RSS
Yangiliklar-Новые сообщения · Azolarimiz-Участники · Forum qoidasi-Правила форума · Qidirish-Поиск
  • Page 1 of 1
  • 1
Forum moderator: DURDON, SAKINA  
Рамазонда яширинган гуноҳлар
DURDONDate: Payshanba, 10-Okt-2013, 07:39 | Message # 1
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:

Рамазонда яширинган гуноҳлар

Вақтни оқар сувга менгзайдилар. Баъзан оқар сув ҳам вақт олдида секинлаб қолгандек гўё. Кечагина эди, муборак рамазон ойини интиқлик ва зўр тараддуд билан кутаётгандик. Бугун эса муборак ой билан хайрлашганимизга ҳам бир-икки ой бўлибди. Рамазон ойи тугаши билан яна одатдаги кунлар бошланди. Яна одатдагидек бозорларда тарозининг “нағма”си уйғонди. Яна ёлғон дунёнинг ёлғонлари «болалади”. Яна хиёнат, диёнатсизлик, оқибатсизлик, беҳаёлик енгил тортиб бўй кўтарди. Спиртли ичимликлар бемалол ичиляпти. Айб саналган, хато ҳисобланган ишлар илгаригидек ўз ўрнида кетяпти. Хуллас, одатдагидек ёмонликлар бош кўтариб, амалида давом этяпти...

Эркак оғзи қулоғида танишига мақтаняпти: “Бир аёл билан учрашиб турамиз. Тунов куни кел, учрашайлик деб қўнғироқ қилсам, озгина сабр қилинг, рўза кунида гуноҳ бўлади, рамазондан кейин учрашамиз, деди”...

Бозордан шафтоли харид қилаётган харидор сотувчининг қув кўзларидан ғашланди.
–Ука, тарозингиз тўғрими, ишқилиб? Негадир авваллари бошқа жойдан икки кило шафтоли олсам, кўпроқ бўларди, ҳозир анча камга ўхшаяпти, деб норозиланган харидорга сотувчи “таскин” беряпти:
-Йўқ, ака, хавотир олманг, рўза кунида тарозини ўйнатмаймиз. Гуноҳ бўлади...

Тилла тақинчоқларини қўйган еридан тополмаган аёл таниш фолбинга қўнғироқ қилди. Шошиб-пишиб дардини достон қилганди, фолбин бамайлихотир овозига қироат тусини бериб “Уч-тўрт кун шошилмай туринг, энди. Рўзада одам “кўрмаяпман”. Рўзадан кейин тақинчоқларингизни топиб бераман” деди. Фолбин ҳам қилмишининг гуноҳлигини билар экан...

Тушлик маҳали ишхона яқинидаги тамаддихонага бордик. Кабобпаз ҳиди иштаҳани қитиқлаётган кабобларнинг мақтовини келтириб таклиф қиляпти:
-Келинг, кеннойи, хоҳласангиз думба-жигар, қийма кабоб, қўй гўштидан, мол гўштидан, мана бу кабобларимиз эса чўчқа гўштидан...- Кабобпазнинг охирги сўзларидан кўнглим беҳузур бўлиб кетди.
-Яқиндагина сизлардан ифторликка кабоб олиб кетгандик, “бизда чўчқа гўштидан умуман таом тайёрланмайди, ҳаммаси ҳалол” дегандингиз-ку, энди чўчқа гўшти қаердан пайдо бўлди?- дейман кабобпазнинг баркашдек юзига қарамай.
-Э, унда рўза эди-да, кеннайи, рўзани кунида чўчқа гўштидан шашлик қилмаймиз-да...- У “олмасанг олма, қани йўлни оч” дегандай менга бир хўмрайиб қараб, яна оовозини баралла қўйиб кабобини мақтай кетди..

Икки дўст учрашиб қолишди. Бир-бирини бағрига босиб кўришишди.
–Би-и-ир ўтириб, кўнгилни ғуборини “ювмаймизми”?- деб сўради биринчиси.
-Мен ҳам энди шуни айтмоқчи эдим, “очилиб” ўтирмаганимизга ҳам анча бўлди,- деб дўстнинг фикрини маъқуллади иккинчиси. Сўнг хилватроқ бир етакхонага йўл олдилар. Дастлаб бир шиша, кейин иккинчи шиша бўшади. Маст бўлиб қолишганди, кайфиятлари кўтарилиб учинчи шишага ҳам буюртма бериб юборишди. Ваҳоланки, улар ўттиз кун рўза тутиб, таровеҳ намозларини адо этиш учун масжидга чиқишганди...

Жувон кун санаб Рамазон ойининг тугашини кутди. Кўпчилик бу ойда савоб амалларни кўпайтириб, Яратгандан мағфират ва фазл сўрайди. Рамазон ойини кўзида севинч ёши билан қаршилаб, соғинч ва ўкинч ёшлари билан кузатиб қўядиганлар ҳар бир дақиқаси, сониясидан унумли фойдаланишга улгуриш ташвишида бўлган кезлар, жувон тақвимга термулиб тезроқ рўзанинг тугашини кутди.
-Рамазон тезроқ тугасайди, азайимхонга бориб қайнонам билан қайнэгачимнинг тилини бойлаб келардим...- Жувон деярли ҳар куни онасига қўнғироқ қилиб шундай дерди. У ҳайитни бир амаллаб ўтказди-да, оёғини қўлига олиб ўзи доимий мижоз бўлиб қолган азайимхонникига югурди...

Овсинлар суҳбатлашиб ўтирибди. Биринчиси иккинчисига эрининг ўзига эътиборсиз бўлиб қолганини, унга ва болаларига меҳри бўлангани айтиб шикоят қилиб қолди.
-Ҳеч куйинманг,- деди иккинчи овсин хотиржам алпозда,- ҳозир поччамга айтсам ўқиб қўядилар. Эрингиз қишлоққа, ота-онасини кўргани бормайди. Қайноғам онасини кўрмаса, демак сизнинг ҳам ғийбатингиз бўлмайди. Ғийбатингизни эшитмаса, муллакам сиздан совумайди. - Кичик овсин шундай деб телефонидан қандайдир рақамларни терди ва аввал опасига, кейин поччасига овсинини суратига қараб ўқиб қўйишни сўради. Эртаси куни катта овсин кичик овсинига қўнғироқ қилиб поччаси ўқиб қўйгани учун эри қишлоққа ота-онасини кўргани бормаганини айтиб суюнчилади...

Қизиқ, гуноҳдан фақат рамазон учун тийилиш керак эканми? Савоб амаллар, руҳий ва жисмоний покланиш фақат рамазонда керакми? Айримларнинг гап-сўзи, юриш-туришини кўриб, бошқа пайтларда бемалол гуноҳ қилиш мумкин, ҳаром қилинган нарсалардан тортиниш шарт эмас экан-да, деган ўйга боради киши. Моҳи Рамазонни кузатаётганда қалби иймон нуридан мунаввар, Яратгандан ҳаё қиладиган, қўрқадиган киши борки, кўз ёшларини тиёлмайди. Ўттиз кун мобайнида рўза тутиб, ибодат амалларини ўз ўрнида бажарган киши йил бўйи моҳи рамазонда яшаётгандек ўшандай хулқда давом этади. Ахир, гуноҳ рамазонда ҳам, бошқа ойда ҳам ГУНОҲ! Гуноҳнинг эсига гуноҳ экани фақат рамазонда тушиб, бошқа пайт гуноҳ рутбасидан халос бўлмайди. Зино инсоният яралганидан бери дарди бедаво, гуноҳи кабира ҳисобланади. Ҳамр (маст қилувчи) ичимликлар ичиш ҳаммавақт ҳам олий гуноҳ саналади. Рамазондан бошқа пайтда ҳам инсон кўнгли КЎНГИЛ! Унга озор бермоқлик, Каъбатуллоҳ- Аллоҳнинг Уйини вайрон этмоқлик билан баробар. Товламачилик, бировнинг ҳақига кўз олайтириш, ўғрилик қилиш, одамларни алдаш ва ҳоказо дину диёнатдан йироқ ишлар нафақат Рамазонда, балки ҳар дақиқа, ҳар сонияда Тангри наздида ҳаром қилинган ишлардир. Сеҳр-жоду, фолбинлик, ромчилик ва ҳоказо ғайб ишларига бурун суқувчилар гўёки Рамазонда ушбу қабиҳ ишлар билан шуғулланмай ўзларини гуноҳдан фориғ қилмоқчи бўладиларми? Бу ишлари наҳот уларга истеҳзо аралаш аччиқ кулгу билан қарашга мажбур қилишини билмаслар?
Яна бир тоифа кимсалар бор, улар Аллоҳдан ҳам, Рамазондан ҳам андиша қилмайдилар. Қилмадилар ҳам. Одатдагидек гуноҳ ишларда давом этавердилар. Ёлғон сўзладилар. Одамларни алдадилар. Бировларнинг ҳақида юз ўгирмадилар. Ҳатто... зинодан ҳам юз ўгирмадилар. Ҳар ишнинг жавоби бор. Ундайларнинг айбу хатосини муҳокама қилмоқчи эмасмиз. Зеро, ҳар нарсани биздан зиёд билгувчи, биздан ортиқ кўргувчи Зот бор. Биз шунчаки, айримларимизнинг андишасизлигимиздан, қалбимиз қаттиқлигидан оғринамиз, холос...
Интизор кутганимиз муборак моҳи Рамазонни ҳам кузатдик. Рўза тутдик, ибодатлар қилдик. Имкониятимиз етганича яхшилик қилдик, садақа, закот ва ҳадялар бериб ажру мукофотини Яратгандан истадик. Аммо кўнгил бир нарсадан оғриқ туймоқда – руҳиятимиз, фикру ўйларимиз ҳам савоб илинжидамиди? Фақат жисмоний поклик билан чекланиб қолмадикмикан? Рамазонда қадам қўйган ҳидоят йўлидан бир умр юришга имкону иродамиз етармикан?..

Умида АЗИЗ


 
  • Page 1 of 1
  • 1
Search: