SUPER ADMINKA
Guruh:
Admin yordamchisi
Xabarlar:
10165
Holati:
|
Қалб касалликлари 1 – Мунофиқлик. 2 – Риёкорлик. 3 – Шак-шубҳа касаллиги. 4 – Бадгумонлик. 5 – Ҳасад ва ғайирлик. 6 – Кибр, димоғдорлик, бошқаларни мазах қилиш ва таҳқирлаш. 7 – Гина ва адоват. 8 – Ноумидилик. 9 – Нафс-ҳаво ва Аллоҳдан бошқасини суймоқ. 10 – Аллоҳдан бошқасидан қўрқиш. 11 – Васвасага тушиш. 12 – Дил қотиши. 13 – Ноҳақлик тарафида бўлиш. Мунофиқлик Қалб касалликларининг энг хатарлиси, инсонни ҳалокатга олиб борувчи ва охиратда ёмон оқибатларга дучор қилувчиси – мунофиқликдир. Мунофиқлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида, Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул каби шахсларнинг ўлими билан тугаган деб ўйлаган одам хато қилади! Чунки мунофиқликнинг бугунги кундаги хатари мозийдагидан кам эмас. Салафи солиҳ мунофиқликдан қаттиқ қўрқар эдилар. Мана, илм, амал ва ихлос жиҳатидан тенгсиз зотлардан саналган улуғ саҳоба – Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан: «Аллоҳни ўртага қўйиб сўрайман, айтинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени мунофиқлар сафида санаганмидилар?!», деб сўради. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу: «Йўқ, аммо сиздан кейин бошқа бирон кишини оқламайман», деб жавоб берди («Канзул-уммол»: 13/344). Машҳур тобеинлардан бири Ибн Аби Мулайка раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўттизга яқин асҳобларини кўрдим. Уларнинг барчаси "мен мунофиқлардан эмасмикинман" деб қўрқар эдилар» (Имом Бухорий: 1/109. Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ айтди: «Бу ҳадисни Марвазий «ал-Иймон» китобида узун жумлалар билан, Абу Зуръа эса «Тарих» китобида келтирдилар). Хўш, биз ҳам ҳозирда ўзларини мунофиқлардан бўлиб қолишдан қўрқадиган ўттиз кишини топа оламизми?! Мунофиқлар сифатлари ҳақида Аллоҳ таоло Қуръон Каримда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадис шарифларида зикр қилган нарсалар ҳақида фикр юритиб кўрган одам ишнинг жуда ҳам хавфли эканини очиқ-ойдин ҳис этади. Ҳолбуки, биз одамларнинг мунофиқлар сифати билан сифатланишга бепарво қарашларини, ҳатто ундан хотиржам эканликларини кўрмоқдамиз. Мисол учун, айрим одамлар олимлар ва уларнинг ҳақли ёки ноҳақ хатолари ҳақида кўп гапирадилар. Бироқ шу билан бир қаторда ғарбликларнинг ҳаёт тарзларини, уларнинг ҳукмларини, «тенг ҳуқуқликлари»ни мақтай бошлайдилар ва уларнинг Аллоҳ шариатини тарк қилиш ва Аллоҳ оятларига кофир бўлиш билан бошларига келган бахтиқаролик ва парокандаликка билиб ё билмасдан эътиборсиз бўладилар . Аллоҳ таоло эса: «Йўқ, Роббингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда Сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин Сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича - бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65). Бу – баъзи йиғинларнинг суҳбат мавзусига айланиб қолди. Ислом динини ёқтирмаслик, мусулмонлардан нафратланиш ва бошқа ёмон сифатлар билан сифатланиб, мунофиқларга ўхшаб қолишдан ва ундайларнинг сафида юришдан Аллоҳ асрасин! Риёкорлик Риёкорлик – яширин, ўта хатарли, амалларни бузишда катта таъсир кўрсатадиган ва камдан-кам одамларгина ундан қутула оладиган касалликдир. Ҳадис қудсийда Аллоҳ таоло айтди: «Мен (Ўзимга) шерик қилинишидан энг беҳожат бўлган зотман! Ким Менга бошқани шерик қилиб бирон бир амални қилса уни ширки билан ўз ҳолига ташлаб қўяман» (Имом Муслим: 4/2289). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким қилаётган ишларини бошқаларга эшиттиришга ҳаракат қилса, Аллоҳ уни эшиттириб (шармандасини чиқаради), ким амалларини бошқаларга кўрсатишга ҳаракат қилса, Аллоҳ уни (шармандали ҳолда) кўрсатиб қўяди)» (Имом Бухорий: 11/335; имом Муслим: 4/2289). Аллоҳ таоло мунофиқларнинг сифатларини зикр қилди: «... Ва қачон намозга турсалар дангасалик билан, хўжакўрсинга турадилар ва Аллоҳни камдан-кам ёдга оладилар» (Нисо: 142). Риёкорлик – зулматли кечадаги қора тош устида турган қора қилдан ҳам ингичкадир! Аллоҳ таоло айтди: «(Зотан) Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз» (Фурқон: 23). Шак ва шубҳа касаллиги Аллоҳ таоло айтди: «Энди дилларида ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар одамларни алдаб фитнага солиш ва ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ таъвил-тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ оятларига эргашадидар» (Оли Имрон: 7); «Балки фақат Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган ва кўнгилларида шак-шубҳа бўлган кимсаларгина сиздан (қолиш учун) изн сўрайдилар. Чунки улар ўз шубҳаларида иккиланиб юрадилар» (Тавба: 45); «Қурган биноларининг (бузиб ташланиши) уларнинг кўнгилларида шак-шубҳа бўлиб қолади. Магар юраклари ёрилиб — жонлари чиқиб кетсагина (шак-шубҳа ҳам йўқ бўлар). Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир» (Тавба: 110); «Уларнинг дилларида мараз борми ёки (Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбар эканлигидан) шубҳаландиларми..?» (Нур: 50); «Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган (яъни эътиқодлари заиф бўлган) кимсалар: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар», дея бошладилар» (Аҳзоб: 12); «... китоб берилган кимсалар ҳам, мўминлар ҳам (дўзах қўриқчиларининг саноғи тўғрисида) шак-шубҳа қилмайдилар. Ва токи дилларида мараз (мунофиқлик) бўлган кимсалар ва кофирлар: «Буни мисол қилиш билан (яъни фаришталар саноғини ўн тўққизта қилиш билан) Аллоҳ нима демоқчи?» дейдилар» (Муддассир: 31). Шак ва шубҳа хатарли касалликлардан бири бўлиб, инсонни расво қилиши ҳамда ширк ва куфр ботқоғига улоқтириши мумкин. Унинг давоси эса Аллоҳдан шайтоннинг ёмонлигидан кўп паноҳ тилаш, кўнгилга келган шубҳадан юз ўгириш, уни даф қилишда Аллоҳдан мадад сўраш, Аллоҳ ва расулига бўлган иймонга қайтишга, ҳамда Аллоҳнинг ваҳдонияти ва сифатларини эътироф этишга шошилишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамлар (уни ким яратди, буни ким яратди, деб) сўрайверадилар. Ҳатто «Аллоҳ махлуқотларни яратибди, Аллоҳни ким яратган?!», деган саволгача етилади. Ким қалбида бундай саволни топса: «Оманту биллаҳи ва росулиҳи» «Аллоҳ ва расулига иймон келтирдим», деб айтсин» (Имом Муслим: 1/119). Бошқа бир ривоятда эса: «Аллоҳдан паноҳ тилаб, (савол беришдан) тўхтасин!», дейилган (Имом Муслим: 1/120).
|