SUPER ADMINKA
Guruh:
Admin yordamchisi
Xabarlar:
10165
Holati:
|
Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қиладилар:
“Бадавлат кишининг (қарзини, оманитини ва бировларнинг ҳаққини беришда) кечиктириш зулмдир. Агар (камбағал киши) пулдор кишидан қарзини бериб юборишини талаб қилса, қабул этсин”.
Лекин бировга ҳасад қилиб, молига кўз олайтириб, уни чув тушириш, мол-дунёсидан айириш мақсадида қарз олиш эса улкан гуноҳлардан бўлади. Жумладан, ҳадисда:
“Кимки бировдан қайтариб бериш ниятида қарз олса, Аллоҳ унга қарзини узишга ёрдам беради. Кимки молига талофат етказиш мақсадида олса, Аллоҳ унинг ўзига талофат етказади” – дейилади.
...Дарвоқе, киши ўзининг молидан маълум бир бўлакни қирқиб, қарзга бергани учун қарз сўзи луғатда қирқиш маъносини билдиради. Шариатда эса, бошқа кишига бир нарсани унинг бадалини қайтариб бериш шарти билан мулк қилиб бериш тушунилади. Демак, қарзга олинган нарса қарзга олувчининг мулкига айланади ва уни хоҳлаган эҳтиёжига сарфлайди. қарз берган кишига эса (белгиланган муддатдан ўтказмай) бадалини бериши керак бўлади.
Демак, қарзини узишга қодир бўлиб, уни адо қилмаса гуноҳкор бўлар экан. Лекин ҳар қандай сўровчига ва турли эҳтиёж учун ҳам қарз беравериш туғри келмайди.
Қарз берганда аввало, бировнинг оғирини енгил қилиш билан Аллоҳнинг розилигини топишни мақсад қилиш лозим. Зинҳор қарз бериш орқали мўмай даромад топишни кўзлаш мумкин эмас. Қарз бериб унинг эвазига қарздордан фойда олиш судхўрликдир. Сўдхўрлик эса, гуноҳи кабиралар жумласига киради. Бугунги кунда қарз олиб, уни ўз вақтида қайтариб беролмай юрганлар ҳам учраб туради. Қарз берган киши қарзини қистайвермаслиги, иложи борича имкониятлар яратиб бериб вақтини чўзиб бериши лозим. Пайғамбаримиз(сав) марҳамат қиладилар:
“Кимки камбағалнинг қарз узиш муддатини узайтириб қўйса ёки кечиб юборса, соя бўлмайдиган кунда (қиёматда) Аллоҳ таоло унга Арш остидан соя ато этади”.
Абдуллоҳ ибн Абу Робийа (р.а)дан ривоят қилинади: "Набий (с.а.в.) мендан қирқ минг қарз олдилар. Кейин у зотга мол келганида уни менга қайтариб бердилар. Ва: "Аллоҳ молингга ва ақлингга барака берсин. Албатта, қарзнинг мукофоти мақтов ва адо этишдир", дедилар.
Агар қарздор қарзини уза олишга умуман кўзи етмаса, қарз берган киши қарзидан кечиб юбориши улуғ савобли иш бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:
“Агар (қарздор) қийналса, бойигунга қадар кутиш лозим. Агар билсангиз, (берган қарзингизни қарздорга) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир”. (Бақара сураси 280-ояти)
Шундай экан қарз олувчилар ўз ҳуқуқ ва масъулиятларини яхши билмоқлари билан бир қаторда бир-бирларига нисбатан мурувватни унутмасликлари керак.
Баъзида шундай кишиларни учратиш мумкин, кимдир қарзга пул сўраса, ўзи айлантириб сармоясини кўпайтираётганини, рози бўлса устига ўзи топаётган фойда миқдорича пулни қўшиб қайтара олса қарз бериб туришлигини айтади. Бироқ фойдани кўзлаган қарз Исломда жоиз эмас, балки рибо (судхўрлик) бўлади. Демак, бу борада чуқур мулоҳаза этиб иш кўриш талаб этилади.
Ҳазрати Набий (с.а.в.) нинг бир Ҳадисларида: "Менинг жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, агар бир киши Аллоҳнинг йўлида қатл қилинса, сўнг тирилтирилса, яна қатл қилинса ва тирилтирилса, сўнг яна қатл қилинса-ю, унинг зиммасида қарзи бўлса, қарзи адо этилмагунча Жаннатга кирмас", дейилган.
Бундан кўриниб турибдики, Аллоҳ таолонинг йўлида шаҳид бўлишлик қанчалик улуғ мақом бўлмасин, инсон бўйнида қарз билан вафот қилса, қарзини адо қилмагани боис, Жаннатга кира олмас экан.
Қуръони каримда шундай дейилади:
“Эй, имон келтирганлар! Бир-бирингиздан бирор муддатга қарз олиб, қарз берсангиз, уни ёзиб қўйингиз!”. (Бақара сураси 282-ояти)
Демак, ҳар икки томон ўртасида кейинчалик ихтилоф ва низо чиқмаслиги учун қарзни гувоҳлар ҳузурида ёзиб қўйиш мақсадга мувофиқ экан.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳидоятида бардавом қилиб, яхши амалларга муваффақ айласин! Ушбу мулоҳазалардан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, қарз олиб, уни қайтаришликни унутиб юборадиганлар бу ҳақиқатни яхшилаб англаб олмоқлари лозимдир.
Шавкат АҲМЕДОВ
Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор”
жомеъ масжиди ноиби – имоми
|