|
Admin yordamchisi
Guruh:
Usta
Xabarlar:
2658
Holati:
|
Савол: Қунут дуоси биттами?
Жавоб: Ҳадис китобларида Пайғамбаримиз с.а.в. дан бир нечта қунут дуолари келтирилган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратлари Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари ўқийдиган дуога қуйидаги далилни келтирганлар:
Холид ибн Аби Имрондан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Музарнинг зиддига дуо қилаётганларида бирдан Жаброил келди ва У зотга, жим, деб ишора қилди. У зот жим бўлдилар. Бас, у: «Эй, Муҳаммад, албатта, Аллоҳ сени сўконғич қилиб ҳам, лаънатловчи қилиб ҳам юборгани йўқ. Албатта, сени оламларга раҳмат қилиб юборди. Сенга ишдан ҳеч бир нарса йўқдир», деди. Сўнгра «Қунут»ни ўргатди: «Аллоҳумма иннаа настаъийнука ва настаҳдийка ва настағфирука ва натубу илайк. Ва нуъминубика ва натаваккалу алайк. Ва нусни алайкал хойра куллаҳ. Нашкурука ва лаа накфурук. Ва нахлаъу ва натруку ман яфжурук. Аллоҳумма ийяка наъбуду ва лака нусолли ва насжуду ва илайка насъа ва наҳфиду. Ва наржу раҳматака ва нахша азабака. Инна азабака бил куффаари мулҳиқ». Имом Абу Довуд ривоятлари Дуонинг маъноси: «Эй, бор Худоё, албатта, биз Сендан ёрдам сўраймиз, Сендан ҳидоят сўраймиз, Сенга истиғфор айтамиз ва Сенга тавба қиламиз. Ва Сенга иймон келтирамиз ва Сенга таваккал қиламиз. Ва Сенга шукр келтирамиз, куфр келтирмаймиз. Ким Сенга фожирлик қилса, уни ажратамиз ва тарк қиламиз. Эй, бор Худоё, Сенгагина ибодат қиламиз, Сенгагина намоз ўқиймиз ва сажда қиламиз, Сенгагина интиламиз ва шошиламиз. Ва Сенинг раҳматингни умид қиламиз ва азобингдан қўрқамиз. Албатта, Сенинг ҳақ азобинг кофирларга етгувчидир». Саҳобаи киромлар ушбу дуога иттифоқ қилганлар, бу дуо ҳазрати Умар ва у кишининг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Умарнинг дуолари сифатида ҳам машҳур бўлган. Мазкур дуонинг маъносини яхшилаб ўрганиб, унга амал қилишга ўтиш жуда яхшидир.
Имом Ан-Нававий Ал-Азкор китобларида қуйидаги дуони ҳам келтирганлар : “Ҳасан ибн Али р.а. ривоят қиладилар: “Расулаллоҳ алайҳиссалом менга бир қанча калималарни ўргатдилар. Уларни мен витрда айтаман: “Аллоҳуммаҳдиний фийман ҳадайта ва ъафиний фийман ъафайта ва тавалланий фийман таваллайта ва барик лий фийма аътойта ва қиний шарро ма қозойта фаиннака тақзий ва ла йуқзо ъалайка ва иннаҳу ла йазиллу ман валайта табарокта роббана ва таъалайта”.
Маъноси: Эй Раббим, ҳидоят қилган кишиларнинг қатори мени ҳидоят қил, офиятда қилган кишилариндек мени офиятда қил, ёрдам берган кишиларнигдек менга ёрдам бер. Берган нарсаларинги менга баракали қил. Ҳукм қилган нарсаларингнинг ёмонидан мени сақла. Сен ҳукм қилувчисан. Сенга ҳукм қилинмайди. Сенга дўст бўлган кишилар сало хор бўлмайди. Эй Раббим, Сен баракотли ва олий Зотсан”. Абу Довуд, Термизий, Насаий, Ибн Можа, Байҳақий ривояти.
Шунингдек юқорида айтилганидек фақатгина қунут билан чегараланмасдан қўшимча дуолар қилиш ҳам жоиз.
Умид қиламизки бугунги мақоламиз сиз учун фойдали бўлди. Аллоҳ қилаётган яхши амалларимизда бардавом қилсин. Амийн.
Ассалому алайкум ва Раҳматуллоҳу ва Барокатуҳ.
Manba
|