SUPER ADMINKA
Guruh:
Admin yordamchisi
Xabarlar:
10166
Holati:
|
Бир ҳадиснинг 77 ҳикмати ва фойдаси
Мазкур ҳадиси шариф "Жаброил ҳадиси" номи билан шуҳрат қозонган бўлиб, у ҳақида Ибн Дақиқ ал-ийд (р.ҳ.): "Худди Қуръоннинг онаси "Фотиҳа сураси" бўлгани каби ушбу ҳадис бутун ҳадисларнинг онасидир. У суннатнинг ҳаммасининг маъносини ўзида қамраган", деган эди. Шунинг учун ҳам "Мишкот ал-масобеҳ" ва "Шарҳ ас-сунна" каби ҳадис тўпламлари худди Қуръони карим "Сураи фотиҳа" билан бошланганига ўхшатилиб, ушбу ҳадиси шариф билан бошланган. Қози Иёз (р.ҳ.) мазкур ҳадисни ўзида жами зоҳирий ва ботиний ибодатларни жамлаган, деган.
Бу ҳадисда Жаброил фаришта (а.с.) Расулуллоҳ (с.а.в.)дан учта нарса тўғрисида – ислом, имон ва эҳсон ҳақида савол сўраган. Қўшимча равишда қиёмат ва унинг аломатлари борасида ҳам савол берган. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга қониқарли ва ажойиб тарзда жавоб берганлар. عن عمر بن الخطاب رضي الله عنه قال : بينما نحن عند رسول الله صلى الله عليه وسلم ذات يوم إذ طلع علينا رجل شديد بياض الثياب ، شديد سواد الشعر ، لا يرى عليه أثر السفر ، ولا يعرفه منا أحد ، حتى جلس إلى النبي صلى الله عليه وسلم فأسند ركبتيه إلى ركبتيه ، ووضع كفيه على فخذيه وقال : يا محمد ! أخبرني عن الإسلام ؟ فقال رسول الله صلى الله عليه وسلم :" الإسلام أن تشهد أن لا إله إلا الله ، وأن محمدا رسول الله صلى الله عليه وسلم ، وتقيم الصلاة ، وتؤتي الزكاة ، وتصوم رمضان ، وتحج البيت إن استطعت إليه سبيلا "، قال : صدقت ، قال : فعجبنا له يسأله ويصدقه ، قال : فأخبرني عن الإيمان ؟ قال :" أن تؤمن بالله ، وملائكته ، وكتبه ، ورسله ، واليوم الآخر ، وتؤمن بالقدر خيره وشره " قال : صدقت ، قال : فأخبرني عن الإحسان ؟ قال :" أن تعبد الله كأنك تراه ، فإن لم تكن تراه فإنه يراك " قال : فأخبرني عن الساعة ؟ قال :" ما المسئول عنها بأعلم من السائل " قال : فأخبرني عن أمارتها ؟ قال :" أن تلد الأمة ربتها ، وأن ترى الحفاة العراة العالة رعاء الشاء ؛ يتطاولون في البنيان "، قال : ثم انطلق ، فلبثت مليا ، ثم قال لي :" يا عمر أتدري من السائل ؟" قلت : الله ورسوله أعلم ، قال :" فإنه جبريل أتاكم يعلمكم دينكم ".
Ҳазрати Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.)дан ривоят, у айтадилар: "Биз бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.) олдиларида бирга эдик. Шунда, бизларнинг олдимизга кийимлари ниҳоятда оппоқ, сочлари ўта даражада қоп-қора бир кимса келди. Унда сафар аломати кўрилмади, бизлардан ҳеч ким уни танимади. У Расулуллоҳ (с.а.в.) олдиларига келиб, тиззасини ул зотнинг тиззаларига теккизиб, икки кафтини ул зотнинг сонларига қўйиб ўтириб олди ва "Эй, Муҳаммад! Менга исломдан хабар беринг!", деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Ислом – бу сенинг "Ла илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан расулуллоҳ", деб ишонмоғинг, намозни барпо қилмоғинг, закот бермоғинг, рамазон рўзасини тутмоғинг ва йўлга қодир бўлсанг байтуллоҳни ҳаж қилмоғингдир", деб жавоб бердилар. Ўша кимса: "Тўғри айтдингиз", деди. Биз унинг ҳам сўраб, ҳам тасдиқлашидан ажабландик. У яна: "Менга имондан хабар беринг!", деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Аллоҳга, унинг фаришталарига, унинг китобларига, пайғамбарларига, охират кунига имон келтиришинг ва тақдирнинг яхшилиги-ю ёмонлигига имон келтирмоғингдир", дея жавоб бердилар. Ўша кимса: "Тўғри айтдингиз", деди ва "Менга эҳсондан хабар беринг!", деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Аллоҳга худди уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғингдир. Агар уни кўра олмасанг, у сени кўриб туради", деб жавоб бердилар. Ўша кимса: "Менга қиёматдан хабар беринг!", деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): "У борада сўралган кимса сўрагувчидан кўра билимлироқ эмас", деб жавоб бердилар. Ўша кимса: "Унда, унинг аломатларидан менга хабар беринг!", деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Аёл ўз тарбиячисини туғади, ялангоёқ, ёланғоч, камбағал қўй боқувчиларнинг бинолар борасида бир-бирлари билан ўзишаётганини кўрасан", деб жавоб бердилар. Сўнг ўша кимса қайтиб кетди. Мен лол-у ҳайрон бўлиб, узоқ вақт туриб қолдим. Кейин Расулуллоҳ (с.