Бу ерда гап ҳақиқий ва ниҳоий насиб ҳақида кетаяпти. Кофирларга бу дунёда еган таомидан ўзга насиба йўқ. Иккинчидан, бу дунёда мўмин ҳалол-пок нарсаларни меъёрида, завқ билан, ундан ҳосил бўлган қувватни тақво, савоб ва хайрга сарф қилиш учун еб-ичади. Кофирнинг эса, унга эслатиб турувчи на тақвоси бор, у на савобни ёки гуноҳни ўйлайди, унинг дунёдаги асосий мақсади — қорин тўйғазишдир. Шунинг учун ҳам ҳалол-ҳаром, пок-нопокнинг фарқига бормай, молдек еяверади. Ҳамда унинг учун охиратда бундан бошқа ҳеч қандай насиба қолмайди. Демак, ким баднафс бўлса, қорин бандаси бўлса, кофирларнинг бу борадаги сифатини ўзида мужассамлаштирган бўлар экан. Ким овқатланиш масаласида мўътадил бўлса, одоб-ахлоқли бўлса, таомни яшаш эҳтиёжларидан биригина деб билса, мусулмонларнинг бу борадаги сифатини ўзида мужассамлаштирган бўлар экан.
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учта бормоқлари билан ер эдилар ва қўлларини артишдан олдин ялар эдилар». Шарҳ: Бу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи бир таомларни ейиш услублари ҳақида сўз кетмоқда. Албатта, бармоқ ила ейиладиган таом ҳақида гап кетмоқда.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, шайтон сизларнинг ҳар бирингизнинг ҳар бир ишида ҳозир бўлади; таомига ҳам ҳозир бўлади. Қачон бирингиздан луқма тушса, ундаги нолойиқ нарсани кетказиб, кейин есин. Уни шайтонга тарк қилмасин. Агар фориғ бўлса, бармоқларини яласин. Чунки, у таомининг қаерида барака бўлишини билмас», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «У зот лаганни бармоқларимиз ила сидириб ялашга амр қилдилар ва: «Албатта, сизлар таомингизнинг қаерида барака бўлишини билмассиз, дедилар», дейилган». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан динимиз таомга нисбатан қанчалар эътиборли бўлганини ва тежамкор бўлишимизни талаб қилганини билиб оламиз. Ажойиб бир ҳикмат. Таомнинг баракаси қаерда эканини билиб бўлмайди. Унинг асосий тўпидами, энг марказидами, ёки ерга тушган бирор луқма, томчи, увоқдами? Ёхуд таомнинг лаганга, идишга ёпишиб қолган қисмидами? Шунинг учун баракадан умидвор бўлган ҳар бир инсон бирор томчи ёки бирор увоқ таомни исроф қилмасин. Ҳаттоки, қўлини ва идишини ҳам ялаб қўйсин. Агар шундоқ қилмаса, ўз таомидан баракали жойини шайтони лаъинга берган бўлади. Ушбу ҳадисни ўрганар эканмиз, беихтиёр бугунги кундаги таом борасидаги исрофлар ёдимизга тушади. Орадан файзу бараканинг кўтарилгани эсга тушади. Ўзимиз қилар ишни қилиб қўйиб, нимага барака қолмади экан, деб юришимиз эсга тушади. Аллоҳнинг динига амал қилмаслик шундоқ бўлади. Ҳар бир нарсада салбий натижаларга олиб келади.
Сувайд ибн ан-Нуъмон розияллоҳу анҳу: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Хайбарга чиқдик. Саҳбоога етганимизда У зот таом чақирдилар. Фақатгина талқон келтирилди. Бас, едик. Сўнг У зот намозга тураётиб оғизларини яхшилаб чайдилар. Биз ҳам чайдик». Бухорий ривоят қилган. Шарҳ: Овқатланишнинг исломий маданияти ҳар бир мусулмондан ҳар бир таомдан кейин оғзини яхшилаб чайишни талаб қилади. Бу ишни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганлари ҳақида ривоятлар кўп. Оғиз доимо тоза-пок туришига мусулмонлар доимо катта эътибор берганлар. Оғиз билан Қуръони Карим, ибодат дуолари ўқилади, Аллоҳ таолонинг зикри қилинади, шунинг учун у доимо пок бўлиши, ҳид чиқмаслиги керак, деган тушунча ҳеч қачон мусулмонлар ёдидан кўтарилмаган. Ҳозирги кунда ҳар бир таомдан кейин оғизни тозалаш лозимлиги соғлиқни сақлашнинг энг муҳим омили экани сир бўлмай қолди. Буни Ислом дини ўн тўрт аср олдин йўлга қўйганини эса, баъзи мусулмонман деб юрганлар ҳам билмасалар керак.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз таом еса, қўлини яламай ёки ялатмай туриб артмасин», дедилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган. Шарҳ: Бу маънодаги ҳадиси шариф олдин ҳам ўтди. Қўл билан таом еган одам қўлини олдин ялаб олиб артса, қўлида қолган таом қолдиқлари, хусусан, ёғлар увол бўлмайди. Ёғ ва бошқа нарсалар сочиқ ва унинг ўрнида ишлатиладиган нарсаларни ҳам ортиқча ишдан чиқармайди. Шунингдек, таомнинг баракаси қочмайди. Ундан шайтонга насиба қолмайди. Шунинг учун ҳам бошқа диний таълимотлар қатори, бу ҳадиси шарифга ҳам доимо ихлос билан амал қилмоғимиз лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қўлидаги таом юқи ила, уни ювмасдан ухлаб қолсаю, унга бирор мусибат етса, ўзидан бошқани маломат қилмасин», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. Шарҳ: Баъзи кишилар ушбу ҳадиси шарифни ўқиб, овқат егандан кейин қўлини ювмай ухлайдиган одам ҳам бўлар эканми, дейишлари мумкин. Ҳа, фақат ўтакетган эътиборсиз одамгина қўлидаги овқатнинг юқини ювмай ухлаши мумкин. Лекин, бу ҳадиси шариф айтилиши беҳикмат эмас. Чунки, Ислом янги келган пайтда бунга ўхшаш одоблардан одамларнинг умуман хабарлари йўқ эди. Аллоҳнинг таълимоти бўлган Ислом биринчи бўлиб бу каби ишларда инқилобий ўзгартишлар вужудга келтирди. Кишиларни маданиятли бўлишга даъват қилди. Янги мусулмонларни ана шу руҳда тарбиялаб борди. Аста-секин мусулмонлардан кўриб бошқа халқлар ҳам бу масалаларга эътибор бера бошладилар. Андалусдаги Ислом давлати билан қўшничилик таъсири остида қўшни халқлар ҳам қўлини ювиб овқатланишга ва овқат еб бўлиб қўлини ювишга одатландилар. Ушбу ҳадиси шарифда овқатдан кейин қўлини ювмаслик мусибат етказиши таъкидланмоқда. Бу мусибатга эса, фақатгина ўша қўлини ювмаган одамнинг ўзи сабабчи эканлиги ҳам айтилмоқда. Мазкур мусибат турли-туман касалликлар ёки шунга ўхшаш нарсалар кўринишида бўлиши мумкинлигини уламоимиз айтиб ўтганлар.
Анас розияллоҳу анҳу: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эскиб қолган хурмо келтирилди. Бас, У зот уни текшириб, қуртини чиқара бошладилар», деди». Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилганлар. Шарҳ: Бу ҳадисдан таомни ейишдан олдин яхшилаб кўриб, баъзи бир нарсалар бўлса, эътибор бериб емоқ кераклиги ўрганилади.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон кечки таом қўйилганда намозга иқомат айтилса, кечки таомдан бошланглар», дедилар». Бошқа ривоятда: «Қачон намозга иқомат айтилганда кечки таом ҳозир бўлса, кечки таомдан бошланглар», дейилган. Учовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Мусулмон одамнинг таоми намоз вақтига тўғри келиб қолиши зарурат юзасидан бўлиши мумкин, холос. Бўлмаса, мусулмон инсон ўз кунини намоз вақтига мослаб, намозга ҳеч нарса тўсиқ бўлмайдиган қилиб тартибга солади. Зарурат юзасидан таом билан намоз вақти баробар келиб қолганда эса, таомни олдин бошлаган афзал экан. Чунки инсон ўта оч қолган бўлиши мумкин. Қолаверса, қорни оч одам олдидаги тайёр таомни қўйиб намоз ўқиса, намозда хаёли бузилиши ҳам мумкин. Ана ўша эътиборлардан: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон кечки таом қўйилганда намозга иқомат айтилса, кечки таомдан бошланглар», дедилар».
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бир сиқим сифатсиз хурмо билан бўлса ҳам кечки овқат қилинглар. Чунки кечки овқатни тарк қилиш қариликдир», дедилар». Термизий ривоят қилган. Шарҳ: Биз «кечки овқат» деб таржима қилган ибора арабчада «аъшаа» дейилади ва пешин вақтидан кейинги таомга айтилади. Бу ҳадиси шарифдан кечки овқатни тарк қилиш яхши эмаслигини тушуниб оламиз.
Уламо аҳли таом одоби ҳақидаги барча далил ва ҳужжатларни батафсил ўрганиб чиқиб, уларни солиштириб, усули фиқҳ ва бошқа қоидаларни ишлатиб, жумладан, қуйидаги хулосаларни қилганлар; 1. Таом емоқ гоҳида фарз бўлиб, бу ишни қилгани учун инсон савоб олади ва уни қилмагани учун гуноҳкор бўлади. Ҳалокатни даф қилиш учун емоқнинг ҳукми шудир. Чунки Исломда инсон ўз жонини ҳалокатга ташламайди, балки уни сақлаш учун ҳаракат қилиши фарздир. 2. Таом емоқ гоҳида вожиб бўлади. Фарз намозни тик туриб ўқишга қодир бўлгудек ва фарз рўзани тутишга қодир бўлгудек емоқ вожибдир. Шариат қоидаси бўйича вожибни адо этиш учун керак бўлган нарса ҳам вожиб ҳисобланади. 3. Таом емоқ гоҳида мандуб бўлади. Ризқ касб қилишга, илм олишга ва нафл ибодатларни адо этишга қодир бўлгудек емоқ мандубдир. 4. Таом емоқ гоҳида мубоҳ бўлади. Зарар етадиган бўлмагудек тўйиб таом тановул қилмоқ мубоҳдир. 5. Таом емоқ гоҳида ҳаром бўлади. Ортиқча тўйиб, ўзига зарар етказадиган даражагача таом емоқ ҳаромдир. 6. Таом емоқ гоҳида макруҳ бўлади. Бунга тўйганидан ортиқча емоқ киради. 7. Ўзи қилган қурбонликнинг гўштидан емоқ мустаҳабдир. 8. Ақийқанинг ҳукми ҳам қурбонликнинг ҳукмига ўхшаш. 9. Каффорат ва фидя учун сўйилган ҳайвоннинг гўштидан ўша каффорат ва фидя вожиб бўлган одам емоғи мумкин эмас. 10. Тўй ва зиёфат таомидан емоқ мустаҳабдир. 11. Нотаниш жойда таом емоқчи бўлган одам у ердаги таомнинг қандоқ бўлишини билмагани учун унинг ҳақида суриштирмай туриб емаслиги керак. Пайғабаримиз алайҳиссалом доимо аввал суриштириб олиб, кейин таомга қўл узатар эдилар. 12. Меҳмонга тезроқ таом тақдим қилиш мезбоннинг одобидандир. 13. Тақдим қилинган таомдан тезроқ тановул қилиш меҳмоннинг одобидандир. Агар у таомдан емаса, мезбонга ҳурматсизлик бўлади. 14. Таом тановул қилишдан олдин икки қўлни ювилади. 15. Таом тановул қилишни бошлашда «бисмиллаҳи» айтилади. 16. Таомни ўнг қўл билан ейилади. 17. Ҳар ким ўз олдидан ейди. Бировнинг олдидаги таомга қўл узатиш беодобликдир. 18. Қўл билан еганда таомни уч бармоғи билан олади. Ундан кўп бармоғини ишга солиш очкўзликдир. 19. Таомни ёнбошлаган ҳолда ейилмайди. 20. Қўлидан тушган таомни олиб ейди. 21. Таомни еб бўлгандан сўнг Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, дуо қилади. 22. Меҳмон таомдан сўнг мезбонни дуо қилади. 23. Таомдан кейин икки қўлни ювилади. 24. Таомдан кейин оғизни чайилади. 25. Таомни ёмонлаш мутлақо мумкин эмас.
Таомдан аввалги ва таом ейиш асносидаги суннатлар:
1. Тасмия айтиш. 2. Ўнг қўл билан ейиш. 3. Ейувчи ўзининг олдидан ейиши. Мана шу суннатларни: «Эй ғулом! Аллоҳнинг исми ила, ўнг қўлинг ила, ўзингга яқиндан егин!» деган ҳадис жам қилади. Муслим ривоят қилган.
4. Луқма тушиб кетса, сидириб ейиш. «Қачон бирингиздан луқма тушса, ундаги нолойиқ нарсани кетказиб, кейин есин» деган ҳадисга кўра. Муслим ривоят қилган. 5. Учта бармоқ билан ейиш. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учта бармоқлари билан ер эдилар». Муслим ривоят қилган. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча қилган ишлари. Мана шу афзалдир.
Таомланишдаги ўтириш сифати: Чўкка тушиб тиззаси билан ўтириши ва оёғларнинг тўпиғидан пасти кўриниб туриши. Ёки, чап оёғини тик тутиб, чапига ўтириш. Мана шу мустаҳабдир.
Таомдан кейинги суннатлар 1. Товоқ ва бармоқларни ялаш. Батаҳқиқ, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бармоқ ва товоқларни ялашга амр қилиб: «Албатта сизлар қайси бирида барака борлигини билмайсизлар», деганлар. Муслим ривоят қилган.
2. Таомдан кейин Аллоҳга ҳамд айтиш: «Албатта Аллоҳ бир таомни еб унинг учун ҳамд айтадиган бандасидан рози бўлур». Муслим ривоят қилган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таомдан кейинги дуоларидан: «Алҳамду лиллаҳиллази атъамани ҳаза ва розақони мин ғойри ҳавлин ва ла қувва» эди. Маъноси: «Шуни менга, менинг куч-қувватимсиз, таом қилиб ва ризқ қилиб берган Аллоҳга ҳамд бўлсин».
Бу дуонинг самараси: «Унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилунур». Абу Довуд, Тирмизий ва Ибн Можа ривоят қилганлар.
Paygambarimiz (s.a.v.) "Taomni sog qolingiz bilan yeng, sol qoli bilan shayton yeydi", deganlar
Umar bin Abi Salama deydi-ki, "Paygambarimiz menga; O'ng qoling bilan ye, va oldingdan ye, dedi" (Muslim, "Ashriba",108)
Taomni ong qol bilan yeyishning ma'nosi, fikri ojimizcha, shu: inson vujudi bir energiya manbai o'laroq, magnitga ohshaydi: uning o'ng tarafi, asosan, pozitiv, chap tarafi, asosan, negativdir. Odam taomni ong qoli bilan yesa, yemak pozitib energiya ta'sirida boladi va u inson vujudi manfaati uchun harjlanadi. Chap qol bilan yeyilgan yemak esa, negativ energiya ta'sirida boladi va u vujudning zarariga ishlaydi.
Агар сизлардан бирингиз таом тановул қиладиган бўлса, ўнг қўли билан овқатлансин. Бирор ичимлик ичадиган бўлса, ўнг қўли билан ичсин. Бирор нарса оладиган бўлса, ўнг қўли билан олсин. Бирор нарса берадиган бўлса ҳам, ўнг қўли билан берсин. Ҳасан ибн Суфён ривояти.
Salmon Forsiy roziyallohu anhu dedilar: Men Tavrotda “taomning barakasi, orqasidan qo‘l yuvishdadir” deb o‘qidim.
Bu masalani Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga aytdim. U zot marhamat kildilar: Taomning barokatlik bo‘lishi undan avval va undan keyin qo‘l yuvishdadir.
Ulamolar aytganlarki, taomdan avval qo‘l yuvilganda bo‘ladigan barakat shuki, qo‘l yuvib yeyilgan taom ziyoda bo‘ladi, hammaga kifoyali bo‘ladi, yeguvchilarning qorinlari to‘yib, taomdan keyingi bo‘ladigan barokat shuki, nima maqsad va nima g‘araz uchun bu taom yeyilib turilgan bo‘lsa, o‘sha maqsad inshoollo, hosil bo‘ladi. Taomning o‘zi yaxshi hazm bo‘ladi. Badanga qo‘shilib, g‘ayrat paydo bo‘ladi. Ibodatlarga va yaxshi axloqlarga sabab bo‘ladi.
1. Таомланаётганда оёқ кийимни ечиб ўтирмоқ; 2. Таом ейишдан олдин икки қўлни бўғимларигача уч марта ювмоқ. Ҳадиси шарифда: “Ҳар кимки таомдан олдин қўлини ювса, камбағалликдан эмин бўлғай”, дейилган. 3. Таомни суфрада, яъни дастурхонда емоқ; 4. Таом сузиладиган идиш сопол ёки ёғочдан бўлмоғи, зеро, бундай овқатланиш, ҳам лаззатли, ҳам саломатликка жуда фойдали бўлиб, инсонни кибр ва манманликдан узоқлаштиради; 5. Таом билан бирга дастурхонга сирка ва кўкат келтирмоқ, чунки сирка келтирилган дастурхонда барака кўп бўлиб, фақирликни кетказади; 6. Яхши ва камтарин ҳолда ўтирмоқ; 7. Таомланишдан аввал “Бисмиллаҳ”ни айтмоқ; 8. Ўнг қўл билан емоқ; 9. Туз билан бошламоқ; 10. Туз билан тугатмоқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Эй Али, таомни туз билан бошлаб, туз билан тугатгин, зеро, туз етмиш иккита дардга даводир. Жумладан, жунун (девоналик), жузом, барас (тери касаллиги), қорин ва тиш оғриғи ва бошқа дардларга”, деганлар. Шу билан бирга туз очлик шиддатини пасайтириб, кам ейишга ҳам сабаб бўлади. 11. Нонни икки қўл билан синдирмоқ; 12. Қўл билан ейдиган таомни уч бармоқ, яъни, бош, кўрсатгич ва ўрта бармоқлар билан емоқ; 13. Таомни ўз олдидан емоқ; 14. Таом еган идишини яламоқ; 15. Таомдан сўнг “Алҳамдулиллаҳ” демоқ; 16. Қўлни артишдан олдин бармоқларини яламоқ; 17. Дастурхон устидаги нон увоқларини одоб ва эҳтиром билан териб емоқ; 18. Таомдан сўнг тишларини тозаломоқ; 19. Таомдан сўнг икки қўлини бўғимигача уч марта ювмоқ; 20. Таомдан сўнг оғзини уч бора ювмоқ; 21. Аллоҳ таолонинг зикри ва неъматлари шукронасидан ғофил бўлмаслик
ОВҚАТГА, ИЧИМЛИККА ПУФЛАБ БЎЛМАЙДИ Абу Нуъайм ва Абу Осим Узра ибн Собитдан , у эса Сумома ибн Абдуллоҳдан келтиради: «Анас ибн Молик идишдан икки ё уч бор ҳўплаб сув ичиб, ҳар гал ҳўплаганидан сўнг идиш ташқарисига нафас чиқарди ва: "Пайғамбаримиз С.А.В идишдан уч бор ҳўплаб сув ичиб, ҳар ҳўплаганларидан сўнг идиш ташқарисига нафас чиқарган эдилар”, деб айтди» (Имом Бухорий ривояти). Шарҳ: Инсон одатга кўра ҳар куни уч маҳал овқатланиши, вақти-вақти билан сув ичиши табиий эҳтиёждир. Ҳар беш-ўн сония ичида тоза ҳаводан нафас олиб, нафас чиқармасликнинг иложи йўқ. Чиқарган нафасимизни тутунга ўхшатишимиз мумкин. Шу боис ҳамма ёғи берк хонада ўтирган уч-тўрт киши бир-икки соатдан сўнг бўғила бошлайди. Баъзан оғиздан нохуш ҳид ёки сўлак нафас билан қўшилиб чиқади. Шу сабаб динимиз иссиқ овқат ёки қайноқ сувни пуфлаб совутиб, ейиш-ичишдан қайтарган. Ҳатто Пайғамбаримиз С.А.В сув ичишда идишга нафас чиқаришдан қайтарганларида бир йигит: "Агар идишнинг ичида гард кўринса-чи”, деб сўрайди. Шунда у зот : "Гардни сув билан оқизиб тушир”, деганлар. Одобга кўра, сув ичаётган кишининг нафас чиқаргиси келган пайтда сув ичишдан тўхтаб, оғзидан идишни узоқлаштириб, нафасини ростлаб олиши тавсия этилади. Ушбу ҳадис зоҳирига кўра, Абу Қатода ривоятидаги "Сизлардан бирингиз сув ичса, идишга пуфламасин...”, мазмунли ҳадиси шариф маъносини тўлдиради. Пайғамбаримиз С.А.Внинг сувни ҳўплаб-ҳўплаб бир, икки, баъзида уч бор нафасларини ростлаб олганлари ва туя каби сувни бир симиришда ичишнинг яхши эмаслиги ҳадисларда баён қилинган. Сув ўтириб ичилади, уни ичишдан олдин "Бисмиллаҳир раҳманир раҳим”, дейилади. Сувга пуфланмайди, ичиб бўлгач, Ҳақ таолога ҳамд айтилади. Идишни оғиздан узоқлаштириб, нафас чиқарилади. Агар шундай қилинса, чанқоқ босилади, сув танага роҳат бағишлайди. Аксинча, шошиб, баъзи ҳайвонлардек пишиллаб ичиш меъда, қизилўнгач каби аъзоларга зарар етказади, дейилган. Ҳазрат Абу Ҳурайра ривоят қилади: «Албатта, Пайғамбаримиз С.А.В уч нафасда сув ичардилар. Сув идишни оғизларига яқинлаштирган пайтларида "Бисмиллаҳир раҳманир раҳим”, охирига етказганларида эса "Алҳамдулиллаҳ”, дердилар. Уч марта шундай қилардилар» (Имом Табароний ривояти). Ибн Аббос ривоят қилган ҳадисда бундай дейилган: «Сизлар сув ичиш пайтида "Бисмиллаҳир раҳманир раҳим”, ичиб бўлганларингда эса "Алҳамдулиллаҳ”, денглар» (Имом Термизий ривояти). Меҳлаб айтади: "Айримлар сув ичаётиб идиш ичига нафас чиқаради, иссиқ овқат ёки қайноқ сувни пуфлаб совутишга уринади. Бу жуда хунук одатдир, ён- атрофдагилар ҳам бундан нафратланади”. Ибн Арабий бундай дейди: "Одобга риоя қилиш улуғ хулқлардандир. Бир одам ўзи учун пуфлаб ё нафас чиқариб еб қолдирган овқатини бошқа бир киши олиб емоқчи бўлганида, уни огоҳлантириши зарур. Акс ҳолда, бахиллик қилган бўлади. Бахиллик эса ҳаромдир”. Имом Қуртубий: "Сув ичаётиб идишга нафас чиқаришдан қайтарилганимизнинг сабаби оғиздаги бадбўй ҳид ёки сўлак билан сувни ифлослантиришдан сақланишдир”, деб таъкидлайди. Биз мўминлар бундай чиройли одобларга ҳамиша риоя қилсак, Пайғамбаримиз С.А.В.нинг суннатларига амал қилганимиз боис, иншаАллоҳ, шафоатларига ҳам эришамиз. "Фатҳул Борий шарҳи Саҳиҳил Бухорий” китоби асосида тайёрланди.
Овқатдан кейин бармоқларни ялаб қўйиш ҳукми Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан кимдир таомланса, бармоқларини ялаб қўйсин. Чунки, у улардан қайси бирида барака борлигини билмайди” дедилар” (Термизий ривояти). Шарҳ: Ҳадиси шарифда овқатланиш вақтида бармоқларга ёпишиб қолган овқатларни ялаб тозалашга, уларни шундай ювиб ташламасликка амр қилинмоқда. Бундай тозалаш овқатланиш одоби ҳисобланади. Овқат асрлари ёпишган бармоқларни ялаб тозалаш Аллоҳ таоло неъматларини қадрлаш, уни ювиб ташлаш эса, неъматни зоя қилиш бўлади. Бармоқлардан овқат асарларини ялаб кетказиш тавозелик ва Аллоҳ таолога одоб сақлаш аломатидир. Бармоқларни ялаб қўйишдан ор қилиш эса, кибр, димоғдорлик ва аҳмоқлик белгиларидандир. Чунки, еяётган овқатидан бармоқларига ёпишиб қолган нарсаларни ялаб қўйишдан ор қилиш, аҳмоқликдан ўзга ҳеч нарса эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бармоқларни ялаб қўйишга чиройли тарзда амр қилиб: “у улардан қайси бирида барака борлигини билмайди” дедилар”. Бараканинг маъноси, бирор нарсани Аллоҳ таоло нима мақсадда яратган бўлса, ундан ўша мақсадни ҳосил бўлиши ва мақсадсиз зоя бўлмаслигидир. Масалан, овқат одамнинг баданининг бир жузига айланиши мақсадида пайдо қилинган ва шунингдек у сабабли танада қувват пайдо бўлади. Одам овқатланаётган вақтда овқатнинг қайси қисми орқали овқатдан кўзланган мақсад ҳосил бўлишини билмайди. Шунинг учун бармоқларига ёпишиб қолган таомларни ялаши керак бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло сиҳҳат ва қувватни бармоқлардан қайси бирига ёпишиб қолган овқатда қилиб қўйган бўлиши мумкин. Агар бармоқларни ялаб қўйилмаса, овқатдан кўзланилган мақсад фавт бўлади ва овқат баракасидан маҳрум бўлинади.