Озодлик: Камолиддин, сизнинг мулоҳазаларингиз борми? Камолиддин Раббимов: Жаҳонгир акага савол бор эди. Мана, Андижон воқеаларидан тўрт йил ўтди. Шунча вақт мобайнида Андижонда қанча одам отилгани ҳақида тахминий ëки аниқ маълумотлар пайдо бўлдими?
Жаҳонгир: Ҳаммани қийнаëтган¸ ҳаммани ўйлантираëтган савол ҳам шу. Бизда бу ҳақда аниқ маълумотлар йўқ. Бизнинг кўзимиз билан кўрганимиз энг камида 1000 киши атрофида. Бундан кам бўлиши мумкин эмас.
Буни Ўзбекистон ичкарисидагиларнинг жуда кўпчилиги билади. Гувоҳлар жуда кўп. Лекин улар ҳозирги шароитда гапира олмайди.
Бизнинг ҳаракатимиз қандайдир бир халқаро текширув ўтказишга туртки бўладиган бўлса¸ халқ ўзининг адолатли сўзлари керакли жойга етиб боришига ишонса¸ у ерда бўлиб ўтган ҳамма воқеликларни бирма бир тиклаб беришади.
Сиз айтаëтгандай ичкаридан яна таклиф бўлса¸ бу ҳаракат тўхтар деган шубҳалар ҳам бор.
Озодлик: Бу шубҳаларга сизнинг жавобингиз борми?
Жаҳонгир: Ҳозир шуни айтмоқчи эдим. Ўзи аслида бу вақт кўрсатадиган нарса. Лекин бизнинг чегарамиз шу тузум ўзгаргунча. Унгача бўлган йўлда бизнинг тўхташ ниятимиз йўқ.
Озодлик: Биз ўзбекистонлик таҳлилчи Малик Абдураззоқов билан ҳам боғланиб, у кишининг муносабатларини сўрадик.
Малик Абдураззоқов: Биласизми¸ иқтисодий муаммоларни ечиш керак, деб шундан акромийлар пайдо бўлган эди. Бу ташкилотнинг дастурида¸ афсуски¸ бозор иқтисодиëти деган принцип йўқ.
Бу ҳаммани совет давридагига ўхшаб бахтли қилиш¸ ҳаммага бўлиб бериш ëки ҳаммани қўллаб-қувватлаш¸ қанақадир идеаллаштирилган иқтисодий модел қуриш бўйича дастур.
Бу нарсанинг амалга ошишига, масалан, мен ишонмайман. Чунки¸ бу жуда қийин нарса. Аммо бу айрим табақаларда қизиқиш туғдириши мумкин.
Мен уларнинг таъсир қилиш борасида қайдаражада сиëсий ресурсга эга эканлигига гумонсираб турибман. Чунки бунақа ташкилотлар ўзининг кучи тўғрисида жуда кўп гапиради¸ аммо амалда уларнинг имкониятлари кам.
Озодлик: Аммо улар тўрт йил бурун Андижон воқеаларини юзага чиқаришди.
Малик Абдураззоқов: Бу ерда фақат улар эмас. Менимча¸ бунга Андижон вилоятининг собиқ раҳбарияти ҳам қўл урган.
Бунга яна Андижон вилоятини бошқариб турган ИИВ ходимларининг лоқайдлиги ҳам сабаб бўлган. Коррупция бор жойда хавфсизлик масалалари жуда пастда бўлади.
Озодлик: Тарихдан маълумки¸ диний ташкилотларнинг тубига яхшилаб қаралса¸ уларнинг яратилган инкубатори махсус хизматлар бўлиб чиқади. Акромийлар ҳолатида бунақа нарса борми?
Малик Абдураззоқов: Менимча¸ бу ерда бунақа нарса йўқ.
Озодлик: Қайсидир маънода ҳамкорлик бўлган дейишаяпти.
Малик Абдураззоқов: Биласизми¸ буни ҳамма гапиради. Биринчидан, бу сиëсий ташкилот. Бу жуда катта муаммони соддалаштириш. Бунинг орқасида ҳеч қанақа хавфсизлик хизмати йўқ.
Озодлик: Улар ташқарида туриб Ўзбекистонда бирор бир ўзгариш ясаши мумкинми?