а.в.) менга: "Эй, Умар! Сўровчининг кимлигини биласанми?", дедилар. Мен: "Аллоҳ ва унинг расули билгувчироқ!", дедим. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дедилар: "Бу Жаброил эдилар, сизларга динингизни ўргатгани келган эди". Мазкур ҳадисни Имом Муслим (1/8); Термизий (4/2610); Абу Довуд (2/4695); Насоий (6/11721); Ибн Можжа (1/63); Аҳмад (1/184); Абу Авона (4/6470); ат-Таёлусий (1/21); Ибн Абу Шайба (7/37558); Байҳақий (2/21393); Ибн Ҳиббон (1/168); Табризий (1/1) каби муҳаддислар халифаи одил, амир ал-мўъминин Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.)дан ривоят қилганлар. Яна ушбу ҳадис бошқача лафзлар билан Абу Ҳурайра (р.а.)дан ҳам (Бухорий, 1/50; 6/4777); (Муслим, 1/10); (Ибн Можжа, 4/4044); (Аҳмад, 2/9497); (Ибн Ҳиббон, 1/159); (Ибн Хузайма, 2/272); (Исҳоқ ибн Роҳвайҳ, 1/166); (Ибн Абу Шайба, 7/37557), шунингдек, Абу Ҳурайра (р.а.) ва Абу Зарр ал-Ғифорий (р.а.) икковидан ҳам (Насоий, 4/4991); (Исҳоқ ибн Роҳвайҳ, 1/165), яна Ибн Аббос (р.а.)дан ҳам (Баззор, 2/4832, 5990), яна Анас ибн Молик (р.а.)дан ҳам (Баззор, 2/6950), яна Ибн Умар (р.а.)дан ҳам (Абу Ҳанифа, 1/200) ривоят қилинган. Уларнинг ҳаммасининг мазмуни бир хил, Жаброил (а.с.) келиб Расулуллоҳ (с.а.в.)дан бир неча савол сўраган ва жавоб олган. Шунингдек, ушбу ҳадиси шариф Жарир ибн Абдуллоҳ (р.а.) ва Абу Омир ал-Ашъарий (р.а.) кабилардан ҳам ривоят қилинган бўлиб, мутавотир даражадаги ҳадислардан саналган. Ушбу "Жаброил ҳадиси" деб аталган саҳиҳ ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар қуйидагилардир:
Имон, ислом ва эҳсон, қиёматга ишонч кабилар мусулмонликнинг асоси ҳисобланади. Мазкур ҳадиснинг айрим ривоятларида "Биз Расулуллоҳ (с.а.в.) билан биргаликда супада ўтирган эдик" деган ибора келгани боис Имом Қуртубий (р.ҳ.) олим ўзига хос баландроқ жойда ўтириши мустаҳаб, деган. Сўралган нарсадан кўра кўпроқ ва муфассалроқ жавоб бериш керак. Айрим ривоятларда Расулуллоҳ (с.а.в.): "У борада сўралган кимса сўрагувчидан кўра билимлироқ эмас", деб жавоб берганлар ва дарҳол қиёматнинг аломатларини айтиб берганлар. Дунё ва охиратга фойдаси бор нарсалардан сўраш керак, фойдаси йўқ нарсалар ҳақида олимдан сўраш керак эмас. Сўроқ фиқҳий масъаладан ҳам бўлди. Қози Иёз (р.ҳ.) бундан олим кимса одамлардан фиқҳий савол сўрашларини талаб қилиши керак, деган. Токи одамлар савол беришни ўргансинлар ва диний масъалаларни билиб олсинлар. Савол-жавоб тарзида таълим-тарбияни йўлга қўйиш керак. Жаброил (а.с.)нинг ҳам савол беришидан мақсад мусулмонларга таълим бўлиши учун эди. Бошқа ўринларда ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобалардан бирор нарса сўрар, улардан жавоб кутар эдилар, гоҳида эса ўзлари берган саволларга ўзлари жавоб берар эдилар. "Тиззасини тиззаларига теккизиб, кафтларини сонларига қўйиб ўтирди", деган мазмундаги гаплардан таълим олувчи олим ва устознинг олдида одоб сақлаб, эҳтиром ва таъзим билан ўтириши кераклиги чиқади. Бирор нарса сўраладиган кимса ҳам камтар ва ҳалим бўлиши керак. Уни исми билан чақирилса ёки бошқа шу каби оғир гаплар қилинса, сўровчига жаҳл қилмаслик керак. Олим сўровчига мулойим оҳангда гапириши, меҳр-шафқат кўрсатиши керак. Бир ривоятда келган кимса салом берган, Расулуллоҳ (с.а.в.) унга алик олганлар. У "Мен ёнингизга яқин ўтирсам майлими?" деган. Саволини бир неча марта берган. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳар сафар унга эринмай, жаҳллари чиқмай унинг яқинроқ ўтиришини айтганлар. Сўровчи ҳам устозига ниҳоятда иззат-икром ва одоб билан муомала қилиши даркор. Имом Аҳмад (р.ҳ.) ривоятида: "Биз Расулуллоҳ (с.а.в.)га бунчалик икром кўрсатган кимсани кўрган эмасмиз", дейилган.
|