RSS
Yangiliklar-Новые сообщения · Azolarimiz-Участники · Forum qoidasi-Правила форума · Qidirish-Поиск
  • Page 2 of 2
  • «
  • 1
  • 2
Oz oz o'rganib dono bo'lur
SAKINADate: Dushanba, 17-Fev-2014, 09:15 | Message # 16
Group: IJODKOR
Messages: 2601
Status:
Алишер Навоий айтади:
Қилма улус аҳлу аёлига қасд,
Айлама эл жонию молига қасд.

* * *
Ҳусайн воиз Кошифий айтади:
— Гўзал феъл-атворнинг нишонаси ўн нарсадир: биринчи нишонаси — яхшилик; иккинчи
— инсофли бўлиш, учинчи — бошқа одамдан айб қидирмаслик; тўртинчи — бирор кишида
ножўя ҳаракат кўрса, уни яхши йўлга бошлаш; бешинчи — бир одам ўз айбига иқрор бўлиб узр
этса, узрини қабул қилиш; олтинчи — бошқалар учун машаққатни ўз устига олиш; еттинчи —
фақат ўз манфаатинигина кўзламаслик; саккизинчи—очиқ юзли, ширин сўзли бўлиш;
тўққизинчи — муҳтожларнинг ҳожатларини чиқариш; ўнинчи — мулойим ва тавозели
бўлишдир.

* * *
Алишер Навоий айтади:
Сен ани инсон атагил бериё,
Ким ишидир сабр ила шукру ҳаё.

* * *
Исрофчилардан бири Суқрот ҳакимга камбағал бўлиб қолганлигидан шикоят қилди. Суқрот
у одамга шундай маслаҳат берди:
— Исрофингизга бир чегара қўйиб пулингизни тежанг, ўзингиз ўзингиздан қарз олинг.

* * *
Абул Ало ал-Маарий айтади:
— Ўзингга хайрликни, бахт-саодатни истасанг, ичкиликни тарк қил, чунки ичкилик Од ва
Яман қабилаларидек қувватли ва маданиятли халқларни хароб қилди.

* * *
Шайх Саъдий айтади:
— Улуғ шайхларнинг бирига: «Фалон одам менинг ҳақимда кўп нолойиқ сўзлар тарқатиб
юради»,— деб у одамдан шикоят қилдим.
Шайх:
— Гўзал хулқ-атворинг, одобинг билан уни уялтир,— деб жавоб берди.

* * *
Ҳусайн воиз Кошифий айтади:
— Яхши қилиқ, гўзал муомала бир йўлдирки, у йўл билан юрмасдан туриб иззат ва шараф
манзилига етиб бўлмайди. У йўлга қадам босмасдан туриб вужуд юкини ҳайвоният биёбонидан
инсоният дорил-мулкига элтиб бўлмайди.

* * *
Анушервон ўзининг донишманд вазири Бузуржмеҳрдан:
— Мулойим кишининг нишоналари қайси?— деб сўради. Бузуржмеҳр айтди:
— Мулойим кишида уч белги бўлади: 1— аччиқ юзли, қаттиқ сўзли кишилар унга қўпол
сўзласалар ҳам, у яхшилик кўрсатади. 2 — қаҳр-ғазаб ўти шуъла урганда тишини тишига
босади. 3— бир кишидан ўзига зиён етгач, унга жазо беришга куч-қуввати етса ҳам аччиғини
ютади.
Баён:
Ювошлик чу этди ғазаб бўлди паст,
Ғазабга чидашлик етирмас шикаст.
Донишмандлар: «Гуноҳ ҳар қанча буюк бўлса ҳам, афв савоби ундан ҳам буюкроқдир», -
деганлар.

* * *
Қадимги «Умавия» халифаларидан Умар ибн Абдулазиз бошқа бир шаҳардан келган
одамдан сўради.
— Менинг амалдорларим сизлар билан қандай муомала қиладилар?
У одам жавоб берди:
— Катта ва бош ариқнинг суви тиниқ, тоза, пок бўлса, ундан ажралиб чиққан ариқчаларда
оқадиган сувлар ҳам тиниқ ва тоза бўладилар.

* * *

Мавлоно Ҳусайн воиз Кошифий айтади:
— Ҳимматсиз, пасткаш киши бахил, мумсик кишидан ёмонроқдир. Бахил ўз пул, молидан
ўзи фойдаланса ҳам, бошқа кишига фойда еткизмайди. Мумсик ўзи ҳам емайди ва бошқа
кишига ҳам едирмайди. Ҳимматсиз, пасткаш киши ҳам ўзи емайди, бошқага ҳам едирмайди ва
бунинг устига, бир киши иккинчи бир кишига ёрдам қилганини кўролмайди, у кишининг лутф-
карам қилишига йўл қўймайди.

* * *
Алишер Навоий айтади:
Ҳиммат агар бўлса Навоий сенга,
Бандадурур Ҳотами Тойи сенга.

* * *
Луқмон ҳаким ўғлига насиҳат қилиб айтади:
— Эй ўғил, одамлар сўзга устомонликлари билан мақтансалар, сен сукутинг билан мақтан.Ҳар нарсанинг далили бор.
Ақлнинг далили — фикр, фикрнинг далили сукутдир.

* * *
Афлотун ҳаким айтади:
— Ҳар ким давлати, мол-дунёси бор вақтда халққа шафқат, мурувват қилмаса, мабодо
йўқчиликка тушиб қолганда, ҳеч ким унга шафқат назари билан қарамайди. Ҳиммати зўрнинг
қиммати зўрдир.

* * *
Арасту ҳаким айтади:
— Тўғрилик учун қурбон бўлиш — ёлғончи бўлиб узоқ умр кўришдан кўра хайрлидир.

* * *
Арасту ҳаким яна айтади:
— Улуғликка эришиш жуда қийин, аммо хасислик, пасткашликка тушиш жуда осондир.

* * *
Суқрот ҳаким айтади:
— Кўнгилнинг икки офати бор. Бириси: ўтган ишга қайғуриш, иккинчиси: келгуси ишни
ўйлаб ғам, алам чекишдир. Биринчисидан, одам кўп уйқучан бўлса, иккинчисидан,
уйқусизликка мубтало бўлади.

* * *
Қадимги фозиллардан Асмаий айтади:
— Бир юз йигирма ёшга кирган бир кишини кўриб ундан сўрадим: «Узоқ умр кўришингизга
сабаб нима?»
У киши:
— Ҳасад, кинчиликдан парҳез қилдим. Мана шу хислатим узоқ умр кўришимга сабабчи
бўлди,— деб жавоб берди.
Байт:
Гар десанг умримда ғамгин бўлмайин,
Қилма ҳеч кимга ҳасад, хам тутма кин.

* * *
Бобораҳим Машраб айтади:
Ҳар киши нокас билан ҳамкосадир,
Минг шарофатни касофат босадир.

* * *
Бир донишманднинг шогирди устодидан:
— Одамлар орасида эзгулик қилишга энг сазовор бўлган одам ким?— деб сўради.
— Онанг,— деб жавоб берди устоди. Шогирди яна сўради:
— Ундан кейин ким?
— Онанг,— деб айтди устод. Шогирди яна сўради:
— Ундан кейин ким?
— Онанг,— деди донишманд устод.
Шогирди яна тўртинчи марта «ундан кейин ким?» деб сўрагач, устоди:
— Отанг ва бошқа қавму қариндошларинг,— деб жавоб берди.

* * *
Искандар Румий бир кун устоди Арастудан: — Эй, устод, мен буюк ишларга қадам қўйдим.
Бу ишларим натижасида дўстларни ҳам, душманларни ҳам топаман. Улар билан қандай
муомала қилишим керак?—деб сўради.

* * *

Арасту ҳаким шундай деб эди:
— Илож борича ўзингга душман орттирма. Бирор киши сенга душманлик кўрсата бошласа,
сен унга марҳамат назари билан қара, дилнавоз бўл, шу билан у киши дўстларинг қаторидан
жой олади. Дўстларингни шафқат ва марҳаматинг билан сарафроз қил, улар сендан ажралмай,
самимий дўстларинг бўлиб қоладилар.
— Ёлғончи кишидан вафо кутма. Тўғри сўз кўнгилга аччиқ ва қаттиқ тегади. Одам яхшилик
қилганга яхшилик қилади, бир яхшиликка ўн ҳисса яхшилик қайтаради. Кимнинг асли пок —
соф бўлса, у одам элга манфаат етказади.
Эй мард одам! Одамийлик қил, олий ҳимматли, тавозеъли, очиқ юзли, ширин сўзли бўл.

* * *
Жолинус ҳаким айтади:
— Тўрт нарса тўрт нарсага, яъни улуғлик — адабга, хурсандчилик — хотиржамликка,
яқинлик — дўстликка, ақл — тажрибага муҳтождир.

* * *
Афғон шоири Абдулла Бахтоний айтади:
Ҳаётда сен курашсанг, фойда ё зиён учун,
Ўйламагил ўзингни, дегил: «Бу жаҳон учун»,
Жонингни фидо қилиб ёрит ўзгалар уйин,
Шунда инсон бўласан, яшайсан инсон учун.

* * *
Олимлардан Низомиддин ибн Ҳусайн айтади:
— Фалон киши сенинг ҳақингда бундай сўзлади, «фалончи сени ёмонлади» деб сўз
юритишга «чақимчилик» дейилади, чақимчиликни инсофли, одамгарчилиги бор киши қабул
қилмайди, чақимчилар ҳар хил бўлмағур сўзларни адоват ва ҳасадлари туфайли сўзлайдилар
 
SAKINADate: Dushanba, 17-Fev-2014, 09:18 | Message # 17
Group: IJODKOR
Messages: 2601
Status:
Бир донишманд ўз шогирдларига:
— Сизларга энг ёмон одамлар кимлар эканидан хабар берайми?— деган эди, шогирдлари
устоддан буни ўтиндилар:
— Чақимчилик қилиб одамларни бир-бирларига душман этган одамлар энг ярамас, энг ёмон
кишилардир.
Донишманд яна шогирдларига чақимчиликнинг дилга етказадиган озори ҳақида фикр
билдириб:
— Бирингиз иккинчингизнинг сўзингизни менга еткизманг, мен саломат ва роҳатда бўлган
қалб билан сизларга йўлиқишни истайман,— деди.

* * *
Яна бир донишманд шогирдларига насиҳат қилиб:
— Мол-дунё ўғриларидан кўра, одамлар орасидан улфат ва муҳаббатни ўғирлаб
юрганлардан сақланинг,— деди.
Байт:
Киши санчиқ сўз айтса сан чиқ ондин,
Ёмондан қоч, ёмондан қоч, ёмондин.

* * *
Умар Ҳайём айтади:
Дўстга ҳам, душманга ҳам яхшилик қилиш яхшидир. Яхшилик қилишни ўзига одат қилиб
олган одам ҳеч бир вақт ёмонлик қилмайди. Агар дўстингга ёмонлик қилсанг, у сенга душман,
душманингга яхшилик қилсанг, у сенга дўст бўлади.

* * *
Қадимги Эрон донишманди Бузуржмеҳр ўз устозидан сўради:
— Дунёда энг яхши киши ким? Устози жавоб берди:
— Одамларга фойда еткизган киши. Яна сўради:
— Қандай кишини сахий деб айтиш керак?
— Сахий одам эҳсон қилганида шодланади, пушаймон бўлмайди,— деб жавоб берди устози.

* * *
Ҳусайн воиз Кошифий айтади: Бир кун Довуд Луқмондан:
— Эрталаб қандай турасан?—деб сўради. Луқмон шундай жавоб берди:
— Қўлимга таянмасдан тураман.
Луқмон ҳаким шу сўзи билан фазилат ва адолатнинг кераклигини айтмоқчи эди. Довуд
Луқмоннинг жавобини эшитгач, бир муддат ўйлаб қолди, кейин наъра уриб беҳуш бўлиб
йиқилди.

* * *
Алишер Навоий айтади:
— Луқмон ҳакимнинг ранги қора эркандир. Довуд алайҳиссаломнинг суҳбатига мушарраф
бўлур эрди.
Байт:
Тингла донолар баёнин, эй ўғул,
Хар нима ҳикмат эли дер қил қабул.
 
SAKINADate: Dushanba, 17-Fev-2014, 09:27 | Message # 18
Group: IJODKOR
Messages: 2601
Status:
СУКУТ — АҚЛЛИЛИКДИР

Айтишларича, Луқмон ҳаким бир куп ҳазрати Довуднинг ҳузурига келди. Довуд совут,
зирҳли кийим тайёрлаш билан машғул эди. Луқмон ҳаким у вақтгача бундай бир кийимни
кўрмаганди, шунинг учун бунинг қандай кийим эканини сўрамоқчи бўлса ҳам сабр этиб,
сўрамасдан кийимнинг тайёр бўлишини кутиб турди. Довуд кийимни тайёрлаб кийиб олди,
шодланиб Луқмон ҳакимга:
— Луқмон, кўрдингизми, қандай гўзал жанг кийими тайёрладим,— деб мақтанди.
Ундан Луқмон ҳаким Довуд тайёрлаган кийимнинг нимага ярашини билиб ўз-ўзига: «Сукут
қандай буюк ақллиликдир», деди.
Хулоса:—Керак бўлмаган ерда сўз сўзлаш бир камчиликдир, фақат сўз сўзлаш керак бўлган
вақтдагина сукут этмаслик лозим. Ақлли инсонлар: «Сўз кумуш бўлса, сукут олтиндир»
деганлар, бундан мақсад, «фойдасиз ерда сўз сўзлама» демакдир.

* * *
Луқмон ҳакимдан:
— Насиҳатларингизнинг кўпи ёшларга оид бўлади, аммо ёши катталарга камроқ бўлади,
бунинг сабаби нима?—деб сўрадилар.
Луқмон ҳаким шундай жавоб берди:
— Боғбон ерни юмшатиб бир дарахт кўчатини ўтқазиб, унинг атрофини хас-ҳашакдан,
зарарли ёввойи ўтлардан тозалаб, керак бўлган вақтда сув бериб турса, умуман яхши диққат
қилиб тарбияласа тез вақтда дарахт вояга етади, унумли, серҳосил бўлади.
Болани ҳам ёшлигидан бошлаб яхшилаб тарбия қилинса, гўзал аҳлоқли, одобли этиб
ўстирилса, у бола ўзига, ота-онасига бахт-саодат келтиради, жамиятнинг энг фойдали аъзоси
бўлиб етишади. Шунинг учун мен ёшлар тарбиясига кўпроқ аҳамият бераман, ваъз-
насиҳатларимнинг кўп қисми ёшларга оид бўлади.
Байт:
Ҳар ўғил, кизга керакдир руҳи афзо тарбият.
Айлагай орзу, умидларни мухайё тарбият.

* * *
Луқмон ҳаким айтади:
— Нафсинг йўлига юрма, қаноатли бўл, ўзингда бўлмаган сифатларни айтиб сени мақтаган
киши сўзларига алданма. Йўлдошларинг билан низолашма, ҳеч кимни ўзингдан паст кўрма,
сирингни ошкор этма, молу дунёингга мағрур бўлма, ҳар кимга очиқ-юз, ширинсўзлик билан
муомала қил.

* * *
Алишер Навоий айтади:
— Луқмон ҳакимнинг тўрт минг ҳикматли сўзини қайд этганлар. Уларнинг тўрт сўзини
сайлаб олганлар. Бу тўрт сўздан иккитасини доим ёдда тутиш, қолган иккитасини эса унутиш
керакдир. Доим ёдда тутиш керак бўлган иккита сўздан биттаси ўзининг қилган ёмонлиги,
иккинчиси бошқанинг қилган яхшилигидир. Унутилиши керак бўлган икки сўздан биттаси
ўзининг қилган яхшилиги, иккинчиси бошқанинг қилган ёмонлигидир.

* * *
Луқмон ҳакимдан:
— Ҳикматли сўзларингиз, одоб-ахлоққа доир ваъз-насиҳатларингиз билан кўпларни яхши
йўлга солдингиз, насиҳатларингиз кор қилмай, ўзининг ёмон феъл-атворини ташлай олмаган
киши ҳам борми?—деб сўрадилар.
Луқмон ҳаким:
— Бор, у — жоҳил, бадфеъл одам. Уни шу ярамас хулқдан қайтаришга ҳар қанча уринсам
ҳам фойдасиз бўлиб чиқди, тузатишдан ожиз бўлдим,— деди.

* * *
Афлотун ҳаким айтади:
— Баданнинг қуввати — овқат, ақлнинг қуввати эса ҳикматли сўзлар, донолик ва
донишмандликдир. Агар ақл шулардан маҳрум бўлиб қолса, овқатсизликдан бадан ҳалок
бўлгани каби ҳалок бўлади.
Оналар болаларини таом едиришдан аввал сут билан боқадилар, шунга ўхшаш комил
устозлар ҳам ўқувчиларга дарс беришда аввал енгил илмларни ўргатиб, кейин оғир илмга
кўчадилар.

* * *
Машҳур олимлардан Абу Мансур ас-Саолибий айтади:
— Мулойимлик дарахтини эккан киши, саломатлик мевасини теради. Қийналишдан қўрқиб
ўрганишни давом эттирмаган киши, илмни эгаллай олмайди. Тўғри, ҳақ гапирган киши
ҳамманинг ишончини қозонади. Душман билан яқинлашган кишидан унинг дўстлари
қочадилар. Ишининг оқибатини ўйлаган киши фалокатлардан омон қолади.

* * *
Шоир Бобораҳим Машраб айтади:
Ҳар киши душманга бўлса рағбати,
Охири ундан кўрар минг офати.

* * *
Олпмлардан Низомиддин ибн Ҳусайн айтади:
— Қўрқоқлик сифати энг ёмон ва зарарли сифатдир. Ёшликдан бошлаб қўрқоқликка одатланган болалар улғайганларида ҳам қўрқоқ бўлиб қоладилар. Бир ишга бел боғлаб, ғайрат
билан кириша олмайдилар. Нодон ва тарбиясиз кишиларнинг сўзларига ишониб залолат ва
қоронғиликда қоладилар, тўғри йўлдан озадилар.
Болаларингизни қўрқоқлик соясига сира ҳам яқинлаштирманг, улар арслон юракли бўлиб
етишсинлар. Ҳеч нарсадан қўрқмайдиган ғайратли, матонатли, ишчан бўлсинлар.
Байт:
Довюрак бўлгил, болам, қўрқишга ҳеч йўл бермагил,
Тарбиясизлар гапин асло қулоққа олмагил!

* * *
Олимлардан Сайид Али Ҳамадоний айтади: — Фалокатга дучор бўлишни истамасанг,
мағрур ва мутакаббир бўлма. Роҳатда яшашни истасанг, дилингни ҳирсдан пок қил. Хор-
зорликни истамасанг, таъмагир бўлма, ўзингга яхшилик қилинишини истасанг, яхшилик қил,
ҳеч кимга озор берма, яхшиликни улуғ иш деб бил. Қадр-қимматинг ошишини истасанг, баланд
ҳимматли бўл, ишинг пушаймонлик билан натижаланишини истамасанг аввал яхшироқ ўйлаб,
доно тажрибакорлар билан кенгашиб, сўнгра ишга кириш. Ўзингни ҳаммага севдиришни
истасанг, феъл-атворларингни тузат, адабли, тарбияли бўл. Обрўга, иззат ва ҳурматга эга
бўлишни хоҳласанг, ҳалол меҳнат қил, фидокорона ишла. Ҳамманинг қошида ишончли, марғуб
ва мақбул одам бўлишни тиласанг ёлғончиликдан сақлан, чақимчи, иғвогар бўлма, маъносиз,
тутуруқсиз сўзларни сўзлаб юришдан ҳазар қил. Мабодо ўнғайсиз ҳолда қолсанг, ишингда
муваффақиятсизликка учраб, қайғу, ҳасрат ичида қолсанг дод-фарёд қилиб юрма, сабр қил.
Ўнғайсиз ҳолдан қутулиш чорасини кўр.
Қитъа:
Сен қазо-ла қастлашиб йиғлама, кўп етса алам,
Сенинг минг йиғлаганинг бирла қазонинг иши йўқ.
Ғам-аламдин қутулмоқлик чорасин кўрсанг агар,
Тинч, роҳатда яшайсан, ранжу, жафонинг иши йўқ.
Ҳамиятли одам паноҳ истаб келганларни ўз паноҳига олади. Имкони борича уни ҳимоя
қилади, зарар еткизмасликка тиришади.

* * *
Юсуф Хос Ҳожиб айтади:
-— Тўғри сўз кўнгилга аччиқ тегади, ҳазм қила олсанг, унинг манфаати маза беради.
Тўғрилик мақсадга еткизади. Тўғри киши қаерда бўлса ҳам кунлари бахтиёрлик билан кечади,
ёруғ кунлари қоронғилашмайди. Халққа манфаат еткизган одам чин одам ҳисобланади. Уятсиз
киши — кишиларнинг тубани бўлиб, унинг тили тўғри сўзни сўзламайди, кишиларнинг сараси
— садоқатли кишидир. Одам фаросатли бўлса, унутмайдиган, ўйлаб иш юритадиган бўлади.

* * *

Суқрот ҳаким айтади:
— Молу дунё орттиришга кўп майл қилма, чунки кўп майл қилганга унинг хиёнати кўпроқ
бўлади. У бир вақт бировни семиртирса, бир вақт йиғлатади. Бошқалар ёнида бировга айбларини айтиб насиҳат қилиш —уни одамлар орасида уялтириш
демакдир. Шунинг учун холи жойда насиҳат қилиш керак

* * *
Искандар Румийга айтдилар:
— Сиз жуда улуғ подшоҳ бўлсангиз ҳам, кўп хотин олишга майлингиз йўқ, агар хотинингиз
кўп бўлсайди, кўп ўғил-қизга эга бўлиб, шуҳратингиз яна ҳам ошарди, вафотингиздан кейин
номингиз халқ оғзида доимо ёт этилади.
Искандар жавоб берди:
— Шуҳрат қозониш, шаън-шарафга эга бўлиш ва олгандан кейин ҳам номни яхшилик билан
ёд этилиши хотин ва бола-чақанинг кўплиги туфайли бўлмайди, балки адолатпарвар, шафқатли,
марҳаматли, умуман, ахлоқ тарбия эгаси бўлиш билангина хосил бўлади.

* * *
Шайх Саъдий айтади:
Донишмандлардан бири ўғлини тиқиштириб овқат ейишдан тақиқлади. Ўғли айтди:
— Эй отажон, очлик одамни ўлдиради, тўқ бўлиб ўлиш очлик ҳолда яшашдан яхшироқдир.
Отаси айтди:
— Эй ўғлим, ўртача ейишга одат қил, тиқиштириб ейишдан сақлан, енгиз, ичингиз, инсроф
қилмангиз деганлар, бунга амал қил.

* * *
Шоир Абдий айтади:
Солимул аъзо бўлур ким кам еса,
Жисми қувватли бўлур ҳам кам деса.

* * *
Донишманд Абуязид ўғлига насиҳат қилиб айтади:
— Ўғлим, гина-адоватдан узоқ бўл, кучинг етмайдиган ишга киришма. Сўз юритувчи,
чақимчиларнинг сўзларига ишонма, чунки улар фитна-фасод йўлини излаб юрувчи ярамас
одамлардир. Бахил, очкўз, ҳарис одамлар билан ошна бўлма, улар сени тўғри йўлга сира ҳам
бошламайдилар, эҳтиёт бўл!

* * *
Олимлардан Зиёуллоҳ айтади:
— Саодатманд, доно одамлар хуш феъл атворини ўзларига абадий нажот сармояси деб
биладилар. Фурсат, вақтни қўлдан қочирмайдилар, ғанимат са-найдилар, гўзал ахлоқ, одоб
билан зийнатланадилар.
Мол-дунё йиғишга ҳарис бўлмайдилар, ҳеч кимнинг кўнглини оғритмайдилар. Ожиз ва
ғариб кишиларга ғамхўрлик қиладилар, уларнинг эҳтиёжларини ўтай-дилар, бировнинг айбини
кўрсалар, ошкора қилмасдан уни бекитадилар, қилган яхшиликлари билан мақтаниб
юрмайдилар, бировдан ёмонлик кўрсалар, у кишига яхшилик қиладилар, улуғ олим,
фозилларнинг сийратлари, гўзал феъл-атворларини ўзларига пешво қилиб оладилар, ўз манфаатларини кўзлаб, бошқаларга зиён келтирмайдилар, ҳеч кимга қўполлик билан муомала
қилмайдилар, тўғри сўзлайдилар, ёлғончилик кўчасига қадам босмайдилар.
Байт:
Тавозеълик бўлиб тутгил ўзинг кам,
Дарахтким мевали бўлса бўлур хам.
 
  • Page 2 of 2
  • «
  • 1
  • 2
Search: