RSS
Yangiliklar-Новые сообщения · Azolarimiz-Участники · Forum qoidasi-Правила форума · Qidirish-Поиск
  • Page 1 of 1
  • 1
Archive - read only
Forum moderator: MASTER, DURDON, SAKINA  
Ibrohim Muhammad ijodidan (sherlar)
DURDONDate: Payshanba, 11-Apr-2013, 14:17 | Message # 1
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:
Юрагим йиғлайди…

Эй ёр, мени дема – бу жон йиғлайди,
Атиргулни суйсам, райҳон йиғлайди.
Қандай азоб экан ҳаёт йўллари,
Бугун бу йўлларда дил қон йиғлайди.

Эй ёр мени дединг, адо бўлдим-ку,
Севги саҳросида гадо бўлдим-ку,
Сен деб ҳаловатдан жудо бўлдим-ку,
Дилга бўлиб шерик – осмон йиғлайди.

Эй ёр мени дединг, билмадинг лекин,
Ҳисларим сотилди ғанимга текин,
Энди бу дардимга малҳам бўлар ким,
Дардимга даво йўқ – дармон йиғлайди.

Эй ёр мени дединг, тугади ҳаёт,
Юракда ёзилди “телба” деган от,
Юрагимни сотдинг, хотирамни сот,
Юрагим тубида армон йиғлайди.

Эй ёр мени дединг, қараб боримга,
Энди ўксинмагин бу қароримга:
Мени қўй, ёр бўлай танҳо Ёримга,
Ахир ёр бўлмасам, иймон йиғлайди.

Эй ёр мени дема, бу жон йиғлайди,
Атиргулни суйсам, райҳон йиғлайди,
Қандай азоб экан ҳаёт йўллари,
Юрагим йиғлайди, ҳамон йиғлайди …

(Ibrohim Muhammad, 2003)


 
DURDONDate: Payshanba, 11-Apr-2013, 14:18 | Message # 2
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:
Қодирийнинг ноласи

Мозийга қарадим – муҳаббат, вафо,
Замонамга қараб… севмоқлик душвор.
Эй сиз, дилафгорлар, уйғонинг тезроқ,
Алданманг. “Ишқ” деган мароқли туш бор.
Мозийдан бошладим таърифламоқни,
Оқибат – севишим билдириб қўйдим.

Йил ўтур, ой ўтур, қисқарур умр,
Ўтган кунларингни ёшингга қўшиб.
Қувноқсан, шодонсан, кун келса қолур
Бахтиёрлигинг ҳам қайғуга кўчиб.
Шунинг-чун умримнинг гўзал дамларин
“Ўткан кунлар”им-ла тўлдириб қўйдим.

Ўзимни алдадим, алданолмадим,
Балки бу ҳаётда номсиз, ножўя.
Ўзимни кулдирдим, кулдиролмадим,
Севги – комедия? Ёки фожеа?
Майли бу сўзларим унут қилсинлар:
“Кулмадим, йиғладим, кулдириб қўйдим”.

Майли кулса кулсин ҳаёт устимдан,
Сиримни айтайин ёлғиз Худога:
“Ё Раб, не қилайин? Кўзларимда қон –
Бугун мен йўл қўйдим мудҳиш хатога.
Кумуш жондан севган Отабегини,
Қалам-ла Зайнабга олдириб қўйдим.

Бугун ёндирмоқда оташ танамни,
Қандайин кеткизай дарду-аламни?
Қўйдим хотима деб энди қаламни:
Дунёда ёлғизим – Кумушгинамни,
Ҳатто Отабекдан рашк қилиб куйдим,
Ўзим кашф қилдим-у, ўлдириб қўйдим.

(Ibrohim Muhammad, 2006


 
DURDONDate: Payshanba, 11-Apr-2013, 14:20 | Message # 3
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:
Сохта севги

Сохталик, кўнгилни беҳуда алдаш,
Қанийди, тарк этса бир зум қалбимни.
Ҳақиқий севгига ошуфта руҳим
Нечун англай олмас севги қадрини?!

Нечун севгимизда сафсаталар кўп?!
Бемаъни туйғулар билмас чегара.
Асл муҳаббатга мойил бу қалбга
Нечун қўядирмиз сиртмоқ, панжара?!

Нимага озодмас бизнинг туйғулар?!
Уларни боғлаган арқонлар йўғон.
Нимага юзларда сохта кулгулар?!
Соғинчимиз ёлғон! Севгимиз ёлғон!

Биз гўё ошиқмиз севги бобида,
Гўё ҳеч тугамас муҳаббат фасли.
Гоҳ Мажнун бўламиз, гоҳида Фарҳод,
Билмаймиз Лайли ким, Ширин ким асли.

Чунки йироқдамиз илоҳий ишқдан,
Қабларда шаҳватлар қуриб олган ин.
Шу боис ғамимиз тугамас сира,
Шу боис қалбимиз топмайди таскин.

Бир умр маҳкуммиз сохта севгига,
Ҳақиқатга етмас сабрларимиз.
Ахир эришмасмиз мангу висолга,
Ёнма-ён тушса ҳам қабрларимиз.

(Ibrohim Muhammad, 2009)


 
DURDONDate: Shanba, 13-Apr-2013, 09:34 | Message # 4
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:
Мен интиқ кутмаган Жумалар, қайтинг!

Ғофил бўлибман-а мен неча йиллар,
Ёлғон-ла банд бўлди безикр тиллар,
Тоат не билмади оёқлар, қўллар,
Мен интиқ кутмаган Жумалар, қайтинг!

Сохта байрамларни орзиқиб кутдим,
Уларни нишонлаб, сизни унутдим,
Ниҳоят ўзимни саждага тутдим,
Мен интиқ кутмаган Жумалар, қайтинг!

Билмадим нима фарз, нимадир суннат,
Ёдимга тушмади жаҳаннам, жаннат,
Келмасидан олдин охир қиёмат,
Мен интиқ кутмаган Жумалар, қайтинг!

Ҳайвонлар шубҳада қолган тонгларда,
“Бугун қиёматми?” деган онларда,
Уйқуда бўлибман ул азонларда,
Мен интиқ кутмаган Жумалар, қайтинг!

Номаи аъмолим бўлганда маълум,
Қанчалар савобдан бўларман маҳрум,
Бўлмасимдан олдин дунёдан марҳум,
Мен интиқ кутмаган Жумалар, қайтинг!

Чақираман сизни, билмасангиз ҳам,
Сўзимни қулоққа илмасангиз ҳам,
Барибир айтаман келмасангиз ҳам,
Мен интиқ кутмаган Жумалар, қайтинг!

(Ibrohim Muhammad, 2010)


 
DURDONDate: Shanba, 13-Apr-2013, 09:35 | Message # 5
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:
Ожиз дарахт ноласи

Хазон оралади кўк баргларимга,
Илдизим кемирар қандайин бир куч.
Шамол, қулоқ солгин бу дардларимга,
Мени бу саҳродан олиб кетгин, қуч!

Атрофим чулғамиш сувсиз буталар,
Қуруқ саксовуллар кулар дардимдан.
Ўзларин яшилга буркаш ўрнига
Айирмоқ исташар яшил баргимдан.

Ҳамроҳ қидираман – кўзларим толган,
Шамол, ёрдам бергин қидирмоғимга.
Ҳеч бўлмаса битта яшил барг қолган
Дарахтнинг хабарин бер қулоғимга.

Шамолнинг ўзи ҳам қолган чорасиз,
Довуллар ҳайдашар шамолгинамни.
Биламан уларнинг нияти тайин –
Бута қилишмоқчи бутун танамни.

Кенг саҳро қўйнида кезар довуллар,
Баргларим ҳар томон кетар сочилиб.
Баргларим, кетманглар мендан нарига,
Ахир қоламан-ку тамом ечилиб.

Роббим, нажот бергин сўлим боғингдан,
Ортиқ чидолмайман бу довулларга.
Майли, баргим ила йиқитгил мени,
Лекин айлантирма саксовулларга!

(Ibrohim Muhammad, 2010)


 
DURDONDate: Juma, 19-Apr-2013, 09:15 | Message # 6
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:
Саловотга шафоат бор, санога эса жаннат

Аё дўстлар, савоблардан ошиб кетди гуноҳлар,
Бас, не учун хотиржамлик? Қани тавбада оҳлар?
Саловоту-сано айтинг, Ҳаққдан сўранг паноҳлар,
Саловотга шафоат бор, санога эса жаннат.

Гуноҳлардан поклаб қалбни, савобга пайванд қилинг,
Фарзлар билан фарзандингиз чин мўмин фарзанд қилинг,
Ёлғонларга асир тилни зикр билан банд қилинг,
Саловотга шафоат бор, санога эса жаннат.

Билурмисиз чин мўминлар одат қилган одатни,
Сизга айтай, биродарим, улуғ бир ибодатни,
Набий алайҳиссаломга кўп айтинг саловатни,
Саловотга шафоат бор, санога эса жаннат.

(Ibrohim Muhammad, 2010)


 
DURDONDate: Juma, 19-Apr-2013, 09:17 | Message # 7
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:
Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Жаҳолату-разолатдан узоқ бўлиб,
Лаззат топдик ибодатдан, Расулуллох.
Ҳаққа банда, сизга уммат бўлдик – шукр,
Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Баҳонани кўпайтириб, қилдик гуноҳ,
Исломдан бир билим олмай, бўлдик гумроҳ,
Шайтонни-да қилсак ҳамки яқин ҳамроҳ,
Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Кийим кийдик мақтов учун, чирой учун,
Миннат билан қилдик ёрдам биров учун,
Ғамламасак ҳамки савоб сўров учун,
Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Уялмадик тубанлигу-иснодлардан,
Узоқ бўлдик тавбадаги фарёдлардан,
Афзал билдик ухламоқни бомдодлардан,
Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Савоблардан гуноҳларни кўп қилсак ҳам,
Кетин узмай ёлғонларни тўқисак ҳам,
Адо эмас, қазо намоз ўқисак ҳам,
Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Кичик қорин тўйиб кетди, тақво тўймай,
Ғийбатларни қатор қилдик, тилни тиймай,
Гуноҳкормиз, лек айтамиз тилдан қўймай,
Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Маҳшар куни ошганида азобимиз,
Ҳақ олдида бўлганида жавобимиз,
Етмай қолса жаннат учун савобимиз,
Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

(Ibrohim Muhammad, 2010)


 
DURDONDate: Juma, 19-Apr-2013, 09:18 | Message # 8
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:
Тирикларга йиғлаш

Бир инсоннинг бу дунёдан кетганда волидаси,
Асло кўз ёш тўкмабди у – қотганмикан дийдаси?

Лекин дўсти ароқ ичса, йиғлармиш уввос солиб,
Дўстига кўп йиғи қилмиш, ўлган онаси қолиб.

Одамлар ҳам айтар эмиш: “Бу – бир ахмоқ ё мажнун,
Ўлганга ҳеч йиғламас-у, тирикка йиғлар нечун?

Сенда номус борми ўзи, шуми оқибат, ҳайҳот,
Онанг ўлди, лекин дўстинг юрибди мана – ҳаёт”.

“Биродарлар, билсангизди онамнинг ҳаётини,
Бахт келганда шукрини-ю, дард келса саботини.

Ҳар қадамда билар эди ўзлигин ожиз банда,
Шул сабабдан ибодатни қиларди – қилмай канда.

Иншааллоҳ, обод бўлса онамнинг охирати,
Бундай буюк неъмат учун йўқ йиғининг ҳожати.

Лекин дўстим ўлиб бўпти тириклик чоғидаёқ,
Иймон кетар бу ҳолатга йиғламайин мен қандоқ?!”

Ҳа, азизлар, замонимас ўлганларга йиғлашнинг,
Тирилмайди, фойдаси йўқ – юрак бағир тиғлашнинг.

Асли, йиғлаш лозим бўлди тирик виждонсизларга,
Ҳам уларга, ҳам сизларга, ҳамда биз “азизлар”га!

(Ibrohim Muhammad, 2011)


 
DURDONDate: Juma, 19-Apr-2013, 09:19 | Message # 9
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:
Дўстимга савол

Дўстим деб сақладим мудом ёдимда,
Йўқладим ҳаттоки дуо-додимда,
Шодон вақтимда ҳам бўлиб ёнимда,
Ёмон кунимда ҳам асқотурмисиз?

Ортимдан гапирса бир неча одам,
Туҳматлар дастидан кўзим бўлса нам,
Менинг тарафимни олмасангиз ҳам,
Ғийбатим қилмасдан жим кетурмисиз?

Меҳрин аяганда қадрдонларим,
Нуримни йўқотса зимистонларим,
Сўлиб битганида гул, райҳонларим,
Жонимга малҳамдек хуш ботурмисиз?

Ғанимларим мендан келганда ғолиб,
Ортиқ курашмоққа қолсам гар толиб,
Ақалли бир марта ёнимни олиб,
Уларга қарата тош отурмисиз?

Қалбим қора бўлса ғубору-гарддан,
Руҳим хаста бўлса бундайин дарддан,
Нажот бўлмаганда бирор ҳамдарддан,
Мени бу ғафлатдан уйғотурмисиз?

(Ibrohim Muhammad, 2012)


 
DURDONDate: Seshanba, 27-Avg-2013, 07:41 | Message # 10
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:
Бахтли жуфтлик.

"Қаерларда юрибсиз,
Уйда юмушлар талай.
Бошим қотиб сарсонман,
Айтинг қай ишни қилай?

Нолиш эмас, ўйламанг,
Шунчаки хўб толиқдим.
Сим қоқсам сизга, хизмат
Доирага йўлиқдим.

Негадир эрталабдан,
Хаёлим эмас жойда.
Унутиб қўйдим дарҳол,
Уним қайда, бу қайда.

Жавоб беринг, дадаси,
Нима, мум ютганмисиз?
Юзингиз бунча нурли,
Ё рўза тутганмисиз?"

Оёқ кийимин ечиб,
Гап бошлади эри ҳам.
"Саволинг бор бўлсин-ей,
Тергайсан кирганимдан.

Чарчабсан, ҳақиқатда,
Борақол, ол бир оз тин.
Наҳот кунни унутдинг,
Жумада эдим, хотин".

"Эсим қурсин-ей, бегим,
Гап дафтаримни ёпай.
Пешонангизни беринг,
Келинг, сизни бир ўпай.

Аллоҳим учун севган
Аёлингиз ўзимман.
Минг кун Жума бўлса гар,
Минг кун келманг, розиман".

Шунақа гаплар, дўстим,
Аёл борки, кўнглинг тўқ.
Эрин Ҳақ учун севган
Муслималарга гап йўқ.


(Ёлқин, Иброҳим Муҳаммад 2013)


 
DURDONDate: Chorshanba, 04-Sen-2013, 22:31 | Message # 11
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:
Онамга

Бир муддат ортимга ташладим назар,
Рангсиз хотиралар тушди ёдимга:
Ёш бола пайтимда йиғласам, онам
Қўшилиб йиғларди оҳу-додимга.
Дард келса йўлиққан мендан-да илдам,
Жонимга малҳамим – мунис волидам!

Тинч ором олмоғим ўйлаб, ухламай,
Тунларин ўтказган бедор – парвонам.
Турфа хил гулларни ҳидлаш ўрнига
Менинг таглигимни ҳидлаган онам.
Ушбу амаллардан воқиф – Аллоҳим,
Онамга Жаннатни ҳидлат, илоҳим.

Мен-чи, мен? Не қилдим волидам учун?
Бирор бир амални эслай олмадим.
Ақалли бир марта кўзин қувнатиб,
Кўнглини олдимми, ҳеч билолмадим.
Менга бир ҳалимлик ҳадя эт, Роббим,
То рози қилишга етсин одобим.

Онам кўзларига қарадим ногоҳ,
Гуноҳкор санадим фақат ўзимни.
Аллоҳим, Сендан бир катта ўтинчим –
Ҳеч қачон намлатма онам кўзини.
Отам суягидан яралган хилқат
Йиғласа Сен учун йиғласин, фақат.


(Иброҳим Муҳаммад, 2013)


 
DURDONDate: Chorshanba, 15-Yan-2014, 08:20 | Message # 12
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:
Ҳазрати Умар (р.а.)нинг йиғиси

Бухорий ривоят қилган бир ҳадис
Қалбимни жунбушга келтирди ғоят.
Бутун вужуд ила тингланг, дўстларим,
Абу Ҳурайрадан ушбу ривоят.

Пайғамбар дедилар: «Бир кун тушимда
Жаннат боғларини қилдим зиёрат.
Қарасам, гўзал бир қаср олдида
Бир аёл қилмоқда эди таҳорат.

«Бу қаср кимники?» деб сўрдим ундан,
«Умарники» деган жавобни илдим.
Умарнинг рашкини эслаб шу заҳот,
Ўзимни қасрдан узоққа олдим».

Шундай деб пайғамбар тугатди сўзин,
Бутун мажлис аҳли тўкдилар кўз ёш.
Абу Ҳирайра йиғлади, Умар йиғлади,
Йиғлади ким бўлса Набийга диндош.

Вужудлар титраган шу оний дамда
Умар бир сўз айтди, чекиб қалбда оҳ:
«Мен фақир сиздан ҳам ўша қасрни
Рашк қилар эдимми, ё Расулуллоҳ».

Шу ерда бу ҳадис топар интиҳо,
Балки демоқчисиз «Бунда не ҳикмат?»
Гар билсангиз эди Умарнинг ҳолин,
Келмасидан олдин унга ҳидоят.

Умар кун кўрарди жоҳилиятда,
Ҳатто тирик қизин кўмди тупроққа.
Бутга ибодатдан қайтганлари-чун
Ҳатто ўз аҳлини солди қийноққа.

Лекин Аллоҳ бергач унга ҳидоят,
Кўриб қўйинг энди Умарнинг ҳолин.
Оламга нур бўлиб келган бу ҳақ дин
Тубдан ўзгартирди унинг жамолин.

Бир пайтлар Набийни ўлдирмоқ учун
Қўлига қиличин олиб чиққан ким?!
Энди-чи, Набийнинг битта сўзи-чун
Кўз ёш денгизида аста оққан ким?!

Сўзимни тугатгум ушбу лаҳзада,
Мен билмам қанчалик олдингиз ибрат.
Лекин билиб қўйинг нопок инсонни
Иймон ўзгартирар фақат ва фақат!


Ёлқин. (Иброҳим Муҳаммад).


 
  • Page 1 of 1
  • 1
Search: