DURDON | Date: Yakshanba, 18-Avg-2013, 09:25 | Message # 1 |
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:
|
Ақли расо кишига: "Ўзингни томдан ташла”, десангиз ёхуд қўлига ўткир пичоқ бериб: "Биқинингга ур” дейилса, бош тортиши табиий, албатта. Минг афсуски, кўпчилик оқил инсонлар сигаретдан ясалган "тутунли сиртмоқ” домига тушиб, ҳаётларини нобуд қилаётганидан бехабарлар.
Инсоният тарихидаги кашфиётларнинг "қора рўйхати”дан жой олган сигарет ҳозирги кунда бутун дунёда катта муаммога айланди. АҚШнинг энг катта соғлиқни сақлаш ташкилотларидан бири World Watch Institute (Дунё кузатув институти)нинг ҳисоботига кўра, ер юзида ҳар йили уч милёндан ортиқ киши бу офат сабабли ҳаётдан кўз юмади. Яъни, ҳар ўн уч сонияда бир киши, ҳар дақиқада беш киши кашандалик туфайли ўлади. Сигарет сабабли юз берувчи ўлимлар сони бошқа гиёҳванд моддаларга нисбатан ўн уч баравар кўп. Шунинг учун шифокорлар бу соғлиқ кушандасини "ажалнинг оёқ товушлари” дейишади.
Биргина сигарет тутунида соғлиқ учун зарарли тўрт минг хил модда борлиги аниқланган. Уларнинг миқдори энг кўплари никотин ва унинг алкалоид қолдиғи таркибида саратонни пайдо қилувчи бензопирин моддаси бўлган қатрон, нитрозалин, арсеник, олтингугурт, қонни жуда тез заҳарловчи сианид кислота, сассиқ ҳидли формолдегит, карбон моноксит ва карбон диоксит, таркибида радиоактив моддалар бўлган кумушранг кадмиум каби заҳарли моддалардир. Сианли бирикма кучли заҳар бўлгани учун ҳашаротларга қарши курашда қўлланилади. Агар 100-120 мгр. никотин томир орқали танага юборилса, киши зумда заҳарланиб ўлади. Қизиғи шундаки, бор-йўғи икки қути сигаретда шунча никотин топилар экан.
Шу ўринда "Икки қути сигаретда шунча заҳар бўлса, нима учун кашанда бир-икки кунда заҳарланмайди?” деган савол туғилиши мумкин. Аввало, чекувчи сигаретни ёқиб истеъмол қилгани сабабли ундаги никотиннинг бир қисми танага, бир қисми тутун билан ҳавога учади. Қолаверса, кашанда икки қути сигаретни кун давомида битта-биттадан чеккани, никотинни томирдан эмас, нафас билан ютгани учун аста-секин заҳарланади. Бир дона сигарет чеккан кишининг юрак уриши ва нафас олиш тезлашади, қон айланиши бузилади, натижада аъзоларга борадиган қон миқдори камаяди ва уларнинг фаолияти сустлашади. Юракнинг ишлаши оғирлашади. Қон босими ошади. Демак, кўпчилик ўйлаганидек, сигарет "тинчлантирувчи” эмас, аксинча, танада тангликни кучайтирувчи ҳисобланади. Бир дона сигарет мана шунча ўзгаришни келтириб чиқарса, кунига бир ёки икки қути сигарет чекувчининг аҳволини тасаввур қилиш қийин эмас.
Сигарет тутунидан яна бир заҳарли модда — карбон моноксит (CO) машина дудбуронидан чиқадиган заҳарли газлардан ҳисобланади. Халқ орасида уни "ис гази” ҳам дейилади. Кашанда ҳар гал чекканида маълум миқдорда бу заҳарни ҳам ютади. Маълумки, қондаги қизил қон таначалари (эритроситлар) ҳужайраларга кислород ташийди. Чекувчининг нафас йўли орқали кирган CO қизил таначаларига ёпишиб олади ва уларни ишдан чиқаради. Қизил қон таначалари кислород ташиш хусусиятини йўқотади. Шунга ўхшаш омилларнинг бирлашуви натижасида кашанданинг куч-қуввати чекмайдиган кишиникидан камайиб бораверади.
Узоқ йиллар давомида сигарет чеккан киши вужудида жуда кўп касалликлар пайдо бўлади. Сигарет биринчи навбатда иштаҳани кесади, озиқ моддалар ҳазмини сусайтиради. Сурункали гастрит ва ошқозон ярасига сабаб бўлади. Лаб, тил, қизилўнгач саратони, йўтал, ортиқча балғам йиғилиши, сурункали бронхит, сийдик йўллари касаллиги ва амфизема каби хасталикларни юзага келтиради. Жигар ва ҳиқилдоқ саратонига чалинганларнинг тўқсон фоизи кашандалардир. Сигарет яна томирнинг қотиб қолиши (артериосклероз)ни ҳам келтириб чиқаради. Вақти-вақти билан қўл ва оёқдаги томирларда қоннинг тиқилиб қолиши натижасида қорасон (гангрена) бўлади. Бу бедаво дард оёқ ёки қўлнинг кесилишига олиб келиши сир эмас.
Сигарет юрак касалликлари, хусусан, миокард инфарктига замин тайёрлайди. Ҳозирги кунда юрак хуружи, юрак фаолиятининг бузилиши натижасидаги ўлим бутун дунёда энг катта муаммо бўлиб турибди. Бу касаллик сигарет чекувчилар ўртасида бошқаларга нисбатан ўн баравар кўп учрайди.
Кашандалар уйқусизликдан қийналишади. Терида пайдо бўлган ўзгаришлар эрта қаришга сабаб бўлади. Демак, сигарет чекувчилар ўзларини ўзлари нобуд қилишади. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда "Ўзингизни ҳалокатга ташламанг”; "Ўзингизнн ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир” дея амр этган. Мужтаҳид уламолар бу оятларга суяниб, сигарет чекишни ҳаром дейишган. Сигарет чекиш хусусида турли ихтилофларга бораётган баъзи мусулмон биродарларимизга нима бўлдики, ўзларини бу офатдан узоқ тутишмаётир?!
Энг ачинарлиси, бу офат аёлларимизни ҳам гирдобига тортяпти. Тадқиқотларга кўра, ўн минг чекувчи аёлдан тўрт минг нафарининг боласи ўлик туғилган. Қолганлариники эса одатдагидан 250-300 гр. енгил, заиф ёки чалажон туғилган. Чекувчи аёл чақалоқни эмизса, никотин сут орқали ўтиб, соғлом гўдакни ҳам заҳарлайди.
Сигарет чекишни ташлаган кишининг ҳид билиши ва таъм сезиши кучаяди, ўзини янада тийрак ҳис қилади. Соғлиғи тикланади. Аслида, сўнгги чекиб турган сигаретангизни ташлаганингиздан: — 20 дақиқидан сўнг қон босими ва юрак уриш тезлиги меъёрига тушади. — 8 соат ичида қондаги карбон моноксит (CO) миқдори пасаяди, кислород (О2) табиий ҳолатга кўтарилади. Никотин тез суръатда камаяди. — 72 соат кейин (3 кун) ўпкангизнинг ишлаш фаолияти яна яхшилана бошлайди. — 3-5 йил ичида юрак ҳуружига чалиниш эҳтимолингиз сигарет чекмайдиганларники билан бир хил даражага тушади. — 10 йил давомида ўпка саратонига чалиниш эҳтимолингиз муттасил камайиб боради. — Булардан ташқари чекишни ташлаган киши моддий жиҳатдан ҳам фойда кўради.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Исломда ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар етказиш йўқ” (Имом Аҳмад, Ибн Можа), дея марҳамат қилганлар. Кашанда соғлиғини йўқотиш билан нафақат ўзига, балки атроф-муҳитга, ён атрофдаги одамларга ҳам катга зарар етказади. Масалан, биргина Амриқонинг ўзида йилига 1700 киши сигарет чекиш сабабли чиққан ёнғинларнинг қурбонига айланади , беш минг киши бошқалар чеккан сигарет тутунидан саратонга чалиниб, ҳаётдан кўз юмади . Хуллас, ҳар бир кашанда оиланинг иқтисодий аҳволига, ижтимоий муҳитга жуда катта зиён етказади.
Сигаретнинг соғлиғимизга зарари минг хил, балки бундан ҳам ортиқ. Шундай экан, бу умр кушандасининг домига тушиб қолишдан сақланайлик.
Маҳмуд Маҳкам «Ҳидоят» журналининг 2005 йил 7-сонидан олинди.
|
|
| |