• Page 1 of 1
  • 1
Forum moderator: DURDON, SAKINA  
Forum » AYOLLAR BO'LIMI » Ayolning jamiyatdagi o'rni » Ayollarga xurmat
Ayollarga xurmat
DURDONDate: Chorshanba, 29-May-2013, 05:41 | Message # 1
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
Аёл – аввало онамиз, қолаверса, жуфти ҳалолимиз, опа-синглимиз, қизимиздир. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, демак, жамият соғлом бўлади. Чунки келажак меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келади. Уларга бошланғич таълим-тарбия ва одоб-ахлоқни ҳам оналаримиз, момоларимиз ўргатишади. Шундай экан, келажак авлоднинг яхши, солиҳ бўлиши бугунги кун аёлларининг қанчалик солиҳа, ҳаёли, ахлоқли бўлишларига ҳар жиҳатдан боғлиқдир.
Ислом таълимоти аёлни улуғлабгина қолмай, балки эркакка берган барча ҳуқуқ ва вожиботларни аёлга ҳам берди. Илм олиш эрларга-ю хотинларга баравар фарз қилинган. Молиявий муомалаларда аёл ўз моли ва бойликларини тасарруф қилишда ихтиёрга эга. Аёл эри ёки отасининг аралашувисиз тижорий шартномаларни ихтиёрий равишда ўзи тузишга ҳақлидир. Эркаклар молиявий муомалаларда қандай ҳуқуқларга эга бўлишса, аёллар ҳам худди шундай ҳуқуқларга эгадир. Дин таълимотларига риоя қилган ҳолда жони, соғлиғи, ақлини сақлаш ва ривожлантириш, ақли ва жисми ислоҳоти билан боғлиқ бўлган ҳамма ишда аёл эркак билан баробар ҳуқуққа эга.
Биз меҳр-муҳаббат ва одамийликнинг илк сабоқларини азиз оналаримиздан, уларнинг бешигимиз узра парвона бўлиб айтган алла оҳангларидан оламиз. Қалбимизда неки олижаноб туйғулар бўлса, уларнинг барчаси аввало оналаримиздандир. Дунёда муқаддас деган сўзга энг муносиб зот ҳам – Онадир.
Аёл киши аввало, Она сифатида қадрланади. Қуръони каримнинг бир неча оятларида онани эъзозлашга, унинг ҳаққини адо этишга буюрилган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам ҳадисларининг бирида:
“Жаннат оналар оёғи остидадир” - деб марҳамат қилганлар.
Пайғамбаримизнинг (с.а.в.): “Аёллар эркакларнинг ажралмас бир қисмидир”, деган ҳадисларига биноан аёл киши жамиятнинг ажралмас бир бўлаги экан, у ижтимоий ҳаётда ўз мавқеига эга бўлиб, илм олишга, касб-ҳунар қилишга ҳақлидир. Шунга биноан бугунги куннинг аёли ҳам унга берилган ҳақ-ҳуқуқлардан оқилона фойдаланиш билан бир қаторда, аёллик иффатини сақлаб, ўз шаънига доғ туширмасликка ҳаракат қилиши лозим. Уларни турли ёмонлик, хавф-хатар ва иллатлардан ҳимоялаш ҳамда улар ҳурматини жойига қўйиб, чиройли муносабатда бўлиш эса эркакларнинг зиммасидадир. Чунончи, Расулуллоҳ (с.а.в.) биз умматларига аёлларга яхши муносабатли бўлишга буюриб бундай марҳамат қиладилар: “Мўминларнинг имон жиҳатидан комилроғи хулқи яхши бўлганларидир. Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳли аёлларига яхши бўлганларингиздир” ( Имом Термизий ривояти).
Эрлар ҳар қандай қийин шароитда ҳам аҳлу аёлини кийинтириш, таомлантириш, турар жой билан таъминлаш каби нафақа ва бошқа моддий эҳтиёжларини қондиришлари лозим. Динимизнинг талаби ҳам шундай!
Барчамизга аёнки, оналарни, аёл зотини эъзозлаш эл-юртимиз учун азал-азалдан эзгу қадрият бўлиб келган. Бунинг тасдиғини тарихимизда, ҳаётимизда, мумтоз адабиётимизда кўплаб мисолларда яққол кўриш, кузатиш мумкин.
Аёл кишининг энг муҳим вазифаларидан бири унинг оиласи, фарзандлари борасидаги масъуллигидир. Одатда эр киши кўпроқ вақтини оиласини нафақа билан таъминлаш йўлида ҳаракат қилади. Табиийки, уй ишлари билан шуғулланишга кам вақт ажратади. Шу ўринда никоҳнинг фойдаси яққол кўзга ташланади. Уй ишларини аёл киши қилади, покликка, хонадон осойишталигига жавоб беради. Бошқа вазифаси ҳам бор, бу фарзанд кўриш, унга тарбия беришдир. Демак, аёл оиланинг ички ишларига масъулдир.
Аммо тан олиш керакки, кўпгина хонадонларимизда қизларни турмушга тайёрлашда ана шу муҳим вазифалар уларга тушунтирилмаяпти ва уларнинг эр, оила, фарзандлар олдидаги масъулиятига кам эътибор берилмоқда. Натижада баъзан хотин-қизлар ўртасида мамлакатимиз қонунлари, соф динимизнинг эзгу таълимотларига ва мусулмон одобига тўғри келмайдиган зарарли иллатлар пайдо бўлмоқда.
Аёлларимиз орасида турмуш қийинчиликларини рўкач қилиб, кўчага чиқиб кетган, оила ва фарзанд тарбиясини унутиб қўйганлар борлиги ҳам афсуски, воқеликдир. Айрим инсофсиз оналар турли сабабларни рўкач қилиб чақалоқларини белгилаган муҳлатгача эмизишдан бош тортишади ёки янги туғилган гўдакларини болалар уйларига ташлаб кетишади. Кимларнидир алдовига учиб ёки нафси ва шайтон сўзига кириб хорижий ўлкаларда танфурушлик қилаётган аёллар ҳам борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Шунинг учун қизларимизни турмушга тайёрлаш чоғида уларнинг ана шу масъулиятини кўпроқ тушунтириш, уларга аёлнинг оилада тутган ўрни, эрларига итоатда бўлиш ва ҳеч бир соҳада хиёнат қилмаслик, фарзандига яхши тарбия бериш каби вазифаларини эслатиш керак бўлади.
Олимлар тадқиқотига кўра, ўз онаси тарбиясини олган, унинг ғамхўрлиги, шафқатини ҳар қадамда ҳис этиб турган болалар соғлом, ақлли, тарбияли ва ғайратли бўлиб улғайишар экан. Бугунги оналар учун бола тарбияси ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Билмоқ лозимки, агар аёллар болаларига яхши тарбия бермасалар, уларга ўзлигини, миллатини, динини, ватанини танитиб, уни севишга ўргатмасалар, оналик, аёллик ҳаққини адо этмаган бўлишади.
Зеро, ҳурматли Юртбошимиз раҳнамолигида аёлларимизга ҳар томонлама муносиб шароит яратиб бериш йўлида олиб бораётган ишларимизни ҳам қонуний, ҳам амалий жиҳатдан янада кучайтириш, уларнинг қобилият ва истеъдодини тўла рўёбга чиқариш, жамиятимиздаги обрў-эътибори ва нуфузини ошириш бўйича ишлар фақатгина сўзда эмас, кундалик ҳаётимизда ўз ифодасини топиб бормоқда.
Ҳар йили бутун дунё халқлари халқаро хотин-қизлар кунини байрам қилиб нишонлашади. Аёл ҳуқуқи ва ҳурматини жойига қўйиш мақсадида йилда бир кунни оналаримиз, опа-сингилларимиз ва турмуш ўртоқларимиз учун махсус ажратиб, кўнгилларини кўтариш, эҳтиромларини ўрнига қўйиш мақсадида алоҳида байрам куни деб белгилаб қўйилган. Шу жумладан, диёримизда ҳам бу кун аёлларимизга эҳтиром рамзи сифатида кенг нишонланади. Ҳадиси шарифда айтилганидек, ҳар бир иш ниятга қараб баҳоланади. Диёримиз халқи бу кунни аёлларга кўпроқ ҳурмат-иззат кўрсатиладиган, қадрларига етиб, уларнинг димоғларини чоғ қилиб, дилларига хурсандчилик бахш этадиган кун деб билади.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш борасида изчиллик билан амалга оширилаётган эзгу ишларнинг ҳуқуқий асоси Бош қомусимизда ёрқин ифодасини топган. Мамлакатимизда ҳар бир йилни муайян ном билан аташ анъанасининг ифодаси ўлароқ, йил номларининг “Аёллар йили”, “Оналар ва болалар йили”, “Оила йили”, “Соғлом авлод йили” ва “Мустаҳкам оила йили” дея номланиши давлат ва жамият ҳаётида уларнинг аҳамияти нақадар юқори эканини кўрсатиб беради.
Яна шуни алоҳида эътироф этиш керакки, Ўзбекистон аёлларни эҳтиром қилиш, уларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, саломатликларига қайғуриш борасида ҳар қандай мамлакатга ибрат бўла оладиган давлатдир! Аёлларимиз моҳир уй бекаси, жонкуяр она бўлишлари билан бир қаторда юртимиздаги ижтимоий, маданий ва сиёсий жабҳаларда фидокорона меҳнат қилишмоқда. Биз уларни аввало, аёл сифатида, қолаверса, фидойи меҳнаткаш сифатида ардоқламоғимиз лозим!
Аллоҳ таолодан оила, фарзанд ва жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча хотин-қизларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик беришини ва икки дунё саодатига мушарраф этишини сўраб дуо қиламиз! Илоҳо, уларнинг сабр-бардошлари, оила ва болага меҳрибонликлари эвазига Парвардигорнинг Ўзи муносиб мукофотлар ато айласин!


Шавкат АҲМЕДОВ
Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор”
жомеъ масжиди ноиби – имоми


 
Forum » AYOLLAR BO'LIMI » Ayolning jamiyatdagi o'rni » Ayollarga xurmat
  • Page 1 of 1
  • 1
Search: