|
ИСЛОМДА АЁЛ КИЙМАТИ
|
|
| BAXOR | Date: Shanba, 11/07/23, 0:08:46 AM | Message # 31 |
 Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 4101
Status: 
| 
Қуръони каримда Пайғамбаримизга (с.а.в.) хитобан келган оят бор: “Улар билан кенгашиб иш қилинг”, яъни саҳобалар билан кенгашиб иш қилишликни Аллоҳ буюрмоқда. Саҳобалар орасида эса аёллар ҳам бўлишган ва бу амр уларга ҳам тегишли бўлган. Бундан ташқари, Муҳаммад (с.а.в.) аҳли аёлларига ҳурмат билан қараб, улар билан масалаҳатлашиб иш кўрганлар. Табиийки, мусулмонлар шу амрга тобедирлар. Бу ояти каримада фақат эркаклар билан маслаҳатлашиб, аёллар билан маслаҳатлашмаслик керак, бунга эҳтиёж йўқ, дейдиган бирор ишора мавжуд эмас. Бу ояти каримани фақат эркакка махсус дейиш аёлга мухолифликдан бошқа нарса эмас. Ислом олими Ибни Хозим шундай дедилар: “Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.) ҳам эркакларга, ҳам аёлларга тенг юборилгандирлар. Аллоҳнинг хитоби, пайғамбарнинг хитоблари аёлларга ҳам, эркакларга ҳам қаратилгандир. Бу хитобларни очиқ бир насс ёки ижмо бўлмагунча эркакларга махсус этиб, аёлларни ташқарида қолдирмоқ жоиз эмас”. Пайғамбаримиз (с.а.в.) аҳли аёллари билан маслаҳатлашиб иш кўрганликлари маълум. Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун ушбу ҳадисни келтирамиз. Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб айтдилар: “Кимки Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин! Шунингдек, аёллар билан доимо яхшиликча маслаҳатлашингизлар”. Шу сабабдан аёлни кенгашдан маҳрум этмоқ, бевосита Аллоҳга қарши қуллик чегараларидан ўтмоқдир, ҳадди убудиятига тажовуз қилмоқдир. Аллоҳ аёлларга берган бир ҳақни уларнинг қўлларидан олмоқдир. Расулуллоҳ (с.а.в.) иймон келтирган мўмин эркак ва мўмина аёлларнинг бундай маъсиятга тушишининг олдини олиш учун аёл билан эркак маслаҳат қилиши кераклигини ташвиқ этганлар. Ҳақиқатдан саҳиҳ бир ҳадисда шундай марҳамат қилинади: “Қизлар билан боғлиқ масалаларда оналари билан маслаҳатлашинг”. Яъни, қизларнинг оталари қизларини турмушга чиқариш хусусида оналари билан маслаҳатлашадилар. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) сийратлари аёллар билан маслаҳат қилиш хусусида бир ибрат хазинасидир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) 6 ҳижрий йилда 1400 саҳоба билан Мадинадан Байтуллоҳнинг зиёрати учун борганларида мушриклар Ҳудайбия номли водийда йўлни тўсдилар. Ўша ерда сулҳ тузилиб, мусулмонлар Каъбани зиёрат қилмай, қайтиб кетадиган бўлдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) Ҳудайбияда оёққа қалқиб; “Эй инсонлар, туринг, қурбонликларингизни сўйинг. Сочларингизни олдиринг ва эҳромдан чиқинг!” дея асҳобига амр этдилар. Улардан ҳеч бири жойидан қимирламади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) амрларини яна бир такрорладилар. Яна қимирлаган бўлмади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) буйруқларини учинчи бор такрорладилар. Яна қимирлаган бўлмади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) завжалари Умму Саламанинг ёнларига бордилар. Шунда Умму Салама: “Ў Расулуллоҳ! Не бўлди?” - деб сўрадилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Эй Умму Салама! Халқнинг (мусулмонларнинг) бу қилиғи недир? Эсанкирайдиган ҳол. Уларга: «Қурбонликларингизни сўйинг, сочингизни олдиринг ва эҳромдан чиқинг», деб такрор-такрор айтдим. Улар сўзларимни эшитар, юзимга боқишару амримни бажармоққа туришмади”, деб нолидилар. Ҳазрат Умму Салама: “Ў Расулуллоҳ! Кўрганингиздек халқ шу ҳолга тушмоқда. Эй Аллоҳнинг Пайғамбари! Сиз шу ишни бажармоқ истайсизми? Истасангиз, тез боринг, қурбонликларни сўйгунча, сартарошни чақириб, соч олдиргунча асҳобдан ҳеч кимга сўз айтманг. Сиз қурбонликларни сўйиб, соч олдирсангиз, халқ ҳам шундай қилади». Расулуллоҳ қўлларига бир найза олиб, баланд товушда “Бисмиллаҳи, Аллоҳу акбар!” дея қурбонлик туяларини сўя бошладилар. Асҳоб Пайғамбаримиз (с.а.в.) қурбонлик сўйишларини кўришлари билан дарҳол туриб қурбонлик туяларини сўйишга тушдилар. Ҳазрат Умму Салама шундай дедилар: “Қурбонликларга қараб шундай чопдиларки, тўпланганларини кўриб, бир-бирларини эзиб қўйишларидан қўрқдим”. Пайғамбаримиз (с.а.в.) Умму Саламанинг ўринли маслаҳатлари асосида ниятларини амалга оширдилар. Энди Аллоҳ учун айтайлик, тарихнинг бу шарафли саҳифаси қошида Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.) номларидан тўқилган “Аёлларга маслаҳат солинг, лекин улар айтганининг тескарисини қилинг. Чунки аёлларга қарши иш тутишда барака бордир”, деган гаплар У зотга (с.а.в.)га туҳмат эмасми? Бўҳтон эмасми? Айтсак–айтмасак, ҳам бўҳтон, ҳам туҳмат! Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳазрат Умму Салама билан маслаҳатлари, кенгашлари ва унинг натижаси бунга энг буюк ҳужжатдир. Аёллар ҳақ-ҳуқуқларини Исломдан бошқа дин ва мафкуралар кўриб чиқмаган, десак хато қиламиз. Аёллар ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, даставвал Франция инқилобида 1791 йили “Аёл ҳақлари” баённомаси қабул қилинди. Бу таълимот аввал ҳуқуқий соҳада (қонун олдида эркак-аёл тенглиги каби), сўнг сиёсий соҳада (сайлаш-сайланиш каби) муваффақият қозонди. Лекин бу таълимотни кўтариб чиққанлар аёлларнинг ҳақларига эътибор берайлик, деб, йилдан-йилга аёлнинг фитратини ҳам унутиб, эркаклаштиришга олиб келдилар. Натижада аёл жамиятда бир кўнгилхушлик унсури, реклама материали, яъни намойиш ашёсига айланиб қолди. Феминизм аёл эзилишига қарши бўлиш ўрнига ўзи аёлга кўрсатилаётган зулмга зулм қўшди ва фақат эркаклар эмас, балки аёлни аёлга зулм қилишга ўргатди, ташвиқ этди, ташкил қилди.
Фотимахон Сулаймон қори қизи[/c]
|
| |
|
|
| BAXOR | Date: Seshanba, 11/07/26, 2:31:52 AM | Message # 32 |
 Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 4101
Status: 
| 
Ayol burchi
Bundan bir necha yuz yil oldin arab qabila boshliqlaridan Avf ibn Milham ismli kishi bo`yi yetgan qizi Ummu Inasni qabila peshvolaridan biriga turmushga berishga qaror qilgan edi. Milhamning ayoli Umoma o`zga xonadonga uzatilayotgan qizini qarshisiga o`tqazib ushbu qimmatli nasihatlarni aytgan:
«Jonim bolam!
Bir kishini yaxshilikka undash uchun pand-nasihatlar beriladi. Odob-axloqli yoki boy bir kishining farzandi bo`lish yoki barchaga maqbul xislatga egalikning o`zi insonga kifoya qilganida edi, senga nasihat qilib o`tirmasdim. Aslida, nasihat va tavsiya unutilganlarni o`rgatadi. Shunga ko`ra, nasihatlar juda foydalidir.
Suyukli qizim!
Agar bironta qiz ota-onasi boy bo`lganidan turmushga chiqishga muhtoj bo`lmasaydi, sening hech qachon xo`jayinga ehtiyojing qolmasdi. Ammo hayot sen o`ylagandek emas. Erkaklar biz uchun, biz esa erkaklar uchun yaratilganmiz.
Qizim!
O`zing ulg`aygan oiladan chiqib, mutlaqo notanish-begona bir uyga borasan, hech ko`rishib-gaplashmagan, xulq-atvorini bilmagan bir kishining umr yo`ldoshiga aylanasan. Sen uning xizmatkori bo`lginki, u ham senga yordamchi bo`lsin!
Bolam!
Kel endi, ba`zi nasihatlarni berayin. Ularni yaxshilab o`rganib chiroyli amal qilsang, umr bo`yi rohatda yashaysan. Umr yo`ldoshing bilan hech qachon orangiz buzilmaydi. Bu dunyoda baxtli hayot kechirganing kabi, oxiratda ham abadiy saodatga erishasan.
1. Qanoatli bo`l! Ya`ni umr yo`ldoshing keltirgan oziq-ovqat, kiyim-kechakning hammasnni mamnuniyat bilan qabul kil. Chunki qanoat qalbga huzur-halovat bag`ishlaydi.
2. Aytilayotgan gaplarni doimo diqqat bilan eshit va hamisha itoatda bo`l. Umr yo`ldoshingga e`tiroz bildirma, u bilan hamfikr va yaqdil bo`lishga harakat qil. Bunday harakatlaring bilan Janobi Haqning roziligiga ham yetishasan.
3. Umr yo`ldoshing ko`zi tushishi mumkin bo`lgan hamma joyga e`tibor ber, shunday qilki, uning ko`zi zinhor nojo`ya holatlarga tushmasin.
4. Yomon hid chiqishi ehtimoli bo`lran narsa va yerlarga diqqat qil. Ularni topib, tozala. Uyingdan har doim xushbo`y hidlar taralib tursin.
5. Shuni yaxshi bil: tozalik va latofat suvga bog`liq. Har qanday narsa suv bilan toza bo`ladi. Uyda suvlarning toza turishiga ahamiyat ber.
6. Eringning ovqatlanish soati va uyqu vaqtiga diqqat qil. Ovqatni hamisha uning odati bo`yicha tayyorla. Vaqtida uxlashi uchun ishlaringni vaqtida tamomla. Chunki ochlik kishini tajanglantiradi, uyqusizlik esa, xafalikka sabab bo`ladi.
7. Uyingdagi mol-mulk, jihozlarni ehtiyot qil, bu narsa sening ishbilarmonligingni ko`rsatadi.
8. Eringning yaqinlariga chiroyli muomalada bul. Bu narsa sening yaxshi uy bekasi ekaningni bildiradi.
9. Eringning sirlarini zinhor birovga aytma. Agar sirlarini atrofga yoyadigan bo`lsang, sendan ranjiydi. Bevafolik yo`liga kirib ketishi ham mumkin.
10. Eringni hurmat qil, buyruqlarini bajar, gap qaytarib unga qarshi chiqma. Agar qarshi borib isyon etsang, jahli chiqib ranjishiga, hatto dushman kabi harakat qilishiga sabab bo`lasan. Ering g`amgin na xafa bo`lgan vaqtida o`zingni xursand tutma, uning g`am-tashvishiga sherik bul. U xursand bo`lsa, sen ham shunday kayfiyatda bo`lishga harakat qil.
Qisqasi: Qizim! Eringga qanchalik hurmat va itoat qilsang, shunchalik suyukli bo`lasan. Qanchalik rozi qilsang, shunchalik muhabbat ko`rasan. Shuni ham ta`kidlab o`tishim lozimki, bu aytganlarimni faqat uning istaklarini o`z hoy-havaslaringdan, uning roziligini o`z orzularingdan ustun qo`yish bilangina uddalay olasan.
Umomaning o`z turmush tajribalariga asoslanib qiziga qilingan bu pand-nasihatlari umuman eri bilan shirin hayot kechirish, oilani yaxshi boshqarish va huzur-halovatda xotirjam yashashni hohlaydigan har bir ayol amal qilishi lozim bo`lgan ishlardandir. Bu nasihat barcha xonimlarning quloqlariga qo`rg`oshindek qo`yilishi, o`zlariga mana shu o`gitlarga muvofiq yo`l tanlashlari kerak.
Janobi Haq bizga o`zining kuch-qudratini ko`rsatish uchun yaratgan maxluqotlarini dunyomizda ko`paytirib qo`ydi. Shu sababdan erkak bilan ayolni bir-birlariga muhtoj qildi, aql-zakovat bilan sharafladi, ularni boshqa maxluqotlardan ustun etdi.
Insonlar birlashib yuzaga keltirgan jamiyatlar kuchli va mustahkam bo`lishi uchun ayol va erkakning o`zaro munosabatini nikoh vositasida shar`iy holga keltirdi: ehtiyojlarining ta`minlanishiga shu yo`sinda izn berdi.
Erkak va ayolning birgalikdagi turmushi shar`iy nikohga asoslanadi. Bu buyruq (amr) olamning nizomi, insonlarning go`zal axloqli bo`lishlari va sog`lom jamiyatlarning vujudga kelishi uchundir.
«Tafsiri Kabir» muallifi Faxriy Roziy hazratlari «Va ja`alna baynakum mavaddatav va rohmatan» oyati karimasini shunday tafsir qiladilar: «Er-xotin o`rtasidagi sevgi faqat insoniy lazzatdan iborat emas. U muhabbat bevosita Allohning lutfiga oid kayfiyatdir. Chunki nafsoniy lazzatsiz ham muhabbat davom etaveradi. Agar er-xotin orasidagi rishta faqat shahvatdangina iborat bo`lsaydi, shahvat bo`lmagan vaqtlarda o`zaro kelishmovchilik kuchayib ayrilishlar yuzaga kelardi». Demak, shar`iy nikoh sevgiga, murosa ila yashashga va yaxshi hayot kechirishga sabab bo`ladigan yagona bog`dir.
Shuning uchun, «nikohda karomat bordir» iborasi ham shu tajribalar tufayli maydonga kelgan haqiqatdir.
Davomi bor...
|
| |
|
|
| Oishaqiz | Date: Juma, 13/01/25, 12:53:11 PM | Message # 33 |
|
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 1743
Status: 
| Аллоҳ таоло айтади: “Мушрика аёлларни иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг. Шубҳасиз, мўмина чўри мушрикадан, гар у сизни ажаблантирса ҳам, яхшидир. Ва мушриклар иймонга келмагунларича, уларга никоҳлаб берманг. Шубҳасиз, мўмин қул мушрикдан, гар сизни ажаблантирса ҳам, яхшидир. Анавилар дўзах ўтига чақирарлар. Аллоҳ эса, Ўз изни ила жаннатга ва мағфиратга чақирар ҳамда одамларга Ўз оятларини баён қиладир. Шоядки, эсга олсалар” (Бақара,221). Аллоҳнинг ҳузурида аёл кишининг яхши-ёмонлигини ўлчашдаги бош мезон унинг иймонидир. Агар аёл киши чўри бўлса ҳам, мўмина бўлса, бас, бошқа ҳар қандай аёлдан яхшидир. Тўғри, мушрика аёл ўзининг озодлиги, ҳусни жамоли, шакли-шамоили, молу-дунёси, насли-насаби ва яна қандайдир жиҳатлари билан эркакларни ажаблантириши, уларга ёқиши мумкин. Лекин мушрикалиги, иймонининг йўқлиги, Аллоҳга ширк келтириши ҳамма нарсадан ёмон. Ундай мушрика аёлдан чўри бўлса ҳам, хунук бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам, насли-насаби гўё паст бўлса ҳам, мўмина аёл яхшидир. Қалбидаги иймони уни юқори даражаларга олиб чиқади. Шунингдек, мўмина аёлларнинг мушрик эркакларга турмушга чиқишлари, уларга никоҳланишлари қатъиян ман қилинади. Муслима-мўмина аёллар мусулмон динидаги эркакдан бошқа эркакка турмушга чиқишлари мутлақо мумкин эмас. Агар у эркак Исломга кириб мўмин бўлсагина, рухсат бўлади. Ҳатто эркак яҳудий ёки масиҳий динида бўлса ҳам муслима аёлнинг унга никоҳланиши ҳаром. Фақат мусулмон эркак бўлиши шарт. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаллом: «Биз аҳли китобнинг аёлларига уйланамиз, улар бизнинг аёлларимизга уйланмайдилар», деганлар. Эркак бўлсин, аёл бўлсин, иймонсизлиги, мушриклиги жуда ёмон, улар билан ким алоқада бўлса, хусусан, никоҳ каби муқаддас ва нозик алоқада бўлса, касофати уради. Урганда ҳам, энг ҳассос нуқтада–ақида бобида уради ва инсон ўз турмуш ўртоғига эргашиб, диндан чиқиб кетиш хавфи бор. Қуръон билан хулқланган муслима аёл, аёл киши табиатида учрайдиган ҳар қандай нуқсонлардан ҳоли бўлади. Иймони бақувват аёл хурофоту жаҳолатни тарк этиб, Аллоҳнинг иродасига бўйсуниб, Аллоҳ буюргандек ҳаёт кечиради. Аёл кишининг диндор бўлиши аҳамияти ҳадисларда ҳам келган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аёл тўрт нарса туфайли никоҳга олинади: гўзаллиги, мол дунёси, насл-насаби ва дини учун. Бас, диндоридан ол, қўлинг тупроққа тўлгур!» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривоятлари). Марям ўзининг тақвоси, Роббисига итоати билан ҳар бир муслима аёлга ибратдир. У жоҳил жамиятнинг шафқатсиз маломатлари-ю, таҳқирлаш ва ҳақоратларига дуч келди, бироқ шунга қарамай, ибратли намуна кўрсатиб, мустаҳкам комил иймон ила Яратганнинг қадарига сабр қилди. Унинг Аллоҳга бўлган иймони унга руҳий қувват берди. Ҳар қандай қийинчиликларга қарамасдан, номуси ва шаънини асраб қолди, у бугун ҳам ҳар биримиз учун ибратдир. Барча мўмина аёллар тақводор Марямнинг юксак ахлоқи ва шахсиятидан ўрнак олишлари ҳамда Қуръони Каримда васфи келган ҳақиқий муслима аёл ҳислатларини ўзида тарбиялаши керак.
Message edited by Oishaqiz - Juma, 13/01/25, 12:54:25 PM |
| |
|
|
| DURDON | Date: Dushanba, 13/02/04, 11:21:53 AM | Message # 34 |
 SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10165
Status: 
| Кўпхотинли киши аёллари ўртасида адолат қилиши шарт, бу ҳам аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларидан
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир одамнинг иккита аёли бўлса-ю, улар ўртасида адолат қилмаса, қиёмат куни бир томони осилган ҳолда (қийшайиб) келади[1] (Термизий, Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 761). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимнинг иккита аёли бўлиб, улардан бирига кўпроқ мойил бўлса, қиёмат куни бир томонга мойил бўлган ҳолда келади» (Аҳмад, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 6515). Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Адолат қилувчилар Раҳмон таолонинг ўнг қўли тарафида – Унинг ҳар икки қўли ўнгдир-баракалидир – нурдан бўлган минбарларда бўладилар, улар қилган ҳукмларида ва аҳли-аёллари хусусида адолат қилган кишилардир» (Муслим ривояти). Киши қиз болага уйланса, унинг ҳузурида неча кун туради, жувонга уйланса неча кун туради Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жувон устига қиз болага уйланса, унинг олдида етти кун туради, агар қиз хотин устига жувонга уйланса, унинг олдида уч кун туради» (Байҳақий ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1271). Аёлига инфоқ-эҳсон қилишнинг фазли Миқдом ибн Маъдий Кариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аёлингга едирган таоминг сен учун садақа, фарзандингга едирган таоминг сен учун садақа, хизматкорингга едирган таоминг сен учун садақа, ўзингга едирган таоминг сен учун садақа» (Аҳмад, Табароний ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 5535). Амр ибн Умайя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кишининг аёлига берган нарсаси садақадир» (Аҳмад ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 5540). Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Сен Аллоҳнинг юзини истаб бирон нафақани инфоқ қилсанг, ҳатто аёлингнинг оғзига солган луқмага ҳам, албатта ажр оласан» (Муттафақун алайҳ). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизларнинг яхшиларингиз аёлларига яхши муомала қилувчиларингиздир» (Ибн Можа ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 3265). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир динорни Аллоҳ йўлида садақа қилсанг, бир динорни қул озод қилиш учун сарф қилсанг, бир динорни мискинга садақа қилсанг, бир динорни аҳлингга инфоқ қилсанг, булар ичида ажри энг каттаси аҳлингга инфоқ қилганингдир» (Муслим ривояти). Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кишининг сарф қиладиган динорлари (пуллари) ичида энг афзали аҳли-аёлига сарф қиладиган динори (пули)дир» (Муслим ривояти). Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Киши аёлига сув ичирса, шунга ҳам ажрланади», дедилар, бориб аёлимга сув ичирдим ва эшитганимни унга айтиб бердим. (Бухорий «Ат-тарихул-кабир»да ва Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2736)[2]. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлaрнинг энг яxшилaрингиз aҳли-аёлигa яxши мунoсaбaтдa бўлувчиларингиздир. Мен ичларингизда aҳлигa энг яxши бўлгaнидирман[3]» (Термизий ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 3314). Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи гўзалроғидир. Сизларнинг яхшиларингиз ўз аёлларига яхши бўлганларидир» (Аҳмад, Термизий ривоятлари). Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ўз қарамоғида бўлганларни зое қилиши кишининг гуноҳкор бўлишига кифоя қилади» (Аҳмад, Абу Довуд, Ҳоким ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 4471). Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уй ичида қиладиган ишлар ҳақида сўралганда: «Аҳли-аёлларининг хизматида бўлардилар, намоз вақти бўлса намозга чиқардилар», деб жавоб бердилар (Бухорий ривояти). Эри унга динни ўргатиши ва фойдали илмдан бирон нарсани яширмаслиги аёлнинг эр зиммасидаги ҳуқуқларидан Аллоҳ таоло айтади: «Аҳли-аёлингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишда) чидамли бўлинг!»[4] (Тоҳа: 132). Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким аҳли-аёлидан бирон илмни яширса, қиёмат куни ўтдан бўлган жилов билан жиловланади» (Саҳиҳул-жомиъ: 6517).
