Andijonnoma
|
|
SAKINA | Дата: Payshanba, 28-Fev-2013, 14:44 | Сообщение # 16 |

Группа: IJODKOR
Сообщений: 2601
Статус: 
| Андижон кўчаларида ўқ овозлари тинмай эшитилар экан, одамларнинг тинчи бузилган, кўп қаватли уйларда ёнмаган чироқ деярли қолмаган эди. Аммо асосий савол жавобсиз эди - қандай кучлар бундай ҳаракатга қўл уришди? Шу кунларда шаҳарда кечаётган маҳкама жараёни хориж матбуотида ёритила бошланган бўлсада, "акромийлар" деб ном қўйилган тадбиркорларнинг бундай кескин ҳаракатга, қуролли қўзғолонга қўл уришлари мумкинлигини тахмин қилиш қийин эди. Аммо айни тахмин маҳкама жараёнида қатнашаётган ҳимоячилардан бири билан сўзлаша олганимдан сўнг аниқлашди. Унинг алам устида менга айтган дастлабки сўзлари айнан мана булар эди: "Одамларни шунчаликка олиб келган ҳукуматга минг лаънат, сабр қилмасдан бош кўтарган “акромийлар”га ҳам лаънат! Уларни ҳимоя қилиб, шунча елиб-югурганларим бир пул бўлди".
Ҳали тонголди қоронғусида қамоқхона томон борарканман, кимдир қўнғироқ қилди, мен ўзингиз билган фалончи аканинг ўғлиман, агар бор воқеанинг чинини билмоқчи бўлсангиз, ҳокимиятга келинг, баёнот бермоқчимиз. Бир амаллаб такси тутиб, ҳайдовчини одатдагидан кўпроқ кира ҳақига рози қилиб, ҳокимлик томон кетдим. Кўчаларни тўлдирган одамлар оқими эски шаҳарга йўл олганди. Ҳайдовчини ҳар қанча қистасам ҳам миршаблар бошқармаси ва хавфсизлик хизмати жойлашган ва бу тунги асосий воқеалар бўлиб ўтган Навоий кўчаси бўйлаб юришни истамади. Аслида ҳам бу кўча бошланишига блокпостлар қўйилган, тўсиқлар ортида қуроллилар шай турарди. Шу тариқа ҳокимиятга орқа томондаги айлана йўл билан боришга тўғри келди. Манзилга яқин қоларкан, ҳайдовчи хавотирлана бошлади: "Кўряпсизми анави йигитларни, автоматлар билан туришибди. Яхшиси, шу ердан қайта қолайлик." У гапини тугатмасидан автомат тутган икки киши биз томонга қурол тўғрилаб югуриб келди. Биз машина ичида ўтирарканмиз, жондан умидимиз бўлса, қимирламаслигимизни ва ҳужжатларни кўрсатишимизни буюришди. Ҳайдовчининг эсхонаси чиқиб кетган, тили калимага келмасди. Ўзимнинг ҳам ҳолатим яхши эмасди - пешонамга тўғриланган қурол қаршисида қолгандим. Ҳарқалай ўзимни қўлга олиб, гувоҳномамни кўрсатиб, журналист эканимни, бу ерга матбуот анжуманига таклиф қилишганини айтдим. Шундан сўнг қуроллилар машинадан ташқарида сабр қилиб туришимизни тайинлаб, телефонда кимлар биландир гаплашишди. Бир оздан сўнг қўлида тўппонча тутган бири бирга юришимни айтди. Мен охирги дақиқаларга қадар бу қуроллилар махсус хизмат одамлари экани, тунда қамоқхонага ҳужум қилган гуруҳ қўлга олинганидан сўнг эса ҳужумчилар сўнгги ўтинч сифатида журналистлар билан суҳбатлашишни сўрашган бўлиши керак, деган ишончда эдим.
Андижон кўчаларида ўқ овозлари тинмай эшитилар экан, одамларнинг тинчи бузилган, кўп қаватли уйларда ёнмаган чироқ деярли қолмаган эди. Аммо асосий савол жавобсиз эди - қандай кучлар бундай ҳаракатга қўл уришди? Ҳокимиятни ўраб турган панжара томон яқинлашаман, шундоққина рўпарада жойлашган театр биносига ўт қўйилган. Бинодан қуюқ тутун ўрлайди. Кўчанинг нариги томонидаги кинотеатр ҳам тутун исканжасида қолган. Мени қўриқлаб келаётган йигитлардан бу ҳақда сўраб улгурмасимдан, "ака, -деди,- агар ҳақиқатни ёзаман десангиз, билиб қўйинг, бу биноларга биз ўт қўймадик. Буларнинг ҳаммаси миршабларнинг иши. Улар атай шундай қилиб, бор ишни бизга ағдаришмоқчи." Умуман, ҳокимиятга элтувчи йўллар енгил машиналар, автобус ва ўт ўчириш машинаси билан тўсиб қўйилган эди. Буни ҳам қуроллилар ҳукумат кучлари томонидан кутилаётган ҳужумдан ҳимоя сифатида тушунтиришди. Панжара ортида ҳам бетон плиталардан қўлбола тўсиқ тикланаётган, дарахтлар панасида эса икки-уч нафардан қуроллилар мудофаада туришган эди. Бирдан атроф қий-чув бўлиб кетди. Автоматларнинг қасур-қусири эшитилди. Оломон мен томон ёпирилиб кела бошлади. Яширинишга жой ахтара бошладим. Зум ўтмай ўқлар овози тинди, аммо одамларнинг лаънатлари тинмади. БТРлардан оломонга ўқ узиб кетилган, натижада 5-6 олти чоғли одам яраланган ёки ҳалок бўлган эди. Ўлганлар орасида ёш болалар ҳам бор эди—одамлар ўн икки ёшлар чамасидаги бола жасади атрофида куймаланишарди. Ҳамроҳларимдан қурол кўтариб чиқиш оқибатлари тўғрисида ўйладингларми, деб сўрайман. "Мана бу пистолет ва автоматларни халққа пистирмадан ўқ отаётган аскарлардан тортиб олдик, ака, - дейди улар. - Ҳозиргача беш снайперни қўлга туширдик." Майдондаман. Тумонат одам. Aтрофдаги чорраҳалар ҳам халойиқ билан тўлган. Aтрофларда автомат ва тўппончалар билан қуролланган йигитлар кўринса-да, йиғилганларнинг асосий қисми оддий одамлар эди, айниқса томошага ўч ёш болалар ва ўспиринларнинг кўплиги ҳам, дам-бадам ўқ узилишларига қарамасдан, аллақандай байрам кайфиятини бағишлар эди. Ҳа, кўплар учун бу кун бир байрамдек эди, ёши катталарнинг бир-бирларини қучоқлаб кўришишлари-ю шундоққина Бобур ҳайкали пойига ўрнатилган микрофонга чиқиб, галма-гал сўз олаётганларнинг кўтаринкилиги атрофда йиғилганларга осонгина кўчиб ўтаётганди.
|
|
| |
SAKINA | Дата: Payshanba, 28-Fev-2013, 14:46 | Сообщение # 17 |

Группа: IJODKOR
Сообщений: 2601
Статус: 
| Оддий андижонликлар биринчи маротаба бу қадар миқёсда ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб чиқишган эди. Мана, ёши 70 ларни қоралаб қўйган оқсоқол одамларни тарқалмасдан хотиржам туришга чақиради:
Галма-гал сўзга чиқаётганлар халқнинг оғир иқтисодий аҳволи тўғрисида, ишсизлик тўғрисида, оиламни боқаман, деб фаҳш йўлига кириб кетаётган аёллар тўғрисида куйиниб сўзлашади “Қачонгача қўймижоз бўлиб яшаймиз?! Бугун бу ердан кетиш йўқ. Агар ҳар ким ҳар ёққа кетса, бизни битталаб йўқ қилиб ташлайди. Мана, қўшнимиз қирғизистонликлар бирдамлик билан кўп нарсага эришишди. Наҳот ўшаларча бўлмасак?!” Ёшу қари гулдурос қарсаклар билан оқсоқолни қўллаб-қувватлайди. Шу ернинг ўзида иссиқ овқат ташкил қилишга келишилади. Галма-гал сўзга чиқаётганлар халқнинг оғир иқтисодий аҳволи тўғрисида, ишсизлик тўғрисида, оиламни боқаман, деб фаҳш йўлига кириб кетаётган аёллар тўғрисида куйиниб сўзлашади. Ҳукумат, шахсан президент 15 йилдан буён қуруқ ваъдалар билан халқни алдаб келаётгани, бундай қасамхўрликка ортиқ чидаб бўлмаслиги ҳақидаги гаплар ҳамманинг қўллашига сабаб бўлади. Қўлимдаги микрофонни кўрган одамлар бир зумда атрофимни ўраб олишади. Бошқа кунлардан фарқли тарзда бугун одамлар қийин аҳвол ҳақида, бугунги намойиш ҳақида юрагидаги гапларни баралла айтиб қолишга шошилади: “Ака, ишонаверинг, мен бир кўча боласиман. Яширмайман, вақтида ўғирлик қилганман. Лекин "катталар" шунга мажбур қиляпти. Бошқача тирикчилик қилиб бўлмаса. Савдо қиламан, десак ҳоли-жонимизга қўймайди.” “Мен шу йигитларни қўлида ишлаб, оила юргизардим. Ўтган ёзда уларни қамаб, ишхоналар ёпилганидан кейин менга ўхшаганлар ишсиз қолдик. Бу йигитларнинг айби камбағалларни қўллаб турганидами, ахир?!” “Мана шу йигитларни отасига минг раҳмат,- дейди оппоқ соқоли кўксига тушган яна бир отахон. - Халқ учун ҳақиқатда жон куйдирадиган шулар. Бизга ўз чўнтагидан бошқани ўйламайдиган ҳокимиятнинг нима кераги бор?” “Булар шу тўпланган халойиқни ҳимоя қиляпти. Каримов келармиш, шунда ҳақиқат юзага чиқиб қолар, ҳукумат ҳаммани тирқиратиб отиб ташламас...”
Интервьюдан сўнг яна қуроллилар ҳамроҳлигида ҳокимият ичкарисига кираман. Бино ичида 10-15 чоғли йигитлардан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Ўзини таништиришни истамаган, сипо кийинган 40 ёшлар чамасидаги йигит бир варақ қўлёзмани ўқиб берди. Йўлма-йўлакай ёзилган бу мурожаатномада шундай сўзлар бор эди: “Биз, яъни Андижонда ҳокимиятни қўлга олган кучлар тадбиркорларга нисбатан бўлаётган адолатсиз муносабат туфайли шундай йўл тутишга мажбур бўлдик. Халқнинг оғир аҳволини ўнглашда ҳукуматга бераётган ёрдамимиз баъзиларга ёқмагани туфайли бизнинг сафдошларимиздан кўпларни ҳибсга олиб, адолатсиз маҳкама олиб боришди. Биз бундай адолатсизликка чек қўйишни, узоқ йиллардан буён ноҳақ қамоқхонада сақланаётганларни ва хусусан, Акромжон Йўлдошевни озод қилишни талаб қиламиз. Бизнинг бу ҳаракатларимизда Россия президенти ёрдам беришини сўраймиз.”
Умуман, матбуот анжумани шундай қўлбола шаклда кечди. Бу маҳал эса ташқаридан ҳамон митинг ўтказаётган халойиқ ҳайқириқлари эшитилиб турарди. Мана, яна ўқ овозлари эшитилиши билан бақир-чақир авжига чиқди. Оломон театр биноси томон отилди. Мен, демак, аскарлар ҳужуми бошлангани туфайли одамлар қочишга тушди, деб ўйладим. Аммо салдан кейин одамлар бир аскарни ўртага олиб қайтаётганини кўрдим. “Бу бугун одамларнинг ўзи қўлга олган олтинчи снайпер, - деди шу ердагиларнинг бири. - Аввалгиси театр томидан туриб бир ўсмирни отиб ўлдирганидан кейин уни оломон "йиртиб" ташлашига сал қолди. Вақтида қутқариб қолдик. Ҳозир ҳаммасини бир жойга йиғиб, сўроқ қиляпмиз.”
Шу куни тонгги соатлардан тушга қадар Бобур майдонида одамлар орасида бўлдим. Сўнгроқ атрофдаги барча кўчалар аскарлар томонидан ўраб олинаётгани ҳақида овоза тарқалди. Дам-бадам отишмалар бўлиб турар, аммо оломон тарқалишни хаёлига келтирмасди. Узоқ йиллик қўрқувдан сўнг журъат билан бош кўтариб чиқа олган андижонликлар соддадиллик билан (аксари бола-бақраси билан) гўёки президент келиб, уларнинг тирикчилик муаммоларини адолат билан ҳал қилиб беришини кутарди. Бу ердаги воқеалар асосида эфирга лавҳа тайёрлаш учун уйга қайтишга қарор қилдим. Бу гал ҳам қуролли йигитлар мени хавфсиз жойгача кузатиб қўйишди. Қайтарканман, эски шаҳарга элтувчи йўлларда ҳарбий техника билан кучайтирилган махсус қўшинлардан иборат соқчилар постлари кўпайганига эътибор қилдим. Эски шаҳарга (кимдир бозор-ўчарга, яна кимдир митингга) йўл олганлар ноодатий либос кийган ва тиш-тирноғигача қуролланган бу аскарларга ҳайиқиб боқишар, аммо одамлар йўлдан қайтарилмас эди.
|
|
| |
SAKINA | Дата: Payshanba, 28-Fev-2013, 14:47 | Сообщение # 18 |

Группа: IJODKOR
Сообщений: 2601
Статус: 
| Кечга томон ҳаво бирдан ўзгариб, кучли жала қуя бошлади. Эски шаҳардан элас-элас эшитилаётган ўқ овозлари тезлашган, катта калибрли қуроллардан ҳам муттасил ўқ отилаётгани яққол билинарди. Ҳарбийлар вилоят ҳокимлигини штурм қила бошлагани аниқ эди. Бу вақтда қирғиндан жон сақламоқчи бўлган юзлаб одамлар Чўлпон номли кинотеатр яқинида пистирмада бўлган аскарларнинг ўқ ёмғири остида қолганлигини, қирғиндан омон қолганлар кейин сўзлаб беришларича, аксари қуролсиз одамлар аёвсиз қирғин қилинганлигини хаёл қилиш амри маҳол эди. Аввалги тун каби бу тун ҳам уйқусиз ўтди.
Эрталабдан Андижонда тозалаш тадбирлари бошланган 14 май, шанба
Иккинчи кунки, дунё эътибори Андижонга қадалган. Кеча аёвсиз қирғин бўлгани аёнлашган, аммо қурбонлар сони ноаниқ эди. Фожеа кўламини аниқлаш лозим эди. Эрталабдан Андижонда тозалаш тадбирлари бошланган, саноқли хорижий журналистлар эса шаҳардан чиқариб юборилган эди. Яна уйдан эски шаҳар томон йўл оламан. Шаҳардан алланечук файз кетган, ҳамманинг тилида кечаги воқеа. Бу гал чорраҳаларда махсус хизмат аскарлари пайдо бўлган, аммо ҳокимлик томонга яёв бориш мумкин эди. Торкўчалардан юриб, Навоий шоҳкўчасига чиқишим ҳамон проспектни тўлдирган одамларга рўбарў келаман. Бу бир намойиш эди. Бу гал бирор одам қуролланмаган, аммо оломоннинг важоҳати кечагидан зўрроқ эди. Кимдир биров атрофда зир югурганча кечаги қурбонлар учун қасос олишга даъват қилиб ҳайқиради. Бу кимсанинг меъёрдан ошган қутқуси шубҳали ва хатарли эди. Чунки ҳов наридаги хавфсизлик хизмати биноси қаршисида ҳукумат кучларининг БТРлардан иборат колоннаси отишга шай турган эди. Хайриятки одамлар тўхташди. Пайтдан фойдаланиб уларга микрофон тутаман:
‘Кечаси билан аскарлар оддий одамларни қирди, маҳаллаларга кириб отиб чиқишди. - алам билан сўзлайди бири. - Каримов ўлганларни террорист дейди, ўлиб ётган хотин, бола-чақалар қандай террорист?’ ‘ Дунё қаёққа қараяпти? Анжан халқи емишга айланди-ку! Ким бизни ҳимоя қилади?’ ‘ Ўз кўзимиз билан санадик - Сой томонда камида 500-600 одам жувонмарг бўлди. Кўп ўликларни "Камаз"ларга юклаб, яширинча қаёққадир олиб кетишди.’
(Аскарлар маҳаллаларда юриб, одамларни отишди. Ўз уйини олдида ўтирган борми, ҳаммасини ўлдиришди. Бошқа шаҳарлардан махсус қўшинлар олиб келиб, одамларни оттиришди. Яраланиб, додлаб ётганларни ҳам келиб, ўлдиришди. Айтишларича, детдом болаларини армияга олиб, машинақа ҳайвонга айлантиришган. Уларга икки яшик ароқ бериб, ичига қанақадир дори қўшиб ичдиришган. Улар шуни кайфида одамларни қийратишди. Мен битта қушга чўзма отолмайман, улар бўлса одамларни тап тортмасдан қиришди. Биттаси яраланиб ёрдам сўраяпти, аскар бўлса келиб пешонасидан отиб кетяпти. Улар бир ҳайвонлар эди, одам боласи эмас.-шоҳид ҳикояларидан)
Сал ўтмай одамлар майдон томон ортга қайта бошлашди. Шу дам кимдир менга юзланди: “Ҳой, мухбир ака, сиз билан ҳоли гаплашиш мумкинми, гапларим бор эди.”
Тўғриси, шу кунлар ичида кўп нарсадан ҳадиксирайдиган бўлиб қолгандим. Ҳоли жойга олиб чиқиб, мени гумдон қилиш пайида бўлса-чи бу, деган ўй хаёлимдан ўтди. Ҳадиксирашимга асослар етарли эди. Кеча майдонда интервю олиш билан банд эканман, мени қўриқлаб юрган ҳамроҳим ёнидан узоқ кетмаслигимни қаттиқ тайинлаганди. Унинг айтишича, воқеаларни суратга олаётган бир тасвирчи йигитни махсус хизмат одамлари ҳокимлик биноси ортига авраб олиб ўтишган ва ўша жойда камерани тортиб олгач, пешонасидан отиб ташлашган. Қўлимда микрофон ва бўйнимда журналист гувоҳномаси билан майдонда юриб, одамларни суҳбатга тортарканман, снайперлар учун ҳам яққол нишон бўлганимни у вақтда ўйлаб кўрмагандим. Шу ҳадиклар туфайли мен билан ҳоли суҳбатлашмоқчи бўлган йигитга вақтим йўқлигини айтдим. Бундан ташқари, қарийб уч кунлик уйқусизлик ва уйда қаровсиз қолаётган фарзандларим, касалхонада операциядан сўнг ҳали ҳам ўзига келмаётган аёлим тўғрисидаги ўйлар мени батамом ҳолдан тойдирганди. Аммо у йигит кечаги қирғиндан омон чиққанлигини, бошидан ўтказганлари даҳшат эканини айтди.
|
|
| |
SAKINA | Дата: Payshanba, 28-Fev-2013, 14:48 | Сообщение # 19 |

Группа: IJODKOR
Сообщений: 2601
Статус: 
| Тўртинчи боб
Журналистнинг мендан ҳадиксираётгани шундоқ юзларида ёзилган эди. Мендан тезроқ қутулиш учун вақти йўқлигини рўкач қилди. Ўзингиз биласиз, дедим, мен кечаги қирғиндан омон чиққанларнинг бири, балки ягонасидирман, бир мухбир бўлиб бошимдан ўтганларига қизиқмаётган экансиз, ихтиёр ўзингизда. У тараддудланиб қолди. Уйда фарзандлари ёлғиз экани, хабар олмаса бўлмаслигини айтди, кечроқ бизникида кўришадиган бўлдик, адресимни ёзиб олди. Бас, етар, дедим ўзимга-ўзим, ота-онамни кўрмасам бўлмайди, кўзлари тўрт бўлиб ўтиришгандир, йўлларимни пойлаб, не кўйга тушишган бўлса? Йўлнинг ярмида қояларга урилиб чекинаётган тўлқин каби энди ортга, майдон томон шошилмай оқаётган оломондан ўзимни четга олдим, айланма йўллар билан шаҳарнинг у четидаги маҳалламиз томон юрдим. Дарвозадан ҳатлаб, ҳовли этагида қўлида ойимсупурги билан куймаланиб юрган онамни, ишкомлар остига ўрнатилган сўрида ўйга толиб ўтирган отамни кўрдим. Анчадан бери мойланмаган дарвозанинг ғийқиллашидан иккови ҳам бу томонга қаради. Бир муддат каловланиб қолишди. Онам қўлидаги супургини четга улоқтириб, мен томон югургилаб кела бошлади: ‘Вой болам, болагинам-а, қаерларда юрибсан?! Отангни бормаган жойи қолмади-ку!’-Отам, онам кўзлари ёшга тўлиб бири қўйиб, бири мени бағрига босар, уларни йиғлатиб қўйганимдан бирдан хўрлигим келди ва уларга қўшилиб, ўкраб йиғлаб юбордим. Улар мени ичкари уйга олиб кириб кетишди. Онамнинг айтишича, бугун тонг саҳардан буён отам бечора мени ўликлар орасидан қидирган, топа олмагач, касалхона ва ўликхоналарни кезиб чиққан эди. Онам дастурхон ёзиб, иссиқ чой билан ул-бул олиб келди, шундагина кечадан буён туз тотмаганимни билдим, бир тишлам нонни чайнаб ютганимни биламан, ташқарига отилдим. Онам ортимдан ҳай-ҳайлаб югураркан, ишком устунини тутганча икки букилиб қайд қила бошладим. Ичимда ҳеч вақо йўқ эди, бир қанча вақт қуруқ ўқчиб ўтирдим, тамоман ҳолдан тойдим. Ичкарига кириб ўринга ёнбошладим, атрофимда куймаланаётган онам устимга кўрпа ёпди, дамингни ол, болам, иситманг бор, нима бўлди, бирор жойинг лат емаганми? Хона, ганч билан нақшланган шифт атрофимда чирпирак бўлиб айлана бошлади. Зум ўтмай алаҳсираш гирдоби ичида қолдим. Қанча вақт босинқираб ётганимни билмайман, бир маҳал онамнинг олислардан эшитилаётган овозидан кўзларимни очдим, болам, пича яхшимисан, биров сени йўқлаб келибди, мухбирман дейди.
(Уйга келгач, ўғилларимни ёнига олиб, бешик тебратиб ўтирган қайнонам билан бироз суҳбатлашиб ўтирдим, ҳеч хавотир олмаслигини, болаларнинг онасини кўриб келганим, унга тез кунларда касалхонадан жавоб бўлишини айтдим. Шаҳарда бўлаётган воқеалардан оғиз очмайман, бунга сари ерга урсанг осмонга сапчийдиган кичик ўғлим ўртоқлари билан катта кўчадан ўтаётган танкларга тош отишгани, бунга жавобан солдатлар уларга автоматларини тўғрилаб, пўписа қилишганини мағрурланиб ҳикоя қилади. Уни эшитарканман, эсхонам чиқиб кетгудай бўлади, қайнонамга болаларни ташқарига зинҳор чиқармаслигини тайинлайман. Эндигина кичик чилласи чиққан чақалоққа термуламан, мириқиб ухлаяпти, аёлим касалхонага тушганидан буён кунига икки маҳал шаҳарнинг нариги четидаги касалхонага қатнайман, ўзим билан олиб келган шиша идишларга йиғлаб-йиғлаб сут соғиб беради. Сут айнимасидан тезроқ ортга қайтаман. Бу мурғак вужуд шу тариқа билвосита вояга етаётган эди. Кечадан буён эса бу ҳам йўқ, чақалоқнинг заҳира идиши деярли бўшаб қолган. Қишлоқдан яқинда жижилаган жиянимни чақирганман, ҳали замон келиб қолади. Бозорчадан ҳаражат қилиб келдим-да, болаларга кўчага чиқмасликни яна бир карра тайинлаб, боя намойиш пайти учрашганим йигитникига отландим. Унинг уйини топиб бориш қийин бўлмади, афтидан онаси бўлса керак, дарвозани тақиллатишим билан бир аёл чиқиб келди, ўғлининг таниши эканим, бир йўқлаб кетмоқчи бўлганимни айтдим. Аёл ҳадиксираётганди, мухбирман, дедим. Шундан сўнг ичкарига таклиф қилди. Ичкарида эса ранги оқариб бояги йигит ўринда ётарди, айтганлари тўғрига ўхшайди, кўринишидан кечаги воқеаларда ўз насибасини олган, бирор жойи яраланган шекилли.
|
|
| |
SAKINA | Дата: Payshanba, 28-Fev-2013, 14:49 | Сообщение # 20 |

Группа: IJODKOR
Сообщений: 2601
Статус: 
| Пича яхшимисан, болам, сени биров йўқлаб келди, мухбир экан.’-деди онаси ўғлини уйғотишга кўзлари қиймаган каби.- Ҳолсизланган йигит аста туриб деворга суяниб ўтирди. Мени кўриб, кулимсирашга ҳаракат қилди, қийналмай топиб келдингизми, ака? Бир пасдан кейин аёл дастурхон ёзди, бир косадан мастава олиб кирди, олинглар болаларим, дастурхонга қараб ўтиринг, дадаси ҳали замон келиб қолади, болам ўз оёғи билан кириб келганидан ичига сиғмасдан бозор-ўчар қилгани чиқиб кетувди.
‘Эй ака,-хўрсинди йигит,-кечаги кушхонадан тирик чиқаман деб ўйламагандим. Лекин мана кўриб турибсиз, тирикман, лекин қанчадан-қанча одамлар, ёш болаларни ёстиғи қуриди.’-Йигит шу тариқа кеча ўзи гувоҳи бўлган машъум воқеани бир бошдан сўзлашга бошлади. Айтишича, тундаёқ шаҳарда бўлаётган отишмалардан хабар топган, шаҳарнинг ҳар четида яшайдиган дўстлари билан телефонлашиб, нималар бўлаётганидан бир-бирларини хабардор қилиб туришган. Тонгга яқин эса маҳаллада қуроллилар пайдо бўлган ва одамларни баланд овозда майдонга боришга даъват қилиб юришган.)
Ота-онам ҳам туни билан мижжа қоқмай чиқишди, афтидан мендан хавотир олишган. Тонг саҳарда ишга отландим (эски шаҳарда дўкон очаман). Кўчаларда ғайриодатий тарзда транспорт ҳаракати сийраклашган, “Андижон метроси” деб ном олган “Дамас”лар ҳам деярли қатнамайди. Кўчаларни тўлдирган одамлар эски шаҳарга пиёда отланишган. Милитсия бошқармаси ёнидан ўтарканман, ростдан ҳам жиддий воқеалар бўлаётганини билдим—бошқарма қаршисида БТРлар, панжара ортида эса тиш-тирноғигача қуролланган аскарлар. Аммо одамлар оқимига тўсқинлик қилишмайди.
(Навоий проспекти бўйлаб юрарканмиз, темир панжаралар билан ўралган яна бир бино олдида тўхтадик. Бу бино дарвозасига ўт ўчириш машинаси келиб урилганди. Ўқлардан илма-тешик бўлган машина ўша ерда қолган, афтидан ҳужумчилар бинони ишғол қилишга бефойда уринишганди. Бу хавфсизлик хизмати идораси эди. Бино қаршисида тўртта БТР ва БМП йўлни тўсиб турибди. Дастлаб бу ҳарбий машиналар ичида ҳеч ким бўлмаса керак, деб ўйладик, аммо бироздан сўнг бош қисми аста айланиб, йўловчиларга пулемётларини тўғрилаётгани, бирор шубҳали ҳаракат бўлса отишга шай бўлиб турганини кўрдик. Шунга қарамасдан одамлар оқими бу машиналарни хотиржам айланиб ўтиб, майдон сари ошиқарди. Хавфсизлик хизмати рўпарасидаги мактаб деворлари ҳам ўқлардан илма-тешик бўлган, етиб келган БТРлардан мактаб томон қақшатқич ўт очилган эди. Шу ернинг ўзида дастлабки ўликларни кўрдик. Мактаб ёнидаги йўлакка қўйилган сўрида икки эркак жасади ётар, улар тунги отишмаларда ҳалок бўлгани равшан эди. Нарироқда яна бир мурда, мактаб биносининг четида эса аёл жасади. Бу сафар БТРлар томонга синчиклаб қарадик, бирининг ғилдираклари остида аскар ётибди, атрофига қон ёйилиб кетган. Афтидан, БТРдан ташқари чиқишга юрак бетламаган бошқа аскарлар ўртоқларини шу ҳолича ташлаб, машина ичида жон сақлашган эди. Кейинроқ маълум бўлишича, қўзғолончилар хавфсизлик хизматини ишғол қилишга уринишган, аммо бу амалга ошмаган.-матбуотдан)
Ҳокимлик қаршисидаги майдонга тонг саҳарда кириб келганимда одамлар ҳали у қадар кўп эмасди, атрофда автомат ва тўппончалар билан қуролланганлар изғиб юрар, улар атрофда юрганларни майдонга чорлашарди. Жума куни бўлгани учун, эски шаҳар эрталабдан бозор-ўчар ва жума намозига келганлар билан гавжум бўларди, бу гал эса шаҳарда тўс-тўполон бошлангани тўғрисидаги узун-қулоқ гаплар атрофдаги қишлоқларга ҳам ёйилган, шу сабабли қўзғолончиларнинг имкон қадар кўп халойиқни жамлаш режалари ошиши ўз-ўзидан кафолатланган эди. Майдонда қизиқсиниб юрарканман, ҳар жойда ёниб ётган машиналарни, томидан қуюқ тутун ўрлаётган Охунбобоев театри ва шиферлари ўқ отилаётган каби қасирлаб ёнаётган Бакиров театри кўз ўнгимда чинакам уруш манзарасини чизарди. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб майдонга кириб келаётганлар қадрдонлардек қучоқ очиб кўришаркан, уларнинг аксари бир-бирлари билан қадрдон таниш эканларини сезиш қийин эмасди. Шу ерда яна аксари ярим ҳижоб ўраган хотин-халажлар йиғилганди.
|
|
| |
SAKINA | Дата: Payshanba, 28-Fev-2013, 14:50 | Сообщение # 21 |

Группа: IJODKOR
Сообщений: 2601
Статус: 
| (Одамлар бўлиб ўтаётган воқеалар ҳақида ўзаро фикр алмашишар, уларга кўра театр биносига кечаси ҳукумат кучлари ўт қўйиб кетишган, улардан бирини қўзғолончилар тутиб олишган. Миш-мишларга қараганда 200 исёнчи халқни қўзғатиш учун Пахтаободга йўл олган, яна шунчаси Қорасувга, 100-150 нафари аэропортни эгаллаш ҳаракатида экан. Қўзғолон ташкилотчиларининг ўзаро муҳокама қилишларича, майдонга имкон борича кўпроқ одамни йиғиш керак, шунда бу қадар кўп оломонни отишга ҳукуматнинг ҳадди сиғмайди ва президент ўзи келиб, халқ дардига қулоқ тутишга мажбур бўлади. Шаҳарда транспорт ҳаракати тўхтаган, дўконлар ишламайди. Тушдан сўнг майдонда тўпланган ва атрофдаги чорраҳа-йўлакларни тўлдирган одамларнинг сони 10-15 минг қадар эди. Шаҳар узра эрталабдан буён вертолёт учиб юрар, бунга сари халойиқнинг кўнглига ғулу ораларди. Исёнчилар шаҳар прокурорини халойиқ олдида сўзлашга ва кечирим сўрашга мажбур қилишди. Бу орада бир овоза тарқалди-воқеаларни тасвирга олиб юрган операторни кимлардир ҳоли жойга авраб олиб ўтиб, отиб ташлашган ва камерасини тортиб олишган. Қотилларни тутиб, ҳокимият ертўласида сақланаётган бошқа гаровдагиларга қўшиб қўйишди.-гувоҳ хотираларидан)
(Бу йигит сўзлаётган ҳикоя қарийб шу ҳолича менга таниш эди, менинг ўзим бу манзараларга гувоҳ бўлгандим. Аммо унинг бошидан кечирганларини сўзини бўлмасдан тингларканман, воқеаларнинг дастлабидан сўнгига қадар яна қайта бошидан кечираётган каби дам кўзларида учқунлар чақнар, дам овозида таҳлика кучайиб, юзларида ваҳима белгилари пайдо бўларди. Кечга томон бошланган оммавий қирғин ва жасадлар орасида ўлимини бўйнига олиб ётган ҳолатларини сўзларкан, нафаси бўғилиб, ҳирқирай бошлади. Нимчорак, чорак, ярим-ёрти таналар. Бошсиз, қўлсиз, оёқсиз таналар. Пажмурда жасадлар. Бу пажмурда жасадлардан оқаётган, қачондан буён тинимсиз ёғаётган жалага омухталашиб, бу қайғу маконини тезда ортда қолдиришга ошиқаётган қонлар. Йигитнинг мазаси бўлмай қолди, онасини чақирдим, болагинама, тўғрисини айт, бирор жойингдан ўқ едингми, дард юқтириб олдингми? Бояқиш она ранги оқариб бораётган ўғли атрофида куймаланаркан, ўзимни гуноҳкор сеза бошладим, сизларни ташвишга қўйдим, бошқа сафар келарман, деб ўрнимдан тура бошлагандим, йигит қўлларимдан қаттиқ қисди, сиз ҳижолат бўлманг, қандай хизмат бўлса, қандай ахборотларни топиш лозим бўлса, мана мен ёрдам бераман, она, сиз хавотир олманг, худога шукур, мен у дўзахдан омон чиққанман, ҳеч қаеримдан ўқ еганим йўқ. Ўйланиб қолдим, аслида менга шу кунларда чиндан ҳам бир дастёр, бир шерик керак эди. Бир ўзим қирғиндан кейинги шаҳарда бўлаётган воқеаларни кузата олмасдим, чунки чинакам фаолият энди бошланаётган эди. Ҳамкасбларим айтмоқчи, шаҳарда бўлган саноқли хорижий мухбирларнинг барчаси қўлга олиниб, чиқариб юборилгач, ўзим хизмат қилаётган радионинг ягона “ҳам кўзи, ҳам қулоғига” айлангандим. Қолаверса, бу нақадар баландпарвоз туйилмасин, (у кунларда бу тушунчалар шу қадар ерлашиб, кундалик воқеликка айланган эдики, униси китобий, буниси жайдари қабилидаги тафовутлар ҳукумат кучлари уюштирган қирғин манзарасида мутлақо аҳамиятини йўқотганди) мен яшаётган шаҳарда, мен билган ёки билмаган, аммо уларнинг борлигини, мен яшаётган шу макон ва шу замонда мен қатори улар ҳам тириклигини билиб келганим, аммо оқибат аллақандай хос ўйинлар тегирмонида жувонмарг этилган бегуноҳ одамларнинг чирқираган руҳлари ҳаққи жилла қурса бу изланишларимни давом эттиришим лозимлигини билардим. Йигит билан хайрлашиб, яна майдон сари йўл олдим. Ҳар қадамда отишма излари, атрофда ёниб битган машина қолдиқлари. Вилоят театри ҳамда кинотеатр қарийб ёниб битган. Майдонда одамлар кечагидан кам эмасди. Ҳалок бўлган ёхуд дом-дараксиз кетганларнинг қариндошлари ўликлар орасидан яқинларини излашади. Эгалари топилмаган 10-12 чоғли жасадлар кафанланиб, шундоққина ҳокимлик боғига жаноза билан дафн этилди. Кеч соат 5 лар чамаси ҳокимлик бошқармалари жойлашган бинонинг сўнгги қаватидан тутун ўрлай бошлади. Одамлар бундан ғазабларини яширишмайди: “Бу кимга керак? Ҳукумат яна бир балони бошламоқчи шекилли...” Шундан сўнг майдон узра худди кечаги каби вертолёт пастлаб уча бошлади. "Улар яна одамларни отишга тайёрланаяпти", деди кимдир. Ҳамма ўзини панага олади. Мен ҳам ортиқ бу ерда қола олмадим.)
|
|
| |