Oz oz o'rganib dono bo'lur
|
|
SAKINA | Дата: Yakshanba, 09-Fev-2014, 02:55 | Сообщение # 1 |

Группа: IJODKOR
Сообщений: 2601
Статус: 
| ДОНИШМАНДЛАР БИСОТИДАН ҲИКОЯТЛАР
Машҳур донишманд Бузуржмеҳрдан: — Инсоф нима?—деб сўрадилар. — Инсоф — одам ўзига нимани раво кўрса, бошқа кишига ҳам шуни раво кўришидир,— деб жавоб берди Бузуржмеҳр. — Энг яхши одам ким? — Ақлли одам. — Қандай кишини ақлли одам десак бўлади? — Ақлли одам ўйламасдан бирор ишга киришмайди. — Билимни ннма нарса безайди? Шижоатничи, сахийликничи?— деб сўрадилар. — Билимни — тўгрилик, шижоатни — афв қилишлик ва сахийликни очиқ юзлилик ва ширинсўзлик безайди. — Иисоннинг ҳаётда энг муҳим орзу-тилаги нималардан иборат? — Сиҳат-саломатлик, фаровон турмуш ва хотиржамлик.
|
|
| |
SAKINA | Дата: Yakshanba, 09-Fev-2014, 03:00 | Сообщение # 2 |

Группа: IJODKOR
Сообщений: 2601
Статус: 
| Бузуржмеҳр ҳаким айтади: — Ўстодимдан: «Йигитликда нима қилиш яхшироқ бўлади, қариликдачи?»—деб сўрадим. Устодим айтди: — Йигитликда илм-ҳунар ўрганиш, қариликда эса амалга келтиришдир. * * * Буқрот ҳакимдан: — Ҳамма нарсадан кўра юқори ҳисобланган нарса нима? Қайси нарса ҳеч вақт вайрон бўлмайди?—деб сўрадилар. Буқрот ҳаким айтди: — Ҳиммат ҳамма нарсадан юқори туради. Ақл биноси ҳеч вақт вайрон бўлмайди. Байт: Ҳимматингни тут баланд эл олдида, Ҳимматинг-ла мартабанг бўлгай баланд
|
|
| |
SAKINA | Дата: Yakshanba, 09-Fev-2014, 03:03 | Сообщение # 3 |

Группа: IJODKOR
Сообщений: 2601
Статус: 
| Суқрот ҳаким айтади: — Агар бировни ўзингизга дўст қилиб олмоқчи бўлсангиз, аввал унинг таржимаи ҳолини шундай ўрганинг!—Биринчидан, у киши ёшлик вақтида ўз ота-онасига қандай муомалада бўлган? Иккинчидан, қариндош ва ўртоқлари унинг муомаласидан рози бўлганми? Учинчидан у одам ёшлик даврини кечиргандан кейин гўзал муомаласи билан ҳамманинг муҳаббатини ўзига жалб этганми ёки бад муомала эгаси бўлиб, ҳаммани ўзидан бездирганми? Тўртинчидан, биров унга яхшилик қилган бўлса, у одамдан миннатдор бўлганми? Унга ҳам яхшилик қилганми? Бешинчидан — кайф-сафо, айш-ишратга берилганми? Фақат ўз манфаатинигина кўзлайдиганми, йўқми? Байт: Чин, самимий дўстки топмоқлик қийин, Гар тополсанг, сурма қил кўзга изни.
* * * Афлотун ҳаким айтади: — Агар душманинг бирор иши тўғрисида сендан маслаҳат олмоқчи бўлиб ёнингга келса, унга тўғри ва яхши маслаҳат бер, ёмон маслаҳат бериб ундан ўч олишни асло кўнглингга келтирма. Унинг сендан маслаҳат сўраб келиши сен билан ошно бўлишни истаганидир. Инсон лойиқ бўлган хайрихоҳлик шудир. Байт: Кимки бўлса хушчирою хушқилиқ, Доимо кўргай жаҳонда яхшилик.
* * * Батлимус ҳаким айтади: — Фаҳм ва идрок — оқил, қобил кишининг саодатидир. Хушбахт одам элнинг иқбол ва саодатидан ибрат олади. Бир одамнинг ножўя ишларидан эл ибрат олса, у одам бадбахт одамдир.
* * * Суқрот ҳаким айтади: — Яхши сўз кўнгилни, хушхат кўзни ёритади. Доим давом этган оз, давоми қисқа бўлган кўпдан яхшироқдир.
* * *
Жомосиб ҳаким айтадп: — Сахийнинг энг ёмон хислати ўз фикридан қайтиши, хайр-саховатдан қўл тортишидир. Бахилнинг яхшироқ хислати бахилликни тарк этишидир.
|
|
| |
SAKINA | Дата: Yakshanba, 09-Fev-2014, 03:13 | Сообщение # 4 |

Группа: IJODKOR
Сообщений: 2601
Статус: 
| Қадимги шоирлардан Аҳмад Мутанаббий айтади: — Сен ўзинг кўрган нарсангга эътибор қил, эшитган нарсаларинг четда қолсин. Яхшилик ва вафони ўз аҳлидан умид қил. Булут йўқ ердан ёмғир умид этувчи киши алданади. Дили бузуқ бўлган одамнинг феъли ҳам бузуқ бўлади, ўзининг одат эт-ган нарсаларини ўз фаҳмига қараб сўзлайди. Ярамас, кераксиз нарсалардан кўнгил кўзини юммасанг, бошдаги кўзингни юмишдан фойда йўқдир. Бир киши ўз даражасини билмаса, бошқалар унга билдириб қўядилар. Бир одамни камситишни истасанг, унинг ўрнида ўзингни фараз қил. Аввал пичоқни ўзингга ур, оғримаса бировга ур! Шайх Саъдий айтади: Донишмандларнинг асарларида: «Чаёнларнинг туғилиши бошқа ҳайвонларнинг туғилишларига ўхшамайди. Чаён боласи она қорнидаги нарсаларни тамом еяди, кейин она қорнини йиртиб ташқарига чиқади. Чаён уясидаги кўрилган пўстлар шунинг асаридир», деб ёзилган. Донишмандлар асарларида ёзилган бу сўзларни бир улуғ зот ҳузурида айтгандим, у деди: — Менинг кўнглим бу сўзларнинг тўғрилигига гувоҳлик беради. Ёшликларида ота-оналарини чаён болалари каби ҳурмат қилмаган болалар катта бўлганларида халқнинг нафратига дучор бўладилар. Қитъа: Бир ўғилга васият этди ота: «Эй жавонмард, ёд ол бу панд, Кимки ўз ақлига вафо қилмас, Бўлмагай бахтиёру давлатманд».
* * * Латифа: Бир уйни ижарага олиб яшаб турган бир одам уй эгасига бориб: — Менга ижарага қўйган уйингиз қисирлаб турибди, уни бошқатдан ишлаб тузатиб беринг,— деди. Уй эгаси ҳазиллашиб: — Ўша уйимизга авлиёларнинг назари тушган, қўрқманг, у кўпинча тасбеҳ ўгириб «ҳув- ҳув»лаб зикр этиб туради, холос,— деган эди, ижарага турувчи ярим ҳазил, ярим жиддий суратда шундай жавоб берди: — Шундайку-я, лекин кунлардан бир кун зикр тушишдан ҳориб, бошини саждага қўйиши мумкин-да! Ана шу саждасидан қўрқаман!.. Уй эгаси хахолаб кулиб, тездан уйни тузатишга ваъда берди. Шайх Саъдий айтади: Бир қанча донишмандлар Ануширвон саройида бир муҳим масалани ҳал этиш ҳақида маслаҳат қилардилар. Уларнинг бошлиғи Бузуржмеҳр жим ўтириб, донишмандларнинг маслаҳатларига аралашмасди. Донишмандлар Бузуржмеҳрдан: — Нега сиз бизнинг маслаҳатимизга аралашиб, ўз фикрингизни айтмайсиз?—деб сўрадилар. Бузуржмеҳр донишмандларга шундай жавоб берди: — Вазирлар худди табибларга ўхшайдилар. Табиб касал бўлмаган одамга дору бермайди. Ҳал этишни истаган масалангиз устида айтган фикрларингизнинг тўғри эканини билиб турибман. Шунга кўра у масала устида бир фикр айтишим ҳикматдан эмасдир.
* * *
Оқил, донолардан Ҳожимурод Одилий айтади: Бир олим, фозил одам ёмон феъл-атворга эга бўлган қўпол табиатли одам билан бир қанча вақт суҳбатдош бўлиб умр ўтказди. Унинг қўпол муомаласига чидаб келди. Бир кун ҳалиги қўпол табиатли одам сафарга чиқиб кетди. Олим одам тоқатсизланиб йиғлади. Одамлар таажжубланиб: — У бадфеъл одамдан қутулганингизга севинмасдан йиғлаганингиз қизиқ. Ахир, у сассиқ сўз, қўпол муомалали шеригингиздан қутулганингиз кўнглингизга шодлик, жонингизга ҳузур- ҳаловат эмасми?— деб олимдан сўрадилар. Олим, фозил одам шундай жавоб берди: — У бадфеъл шеригимдан ажралганим учун эмас, балки у бечорага ачинганимдан, унга раҳмим келганидан йиғлайман, чунки шунча суҳбатларимдан фойдаланмай, ёмон феъл- атворини ўзи билан бирга олиб кетди, мана шу сабабдан ачиниб кўз ёши тўкаман. Байт: Мурда диллар бирла суҳбатдош бўлиш — жон коҳиши, Ҳеч тирилмайди ўлик, ҳар қанча тўксанг кўз ёши
|
|
| |
SAKINA | Дата: Yakshanba, 09-Fev-2014, 03:17 | Сообщение # 5 |

Группа: IJODKOR
Сообщений: 2601
Статус: 
| Олимлардан Одил айтади: — Биров билан сўзлашганимизда сўзимизга жуда диққат қилишимиз ва тингловчига яхши таъсир бериш учун очиқ ва енгил иборалар билан сўзлашимиз лозимдир. Муколама, яъни гапиришдан мақсад — гапга усталигини кўрсатиш, нотиқлик қилиш эмас, балки ҳаммага тушунарли қилиб, енгил ифодалар билан сўзлашдир. Ҳар кимнинг нотиқ бўлиши лозим эмас, фақат ўз тушунчаларини, ҳисларини тўғри, очиқ иборалар билан ифода қилиши лозимдир. Мажлис, зиёфат каби йигилишларда бўлган ҳар ким ўз ёнида ўтирган киши билан секин- секин сўзлашмоғи мумкин, лекин ашула айтилганда, мусиқа чалинганда ёки биров нутқ сўзлаб турганда гаплашиб ўтириш айб саналади. Муколама вақтида қаҳ-қаха билан кулиш — адабсизликдир. Байт: Ҳар кишининг фаҳму идрокига лойиқ сўзлагил, Ноўрин сўзлаб, ўзингни кулгига қолдирмагил.
* * * Олимлардан Ҳаддод айтади: — Ташаккур — дўстнинг қилган яхшилигини эътироф этиш, унинг ўзига сўзлаб миннатдорлик билдиришдир. Ташаккурнинг ғояси — яхшилик қилган кишининг қилган яхшилиги танилганини, ўринсиз кетмаганини билишидир. Яхшилик қилган кишига унинг ҳимматини, гўзал ахлоқини эътироф қилиб, қилган яхшилигини айтиб ташаккур эт. Агар унга ташаккурингни билдирмасанг, нонкўрлардан саналасан. Сен ташаккур билангина дўстингни қилган яхшилигидан фойдаланганингни, уни тақдир қилганингни билдирасан, шу билан уни яна бошқа яхшиликлар қилишга қизиқтирасан. Шу билан бирга, муносиб фурсат келганда, сен ҳам унга яхшилик этишга ғайрат қил. Дўстлашишдан асл мақсад — фойдаланиш ва фойдалантиришдир, буни унутма, дўстингни қилган яхшилигига, мукофотига яраша сен ҳам унга яхшилик қил ва яхшилиги учун ташаккур эт. Бир шоир яхши йўлдошнинг гўзал таъсирини англатиш учун шундай деган: — Бир куни боғни кезиб юргандим, сўлиб ётган бир баргга кўзим тушди. У баргдан хуш ис тараларди. Дарҳол қўлимга олдим, ҳидлаб жуда хурсанд бўлдим. Баргга: — Сен гулмисан, анбармисан, бунча хушбўйсан?—деган эдим, барг айтди: — Мен гул ҳам, анбар ҳам эмасман, оддий дарахт баргиман. Бир куни гуллар орасига тушиб қолиб, бир неча кун бирга бўлдим. Уларнинг хиди менга ҳам ўтди. Шу-шу хушбўй баргга айланиб қолдим Байт: Ҳам тавозеъли бўлиб, ҳам боадаб, Яхшиларнинг суҳбатин қилгил талаб.
* * * 9 Ҳеч тирилмайди ўлик, ҳар қанча тўксанг кўз ёши. * * * Олимлардан Одил айтади: — Биров билан сўзлашганимизда сўзимизга жуда диққат қилишимиз ва тингловчига яхши таъсир бериш учун очиқ ва енгил иборалар билан сўзлашимиз лозимдир. Муколама, яъни гапиришдан мақсад — гапга усталигини кўрсатиш, нотиқлик қилиш эмас, балки ҳаммага тушунарли қилиб, енгил ифодалар билан сўзлашдир. Ҳар кимнинг нотиқ бўлиши лозим эмас, фақат ўз тушунчаларини, ҳисларини тўғри, очиқ иборалар билан ифода қилиши лозимдир. Мажлис, зиёфат каби йигилишларда бўлган ҳар ким ўз ёнида ўтирган киши билан секин- секин сўзлашмоғи мумкин, лекин ашула айтилганда, мусиқа чалинганда ёки биров нутқ сўзлаб турганда гаплашиб ўтириш айб саналади. Муколама вақтида қаҳ-қаха билан кулиш — адабсизликдир. Байт: Ҳар кишининг фаҳму идрокига лойиқ сўзлагил, Ноўрин сўзлаб, ўзингни кулгига қолдирмагил. * * * Олимлардан Ҳаддод айтади: — Ташаккур — дўстнинг қилган яхшилигини эътироф этиш, унинг ўзига сўзлаб миннатдорлик билдиришдир. Ташаккурнинг ғояси — яхшилик қилган кишининг қилган яхшилиги танилганини, ўринсиз кетмаганини билишидир. Яхшилик қилган кишига унинг ҳимматини, гўзал ахлоқини эътироф қилиб, қилган яхшилигини айтиб ташаккур эт. Агар унга ташаккурингни билдирмасанг, нонкўрлардан саналасан. Сен ташаккур билангина дўстингни қилган яхшилигидан фойдаланганингни, уни тақдир қилганингни билдирасан, шу билан уни яна бошқа яхшиликлар қилишга қизиқтирасан. Шу билан бирга, муносиб фурсат келганда, сен ҳам унга яхшилик этишга ғайрат қил. Дўстлашишдан асл мақсад — фойдаланиш ва фойдалантиришдир, буни унутма, дўстингни қилган яхшилигига, мукофотига яраша сен ҳам унга яхшилик қил ва яхшилиги учун ташаккур эт. Бир шоир яхши йўлдошнинг гўзал таъсирини англатиш учун шундай деган: — Бир куни боғни кезиб юргандим, сўлиб ётган бир баргга кўзим тушди. У баргдан хуш ис тараларди. Дарҳол қўлимга олдим, ҳидлаб жуда хурсанд бўлдим. Баргга: — Сен гулмисан, анбармисан, бунча хушбўйсан?—деган эдим, барг айтди: — Мен гул ҳам, анбар ҳам эмасман, оддий дарахт баргиман. Бир куни гуллар орасига тушиб қолиб, бир неча кун бирга бўлдим. Уларнинг хиди менга ҳам ўтди. Шу-шу хушбўй баргга айланиб қолдим Байт: Ҳам тавозеъли бўлиб, ҳам боадаб, Яхшиларнинг суҳбатин қилгил талаб. * * * Ҳиндистон донишмандларидан бирининг ақлли, ҳушли ва гўзал хулқли ўғли бор эди. Бир кун донишманд қаттиқ бетоб бўлиб ётиб қолди. Дунёдан ўтишига кўзи етгач, ўғлини ҳузурига чақириб: — Азиз ўғлим, сенга шафқат ва марҳамат юзасидан бир қанча насиҳат қиламан. Бу насиҳатларимни жон қулоғинг билан тингла, унга амал қил, шундагина халқ қошида иззат ва обрўга эга бўласан, роҳат ва фароғатда яшайсан,—деди ва шундай насиҳат қилди: — Ўғлим, қўлингдан чиққан ёки қўлингга кирмаган нарсалар учун ғамгин бўлма, пасткаш, нокастадан қарз олма, у сени ранжитади, адиб ва шоирлар билан аччиғлашма, шарм-ҳаёсиз бахиллар билан суҳбатдош бўлма, ҳеч вақт бировнинг нонига таъма қилма, ўз меҳнатинг билан топган нонинг билан қаноатлан. Олижаноб, тарбияли, ахлоқли ва олим — фозиллар билан суҳбатдош бўлсанг, яхши ном чиқарасан, буни унутма. Мақтанчоқ, эзмалардан узоқлаш. Ҳасадчи, иғвогар ва чақимчиларга сира ҳам яқинлашма... Байт: Ҳар киши нокас билан ҳамкосадир, Минг шарофатни касофат босадир.
* * * Бир йигит ахлоқсиз, тарбиясиз бир одам билан суҳбатлашиб кезиб юрганди, таниш бир донишмандга рўпара келиб қолди, уни кўргач, уялганидан қизариб-бўзариб қолди. Донишманд йигитнинг уялиб қизарганини кўриб, уни ёнига чақириб олиб: — Ўғлим, сенда уялиш асарини кўриб, жуда ҳам хурсанд бўлдим. Шу билан бирга уялишга сабабчи бўладиган кишилар билан эмас, балки ҳамма сени мақташга сабабчи бўладиган адабли, тарбияли кишилар билан дўст бўлиб улфатчилик қилишингни кўришга муяссар бўламан, деб умид қиламан. Байт: Ҳеч ўтирма ёмоннинг суҳбатида, Пок бўлсанг, сени қилур ифлос.
* * * Бир кичик бола нон дўконига бориб сотувчига: — Амаки, йигирма тийинлик нон тортиб беринг,— деб сўради. Сотувчи нон тортиб унинг қўлига берди. Бола ноннинг кам тортилганиии сезиб, сотувчига: — Амаки, берган нонингиз кам-ку?—деган эди, сотувчи ҳўмрайиб: — Қандай тирмизак боласан, олиб кетавер, юкинг енгил бўлади,—деб дўқ урди. Бола нонни олиб, сотувчига беш тийин кам тўлаб, чиқиб кета бошлади. Сотувчи пулни санаб: — Ҳой тирмизак, тўхта, беш тийини кам-ку,— деб қичқирганди, бола: — Амаки, кўп бақирманг, берган пулимни олиб қолаверинг, чўнтагингиз енгил бўлади,— деб дарров чиқиб кетди. Байт: Кимки кирдори ёмондир, эй жавон, Еткизар ўз жонига беҳад зиён.
|
|
| |
SAKINA | Дата: Yakshanba, 09-Fev-2014, 03:28 | Сообщение # 6 |

Группа: IJODKOR
Сообщений: 2601
Статус: 
| Ризоуддин ибн Фахриддин машҳур олим ва фозил эди. Унинг ахлоқ-одоб, тарбияга оид кўплаб асарлари бор. Шулардан бири—«Катталарга насиҳат» номли асарининг сўнгги қисми «Ўн бир насиҳат» деб номланади. Биз уни бир оз қисқартирилгаи ҳолда тақдим этяпмиз.
Биринчи насиҳат:Бутун аъзоларингизни гуноҳ ишлардан сақланг, қайғу алам келганда сабр қилинг. Инсоф, адолатни ўзингизга раҳбар қилиб олинг. Ҳеч кимни ўзингизга душман қилманг. Ҳаммани иззат ва ҳурматини бажо келтиринг. Пул, молу дунёингизни тежаб сарф этинг, исрофгарчиликка йўл қўйманг. Одамларнинг кўнгилларини оғритманг. Кўп ўйланг, оз сўзланг. Нодон ва хиёнатчиларга сирингизни айтманг, улар билан кенгашманг. Олим ва фозилларга эргашинг. Мурувват аҳлларидан намуна олинг. Ташқи қиёфангиз ва кўнглингизни пок тутинг. Ўз билганингизга таянманг, яқинларингизнинг маслаҳатлари билан иш қилинг. Қариндош-уруғларингизни зиёрат қилиб, ҳолларидан хабар олиб туринг. Бировдан қарздор бўлсангиз, ваъда қилган кунингизда топширинг. Қўлингиздан келган хизматни ҳеч кимдан аяманг. Ҳар куни бошингизни ёстиққа қўйган вақтингизда кун бўйи қилган ишларингизни бирма-бир кўздан кечиринг, яхши иш қилган бўлсангиз, севининг, маъносиз ишларингиз бўлса, қайғуринг, тавба қилинг. Эртаси куни нима ишлар қилишингизни яхшилаб ўйлаб бир қарорга келинг, шу қарорларингиз бўйича иш олиб боринг. Кунлар қилган ишларингизни кўрсатувчи дафтарлардир, бу дафтарларга ёмон ишлар ёзилмаслигига ғайрат қилинг.
Иккинчи насиҳат: Дўст, душман орасида юз қизартирадиган нарсаларни ишлашдан ҳазар қилинг, гўзал хулқли бўлиш билан шараф касб этинг. Тўғри йўлдан бир қарич ҳам айрилманг. Ёшда ўзингиздан катталарга иззат, ҳурмат, кичикларга шафқат ва марҳамат қилинг. Эзгулик уруғларини сочсангиз, саодат экинларини ўрасиз. Одобли, тарбияли одам билан ошна-оғайни бўлсангиз, мартабангиз, даражангиз ошади, халқнинг ишончини қозонасиз. Адабсиз, тарбиясизлар билан ошна бўлсангиз улар сизни ўз йўлларига тортадилар, даражангиздан туширадилар, омонатларингизга хиёнат этадилар, сирларингизни фош қиладилар. Қитъа: Ҳасад олам аро ҳосидга басдир Ки, доим ғусса бирла ҳамнафасдир. Кишига гарчи ўт ёндирғусидир, Вале ул ўтга ўзни урғусидир. Учинчи насиҳат:Бошқаларнинг айбларини кўрган вақтингизда ўз айбларингизни ҳам тушунинг, ўз айбини кўрган киши бошқаларнинг айби билан шуғулланмайди. Бировга чуқур қазиманг, у чуқурга ўзингиз тушасиз. Ҳақлик, тўғриликка қарши курашманг, ўзингиз йиқиласиз. Ҳеч кимни беобрў этманг, ўзингизнинг обрўйингиз тўкилади. Ўз фикрингизгагина таянманг, адашасиз. Таккаббурлик қилманг. Олим, фозил, донолар билан кенгашиб иш қилинг, пушаймон емайсиз. Олимлар мажлисига қатнашинг, даражангиз ошади, нодонлар билан улфат бўлманг, сиз ҳам улардан саналасиз. Оз сўзласангиз оз янглишасиз. Елғончилик билан шуҳратланманг, ҳамманинг назаридан қоласиз. Ҳар кимнинг даражасини билинг. Ҳеч кимдан таъма қилманг. Билмаган нарсангизни «билмайман» дейишдан уялманг. Керак бўлган илм, ҳунарни ўрганишдан тортинмасдан ўрганинг, ўрганмасангиз, кейин пушаймон қиласиз. Ўзингиз истаган яхши ишни бошқаларга ҳам тиланг. Тингланг, нафсингизнинг ҳамма орзуларини бажо келтириб, уни семиртирсангиз ниҳоят фалокат, балки ҳалокатга учрайсиз. Ўтганларнинг иш ва ҳолларини фикр қилиб, улардан ибрат олинг. Ўзингизга керак бўлмаган сўзларга аралашманг. Бузуқликка олиб чиқадиган йўлга асло кирманг. Шафқатли, марҳаматли ва хайр-эҳсонли одамларга яқинлашсангиз, ҳамма сизни улар қаторида санайди. Ҳақингиз бўлмаган ерга кўз ташламанг. Ишламай бошқалар елкасига юк бўлиб ётманг, ғайрат қилиб ишланг. Ўз нонингизни меҳнатингиз орқали топиб енг.
Тўртинчи насиҳат:истаган нарсангиз бўлмай қолса, қайғуриб, бетоқат бўлманг, сабр қилинг. Бир-бирингиз билан маслаҳатлашиб ишланг. Келгуси кунларингизни ўйланг. Хоҳ тўғри, хох нотўғри бўлган нарса учун сира ҳам қасам ичманг. Жамиятга зарар келтирадиган ишлардан сақланинг. Очиқ жойда ишлаш уят бўладиган ишларни яширин жойда ҳам қилманг. Айтишга ярамаган сўзларни оғзингиздан чиқарманг. Ҳар бир маъносиз сўзларни сўзловчи валдир- вайсақи бўлманг. Олди-қочди сўзларга ишониб юрманг. Бошқаларни менсимай «ўзим биламан» деб даъво қилманг, ўзингизни билармон этиб кўрсатманг, илмда сиздан ҳам юқори зотлар борлигини унутманг, мақтанчоқлик жоҳил-нодон кишилар ишидир. Бузуқ, ярамас кишилар билан ошна-оғайничилик қилишдан сақланинг, чунки ўзингиз сезмаган ҳолда уларнинг ёмон хулқлари сизга ҳам таъсир қилиб қолиши мумкин. Нон ва бошқа нозу неъматларни хорламанг, исрофгарчиликка йўл қўйманг. Бировнинг ички ва ташқи ҳолини «ёмон одам», деб гувоҳлик берманг. Бир одамнинг оёғи тойиб, қайғу-ҳасратга гирифтор бўлганига шодланманг, унинг ҳоли бир кун сизнинг бошингизга ҳам тушиши мумкин. Молу давлатингиз билан одамларни рози эта олмасангиз, уларни яхши хулқингиз билан рози қилинг. Бировдан ўч олишга кучингиз етса ҳам ўч олманг, хатосини кечиринг, аччиғланманг, ўзингизни босинг. Ҳузурингизда бировни ғийбат қилган киши бошқаларга сизни ғийбат қилади, бундай кишига кўнгил берманг. Маст киши билан ади-бади этишиб ўтирманг, ундан узоқлашинг. Бир одам билан дўстлашишни истасангиз, муҳтожлик вақтингизда ёрдам қилувчи, тўғри сўзловчи, эзгулигингизни тақдир этувчи, қайғуингизга қайғуланиб, шодлигингизга шод бўлувчи, пок қалбли одам билан дўстлашинг, тилёғлама мунофиқлар билан дўст бўла кўрманг. Кўчаларда заруратсиз йиғилиб одамларнинг ўтишига халақит берманг.
Бешинчи насиҳат:Бир киши учун иккинчи бир киши билан орангизни бузманг. Улар мабодо дўстлашиб қолсалар, сиз уялиб қоласиз. Гўзал ишларни кўриб турувчи кўзлар ва ёзиб турувчи қаламлар бордир. Шунинг учун қилган яхшиликларингизни ҳаммага айтиб, мақтаниб юрманг. Тили кучли бўлган аччиқ сўзли ва маъносиз сўзлар сўзлаб юрган киши билан асло дўстлашманг. Ақлингиз — энг тўғри насиҳатгўй. Нодонликдан бошқа душмандан қўрқманг. Ёмон ишларни ишлаш эмас, ҳатто кўнглингизга келтирманг. Илм нурини бузуқлик суви билан ўчирманг. Одоб, ахлоқ кийимидан бошқа гўзал кийим топилмайди, буни унутманг.
|
|
| |
SAKINA | Дата: Yakshanba, 09-Fev-2014, 03:41 | Сообщение # 7 |

Группа: IJODKOR
Сообщений: 2601
Статус: 
| Олтинчи насиҳат:Орангизда адоват, гинажўйлик давом этаётган бўлса,уларни бартараф қилиб дўстлашинг. Бутун ҳимматингизни халқ манфаати учун сарф қилинг. Мартаба ва мансабни севишга мубтало бўлманг. Нопок нарсаларга вақтингиз ва пулингизни сарф этманг. Байт: Шубҳасиз лозим ўғил, қизга нурафшон тарбият, Боиси бахту саодат — моҳи тобон, тарбият!
Еттинчи насиҳат: одамлардан айб ахтариб юрувчи бўлманг, ўзаро келиша олмай бир- бирингиздан узоқлашиб кетманг, балки дўстлашинг, бир оила аъзолари каби бир-бирингизга меҳр-муҳаббатли бўлинг. Зарурат бўлмаса, бировдан ҳеч нарса сўраманг, унинг миннатини кўтариб юрманг. Арзимаган, аҳамиятсиз нарсалар учун бир-бирингиз билан жанжаллашманг, жоҳил, нодонлардан бўлманг. Илм, фан, одоб, ахлоққа тегишли яхши сўзларни эшитсангиз эсдан чиқмаслик чорасини кўринг. Кераксиз, бўлмағур сўзларни сўзлашдан тилингизни тийинг. Ҳеч кимни ғийбат қилманг, бировга туҳмат қилишдан сақланинг. Қариндош-уруғларингиз, дўстларингиз ёки таниш-билишларингиздан бириси учраб қолса, ҳолини сўранг. Уйингизга келган меҳмоннинг иззат-ҳурматини бажо келтиринг. Байт:Гар ёмонлик йўлини ҳар кимса қилса ихтиёр, Халқ ишончин йўқ этиб бўлгай балоларга дучор.
Саккизинчи насиҳат:Ақлни биз инсонларга улуғ ҳадя, улуғ неъмат деб билинг, уни соф ва комил равишда асрашга эътибор беринг. Бундай улуғ неъматни ва бундай шариф ҳадяни сақлаш ҳар кимнинг энг биринчи ва шарафли бурчи эканини унутманг.
Тўққизинчи насиҳат:Бир-бирингизнинг турмушингизга, молу дунёингизга ҳасад қилманг, аччиғланманг, ёмон сўзга боришманг, ғазаб вақтида ўзингизни тутинг. Иккиюзлама, мунофиқликдан, бахилликдан сақланинг. Ёлғончи, ғийбатчи, туҳматчи ва чақимчи бўлманг. Ваъдангизга вафо қилинг, меҳнатсевар, ишчан, ғийратли ва матонатли бўлинг. Омонатга хиёнат этманг. Одамларни кулдириш учун маъносиз, одоб, тарбияга хилоф бўлган сўзларни сўзламанг. Байт: Истасангиз қайғу-ғамлардан нажот, Ножўя ишлардан айланг эҳтиёт Ўнинчи маслаҳат:ақлли одам ўзининг кимлигини, даражасини билиб, шунга қараб иш олиб боради. Гўзал ҳулқли одамларда мунофиқлик бўлмайди. Ёмонликдан қайғуриб, яхшилик учун севиниш комил инсонда топилади. Ризқ-рўзингизни тупроқ остидан изланг, яъни ер ҳайдаб уруғ сепинг, тоғларга чиқиб конларни изланг, бу ишларга мутахассис бўлиш учун махсус ўқув юртларига кириб ўқинг. Молу давлатингизни, оилангизни тарбия этишдан қизганманг. Мабодо ишингиз ўнгланмаса, қайғуриб ўтирманг, ўнгланишига ғов бўлиб турган нарсаларни битиришга ғайрат қилиб ишга киришинг. Билмаган нарсангизни «биламан» деб даъво қилманг. Ёлғондан гувоҳлик берманг. Ҳақингиз йўқ нарсаларни даъво қилиб олманг. Нафис санъатларни ўрганишга ҳавас қилинг, ўрганинг. Она тилингизни севинг, ҳурматланг, қадр-қимматини тақдир қилинг, юксак мақомга кўтаринг. Байт: Ҳар тилакнинг аввалидир, шубқасиз, тил очқичи, Тил — тараққий ҳам саодатнинг биринчи босқичи. Ўн биринчи насиҳат:гуноҳ унутилмайди, эзгулик ерда қолмайди. Ҳар ким нима сепса, шуни ўради. Эзгулик этишга шошилинг. Нафсингизнинг ҳамма истагини бажо келтиришдан чекининг. Хайрли ишлар учун саъй-ғайрат қилинг. Донишмандлар инсоннинг шу ўн икки фазилатга эга бўлишини ҳам айтганлар: Риёзат эгаси бўл; ортиқ даражада еб-ичма, шундай қилсанг, ўз фикрингга эга бўласан, яхшироқ ўйлайсан. Сукут сақла; ўзингга ва бошқаларга фойдаси тегмайдигап сўзлар сўзлама, эзмалик килма. Интизомли бўл; ҳар бир нарсанинг ўз ери ва ҳар бир ишнинг ўз вақти бўлсин. Мақсад эгаси бўл, қиладиган ишингни аввал яхши ўйлаб, бир қарорга кел, кейин у ишни камчиликсиз бажар. Тежамкор бўл; молу дунёнгни ҳеч фойдаси бўлмаган ишларга сарф этма, пулингни тежа, яъни исрофдан сақлан. Саъй-ғайрат эгаси бўл; вақтингни бекорга ўтказма. Фойдали ишлар билан машғул бўл, саъй- ғайрат қил. Керак бўлмаган ишлардан қўлингни торт. Тўғрилик пеша қил; доимо тўғри сўзла, тўғри ишла, ҳийла-найрангдан ўзингни сақла, қалбинг пок бўлсин, ҳақиқатпарвар бўл, ҳақ, рост сўзни дангал сўйла! Мўьтадилликни сақла; ҳар нарсада ўртача ҳолни тут, чегарадан чиқиб кетма, бир одамнинг ҳақсиз бўлганини жуда яхши билганингда ҳам ундан ўч олишга интилма, ўзингни тут. Покдомон бўл; аъзойи баданингни, кийим-кечак, уй ва бошқа нарсаларингни сира ҳам ифлос қилма, тозаликка диққат бер. Қалб ҳузурига эга бўл; майда-чуйда, ҳеч нарсага арзимайдигаи нарсалардан қайғуриб, саломатлигингни бузма. Иффатли бўл; ўзинг тугул, бошқаларнинг тинчлигини ҳам қўрқинч остида қолдирма, доимо иффатли, номусли бўл, маъносиз йўлларда юрма. Адабли бўл; тарбияли ва олим-фозиллардан ўрнак ол, тавозели, мулойим сўзли бўл, ўзингни ҳаммадан юқори тутма, камтарлик яхши хислат эканини эсингдан чиқарма! Олижаноблик бир қувватдирки, бу қувватга эга бўлгап одам бойликка ва одамларнинг мақташларига ёки камситишларига сира илтифот қилмайди, тур-мушнинг ўзгариб туришига қайғурмайди. Ғайратига ва олий ҳимматлилигига камчилик келтирмайди, яьни мол-дунёси кўп бўлса ғурурланиб, мутакаббир бўлиб колмайди, халқнинг мақташига севинмайди. Ҳар вақт бир хилда бўлиб ўзининг даража ва ҳимматини сақлайди. Сабр — қайғу-аламларга, машаққатларга чидашдек фойдали бир ишдир, бунга эга бўлганлар ҳар нарсага ортиқ даражада қайғуриб, ўз саломатликларини йўқотмайдилар. Шижоат эгаси бўл; Хавф-хатарларга учраганда, киши ўзини қўрқмай сақлаши қаҳрамонликдир. Бу фазилат қўрқинчли пайтда одамни нолойиқ иш қилиб қўйишдан сақлайди. Мулойимлик шиорини тут; аччиғланган вақтда ўзни тута бил. Мулойимлик улуғ фазилатларнинг биридир. Қаҳр-ғазаб вактида ўзни босиб, тинч тура олиш одамни жуда кўп хавф-хатарлардан, ёмонликлардан сақлайди. Мулойим, юмшоқ кўнгилли кишиларни ҳар ким севади. Осойишталик қилган одам жанжал, ғавғо вақтларида қичқириб, енгиллик ва қизиққонлик кўрсатмайди, сукут ва сабр сақлайди. Қизиққонлик саломатликка, ҳатто умрга зарар етказади. Қизиққонлик, енгиллик, қаҳр-ғазаб одамни уятга қолдиради. «Ғазаб билан сарғайган юз пушаймонлик билан қизаради», деб шунга айтадилар. Тавозеъ—халқдан ўзини юқори тутмаслик, бошқаларни камситмаслик каби гўзал хислатдир. Ўзини ҳар кимдан ортиқ билмаган одам мақташга сазовор улуғ одамдир. Бу инсоннинг энг яхши фазилатидир. Шундай бўлса-да, тавозеъни жуда ҳам кўпайтириб ўзини ҳақир тутиш, ёки мунофиқона тавозеъ қилиш ярамаган бир ишдир, ўртача тавозеъ мақбул ва марғубдир. Ҳамият — номус ва диёнатни сақлашдир. Чидамлик — гўзал сифатларга, олий ишларга эришиш йўлида машаққатларга бардош беришдир. Ҳамдардлик—бир одамнинг қайғу, ҳасратларига ачиниб ўзида ҳам қайғу ҳосил қилишдир. Лекин қуруқ ҳамдардлик фойда бермайди, балки қайғули одамларга ёрдам бериб, уни қайғу, ҳасратдан қутқазиш чорасига киришиш лозимдир. Ҳамдардликнинг тўла маъноси мана шундадир.
|
|
| |
SAKINA | Дата: Yakshanba, 09-Fev-2014, 04:41 | Сообщение # 8 |

Группа: IJODKOR
Сообщений: 2601
Статус: 
| Шайх Саъдий айтади: Хуросонлик икки дарвеш бир-бирлари билан суҳбатлашиб саёҳат этардилар, улардан бири ориқ ва кучсиз бўлиб, ҳар икки кечада бир марта таом ер эди. Иккинчи дарвеш эса семиз ва кучли бўлиб, ҳар куни уч марта тақиштириб таом еярди. Улар бир шаҳар дарвозаси ёнида жосуслик туҳмати билан қўлга олиндилар. Ҳар икковини бир уйга қамаб қўйдилар. Орадан икки ҳафта ўтгандан кейин, уларнинг гуноҳсиз эканликлари маълум бўлиб, озод этмоқ учун эшикни очдилар. Семиз дарвеш ўлиб қолган, ориқ дарвеш тирик эди.Ҳамма бу ҳолни кўриб таажжубланди. — Агар бу ҳолнинг акси бўлганда эди, яъни ориқ дарвеш ўлиб, семизи тирик қолгандайди, таажжуб этиш мумкин эди, чунки семиз дарвеш жуда кўп таом еб юргани учун очликка тоқат қила олмай ҳа-лок бўлди. Ориқ дарвеш эса, кўп таом ейишдан ўзини сақларди. Шунинг учун ўз одатича сабр этди, ўлмай саломат қолди. Қитъа: Киши гар қилса камхўрликка одат, Ёмон кун тушса бошига қутулғай. Агар кенгликда кўп танпарвар эрса, Оғир кун бошига келганда ўлғай.
* * * Бир подшоҳнинг ёнида ўзининг ва хизматчисининг ўғли ўтирганди. Подшоҳ ўз ўғлидан: — Ўғлим, ростини айт, сен дунёда нималарни орзу қиласан, кўнглинг нималарни истайди?—деб сўради. — Молу мулким кўплиги билан шуҳрат қозонишни, доим шароб ичиш, овга чиқиш, айш- ишратдан холи бўлмасликни орзу қиламан, деб жавоб берди подшоҳнинг ўғли. Сўнгра подшоҳ хизматчисининг ўғлидан: — Тўғрисини айт, сенинг келажакдаги орзу-тилагинг нима?— деб сўради. Хизматчисининг ўғли мулойимлик билан: — Шафқатли, марҳаматли, хайр-саховатли бўлиб, халққа хизмат этишни, жамиятга фойда етказишни, ҳамманинг меҳру муҳаббати, олқишини олишга му-ваффақ бўлишни орзу қиламан,— деб жавоб берди. Подшоҳ унинг сўзларидан кўп таъсирланди, бу олижаноб ўғилни қучоғига олиб севди, юз- кўзларидан ўпиб эркалади ва айтди: — Баракалла, ўғлим, шундай бўлиш керак, орзу-ниятингга, мурод-мақсудингга ет,— деб олқишлади, уни яхши тарбия қилишга аҳамият берди: Байт: Ким халойиққа тарахҳум қилмагай, Унга асло бахт-давлат келмагай.
* * * Олимлардан Аҳмад Жавод айтади: — Хорун ар-Рашиднинг ўғли Маъмун ар-Рашид илм-фанни севувчи, олимларни ҳимоя қилувчи бир зот бўлиб, ёш болаликдан бошлаб заковат ва фаросатга эга эди, ҳар ким уни севарди. Маъмун ёш бола пайтида ота Хорун хусусий муаллимда ўғлини ўқитди. Муаллимнинг бир одати бор эди: дарс вақтида бошини энгаштириб ерга қараб ўтирарди. Агар ўқувчи бир жумлани янглиш ўқиса, бошини кўтариб унга қараб қўярди. Бир куни Маъмун муаллим олдида бир китоб ўқир эди. Китобда бўлган: «Уддасидан чиқмаган нарсани нега ваъда қиласиз?» деган жумлани ўқигач, муаллим бошини кўтариб, унга бир қараб қўйди. Маъмун: «Балки янглиш ўқиган бўлсам керак», деб жумлани диққат билан қайтариб ўқиди. Маъмун дарсдан кейин отаси ёнига келиб: — Отажон, муаллимимга бирор нарса ваъда қилган бўлсангиз, дарҳол ваъдангизга вафо қилинг,— деб бўлган воқеани отасига айтиб берди. Хорун ар-Рашид: — Ўқитувчинг мендан бир нарса сўраганди, мен унинг сўраганини беришга ваъда қилгандим, эсимдан чиқиб кетибди,— деди ўғлининг зукколигидан хурсанд бўлиб, муаллимга берган ваъдасини дарҳол бажо келтирди. Заковат ва фаросат инсон учун энг қимматли нарсадир. Бу хислатга эга бўлган инсон ҳар ишидан муваффақият ҳосил этади. Байт: Бўлса, ҳар кимда агар ақлу закодан асар, Қайси бир ишга киришса, топмагай асло зарар.
* * * Озарбайжоннинг машҳур классик шоири Низомиддин Ганжавий ўз ўғлига насиҳат қилиб айтади: — Кўзимнинг нури ўғлим, мана энди ёшинг ўн бешга тўлди. Етти ёшлик бола вақтингда чаманнинг гул ғунчаси эдинг, энди улғайдинг, йигитлик даврига қадам қўя бошладинг. Бундан сўнг сенга ўйин ярашмайди, бутун ғайрат ва маҳоратингни илм, ҳунар ўрганишга сарф қил. Ҳар ким сени одоб, ахлоқинг, илм, ҳунар ҳосил қилишга бўлган муҳаббатинг ва шу йўлда кўрсатган ғайратинг билан мақтасин. Ўғлим, ҳар қандай ишни бошлар экансан, аввал яхшилаб ўйлаб, дўстларинг билан маслаҳатлашиб, сўнгра у ишга кириш, диққатли бўл, агар ишингда бирор камчилик сезсанг, уни битиришга тириш, шундай қилмасанг, ишинг чаппасига кетиб хижолат чекасан. Одамлар билан хушмуомалада бўл. Ўзингдан катталарга ҳурмат, кичикларга шафқат қилишни унутма. Ўғлим, сенда заковат, қобилият асарларини кўраман. Қайси бир илм ва ҳунарни ўрганишга киришсанг, ўлда-жўлда қолдириб кетма, мукаммал ўрган, сусткаш бўлма. Байт: Амал сендан, ўғил, мендан насиҳат, Этар бадбахт инсонни атолат1.
* * *
Шайх Саъдий айтади: — Онанинг жонпарвар бўйи, яъни қадди-қомати бир дарахт бўлса, фарзанд у дарахтнинг нозанин меваси ва натижасидир. Онанинг кўкси томирлари юрак ичида эмасми? Ҳақиқат кўзи билан қарасак, она сути — унинг юрак қонидир. Шунинг учун фарзандга онанинг меҳр- муҳаббати отага қараганда яна ҳам кўпроқ бўлади. Баъзи фарзандлар ҳаммадан ҳам азиз ва меҳрибон онанинг қадр-қимматини билмайдилар. Айтишларича, бир ёш йигит онасининг гапига қулоқ солмади, бақириб-чақириб унинг дилига озор берди. Меҳрибон она ўғлининг қилиғидан кўнгли бузилиб, кўзига ёш олди. Дарҳол ўғли чақалоқлик вақтида ётган бешикни кўз олдига қўйиб айтди: - Эй ёшлик, чақалоқлик пайтларини унутган ноинсоф! Мана бу бешикни кўрдингми? Чақалоқлигингда сени шу бешикка белаб, кечалари тонг отгунча ухламай тебратардим, ҳадеб йиғлай берсанг бешикдан ечиб олиб, бағримга босиб овутардим. Жуда кўп кулфат, машаққатлар чекиб сени тарбияладим. Сени деб, куч-қувватдан ажралдим. Сени деб, ҳамма қийинчиликларга бардош бердим. Мана энди катта бўлиб, куч-қувватга эга бўлдинг, лекин ёшлик ва чақалоқлик даврларингни унутиб, меҳрибон онангга итоат қилмайсан, унинг кўнглини вайрон қилиб, кўз ёшларини тўктирасан. Ундай қилма, ўғлим, она муҳаббати нақадар зўр ва чексиз эканини унутма. Мен ҳам, отанг ҳам доимо бахтли, саодатли бўлишингни истаймиз. Бизни хафа қилма, дилимизни оғритма, айтганларимизни қабул қилиб, бизни рози қил, дуомизни ол. Онасининг йиғлаб айтган сўзлари йигитнинг кўнглига ўқдек санчилди, қилган қилмишига пушаймон бўлди. Онасини қучоқлаб юз-кўзидан ўпиб, йиғлаб узр айтди. Она эмасми, ўғлининг гуноҳини кечириб, унинг юз-кўзларидан ўпиб, ҳақига дуо қилди. Байт: Жон қулоғинг бирла тингла, моҳи тобондир онанг, Бахт-иқболинг самосида дурахшондир онанг!
|
|
| |
SAKINA | Дата: Yakshanba, 09-Fev-2014, 04:45 | Сообщение # 9 |

Группа: IJODKOR
Сообщений: 2601
Статус: 
| Олимлардан Муллажон Холиқий айтади: — Ҳеч бир ота-она ўз болаларини бутун умрлари бўйича тарбиялаб дунёдан ўтмайдилар. Ҳар бир нарса эскирган каби, ота-она ҳам қариб қолиши бегумон. Ота-оналаримиз қариб қолганда уларга қарашимиз, бу вазифани ҳар биримиз сидқидилдан бажармоғимиз, уларга меҳр-муҳаббат туйғуларимизни бахш этмоғимиз керак. Қисқаси, мумкин қадар ота-онамизнинг кўнгилларини кўтариш бизнинг бурчимиздир. * * * Арасту ҳаким айтади: Тўғри сўзлаб, тўғри ишлаб вафот этиш ёлгончи бўлиб, узоқ яшашдан кўра хайрлидир.
* * * Бир донишманд айтади: — Бошқаларнинг авлодига, қариндош-уруғларига эҳсон қилинг, ёрдам беринг. Улар ҳам авлод ва қариндош-уруғларингизга сиз қилган яхшилигингизни қайтарадилар, яъни қилган яхшилигингиз ўзингизга қайтмаса, болаларингизга ва қариндош-уруғларингизга қайтади.
* * * Қадимги юнон донишмандларидан Афлотун ҳаким айтади: — Мен фидокорона қилинган роҳатни бошқа бирор нарсадан кўрмадим. Вужудимнинг саломатлиги, руҳимнинг саодатини фақат меҳнатда топдим. Байт: Меҳнат ила ҳал бўладир ҳар мушкул, Коми дил меҳнат ила бўлгай ҳосил.
* * * Суқрот ҳаким айтади: — Ҳунардан яхшироқ, илмдан улуғроқ нарса йўқ. Шарму ҳаёдан яхшироқ безак, зебу зийнат йўқ, бадфеълликдан ёмонроқ душман йўқдир.
* * * Қадимги юнон ҳакимларидан Суқротни юнон худоларини инкор этгани учун заҳар ичиб ўлишга ҳукм этдилар. Шогирдлари йиғлаб ундан: — Азиз устод, жасадингизни қаерга дафн этайлик? - деб сўрадилар. Суқрот кулиб: — Қайси ерни хоҳласангиз, жасадимни ўша ерга кўминг, лекин мен жасадим бирла бўлмайман, доимо сизлар билан бир бўламан, қалбингизда яшайман,— деди. * * * Донишмандлардан Муҳаммад Ворис айтади: — Бир олимдан: «Адил ва эҳсоннинг маънолари нима?»—деб сўрадилар. Олим айтди: — Адил — зулм, жабр-жафо кўрган мазлум бечораларнинг додларига етиш, эҳсон эса муҳтожларнинг жароҳатларига роҳат малҳамини қўйишдир. Анушервон адолатни, Хотам хайр- эҳсонни ўзларига пеша қилганлари туфайли номлари ҳанузгача халқ оғзида ҳурмат билан ёд этилади.
|
|
| |
SAKINA | Дата: Yakshanba, 09-Fev-2014, 11:47 | Сообщение # 10 |

Группа: IJODKOR
Сообщений: 2601
Статус: 
| Бир донишманддан: — Қайси айб, ярамас одат ҳамма яхши ҳунарни ёпиб қўяди?—деб сўрадилар. — Бахиллик,— деб жавоб берди донишманд. Яна сўрадилар: — Қайси яхши ҳунар ҳамма айбни босади? — Сахийлик,— деди донишманд.
* * * Анушервоннинг бпр хизматчиси унинг ёнида бир кишини ёмонлади. Анушервон у чақимчига: — У киши ҳақида айтганларингни яхшилаб текшираман. Агар тўғри сўзлаган бўлсанг, бошингни силайман, чақимчилик қилган бўлсанг, сендан нафратланаман, сени душманим деб биламан, ёлғон сўзлаган бўлсанг, жазо бераман, чақимчиликдан тавба қилсанг, кечираман,— деди. Хизматчи чақимчиликдан тавба қилди, Анушервон унинг гуноҳини кечирди, Байт: Гар чақимчи ўз ишидан урса дам, Қудратинг етса, қилгил тилни қалам.
* * * Рум ҳукмдори Эрон ҳукмдори машҳур Анушервондан: Бир иморат қилишга киришган эдингиз, нима бўлди, иморатингиз битдими? — деб сўради. — Иморатимни битказдим, мен ҳеч вақт нотамом иш қилмайман, қайси ишга қадам қўйсам, у иш охирига етмагунча, ундан қадамимни тортмайман. Бир ишга киришган киши ғайрат қилиб бошлаган ишини охиригача етказиши лозимдир, — деб жавоб берди Анушервон. Рум ҳукмдори Анушервоннинг сўзини маъқуллаб: — Балли, юнон донишмандлари ҳам шундай деган эдилар, — деди.
* * * Абу Али ибн Сино айтади: — Ўн нарса ҳамма эзгуликнинг манбаидир: 1. Тўғри сўзлаш ва тўғри ишлаш. 2. Ҳалол, пок меҳнат қилиш. 3. Ҳаммага инсоф, адолат билан муомала қилиш. 4. Нафс орзуларига ортиқча берилмаслик. 5. Олим-фозиллар билан суҳбатлашиш, улар суҳбатидан баҳраманд бўлиш. 6. Катталарнинг иззат-ҳурматларини бажо келтириш. 7. Кичикларга шафқатли, марҳаматли бўлиш. 8. Чип ва самимий дўстлик. 9. Муҳтожларга ёрдам этиш ва уларга инъом-эҳсон қилишни унутмаслик. 10. Нодонларга насиҳат этишдир.
* * * Машҳур донишманд Суқрот ҳаким айтади: — Оқил, доно одамлар ҳалол касб билан шуғулланиб, шу касбларидан топган мол- дунёларидан муҳтожларга инъом-эҳсон қиладилар. Аччиғланган вақтларида тилларини ёмон сўзлардан, қўлларини одамларга озор беришдан сақлайдилар. Агар бир одам сенинг айбингни юзингга солса, камчиликларингни танқид қилса, уни дўст деб бил, гўзал хулқ-атворли бўлишга, ярамас ишлардан сақланишга ғайрат қил. Байт: Ҳар ким ўз айбини билса марддир, Бошидан айлангил аҳли дарддир.
* * * Жалолиддин Румий айтади: — Ўзинг билмаган, тушунмаган ишга киришма, қайси бир ишга киришмоқчи бўлсанг, ўзинг билган ақлли, тажрибали киши билан кенгаш, унинг маслаҳатига қулоқ сол, сўнгра иш бошла. Шундай қилсанг, ўзингни хатолардан сақлайсан.
* * * Фаридиддин Аттор айтади: Қўймагил нокас сари ҳаргиз қадам, Гар кўзинг тушса унга ҳеч урма дам, Ҳар хасисдан яхшиликни тутма кўз, Сенга гавҳардан зиёда ушбу сўз.
* * * Бир донишманд айтади: — Бахиллик энг ярамас сифатлардан саналади. Бахилликнинг сабаб ва белгилари уч хил: Биринчиси, бахил камбағаллик, муҳтожликдан қўрқиб зиқналик қилади, иккинчиси, мол-дунёни жуда севиб, йиғишга тиришади, учинчиси, нафсининг харислиги туфайли бошқа кишига хайр- эҳсон қилиш ҳақида гап бориб қолса, дарҳол сўзидан қайтиб, турли ҳийла-найрангга ёпишиб, хайр-эҳсон қилишдан бош тортади. Байт: Бахил бўлса ҳеч, қил саҳо ихтиёр, Сахийлик сени айлагай бахтиёр.
|
|
| |
SAKINA | Дата: Seshanba, 11-Fev-2014, 03:47 | Сообщение # 11 |

Группа: IJODKOR
Сообщений: 2601
Статус: 
| Афлотун ҳаким айтади: — Ойнага қараган одам ўз юзини гўзал деб билса, ёмон ишлар қилиб бу гўзалликка халал келтирмасин. Агар у ойнада юзини ирганчли кўрса, тасқаралиги ўзига ёқмаса, бу ирганчлик устига яна бир талай ярамасликлар орттирмасин.
* * * Арасту ҳаким айтади: — Кўр одам билан кўзи соғ одам бир қудуқ ичига йиқилиб тушган бўлсалар, бахтсизликда ҳар иккаласи баб-баравардир. Лекин кўр одам узрли, уни айблаб бўлмайди, чунки у кўр бўлгани учун, бу фалокатга учради. Шу сабабдан ҳар ким унга ачинади, уни айбламайди. Лекин кўзи очиқ одамни ҳамма айблайди, кўзи очиқ бўла туриб, эҳтиётсизлиги орқасида қудуқ ичига йиқилиб тушгани учун уни мас-хара қилиб куладилар. Шу сабабдан соғлом кўзга эга бўлганлар шукур қилиб, ҳар бир ишда эҳтиёткорона ҳаракат қилишлари лозимдир.
* * *
Абдулқосим донишманд айтади: — Энг эзгу одам ўз хотини ва фарзандларига эзгулик қилган одамдир. Мард-олижаноб одамлар хотинларини улуғлаб, уларнинг қадр-қимматларига етадилар.
* * * Бир донишманд шогирдларидан: «Дунёда инсон учун энг яхши нарса нима?»— деб сўради. . Шогирдларидан бириси: «Комил ақл» деди. Иккинчиси: «Яхши ўртоқ» деди. Яна бир шогирд: «Чора-тадбир» деб жавоб берди. Донишманд уларнинг фикрларини қабул қилмади. Ниҳоят бир шогирд: — Инсон учун энг яхши нарса — пок қалб, - деди. Донишманд бу шогирднинг сўзини маъқуллаб: — Баракалла, тўғри айтдинг, бу бўлса, аввалгиларнинг ҳаммаси ҳам бўлади, пок қалб инсон учун энг яхши нарса, деди.
* * *
Узоқ йил умр суриб қадди-қомати ёйдек букилган бир киши ҳассасига таяниб борарди. Бир ёш йигит чолни масхара қилгандек бўлиб айтди: — Бобожон, бу ёйни қаердан ва неча пулга олдингиз, мен ҳам шундай ёйни сотиб олмоқчиман,— деди. Чол бобо кулиб: — Оппоқ ўғлим, ҳали ёшсан, бундай ёйни сенга сотмайдилар, сабр қил, умринг узун бўлиб, менинг ёшимга кирган вақтингда сенга текинга келтириб берадилар.
* * * Фаридиддин Аттор айтади: Сўзни яхши билмайин қилма баён, Ки қилур сўз барча айбингни аён.
* * * Анушервон айтади: — Бир ибратли воқеа менинг адолатли бўлишимга сабабчи бўлди. Йигитлик вақтимда бир кун овга чиқиб отимни ҳар томонга чоптирар эдим. Пиёда юрган бир киши тош отиб бир итнииг оёғини синдирди. У киши бир неча қадам босар-босмас менинг отим тепиб, унинг икки оёғини синдирди. Кейин отим бир харсанг тошга қоқилиб, икки оёғини синдирди. Мен бу воқеани кўргач, ўз-ўзимга: «Кўрдингми, улар нима қилдилар ва нимани кўрдилар? Ҳар ким ярамас ишни қилса, ўзи истамаган ишни кўради»,— дедим. Шу воқеадан ибрат олдим. Қитъа: Халққа қилгил лутф ила дилдорлик, Тарк этиб зўрликни, айла зорлик, Ким нима экса, ўрар ул экканин, Қил ўзингга пеша никукорлик.
* * * Бир донишманддан шогирдлари: — Нима қилсак тинч ва роҳатда умр кечирамиз— деб сўрадилар. Донишманд: — Ҳеч қаерда ҳеч кимга бирорта сўз сўзламанг, сукут этинг,— деб жавоб берди. Шогирдлари: — Ахир, доим сукут этиб юраверамизми, бу мумкинми? Бошқача йўл кўрсатинг?—дедилар. Донишманд шундай маслаҳат берди: — Сукут эта олмасангиз, сўзланг, лекин қисқа ва маъноли сўзланг, оғзингиздан сира ҳам ножўя сўзлар чиқмасин. Ёмон сўз тингловчининг кўнглини хира қилади, бундан сақланинг. Байт: Яхши сўздан кўрасан меҳру вафо, Номуносиб сўзласанг, етгай жазо. * * *
Суқрот ҳаким айтади: Гўзал тадбир ишлатиб, душманни дўст этиш, нодон ва жоҳил одамни таълим ва тарбня қилиб, донолар зумрасига, бадахлоқ фосиқларни панд, насиҳат билан ислоҳ этиб, яхшилар қаторига қўшиш энг афзал амаллардан саналади.
* * * Жолинус ҳаким айтади: Ўз айби, камчилигини англамаган одамни ислоҳ қилишга уриниш фойдасиздир. Ўз айбингдан огоҳ бўл, камчилигингни тузат, аблаҳлар ва хушомадгўйларнинг риёкорона мақташларига алданма, ғурурланиб, гердайиб кетма.
|
|
| |
SAKINA | Дата: Seshanba, 11-Fev-2014, 03:51 | Сообщение # 12 |

Группа: IJODKOR
Сообщений: 2601
Статус: 
| Ҳожа Насриддин Тусий айтади: Ҳар вақт олдингга бир-бирига зид, қарама-қарши иш келиб қолсаю, улардан қайси бири тўғри, қайси бири нотўғри эканлигини билмай бош қотирсанг, ях-шилаб фикр қил, ўйла. Улардан қайси бирини нафсинг тиласа уни олма, нафс орзусига хилоф бўлган ишни ихтиёр қил, чунки, нафс ҳақиқий, тўғри йўлга қаршилик кўрсатади. Қитъа: Яхши хулқни бузгусидир ҳар киши, Бўлса бадкирдорларга ҳамнишин, Қилғуси ҳар бир киши эгнин қора Гар яқин тутса қозон бирла ўзин.
* * * Суқрот ҳаким айтади: — Мен душманим бўлган бир одамга адоват қилмайман, адоват қилсам, душманимнинг хусумати яна ҳам зиёда бўлади. Мен яхшилик билан муомала қилиб душманимнинг адоватини муҳаббатга айлантираман, уни ўзимга дўст қиламан.
* * * Луқмон ҳаким айтади: — Саъй-ғайратсизлик— умид ва муваффақиятнинг кучини битирадиган бир мараздир. Инсоният саодатидан маҳрум бўлиб маъюсона яшаш — саъй-ғайратсизлик асаридир.
* * * Искандар Зулқарнайн ўзига яқин кишилардан бирига кўнглида яшириб юрган бир сирини айтиб, уни сақлашни, ошкор қилмасликни қайта-қайта таъкидлаган эди, лекин у Искандарнинг сирини узоқ сақлай олмай ичи пишиб бир дўстига айтди. Дўсти бир кишига, у киши яна бир кишига айтди. Шундай қилиб, сир ҳаммага ошкор бўлди. Сирининг ошкор бўлганидан ортиқ даражада ғазабланган Искандар устоди Арастуга: — Эй ҳаким, кишининг сирини фош қилганга қандай жазо бериш керак? Мен фалон кишига сиримни айтган эдим, у киши сиримни сақлай олмай ошкор қилган, мен энди унга жазо бермоқчиман, сиз бунга нима дейсиз? — деди. Арасту ҳаким айтди: — У кишига жазо беришга ҳаққинг йўқ, ўзинг айбдорсан, сирингни ўзинг сақлай олмай, юрагинг тошиб кетиб бировга ошкор қилгансан. Ўзинг сақлай олмаган сирни бошқа киши қандай сақлай олсин?— деди. Искандар сукут этишга мажбур бўлди. Байт: Чун ўзинг сирингга маҳрам бўлмадинг, Ўзгалар гар асрамас, йўқ, бир ажаб.
* * * Абуязид донишманд айтади: — Бирон бир иш ҳақида ақлли одам билан кенгаш қилсанг, албатта, фойда кўрасан. Бирон бир иши ҳақида донолар билан кенгашган киши ўз мақсадига етади.
* * * Афлотун ҳаким айтади: — Фарзандларингизнииг илм ва адабини ўзингизнинг илм ва адабингиз билан чекламанг, уларни келгуси замон учун тайёрланг, чунки улар сизнинг замонангизга тегишли эмас, улар келгуси замон одамларидир.
* * * Султон Маҳмуднинг жуда ҳам гўзал бир боғи бор эди. Бир кун боғда отаси Носируддавла Сабуктакин шарафига зпёфат берди. Зиёфатдан кейин ўғли отасидан: — Азиз отам, менинг бу боғим ҳақида нима дейсиз, сизга маъқул бўлдими?—деб сўради. Отаси шундай жавоб берди: — Эй кўзимнинг нури ўғлим, боғинг жуда ҳам зебо ва дилкушо боғдир, аммо давлати, бойлиги бор ҳар бир киши бундай боғни бунёдга келтира олади, лекин сен кўпларга муяссар бўлмаган бир боғни вужудга келтир, унинг мевасидек мева ҳеч ерда топилмасин. — У боғ қандай боғ экан?— деб эди, отаси жавоб берди: — У боғ олим, фозиллар, адиб, шоирлар, донишмандлар ва бошқа аҳлоқли, тарбияли улуғ зотлар суҳбатидир. Шу улуғ зотлардан тарбия топиб, яхши ишлар зуҳурга келтириш унинг дарахти бўлиб, меваси - яхши номга эга бўлишдир.
* * * Султоп Маҳмуд Ғазнавийнинг отаси Сабуктакин бир кун овга чиқди. Саҳрода бир кийик ўз боласи билан бирга ўтлаб юрган эди. Сабуктакин от чоптириб кийикларни қувлади. Она кийик югуриб қочдн. Хали кичкина бўлган боласи тез югура олмай тўхтаб қолди. Сабуктакин кичкинтойни тутиб олиб, унинг қўл-оёқларини боғлади, эгарининг олдига қўйиб овдан қайтмоқчи бўлди. Боласини тутқин кўргап бечора она бетоқат бўлиб «боламни қўйиб юбор» дегандай қилиб Сабуктакин атрофида айланарди, овозини чиқариб нола қиларди. Сабуктакин она кийикнинг ҳолига раҳм қилиб, унинг боласини банддан бўшатиб, қўйиб юборди. Кичкинтой онасига бориб қўшилди, меҳрибон она севиниб ҳол тили билан Сабуктакинга ташаккур айтиб боласини олиб кетди. Олижаноб, марҳаматли, шафқатли одамлар шундай бўладилар. Байт: Мардларнинг ишларин андиша қил, То тириксан яхши ишни пеша қил.
* * * Улуғ ва мард одамлардан Шайх Шиблий қишлоқдан шаҳарга тушиб, шаҳар бозоридаги бир дон дўконидан буғдой сотиб олди, уни бир идишга солди ва елкасига қўйиб қишлогига қайтди. У ўз манзилига келгач, идишни очиб қаради. Идиш ичида бир чумоли ҳайрон-саргардон бўлиб, идишнинг у ёқ-бу ёғига югурарди, инини, ватанини изларди, ҳол тили билан ёрдам истарди. Шайх Шиблий у чумолига раҳми келиб, тонг отгунча кўзига уйқу келмади. Эртаси куни эрталаб идиш ичида инини қидириб юрган чумолини олиб шаҳарга тушди, буғдой сотган одамнинг дўкони ёнига келиб ҳалиги чумолини қўйиб юборди. Чумоли дўкон ёнида ўрмалашиб юрган ўртоқларига қўшилиб ўз инига кетди. Шайх Шиблий буни кўриб: — Бечора чумолини инидан жудо қилиб, овора, паришон қилишим мурувватдан эмасди, уни ўз инига келтириб қўйиб кўнглим тинчиди, шодликка тўлди,— деб севинди.
* * *
«Шоҳнома» номли асарнинг эгаси, пок зод Фирдавсий: — Донларни ташиб юрувчи чумолини ҳам ранжитма, чунки ҳар жониворнинг жони ўзига шириндир, дейди. Кўнгли қора, бағритош бўлган киши ҳатто чумолини ҳам ранжитишга, беҳузур бўлишига рози бўлади. Ожизларга зўравонлик қилиб, уларни ранжитма, бир кун чумоли каби оёқ остида бўласан. Исҳоқ Мусилий деган фозил кунлардан бир кун пулга муҳтож бўлиб, дўстидан пул қарз олиш учун унинг уйига борди. Дўсти уйда йўқ эди. Уйда фақат дўстининг канизаги қолганди. Исҳоқ Мусилий канизакни чақириб: — Менга бир оз пул керак бўлиб қолди, ҳожангнинг ҳамёнини олиб кел,— деди. Канизак ҳожасининг ҳамёнини келтириб берди. Исҳоқ Мусилий дўстининг ҳамёнидан ўн сўмни олиб, чиқиб кетди. Бир оздан кейин Исҳоқнинг дўсти уйга келгач, канизак ҳожасига: — Сизнинг дўстингиз келиб бир оз пул сўради, ҳамёнингизни олиб чиқиб беришимни ўтинди. Мен у кишининг самимий дўстингиз бўлганини билардим. Шунинг учун ҳамёнингизни чиқариб бердим. У ўн сўм пул олиб, чиқиб кетди. Ҳамёнингизни сиздан беруҳсат олиб чиқиб берганим учун айблиман. Айбимни кечирасиз, деб умид этаман,— деб узр айтди. Ҳожаси севиниб: — Раҳмат сенга, менинг уйда йўқлигимни билдирмабсан, самимий дўстимнинг ҳожати раво бўлибди, шу қилган ишинг учун сени озод қилдим, деб канизакдан кўп миинатдор бўлди. Мана шундай бўлади ҳақиқий дўстлар! Байт: Кори мардонларни хўб андеша қил, То тириксан яхши ишни пеша қил.
* * * Шайх Саъдий айтади: Бир сўфизода йигит ўз амакиларидан қолган ҳисобсиз мол-дунёга эга бўлди. Бу мол- дунёсини фисқ-фужурга, ёмон йўлларга сарф эта бошлади, ичкиликка берилди ва ҳар турли номаъқул ишлардан чекинмади. Бир кун унга насиҳат қилиб айтдим: — Эй, ўғил, қўлингга кирган у пул, моллар оққан сувга ўхшашдир. Айш-ишрат эса, айланган тегирмон кабидир. Келиши кўп бўлган киши кўп сарф эта олади. Қитъа: Даромад бўлмаса харжингни қил оз, Ки исрофчи одамнинг ҳолига вой. Агар тоғларга ёмғир ёғмас эрса, Бўлур бир йилда дарё бир қуруқ сой. Ақл, адабни дуру гавҳар тутгил, ҳойю ҳавасни қўйғил. Мол-дунёинг тамом бўлгандан сўнг кўп машаққат чекасан, пушаймон қиласан. Йигит ейиш, ичиш лаззатига берилиб, насиҳатимни қулоққа олмади... менинг сўзларимга эътироз қилиб: — Ҳозирги роҳатни келадиган машаққат ташвиши билан бузиш оқилларнинг раъйига хилофдир. Мен мурувват бурчагида ўтирган, жавонмардлик камарини белга боғлаган йигитман, хайр-эҳсонимнинг таърифи халқ оғзига тушган,— деди. Йигитнинг насиҳат қабул этмаганини, иссиқ нафасим унинг совуқ томирига таъсир қилмаганини кў риб, насиҳат қилишдан тийилдим. Ҳакимларнинг: «Кишиларга ўзинг керак деб билган нарсаларни айт, қабул қилсалар кўп яхши, агар қабул этмасалар, сенга нима? Насиҳатдан оғиз очма,— деган сўзларига амал қилдим. Бир неча вақтдан кейин ўша йигит ҳақида ўйлаганларимнинг рўёбга чиққанини кўрдим. У йигит бир ерда ўтириб, йиртилган эски кийимни ямоқ жойларига яна латта қўйиб тикарди, гадойчилик қилиб одамлардан нон сўрарди. Унинг ҳолини кўриб жуда қайғурдим. Шундай ҳолида унинг кўнглини маломат тирноғи билан тирнашни, кўнгли ярасига туз сепишни ўзимга эп кўрмай, индамай ўтиб кетдим. Байт: Баҳор бўлса дарахт мевасин сочгай, Қиш ўлса, чорасиз бебарг қолгай.
|
|
| |
SAKINA | Дата: Dushanba, 17-Fev-2014, 09:00 | Сообщение # 13 |

Группа: IJODKOR
Сообщений: 2601
Статус: 
| Олим, фозил Ризоуддин ибн Фахриддин айтади: — Хотини ва болалари бор одам қадаҳга қуйилган ичкиликни қўлига кўтарса, нима сўзларни сўзлай олади? Тили сўзламаса ҳам дили ушбу сўзларни айтади: «Эй азиз оилам, сизларга қолдириб кетадиган давлатим йўқ, дунёда нима топган бўлсам, ушбу шиша билан қадаҳ ҳаммасини битирди». Одам боласи ақлли, ғайратли бўлиб дунёга келади, лекин унинг ақлини, ғайрат ва ижтиҳодини ичкилик битиради. Дунёда ҳар нарсани аксинча кўрсатиб турувчи нарса ичкиликдир. Яхшини ёмон, ёмонни яхши, каттани кичик, кичикни катта, озни кўп, кўпни оз кўрсатувчи ичкиликдир. Бир кишига ичкилик қадаҳини берувчи одам у бечоранинг виждонини ва бир оиланинг умидини ўлдириб, энг буюк жиноят қилган бўлади. Ичкилик зарари отадан болага юқади, яъни боланинг тани ёки ақли кучсиз бўлади. Ичкилик ичувчи одам кишига ишонмайди, бирор ишга қарор бера олмайди, ирода ва нияти бутунлай тўхтайди. Оналар етти ёш билан ўн етти ёш орасида бўлган болаларининг кўз олдиларида ҳар хил ҳолда бўлган мастларнинг расмларини қўйиб туришлари керак. Болалар мастларнинг ирганчли ҳолларини, қиёфаларини кўриб қўрқадилар, мастлик болаларга душман бўлиб ўринлашади. Бунинг фойдаси тажриба этилгандир. Болалар ҳузурида мастларга ачиниб сўзлаш, уларнинг оилалари бошларига тушган қайғу-аламларни сўзлаш лозимдир. Оналарнинг бундай сўзларидан болалар жуда зўр таъсирланадилар. Ичкилик инсоннинг саломатлигини битирувчи заҳардир, бунинг зарарларини болаларига яхшилаб тушунтириш ота-оналарнинг бирдан-бир муҳим вазифаларидир.
* * * Олимлардан Мақсудий айтади: — Биродарлар, душманларингиздан қўрқманг, шпкоят этманг, улар сизларга зарар еткиза олмайдилар, чунки уларнинг душман эканликларини биласиз, шунинг учун ҳар бир ишингизда эҳтиёткорона ҳаракат қиласиз. Боз устига халқ сиз томонда, душман нима сўзламасин, бари бир ишонмайди. Шунга кўра душманларингиздан унча хавфсираманг, сизларга асл зарар етказадиган кишилар ўз дўстларингиздир. Қандай дўстларингиз? Албатта чин, самимий дўстларингиз эмас, риёкор, мунофиқ, тилёғламачи дўстларингиздир. Сизлар самимий дўстларингизнинг сўзларига эмас, кўпинча, риёкор дўстларингизнинг сўзларига лаққа тушасизу, улардан кўрган зарарингизни ҳеч бир душманингиздан кўрмайсиз, сўзимизнинг исботи учун далил керакми? Мана сизларга битта далил: Ичкиликка берилган одам жонли бир қазо, оиласи учун буюк бир балодир. Бу бечоранинг ичкиликка муккасидан кетишига кимлар сабабчи бўлди? Душ-манларими? Ҳеч-да. Одам ўғли ичишга душманларидан ўрганмайди. Ҳеч бир душман ўз душманига: — Қани юр, юзта-юзта қилиб, кўнглимизни очиб келайлик,— деб душманининг қўлидан тутиб, уни судрамайди, бу ҳаммага маълум ҳақиқат. У бечорани юзта-юзтага ундовчи, ниҳоят ирганчли ҳолга тушишига сабабчи бўлган риёкор дўстларидир. У боёқиш одам сифатидан чиққандан кейин, уни масхара қилиб, сонга санамай кулиб юрувчилар яна ўша дўстлари бўлади. Биродарлар! Риёкор, икки юзламачи кишиларнинг дўстликларига ишонманг, чунки ҳамма ирганчли, бузуқ ишларни шулар ўргатадилар, чин, самимий дўстлар топишга киришинг. Самимий дўстлар сизларни тўғри йўлга бошлайди, гўзал маслаҳатлари билан ҳар вақт сизларга ёрдам берадилар.
Байт: Кимки қилмабдир ишига эҳтиёт, Топмас ул ҳасрат, аламлардан нажот.
* * * Бир донишманд ўз дўстларига ушбу ўн турли насиҳатни айтиб қолдирган экан: 1. Тўғри ўйла, тўғри сўйла. 2. Ишингнинг ҳамма катта ва кичик ерларига диққат қил. 3. Бу соат ичида ишлашинг мумкин бўлган ишингни дарҳол ишла, кейинга қолдирма. 4. Ишингга берилиб муҳаббат билан ишла, агар янглишганингни билсанг, уни кечиктирмай тузатишга ғайрат қил. 5. Бурчингни ваъда қилган вақтда адо эт, ваъдасизлик қилма. 6. Фойдасиз ошна- оғайниларингга боғланиб юрма. 7. Ичкиликдан ҳазар қил, бу заҳардан ўзингни сақла. 8. Нима бўлса пешанамга ёзилгани бўлади, деб пешонага ишониб юрма. 9. Қўпол сўзли бўлма, хушмуомалали бўл. 10. Ўз ишингда, ўз сўзингда қаттиқ тур.
* ** Мавлоно Ёқуб Чархий айтади: — Эҳтиёжингизни бир кишига арз этиб ёрдам сўраганингизда, у киши қабул қилиб ёрдам берса, миннатдор бўлинг. Агар у киши ёрдам бера олмаслигини айтиб, узр сўраса, узрини қабул қилинг.
* * *
Шайх Шаҳобиддин айтади: — Тилингни доим тўғри сўзлашга кўниктир, лофчилик, ёлғончиликдан тилингни тий. Кўзингни ҳалол нарсаларга тик, ман этилган ҳаром нарсаларга қара-ма. Қулоғинг одоб, аҳлоққа хилоф бўлмаган яхши сўзларни эшитсин. Ёмон сўзларга қулоқ солма. Қўлингни бошқаларнинг нарсаларига узатишдан сақла, ўғрилик кўчасига кирма. Оёғинг ёмон йўлларда юрмасин. Мана шу айтилган нарсага амал қилсанг, сенга бахт-давлат ёр бўлади, халқ қошида иззат, обрўга эга бўласан.
* * * Шайх Абдулхолиқ Ғиждувоний ўғлига насиҳат қилиб айтади: — Азиз ўғлим, ёмонлар билан суҳбатдош бўлма, улардан арслондан қочгандай қоч, ҳаммага раҳм ва шафқат кўзи билан қара, нафсингни тий, ҳавойи ҳавасга берилма. Таъмадан узоқлаш, очкўзликдан, бахилликдан, ўринсиз кулгилардан, масхарабозликдан ҳазар қил, очиқ юзли, ширин сўзли, хушмуомалали бўл. Олим, фозил, одоб, ахлоқ, тарбия эгалари билан суҳбатлаш, уларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўл.
* * * Олимлардан Аҳмад Жавод айтади: — Бир кишининг нарсасини олмоқчи бўлсак, эгасининг розилиги билан олайлик, эгаси рози бўлмаса, унинг бирор нарсасига қўл теккизмайлик.
* * *
Фаридиддин Аттор айтади: Дўст билан гар бўлса, тадбиринг сенинг, Ёр бўлғай бахту дастгиринг сенинг, Сен агар манманлигингни ташладинг, Ул замон давлат этагини ушладинг.
* * * Олимлардан Низомуддин бин Ҳусайн айтади: — Бир кишига ёлғондан муҳаббат ва ихлос қилиб, уни мунофиқона мақташ энг ярамасликдир. Бундай иккиюзлама, мунофиқ кишилар асаларига ўхшайдилар, чунки асаларининг оғзида шакару, аммо дилида заҳар бордир. Баъзи мунофиқларнинг ёлғондан мақташлари, ихлос, муҳаббат кўрсатишлари қилиқларидан, сўзларидан дарров билинса ҳам, баъзи уста мунофиқларнинг самимий, чин кўнгилдан дўст эмасликлари кейинроқ билинади, ишлаган ишларидан тажриба билан маълум бўлади. Бундай му-нофиқларнинг тилёғлама сўзларига ишониш аҳмоқлик аломатидир. Байт: Боғлама кўнгил мунофиққа, садоқат рангдир, Сенга бўлган ундаги меҳру муҳаббат рангдир.
|
|
| |
SAKINA | Дата: Dushanba, 17-Fev-2014, 09:03 | Сообщение # 14 |

Группа: IJODKOR
Сообщений: 2601
Статус: 
| Шайх Саъдий айтади: — Йигитлик ёшимда зўр куч-қувватга эга эдим, ўзимдан кичик ва кучсизларнинг қўлларини қайириб, дилларига озор берардим, ҳамма мендан безган эди. Ниҳоят бир кун ўзимдан қувватли бир кишининг муштини едим. Шундан кейин ҳеч кимга зўравонлик қилмадим. Эй ўғил, кучим бор деб зўравонлик қилма, ҳеч кимга жабр-жафо айлама, агар зўравонлигингни давом эттирсанг бир кун зўравонликнинг қандай кўнгилсиз натижа берганини кўрасан. Байт: Чоҳ қазиса биров бировга, эй ёр, Унга ўзи йиқилур деган масал бор.
* * * Арасту ҳаким айтади: — Маишатига кифоя этарлик давлатга эга бўлган киши ундан ортиқчани талаб қилмасин, ортиқча талаб қилган киши бениҳоя қайғу-аламларга гирифтор бўлади.
* * * Машҳур олимлардан Жалолиддин Муҳаммад айтади: Бир бой киши хизматкорига ўзининг зийнатли асбоблари, насл-насабини сўзлаб, улар билан мақтанди. Бойнинг сўзларини хизматчиси рад қилиб, шундай жавоб берди: — Сиз чиройли, қимматбаҳо кийимлар кийиб ўзингизга зийнат бергансиз, у зийнат сизда эмас, кийимлардадир. Минган отингиз билан мақтансангиз зийнат, комиллик сизда эмас, отингиздадир. Ота-боболарингиз фазилатлари билан ифтихор қилсангиз, у фазилатларнинг эгалари—улардир, сиз эмассиз. Агар ўша фазилатларнинг эгалари ўз ҳақларини қайтариб олсалар, сизга ҳеч нима қолмайди, у фазилат сизга ўтмагани сабабли қайтариб олишнинг ҳожати ҳам йўқ. Бошқаларнинг зийнатлари билан зийнатлана олмайсиз, хулқ-атворингизни туза-тинг, фазилатли бўлинг. Мана булар ўз зийнатларингиз бўлади. У вақтда ўз зийнатингиз билан ифтиҳор этишга ҳақли бўласиз.
* * * Бир бой одам донишмандлардан бирига: — Мен сизга юз сўм ҳадя қилмоқчиман, сиз бунга нима дейсиз?—деди. Донишманд шундай жавоб берди: — Ҳадя қилсанг, ўзинг учун яхши, ҳадя қилмасанг, мен учун яхши, чунки менга пул берганингдан кейин ҳар кимга «Фалон донишмандга юз сўм ҳадя қилганман» деб айтасан, миннат қилиб юрасан. Ҳеч нарса бермасанг, миннат қилиб юришингдан қутулиб қолган бўламан. Байт: Кутма дардингга даво пасткаш, қурумсоқ кишилардан, Ким чаён ниши билан олгай оёқлардан тикан?
* * * Олимлардан Муҳаммад ибн Аҳмад айтади: — Нодон киши кўнглига нима келса, шуни ишлашга киришади, ишининг оқибати нима бўлишини ўйламайди, тажриба қилинмаган, синалмаган одамнинг сўзига ишониб иш олиб боради, ўзига ишончи кўп бўлади, мақтаганни ҳуш кўради, бир нарса ҳақида сўрасалар, шошилиб жавоб беради. Ҳар хусусда шошма-шошарлик қилади. Маърифатдан холи, бўш ва хатоси кўп бўлади, ўнгга ва чапга кўп қарайди, мутакаббир ва мағрур бўлади, ножўя сўзларни сўзлашдан тортинмайди, тили аччиқ бўлади, оғзидан ширин сўз чиқмайди, айтилган сўзга тушунмайди, кулса қаттиқ кулади, йиғласа қичқириб йиғлайди. Мана шу каби ярамас одатларга эга бўлган кишиларга нодон одам дейилади.
* * * Ҳусайн воиз Кошифий айтади: — Ҳожати раво бўлишини тилаган киши иложи борича бошқаларнинг ҳожатларини раво қилишга киришсин. Искандар Румийдан: — Ҳаёт лаззатини нима нарсаларда топдинг?— деб сўрадилар. Искандар: — Ҳаётим лаззатини уч нарсада, яъни душманларнинг келтирадиган зиёнларини қайтаришда, дўстларнинг кўнгилларини кўтариб, уларни сарафроз этишда, ожиз, муҳтожмандларнинг ҳожатларини раво қилишда топдим,— деб жавоб берди.
* * *
Жалолиддин Румий айтади: — Саломатликни истасанг, мағрур, мутаккаббир бўлма, адоват, гина сақлашдан йироқ бўл. Қаноат — туганмас бир хазинадир, бунинг ҳақиқатини яхши тушунишга ғайрат қил. Қаноатнинг фақат номинигина ўрганиб, бир қанча хатоларга, ранж ва азиятларга тушмаслик керак. Қаноат аҳли ҳар жиҳатдан хушвақт ва мамнундир. Байт: Ҳирс ахли кўзларининг косаси пур бўлмади, То садаф қилмай қаноат оғзи дурдан тўлмади.
* * * Араб олимларидан Ҳаддод айтади: — Ҳар хил табиатли одамлар билан танишиб, уларнинг феъл-атворларини яхшилаб ўрган, ҳар бирини синаб кўр, шу билан дўстни душмандан, яхшини ёмондан, олимни жоҳилдан, каттани кичикдан ажратасан. Агар шундай қилсанг, одамларнинг зоҳирий кўринишларига алданмайсан, улар билан қилган муомалангдан мақсадинг ҳосил бўлади. Атрофингда бўлган одамлардан ҳар бирининг ҳолини сина ва уни ўз ҳолинг билап таққосла, агар у бахтиёр одам бўлса, сен ҳам унга ўхшаш бахтиёр бўлишга ғайрат қил. Байт: Ҳар ким ўз айбини билса, мард эрур, Бошидан айлангил аҳли дард эрур.
|
|
| |
SAKINA | Дата: Dushanba, 17-Fev-2014, 09:07 | Сообщение # 15 |

Группа: IJODKOR
Сообщений: 2601
Статус: 
| Қадимги Эрон шоҳларидан Ҳушанг ўз ўғлига васият қилиб айтади: — Эй фарзанд, иккиюзлама, ғаразгўй одамлардан ҳазар қил, уларни ёнингга йўлатма, чунки улар маъносиз даъво билан дўстлик лофини урадилар, яхшилик гавҳарларини ёмонлик ипига тизадилар, маъқул ва мақбул ишларни қабиҳ, ирганчли либосга ўраб ёмон шаклда сенга кўрсатадилар. Байт: Бўлмагил соҳиб ғаразга ошно, Оқибат жонингга еткизгай жафо.
* * * Мавлоно Ҳусайн воиз Кошифий айтади: — Донишмандлар: «Меҳмоннинг кимлигига қараб, ўз лутф-карамингга қара»,— деганлар.
* * * Алишер Навоий айтади: Эй Навоий, неча душман бўлса, ёнма дўстдин, Ким сенга бўлмишдур ул юз минг таманно бирла дўст,
* * *
Абу Али ибн Сино айтади: — Инсоннинг доимий гўзаллик ва латофати ҳаёдир. Ҳаёсиз юз жонсиз жасадга ўхшайди.
* * * Муҳиддин ибн Арабий айтади: — Бировга жабр қилишдан, душман орттирадиган ишдан сақланиш бошқанинг ҳусумат ва адоватига йўл қўймайди. Мен ҳеч кимга ёмонлик қилмадим. Жабр, зулм ва адоватдан узоқлашдим. Шунинг учун ҳеч ким менга душман бўлмайди.
* * * Абдураҳмон Жомий айтади: — Ҳакимлар иттифоқи бўйича, беш нарсага, яъни соғ-саломатликка, хотиржамликка, кенг ризқ-насибага, самимий, меҳрибон дўстга, роҳат-фароғатга эга бўлган одам умрини тинчликда, шод-ҳуррамликда кечиради.
* * * Суқрот ҳаким айтади: — Нодон одам ўз нодонлигини сукут этиб билдирмаса, шунинг ўзи билан ҳам уни оқиллардан ҳисоблаш мумкиндир. Лекин нодонлик билан сукутнинг иккиси бир одамда жам бўлмайди.
* * * Ҳусайн воиз Кошифий айтади: — Меҳру шафқат ва лутф карам эшигини дўстлари юзига очиб қўйган, уларнинг ҳожатларини чиқарган дўст — энг самимий дўстлардан саналади. Дўс-тидан биронта нарсасини аяган одам дўстликка ярамайди.
* * * Шайх Саъдий айтади: — Бир донишманддан: саҳоват билан шижоатнинг қайси бири яхшироқ? - деб сўрадилар. Донишманд: «Кимда саховат бўлса, у кишига шижоатнинг ҳожати йўқдир»,— деб жавоб берди.
* * * Фаридуддин Аттор айтади: Ўзгалар қадрини бил, эй муҳтарам, Токи билгайлар сенинг қадрингни ҳам.
* * * Шайх Зиёулло айтади: — Ҳар ким қуруқ гап сотувчи ва бировдан айб, камчилик изловчи бўлса, ҳеч кимга мақбул ва марғуб бўлмайди. Азиз умрини бекорга ўтказади. Ҳар ким халққа хайрихоҳ бўлмаса эл ҳурматини қозонмайди, мартабаси ошмайди. Ҳар ким дилозор бўлса, халқни ранжитса, ҳамиша қайғуда, хавф-хатарда умр кечиради. Ҳар ким қаҳр-ғазаб ўтини чидам, мулойимлик ва андиша суви билан ўчирмаса, кейин пушаймонлик гирдобига тушади. Ҳар ким исрофдан чекилмаса маишатда ўртача, мўътадил йўл тутмаса, муҳтожлик ўтида қовурилади. Ҳар ким ҳарис, очкўз бўлса, тинчлик юзини кўрмайди. Ҳар ким эзмаликдан, ёлғон сўзлашдан тийилмаса, ҳеч ким унинг сўзларига эътибор қилмайди, халқ қошида обрўси тўкилади. Ҳар ким қўпол сўзли, аччиқ тилли ва бадмуомала бўлса, ҳамманинг нафратига сазовор бўлади. Байт: Феъли бадлардан ўзингни пок қил, Аҳли ҳикмат сўзларин идрок қил.
* * * Ҳусайн воиз Кошифий айтади: — Ҳар кишида мулойимлик, хушмуомалалик бор бўлса файз, камол топишидан ўзга эҳтимол йўқдир. Ҳар киши бадфеъл бўлса, вайрон бўлишдан бошқа чора йўқдир. Хушфеъллик, мулойимлик ҳамма неъматларнинг яхшироғидир.
* * * «Қутадғу билиг» номли машҳур асар муаллифи Юсуф Хос Ҳожиб айтади: — Ёлғон кишининг обрўсини тўкади, ҳазил-мазах ҳам кишини шунга ўхшаш беиззат қилади. Ҳазил оқибати интиқом билан якунланиши мумкин. Ёлғон сўз, ҳазил-мазах ҳеч кимга маъқул эмасдир, ёлғончи киши ҳар ким қошида беобрўдир
|
|
| |