SUPER ADMINKA
Guruh:
Admin yordamchisi
Xabarlar:
10166
Holati:
|
Аёл киши Исломда
Аввало айтиш лозимки, Ислом насронийлик ва яҳудийликдан фарқли ўлароқ аёл кишини Одам алайҳиссаломнинг осий бўлишларида айбламайди. Қуръонда бу ҳақда бирор-бир сўз айтилмайди. Унинг устига Қуръон бутун айб ва жавобгарликни Одам алайҳиссаломга юклайди: “Дарҳақиқат, Биз илгари Одамга (Жаннатдаги бир дарахтга яқинлашмаслиги ҳақида) буюрган эдик, у (буйруқни) унутди ва Биз унинг учун қасд-собитқадамликни кўрмадик...”, “...Одам Парвардигорига осий бўлиб, йўлдан озди...” (Тоҳа сураси, 115-121 оятлар). Қуръонга асосан эркак ва аёл Аллоҳ олдида баробардир. Ҳа, муслима аёл давлат раҳбари бўлиш ҳуқуқига эгамас. Аммо бу чеклов унинг қадр-қимматини топташ деганимас, балки исломий давлат тузумининг ўзига хос хусусияти билан боғлиқ. Исломда давлат бошлиғи Англия қироличаси каби шунчаки рамзий ҳукмдор эмас. Халифа жамоат намозларига, ибодатларга бош бўлиши, армияни бошқариши, миллий хавфсизлик учун масъул бўлиши лозим. Айни вақтда муслима аёл, шариатга мувофиқ, сиёсатда иштирок этиш, муҳим давлат лавозим ва мансабларини эгаллаш учун тўлиқ ҳуқуққа эга. Муслима аёл нафақат илм олиш ҳуқуқига эга, балки у билим олишга мажбурдир. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм излаш ҳар бир мусулмон ва муслима учун фарздир”, - дея таъкидлаганлар. Энди эса ўша Ницшенинг сўзларини эсга оламиз: “Агар аёл кишида фанга қизиқиш уйғонса, демак, одатда унинг жинсий соҳасида нимадир маромида эмас”. Ёки Демокритнинг сўзларини эслаймиз: “Аёл киши фикр қилмасин: бу даҳшатлидир!” Шариатга кўра, муслима аёл ўзининг мустақил даромад манбаига эга бўлиш ва маблағини ўз ихтиёрича сарфлаш ҳуқуқига эга. 13 аср ўтгачгина Европа аёли ўзи учун бундай ҳуқуққа эриша олди! Англияда XIX аср охиригача ҳам эр ўз хотинининг шахсий мулкини ҳамда унинг ер-мулки ва мол-дунёсидан келадиган барча даромадларини истаганича тасарруф қилган. Муслима аёл барча ижтимоий, сиёсий соҳаларда ва давлат сиёсатининг барча даражаларида тўлиқ овоз бериш ҳуқуқига эга. АҚШда аёллар ўзларининг сайлов ҳуқуқларига фақатгина 1920 йилда эришганликларини эслаш кифоя! Улар бу ҳуқуқни олишмаган, балки бунга манифестациялар, иш ташлашлар йўли билан эришганлар. Исломда аёл киши ажрашиш ҳуқуқига эга ва эрининг зулмларига бардош беришга мажбур эмас. Ҳар қандай моддий ёки маънавий зарар аёл кишига маҳкама орқали бериладиган ажрашиш учун етарли асос ҳисобланади. Шуни қайд этамизки, ажрашиш мусулмон киши учун катта моддий харажатларни келтириб чиқаради. Эр фарзандларини тўлиқ таъминлаши, собиқ хотинига уларнинг тарбияси учун ва маълум муддатгача боқиши учун пул тўлаши, уй ижараси ҳаққини тўлаши шарт. Эр никоҳнинг сақланиб қолишидан моддий ва маънавий жиҳатдан манфаатдор. Ислом дунёсининг мустаҳкам оила занжирлари билан донг таратгани бежиз эмас. Ислом дини ғоявий душманларининг севимли мавзулари кўпхотинлилик масаласидир. Уларни тингласанг, худди кўпхотинлилик Ислом келиши билан пайдо бўлгандек тасаввур уйғонади. Бироқ яҳудий ва насронийларнинг муқаддас китоби Инжил ҳам кўпхотинлиликни ман қилмайди. Инжилда яҳудийлар подшоси ва пайғамбар Соломон (Сулаймон алайҳиссалом)нинг 700 хотин ва 300 жорияга эга бўлгани ҳикоя қилинади. Подшоҳ Давид (Довуд алайҳиссалом) тўғрисида ҳам худди шундай ҳолат айтилади. Иисус (пайғамбар Исо алайҳиссалом)нинг ўзи ҳам ўз замонида яҳудийлар ўртасида кенг тарқалган кўпхотинлиликка қарши чиқмаган. Кўпхотинлиликка тақиқни Рим Черкови жорий қилган. Бунда у битта қонуний хотинга эга бўлиш билан бир вақтда аввал Қадимги Юнонистон ва Римда гуркираган фоҳишаликка ва чекланмаган ададда ўйнашларга эга бўлишга йўл қўювчи юнон-рим маданияти нормалари ҳамда черков қонунларини уйғунлаштиришга интилган. Араблар ва славянлар дохил бошқа кўплаб халқлар чекланмаган ададли хотинларга эга бўлишлари мумкин эди. Шундай экан, Ислом аллақачондан бери мавжуд бўлиб келган кўпхотинлиликни фақат тасдиқлаган ва айни пайтда бунинг қатъий чегараларни ҳам ўрнатган. Кўпхотинлилик Исломда мажбурий амал эмас. Қуръон агар эркак аёллари ўртасида моддий таъминот, уй-жой билан таъминлаш, эътибор ва ғамхўрлик жиҳатларидан тўлиқ адолатга риоя қилишга қодир бўлса, унга тўрт нафаргача хотинга эга бўлишга рухсат беради. Боз устига Ислом агар эркак аёлни уй-жой билан ва моддий жиҳатдан таъминлашга қодир бўлмаса, унга ҳатто бир хотинга эга бўлишни ҳам ман қилади. Шундай қилиб, Ислом кўпхотинлиликни алоҳида вазиятларда йирик устунликка эга бўлган объектив воқелик сифатида тасдиқлаган. Шуни ҳам айтиш лозимки, Ғарб жамияти тамоман иккиюзламачидир. У ҳуқуқий жиҳатдан кўпхотинлиликдан бош тортган эса-да, ҳақиқатда аллақачон бунга кўникиб бўлган. Фақат бир неча америкалик жуфтларгина, жамоатчилик сўровлари натижасида, бир никоҳли оила бўлиши мумкин, деган фикрни билдиришди. Ўз даврида Бертран Рассел “...ривожланган жамиятда бир никоҳлиликка асосланган инстинктларнинг суст кўринишларини кузатиш мумкинлигини” айтган эди. Ҳозирги вақтда ғарб мамлакатларида норасмий кўпхотинлилик тарқалган: эркак бир аёл билан қайддан ўтказилган никоҳга эга бўлгани ҳолда, амалда бир неча ўйнаш билан бирга ҳаёт кечиради. Ўйнашлар ҳеч қандай ҳуқуққа эга эмаслар ва исталган вақтда кераксиз буюм сифатида улоқтириб юборилишлари мумкин. Аёлнинг ўзи учун нима афзал - қонуний хотин бўлишми ёхуд хотини бор эркакнинг атрофдагилар нафратига қолувчи махфий тарзда бирга яшовчиси, ҳуқуқсиз чўриси, ўйнаши бўлишми?! Ислом қизни ўзининг розилигисиз эрга беришни ман қилади. Қизнинг розилигисиз тузилган никоҳ, шариатга кўра, ноқонуний, бекор саналади. Қиёслаш учун айтишимиз мумкинки, Россияда 1861 йилгача крепостной деҳқонларнинг қизларини помешчиклар буйруғи билан эрга беришган ва уларга инсон билан эмас, мол билан қилинадиган муомалада бўлишган. Муслима аёл меҳнат қилиш ҳуқуқига эга. Таъкидлайман: ҳуқуқига эга. Бироқ ишлашга мажбур эмас. Чунки, Исломга мувофиқ, фақат эр хотинини ва фарзандларини барча зарур нарсалар: уй-жой, озиқ-овқат, кийим-бош билан таъминлаши шарт. Энг қизиқарли жиҳати шундаки, мусулмон олимлар фикрига кўра, аёл киши ҳатто кир ювишми, тозалаш ишларими, овқат пишириш бўладими – умуман уй ишларини қилишга ҳам мажбур эмас. Бу агар ўзи рози бўлса, хотиннинг ихтиёрий хизмати бўлади. Рози бўлмаса, эр хизматчи аёл ёллаши лозим бўлади. Айтганча, бу Доғистон аҳолиси тутган мазҳаб бўлмиш Шофиъий мазҳабининг ҳам фикридир. Ушбу қисқа таҳлил натижасида Исломнинг аёл киши ҳуқуқларини ҳимоя қилиши далили равшан бўлади. Бу ҳуқуқларни билиш лозим. Ўзини мусулмон деб ҳисобловчи, лекин аёл кишига ёмон муносабатда бўлувчи киши Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларини ёдга олсин: “Аёл кишини фақат яхши хулқ эгасигина хурмат қилади ва фақат пасткаш одамгина таҳқирлайди!” Нозимжон Хошимжон
|