SUPER ADMINKA
Guruh:
Admin yordamchisi
Xabarlar:
10165
Holati:
|
Никоҳланиш ва турмуш қуриш – шаръий ҳукм жиҳатидан – беш турга бўлинади: у гоҳо фарз бўлади, гоҳо мустаҳаб бўлади, гоҳо мубоҳ бўлади, гоҳо ҳаром бўлади, гоҳо макруҳ бўлади. - Агар турмуш қурмаса, зино қилиб қўйиш хавфи бўлган киши учун турмуш қуриш фарз бўлади. Чунки, никоҳ уни ҳаромдан пок сақлаш учун ҳалол йўлдир. Бу ҳолат хусусида шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар инсон турмуш қилишга муҳтож бўлса ва уни тарк қилиш билан ўзига машаққат етишидан қўрқса, турмуш қуришни фарз ҳаждан муқаддам қилади» (Ал-фатавал-кубро: 5/449). Бошқалар турмуш қуриш у учун нафл ҳаждан ва нафл намозу рўзадан афзал бўлади, деганлар. Уларга кўра, бу ҳолатда инфоқ қилишга қодир бўлиш билан ожиз бўлиш ўртасида фарқ йўқдир. Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Аҳмаднинг ва аксариятнинг сўзларининг зоҳири қодирликни эътибор қилмасликдир. Чунки, Аллоҳ таоло Ўзи беҳожат қилишни ваъда қилган: «Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлу-карами билан бой-беҳожат қилур» (Нур: 32). Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзан ҳеч вақосиз тонг оттирардилар ва ҳеч вақосиз кеч киртирардилар (Бухорий (2566) ва Муслим (2972) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар), у зот темир узукка ҳам қодир бўлмаган бир кишини уйлантириб қўйганлар» (Бухорий (5087) ва Муслим (1425) Саҳл ибн Саъд ас-Соидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). - Шаҳват (истак-майл) бор бўлиб, зино хавфи бўлмаган ҳолатда турмуш қуриш мустаҳаб бўлади, чунки бу кўпчилик эркак ва аёлларнинг манфаатларини ўз ичига олган бўлади. - Шаҳват ҳам, уйланишга рағбат ҳам йўқ бўлган ҳолатдаги кишининг, масалан, жинсий заиф одам ва мўйсафиднинг турмуш қуриши мубоҳ (яъни, мумкин) иш бўлади. Баъзан эса айни шу ҳолдаги одамнинг уйланиши макруҳ бўлади. Чунки, бу турмуш аёл кишининг никоҳдан бўлган ғаразини рўёбга чиқармайди ва унга зарар келтиради. - Мусулмон киши агар кофир ҳарб диёрида (яъни уруш ҳолатидаги кофир душманлар диёрида) бўлса, уйланиши ҳаром бўлади. Чунки, зурриётини хатарга қўйиш ва уларни кофирларнинг истилоси остида қолдириш хавфи бор бўлади, аҳли-аёли учун ҳам душмандан хотиржам бўлмайди. Иффатли, асли тоза, диндор аёлга уйланиш суннатдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Aёл кишигa тўрт сaбaбдан бири учун, яъни, бoйлиги, нaсaби, ҳусни ёки дини учун уйлaнилaди. Шундaй экaн, сeн диндoригa уйлaнишгa ҳaрaкaт қил, барака топкур», дeганлар (Бухорий (5090) ва Муслим (1466) ривоятлари). Аёл кишига динидан бошқа сабаб учун уйланишдан қайтариқ келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аёлларга ҳусни учун уйланмангларки, ҳуснлари уларни ҳалок қилиши ҳам мумкин. Мол-дунёси учун ҳам уйланмангларки, моллари уларнинг туғёнларига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Уларга дин учун уйланинглар» (Ибн Можа (1859) шу маънода, Байҳақий (7/80) шу лафз билан Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизга уйланишга тарғиб қилганлар, Жобир розияллоҳу анҳуга: «Қиз болага уйланмабсизда, у билан ўйнаб-кулардингиз», деганлар (Бухорий (5247) ва Муслим (715) ривоятлари. Қизга уйланишда кўнгил яқинлик тўла-тўкис ҳосил бўлади, чунки у аввал бошқа эр кўрмаган ва дилида бошқа эркакнинг муҳаббати таъсири қолмаган бўлади. Серпушт аёлга, яъни аёллари серфарзандлик билан танилган хонадон аҳлидан уйланиш суннатдир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат куни бошқа пайғамбарлардан умматимнинг кўплиги билан фахрланишим учун севимли ва серпушт аёлларга уйланинглар», деганлар (Абу Довуд (2050), Насоий (3227) Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Шу маънода бошқа ҳадислар ҳам келган. Уйланиш ҳукми шахсларнинг ҳолатлари фарқли бўлишига, уларнинг жисмоний ва молиявий куч-қувватларига ва оила масъулиятини кўтаришга бўлган ҳозирликларига қараб фарқли бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёшларни эртароқ уйланишга ундаганлар. Чунки, улар бунга бошқалардан кўра муҳтожроқ бўладилар. У зот айтганлар: «Эй йигитлар жамоаси, қай бирингиз уйланишга қодир бўлса, уйлансин! Чунки (уйланиш) кўзни номаҳрамга тикишдан, авратни ҳаромдан (зинодан) сақлайди. Ким қодир бўлмаса, рўза тутсин! Чунки, рўза унга (ҳаромга тушиб қолишидан) қалқондир» (Бухорий (5066) ва Муслим (1400) Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Баъзилар «қодирлик»дан мурод жимоъ, дейишган, баъзилар никоҳ учун керакли нарсалар, дейишган. Ҳар икки сўз ўртасида қарама-қаршилик йўқ. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки тартибли иш орқали шаҳватга қарши курашиш ва унинг хатаридан сақланишга буюрдилар. Яъни, қодир бўлган одам уйланишига, қодир бўлмаган одам эса рўза тутишига буюрдилар. Бу эса инсон ўз нафсини хатар сўқмоқларида ташлаб қўймаслиги кераклигига далолат қилади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Ўз ораларингиздаги тул-беваларни ҳамда қул ва чўриларингизни яхшиларини уйлантиринглар. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлу-карами билан бой-беҳожат қилур. Аллоҳ (фазлу-карами) кенг, билувчидир. Никоҳ (учун лозим бўлган мол-давлатни) топа олмаган кишилар то Аллоҳ уларни Ўз фазлу-карами билан бой-бадавлат қилгунича ўзларини (ҳаромдан, зинокорликдан) пок тутсинлар!» (Нур: 32, 33).
|