DURDON | Date: Seshanba, 05-Fev-2013, 13:47 | Message # 1 |
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:
| Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёш болаларга бўлган муносабатлари, намунали муомалалари билан бир оз танишиб чиқсак фойдадан холи бўлмайди, деган умиддамиз, зеро Аллоҳ таъоло Ўзининг каломида:
لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ
“(Эй мўминлар), сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқод ва хулқи атвори)да гўзал намуна бордир”,(Aҳзоб 21) деб марҳамат қилмоқда. Ояти карима бизга Пайғамбар(соллаллоҳу алайҳи васалламнинг) дан ўрнак олишимизни тавсия қилмоқда.
Бу хусусда пайғамбарларнинг охиргиси бўлган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳаёти ҳар жабҳада бизга намуна бўлганидек болаларни яхши кўриш, эркалатиш борасида ҳам бизга намуна бўлдилар. Ҳаммамизга маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз набиралари бўлган Ҳасан ва Ҳусан (розияллоҳу анҳума)ларни орқаларига кўтариб эркалатганлар. Улар У зотнинг бошларига ҳам чиққанларида тегмасликка буюрганлар.
Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўз набираси Ҳасан (розияллоҳу анҳу)ни қучоқлаб, эркалатиб турганларида ёнида Акра ибн Ҳабис бор эди. У киши: Эй Аллоҳнинг Расули менинг ўнта болам бор, лекин уларнинг биттасини ҳам эркалатиб ўпмадим, дедилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳайрат билан унга қараб: Раҳм-шафқат килмаганга раҳм-шафқат қилинмайди, деб фарзандларга раҳм-шафқат ва севгидан узоқ бўлган болалар инсоний марҳаматдан узоқ бўлишини айтдилар. (Имом Бухорий ривояти)
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларига бир жамоа У зотдан: Сизлар фарзандларингизга раҳм-шафқат қилиб, эркалатиб ўпасизларми, деб сўрадилар. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ҳа” деб жавоб бердилар. Улар: Аллоҳга қасамки, биз фарзандларимизга раҳм-шафқат ва уларни эркалатиб ўпмаймиз, дедилар. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳ сизнинг қалбингиздан раҳм-шафқат туйғусини чиқариб ташлаган бўлса мен нима қила оламан, дедилар. (Имом Муслим ривояти)
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қарамоғига олган фарзанди Усома бин Зайд айтадилар: Аллоҳнинг элчиси мени бир тиззаларига, Ҳасан (розияллоҳу анҳу) иккинчи тиззаларига чиқариб: Аллоҳим буларга раҳмат ва бахт эҳсон қилгин, мен буларга яхшилик ва хурсандчилик тилайман, дер эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болалар билан боладек ўйнаганликларини Абу Ҳурайра шундай ривоят қилади: Икки қулоғим эшитди, икки кўзим кўрди, Аллоҳнинг элчиси Ҳасан ва Хусайнни икки қўлидан ушлаганди. Унинг оёғи ўзларининг оёғини устида эди. Чиқ чиқ деб айтарди, бола оёқларини Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг кўксиларигача кўтариб борди. Кейин болани ўпиб, “Эй Аллоҳим буни яхши кўр, мен ҳам яхши кўрдим” дедилар. (Имом Бухорий ривояти)
Бундан кўриниб турибдики, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) болаларга меҳр мурувватли эдилар, ҳаётларида намуна сифатида кўрсатиб бердилар. Юқоридаги ҳадислар инсон боласи ўз фарзандига меҳрибон, раҳм-шафқатли бўлиши кераклигини англатмоқда.
Аллоҳ таъоло Қуръони Каримда:
الْمَالُ وَالْبَنُونَ زِينَةُ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا
“Мол мулк, бола чақа бу дунёнинг зийнатидир” (Қаҳф 46-оят). Бошқа ояти каримада эса:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ
“Эй, иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг”, (Таҳрим 6-оят) деб марҳамат қиларкан, гўё эй инсон боласи, сенга берилган неъматларни қадрини бил ва мажбуриятларингни бажар, деб айтмоқда.
Фарзанд бир неъматдир. Аввало, фарзандлар ота-она ва яқинларига Аллоҳ таъоло томонидан берилган омонатдирлар. Омонатга вафо қилиш эса фарзандни раҳм-шафқатли, меҳрибон, дин ва халқининг келажагини ўйлайдиган, руҳан соғлом, жисмонан бақувват қилиб тарбиялаш, яхши таълим-тарбия олиши учун шароит қилиб беришдир. Шу билан бирга ҳар доим қўлларимизни дуога қўтариб: “Эй Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ато эт ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи қил”, (Фурқон 74) деб дуо қилишимиздир. Фарзандларимиз халқимизнинг келажаги, ота-боболаримиздан қолган илмий, тарихий мероснинг қўриқчисидирлар. Буларни севгисиз, раҳм-шафқатсиз, меҳр-мурувватсиз қилиб тарбияласак Ватанимиз ва келажагимизни хатарга қўйган бўламиз.
Аманов Ҳошим
|
|
| |