SUPER ADMINKA
Guruh:
Admin yordamchisi
Xabarlar:
10166
Holati:
|
21. Айрим ҳижобли аёлларнинг кўчаларга, таровиҳ намозларига ясан-тусан қилиб, атир-упалар сепиб чиқишлари ва овозларини баралла кўтариб гапиришлари жуда катта хатодир. Муслималар, чин маънода мастура бўлингиз! 22. Баъзи рўзадорларнинг ухлаб қолиб, пешин ва аср намозларини ўз вақтларида ўқимасликлари ғоят номаъқул ишдир. «Бас, намозларини унутиб қўядиган кимсалар бўлган намозхонларга ҳалокат бўлгай!».[11] Аҳли илмлар «Улар намозларини вақтидан кечиктирадиган кишилардир» дейишган. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан «Энг яхши намоз қайси?»- деб сўради. «Вақтида ўқилган намоз», дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Яна бир ривоятда «Дастлабки вақтида ўқилган намоз» дейилган. 23. Вақт кирганлиги аниқ бўлиши билан тезда оғиз очмоқ лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одамлар модомики ифторни тезлатар эканлар, яхшилик устида бўлаверадилар». «Ифторни эртароқ (вақт кириши билан), саҳарликни эса кечроқ (тонг киргунга қадар) қилинглар».[12] 24. Муаззиннинг азони тугашини кутиб ўтирмоқ ҳам хатодир. Агар аниқ вақти кирган бўлса, азон эшитилиши билан оғиз очиш керак. Азон тугашини кутган киши ортиқча нарсани зиммасига олган бўлади. 25. Оғиз очиш олдидан Аллоҳга дуолар қилишни унутманг. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатлари ва унинг фазли улуғ. Зеро, дуоси қайтарилмайдиган кишиларнинг бири ифторни кутиб ўтирган рўзадордир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: ...рўзадорнинг дуоси то ифтор қилгунича...».[13] 26. Рамазоннинг охирги ўн кунлигини баъзи бировлар кийим-кечак танлаш, ҳайитдаги турли «маросим»ларга тайёрланиб, тухум, сарёғ қидириш билан ўтказадилар. Наҳотки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга шуни ўргатган бўлсалар?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги ўн кунликда ўзларини ибодатга бағишлаб, белларини маҳкам боғлаб, тунлари бедор бўлиб, аҳли оилаларини ҳам Аллоҳ ибодати учун уйғотар эдилар. 27. Баъзи узрли беморларнинг рўза тутмасликдан ҳижолат чекиб, қийналса ҳам рўза тутиб юришлари нотўғридир. Ахир Аллоҳ таоло ундан ҳаражни кўтариб, рухсат бериб қўйган-ку! «Ва ким хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутилмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади».[14] 28. Рўзадорнинг фақат еб-ичиш билан машғул бўлиб, азонга жавоб бермаслиги ҳам тўғри эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Азон нидосини эшитсангиз, муаззиннинг сўзларини такрорлангиз!».[15] Азонга жавоб бериб ўртада еб-ичиб турса ҳам бўлаверади. 29. Болаларни ёшлигидан рўза тутишга ўргатиб бориш зарур. Токи улар рўза тутишга кўниксинлар ва одат қилсинлар. Рубаййиъ бинти Муаввиз айтади: «Болаларимизга ҳам рўза туттирар эдик. Уларга жундан ўйинчоқ ясаб берардик. Биронтаси овқат деб йиғлаб қолса, ифторгача ўйинчоқ бериб овутар эдик».[16] 30. Айримлар мусофир кишини рўза тутмагани учун ёмон кўради. Бу нотўғри. Мусофир ҳолатига қараб рўза тутиши ҳам, рўза тутмаслиги ҳам мумкин. Мусофир қуйидаги уч ҳолатнинг бирида бўлади: а) Агар мусофирга рўза тутиш оғир бўлмаса, унинг рўза тутгани афзал. «Агар биладиган бўлсангизлар, рўза тутишларингиз сизлар учун яхшироқдир».[17] б) Мусофирга рўза тутиш оғир бўлса-ю, у рухсатдан фойдаланишни истамаса ҳам, унинг рўза тутмагани афзал. «Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага мукаллаф этмас».[18] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло буйруқларининг олинишини хуш кўрганидек, рухсатларининг ҳам олинишини хуш кўради».[19] «Сафардаги рўза яхшиликдан эмас».[20] в) Агар машаққат тайин бўлмаса, рўза тутиш-тутмаслик мусофирнинг ихтиёри. Ҳамза ибн Амр Асламий розияллоҳу анҳу кўп рўза тутиб юрарди. Шу киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан «Сафарда рўза тутайинми?», деб сўради. «Хоҳласанг, рўза тут, хоҳламасанг тутма», дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафар қилардик. Рўзадор рўза тутмаганни, рўза тутмаган киши рўзадорни айбламасди».[21] 31. Рўзадор бақириб-чақирмасдан, ножойиз сўзларни ишлатмасдан, оғир-вазмин бўлиб юрмоғи керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рўза қалқондир. Қай бирингиз рўза тутса, нопок сўзларни ишлатмасин, бақириб-чақирмасин. Агар уни биров сўкса ёки ҳақорат қилса, «Мен рўзадорман», деб айтсин».[22] Рўзани фақат еб-ичишдан тийилиш деб тушунмаслик керак. Рўза бу гуноҳ-маъсиятлардан тийилиш, ёмон хулқлардан ва сўзлардан сақланиш ҳамдир. 32. Рўзадор Рамазоннинг қимматли кунларини ўйин-кулги, бемаъни кинолар ва бошқа кўнгилхушликлар билан зое қилмасин. Бу иймоннинг заифлашувига, ғанимат ойнинг улуғ ажр-савобларидан маҳрум бўлишига олиб боради. Наҳотки мўмин бағоят қимматли неъматни мана шундай хору хасга алмашса?! Рамазонни тоат-ибодат, Қуръон ўқиш, зикр, дуо, фойдали илм олиш, масжидларда ўтириш билан ўтказиб, мўл ажру савоб ҳосилини кўтармоқ лозим. 33. Айрим рўзадорлар сафарга чиқсалар ҳам, рўза тутмасликдан ҳижолат-ҳараж сезадилар. Бу хато фикр. Биз юқорида рухсатларнинг олиниши хусусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини келтириб ўтдик. 34. Кўпчилик Қуръонни фақат хатм қилиш мақсадида тадаббурсиз, қироат қоидаларига риоя қилмасдан шошиб-пишиб ўқишни одат қилган. Тағин улар ўзларини яхши иш қиляпмиз деб ўйлашмасин. Қуръон мана шу ойда нозил бўлди. Аллоҳ таоло пайғамбарига нима деб буюрганини биласизми?! «Ва Қуръонни тартил билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг».[23] Қуръон оятларини тадуббур қилиб, шошилмасдан қироат қилиш вожибдир. 35. Айримлар имкониятлари бемалол бўлса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатлари бўлган эътикофга эътибор бермайдилар. Эътикоф суннатини зое қилманг! 36. Рамазон кунларида соч олдириш, тирноқ олиш ёки ҳаром туклардан покланиш рўзага асло зарар бермайди. Ахир булар суннат амаллардан-ку! 37. Айримлар рўзаси бузилиб қолишидан қўрқиб тупукларини ютмасдан нуқул тупуриб юришади ва бу билан одамларга озор беришади. Тупук ҳатто кўп бўлса ҳам, рўзани бузмайди. 38. Рамазон кунларида қаттиқ иссиқдан қийналган бўлмаса, оғиз-бурунни чуқур чайқамоқ хатодир. Шайх Ибн Усаймин айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Таҳоратни яхшилаб олинг, бармоқларингиз орасини ҳилол қилинг. Бурнингизни яхшилаб чайинг. Фақат рўзадор бўлсангиз, бундай қилманг». 39. Нафас қисиш касалига дучор бўлган беморлар (астма касаллигига чалинганлар) астмапен ишлатишлари мумкин. Улар рўзалари бузилиб қолишидан қўрқмасинлар. Шайх Ибн Усаймин айтади: «Астмапенни ишлатиш Рамазонда ҳам, бошқа пайт ҳам мумкин. Чунки у ошқозонга эмас, нафас йўлларига боради. Шундан кейин киши оддий нафас олади, у еб-ичишга кирмайди». 40. Рўзадор кўзига, қулоғига дори томизиши, соч-соқолини хина билан бўяши, кўзига сурма қўйиши мумкин. Саҳиҳ қавлга кўра бу амаллар рўзани бузмайди.
[1] Насоий ривояти. [2] Доруқутний ва Байҳақий ривояти. Албоний саҳиҳ деган. [3] Бухорий ва Муслим ривояти. [4] Бухорий ривояти. [5] Муттафақан алайҳ. [6] Саҳиҳул Жомеъус Сағир. [7] Муслим ривояти. [8] Муслим ривояти. [9] «Мусулмоннинг қўрғони» китобидан. [10] «Бақара»-187. [11] «Маъун»- 4,5. [12] Саҳиҳул Жомеъус Сағийр. [13] Аҳмад ривояти. [14] «Бақара»-185. [15] Муттафақун алайҳ. [16] Муттафақун алайҳ. [17] «Бақара»-184. [18] «Бақара»-286. [19] Ибн Ҳиббон ва Табарий ривояти. [20] Бухорий ва Муслим ривояти. [21] Муттафақан алайҳ. [22] Бухорий ва Муслим ривояти. [23] «Муззаммил»-4.
|