SUPER ADMINKA
Guruh:
Admin yordamchisi
Xabarlar:
10165
Holati:
|
Davomi
Кимнинг қувончи намозга қўйилган бўлса, у ундан бошқа нарса билан қандай қувонсин?! Унга қандай сабр қилсин?! Қувончи намозга қўйилган ҳушёр қалбли одамнинг намози, нури ва ҳужжати билан осмонга кўтарилади ва уни Аллоҳ азза ва жалла кутиб олади. Шунда намоз намозхонга: Мени унутмаганинг учун Аллоҳ сени ҳифзу ҳимоясига олсин!,– дейди. Намозига лоқайд ва унинг ҳақлари, ҳадлари ва хушуларини бермаган одамнинг намози эса худди эски кийимларни ўралганидек ўралиб, намхоннинг юзига отилади ва намоз: Мени зое қилганидек Аллоҳ сени зое қилсин!,– дейди.
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтди: «Қайси мўъмин таҳоратини жойигача тўкис қилар, сўнгра намозга туриб уни вақти, рукуси, саждаси ва арконлари билан Аллоҳ учун адо этар экан, бу намози ўз нури билан машриқу мағрибни ёритади ва Аллоҳнинг ҳузурига етиб боради. Намозга турган ва унинг таҳоратини тўкис қилмаган, вақтидан кечиктирган, рукуси, саждаси ва арконларидан ўғирлаган бўлса, унинг бу намози тим қора бўлиб юқорига кўтарилади ва бошининг сочларидан нарига ўтмайди ва: Аллоҳ сени мени зое қилганингдек зое қилсин! Аллоҳ сени мени зое қилганингдек зое қилсин!,– дейди» (Заиф ҳадис).
Аллоҳнинг даргоҳида қабул қилинган намоз ва амал – банданинг Роббисига лойиқ суратда адо этган намозидир. Агар намоз Аллоҳга лойиқ ва салоҳиятли бўлса, у – мақбулдир.
Аллоҳ даргоҳида қабул қилинадиган амаллар икки турли бўлади:
Биринчиси: банда қалби билан Аллоҳга боғланган ҳолатида намоз ўқир ва бошқа амалларни қилар ҳамда мудом Аллоҳ азза ва жалланинг зикрида бўлар экан, бу банданинг амаллари Аллоҳ таолога кўндаланг қилинади ва унинг рўпарасида туради. Аллоҳ таоло бу амалларга қарайди ва унинг Ўз юзи учун холис, самимий, Аллоҳни суйган қалбдан содир бўлганини кўргач, уларни суяди, улардан рози бўлади ва қабул қилади.
Иккинчиси: банда амалларни урф–одатга биноан ғафлатда қилади. Қилаётган амали билан Аллоҳ таолога итоат қилиш ва яқин бўлиш нийятида узвлари билан ибодатни адо этсада, қалби лоқайд ва ғофил бўлади. Унинг бошқа амаллари ҳам шундай бўлади ва Аллоҳ таолога кўтарилгани маҳал, Аллоҳнинг қаршисида тура олмайди ва Аллоҳ унга назар ташламайди. Амаллари, амаллар девони турган жойга қўйилади. Сўнгра уларни Қиёмат кунида бандага қайта кўрсатилади ва Аллоҳ учун қилинганига савоб берилиб, Аллоҳ учун қилинмагани банданинг ўзига қайтарилади. Амалнинг қабул бўлиши – бандани қасрлар, ноз–неъматлар ва ҳурлар билан тақдирланиши, демакдир.
Биринчи намозхонни амални қилишга рози бўлиш, намозхондан Аллоҳ учун қилгани боис ризолик, Аллоҳга яқинлаштириш, мақоми ва даражасини кўтариш билан мукофотланади. Буларни Аллоҳ таоло беҳисоб беради. Бу ҳам, юқоридаги ҳам, айри мукофотлардир.
Одамлар намоз ўқир эканлар беш ҳолатда бўладилар:
Биринчиси: ўз жонига жабр қилган одамнинг ҳолати. Бу одам намозига лоқайд бўлиб, унинг таҳорати, вақтлари, ҳадлари ва арконларини етарли қилмайди.
Иккинчиси: намозининг ўз вақтида арконлари ва таҳоратлари билан ўқилишига зоҳиран диққат қилган бироқ нафсининг васвасалар билан курашига беэътибор, васваса ва ўйларига мағлуб бўлан одамнинг ҳолати.
Учинчиси: намозининг тўкислиги ва арконларига риоя қилган ва нафси билан васваса ва ўйларни даф қилиш учун курашган одамнинг ҳолати. У, намозидан ўғирламаслиги учун душманига қарши кураш билан банд. Бундай намозхон намоз ва жиҳод ичида бўлади.
Тўртинчиси: намоз ўқимоқчи бўлса намозининг ҳуқуқлари ва арконларини тўкис қилган, қалби унинг ҳаққи ва арконларини тўкис қилиш билан банд бўлган одамнинг ҳолати. У, намозидан бирон нарсанинг зое бўлмаслигини хоҳлайди. Шу боис унинг мақсади намозини лойиқ бўлганидек тўкис адо этиш ва мукаммал қилишга қаратилган бўлади. Ҳолбуки, унинг қалби намоз ўқиш ва Рабб таолога ибодат қилиш билан банд бўлади.
Бешинчиси: намозга тўртинчи ҳолатдаги одам каби турган бироқ қалбини олиб, Аллоҳнинг олдига қўйган одамнинг ҳолати. У, қалби билан Аллоҳга қараб туради, Аллоҳнинг нигоҳбонлигини унутмайди, Аллоҳни кўриб тургандек муҳаббати ва азамати билан тўлади. Унинг кўнглидаги васваса ва ўйлар бутунлай йўқолади. Аллоҳ билан ўртасидаги парда кўтарилади. Намозда бу намозхон билан бошқалар ўртасидаги масофа, Ер билан Осмон ўртасидаги масофа каби узоқ бўлади. Бу мўъмин намозида Роббиси билан доимо банд ва қувонч ичрадир.
Биринчи ҳолатдаги одам жазоланади. Иккинчи ҳолатдаги одам сарҳисоб қилинади. Учинчи ҳолатдаги одамнинг намози каффоратдир. Тўртинчи ҳолатдаги одам намози учун муносиб тақдирланади. Бешинчи ҳолатдаги одам Роббисига яқиндир. Чунки унинг, қувончи намозга қўйилган одамдан насибаси бордир. Бу дунёда намози туфайли қувонган одам, охиратда Аллоҳга яқин бўлиши билан қувонади. Аллоҳ билан қувонган одамни кўриб ҳамма қувонади. Аллоҳ билан қувонмаган одамнинг жони, бу дунёга ҳасрат билан узилади.
Ривоят қилинишича банда намозини бошлагач Аллоҳ таоло: Мен билан бандам ўртасидаги пардани кўтаринглар!, агар намозида (у ёқ ёки бу йққа) ўгирилса: Пардани туширинглар!,– дейди. Бу ўгирилишни: Кўнгилнинг Аллоҳдан бошқасига бурилиши, деб изоҳланди. Агар кўнгил Аллоҳдан бошқасига ўгириладиган бўлса, Аллоҳ банда билан Ўзи ўртасини парда билан тўсади ва Шайтон намозга аралашиб, намозхонга дунё ишларини рўпара қилиб, ойнадек қилиб кўрсатади. Агар намозхон кўнгли билан Аллоҳга йўналиб, Аллоҳдан бошқаси учун бурилмаса, шайтон Аллоҳ билан бу кўнгил ўртасига кира олмайди. Ўртага парда тушсагина кира олади. Банда Аллоҳ сари қочса ва кўнглини ҳушёр қилса, шайтон у бандадан қочади. Банда ва шайтон ўртасидаги можаро, намозда шундай давом этаверади.
Банда шаҳвати ва нафсу ҳавосига ғолиб келар экан, намозда туриши ва намоздаги бандлиги билан кучли бўлади. Акси тақдирда унинг қалбини шаҳватлар мағлуб қилиб, нафсу ҳаво асир этади ва шайтон унга ҳукмрон бўлиб олади. Бундай пайтда бечора банда васваса ва ўйлардан қандай халос бўлиши мумкин?! ...
Қалб уч турли бўлади:
Биринчиси: иймон ва эзгу ишлардан бўш қалб
Бу – шайтон васвасалари билан чулғаб олган қоронғу қалбдир. Чунки шайтон бу қалбни ўзи учун ин ва ватан қилиб, унга хоҳлаганидек ҳукм қила оладиган даражада ўрнашиб олган.
Иккинчиси: иймон нури билан мунаввар бўлган ва иймон чироқлари ёнган бироқ шаҳват зулматлари ва нафсу ҳаво шаббодалари эсиб турган қалб.
Бу – баъзида шайтон ҳужумга ўтса, баъзида чекинган, шайтон умидвор бўлган ва банда билан ўртасидаги кураш ғолиблик ва мағлублик ўртасида давом этган қалбдир.
Бу турдаги қалбларнинг душманига ғолиблик ва мағлублик онлари ҳам фарқли бўлиб, кўпинча шайтонга ғолиб бўлса, бошқа пайтларда шайтон унга ғолиб бўлади.
Учинчиси: иймон билан тўлган, иймон нури билан мунаввар бўлган ва шаҳват пардалари ва юқоридаги зулматлари бўлмаган қалб.
Иймон нури бу қалбда порлайди. Бу порлашнинг ўзига хос ҳарорати бўлиб, унга яқинлашган васвасаларни куйдиради. У – юлдузлар билан ҳимояланган осмонга ўхшайди. Унга шайтон яқинлашса тошбўрон қилинади.
Аллоҳ таоло саййидимиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва барча асҳобларига салавоту саломлар йўлласин
|