қилиб қарши олса, мен у бандам учун мезон кўриб, амал дафтарини очишдан, яъни қиёмат куни бўладиган ҳисоб- китобдан воз кечаман", - деган экан. Сабрсизлик бу дунё ва охират бахтсизлигига сабаб бўлади. Ишларимизнинг баракаси ҳам сабр билан боғликдир. Сабрнинг иккинчи тури ибодатлардаги машаққатларга чидашдир. Ибодатдаги қийинчиликларга чидаган киши Аллоҳ ҳузурида юқори даражага эришади. Узоқ ва иссиқ кунларда очлик ва чанқовга чидаб рўза тутиш, қисқа кунларда қуёш чиқмасдан аввал туриб бомдод намозини ўқиш, беш вақт намозни ўз вақтида мукаммал адо этиш, Макка ва Мадинага бориб ҳаж қилиш, бой кишиларга ҳар йили молининг ва пулининг қиркдан бир улушини закот ниятИ билан муҳтожларга улашиш каби ибодатларни тўлатўкис адо этишнинг ўзига хос қийинчиликлари бордир. Аммо бу қийинчиликларга чидамай туриб Аллоҳ розилигига эришиш мумкин эмас. Ислом динидаги ибодатлардан бири ҳам сабрдир. Динимизнинг мақсади одамни чидамли ҳолга келтириб, бу дунёда ва охиратда бахтиёр этишдир. Масалан, ҳаж ибодати сабр ибодатларидан биридир. Бу ибодатдаги қийинчиликларга сабр қилиб чидамаган киши ушбу ибодатнинг савобларидан маҳрум бўлади. Рўза ибодати ҳам сабр ибодатларининг бири саналади. Пайғамбаримиз Рамазон ойидан 15 кун аввал ўқиган бир хутбаларида: "Бу ой сабр ойидир. Сабр этувчиларнинг борадиган ери эса жаннатдир", - деган эканлар. Демак, ибодатларнинг мақсадларидан бири ҳам одамларни сабрга ўргатишдир. Ибодатлардаги машаққатларга сабр қилишдан ташқари гуноҳ ва ҳаром ишлардан воз кечиш сабри ҳам бор. Инсон яхши ишлар қилгани каби ёмон ишларни рўёбга чиқариши ҳам мумкин. Аллоҳ ҳаром қилган ишлардан, гуйоҳлардан тортиниш ва бу йўлда сабр қилишнинг ҳам катта савоби бор. Одам бир томондан Аллоҳ амрлари билан, иккинчи томондан нафси, яъни кўнглидаги ножўя тилаклари, ўй-фикрлари ва шайтоннинг ҳийласи билан рўбарў бўлади. Бу ҳолда одам шайтонга алданиб, Аллоҳ йўлидан адашса, гоят катта гуноҳга қолади. Ҳар қайси инсон ичида уни ножўя ишларга ундовчи бир куч, бир қувват бор. Бу қувватга ислом динида нафси аммора дейилади. Мана шу кучга қарши кураш, ножўя истакларга қаршилик кўрсатиш динимизнинг амрларидандир. Бу ҳақда пайғамбаримиз шундай деганлар: "Кучли одам курашган вақтда дўстларини йиқитган киши эмас, ғазабланган чоғда сабр қилиб ўз ғазабини енгган кишидир". Шукр: Одамнинг ўз аҳволидан хурсанд бўлиб, Аллоҳга миннатдорчилик билдириши демакдир. Шукр олам соҳиби бўлган Аллоҳни улуғлаш, Аллоҳни мадҳ этишдир. Аллоҳ берган ҳисобсиз неъматларнинг қимматини англаб, уларни ножўя ишлар учун эмас, балки Аллоҳ йўлида ва Аллоҳ ишида қўллашидир. Аллоҳнинг одамларга беҳисоб неъматлари бор. Одамзодни йўқдан бор қилган Аллоҳдир. Еганларимизни, ичганларимизни яратган, соғлиқ бериб бизни яшатган Аллоҳдир. Ақл, руҳ бериб, жисмимизга куч-қувват бериб, турли ишларини амалга оширишга муваффақ қилган Аллоҳдир. Биз учун, бизнинг умримиз ва хизматимизга табиатдаги ҳамма нарсани: ҳавони, сувни, ўсимликларни ва барча ҳайвонларни яратган Аллоҳдир. Одам ашрафул махлуқотдир, яъни мавжудотларнинг энг шарафлисидир. Шундай экан, Аллоҳга шукр қилиб, бу неъматларнинг ҳақиқий соҳибини ҳамиша ёдда тутишимиз лозим. Қуръони каримда: "Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар", — дейиладИ ("Иброҳим" сураси, 34-оят). Оддий ҳаётимизда бирон кишидан ёрдам олсак, унинг бирон неъматига эришсак, раҳматлар айтиб, у кишини ҳурматлаймиз. Ҳисобсиз ёрдамлари ва неъматлари учун Аллоҳга шукр қилишимиз керак.
|
| |
|
|
| Rider | Date: Juma, 10/04/23, 11:59:43 PM | Message # 13 |
 Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status: 
| Шукр уч турлидир: ҳар бир неъматнинг Аллоҳ томонидан берилганига дилдан ишонишдир. Биз етишган неъматларнинг барчаси Аллоҳдандир. Шунга ишонган мўмин неъмат ва бойликка эришса, онгсиз ҳолда ҳам Аллоҳ йўлидан адашмайди, бу неъматнинг Аллоҳ томонидан марҳамат қилинганини унутмайди. Неъмати ортган сайин шукронаси ҳам ортиб боради. Чунки неъматга шукр қилиш уни янада орттиради. Неъматнинг қадрига етмаслик неъматнинг барҳам топишига сабаб бўлади. Қуръони каримда Аллоҳ буюрадики: "... агар берган неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта уларни янада зиёда қилурман. Энди агар куфрони (неъмат) қилсангизлар, албатта азобим жуда қаттиқдир" ("Иброҳим" сураси, 7-оят). Тил билан шукр қилиш ҳар неъматнинг Аллоҳдан етишганини англаб, тил билан ҳам уни айтишдир. Пайғамбаримиз бир ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар: "Аллоҳ бандасига бир неъмат берса, банда ҳам "Алҳамдулиллоҳ" деса, бу неъматнинг шукрини адо этган бўлади. Банда иккинчи марта "Алхамдулиллоҳ" деса, Аллоҳ таоло ул кишининг савобини орттиради, учинчи марта "Алҳамдулиллоҳ" деса, Аллоҳ у кишининг гуноҳларини авф этади". Мўмин шукр қилса, Аллоҳ унинг кўнглига, ҳаётига роҳат ва хотиржамлйк бағишлайди. Шукр қилмайдиганлар ҳар қанча бойисалар ҳам, кўнгиллари қайғудан қутулмайди. Чунки шукрсиз молнинг ва шукрсиз умрнинг баракати йўқдир. Аъзолар билан шукр қилиш Аллоҳга ибодат қилиш, Аллоҳнинг динига хизмат қилишдир. Намоз ўқиш, рўза тутиш, ҳаж қилиш каби ибодатлар билан бирга Аллоҳ динини тарғиб қилиш ва тарқатиш, улар учун хизмат қилиш ҳам аъзолар билан адо этилган шукрона ҳисобланади. Шукр қилиш пайғамбарларнинг, фаришталарнинг ва Аллоҳнинг суюкли бандаларининг одатларидандир. Шукр қилишни борган сари орттириб бориш лозим. Чунки неъматнинг йўқолмаслигига фойдаси бўлган энг муҳим нарса шукр қилишдир. Шукр қилувчи мўмин ҳеч қачон Аллоҳни унутмайди. Бу дунёдаги неъматлари билан мағрурланиб кишиларга юксакдан боқмайди, биронта ҳам инсонни тубан кўрмайди. Неъмат жиҳатидан ўзидан паст бўлган кишиларнинг аҳволига назар ташлаб, улардан ибрат олади, ўзининг аҳволига шукр қилади. Мавжудотлар орасида энг юксаги, энг шарафлиси инсондир. Аллоҳ таоло дейди: "Биз инсонни энг гўзал шаклу шамойилда яратдик", ("Ваттийн" сураси, 5-оят). Ислом уламолари: "Инсонга боқсанг, Аллоҳнинг улуғлигини, буюклигини кўрасан, чунки инсон каби мукаммал бир махлуқни ёлғиз Аллоҳгина ярата олади", -деганлар. Аллоҳ инсонни яратганда унга ҳурмат кўрсатган. Шу сабабли фаришталар одам яратилганда, сажда қилганлар. ("Бақара" сураси, 30-34-оятлар.) Пайғамбаримиз ҳам ҳамиша одамларни ҳурматлаб, уларни эъзозлашга даъват этардилар. Бир ҳадисларида дегандилар: "Катталарга ҳурмат, кичикларга Шавқат кўрсатмаган биздан эмас". Пайғамбаримиз одамларни жуда қадрлаб, уларга ҳамма вақт шафқат ва марҳамат кўрсатар эдилар. Ул зотнинг саҳобаларидан ҳазрати Анас шундай дейдилар: "Мен пайғамбаримизга ўн йил хизмат қилдим. Бирон маротаба ҳам дағал сўз сўзлаганларини эшитмадим. "Бу ишни нега бундай қилдинг?" - деб аччиқланганларини бирон марта ҳам кўрмаганман". Ҳазрати Муҳаммад (САВ) замондошларининг айтишларича, бир жанг маҳали душман сафлари орасида кичкина болаларнинг ҳам ўлдирилганини пайғамбаримизга хабар қилдилар. Буни эшитган пайғамбаримиз ғоят қаттиқ қайғурдилар. Ёнларидаги саҳобалар: "Улар кофирларнинг болалари, душманларимизнинг болалари, улар учун нега қайғурмоқдасиз, ё Расулуллоҳ?" -дедилар. Пайғамбаримиз: "Улар сизлардан яхшироқдир. Улар туғилган вақтларидагидек ётибдилар. Вояга етмаганлари учун улар соф ва гуноҳсиздирлар", - деб жавоб қайтардилар. Бир сафар пайғамбаримизга: "Ё Расулуллоҳ, душманларимизга лаънат ўқинг: Аллоҳ уларнинг жазосини берсин", - дедилар. Пайғамбаримиз уларга: "Мен одамларга лаънат ўқиш учун эмас, раҳмат айтиш учун юборилганман", - дедилар ва душманларини лаънатламадилар. Пайғамбаримиз дўстлари ва танишларини қадрлар, кексаларни ҳурмат қилардилар. Баъзида уларга кулгили сўзлар айтардилар. Бир куни пайғамбаримизнинг уйларига бир кампир кириб келди. Пайғамбаримиз уни ҳурмат билан кутиб олдилар. Рўпарама-рўпара ўтириб ғоят кўнгилли сўзлашиб турганларида, у кампир пайғамбаримизга қараб: "Е Расулуллоҳ, мени дуо қилинг, токи мен ҳам жаннатга кирай", - деди.
|
| |
|
|
| Rider | Date: Shanba, 10/04/24, 0:00:23 AM | Message # 14 |
 Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status: 
| Пайғамбаримиз: "Сиздек кампирларни Аллоҳ ўз жаннатига киритмайди", - деб жавоб қайтардилар. Кампир жуда хафа бўлиб йиғлашга тушганда, пайғамбаримиз дедилар: "Йиғламанг, ҳазиллашган эдим. Сиз иншоаллоҳ жаннатга кирганингизда, ёш қиз кўринишида бўлурсиз. Аллоҳ одамларни яшартириб жаннатга киргизади". Катталарга ҳурмат савобдир ва дунёдаги ҳаётимизнинг тинчликда ўтишига сабаб бўлур. Аллоҳ соф кўнгил кексаларнинг дуолари туфайли одамларга марҳамат кўрсатади ва ризқларимизга баракат беради. Бир йиғинда пайғамбаримизга бир идишда шарбат тутдилар. Пайғамбаримиз шарбатни ўзларидан каттароқ ёшдаги Абу Убайда исмли саҳобаларига тақдим этдилар. Абу Убайда: "Ё Расулуллоҳ, аввал сиз ичинг. Сиз мендан муносиброқсиз, сиз пайғамбарсиз", - деганда, пайғамбаримиз: "Сиз ичинг, баракат кексаларимиздадир", — дедилар ва Абу Убайдага шарбатни ичирдилар. Пайғамбаримиз болаларни яхши кўрар ва уларни ардоқлашга даъват этардилар. Болаларни кўрганларида, муборак юзлари нурланиб, уларни қучоқлар эдилар. Маҳаллада учрашган болалар билан саломлашиб сўзлашар эканлар, уларга қизиқ-қизиқ гапларни айтардилар. Туяси билан юрган бўлса, уларни туяга миндириб қўярдилар. Ҳатто бир марта мусобақалашаётган болалар билан бирга югуриб, уларни ниҳоятда хурсанд қилган эдилар. Усама бинни Зайд шундай ривоят қилган эди: "Пайғамбаримиз мени бир тиззаларига, неваралари Ҳасанни бир тиззаларига олиб ўтириб, бизларни қучоқлаб туриб, "Аллоҳим, болаларга марҳамат айла, тавфиқли, бахтли қил. Мен буларнинг яхши ҳамда бахтли бўлишини истайман ", - дедилар ". Болалар бу дунёдаги ҳаётнинг безаги, кексалар эса ҳаётнинг баракоти. Кичик болаларга шафқат, кексаларга ҳурмат динимизнинг негизларидандир. Ҳақ -тўғрилик, дурустлик, адолат, демакдир. Аллоҳнинг сифатларидан бири. Ислом динида умуман икки турли ҳақ бор: - Аллоҳ ҳақи; — банданинг ҳақи (инсон ҳақи). Аллоҳ ўзига оид, алоқадор бўлган ҳақларни хоҳласа кечади. Чунки бу ҳақ Аллоҳ билан одам орасидадир. Лекин банданинг ҳақини (инсон ҳақини) ёлғиз инсон кечади, Аллоҳ кечмайди. Шунинг учун мусулмонлар баъзан баҳслашадилар. Сафарга чиққанда, ҳажга кетганда, бировнинг моли ва жонига зарар етганда баҳслашадилар, кечишини сўрайдилар. Бундан мақсад инсоннинг ҳақи ва ҳуқуқидан қутулмоқдир. Чунки Аллоҳ кечирмайдиган гуноҳлардан бири инсоннинг ҳақидир. Аллоҳ ўз олдига банда ҳақи, яъни одам ҳақи билан боришимизни истамайди. Пайғамбаримиз бу масалада эътиборли бўлишимизга даъват қиладилар. Вафотларидан бир неча кун аввал пайғамбаримиз масжидга бориб, намоз ўқиганлар ва қавмларига шундай деганлар: "Ҳой одамлар! Ораларингизда кимга зарар етказган бўлсам, айтсин, мен уни тўлайман. Ораларингизда кимнинг орқасидан сўккан бўлсам, у келиб мени сўксин. Кимлардан қарзим бўлса, айтсин, тўлайман". Шу вақт жамоатдан бири ўрнидан туриб: "Ё Расулуллоҳ, бир қашшоққа садақа қилиб бериш учун ёнингизда пулингиз бўлмаганида, мендан уч дирҳам пул олган эдингиз", - деди. Пайғамбаримиз воқеани хотирлаб қарзларини тўладилар ва у кишига раҳмат айтдилар. Сўнг шундай дедилар: "Охиратда Аллоҳ олдида уялишдан кўра бу дунёда одамларнинг олдида уялиш яхшироқдир". Мўмин одам кундалик ҳаётда мусулмон қардошининг молига ва жонига зарар етказмайди, уларни қўли ва тили билан ранжитмайди. Агар шундай қилгудек бўлса, мусулмон қардошидан кечирим сўраб, орани очиқ қилади.
|
| |
|
|
| Rider | Date: Shanba, 10/04/24, 0:01:23 AM | Message # 15 |
 Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status: 
| Пайғамбаримиз бир ҳадисларида шундай деган эканлар: "Кимда бир одамнинг ҳақи бўлса, вафот этмасидан аввал одамлар билан орани очиқ қилиб олсин. Чунки қиёмат куни кишининг моли-бойлиги ўзига фойда бермайди". Пайғамбаримизнинг ҳадиси шарифларидан аён бўлишича, бошқаларнинг моли ва жонига зарар етказган, сўз билан ранжитган, мусулмон қардошлари ҳақида ёмон тилак ва фикрлар билдирган одамлар бошқалар ҳақига зиён еткизган бўладилар. Ислом уламолари фикрича, банданинг ҳақи (инсон ҳақи) Аллоҳ ҳақидан муҳимроқдир. Одамнинг ҳақини шак-шубҳасиз ҳақ эгасига топшириш зарур. Агар ҳақ эгаси вафот этса, унда ҳақни унинг ворисларига тўлаш керак. Аллоҳга ва охират кунига ишонган ҳар бир мусулмоннинг бу масалада ҳушёр бўлишини динимиз буюрган. Чунки Қуръон оятларига кўра: "Ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (қиёмат кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур" ("Залзала" сураси, 7-8-оятлар). Пайғамбаримиз вафотларидан аввал саҳобалари билан ҳисоблашиб бу дунё билан хайрлашганлар. қиёмат кунида Аллоҳ ҳақлик ва адолат билан ҳукм қилажак ҳақ эгаларига ҳақларини топширади. Бу дунёда қилинган нуқсонлар одамларга номаълум бўлиб қолмайди. Адолат: ҳақиқатга ва тўғриликка риоя қилмоқ, зулмдан юз ўгириб, ҳақни- ҳақ эгасига топширмоқ, ишларимиз, ҳаракатларимиз ва сўзларимизда ўрта йўлни изламоқ демакдир. Бир ерда бирдан ортиқ киши бўлса, у ерда адолат керак. Одамларнинг ва миллатларнинг бахти адолат билан рўёбга чиқади. Адолатсиз миллатлар ва мамлакатлар узоқ яшамайдилар. Ислом ахлоқида энг олдин қўйилган ва энг муҳим масалалардан бири адолатдир. У жуда кўп оятлар ва ҳадислар билан мўминларга фарз қилинган. Ҳар жумада хутбадан сўнг баланд овоз билан шу оят ўқилади: "Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қариндошга яхшилик қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтарур. ("Наҳл" сураси, 90-оят). Бу оят билан энг камида ҳафтада бир мартаба мусулмонларга адолат эслатилади. Коинотнинг ва дунёнинг тартиби адолатга боғлиқдир. Адолат бўлмаган жойда зулм авж олади. Зулм ислом динида ҳаромдир ва энг зўр гуноҳлардандир. Қуръонда Аллоҳ золимларни ёмон кўришини билдирган. Пайғамбаримиз ҳам бир ҳадисларида: "Куфр, яъни кофирлик, динсизлик давом этиши мумкин, лекин зулм давом этмас", - дейдилар. Тарихда зўр золимлар бўлган, лекин буларнинг зулмлари абадий давом этмаган ва ҳеч қачон давом этмайди ҳам. Адолатсизлик ҳар бир мамлакатнинг тартибини бузади ва самимият туйғуларини йўққа чиқаради. Одамлар орасида гина ва душманлик бошлайди. Одамлар бир-бирларига ишонмай қўядилар. Шунинг учун Аллоҳ Қуръонда: "...одамлар орасида ҳукм қилганингазда, адолат билан ҳукм қилишга..." буюради. ("Нисо" сураси, 58-оят). Қуръонда яна: "Аллоҳ адолат қилгувчиларни севади", - деб марҳамат қилинади ("Мумтаҳана" сураси, 8-оят). Қуръони каримда Аллоҳнинг адолатли эканлиги қайта-қайта таъкидланган. Аллоҳнинг 99 сифати бор. Булардан бири Ал-Адлдир. Яъни, Аллоҳ бандаларига адолатлидир. Ислом динини тадқиқ этган баъзи бир оврупалик олимлар ҳам ислом динини адолат дини деб атаганлар. Мелодий 630 йили Макка шаҳри мусулмонлар томонидан ишғол қилинган вақтда қабиланинг машҳур одамларидан бирининг хотини ўлжа олинган молларнинг баъзи қимматли нарсаларини ўғирлади. Пайғамбаримиз буни эшитгач, у хотинга жазо беришни истадилар. Лекин баъзи кишилар ўртага тушиб шундай дедилар: "Ё Расулуллоҳ, бу аёл машҳур бир қабиладандир, ўзи ҳам шарафли ва шуҳратлидир. Бу аёлга жазо бермасангиз ва авф этсангиз". Шунда пайғамбаримиз жуда хафа бўлиб: "Сиздан аввалги миллатлар машҳур ва бой бир киши ўғирлик қилса, ҳеч қандай жазо бермай, уни авф этишар эди. қашшоқ ва заиф бир киши ўғирлик қилганда эса уни жазолардилар. Бу адолатсизликлари у миллатларнинг йўқолиб кетишига сабаб бўлди. Аллоҳга онт ичиб айтаманки, агар қизим Фотима ўғирлик қилса, уни ўз қўлим билан жазолар эдим", - дедилар ва ўша ўғри аёлнинг муносиб жазосини бердилар. Инсон қаерда бўлмасин, салоҳияти ва мансаби қай даражада бўлмасин, бой ё қашшоқ, дўст ё душман, яхши ё ёмон, катта ё кичик эканлигидан қатъий назар, адолат билан ҳукм қилиниши керак. "Нисо" сурасининг 135-оятида ўзимизнинг ота-она ҳамда яқин қариндошларимизнинг зарарига бўлса ҳам адолат билан гувоҳлик беришга даъват қилинади. Адолат фақат маҳкамадагина бўлмайди. Мамлакатнинг ҳамма жойида адолат барқарор бўлиши лозим. Уйда ота-она болаларига, мактабда ўқитувчи ўз шогирдларига, бадавлат кишилар ўз қўл остидаги ишчи ва хизматчиларга адолат қилишга мажбурдирлар. Мўминлар ҳар вақт Аллоҳни эслаб, Аллоҳдан қўрқиб сўзларида, ишларида ва ҳаракатларида тўғри бўлишга интилишлари ва ҳеч қачон адолатдан юз ўгирмасликлари керак.
|
| |
|
|