SUPER ADMINKA
Guruh:
Admin yordamchisi
Xabarlar:
10165
Holati:
|
ТАСБЕХ НАМОЗИ ХАКИДА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар ва Унинг расули Муҳаммад алайҳиссаломга кўпдан-кўп дуруду-саловотлар бўлсин!
Тасбеҳ намози ниҳоятда фазилатли, савоби бисёр бўлган ихтиёрий нафл намозлар сирасига киради. Ҳадисларда бу намознинг фазилатлари ва уни адо қилган бандага берилажак даражотлар ҳақида баён қилинган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз амакилари Аббос ибн Абдулмуттолибга айтдилар: “Эй Аббос! Эй амакижон! Сизга бир ҳадя берайми? Сизга бир яхшилик қилайми? Сизга ўнта хислати бўлган бир амални ўргатайми? Агар сиз ўша амални қиладиган бўлсангиз, Аллоҳ сизнинг гуноҳларингизни – аввалгисию охиргисини, эскисинию янгисини, хатосию қасддан қилинганини, кичигию каттасини, ошкорасинию махфийсини мағфират қилади. Сиз тўрт ракъат намоз ўқийсиз. Ҳар ракъатда Фотиҳани ва бир сурани ўқийсиз. Биринчи ракъатда қироатдан фориғ бўлсангиз, тик турган ҳолингизда: “Субҳоналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” деб ўн беш марта айтасиз. Кейин рукуъ қиласиз ва рукуъда турган ҳолингизда уларни ўн марта айтасиз. Кейин бошингизни рукуъдан кўтариб, уларни ўн марта айтасиз. Кейин сажда қиласиз ва уларни саждада турган ҳолингизда ўн марта айтасиз. Кейин бошингизни саждадан кўтариб, уларни ўн марта айтасиз. Кейин сажда қилиб, яна ўн марта айтасиз. Кейин бошингизни кўтариб, уларни ўн марта айтасиз. Ана ўша бир ракъатда етмиш бештадир. Буларни тўрт ракъатда ҳам адо қиласиз. Агар бу намозни ҳар куни ўқий олсангиз, ўшани қилинг. Агар қила олмасангиз, ҳар жума куни бир марта қилинг. Агарда уни ҳам қила олмасангиз, ҳар ойда бир марта қилинг. Агарда уни ҳам қила олмасангиз, ҳар йилда бир марта қилинг. Агарда уни ҳам қила олмасангиз, умрингиз давомида бир марта қилинг”. Ҳадиснинг бошқа ривоятида шундай зиёдаси бор: “Агар сиз ер аҳлининг энг катта гуноҳкори бўлсангиз ҳам, албатта, у сабабли мағфират қилинасиз”. Ушбу ҳадисни муҳаддислардан Байҳақий, Ибн Ҳузайма, Ҳоким, Ибн Ҳиббон, Абдуллоҳ ибн Муборак, Табароний, Хатиб, Ожурий, Самъаний, Абу Мусо Мананийлар ривоят қилишган. Имом Бухорий ҳазратлари ҳам “Жузул Қуръонда” келтирганлар. Имом Термизий тасбеҳ намози ҳақидаги бир нечта ривоятларни ўзларининг ҳадис тўпламларида келтирганлар: Абу Рофиъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди; айтди: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (амакилари) Аббосга дедиларки: “Эй амаким! Сизга бир қариндошлик (ҳақини адо) қилайинми? Сизга бир эҳсон этайинми? Сизга бир манфаат етказайинми?” (Аббос (розияллоҳу анҳу): “Ҳа (айтинг), ё Расулуллоҳ!” дедилар. Айтдилар: “Эй амаким! Тўрт ракъат намоз ўқинг, ҳар бир ракъатида Фотиҳа сураси билан бирга битта сурани ўқинг. Қироат битгач, рукуъга бормасдан олдин ўн беш марта “Аллоҳу акбару валҳамду лиллаҳи ва субҳаналлоҳи” денг. Рукуъга бориб уни (рукуъда) ўн марта айтинг. Рукуъдан бошингизни кўтариб, яна ўн марта айтинг. Сажда қилинг ва (саждада) ўшани ўн марта айтинг. Саждадан бошингизни кўтариб, яна ўн марта айтинг. Кейин (иккинчи) саждага боринг ва (саждада) ўшани ўн марта айтинг. Иккинчи саждадан бошингизни кўтариб, қиёмга турмасдан олдин ўшани яна ўн марта айтинг. Шундай қилиб, бу тасбиҳлар ҳар бир ракъатда етмиш бештадир. Тўрт ракъатда уч юзта тасбиҳ бўлади. Бас, агар гуноҳларингиз қумларнинг саноғича бўлса ҳам, Аллоҳ сизни мағфират қилгайдир!” Аббос (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ! Бу тасбиҳларни кунда ким ҳам айта оларди!” дедилар. (Расули Акрам) айтдиларки, уларни ҳар куни айта олмасангиз, ҳафтада бир бор айтинг. Агар ҳафтада айта олмасангиз, ойда бир айтинг... “ У кишига (шу йўсин) уқдиришда давом этиб, ҳатто охири: “Бир йилда бир марта айтинг” дедилар”. Ҳадис Шофиъий мазҳабида иккинчи саждадан кейин, ўтириш бор деб қабул қилинган истироҳат ўтириши учун далил қилиб олинган. Ҳолбуки, бу фақат тасбиҳ намозига хосдир. Тасбиҳ намозида иккинчи саждадан кейин истироҳат ўтиришида ўн тасбиҳ айтилганидан кейин қиёмга турилади. Бу ҳадис Абу Рофиънинг ривояти сифатида ғарибдир.
|