|
| |
|
|
| DURDON | Date: Dushanba, 13/02/04, 11:22:52 AM | Message # 35 |
 SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10165
Status: 
| Алий розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг: «Ўзингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангиз» ояти ҳақида сўзлаб: «аҳли-оилангизга яхшиликни таълим берингиз», дедилар (Ҳоким ривоят қилган мавқуф ҳадис, Саҳиҳут-тарғиб: 115). Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аёллар рухсат сўрасалар[5], масжидлардан бўлган улушларидан уларни ман қилманглар» (Муслим ривояти). Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Биз бир тўп ёш-яланг тенгқурлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, у зотнинг олдиларида йигирма кун турдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам меҳрибон, раҳмдил эдилар. Бизни аҳли-оилаларимизни соғиниб қолган деб ўйладилар ва қолдириб келган аҳлларимиз ҳақида сўрадилар. Биз хабар бергач: «Аҳли-аёлингиз олдига қайтинглар, улар орасида туриб, таълим беринглар, уларга амри маъруф қилинглар. Намоз вақти бўлса, сизлардан бирингиз азон айтсин ва ёши каттароғингиз имом бўлсин», дедилар (Муслим ривояти). Оилавий ҳаётга алоқадор, риоя қилиш зарур бўлган одоб ва ҳақ-ҳуқуқлар Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Сафардан келаётиб Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига кирган эдим: «Аҳли-аёлинг олдига борганингда яхши иш[6] қилгин», дедилар. Уйга боргач, аёлимга: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аҳли-аёлинг олдига борганингда яхши иш қилгин», дедилар», дедим. Аёлим: "Ҳўп бўлади, марҳамат, мен тайёрман», деди. (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1190). Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Биронтангиз узоқ сафардан келса, уйига тунда бостириб кирмасин»[7] (Муттафақун алайҳ). Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ғазотда бўлдик. Мадинага етиб келгач, уйларимизга кириб бормоқчи бўлганимизда у зот: «Кутиб туринглар, тунда кириб борамиз, токи аёллар ювиниб-тараниб, тозаланиб олсинлар», дедилар. (Менга:) «Уйингга боргач, ақл-ҳушингни қўлдан берма!», дедилар[8] (Муслим ривояти). Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли-аёллари олдига тунда келмасдилар, эрталаб ё оқшомда кириб келардилар (Бухорий ривояти). Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ғазотдан қайтиб келарканлар: «Эй одамлар! Аёлларингиз олдига тунда кириб бориб, уларни ғафлатда қолдирманглар!», дедилар (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3085). Аёл кишига илтифот кўрсатиш, у билан ҳазил-мутойиба қилиш ва мубоҳ бўлган ўйин-кулгиларга қатнашишига рухсат бериш ҳам унинг ҳақ-ҳуқуқларидан Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Хабашлар масжидга ўйин кўрсатиб кириб келишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Эй Ҳумайро,[9] уларни томоша қилишни хоҳлайсизми», дедилар. Мен: «Ҳа» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эшик олдида турдилар, мен эса орқа томонларидан келдим-да иягимни елкаларига қўйдим ва ёноғимни ёноқларига текказдим. Хабашларнинг ўша кунги сўзлари орасида: «Абул Қосим жуда яхшидир», деган сўзлар бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Етар энди», дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, шошманг», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бироз турдилар. Сўнг яна «Етар, энди», дедилар. Мен яна «Ё Расулуллоҳ, шошманг», дедим. Ҳабашларни томоша қилиш мен учун муҳим эмас эди, балки мен аёлларга Расулуллоҳнинг мен учун турганликлари ва мени қадрлашлари етиб боришини истардим (Насоий ва бошқалар ривояти, (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3277). Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сафарларининг бирида йўлдош бўлдим. Мен у пайтлар нозик, ҳали тўлишмаган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга: «Сизлар олдинга кетинглар!», дедилар. Одамлар илгарилаб кетдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Келинг, чопишамиз», дедилар. Мен у киши билан чопишдим ва ўзиб кетдим. Вақт ўтиб яна сафарларининг бирида ҳамроҳ бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга: «Сизлар олдинга кетинглар!», деб менга: «Келинг, чопишамиз», дедилар. Аввал чопишганимиз эсимдан кўтарилган, мен ҳам анча тўлишган эдим. «Ё Расулуллоҳ, мен шу аҳволда сиз билан қандай чопишаман?!», дедим. Узот: «Чопасиз!», дедилар. Биз чопишдик ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мендан ўзиб кетдилар, сўнг кулиб: «Буниси аввалгиси билан тенг бўлди!», дея бошладилар (Насоий, Аҳмад, Табароний ва бошқалар ривояти, Албоний «Одобуз-зифоф»да саҳиҳ санаган). «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга идишда (сут) олиб келинар, ҳайзли ҳолда бўлсам ҳам, у зотдан аввал мен ичар, сўнг косани Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга узатар эдим. Шунда менинг оғзим теккан жойга оғзиларини қўйиб ичардилар. Ҳайзли ҳолимда устухондан тишлар, сўнг уни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга узатардим, у зот мен тишлаган ердан тишлаб ердилар (Муслим ривояти). Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳнинг зикридан бўлмаган ҳар бир нарса бемаъни ва беҳуда ёки хато иш бўлиб, фақат тўртта хислат бундан мустасно: киши (камон отиб,) икки нишон ўртасида юриши[10], отини машқ қилдириши, ўз аёли билан дилхушлик қилиши ва сузишни ўрганиши» (Насоий «Ишратун-нисо»да ва Табароний ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 315). Хулоса қилиб айтиш мумкинки, эр-хотин ўртасидаги алоқа ақида ва дин алоқасидан кейин энг юқори даражадаги алоқа деб эътибор қилинади. Шундай экан, ҳар иккиси Аллоҳ ва Расулининг итоати остида ушбу алоқани асраб-авайлашлари лозим бўлади. Агар ўрталарига шайтон оралаб, бирон хусусда жанжаллашиб қолишса, бунинг ҳукмида Китобу-Суннатга мурожаат қилсинлар. Зотан, иймон тақозоси шудир. Аллоҳ таоло айтади: «Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, — агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо: 59). Шунингдек, оилавий ҳаёт муваффақиятли давом этиши учун эр-хотиннинг ҳар бири ўз ҳуқуқлари билан бир қаторда зиммаларидаги бурч ва мажбуриятларини ҳам яхши англаб етишлари зарур. Муаммолар асосан эр ё хотин фақат ўз ҳуқуқларини талаб қилгани ҳолда иккинчи тарафнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва ўз зиммасидаги мажбурият ҳақида ўйламаслигидан келиб чиқади. * * * [1] “Бир томони осилган ҳолда (қийшайиб) келади” яъни, у дунё ҳаётида икки хотиндан бирига мойил бўлганидек қиёматда ҳам барча халойиқ кўз ўнгида қилган зулмига яраша, шарманда бўлиб қийшайиб келади. Аллоҳ таоло уни шундай қилиб шарманда қилиб жазолайди мақолда айтилганидек: “Ҳар ким экканини ўради”. [2] Мен ҳам (яъни, ёзувчи) ўз навбатимда шу ҳадисни ёзганимдан кейин турдим ва аёлимга бир пиёла сув бердим ва бу ҳақдаги Расулуллоҳдан эшитганим ва китобга ёзганим ҳадис ҳақида унга хабар бердим. Албатта илм амал қилиш учундир. Бу ҳадисдан олинадиган фойдалардан яна бири, хизмат қилиш икки томондан бўлади, фақат аёл томонигагина чекланмайди. [3] Ҳадиснинг маъноси: Агар кимда яхшилик бўлса, аввал ўз аёлларига кўрсатсин, аҳли аёлига қилмасдан бошқаларга кўрсатган яхшилигидан фойда йўқ. [4] Аҳли-аёлни намозга буюриш ичига уларга намозга тааллуқли бўлган шартлар, рукнлар, вожиблар, одоблар ва мустаҳабларни таълим бериш ҳам киради. [5] Яъни, намоз ўқиш ҳамда масжидларда ташкил қилинувчи илм ҳалқаларида ҳозир бўлиш учун изн сўрасалар, чунки илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон эркак-аёлга фарз, жаннат билан дўзах эркакларга ҳам, аёлларга ҳам баробардир. [6] Оқилона ишдан мурод – аёлнинг кўнглини овлайдиган ва эҳтиросини қўзғотадиган ҳар қандай шариатда мубоҳ бўлган ишдир. [7] Яъни, аёлига хабар бермасдан тўсатдан кириб келмасинки, улар қўрқиб кетишлари ва ювиниб-тараниб, ўзига оро беришга улгурмай қолиб, эрининг кўзига ёқимсиз кўриниб қолиши мумкин. Бу – эрининг кўзига доим чиройли ва ораста кўринишни истайдиган солиҳа аёл учун озор ҳисобланади. Демак, тунда тўсатдан кириб келишдан қайтарилишга сабаб – уларга аввалдан хабар бермасдан кириб келиш бўлиб, нафақат кечасида, балки кундузида ҳам бундай қилмаслик керак бўлади. Бунга кейинги ҳадисдаги: «Кутиб туринглар, кечки пайт кириб борамиз» деган сўзлари далил бўлади. Чунки, қоронғи тушмасидан Мадинага кириб боришлари аёлларни шошилтириб қўйиши ва кутилмаган нохушликлар келтириб чиқариши мумкин эди. Қолаверса, ушбу қайтариқ бу ишнинг ҳаромлигини ифодаламайди, балки бу нубувват одобларидан бир одоб ва мустаҳаб амал ҳисобланади. [8] Яъни, узоқ вақт кўришмаган аёлинг билан қўшилишда ақлу-ҳушингни йўқотиб, ношаръий ва макруҳ ишларни қилиб қўйма. [9] Ҳумайро - «оқюз, оқбадан» маъносида бўлиб, эркалашни англатади. [10] Яъни, отиш учун турган ери билан нишони ўртасида отган ўқларини қайтариб олиб келиш учун юриши.
|
| |
|
|
| DURDON | Date: Dushanba, 13/02/11, 1:44:57 PM | Message # 36 |
 SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10165
Status: 
| Бир куни гўзал бир аёл турмушга чиқишни хоҳлабди. Лекин у жуда ҳам тақволи инсонни хоҳлар экан. У турмушга чиқишни хоҳлаган киши ҳар куни Қуръон хатм қилиши, йил бўйи рўза тутиши ва кечаларини ибодатда ўтқазиши кераклигини айтди. У жуда гўзал аёл эдики, унга уйланишни хоҳловчи даъвогарлар кўп эди, аммо улар аёл қўйган шартларни бажара олишмаслигини яхши билишарди. Хуллас, бир куни бир киши унинг барча шартлари қўлидан келишини ва уларни бажаришини айтди. Шундай қилиб улар Имомнинг ҳузурида никоҳдан ўтишди. Никоҳнинг биринчи куниданоқ аёл эрини на Қуръон хатм қилганини, на рўза тутганини ва на кечаси ибодатга турганини кўрди. Шу аснода у энг камида эрига бир ҳафта муҳлат беришга қарор қилди, агар ўзгариш бўлса майли эди, аммо ҳеч қандай ўзгариш юз бермади. Охири у эридан шикоята қилиб, ундан талоғини беришни сўради. Сўнг иккиси қозининг ҳузурига боришди. Қози улардан ажралиш сабабини сўради. Шунда эр жавоб берди:”Мен ҳар куни Қуръон хатм қилишим, ҳар куни рўза тутишим ва кечаларини ибодатда ўтқазишим керак эди”. Қози ундан: ”Сен уларни бажардингми?”, деб сўради. Эр ҳотиржамлик билан “ҳа” деб жавоб берди. Шунда қози: ”Сен ёлғон гапиряпсан, аёлинг буларни бирортасини ҳам қилмаганингни айтди, шунинг учун ҳам сен билан ажрашмоқчи”, деди. Лекин йигит ўз сўзида қатъий туриб олди ва уларни барчасини бажарганини айтди. Шунда қози сўради: ”Хўш, сен ҳар куни Қуръон хатм қилдингми?”. Эр “ҳа” деди. Қози тушунолмай сўради: ”Қандай? Қандай қилиб сен ҳар куни Қуръонни хатм қилдинг”. Йигит шунда: ”Мен Ихлос сурасини кунига 3 марта ўқийман. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг сўзларига қараганда Ихлос сурасини 3 марта ўқиш Қуръонни хатм қилиш билан баробардир” деди. Қози ажабланиб яна сўрашда давом этди:”Сен қандай қилиб йил бўйи рўза тутасан?” Шунда йигит яна ҳотиржамлик билан : ”Мен Рамазон ойида битта ҳам қолдирмай рўза тутдим ва кетидан Шаввол ойининг ҳам 6 кунлик рўзасини адо қилдим. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳадисларига кўра “Рамазон ойининг барча рўзасини ва Шаввол ойида ҳам 6 кун рўза тутишлик йил бўйи рўза тутишлик билан баробардир”, деб жавоб берди. Қози унинг бу жавобларига ҳеч қандай эътироз билдира олмади. Сўнг яна сўради: ”Сен кечалари қандай қилиб ибодатга турасан, ваҳоланки аёлинг сени уҳлаётган ҳолингда кўрар экан?” Қози бу сафар у жавоб бера олмайди деб ўйларди, аммо йигит яна ҳотиржамлик ила:”Мен хуфтон намозини жамоат билан, эртасига бомдод намозини ҳам жамоат билан ўқийман. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳадисларига биноан: ”Кимки хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқиса, у ҳудди кечаларини Аллоҳ таолога ибодат қилиш билан ўтқазибди” деб жавоб берди. Қози йигитнинг берган жавобларига ҳеч қандай эътироз билдира олмади. Ниҳоят, у иккисига қараб: ”Боринглар, сизларнинг турмушингизда ҳеч қандай муаммо йўқ” деб уларни кетказиб юборди. Ҳиссадан қисса шуки, Ислом дини жуда ҳам енгил диндир. Агар биз динимизни маҳкам тутсак, ҳақиқий мусулмон бўлиб етишамиз. Нилуфар Омонхўжа қизи
|
| |
|
|