RSS
Yangiliklar-Новые сообщения · Azolarimiz-Участники · Forum qoidasi-Правила форума · Qidirish-Поиск
  • Page 1 of 1
  • 1
Forum moderator: DURDON, SAKINA  
Namozlarni qazo qilib o'qish haqida
DURDONDate: Payshanba, 24-Okt-2013, 00:56 | Message # 1
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:
Ўтган намозларни қазо қилиб ўқиш ҳақида

Бизларни бандалари орасидан ўз ибодатига лойиқ қилиб танлаб олган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду саноларимиз ва Аллоҳ таолога қандай ибодат қилиш йўл йўриқларини таълим берган пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга дуруду саломларимиз бўлсин! Намозларни ўз вақтида ўқиб адо қилишда сиз - бизга ўрнак бўлган Расулимиз, саҳобалар, тобиъий ва табаъа тобиъийларга Аллоҳ таолонинг раҳмати, мағфирати ва хайрияти доимий бўлсин!

Ҳурматли, динимиз арконларини тўла тўкис ўрганиш иштиёқида бўлган китобсевар дўстларимиз, бу боб ҳақида гап бошлашдан олин, бу мавзуга тегишли айрим атама ва истилоҳларнинг луғавий ва шаръий маъноларига тўхталиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади, деган умиддамиз. Ислом шариъатида бир мавзу ҳақида гапиришдан олдин ўша мавзуга тегишли сўзлар, атама ва истилоҳларнинг луғавий ва шаръий маъноларига тўхталиб ўтилади. Шу кўрсатмага биноан, “қазо намози” жумласида келган “қазо” ва унинг муқобил шакли бўлмиш “адо” атамаларига тўхталиб ўтайлик.
“Қазо” сўзи луғатда “бажарди, ўтади, пухта қилди, ҳукум қилди, оламдан ўтди”, деган маъноларни англатади.
“Қазо” сўзининг шаръий таърифи эса, Имом Содрушшариъа р.а.нинг таърифларига кўра; “қазо - амр билан собит бўлган вожибнинг мисли - ўхшашига бўй сунишдир”, деб келтирилган.
Шунингдек, “қазо” сўзининг муқобил шакли бўлмиш “адо” сўзининг ҳам луғавий ва шаръий таърифини ўрганиб чиқайлик.
“Адо” сўзи луғатда “етказди, бажарди, ўтади”, деган маъноларни англатади.
“Адо” сўзининг шаръий таърифи эса, Имом Содрушшариъа р.а.нинг таърифларига кўра; “адо – амр билан собит бўлган вожибнинг айни ўзига бўй сунишдир”, дейилган.
Шунингдек, усулул - фиқҳ китобаларидан бири бўлмиш Ҳофиз Санаъуллоҳнинг “Талхисул - усул” асарининг “вазъий ҳукумлар” таърифи келтирилган бобида, “адо”, “иъода” ва “қазо” атамалари тўғрисида қуйидаги маълумотлар келтирилган.
“Адо” деб – шаръан буюрилган ишни белгиланган вақтда амалга оширишга, айтилади.
“Иъода” деб - биринчи бор бажарилган ишни бирор камчилик сабабли иккинчи бор такрорран амалга оширишга, айтилади.
“Қазо” деб – буюрилган ишни адо вақтидан кейин амалга оширишга, айтилади.
Демак, Аллоҳ таоло ислом шариъатида уни бажаришга буюрган ишларни ўз вақтида, ўша буйруқнинг айни ўзига бўйсуниб амалга оширишни “адо” деб номланса, Аллоҳ таоло бажаришга буюрган ўша буйруқнинг мислига - ўхшашига бўйсуниб амалга ошириш эса “қазо” номлик ҳукум бўлар экан. Юқорида зикр қилинган таърифлардан ўз вақтида бажарилган фарз,вожиб, суннат ва нафл ибодатларни “адо” ва ўз вақтидан кейин бажарилган амалларни эса, “қазо” дейилишлиги маълум бўлди.
Шу билан бирга ислом шариъатида ибодатларни ўз вақтидан таъхир қилиб ўқишнинг бир неча узрли сабаблари борлиги айтиб ўтилган. Улар сирасига намозни адо қилишда душмандан хавф қилиш, энага аёлнинг намозни ўз вақтида ўқиши туғилажак боланинг ёки туғириқ онанинг нобуд бўлишига олиб келишидаги ҳолатларни келтирилган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам Ҳандақ куни намозни кечиктириб ўқидилар. Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ривоят қилишича; Ҳандақ куни мушриклар Расулуллоҳни тўрт маҳал намозни ўз вақтида ўқишларига имкон беришмади. Кечаси ҳам алла маҳал бўлиб қолган бир пайтда, Муҳаммад алайҳиссалом Билол разияллоҳу анҳуга буюрдилар, у азон айтди. Сўнгра такбир айтди, У зот пешин намозини ўқидилар, у яна такбир айтгач, асрни, яна такбир айтди, кейин шомни сўнгра яна такбир айтди, кейин хуфтонни тартиб билан ўқишди.

Ўтган қазо намозларини қандай ўқилиши ҳақидаги маълумотлар

Қасддан, унитиб ёки уйқу сабабли ўз вақтидан ўтказиб қўйилган, кўп ёки оз миқдордаги ҳар бир фарз намозни қазо қилиб ўқиш шарт бўлади. Мажнун кишига жиннилик ҳолатида соғ пайтида қазо қилган намознинг қазосини ўқиши шарт бўлмаганидек, соғ пайтида ҳам жиннилиги чоғи ўтказиб қўйган намозларининг қазосини ўқиши шарт бўлмайди.
Шунингдек, диндан чиққан муртад кишига ҳам муртадлигида ўқимаган намозининг қазоси, дорулҳарбда мусулмон бўлиб, билмаганлиги боис бир муддат ўқимаган намозларининг қазоси, хушидан кетган киши ва имо – ишора қилиб намоз ўқишдан ҳам ожиз бўлиб қолган касал кишининг касаллик холатидаги қазо қилиб, ўтказиб қўйган намозлари бир кун ва кечадан зиёда бўлиб кетган бўлса, ўша намозаларнинг қазоси ҳам ўқилмайди.
Бирор узр ва зарурат юзасидан ўтказиб қўйилган намозларнинг қазоси қазо қилинган пайтдаги кўринишда ўқилади. Мусофир киши муқимлигида қазо қилган тўрт ракаатлик намозини тўрт ракаат қилиб, муқим киши сафардалигида қазо қилган қаср қилиб ўқиши керак бўлган намозини икки ракаат қилиб ўқийди. Қазо қилиш фарз намозида фарз, вожибда вожиб ва суннатда суннатдир. Қазо учун муайян вақт белгиланмаган. Намоз ўқиш макруҳ бўлган; қуёш чиқиш, завол ва қуёш ботар вақти бўлмиш уч вақтдан ташқари ҳамма вақт қазо намози учун вақт ҳисобланади. Чунки ўша уч вақтда намоз ўқиш ножоиздир. Бу каби маълумотлар “Ал - Баҳрур – роъиқ” асарида ҳам келган. (4/62).
Агар киши қазо намозни ўқишга имкони бўла туриб, ўтган намозни эслаган вақтидан кечиктириши макруҳми, деган саволга жавобан “Ал – Асл” асарида бундай қилиш макруҳлиги айтиб ўтилган. Чунки ўтган намозни эслаган вақт ўша ўтган намознинг вақти бўлади. Намозни ўз вақтидан кечиктириш аниқ макруҳ ҳисобланади. Шу каби қараш “Ал – Муҳит” асарида ҳам келтирилган. (4/85).


 
DURDONDate: Payshanba, 24-Okt-2013, 00:58 | Message # 2
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10133
Status:
“Ал – Асл” асарида келишича; бир киши пешин намозини ўқимаганлигини била туриб, аср намозини ўқиса ўша намози бузилади, бу намозни ўқиётганда аср намозининг ҳам охирги вақти бўлса намози бузилмайди. Лекин ўша фарз намоз бузилсада, Абу Ҳанифа р.а. ва Абу Юсуф р.а.ларнинг наздида намознинг асли бузилмайди, дейилган бўлса, Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳнинг наздида эса ўша намоз бузилади, дейилган. Шунингдек, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг наздида аср намозининг фарзлиги вақтинча бузилиб туради то ўша пешин намозини қайта ўқимасдан туриб, олти ёки ундан кўпроқ вақт намозни ўқиб қўйса, аср намозини қайтариб ўқиса ҳам жоиз бўлиб, уни қайтадан ўқиш вожиб бўлмайди, дейилган. Икки Имом наздида эса, ҳар қандай ҳолатда ўша намозни қайтариб ўқимаса бўлмайдиган даражада узул кесил бузилади, дейилган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг наздидаги асл гап шуки, ўтган ва вақтлик намоз орасидаги тартибга риоя қилиш ўтган кўп намозлар сабабли соқит бўлганидек, адо намозларнинг кўплиги билан ҳам соқит бўлади, дейилган. Шунга ўхшаш маълумот “Ал – Муҳит” асарида ҳам келтирилган. (4/86).
Бир киши бир намозни ўқишни унитган ва қайси намозлигини ҳам билмайди ва қасд қилай деса қасди ҳам бирор намозга тўғри келмаяпти, бизнинг наздимизда бундай пайтда бир кун ва кечалик намозни қайтариб ўқийди. Бу каби маълумот “Аз – Зоҳирия” асарида ҳам келган бўлиб, унда фақиҳ биз шу қарашни оламиз, деган. Шунингдек, “Татархония” асарида ҳам Янабеъ асаридан нақл қилинган ривоятда ҳам шунга ўхшаш маълуот келтирилган.
Шунингдек, агар киши икки кунлик намоздан икки вақт намозни унитиб қолдирса ва ўша намозлар қайси намоз эканлигини билмаса, икки кунлик намозни қайтариб ўқийди. Шу қиёсга кўра уч кундан учта намозни унитиб қолдирса ёки беш кундан бешта намозни ёдидан чиқарса ҳам юқоридаги ҳолатда ўқилади. Икки кундан пешин ва аср намозларини тарк қилса ва улардан қай бирини олдин тарк қилганини билмаса, қасд қилади. Агар унинг аниқ фикри бўлмаса, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг наздида биринчи адо қилган намозини иккинчи бор қайта ўқийди. Чунки унга эҳтиёт юзасидан тартибга риоя қилиш мумкин бўлади. Эҳтиёт эса ибодат масалаларида вожиб бўлади. Айрим олимлар биз бу ҳукумга фақат қасд билан қилишга буюрамиз, тартиб эса бундай кишидан ожизлиги сабабли соқит бўлади, дейишган. Шундай экан ўша кишига намозни икки бор қайта ўқиш шарт бўлмайди. Бу каби маълумот Сарахсийнинг “Ал-Муҳит” асарида ҳам келган.
Агар намозхон биринчи пешиндан бошласа сўнг асрни кейин пешинни ўқиши афзал. Агар асрдан бошласа сўнг пешинни кейин асрни ўқиса ҳам бўлади. Агар киши бир саждани тарк қилганлигини эслаб қолса ва ўша сажда пешинданми ёки ўзи ўқиётган асрнинг саждасими билмаса қасд қилади. Агар қасди бир тўхтамга келмаса, асрни тугатади ва ўша тарк қилинган сажда асрдан бўлиб қолиши эҳтимоли борлигидан бир сажда қилади сўнгра пешинни эҳтиёт юзасидан қайта ўқийди сўнг асрни ҳам қайта ўқиб қўяди. Агар асрни қайта ўқимаса ҳечқиси йўқ. Бу каби маълумотлар “Ал – Муҳит” асарида ҳам келган.(4/87).
“Ал – Ятимия” асарида муаллиф ёзади; отамдан бир киши аср намозига киришди ва намози асносида қуёш ботиб қолди сўнг ўша кишига бошқа бир киши ўша аср намозига иқтидо қилди, унинг иқтидо қилиб ўқиган намози дурустми, деб савол сўралганида, отам; ҳа, агар имом муқим ва иқтидо қилган киши мусофир бўлмаса бўлди, деб жавоб бердилар. Бу каби маълумотлар “Татархония” асарида ҳам келган.(4/88).
Шофиъий мазҳабида бўлган бир киши Ҳанафий мазҳабига ўтди. Шофиъийлигида қазо қилган намозларини ҳанафийликка ўтгандан кейин қазо қилиб ўқимоқчи бўлса, Ҳанафий мазҳабига кўра қазо қилиб ўқийди. Бу каби маълумотлар “Ал – Хулоса” асарида ҳам келган.(4/89).
Бир киши таяммумни билаккача ва витр намозини бир ракаат деб билар эди, кейин таяммум тирсак билан қилинишини ва витр намози уч ракаат эканлигини билиб қолса, ўқиган намозларини қайта ўқимайди. Агар у ўша намозларини бирор кишидан сўрамасдан, билмасдан ўқиган бўлса ва кейин бу ҳақда бирор кишидан сўраса ва ўша киши томонидан унга уч ракаат қилиб ўқишга буйрилган бўлса, олдин ўқиганларини қайта ўқийди. Бу каби маълумотлар “Аз – Заҳирия” асарида ҳам келган.(4/90).
“Ас – Сойрафия” асарида бир аёл киши бир намозни тарк қилди, кейин ҳайз кўриб қолди ва пок бўлди кейин ўтказиб қўйган намозини эслаб туриб (бошқа) намозни ўқиди. Бу ҳақда мусанниф бу намоз ножоиз деган. Бу каби маълумотлар “Татархония” асарида ҳам келган.(4/91).
Бир ҳарбий киши уруш диёрида мусулмон бўлди рўза, намоз ва шу каби шариат аҳкомларини билмасдан ислом диёрига кирди ёки усулулфиқҳ қоидасидаги қиёс ёки истиҳсонга кўра унинг зиммасида рўза ва намоз қазоси бўлмасдан вафот этди, деб бу киши иқобга қолмаслиги ҳукум қилинади. Агар ўша киши ислом диёрида мусулмон бўлиб, шариат аҳкомларини билмаганида эди, истиҳсон масаласига кўра унга ибодатларни қазо қилиб бажари шарт бўлар эди. Бу каби маълумот “Фатавои Қозихон” асарида “Кофир киши томонидан қилинадиган ва қилинмайдиган ислом рукунлари” бобида келтирилган.
Агар ўша кофир кишига дорулҳарбда бир киши ислом арконлари ҳақида хабар етказган бўлса, уларни қазо қилиб бажариш унга шарт бўлади. Ҳасан Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан агар унга икки киши ёки бир киши ва икки аёл етказмаган бўлса, унга қазо қилиш шарт бўлмайди деган фикрни ривоят қилган. Бу каби маълумот Сарахсийнинг “Ал – Муҳит” асарида ҳам келган. (4/92).
Албаҳрур – роиқ асарида ўтган қазо намозларидан бошқа намозлар қазо қилинмайди дейилган. Шунингдек, Зоҳирия ва Хулоса асарларида ҳам: бир киши эҳтиёт юзасидан умри мобайнида бирор намозни ўтказиб қўймаган бўлса, уни қазо қилиб ўқиши макруҳ, дейилган бўлса, баъзи ривоятларда эса бу ҳолат макруҳ эмаслиги айтилган. Чунки намозхон бу ишни эҳтиёт юзасидан амалга оширади, деган фикр билдирилган. Лекин бундай қазо намозларини бомдод ва аср намозларидан кейин ўқилмайди. Бу ҳолатда номозхон ҳамма ракаатда фотиҳа сураси билан бир зам сура ўқийди, дейилган.
Ал - Аттабия асарида Абу Наср раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинишича: бир киши гарчи умр мобайнида бирор намоз қазо қилмаган бўлсада, эҳтиёт юзасидан намозида учраган бирор камчилик ва макруҳ иш сабабли намозини қайта ўқиши яхшидир, дейилган. Лекин намозда бирор камчилик кузатилмаган бўлса, уни қайта ўқилмайди. Саҳиҳ ривоятга кўра агар ўқимоқчи бўлса ўша намозни бомдод ва аср намозларидан кейин ўқимайди. Бу ишни ўтган кўпгина олимлар намозларидаги учраган айрим шубҳали ишлар сабабли амалга оширганликлари ривоят қилинган. Бу ҳақда Музмарот асарида ҳам келган бўлиб, унда ҳар бир ракаатда фотиҳа сураси билан бир зам сура ҳам ўқилади, дейилган. (4/93).
Шунингдек, Фатавоий Ҳиндия асарида ҳам ўтган намозларни ўқиш нафл намозларни ўқишдан авло ва муҳим саналади, лекин маълум суннат намозалари, зуҳо намози, тасбиҳ намози ва уларда махсус сура ва дуолар ўқиладиган намозлар бундан мустасно, дейилган.
Иброҳим ибн Муҳаммад Ҳалабийнинг “Ҳалабаи сағир - Мухтасару ғунятул - мутамаллий” асарининг “ Ўтган намозларни қазо қилиб ўқиш боби” 201 – бетида: Агар киши олдин бирор нуқсон билан ўқиган намозларини қайтариб ўқишни хоҳласа, бу яхши ишдир. Агар камчилиги бўлмаган намозни қайтадан ўқимоқчи бўлса, бу иш макруҳ. Бошқа бир ривоятда эса бу ишни макруҳ эмас дейилган. Агар намозхон шундай ишни қилмоқчи бўлса, намозни бомдод ва аср намозларидан кейин ўқимайди. Чунки ўша намоз нафл бўлганлиги учун бу вақтларда намоз ўқиш макруҳ ҳисобланади.
“Татархония” асарида; зиммасида қазоси бор йўқлигида шак қилган киши қазо намоз ўқишни ният қилиши макруҳ, дейилган. Агар киши зиммасида қазо намози қолганми ёки йўқлигини билмаса, афзали пешин, аср, хуфтон намозларининг тўрт ракатида ҳам замсура қилади, дейилган.
Муаллифнинг “пешин, аср, хуфтон намозларининг тўрт ракатида ҳам замсура қилади” , деган жумлани келтиришдан мақсади, унинг зиммасида ўқиши шарт бўлган қазо намозлари тугади, деган эҳтимол билан ўқиган намозлари кундалик суннат намозлари қаторига ўтади, деб ҳар бир ракаатда фотиҳа сураси ва бир замсура ўқиб қўяди деганидир.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, зиммасида қазо намози қолмади, деган эҳтимол билан ўқилган намоз нафл (суннат) намозига айланиб қолиши мумкин. Шунинг учун пешин, аср ва хуфтон намозларининг қазосида ҳар бир ракаатга фотиҳа сураси ва бир замсура ҳам ўқиш афзал дейилган.
Аммо, бирор киши қазо намоз ўқишда биринчи ва иккинчи ракаатнинг ўзида фотиҳа ва замсура қилиб, кейинги ракаатларда фотиҳа сурасининг ўзини ўқиса, у ҳам қазо намози ўрнига ўтади.

Фойдалнилган адабиётлар;
1. Ибн Нужаймнинг “Ал – Ашбоҳ ва ан - назоир” асарининг 1 – жилди, 73,93 – бетлари.
2. Ғамзу уюнил – басоир асарининг 2- жилд, 240 – бети.
3. “Ал - яқин ла язул биш – шак – Ишонч шак билан йўқ бўлмайди” номлик қоиданинг таҳқиқи.
4. Иброҳим ибн Муҳаммад Ҳалабийнинг “Ҳалабаи сағир - Мухтасару ғунятул - мутамаллий” асарининг “ Ўтган намозларни қазо қилиб ўқиш боби” 201 – бети.

manba:fiqh.uz


 
  • Page 1 of 1
  • 1
Search: