Ҳаммасига улгуриш санъати
«Вақт шунчалик тез ўтаяптики, ҳеч нимага улгурмаяпман…» Бу гапни сиз ҳам бир эмас, кўп бора эшитганингизга аминман. Аёл ишласа, фарзанд тарбияси билан банд бўлса, рўзғор юмушлари билан куймаланса, буларнинг барига қандай улгуриш мумкин?
Иш
Битта ишни ҳамма ҳар хил бажаради. Кимдир индамайгина ўз ишини қилади, кимдир қачон қарама «қисқа вақтда буни қандай уддалайман?» «белгиланган вақтда топширолмайман», дея марсия айтишни бошлайди.
Нима қилиш керак? Оқибатини ўйланг. Ростдан ҳам улгурмай қолсангиз нима бўлишини тасаввур қилиб кўринг. Шунда масъулият ва мажбуриятни ҳис этиб, ишлаш осонлашади.
Уй-рўзғор
«Уйларни кечагина супургандим-ку, қандай қилиб бирпасда яна ҳамма ёқ тўзиб кетди?! Ҳа-я, кечамас, ўтган ҳафта супурувдим-а», «би-и-ир уюм кир қаердан йиғилди бунча?! Нима, кун бўйи атайлаб менга иш кўпайтириш учун ҳаммасини кир қилиб ташладиларингми?»… Бу иборалар сизга танишми? Бундан ташқари, қачон қарама газ плитаси, кир ювиш машинаси, ҳатто музлаткич билан «келиша олмайдиган» аёллар ҳам бор: «яқиндагина ҳамма нарсани музлаткичга жойлаштирувдим-ку, дарров қаёққа ғойиб бўлди?» Кейин маълум бўладики, аллақачон бир ҳафта ўтиб кетган. Биласизми, ҳамма гап феъл-атворда. Ўта эмоционал аёллар ҳаётга қизиқиши баланд бўлганидан «синчков» деган таърифдан бирмунча йироқ бўлишаркан. Ахир тартиб-интизомни яхши кўрувчи ва уй-рўзғорга эътиборлиларда айнан шу хислат бўлади-да!
Нима қилиш керак? Рўзғор юмушларини жадвал асосида бажариб кўринг. Масалан, якшанба куни уй тозаланг, душанба куни кир ювинг, сешанбада бозор-ўчар қилинг… Буларнинг ҳаммасини бирваракайига бажариш ҳам мумкин, фақат кунини белгилаб олинг. Шунингдек, ўзингиз учун рағбат ва жарима тизимини ўрнатинг. Масалан, душанба куни эрталаб фарзандингиз спрот кийимини топа олмай қолди, дейлик. Сиз эса ўша пайтдагина уни ювиш кераклигини эсладингиз. Тамом, жарима сифатида ўша куни гўзаллик салонига бориш йўқ!
Яқинлар билан муносабат
«Кичкинам билан бўлиб, катталарига вақтим етмаяпти», «иш, кир-чир, овқат, болалар… Эрим билан гаплашишгаям вақт йўқ!» Кўраяпсизми, ўз оиламизнинг барча аъзолари билан бир хил муносабатда бўлмаслигимизни ҳар доим ҳам тан олавермаймиз. Вақт етишмаслиги эса бу тафовутни сезмаслик ва бошқаларга билдирмаслик учун яхши «ҳимоя». Лекин эртами-кечми, барча яширин нарсалар ошкор бўлади. Бу нимага олиб келади? Зиддиятларга, муносабатлар совуқлашишига, оила парокандалигига…
Нима қилиш керак? Нима учун бундай бўлаётганини ҳеч бўлмаса ўзингизга ўзингиз тан олинг. Балки вақтдан унумли фойдаланолмаётгандирсиз, бўлар-бўлмасга кайфиятингизни тушираверарсиз?.. Туйғуларингизни таҳлил қилиб, уларни айнан нима келтириб чиқарганини тушунишга уриниб кўринг. Шундан кейин мулоқот бирмунча енгил ва ёқимли бўлиб, ички зўриқиш йўқолади. Оилангиз аъзоларига «иложим йўқ, вақтим йўқ» каби сўзларни қўлламанг. Ҳаммага оз бўлса ҳам вақт ажратинг.
Ўз-ўзига эътибор
«Гўзаллик салонига вақт белгилаб, ёздириб қўйгандим. Иш кўплигидан бутунлай эсимдан чиқиб кетибди. Болаларни боғчадан олиб келдим, сабзи, пиёз қолмаган экан, бозорга бориб келдим… Иш тугамайди ҳеч. Бунақада қачон ўзимга қарай оламан?!» Бу — «ишга кўмилган уй бекаси» бўлган аёлларнинг «севимли» дийдиёларидан биттаси. У эри, болалари учун елиб-югуради, ўзи учун эса умуман «бўш» вақт йўқ. Лекин муаммо шундаки, унинг ғамхўрлиги яқинларига қувонч бағишламайди, булар улар учун мутлақо табиий ҳол.
Нима қилиш керак? Иродангизни мустаҳкамланг. «Менсиз ҳеч нимани эплолмайди булар», деманг. Ўзингизга албатта вақт ажратинг. Ўзига қарамай қўйган уй бекаликдан «чиқиш»нинг асосий фойдаси шундаки, оиланинг бошқа аъзолари бирмунча мустақил бўлишга ўргатади.