SUPER ADMINKA
Guruh:
Admin yordamchisi
Xabarlar:
10165
Holati:
|
Қалб Fийбати Гоҳида ғийбат қалб билан ҳам содир этилади. Бу, мусулмонлар ҳақида ёмон гумон қилиш ила бўлади. Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида: «Эй, иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар», деган (12-оят). Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам, «...кўп гумонлардан четда бўлинглар», дейилмоқда. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бадгумонликдан сақланинг. Албатта, бадгумонлик энг ёмон ёлғончиликдир. Пойлаш ва жосуслик билан шуғулланманг. Ўзаро рақиб бўлманг ва ўзаро ҳасад қилманг. Бир-бирингизни ёмон кўрманг ва бир-бирингизга қарши тадбир қилманг. Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар», – дедилар». Тўртовлари ривоят қилишган. Ўтган уламолардан Зажжож раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Бадгумонлик – яхши кишилар ҳақида ёмон гумон қилишдир. Аммо, аҳли фисқ бўлса, ундан нима фосиқлик зоҳир бўлган эса, шуни гумон қилишга ҳаққимиз бор». Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўп ҳолларда бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан ҳам келиб чиқади. Ёмон гумондан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак. Бу ҳақда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат яхши гумон қил», деган эканлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар. Чунки, бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», – дедилар». Бухорий ривоят қилган. Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», – дедилар». Fийбатнинг зарарлари: 1. Fийбатчи дўзахда сассиқ ва ифлос нарсаларни еб азобланади. 2. Fийбатчи қабрида Аллоҳ таолонинг азобига дучор бўлади. 3. Fийбатчидан иймон нури ва ислом асари кетади. 4. Fийбат қилинган шахс кечирмагунча ғийбатчининг гуноҳи кечирилмайди. 5. Fийбат бардавом ёмонликдир. 6. Fийбат озор, зарар, хусумат ва нафрат сабабчисидир. 7. Fийбатчи пасткаш шахсдир. 8. Fийбат одамлар орасидаги муҳаббат ришталарини узувчи омилдир. Fийбатга рухсатли узрлар: 1. Зулм кўриш. Зулмга учраган киши то ҳақини олгунча золимнинг зулми ҳақида гапириш ва шикоят қилишга ҳақли. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган. ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ҳақ эгасининг гапи бор», деганлар. 2. Мункарни ўзгартириш ва гуноҳкорни тўғри йўлга солиш. Хусусан, раҳбарларга гуноҳ иш қилаётганлар ҳақида хабар етказиш ғийбатга кирмайди. Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумолар ўзларига бу каби хабарлар келганда ғийбат ҳисобламаганлар. 3. Фатво сўрашда. Бир киши муфтийнинг ҳузурига келиб: «Фалончи менга зулм қилди ёки ҳақимни бермаяпти, уни қандай қилиб олсам бўлади?» деса, ғийбат бўлмайди. Айбдорнинг номини ҳам айтиши мумкин. Аммо, фалон ишни қилган одамнинг ҳукми нима бўлади, қабилида ишора билан гапирилса, яна ҳам яхши бўлади. Абу Суфён ибн Ҳарбнинг хотини Ҳинд бинти Утба эридан шикоят қилиб, уни «бахил» деб атаганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инкор қилмаганлар. 4. Мусулмонларни ёмонликдан огоҳлантириш учун. Мусулмонларга зарар келтириши мумкин бўлган фосиқ кишилардан одамларни огоҳлантириш учун ундаги бор гапни айтиб қўйиш мумкин. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига киришга изн сўради. Бас, у зот: «Унга изн беринглар. У ўз уруғининг қандоқ ҳам ёмон биродари ёки уруғининг қандоқ ҳам ёмон ўғли», – дедилар. У кирганда эса, унга мулойим гап айтдилар. Мен: «Эй, Аллоҳнинг Расули, айтган гапингизни айтдингиз-у, кейин унга мулойим гапирдингиз», – дедим. «Эй Оиша! Одамларнинг ёмони одамлар унинг фаҳшидан қўрқиб тарк қилганларидир», – дедилар». Тўртовлари ривоят қилишган. Уламоларимизнинг таъкидлашича, ушбу ҳадиси шарифда номи зикр қилинмасдан унинг ҳақида сўз кетаётган одамнинг исми Махрама ибн Навфал бўлган. Мазкур шахс мунофиқ ва фосиқ одамлардан бўлган. Шунинг учун ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳақида ўзига эшиттирмасдан мазаммат сўзини айтганлар. Ул зот бу билан унинг ёмонлигини бошқаларга билдириб, уларнинг ундан эҳтиёт бўлишлари чорасини кўрганлар. 5. Никоҳ ва омонат қўйиш масаласида бировнинг ҳақида маслаҳат сўралган одам маслаҳат сўровчига борини айтса, гуноҳ бўлмайди. 6. Айби лақабига айланиб қолган кишининг лақабини айтиш ҳам жоиз. Мисол учун ўтган маш-ҳур кишилар ичида Аъмаш – шилпиқ ва Аъраж – чўлоқ лақабли зотлар бўлишган. 7. Очиқ-ойдин фосиқлик қилган кишининг зикри. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мужоҳирдан бошқа умматимнинг ҳаммаси афв қилингандир. «Мужоҳара» кишининг кечаси бир ишни қилиб тонг отганида, Аллоҳ уни сатр қилган бўлса ҳам, эй фалончи, кечаси ундоқ қилдим, бундоқ қилдим, демоғидир. Батаҳқиқ, у Аллоҳ уни сатр қилган ҳолида ётган эди. Тонг отганида у ўзидан Аллоҳнинг сатрини очади», – дедилар». Икки Шайх ривоят қилишган. «Мужоҳир» «жаҳр» сўзидан олинган бўлиб, «ошкора қилувчи» маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда эса, гуноҳни ошкора ва уялмасдан қилувчи одамга айтилади. Ушбу ҳадиси шарифдаги таърифга қараганда, ўзи қилган гуноҳни одамларга мақтаниб юрган одам мужоҳир ҳисобланади. Демак, гуноҳни ошкора қилган, ўзидан содир бўлган гуноҳларини гапириб юрадиган мужоҳирларнинг гуноҳи афв бўлмас экан. Ана шундай мужоҳирларнинг айбини гапириш ғийбат ҳисобланмайди. Fийбатнинг каффороти Fийбатчи бир йўла икки ҳаққа нисбатан жиноят қилади: 1. Аллоҳ таолонинг ҳаққига жиноят қилган бўлади. Чунки, у Аллоҳ таоло қайтарган ишни қилди. Бунинг каффороти тавба қилиш билан бўлади. 2. Банданинг ҳаққига жиноят қилган бўлади. Агар ғийбат банданинг ўзига етган бўлса, ғийбатчи унинг олдига бориб, кечирим сўраш ва надоматини билдириши лозим бўлади. Уламолар: унинг тавбаси тўлиқ бўлиши учун қаерда, қайси мажлисда ғийбат қилган бўлса, ўша ерда, ўша мажлисда ғийбат қилинган киши ҳақида яхши гапларни гапириши керак, деганлар. Агар гап ғийбат қилинган одамга етмаган бўлса, тавба қилган ғийбатчи унинг ҳақига истиғфор айтади.
|