SUPER ADMINKA
Guruh:
Admin yordamchisi
Xabarlar:
10166
Holati:
|
Бошқа диндагилар билан муомала
Мусулмон шахснинг бошқа дин вакиллари билан алоқаси ҳам ўз динининг таълимотлари асосида бўлади. Бу алоқалар Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва сийратларида ўз аксини топган. Ислом самовий динларнинг барчасини асли бир, ҳаммаси Аллоҳдан, деб эълон қилади. Аллоҳ таоло Шўро сурасида марҳамат қилади: «У зот сизга диндан Нуҳга тавсия қилган нарсани ва Сенга ваҳий қилган нарсани, Иброҳимга, Мусо ва Ийсога тавсия қилган нарсамизни шариат қилиб: «Динни барпо қилинглар ва унда тафриқага тушманглар, дедик», деган (13-оят). Ҳа, Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Ийсо алайҳиссаломларга дин юборган Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам дин юборган. Уларни набий сифатида учун танлаб олган. Шу билан бирга, Аллоҳ томонидан юборилган мазкур набийларга бир хил фармон ҳам бўлган. Бу фармон «Динни барпо қилинглар, унда тафриқага тушманглар», деган илоҳий амрдир. – Мусулмон инсон Аллоҳ таоло томонидан юборилган набийларнинг барчасига, уларга нозил қилинган китоб ва саҳифаларга бирдек иймон келтирмоғи, улардан бирортасини фарқлаб четга чиқариб қўймаслиги лозим. Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади: «Айтинглар: «Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, асботларга туширилган нарсага, Мусо ва Ийсога берилган нарсага ва набийларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан бирортасини фарқламаймиз ва биз Унга мусулмонлармиз» (136-оят). Ушбу ояти каримага биноан, ҳар бир мусулмон одам Аллоҳ таоло томонидан юборилган ҳамма набийларга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтиргандек иймон келтириши, Аллоҳ таоло томонидан туширилган китобларга Қуръони каримга иймон келтиргандек иймон келтириши лозим. Агар улардан бирортасига иймон келтирмаса ёки уларни беҳурмат қилса, мусулмонлиги қолмайди. Аммо бу таълимотларни, баъзи билимсиз кишилар ҳозирда таъкидлаётганидек, “ҳамма дин ҳам бир, қай бирига эргашса ҳам бўлаверади” қабилида тушунмаслик лозим. Аллоҳ таоло Исломдан бошқа динни қабул қилмаслигини Ўз Китобида эълон қилиб қўйган. Исломда мусулмонларга бошқа дин вакилларига яхши муомала қилиш топширилган ва уларнинг динига кириб кетишларига рухсат ҳам берилмаган. Ислом мусулмонларнинг бошқа динлар вакиллари билан яхши алоқалар олиб боришлари Аллоҳ кўрсатмалари асосида бўлишини таъкидлаган. Ушбу мавзудаги барча рухсат ва кенгчиликлар Ислом ва мусулмонларга зарар етмаслиги ва шариат қоидаларига хилоф иш бўлмаслиги шарти билан жорий этилгандир. – Мусулмон киши бошқа динларга эътиқод қилувчи кишиларга ёмонлик қилмаслиги, улар билан яхши муомалада бўлиши, муносиб алоқалар ўрнатиши мумкин. Аллоҳ таоло Мумтаҳана сурасида марҳамат қилади: «Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармайди. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўради» (8-оят). Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва диёнат вакиллари билан, агар улар мусулмонларга диний адоват ила уруш қилмаса ва уларни сиқувга олиб, ўз диёрларидан чиқариб юборишга уринмаса, яхши алоқада бўлишга буюрмоқда ва уларга нисбатан адолатли бўлишни таъкидламоқда. «Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармайди». Ушбу ҳукм Ислом дини нақадар инсонпарвар ва кенгбағир дин эканининг ёрқин далилидир. «Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўради». Чунки бу дин бошқа диндагиларга яхшилик ва адолат қилишдан ҳеч кимни тўсмайди, қайтармайди. – Мусулмон киши бошқа дин вакилларининг ибодатхоналарини ҳурмат қилади, уларнинг диний-ақидавий масалаларига аралашмайди, уларга ноҳақ жабр қилмайди.
Қосим ибн Мухайрама Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларининг биридан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким аҳли зиммадан бир кишини ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди. Албатта, унинг ҳиди етмиш йиллик масофадан келиб туради», дедилар». Насаий ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг бир неча ўғилларидан, улар оталаридан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ундан ўз розилигисиз бир нарса олса, қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. Набий алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг у ердаги яҳудийлар билан аҳднома туздилар, улар билан тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар. – Мусулмон одам бошқа дин вакиллари билан яхши алоқада бўлади, уларга ҳадялар бериб, улардан ҳадялар олиши мумкин. Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада бўлар, уларга гўзал муомала қилар эдилар. Жумладан, уларга ҳадялар бериб, улар томонидан қилинган ҳадяларни қабул қилар ҳам эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганлари маълум ва машҳур.
|