Guruh:
IJODKOR
Xabarlar:
2614
Holati:
|
СУКУТ — АҚЛЛИЛИКДИР
Айтишларича, Луқмон ҳаким бир куп ҳазрати Довуднинг ҳузурига келди. Довуд совут, зирҳли кийим тайёрлаш билан машғул эди. Луқмон ҳаким у вақтгача бундай бир кийимни кўрмаганди, шунинг учун бунинг қандай кийим эканини сўрамоқчи бўлса ҳам сабр этиб, сўрамасдан кийимнинг тайёр бўлишини кутиб турди. Довуд кийимни тайёрлаб кийиб олди, шодланиб Луқмон ҳакимга: — Луқмон, кўрдингизми, қандай гўзал жанг кийими тайёрладим,— деб мақтанди. Ундан Луқмон ҳаким Довуд тайёрлаган кийимнинг нимага ярашини билиб ўз-ўзига: «Сукут қандай буюк ақллиликдир», деди. Хулоса:—Керак бўлмаган ерда сўз сўзлаш бир камчиликдир, фақат сўз сўзлаш керак бўлган вақтдагина сукут этмаслик лозим. Ақлли инсонлар: «Сўз кумуш бўлса, сукут олтиндир» деганлар, бундан мақсад, «фойдасиз ерда сўз сўзлама» демакдир.
* * * Луқмон ҳакимдан: — Насиҳатларингизнинг кўпи ёшларга оид бўлади, аммо ёши катталарга камроқ бўлади, бунинг сабаби нима?—деб сўрадилар. Луқмон ҳаким шундай жавоб берди: — Боғбон ерни юмшатиб бир дарахт кўчатини ўтқазиб, унинг атрофини хас-ҳашакдан, зарарли ёввойи ўтлардан тозалаб, керак бўлган вақтда сув бериб турса, умуман яхши диққат қилиб тарбияласа тез вақтда дарахт вояга етади, унумли, серҳосил бўлади. Болани ҳам ёшлигидан бошлаб яхшилаб тарбия қилинса, гўзал аҳлоқли, одобли этиб ўстирилса, у бола ўзига, ота-онасига бахт-саодат келтиради, жамиятнинг энг фойдали аъзоси бўлиб етишади. Шунинг учун мен ёшлар тарбиясига кўпроқ аҳамият бераман, ваъз- насиҳатларимнинг кўп қисми ёшларга оид бўлади. Байт: Ҳар ўғил, кизга керакдир руҳи афзо тарбият. Айлагай орзу, умидларни мухайё тарбият.
* * * Луқмон ҳаким айтади: — Нафсинг йўлига юрма, қаноатли бўл, ўзингда бўлмаган сифатларни айтиб сени мақтаган киши сўзларига алданма. Йўлдошларинг билан низолашма, ҳеч кимни ўзингдан паст кўрма, сирингни ошкор этма, молу дунёингга мағрур бўлма, ҳар кимга очиқ-юз, ширинсўзлик билан муомала қил.
* * * Алишер Навоий айтади: — Луқмон ҳакимнинг тўрт минг ҳикматли сўзини қайд этганлар. Уларнинг тўрт сўзини сайлаб олганлар. Бу тўрт сўздан иккитасини доим ёдда тутиш, қолган иккитасини эса унутиш керакдир. Доим ёдда тутиш керак бўлган иккита сўздан биттаси ўзининг қилган ёмонлиги, иккинчиси бошқанинг қилган яхшилигидир. Унутилиши керак бўлган икки сўздан биттаси ўзининг қилган яхшилиги, иккинчиси бошқанинг қилган ёмонлигидир.
* * * Луқмон ҳакимдан: — Ҳикматли сўзларингиз, одоб-ахлоққа доир ваъз-насиҳатларингиз билан кўпларни яхши йўлга солдингиз, насиҳатларингиз кор қилмай, ўзининг ёмон феъл-атворини ташлай олмаган киши ҳам борми?—деб сўрадилар. Луқмон ҳаким: — Бор, у — жоҳил, бадфеъл одам. Уни шу ярамас хулқдан қайтаришга ҳар қанча уринсам ҳам фойдасиз бўлиб чиқди, тузатишдан ожиз бўлдим,— деди.
* * * Афлотун ҳаким айтади: — Баданнинг қуввати — овқат, ақлнинг қуввати эса ҳикматли сўзлар, донолик ва донишмандликдир. Агар ақл шулардан маҳрум бўлиб қолса, овқатсизликдан бадан ҳалок бўлгани каби ҳалок бўлади. Оналар болаларини таом едиришдан аввал сут билан боқадилар, шунга ўхшаш комил устозлар ҳам ўқувчиларга дарс беришда аввал енгил илмларни ўргатиб, кейин оғир илмга кўчадилар.
* * * Машҳур олимлардан Абу Мансур ас-Саолибий айтади: — Мулойимлик дарахтини эккан киши, саломатлик мевасини теради. Қийналишдан қўрқиб ўрганишни давом эттирмаган киши, илмни эгаллай олмайди. Тўғри, ҳақ гапирган киши ҳамманинг ишончини қозонади. Душман билан яқинлашган кишидан унинг дўстлари қочадилар. Ишининг оқибатини ўйлаган киши фалокатлардан омон қолади.
* * * Шоир Бобораҳим Машраб айтади: Ҳар киши душманга бўлса рағбати, Охири ундан кўрар минг офати.
* * * Олпмлардан Низомиддин ибн Ҳусайн айтади: — Қўрқоқлик сифати энг ёмон ва зарарли сифатдир. Ёшликдан бошлаб қўрқоқликка одатланган болалар улғайганларида ҳам қўрқоқ бўлиб қоладилар. Бир ишга бел боғлаб, ғайрат билан кириша олмайдилар. Нодон ва тарбиясиз кишиларнинг сўзларига ишониб залолат ва қоронғиликда қоладилар, тўғри йўлдан озадилар. Болаларингизни қўрқоқлик соясига сира ҳам яқинлаштирманг, улар арслон юракли бўлиб етишсинлар. Ҳеч нарсадан қўрқмайдиган ғайратли, матонатли, ишчан бўлсинлар. Байт: Довюрак бўлгил, болам, қўрқишга ҳеч йўл бермагил, Тарбиясизлар гапин асло қулоққа олмагил!
* * * Олимлардан Сайид Али Ҳамадоний айтади: — Фалокатга дучор бўлишни истамасанг, мағрур ва мутакаббир бўлма. Роҳатда яшашни истасанг, дилингни ҳирсдан пок қил. Хор- зорликни истамасанг, таъмагир бўлма, ўзингга яхшилик қилинишини истасанг, яхшилик қил, ҳеч кимга озор берма, яхшиликни улуғ иш деб бил. Қадр-қимматинг ошишини истасанг, баланд ҳимматли бўл, ишинг пушаймонлик билан натижаланишини истамасанг аввал яхшироқ ўйлаб, доно тажрибакорлар билан кенгашиб, сўнгра ишга кириш. Ўзингни ҳаммага севдиришни истасанг, феъл-атворларингни тузат, адабли, тарбияли бўл. Обрўга, иззат ва ҳурматга эга бўлишни хоҳласанг, ҳалол меҳнат қил, фидокорона ишла. Ҳамманинг қошида ишончли, марғуб ва мақбул одам бўлишни тиласанг ёлғончиликдан сақлан, чақимчи, иғвогар бўлма, маъносиз, тутуруқсиз сўзларни сўзлаб юришдан ҳазар қил. Мабодо ўнғайсиз ҳолда қолсанг, ишингда муваффақиятсизликка учраб, қайғу, ҳасрат ичида қолсанг дод-фарёд қилиб юрма, сабр қил. Ўнғайсиз ҳолдан қутулиш чорасини кўр. Қитъа: Сен қазо-ла қастлашиб йиғлама, кўп етса алам, Сенинг минг йиғлаганинг бирла қазонинг иши йўқ. Ғам-аламдин қутулмоқлик чорасин кўрсанг агар, Тинч, роҳатда яшайсан, ранжу, жафонинг иши йўқ. Ҳамиятли одам паноҳ истаб келганларни ўз паноҳига олади. Имкони борича уни ҳимоя қилади, зарар еткизмасликка тиришади.
* * * Юсуф Хос Ҳожиб айтади: -— Тўғри сўз кўнгилга аччиқ тегади, ҳазм қила олсанг, унинг манфаати маза беради. Тўғрилик мақсадга еткизади. Тўғри киши қаерда бўлса ҳам кунлари бахтиёрлик билан кечади, ёруғ кунлари қоронғилашмайди. Халққа манфаат еткизган одам чин одам ҳисобланади. Уятсиз киши — кишиларнинг тубани бўлиб, унинг тили тўғри сўзни сўзламайди, кишиларнинг сараси — садоқатли кишидир. Одам фаросатли бўлса, унутмайдиган, ўйлаб иш юритадиган бўлади.
* * *
Суқрот ҳаким айтади: — Молу дунё орттиришга кўп майл қилма, чунки кўп майл қилганга унинг хиёнати кўпроқ бўлади. У бир вақт бировни семиртирса, бир вақт йиғлатади. Бошқалар ёнида бировга айбларини айтиб насиҳат қилиш —уни одамлар орасида уялтириш демакдир. Шунинг учун холи жойда насиҳат қилиш керак
* * * Искандар Румийга айтдилар: — Сиз жуда улуғ подшоҳ бўлсангиз ҳам, кўп хотин олишга майлингиз йўқ, агар хотинингиз кўп бўлсайди, кўп ўғил-қизга эга бўлиб, шуҳратингиз яна ҳам ошарди, вафотингиздан кейин номингиз халқ оғзида доимо ёт этилади. Искандар жавоб берди: — Шуҳрат қозониш, шаън-шарафга эга бўлиш ва олгандан кейин ҳам номни яхшилик билан ёд этилиши хотин ва бола-чақанинг кўплиги туфайли бўлмайди, балки адолатпарвар, шафқатли, марҳаматли, умуман, ахлоқ тарбия эгаси бўлиш билангина хосил бўлади.
* * * Шайх Саъдий айтади: Донишмандлардан бири ўғлини тиқиштириб овқат ейишдан тақиқлади. Ўғли айтди: — Эй отажон, очлик одамни ўлдиради, тўқ бўлиб ўлиш очлик ҳолда яшашдан яхшироқдир. Отаси айтди: — Эй ўғлим, ўртача ейишга одат қил, тиқиштириб ейишдан сақлан, енгиз, ичингиз, инсроф қилмангиз деганлар, бунга амал қил.
* * * Шоир Абдий айтади: Солимул аъзо бўлур ким кам еса, Жисми қувватли бўлур ҳам кам деса.
* * * Донишманд Абуязид ўғлига насиҳат қилиб айтади: — Ўғлим, гина-адоватдан узоқ бўл, кучинг етмайдиган ишга киришма. Сўз юритувчи, чақимчиларнинг сўзларига ишонма, чунки улар фитна-фасод йўлини излаб юрувчи ярамас одамлардир. Бахил, очкўз, ҳарис одамлар билан ошна бўлма, улар сени тўғри йўлга сира ҳам бошламайдилар, эҳтиёт бўл!
* * * Олимлардан Зиёуллоҳ айтади: — Саодатманд, доно одамлар хуш феъл атворини ўзларига абадий нажот сармояси деб биладилар. Фурсат, вақтни қўлдан қочирмайдилар, ғанимат са-найдилар, гўзал ахлоқ, одоб билан зийнатланадилар. Мол-дунё йиғишга ҳарис бўлмайдилар, ҳеч кимнинг кўнглини оғритмайдилар. Ожиз ва ғариб кишиларга ғамхўрлик қиладилар, уларнинг эҳтиёжларини ўтай-дилар, бировнинг айбини кўрсалар, ошкора қилмасдан уни бекитадилар, қилган яхшиликлари билан мақтаниб юрмайдилар, бировдан ёмонлик кўрсалар, у кишига яхшилик қиладилар, улуғ олим, фозилларнинг сийратлари, гўзал феъл-атворларини ўзларига пешво қилиб оладилар, ўз манфаатларини кўзлаб, бошқаларга зиён келтирмайдилар, ҳеч кимга қўполлик билан муомала қилмайдилар, тўғри сўзлайдилар, ёлғончилик кўчасига қадам босмайдилар. Байт: Тавозеълик бўлиб тутгил ўзинг кам, Дарахтким мевали бўлса бўлур хам.
|