SUPER ADMINKA
Guruh:
Admin yordamchisi
Xabarlar:
10166
Holati:
|
Абу Бакр Сиддиқ разийаллоҳу анҳу халифа бўлган куни хафа бўлиб ўтирганида Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу унга шу маънодаги ҳадиси шарифни айтиб, унинг кўнгилини тинчлантирган экан. (Байҳақий ривояти). Имом Табароний ривоятида мамлакатини машаққат билан адолатли бошқарган подшоҳга икки карра кўпроқ ажр берилиши башорат қилинган. “Аввал хеш, кейин дарвеш” деган гап бор. Аввал ўз қариндошларга яхшилик қилишнинг, хайр-эҳсонни улардан бошлашнинг яна бир ҳикмати икки карра ажру савобга эга бўлиш экан. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятида Ибн Масъуднинг завжаси Зайнаб разийаллоҳу анҳумо бир ансория аёли билан келиб Ҳазрати Билол орқали қариндошларга садақа қилиш тўғрисида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўратганларида, у ҳужраи саодатдан ушбу ҳадиси шарифни олиб чиққан экан: لهما أجران أجر القرابة وأجر الصدقة “У икковига икки ажр бор: қариндошлик ажри ва садақа ажри”. Имом Табароний ривоятида эса: “Қариндошларга қилинган садақа икки марта ажрни кўпайтиради”, дейилган. Ибн Можжа Убай ибн Каъб разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза сув олдириб, таҳорат қилиб кўрсатганликлари зикр этилади. Ул зоти шариф аъзолари бир мартадан ювиб: “Бу таҳоратнинг вазифасидир”, дебдилар. Кейин икки мартадан юювганларида эса: “Бу таҳоратни ким қилса, Аллоҳ унга ажрдан икки карра қилиб беради”, дебдилар. Сўнгра уч-уч мартадан аъзоларини ювиб: “Бу менинг ва мендан олдинги мурсал пайғамбарларнинг таҳоратидир”, деган эканлар. Аъзоларимизни уч мартадан ювиб таҳорат олсак ҳам, инша Аллоҳ, ана шу ҳадиси шарифда айтилган ажру савобларга эга бўлсак ажаб эмас. Масжидларда, умуман жамоат намозларда сафни ўнг тарафдан олиш одат бўлган. Чўпчилик шундай қилиш керак, деб ўйлашади. Шу боисдан одатда чап тараф бўш қолади. Масжидларда чап тарафни обод қилганларга икки карра кўпроқ савоб берилишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам башорат қилганлар: من عمر ميسرة المسجد كتب الله له كفلين من الأجر “Кимки масжиднинг чап тарафини обод қилса, Аллоҳ унга ажрдан икки ҳисса қилиб ёзади”. (Ибн Можжа Ҳазрати Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривояти). Шу маънодаги ҳадиси шарифни Имом Табароний Ҳазрати Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган: من عمر جانب المسجد الأيسر لقلة أهله فله أجران “Кимки масжиднинг чап томонини аҳли кам бўлгани учун обод қилса, бас, унга икки ажрдир”. Имоми Аъзам мазҳабида ўнг ва чап тарафлар баробар тўлиб бориши учун сафни ўртадан – имомнинг орқасидан бошлаш мақбул саналади. Машаққатли ҳар қандай амалнинг савоби кўп бўлиши шубҳасиз. Икки киши сафарда сув топа олмай таяммум билан намоз ўқишибди. Кейинчалик сув топганларида биттаси таҳорат қилиб, ўқиган намозини қайта ўқибди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишганида, намозни қайта ўқимаганга суннатга амал қилганини айтибдилар. Таҳорат қилиб, намозини қайта ўқиган кимсани эса: “Сенга икки карра ажр-савобдир”, дея алқабдилар. (Имом Абу Довуд Абу Саид ал-Худрий разийаллоҳу анҳудан ривояти). Шунингдек, Имом Табароний “Кимки шиддатли совуқда таҳоратини комил қилиб олса, унинг ажри икки ҳисса бўлади”, деган ҳадиси шарифни ривоят қилган. Имом Ҳоким Ойша онамиз разийаллоҳу анҳодан ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: الوضوء قبل الطعام حسنة وبعده حسنات “Таомдан олдинги таҳорат бир ҳасана, ундан кейинги таҳорат эса бир неча ҳасанадир”, деганлар. Имом Табароний Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: اذا تسارعتم الى الخير فامشوا حفاة فانّ الله يضاعف أجره على المنتعل “Қачон хайрга шошилсангизлар, яланг оёқ юринглар. Зеро, шак йўқки, унинг ажрини калиш кийганга нисбатан зиёда қилади”, деганлар. Илм талаб қилиш ҳам машаққатлидир. Бинобарин, унга бериладиган ажру мукофот ҳам шунга яраша бўлиши керак. Доримий, Байҳақий ва Табароний ҳамда Абу Яъло каби муҳаддислар ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундоқ деб марҳамат қилганлар: من طلب علما فأدركه كتب الله له كفلين من الأجر ومن طلب علما فلم يدركه كتب الله له كفلا من الأجر “Кимки илм талаб қилиб, уни топса, яъни ўзлаштирса, Аллоҳ унга ажрдан икки ҳисса ёзади. Кимки илм талаб қилиб, уни идрок қила олмаса, Аллоҳ унга ажрдан бир ҳисса қилиб ёзади”. Имом Абдурраззоқ ривоятида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кимки хутбани топса, жумъани топган бўлади. Кимки хутбани топган бўлса, намозни топган бўлади. Кимки имомга яқинроқ ўтириб, хутбани жим ўтириб эшитса, унга ажрдан икки ҳисса бўлади”, деган бўлсалар, Имом Табароний ривоятида жумъа учун ғусл қиладиганларга шундай савоб берилишини башорат қиладилар. Имом Байҳақийнинг Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятида эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай марҳамат қилганлар: أيعجز أحدكم ان يجامع أهله فى كلّ جمعة؟! فانّ له أجرين اثنين: أجر غسله وأجر غسل امرأته “Сизлардан бирингиз ҳар жумъада хотини билан қўшилишдан ожизми?! Чунки, унга икки ажр бордир: ўзининг ғусл қилгани учун ва хотинининг ғусл қилгани учун”. Бошқа бир ҳадиси шарифда ғусл қилиб, жумъага пиёда борга кимсага ҳар бир қадами учун йигирма савоб берилиши баён этилган. Ул зоти шариф Ибн Аби Шайба ривоятида жаноза намози ўқиганларга икки ҳисса савоб берилишини ҳам айтган бўлсалар, жанозада юриб борганларга икки қийрот (ўлчов бирлиги), бирор маркабга миниб борганларга битта қийрот ажр берилишни зикр қилганлар. Имом Аҳмад ривоятида эса ул зоти шариф Уммон орқали узоқлардан машаққат билан ҳажга келувчиларга бошқаларга нисбатан икки ҳаж афзаллиги борлигини марҳама этадилар. Энг шарофатли ўлим шаҳидлик эканлигини барча яхши билади. Унинг савоби ҳам энг кўп бўлиши керак. Ибн Аби Шайба ривоятида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Денгизда шаҳид бўлганга қуриқликдаги икки шаҳиднинг ажри бўлади”, деганлар. бошқа ривоятда эса: “Қатл қилинган ёки ғарқ бўлган одамга икки шаҳиднинг ажри бўлади”, деганлар. (Саид ибн Мансур ривояти). Аҳли китоблар ўлдирган фарзанднинг онасига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғлига айнан шу боисдан икки ажр берилишини башорат қилганлар. (Абу Довуд ривояти). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна ўзини ўзи билмасдан ўлдириб қўйган Омир ибн ал-Акваъ разийаллоҳу деган саҳобийга ҳам икки карра ажр берилишини айтиб, шундай ўлиб топганларнинг оилаларига таскин берган бўлдилар. (Бухорий ва Муслим ривояти). Аллоҳ йўлида жангга отланган лашкар жанг қилмасдан қуруқ қайтсалар ёки овчилар ҳеч нарса қўлга киритолмай қайтсалар ҳам уларга икки ажр бордир. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аби Шайба ривоятида марҳамат қилганлар. Имом Муслим ва Насоийлар Абу Басра ал-Ғифорий разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аср намозининг бошқа намозлардан савоби кўпроқ бўлишини мана бу сўзлари билан ифодалаганлар: انّ هذه الصلوة عرضت على الذين من قبلكم فضيّعوها، ألا ومن صلاها ضعف له أجره مرتين “Албатта бу намоз сиздан олдинги қавм-умматларга ҳам арз қилинган эди-ю, (бироқ) улар уни зое қилдилар. Аё, огоҳ бўлингки, кимки уни ўқиса, унга савоби икки марта орттирилади”. Риёни уламоларимиз гуноҳи кабиранинг жумласига киритганлар. Унинг энг хавфли томони риё аралашган амалга бирорта савоб берилмаслигидир. Агар бир одам ўз амалини махфий бажарса, лекин ўша бажарилган амални одамлар сезиб қолиб, гапириб юрсалар, уни бажарган одамга икки карра савоб берилар экан. Имом Термизий ҳазратлари Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, бири киши келиб: “Эй Расулуллоҳ, бир одам амалини яшириб бажаради, бироқ, ногоҳ ошкора бўлиб қолса, таажжубга тушиб (қувониб) ҳам қўяди”, деганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унга икки ажр бор: махфийлик савоби ва ошкоралик савоби”, деганлар. Мазкур ҳадисни яна Имом Табароний Абу Масъуд ал-Ансорий разийаллоҳу анҳудан, Ибн Аби Шайба эса Ҳабиб разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган. Савоблар икки карра қилиб берилгани каби гоҳида гуноҳлар, жазолар ҳам икки карра бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони каримида Тавба сурасининг 101-оятида мунофиқларни икки карра азобга мубтало қилишини айтиб ўтган. Ибн Аби Шайба ривоятидаги ҳадиси шарифда жумъа куни яхши амалларнинг савоби ҳам, ёмон амалларнинг гуноҳлари ҳам икки ҳисса орттириб берилиши зикр этилган. Бинобарин, ҳар бир мўъмин-мусулмон гуноҳ ва маъсият жазоларини орттирмасдан, савобини кўпайтиришга, икки ҳисса савобга эга бўлишга ҳаракат қилмоғи даркор. Хусусан, ҳозирги замонда кўпроқ савоб амаллар қилиб қолишга, амал борасида пешқадам бўлишга интилган яхшироқдир. Зотан, саҳобийи киромлардан Абу Мусо ал-Ашъарий разийаллоҳу анҳу хутба асносида бундоқ деганлар: أيّها الناس، انكم فى زمان لعامل الله فيه أجر واحد وانه سيكون من بعدكم زمان يكون لعامل الله فيه أجران “Эй одамлар, сизлар шундай замонда яшаяпсизларки, Аллоҳ учун амал қилувчига битта ажр берилади. Яқинда сизлардан кейин шундай замонлар келадики, унда Аллоҳ учун амал қилувчига икки ажр бўлади”.
Ҳамидуллоҳ Беруний
|