RSS
Yangiliklar-Новые сообщения · Azolarimiz-Участники · Forum qoidasi-Правила форума · Qidirish-Поиск
  • Page 1 of 1
  • 1
Archive - read only
Forum moderator: MASTER, DURDON, SAKINA  
Гўдак иммунитетини ошириш усуллари.
DURDONDate: Shanba, 17-Avg-2013, 03:19 | Message # 1
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:


Гўдак иммунитетини ошириш усуллари.
— 2 яшар қизим тез-тез шамоллаб қолади. Шу мавсумнинг ўзида иккинчи бор гриппга чалиниши. Боламнинг иммунитетини қандай оширсам бўлади?
Нилуфар Раҳматова, Бухоро вилояти

Болалар саломатлиги ҳақида сўз борганда, уни мустаҳкамлаш ва касалликлардан ўз вақтида ҳимоялаш чоралари ҳақида кўп эшитамиз. Кўпчилик ота-оналар бунинг учун фарзандларига турли витаминлар беришади. Лекин бунинг ўзи етарли эмас, саломатликни дорихоналардан сотиб олишнинг иложи йўқ. Уни фақат аста-секин иммун тизимига пойдевор қўйиш орқали мустаҳкамлаш мумкин. Мазкур усул эса бир неча тартиб-қоидаларни ўз ичига олади. Келинг, улар билан танишамиз.

Иммунитет сустлашгани белгилари
• Агар фарзандингиз бир йилда 4-5 марта шамоллаш, тумов, бронхит каби касалликларга чалинса;
• тана ҳароратининг кўтарилиши 37оС даражадан ошмаса (иммун тизими кучсизланганда ҳатто тана ҳарорати ҳам юқори бўлмайди);
• боланинг юзи оқарган, ўзи доим ҳолсиз бўлса ёки тез толиқса;
• томоқдаги лимфа тугунларининг шишгани билинса;
• истеъмол қилаётган маҳсулотларга реакция бериши кузатилса, билингки, боланинг иммунитети ёрдамга муҳтож.

Кичкинтойни чиниқтириш усуллари
• Ҳаво ванналари. Гўдакни ҳаётининг илк кунлариданоқ аста-секинлик билан чиниқтиришни бошлаш лозим. 1 ойлик бўлганидан эътиборан ҳаво ванналарини бажариш тавсия этилади. Бунда бола таглигини алмаштириш ёки ухлатишдан аввал 5-10 дақиқа яланғоч ҳолатда ётқизилади. Чиниқтириш машқини кунора ўтказиб, давомийлигини 1 дақиқадан қўшиб бориб узайтиринг.
ДИҚҚАТ! Болани чиниқтиришда хона ҳароратига аҳамият қаратинг. Агар тана ҳароратига мос бўлса (+18оС даражадан паст бўлмаслиги лозим), қўрқмасангиз ҳам бўлади. Акс ҳолда болани шамоллатиб қўясиз.
• Ювинтириш, сувли муолажалар. Гўдак 2 ойлик бўлгач, чиниқтириш усулларига сувли муолажалар ҳам бирин-кетин қўшилади. Мавсумий об-ҳаводан келиб чиқиб, нам сочиқ билан бола баданини артиш ёки илиқ сувда чўмилтириш мумкин. Болани сув тўлдирилган ванналарда чиниқтиришнинг афзаллиги шундаки, бунда сузиш муолажалари ҳам бирга олиб борилади. Бу чиниқтириш турини ҳафтасига 2 мартадан бошлаб, кейин кўпайтириб боринг.
• Ялангоёқ юрғизиш. Оёқ кафтида худди қулоқлардаги каби асаб толаларининг тугалланган қисми бор. Шу сабаб баъзан болани ялангоёқ қўйиш иммун тизимини мустаҳкамлашда фойдали. Ёз кунларида қум ва тупроқлардан фойдаланилса, совуқ мавсумда эса бу ишни уй шароитида бажарилади. Бунинг учун фарзандингизни намланган сочиқ ёки махсус массаж гиламчалари устидан юрғизиш мумкин.
• Совуқ сув ичириш. Томоғи кўп оғрийдиган болаларни чиниқтириш учун совуқ сувга ўргатиш керак. Фақат бу ишни жуда эҳтиёткорлик билан бажаринг. Аввалига ҳона ҳароратидаги сув беринг. Сўнг ҳар ҳафта сув ҳароратини пасайтириб бораверасиз. Аммо бирданига музлаткичдаги музқаймоқ ва шарбатларни бериш ярамайди.

Фарзандингизга нима едираётганингизга ҳам аҳамият беринг!

• Она сути. Болани бир ёшигача она сути билан боқиш иммун тизимини табиий ҳолича мустаҳкамлайди. Шу боис шифокорлар болани тез-тез эмизишни маслаҳат беришади. Она сути таркибида фойдали моддалар жуда кўп бўлиб, сут эмган бола кам бетобланади.
• Мева-сабзавотлар. Бир ёшдан ошган болалар учун табиий витамин ва антиоксидантларга бой маҳсулотлардан таом тайёрлаш керак. Мева-сабазавот ва полиз экинларидан турли таому егуликлар тайёрлаб, фарзандингизни нафақат фойдали озуқа билан таъминлайсиз, балки унинг тасаввурини ранг-баранг кўринишлар билан ҳам бойитасиз.
• Сут-қатиқ маҳсулотлари. Боланинг ошқозонига фойдали бўлсин десангиз, сут-қатиқ маҳсулотлари, творог, йогурт, пишлоқ кабилардан тез-тез тановул қилдиринг. Булар нафақат ошқозонни фойдали бактериялар билан таъминлайди, балки таркибида кальций моддаси мавжудлиги билан ҳам муҳим.
• Оқсилни назорат қилинг! Кичик ёшдаги болалар учун ёғсиз мол ва товуқ гўштлари фойдали. Бу турдаги гўшт маҳсулотлари бола ошқозонига оғирлик қилмай, таркибидаги темир моддасининг осон ўзлаштирилиши билан ҳам аҳамиятли. Гўштларни иложи борича қайнатиб ёки буғда пишириб тайёрласангиз, фойдали моддалар сақланиб қолади.
• Балиқли кунларни ташкил этинг. Ҳафтада бир марта бўлса ҳам балиқли кун ташкил этинг. Балиқ гўшти ривожланаётган бола организми учун зарур элементларга бой. Колбаса, сосиска каби маҳсулотлар эса бундан мустасно.
• Нон, ширин кулча маҳсулотлари. Болаларга хамиртурушсиз тайёрланган нон ва ширинликлар бериш тавсия этилади. Хамиртуруш ва бўёқ қўшилган турли ширинликлар эса ошқозон фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Ширин кулчаларни ҳам иложи борича уй шароитида озроқ шакар кўшиб, ўзингиз тайёрлаганингиз маъқул.
• Ширинликлар. Биласиз, болалар ширинликларни жуда яхши кўришади. Айниқса, конфет ва шоколадларни ҳар куни берсангиз ҳам жон деб ейишади. Аммо бундай ширинликларни фойдали маҳсулотларга алмаштиришингиз мумкин. Масалан, конфет ўрнига ўрик туршаги, майиз, ёнғоқ, қуритилган мевалар беринг, улар бемалол ширинлик ўрнини боса олади.

Кун тартиби
• Агар яқин кунларда фарзандингизни болалар боғчасига жойлаштирмоқчи бўлсангиз, кун тартибини шунга мослаштириб боринг. Аксарият ҳолларда болалар боғчага қатнаб, кун тартибига мослаша олишмайди. Бу эса уларнинг инжиқланиши, асабийлашишига олиб келади. Кичкинтойнинг ортиқча безовталиги эса иммун тизимига ҳам таъсир этади.
• Кичкинтойни ҳар куни бир вақтда ухлашга одатлантиринг. Шифокорлар болалар учун кечки уйқу вақти соат 22:00 дан ошмаслигини, эрталаб эса соат 08:00 да уйғотишни маслаҳат беришади. 3 ёшли болалар учун кундузги бир марталик уйқуни ҳам унутманг.
• Фарзандингизни мулоқотга киришувчан қилиб тарбияланг. Кўпчилик билан мулоқотда бўлганда боланинг иммун тизими аста-секин чиниқади. Бунда кичкинтойнинг ҳимоя тизими бошқа болалардаги турли касалликларга қарши реакция қайтаришни ўрганиб, чиниқади.

Сув ва ҳаво
• Иммунитетни мустаҳкамлашда тоза ҳаво жуда фойдали. Айниқса, эрталабки вақт болани 1-2 соат очиқ ҳавода айлантириш табиий чиниқтириш усули саналади.
• Уйингизда чекувчилар бўлса, улардан болаларнинг ёнида чекмасликни сўранг. Тамаки тутуни таркибидаги зарарли моддалар боланинг бурун ва оғиз бўшлиғи орқали ўпкасига ўтади. У ердан эса бутун организм бўйлаб тарқалиб, заҳарлайди.
• Болаларга асло қайнатилмаган сув ичирманг. Ҳатто таом тайёрлашда ҳам сувни алоҳида идишда тиндириб, кейин фойдаланинг. Сув чўкмалари идиш тагида қолиб, зарари камаяди.

Дорихоналарга назар соламиз!
• Шифокорлар касалликни батамом енгиш учун муолажалардан сўнг витамин ва минераллар жамланмасидан иборат препаратларни тавсия этишади. Улар кучсизлашган организмни керакли моддалар билан қайта қувватлайди. Бироқ мазкур витаминларни фақат шифокор кўрсатмаси билан қабул қилиш шарт.
• Иммун тизимини мустаҳкамлашда бир қатор тизимли препаратлар ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг тартибига қатъий риоя этиш зарур. Препаратни шифокор боланинг умумий ҳолатидан келиб чиқиб белгилайди.
• Дорихоналарда гиёҳлардан тайёрланган дамламалар жуда кўп. Бироқ уларни фарзандингизги беришдан аввал шифокор хулосаси билан танишинг. Агар даволовчи шифокорингиз кўрсатмасига уй шароитидаги муолажа учун гиёҳлар ҳам киритилган бўлса, демак, ишингиз тўғри. Бундай эҳтиёткорликнинг сабаби шундаки, баъзи гиёҳлар аллергик реакция бериши мумкин.
• Касалликларнинг олдини олишда овқатланишдан сўнг турли дамламалардан фойдаланинг. Масалан, мойчечак (ромашка), ялпиз (мята) ва лимон дамламалари яхши таъсирга эга. Болалар бундай дамламаларни унчалик ёқтирмайди. Лекин оз-оздан бериб борсангиз, фарзандингиз фойдали ичимликларга ўрганади.

Гигиена қоидалари ҳам муҳим!
• Болаларни ташқи муҳит, турли бактериялардан ҳимоялайман деб, уларга қандай зарар етказаётганимизни билмай қоламиз. Тўғри, гигиена қоидаларига риоя этиш керак, бироқ бу керагидан ортиқ бўлмаслиги лозим. Унутманг, боланинг иммунитетини чиниқтириш учун турли қоидалар ўйлаб чиқармай, ташқи муҳитга мослаштиринг.
• Болалар ўйинчоқлари ва қўғирчоқларини ҳар ҳафта совунлаб ювиб, тозалаш керак. Чунки болалар ўйинчоқларни оғизга солишни жуда ёқтиришади. Ўйин давомида ўйинчоқлар неча бор ерга тушади-ю, қанча микробни ўзида сақлаб қолади, буни билмайсиз-ку!
• Стоматологлар бежиз икки маҳал тиш ювишни маслаҳат беришмайди. Зотан, ҳар куни истеъмол қилинааётган маҳсулотлар тишлар орасида сақланиб қолади. Бу эса кариес, милклар шамоллаши каби касалликларга сабаб бўлади. Фарзандингизни кичиклигидан эрталаб ва кечқурун тишларини тозалашга одатлантиринг.

Фойдали дамлама
Болалар иммунитетини мустаҳкамлашда наъматак мевасидан тайёрланган дамлама фойдали. Уни тайёрлаш учун 1 литр сувга 200 гр. наъматак меваси солиб, 30-40 дақиқа қайнатинг. Тайёр бўлишидан аввал 100 гр. шакар қўшиб, мазасини созланг. Сўнг дамламани бироз совутиб, докадан ўтказинг-да, идишга қуйинг. Боланинг тана вазнидан келиб чиқиб, 200 гр.дан бир кунда 3-4 марта бериш мумкин.

Бу муҳим!
Агар фарзандингиз йил бўйи бир неча маротаба шамоллаб, иммун тизимини чиниқтира олмаётган бўлсангиз, албатта шифокорга учраб, керакли текширувлардан ўтинг. Таҳлил натижаларига кўра, муаммонинг сабаби аниқланиб, керакли муолажалар белгиланади.

Тақвимий эмлашларга бефарқ бўлманг!
Бола туғилганидан бошлаб ривожланиш босқичига кўра эмлаш тақвими мавжуд. Шифокорлар оналарга тақвим тартибига қатъий риоя этишни такидлашади. Эмлашнинг афзаллиги шундаки, болада кичиклигидан бошлаб турли касалликларга қарши ҳимоя тизими ривожланади. Эмланмаган болалар эса касалликка чалинишга кўпроқ мойил бўлишади. Агар «Фарзандим соғлом ва касалликлардан ҳимояланган бўлсин» десангиз, тақвимий эмлашларга бефарқ бўлманг!

Дилдора ЮСУФБЕКОВА


 
  • Page 1 of 1
  • 1
Search: