RSS
Yangiliklar-Новые сообщения · Azolarimiz-Участники · Forum qoidasi-Правила форума · Qidirish-Поиск
  • Page 1 of 1
  • 1
Forum moderator: DURDON, SAKINA  
Рўза ким учун бўлади?
DURDONDate: Seshanba, 02-Iyul-2013, 20:09 | Message # 1
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:
Рўза ким учун бўлади?
Ҳадиси қудсийда:
«Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман», деган».
Имом Бухорий саҳиҳларида ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси қудсийда рўзанинг фазилати ва унинг бошқа амаллардан ажраб турувчи хусусияти борлиги ҳақида сўз юритилмоқда.
Аллоҳ таоло рўзани, бандаси амаллари орасидан Ўзи учун хос қилиб олганини айтмоқда.
Уламолар, ушбу ҳадиси шариф устида фикр юритиб, қуйидаги сўзларни айтишди.
Қиёмат куни, мазлумлар золимдан қасос тарзида, қилган зулми эвазига яхши амалларни тортиб олиши мумкин. Чунки бошқа бир ҳадисда:
“Киши қиёмат куни тоғлар каби яхшиликлар билан келади. Лекин уни сўккан, буни урган ёки яна бирини молини еганлиги сабабли унинг яхшилигидан мазлумга олиб берилади. Ҳатто золимни яхшилиги тугаб, ҳеч нарса қолмагач энди мазлумнинг гуноҳидан золимга юкланади ва золим (гуноҳи кўпайиб кетгач) дўзахга ташланади”, дейилган. Фақат рўза ундоқ эмас. Рўзани қиёмат куни ҳақдорларга улашиб берилмайди. Аллоҳ рўзани тутган кишига шу даражада сақлаб қўяр эканки, унга ҳатто ҳақдорлар ҳам журъат қила олмас экан.
Шунга биноан «Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун каффаротдир, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман», деган».
Яъни, Одам боласининг амаллари қасос сабабли талофат кўриб, ҳақдорлар тортиб олиши сабабидан камайиши мумкин экан. Фақат рўзаникига дахл қила олмас экан.
Яна баъзи уламолар ушбу ҳадис устида фикр юритиб, рўза бошқа амаллар хилофи ўлароқ, унга ширк кириб қолмайди. Чунки мушриклар маъбудаларига қурбонлик ва назр аташар, унга дуо, хавф ва ражо қилишар ва яна бундан бошқа ибодатлар билан яқинлашишар эди. Лекин бирорталари бут-санамларига рўза тутиб беришгани зикр қилинмаган. Албатта рўза Аллоҳ учун хос бўлган ибодатдир. Шундан келиб чиқиб, “Рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман”, деган.
Яъни мушриклар бут-санамларига рўза тутиб қурбат ҳосил қилишмаган. Фақат мўминларгина Аллоҳга рўза тутиб қурбат ҳосил қилишган, деб айтишди.
Баъзи уламолар рўза ботиний амал бўлиб, уни фақат Аллоҳ билади. Бошқа амалларга хилоф ўлароқ у қалбий ният билан адо этилади. Демак у банда билан Роббиси орасидаги сир амалдир, дейишган.
Рўзадан бошқа ҳамма амалларда амал қилгувчи хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам бир оз хўжакўрсинлик, ўзгаларнинг ҳаваси, мақтови, обрў-эътибор пайдо бўлади.
Мисол учун, намоз ўқиган одам таҳорат қилганида, намозга жой танлаганида ва ниҳоят намоз ўқиётганида бошқалар кўради. Бу одам намоз учун таҳорат қилмоқда, бу одам намоз учун жой танламоқда, бу одам намоз ўқимоқда, яхши одам экан, деган фикр хаёлидан ўтиб, унга ҳурмат-эътибор билан қарайди.
Шунга ўхшаб, закот берганида ҳар қанча яширса ҳам ҳеч бўлмаганда закотни олган киши билиб, ҳаққига дуо қилади.
Ҳажга борганида эса, умуман, шов-шув бўлиб кетади. Қайтганидан сўнг гуруҳ-гуруҳ кишилар зиёратига келади. «ҳожи ака» ёки «ҳожи она» деган ном билан чақирилади.
Рўзада эса, бу нарсаларнинг бирортаси йўқ, кечаси ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳарлик қилади. Кундузи эса ҳамма баробар юраверади. Ифтор вақти кираётганда ҳам, ҳеч кимсиз ёлғиз ўзи қолганида ҳам рўзадор Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, оғзини очиб юбормайди. Ана шуларнинг ҳаммаси рўза Аллоҳ учун тутилишининг белгисидир.
Шунинг учун ҳам ёлғиз Аллоҳ учун бўлган ибодатнинг мукофотини Аллоҳ таоло Ўзи билиб беришга ваъда қилмоқда. Бу ҳақиқатни яна ҳам тўлиқ тушуниб олишимизга бошқа бир ривоятдан келтирилган қўшимча ёрдам беради.
«Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: «Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У(одам боласи) шаҳвати ва таомини мен учун тарк қилур», деди».
Демак, рўзадан ўзга амалларнинг савоби қай миқдорда кўпайтириб берилиши белгили. Бир савоб бериладиган амалнинг савоби ўн мартадан то етти юз мартагача кўпайтирилиши мумкин. Аммо ундан ортиқ бўлмаслиги ҳам мумкин.
Шу билан бирга, рўза учун бериладиган савобнинг кўпайиши шунчаларки, уни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди, идрок ҳам қила олмайди. Рўзадорнинг амали бунчалар юқори баҳоланишининг сабаби у фақат Аллоҳ таоло учун таоми ва шаҳватини тарк қилиб, рўза тутганидандир.

Анвар Аҳмад


 
  • Page 1 of 1
  • 1
Search: